Қуёш ўша кеч уфқни норинж рангига бўяб, тоғлар ортига чўкиб борарди. Абу Сабр бир қўлида чамадон, бир қўлида ҳозиргина тутилган балиқлар билан уйига қайтарди. Чўнтагида эса — бир ойда тўплаган маблағи. Тўғри, бир қисми кира ҳақию бошқа майда-чуйда харажатларга кетди. Абу Сабр қанча вақт ўтганини билмайди, кўзини очса, Оммонга яқинлашиб қолибди. Олдинда ҳеч нарса кўринмайди. Саҳро гўё қора чодирга ўралгандек. Аҳён-аҳён ўткинчи машиналар учраб қолади. Абу Сабрнинг юзига ёзнинг кечки шабадаси уриларди. Лекин унинг кўнглига қил ҳам сиғмас, хаёлидан одамларга тирбанд порт манзараси нари кетмасди. У ерда кўрганларини энди унутмоғи қийин. Жазирама иссиқ, портдаги ур-йиқит… ҳамма-ҳаммаси кўнгилни айнитадиган даражада эди.
Санитар қиз Абу Сабрдан чақалоқнинг исмини сўраганда ҳеч иккиланмасдан: «Интисор» (арабча, ғалаба) деб жавоб берди. Чақалоқ дунёга келганида Синай ярим оролида ва Голлан нишаблигида тўпларнинг гумбурлаган аянчли садоси тинмаган, бироқ у ўғли туғилиши билан ғалаба араблар томонида эканлигини ўзича башорат қилганди.
Машина чироқлари мовий ранг йўлкўрсатгични ёритиб юборди. Йўлкўрсатгичда битилган «Оммон — 10 км» деган ёзувни у аниқ кўрди. Абу Сабр кўйлагининг енгларини қайириб, соатига қараб қўйди. «Тўққиз бўлибди-я». Ҳали уйига боргунча анча вақт ўтади. Болалари ухлашмаган бўлса керак. Сабар ҳам сўнгги имтиҳонига тайёрланяптими? Одамларнинг айтишича, Сабар яхши бола, тарбия кўрган, дилкаш. Бир неча ойдан сўнг у ўрта мактабга боради. Абу Сабр токи ўғли дорилфунунга кириб, муҳандислик дипломини олмас экан, унинг ёнида туради, ўғил ўқишини тугатгандан кейингина Абу Сабрнинг дам олишига имкон туғилади… Ўғли уй қуриб беради. Ана ўшанда Абу Сабр ҳар ой охирида ижара ҳақини тўлашдан қутулади, айни пайтда йигирма динори чўнтагида қолади, сўнг пул топиш илинжида уйидан чиқиб тентирамайди ҳам. Тўғри, Оммонда портдагига нисбатан анча кам ҳақ тўлашади.
Абу Сабр машинадагиларнинг эътиборини тортиш учун чуқур уҳ тортди. «Ё оллоҳ, ўз паноҳингда асра!» У чўнтагидан сигарета чиқариб тутатди. Тун зимистон бўлиб, олис-олисларда порлаётган муаллақ чироқлар шуъласи кўзга чалинади: бир, икки, уч… ўн… Абу Сабр бутунлай хаёлга чўмганидан кўкрагига учиб тушган сигарета кулини сидириб ташлашни хаёлига ҳам келтирмасди. Машина ҳамон йўлда, шаҳарга тобора яқинлашиб борарди.
Шаҳарга аллақачон қоронғилик пардасини ёйган бўлса-да, сотувчилар дўконларини ёпишмаган эди. Чироқлар шуъласида балиқ ва бошқа таомлар ортилган аравалар қатнаб турарди. Абу Сабр машинадан тушиб, кўчанинг ўнг тарафига ўтди-да, такси кута бошлади. «Хотиним ҳали ухламагандир-ов! — хаёлдан ўтказарди у. — Одатдагидек бугун ҳам кеч келишимни билади-ку!..» Абу Сабр ёнига келиб тўхтаган таксига ўтирди.
Хаёлида — хотинининг ёшлиги… Ана у, ойдин тунда Абу Сабр томон талпинмоқда… Кейин тўйлари бўлиб ўтди, қишлоқнинг марказий майдонидан етти кун мусиқа шовқин-сурони аримади… Кунлар кетидан кунлар ўтаверди, хотини эса кун сайин тўлишиб борди. Оҳ унинг ўша вақтдаги севинганлари!.. Сўнг ўғли Сабар пайдо бўлди. У кунма-кун улғайгач, тўнғичини Рамоллоҳга ботинка харид қилгани бирга олиб борди. Кейин Салим ва Ойшалар дунёга келди.
«Эҳ, Абу Сабр, юзлаб, миллионлаб араблар ўз гўшасини ташлаб, жон сақлаш умидида тентирашлари қайси бирининг тушига кирибди? Сен уларни сўкасан, нега қочганлигини билгинг келади. Сен Абу али Мути ал-Мажалавийга маломат тошлари отасан. Қишлоқ дўконида: «Исроил солдатлари қилич яланғочлади-ю, сизлар нега қочдиларинг?» — деб сўрайсан.
Сен, Абу Сабр, исроилликларнинг мақсадини биласанми? Сен уларнинг минаси портлаганида тунни кундек ёритиб юборишини ўз кўзинг билан кўрдингку!..»
Абу Сабр машина енгилгина силкиниб тўхтаганида ўзига келди. Тушди. Бир оз юргач ниҳоятда ҳориганлигини сезди. Ўнг томонга бурилди. Илгари бу ерларда ариқчалар бўларди. Энди эса… У вақтнинг бунчалик шиддатли ўтаётганидан ҳайратда қолди. Хаёлида Оммоннинг эллигинчи йиллардаги манзараси… Ҳозиргиси билан муқояса қилиб кўрдию бутунлай ўзгариб кетганини тан олди. Шаҳар айни пайтда худди келинчакдек гулгун яшнаган. У аламидан кулса-да, қўналға томон юрди. Шу дақиқада Оммон унга ҳолдан тойиб, бўёқлари тер аралаш оқиб тушаётган раққосанинг юзига ўхшаб кетди. Рўпарасида бир неча жандарма ходимлари йўлакда гурунглашиб ўтирардилар.
«Сен, Абу Сабр жуда чарчагансан, яна озгина чида. Сўнг бир неча кун хотининг, болаларинг ёнида дам оласан. Кейин яна жазирама иссиқда портдаги ишингни давом эттириш учун йўлга чиқасан. Бир муддат ўтсин, хотининг ва болаларинг билан юзма-юз бўласан… Ухлаб ётганингда, алламаҳалда уйқуси бузилган Хадича ва Маҳмудларнинг йиғисидан чўчиб уйғонасан. Иккови ширинтойларинг орасида энг тўполончилари».
Абу Сабрнинг юраги қинидан чиққудек бўлиб дукуллайди. У бир неча бор эшикни тақиллатса ҳам ҳеч ким жавоб бермасди.
Абу Сабр, эсингдами, ижара шартномаси ўз кучини йўқотганида сен оғоч зинанинг энг юқорисида турган эдинг. Ўша пайтларда кучинг кўп эди. Ўзингга ўзинг буйруқ бергандингки, «Болаларингга ўлмай туриб уй қуриб бер, токи улар ертўладан халос бўлишсин», деб. Мана, орадан қанча йиллар ўтиб кетди, лекин ҳалигача бошпананг йўқ, Абу Сабр…
У аламдан хўрсиниб, яна тақиллатишда давом этди, бироқ ҳеч ким жавоб қилмасди. Абу Сабр эгилиб эшик тирқишидан мўралаганди, кўзи хира шуълага тушди. Кўнгли сал тинчиб, яна тақиллатди. У ичкаридан Ҳалиманинг уйқусираган овозини эшитди. Ҳалима эрини таниб эшикни очди. Абу Сабр ичкарига кириб ҳол-аҳвол сўради, болаларининг саломатлигини суриштирди. Ҳалима, «тинчлик, тинч ўтирибмиз», деди.
«И-е, ҳаммаси жойида бўлса, нега унинг овози ғалати, мунгли? Мени одатдагидек кутиб олмади-ку? Ҳатто бағримга босишга чоғланганимда ҳам қаршилик кўрсатди-ку?»
Абу Сабр ботинкасини ечиб, секин каравотга чўзилди. Ҳалима ошхонага ўтди.
«Балки болалардан бирининг тоби йўқдир».
Абу Сабр шу хаёлда ирғиб турди-ю, нариги хонага кириб чироқни ёқди, болаларининг юзига термулди. Болалари ширингина ухлаётганидан кўнглидаги алағдаликдан ғубор ҳам қолмагач, қайтиб чиқди-да, яна чўзилди.
«Балки ҳеч нарса бўлмагандир?.. Йўқ, у нимадандир хафа. Бунга имоним комил»…
Ҳалима овқат келтирди. Абу Сабр емак учун ўтирганида Ҳалима эса унинг ёнига чўккалади. Абу Сабр сўради:
— Ҳалима, сенга нима бўлди?
— Ҳеч нарса. Ҳаммаси жойида, — деб кўзларини яширганча жавоб берди.
— Ҳалима! Нима бўлди гапирсанг-чи? — дея қатъий такрорлади у.
— Эртага айтаман, — деди бир оз жимликдан сўнг Ҳалима.
Бу жавобдан Абу Сабрнинг бошига оғир гурзи тушгандай бўлди. Қўрқувдан дағ-дағ титрай бошлади.
«Абу Сабр, сенинг ўйларинг тўғри. Ҳалима ҳақиқатан ҳам ғамгин. Унинг қалбида недир ғашлик бор, ана, кўзлари қандай ғамгин!..»
— Йўқ, Ҳалима, ҳозироқ айт! Худо ҳаққи, сен айтмас экансан, томоғимдан луқма ўтмайди!..
Ҳалима айтиш-айтмаслигини билолмай гарангсиб қолди. У миқ этмас, Абу Сабр эса баттар қистарди.
— Муниципалитет уйимизни олиб қўймоқчи экан. Бор-йўғи икки ҳафта муҳлат берди. Ўшангача…
— Қанақа уй? Нима учун? Нималар деб валдираяпсан? Худойим, иблислардан ўз паноҳингда асра!
— Мен сувга қарай-чи, қайнаб кетгандир, — дея хотини чиқиб кетди.
«Энди қаерга борамиз, Ҳалима! Йигирма динорга икки хоналик ҳужрани қаердан топамиз? Оммонда қирқ динордан камига ҳужра топиб бўпмиз!»
— Борди-ю, биз чиқмасакчи?! — деб сўради у хотинидан.
Хотини бўсағада тўхтаб қолди-да, қисқагина мунгли жавоб берди:
— Ҳайдаб юборишади!
— Қаёққа?
Ҳалима яна ошхонага бурилди.
«Ҳалима, бизни қаёққа ҳайдаяпти, қаёққа? Уй учун қирқ-эллик динор тўласак, кейин қўлимизни оғизга тиқамизми? Болаларни кийинтирмаймизми? Улар ўқимайдими? Буларга пулни қайдан топамиз?..»
— Сув илиди, ювиниб олинг, — деди хотини.
— Керакмас.
— Ҳадеб сиқилаверманг, — дея хотини кулимсираб юпатмоқчи бўлди. — Насиб этса, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
— Қачон насиб этади?
«Эҳ, Абу Сабр қанақасига яхши бўларди! Қирқ динор — ижара ҳақига, устига устак, рўзғорга сарфланадиган харажатлар… Энди на ҳужра, на овқат ва на кийим учун етказиб бўлади. Мабодо бир хонали уй топилса-чи? Унда ўн киши бир-бирининг устида қалашиб ётишига тўғри келади».
— Болалар тамадди қилишганми? — деб сўради у жаҳлидан сал тушиб.
Ҳалима «ҳа» дегандек бош ирғади. Абу Сабр чуқур уҳ тортди. Каравотга чўзилганида елкаю кўкракларида чидаб бўлмас оғриқ туйди.
Бу пайт лиман сувлари ғоят сокин эди. Юк ортилган кемалар сув сатҳида жим турарди. Кулбадаги болалар эса, улуғ денгиз бағрида чўмилишу оталари келтирадиган тансиқ таомларни туш кўришарди…
Русчадан Асқар Ҳайдаров таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 10-сон.