У асфальт йўлда оёқларини базўр судраб борарди. Кўз олди қоронғилашиб, боши ғувиллайди. Наздида уни қуршаб олган олам парча-парча бўлиб кетадиргандек. Аҳён-аҳён тупурарди. Гўё тупуги билан шафқатсиз олам юзини чаплаб ташлайдигандай. Танида кучли оғриқ уйғонарди.
«Ярамаслар! Киши қандай қилиб ҳаммасидан ажралиши мумкин?»
Йўлакда танишлар ҳам, нотанишлар ҳам кўп эди. Оломон… Ўн беш ёшида, қишлоқлари ёнидаги ертўлада, ўқ ва снарядлар остида, атрофида ғуж-ғуж одам… У ўзини шу оломоннинг кичик бир заррачаси эканлигини билганди. У ҳали-ҳали болаларнинг зор қақшаганию даҳшатга тушган одамларнинг қув ўчган юзини жуда яхши эслайди.
«Ҳаётим бир поезддирки, сен унинг сўнгги вагонисан, Амал! Борди-ю, йўқлик сари йўл олсанг, мен ҳам изингдан бораман».
Энди унинг сўнгги вагони ҳам ғойиб бўлди.
«Ярамаслар! Инсонни тирик эканидаёқ ҳаётдан маҳрум қилдинглар!»
У икки ёшга тўлганида ҳаёт поездининг вагонларидан бирин-кетин ажрала бошлади. Етти ёшга етганида отаси қазо қилди. У онасининг аламдан бўғилиб йиғлаганию сочларини юлиб нола чекканларини кўрди. Ўшанда болакайга, отанг олисга, сенга турли ширинлигу янги бошмоқ опкелгани узоқ шаҳарга кетди, деб айтишди. Бола роса йиғлади. Сўнг у ватанини ҳам йўқотди. Бундан олдин эса роса уч тун бўйи қишлоғи ёнидаги одамларга лиқ тўлган сассиқ ертўлада ўтирди. У ерда фақат хаёл сурди. Унинг чароғон дунёсида жаннатнинг ёш ҳурилиқолари яшади, пойларида мовий денгиз чайқалди, тепасида қушлар чарх урди, айримларини елкасига оҳиста қўндириб, улар билан бирга муҳаббат ҳақида қўшиқлар айтди.
Тўртинчи куни эса бузуқ кўприкдан нариги қирғоққа тортилган арқондан чангаллаб ушлаганча, елкасида жулдур кийимларини кўтариб ўтди. Ўшанда саратон офтобида терлаб-пишган, ётса туролмаслигини биларди…
Бугун эса, толиқиб, оёқларини зўрға судраб босганча майхона сари интилади.
Бу майхонага биринчи бор икки йил аввал онасини ерга топширганидан сўнг кирган эди. Уйда ўтиролмади, майхонага борди. Ўшанда шаҳар кўчалари ёп-ёруғ эди. Оммон эса рангин чироққа тўла денгизни эслатарди.
…У не-не машаққатлар билан майхонага етиб олди. У кирган заҳоти қўлидаги журнални бетакаллуфлик билан стол устига ташлади-да, француз коньягидан келтиришни буюрди.
«Сен ҳаётим поездининг сўнгги вагонисан. Ҳозир қаердасан, Амал? Қаердасан?..»
Кўзларидан оққан ёш столга томди. Хотирасида яна Амал пайдо бўлди. Уни онаси билан таништирганини эслади. Улар иккови тезда тил топишиб олишди. Амал хурсандлигидан бир жойда ўтиролмас, хонада уёқдан-буёққа юрарди. Онаси эса Амалнинг ортидан меҳрибонлик ва ғамхўрлик билан кузатиб турарди. Сўнг биргаликда чой ичиб бўлишгач, у қизни кўчага бошлаб чиқди.
— Мен кўнглимга етадиган қизни ахтариб топдим. У мени яхши кўради, камтарин ва одми, айни рўзғорбоп. Бу қиз сен ўзингсан, Амал!
Қиз, хижолатдан қизариб, қимтинибгина:
— Сени деб ҳар неки жафога тайёрман, — деди, сўнг бирпас жим қолиб, майингина сўради: — Қишлоғингни соғиниб қолгандирсан?
— Эҳ, ўша ерда бўлсайдик, Амал!
…У Дарёни* кўриб, ундан кўз узолмай қолди. Уни Дарё доимо ўзига ром этарди. Кейин билишича, қишлоғининг кунботиш жонибида — денгиз, дарё эса кунчиқар тарафида экан… Ҳаммаси кўз очиб юмгунча рўй берди. У ўн беш ёшидаёқ Исроил жаллодларининг қичқириқларини, қочқинларнинг ур-сурда топталишларини кўрди. Ўшанда кўзларидан ёш чиқмади, лекин алами ниҳоясиз эди. Аламки, интиқомсиз сусаймайди.
«Ярамаслар! Отамдан, онамдан, севгилимдан, ватанимдан ажратдинглар! Агар у чинқирганида мен кўрардим-ку. Ахир ҳаммаси тўсатдан, тезда бўлиб ўтдику! Жаллодларнинг бири унинг елкасидан ушлаб қучмоқчи бўлибдию…»
У худди чанқагандек қадаҳни ютоқиб бўшатди.
Унинг кўз олдида уфққа сингиб бораётган поезд вагонлари намоён бўлди. Ана, отаси, юзида қувонч, қўлида ширинликка тўла халта, унга ҳайитлик совға олиб келяпти. Ана, Амал столдан учиб турдию хонада эмин-эркин юра бошлади. Онаси бўлғуси келини ортидан меҳрибонлик билан кузатиб турибди… Ана, унинг денгиз ва дарё оралиғидаги кичкинагина қишлоғи…
У шишада қолган коньякнинг ҳаммасини қадаҳга қуйди.
Киши ҳеч қандай мақсадсиз яшаши ҳам мумкинми? Йўқ, ақл бовар қилмайди. Албатта—шундай. Ақл бовар қилмайди. Инсон ҳамиша ҳаётда бирон нарсага етишиш орзуси билан яшамоғи керак. Ҳа, керак… Тахминан шундай… Вагонлар эса кўздан ғойиб бўлди. Улар энди қайтмайди. Марҳумларга осон. Марҳумларни чўқинтиришмайди. Амал унга, ватанга қайт, деб тайинлади. У қайта бошлади, арқондан ушлаб нариги қирғоққа ўтаётган асносида уни кимдир ортга қайтишга ундади. Кўрдики, беш қадам нарида хунхўр турибди. Бу махлуқ ундан сўроқ сўради, лекин у писанд қилмади, менсимай тураверди. Яхшилаб қараса, кўз олдидаги аскар эмас, ярми бўшаган қадаҳ экан. Ҳозир шиша ичига киришнинг иложи бўлса-ю, ҳеч қайтиб чиқмаса…
У кўзларини минг бир машаққат билан очди.
— Мен қаердаман? — дея ўз-ўзидан сўради.
У майхона хўжайини келиб қисталанг қилгандагина қаердалигини англади. Ўртоғининг таниш чеҳраси элас-элас кўрингандек бўлди, сўнг… сувоқлари кўчиб тушган, деворига сарғайган фотосуратлар ёпиштирилган хонасида ҳушига келди. Хона жимжит эди. Уни қўрқув ўраб олаётган бўлса-да, Амалнинг девордаги сарғайган суратига тикилиб тураверди.
«Сен умрим поездининг сўнгги вагонисан, Амал!»
Унинг юзида нимтабассум балқиди.
«Қалби мозорга айланган киши ҳам кулмоғи мумкинми?»
Унинг кўзи фотосурат ёнидаги харитага тушди. У харитада битилган сўзларни ўқимоқчи бўлди-ю, бироқ «Яффа», «Рамоллоҳ», «Ўрта Ер денгизи»дан бошқа сўзларни фарқлай олмади. Юраги эса қинидан чиққудек бўлиб дукилларди. У Яффада сираям бўлмаган. Раҳматли онаси ҳар сафар Яффа тўғрисида гапираркан, ўғил ўзини гўё шаҳар кўчаларида кезаётгандек ҳис қиларди. Сўнг хаёлида Рамоллоҳдаги ар-Радио кўчаси жонланди. Суюклисининг сўроқлари ёдига тушди:
«Қишлоғингни соғиниб қолгандирсан?»
— Эҳ, ўша ерда бўлсайдик, Амал!.. — деди у бошини тебратиб.
У ҳамон харитадан кўз узолмасди.
«Қандай қилиб бориш мумкин?»
У синиқ каравотдан туриб машриққа, Ватанига томон очиладиган дераза рафига суянди. У ҳорғин оёқларида зўрға тебраниб турар, жилмайган кўйи, ёришиб бораётган алвонранг уфққа разм солди.
«Нега мен дунёнинг бунчалик беҳудуд эканлигини аввалроқ билмас эканман, а?»
Уни ҳаяжон қамраб олди. «Эҳ, қуёш Яффаю Рамоллоҳу Оммон устида бир муддатда чиқсайди!..»
У деразадан узоқлашди. Амалнинг фотосуратига яқин борди. Девордан суратни олдию кўзларига суртиб, недандир ўкингандек, бошини сарак-сарак қилиб, изтиробга тўлиб, секингина гапира бошлади:
— Сен ардоғим, энди йўқсан, сендан қолгани шу бир сурату ватанли бўлмоқ армони…
Суратни газетага ўраб, кийимлари тахланган чамадонга жойладида, яна харитага яқинлашиб, унинг устидан кўрсатгич бармоғини югуртирганча жойларнинг номларини хотирда сақлашга ҳаракат қиларди. Боқиб-боқиб, михдаги шими ва кўйлагини олди, кучига-куч қўшилгандай сездию хонадан шитоб юриб чиқди.
Русчадан Асқар Ҳайдаров таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 10-сон.