Гул Почо Улфат (1909-1977)

Гул Почо Мир Саид Почо ўғли (адабий тахаллуси Улфат – ګل پاچا الفت) афғон адабиётининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, истеъдодли ёзувчи, шоир, олим ва таниқли давлат арбобидир. У 1909 йилда Нанграҳор (Шарҳий) вилоятининг Лагмон деган жойида руҳоний оиласида дунёга келган.
Унинг ижодий фаолияти асримизнинг 30-йилларидан бошланади. У дастлаб «Анис» газетасида котиб вазифасида, кейин Кобулда таъсис этилган «Адабий анжуман»нинг таълим ва таржима бўлимида, паштў тилини тарқатишда катта хизмат кўрсатган «Зерай» газетасида ишлади. Улфат 1937 йили март ойида ташкил қилинган «Паштў тўлина» (Афғон академияси) нинг луғат ва грамматика бўлимига мудирлик қилди ва 1941 йили «Ислоҳ» газетаси ҳамда «Кобул» журналида редактор бўлиб ишлади.
1949 ва 1952 йилларда Афғонистон парламентига депутат қилиб сайланди. Шу йилларда Улфат ўзининг «Улус» номли шахсий газетасини нашр қилди. 1956 йилдан 1963 йилга қадар «Паштў тўлина»га президент бўлиб турди.
Гул Почо Улфатнинг «Баҳор таронаси», «Ёниқ чироқ», «Озодлик пайғоми», «Танланган шеърлар» каби шеърий тўпламлари, «Танланган наср», «Янги услуб» каби прозаик тўпламлари, «Адабий баҳслар», «Мантиқ», «Миллий қаҳрамон Хушҳолхон Хаттак» каби илмий монографиялари ва паштў тили ва адабиётига оид ўнлаб илмий мақолалари, чет эл адабиёти намуналаридан паштў тилига қилинган таржималари афғон китобхонлари томонидан зўр қизиқиш билан ўқилган.
Унинг «Бегуноҳ маҳбус», «Ҳаёт сози», «Ажиб инсон», «Доно маслаҳат», «Келгуси кун», «Эй, зиндончи» каби ҳикоялари, «Мен шундайман», «Жулдур кийинган соҳибжамол» (1970) ва бошқа шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.

РУБОИЙЛАР

Яхши одам бўлса ёмонга улфат,
Ўшал даврага мос касб этар одат.
Инсоний фазилат ўрнини аста
Эгаллай бошлайди ҳайвоний хислат.

***

Дер қирғоқда ётган бир синиқ сопол:
Мен лой эдим, кўза ясади кулол.
Бир гўдак тош уриб синдирди, мени
Кўтариб келарди бир соҳибжамол.

***

Балиқ дер: ҳаётнинг боши дарёда,
Самандар дер: борлиқ — ўтла ифода.
Қушлар дер: тириклик фақат ҳавога,
Ҳақиқат бормикин, дўстлар, дунёда.

***

Атрофда сукунат эди ҳукмрон,
Ҳатто гўдаклар ҳам қилмасди сурон.
Ногоҳ бир девона пайдо бўлди-ю
Шодлик ва хандага тўлди ҳар томон.

***

Тўти сўйласа ҳам қанчалик бийрон,
Одам эмаслиги барчага аён.
Одамнинг одамлик фазли бўлмаса
Сўзлашига қараб санама инсон.

***

Шамда ёнмас эса, парвонами ул,
Гул деб ўртанмаса, ул нечук булбул?
Бир синиқ кўнгилни кўриб ўзи ҳам
Шикаста бўлмаса, у қандай кўнгил?

***

Кулфатдан қўрқмагай сабрли одам,
Боладек бесабаб севинмагай ҳам.
Сабрсиз кишининг бўлмас меъёри
Шодмон бўлганда ҳам, чекканда ҳам ғам.

***

Қайнар кўзгу каби мусаффо чашма,
Кўзалар сўзлашар. Бири дер: ошна,
Биз-ку сув ичамиз чанқамасак ҳам,
Қандоқ бўлур экан сув ичса ташна.

***

Юрак кулбасида яшар муҳаббат,
Бошни макон этмиш ақл ва фикрат.
Баланд қасрлардан ақл изла-ю
Ва лекин муҳаббат излама фақат.

***

Гул рангин мақтайди булбул доимо,
Гул бўйин ардоқлар тонг эсган сабо.
Рангу бўй савдоси тушиб бўлдилар:
Сабо саргардону булбул сернаво.

***

Офтобнинг нурида ҳаёт гавҳари,
Ойнинг шуъласида сурур назари.
Шу икки нур ила мавжуддир олам,
Бор унинг туну кун, шому саҳари.

***

Оламда фикратсиз ким қилса некор
Жонини хор қилур, фикратни бекор.
Агар айру тушса фикрат ва амал,
Бўлур ҳар иккиеи албатта абгор.

***

Минг йиллар тубида ҳаёт нишони,
Туғилар, тарк этар вужуд дунёни.
Билмаймиз, ибтидо, интиҳо қайда
Биз кўриб бор деймиз фалак даврони.

***

Жаҳонда ҳар зарра севгига ҳамдам,
Ишқ достонин сўйлар синиқ сопол ҳам,
Ошиқлар роз айтган дарё бўйида
Неча кўза синиб топмади барҳам.

***

Гул барги булбулга ошиён бўлди
Шоирлик булбулда намоён бўлди.
Гулларнинг ғунчаси доситон бўлди,
Байту ғазалларга дилу жон бўлди.

***

Буюк подишоҳлар — Маҳмуд, Шоҳ Жаҳон
Муҳаббат дафтарин очдилар пинҳон
Ой юзли дилбарлар ишқи олдида
Ҳеч бир мартаба йўқ, тенг барча инсон.

***

Тўлин ойга боқар шоир интизор,
Гулдан баҳра истар насими баҳор.
Булар тамаъ эмас, шодлик истаги,
Дўстликдан ҳосил шу, Улфат шунга зор.

***

Шаҳар бўлмиш эди хароб, вайрона,
Деворга қўнмишди бойқуш ягона.
Ул айтар эдиким, бузуқ бу девор
Эди моҳир меъмор тиклаган хона.

***

Хушбўй учган каби боғи сафодан,
Оқ буғ кўтарилган каби дарёдан.
Жисмимиз айланиб хоки турбатга
Кўкка ғуборимиз учар саҳродан.

***

Юз очиб кулдию сўйлади наҳор:
Жаҳонда шундайин қонун устивор,
Заиф ой ўрнини олгандек офтоб,
Қудрат доим ғолиб, ожизлик ночор.

***

Саҳродаги гулдек ўсаман танҳо,
Ҳеч кимса мен билан қизиқмас асло.
Гўзаллик кўрмайди ҳеч кимса менда,
Хурсандман гар инсон боқса бир қиё.

***

Ақл ўлмас бўлса агар, у тобда
Инсонга донолик йўқдир китобда.
Билим — зийраклик, эй тоат бандаси,
Бекор ўлтирибсан чўкиб меҳробда.

***

Сабрнинг маъноси недир дунёда?
Фарёд чекмасликми кулфат балода?
Ё фарзанд ўлганда юлмасликми соч?
Сабрнинг маъноси асли — ирода.

***
Заҳматдан қўрқмагай сабрли одам,
Боладек бесабаб севинмас ҳар дам.
Сабрсиз кишининг бўлмас меъёри —
Қаҳру ғазабда ҳам, шодмонликда ҳам.

***

Асли ҳаётда ҳам шундай бўлар гоҳ,
Комрон ташнадан бўлмагай огоҳ.
Кўзадек семирган, сероб бўлганлар.
Ғариб ҳолини не билсин, э воҳ!

***

Қалблар туташганда пайдо муҳаббат
Севги туғдиролмас мол ила давлат.
Муҳаббатсиз эҳсон эҳсондир фақат,
Ишқ пайдо қилолмас бундоқ мурувват.

***

Чин дўст топа олмас ул кимса ўзга —
Тилда ўзи, бўлса дилида ўзга.
Юрак оташида яшар муҳаббат,
Ул на кафтга сиғар ва на оғизга.

***

Янги ин қуради қалдирғоч — ойим,
Булбулни тўйғизар гулга худойим.
Навбаҳор оламни янгилар, эй дўст,
Замона ўзгариб туради доим.

***

Ҳаёт томчиларин юборди осмон
Турфа хил чечаклар урдилар жавлон.
Сўнг баргларни юлди куз шамоллари…
Шу тахлит айланур ҳаёт ва замон.

Эркин Воҳидов таржималари