Абдулло Бахтоний (1926)

Абдулло Бахтоний (عبدالله بختانی) Нанграҳор вилоятидаги Сурхруд (Қизил дарё) ёқасида жойлашган Бахтон қишлоғида 1926 йил дунёга келган. Шоир Бахтоний бошланғич маълумотни Нанграҳорда олгач, 1946 йили ана шу вилоятнинг маориф бўлимида котиб бўлиб ишлайди, бир йил кейин Нанграҳордаги паштў тили курсида муаллимлик килади. Истеъдодли шоир 1952 йил Афғон Академиясига аъзо қилиб сайланади. Бу ерда «Зерай» номли ҳафталик газетага редакторлик қилади. 1955—56 йиллари — Нанграҳор вилояти матбуот бўлимида раис ёрдамчиси бўлиб ишлади ва паштў тили курсларига директорлик қилади. 1957 йили «Нанграҳор» номли паштў тилида нашр эттириладиган адабий журналга масъул котиб килиб тайинланади. 1960 йил яна Афғон Академиясига қайтиб келиб, бу ерда Академиянинг аъзоси сифатида хизмат қилади.
Бахтоний 1956 йили «Шеър ва адаб» номли адабий тўплам тузиб нашр эттиради.
Бахтоний адабиётнинг ҳам поэзия, ҳам проза жанрларида муваффақиятли қалам тебратган. «Афғон хулқи» (прозаик асар, 1955 йили нашр этилган), «Юрак сири» (шеърий тўплам, 1956 йили нашр этилган), «Афғонлар аллома Иқбол назарида» (прозаик асар, 1956 йил нашр этилган), «Саидо маланг» (драматик асар, афғон халқ шоири Малангжонга бағишланган), «Ёқимли куйлар» номли тўплам ҳамда Афғонистон газета ва журналларида босилган илмий мақола, таржималар шулар жумласидандир.

ҒАЗАЛ

Ошиқларингга, эй гўзалим, лутфу карам қил,
Даврони ҳусн ўтгусидир, тарки ситам қил.

Ҳар лаҳза улар дардларидан огоҳ бўлибсан,
Изҳори меҳр айлагину ғамни адам қил.

Умид ила кўзларин тикиб, сенга боқурлар,
Боқ шафқат ила, эмди жафо расмини кам қил.

Ишқинг ўтида ёнгани парвона эмишлар,
Рухсори жамолингни улар базмида шам қил.

Еткузма завол, ёдинг ила оҳ урадирлар,
Шайдою асирларни ўзингга сен ҳарам қил.

Гарчанд бора олмассан улар кулбаларига,
Пойингни зиёратлар учун кўйи ҳарам қил.

Бахтонийга зулминг боридан ғофил эканман,
Кел, ваъда қилиб тарки жафо, лутфу карам қил.

Жуманиёз Жабборов таржимаси

РУБОИЙЛАР

Гумбаз ичра ҳайқирса гар хоҳ шоҳ, хоҳ гадо
Овозига жавоб берур шунда акс-садо.
Бу жаҳонда ҳар нарсанинг окибати бор,
Ҳар ким тортар қилмишига яраша жазо.

* * *

Ҳаётда сен курашсанг фойда ё зиён учун,
Ўйламагил ўзингни, дегил: “бу жаҳон учун”
Жонингни фидо қилиб ёрит ўзгалар уйин,
Шунда инсон бўласан, яшайсан инсон учун.

* * *

Инсонни инсон каби эъзозлаган — инсондур,
Инсонни «ҳайвон» дея сўкканлар-чи, ҳайвондир.
Ўзини доно билиб, кимки кулса ўзгадан.
Унинг ўзи ҳар қандай нодондан ҳам нодондир.

* * *

Қушдай учиб елсанг ҳам, сайр этсанг ҳам боғларда,
Даштларда, қулоч ёзиб, кезсанг ҳамки тоғларда,
Барибир зиндондасан: тамагирлик занжири —
Бўйнингдан хиппа бўғиб, банди этган чоғларда.

* * *

Агар унинг қўлида бўлса занжиру кишан,
Ҳибсда қийнасалар, тўйғазсалар жонидан,—
У барибир озоддир, ғараздан озод бўлса,
Шундай эркин одамлар дунёда бордир, ишон!

* * *

Пулу бойликдамас улуғлик, тушун,
Баланд қасрлар ҳам қулайди бир кун.
Ўзингни идора эга билмасанг,
Сенга идора-ю мансаблар нечун?

* * *

Ҳаётда ким яшаб манзур бўлмаса агар,
Унинг тирик юрганлиги ўлимдан баттар.
Аммо ундан қолса агар бирор эзгулик,
Ҳатто ажал панжасида у тирик кетар.

* * *

Мансаб ва бойликнинг кечдим баридан,
Жаҳолатнн кўрсам ўтгум наридан.
Ёмонликнинг умри кесилсин тамом,
Қардошлик, қондошлик тарафдориман.

* * *

Меҳру шафқатни билса, у инсондир чинакам,
Фақат қорин тўйғузса, у ҳайвондир чинакам.
Ўз қадрини билганлар сийлайди ўзгаларни,
Нуқул ўзин ўйласа, у шайтондир чинакам.

Юсуф Шомансур таржималари