— Сен йигирма тўрт соат ичида Оммондан чиқиб кетишинг керак! — деди жандармачи.
Ҳамдий эътироз билдиришга уриниб овозини баландлатди, аммо жандармачининг кўнгли сира иймади. Ҳамдий қўлини кўтариб жингалак сочлари орасидан бармоқларини ўтказди-да, иложсизлигидан тўнғиллаб қўйди:
— Бу ноҳақлик…
…Тайёра Қоҳира аэропортидан ҳавога кўтарилган чоғда Ҳамдийнинг юраги ёмон орзиққан эди. У бошқа юртларда, ёру биродарлардан айри яшашни ҳеч тасаввур қилолмасди. Лекин чўнтакдаги қайтиш чеки кўнглига таскин берарди.
Ҳамдий Оммонга келдию изтироб гирдобида қолди. Ҳижрон кўп оғир кечаркан. Йигирма йиллик севинчу аянчга тўла умри кўз олдидан тез-тез ўтиб турарди. Туғишганлари: ўрта мактабни битиролмай қолган Фатҳияни, йигирма иилдан буён ойига чорак гинея топиш илинжида қора терга ботиб ишлайдиган отасини, ҳузур-ҳаловат нелигини билмай кун-тун меҳнат қиладиган онасини бир лаҳза бўлсин унутолмасди.
Ҳамдий болаликдан китобий табиатли эди. Кўнгли нечукдир юксакликка талпиниб яшади. Ўйлардики, бир кун бориб жами ажойиб ниятлари амалга ошади, бир кун бориб унга ҳам бахтли ҳаёт насиб этади. Ўшанда Ҳамдий Фатҳияни мактабга қайтаради, ота-онасини машаққатдан халос этади, қариганида иззатини жойига қўяди…
Афсуски, бахтсизлик ҳамиша бахтни таъқиб этаркан. Ҳамдий биринчи куниёқ пудратчининг кўнглида ёмонлик борлигини пайқаган эди. Уни ёмон кўрарди, билардики, улар муқаррар тўқнашадилар ва кимдир албатта енгиб чиқади.
Ниҳоят улар тўқнашдилар…
— Чаққонроқ бўлсанг-чи! Сен пудратчи эмас, ишчисан, билдингми, ишчисан! — деб дағдаға қилди пудратчи. — Кўрпангга қараб оёқ узатсанг ўласанми?!
Ҳамдий қошини чимириб тўхтади-да, бетон солинган қовғани ерга қўйиб унинг юзига тик боқди. У ҳозир нима деб жавоб беришини биларди, биларди-ю, лекин охири вой бўларини ҳам сезарди. Баногоҳ эсига Қоҳира машриқидаги ал Маҳдий даҳасидаги иккита кичкина ҳужраси ва унда бир амалаб кун кечираётган тўққиз бошли оиласи тушди-ю жим қолди.
«Бу сафар сал омадим келди, кўп пул керак, яшашга, ўқишга. Ахир, бу бошланиши-ку, Ҳамдий!» — дея ўзига-ўзи тасалли берди.
У мана шу кузда дорилфунуннинг иқтисод куллиётининг иккинчи курсига боради, бунинг учун эса анча-мунча сабру қаноат керак, чидам керак, чидамсиз пул ишламоқ мушкул.
«Ўзингни бос, Ҳамдий, жаҳлланма…»
У секингина эгилиб қовғани елкасига даст кўтарди-да, йўлида давом этди. Хўрлиги келди. Бўғзига тиқилган йиғини босиб, недир яхши воқеаларни хотирлашга уринди. Биринчи лекцияга кечикмай деб Қоҳира кўчаларида чопганларини эслади. Дорилфунун ҳовлисида катта-кичик, турфа рангли машиналар мўл бўларди. Машина эгаларининг аксари унга таниш. Мажидники қора тусда, Мирфатники эса ҳаворанг эди. Мирфат… Жўралари Ҳамдийга, Мирфат сени яхши кўради, деб айтишганда у ўзини қўярга жой тополмай қолди. У шундоқ бўлмоғига кўпда ишонмади-ю, лекин шундоқ бўлмоғини жуда-жуда хоҳлади. Ҳатто ўзига-ўзи баҳо ҳам берди: «Рост-да, Мирфатдек қизлар анави Мажид кабиларга муносибми?»
У қовғадаги аралашмани чуқурчага шошилмай ағдарди-да, сўнг оёғи билан босиб, орқага қайтди. Ҳамдийнинг кўз олдидан ҳамма таниш-билишлари бир-бир ўта бошлади. У Оммонда ҳам кўпгина танишлар орттирди. Дастлаб хаёлида лабидан нимкулги аримайдиган аэропорт хизматчиси, сўнг Қоҳирага боришга орзуманд сервис шофёрининг чеҳраси намоён бўлди. Шофёр майин жилмайганча Қоҳирада қанча одам яшайди, гўзал иморатлари кўпми, гўзал аёллари серилтифотми, деб сўрарди. Ҳамдий саволга жавобан истеҳзоли кулди: «Сен Қоҳирани қанақангидир сеҳрли шаҳар деб ўйлаяпсанми?»
Ҳамдий қовғанинг бетонга тўлдирилишини кутиб турарди. Чўнтагидан Ҳудра солиб қўйган рўмолчани олиб, пешонасидаги реза-реза терларни артди. Унинг жиндаккина дам олгиси келиб ўтирган заҳоти, пудратчи бақириб қолди:
— Эй-й! Ҳамдий!.. Нега қаққайиб турибсан, нима бало, ишга чиқдингми ё сайрибоққа?!
Ҳамдий томирларида қони кўпирганини пайқади. Жавоб бериш учун оғиз жуфтлади-ю, бироқ ўзини тутиб қолди, ўзича ғудраниб қўйди.
— Нега у мени кўра олмайди? Қоҳирадан келганим, иорданиялик бўлмаганим учунми? Нега энди жами арабларнинг ватани битта эмас-а? Ягона мамлакат хусусидаги гап-сўзлар наҳотки халқни алдаш бўлса?
Йўқ-йўқ. У ерда, Қоҳирада, Аҳмад ва Муҳаммадлар қолишди. Улар кунини иккита ҳужрада ўтказишади. Маҳмуд бинни Ҳасан ҳам ўша ёқда. У мени ўз ўғлидан кам кўрмайди-ку! Ҳар гал борганимда мени лаззатли таомлар билан меҳмон қилади-ку! Уларнинг ҳаммаси анави мараз пудратчига ўхшамайди. Уёқда бундайлар йўқ.
Ҳамдий яна ғудранди:
— Сенга гапириб нима қилдим, ҳайвон…
Лекин аламга тоб беролмади, пудратчига тик қаради:
— Нима бало қулоғинг карми, ҳеч нарса эшитмайсан?
«Оламни сув босса тўпиғига чиқмайди. Ҳамма нарса унинг жонига теккан…» дея кўнглидан ўтказди Ҳамдий.
Пудратчининг жавоб қайтармагани Ҳамдийни баттар қутуртирди.
— Сен аблаҳ шунақанги жонимга тегдингки!.. — у қўли билан бўйнини «кесиб» кўрсатди. — Сен…
Ҳамдий пудратчининг қўлида бор-йўғи ўн бир кун ишлади, холос. Ўқув йили бошлангунча эса яна уч ой бор. Яна уч ой таҳқирга чидаши керак. Афсуски, чидамоқнинг иложи бўлмади. Пудратчининг жаҳли чиқди, Ҳамдийнинг юзига шапалоқ туширдики, бояқиш йигит ортга тисарилиб кетди. Ишчилар юмушларини қўйиб, уларни ажрим қилмоқчи бўлдилар. Пудратчи яна мушт тушириб қолди. Ҳамдий яна орқага тисланиб кетди. У энди ўзини ҳеч тутиб туролмади. Онаси, отаси, икки хонали каталакдек уйлари, дорилфунун ҳовлиси ва у ердаги турфаранг машиналар, Мирфат ва Фатҳия… ҳамма-ҳаммасини унутиб қўйди. Кўз олдини туман қоплади, ҳеч нарсани эшитмасди ҳам, кўрмасди ҳам. Эгилиб ердан тош кўтариб олди-да, пудратчининг нақ бошига туширди. Пудратчи «вой-вой» қилганча ерга қулаб тушди. Ҳамдий жаҳлдан тушолмади, ғанимини тепа бошлади. Икки ишчи унинг қўлини қайириб, пудратчидан зўрға айириб олишди.
У ўз хонасида, ишчилар қуршовида ўтириб, гўё оломонда онасини йўқотган гўдакдек йиғлар, қўрқар ва аламдан сочларини юлиб-юлқаларди… Қия очилган эшикдан қуёшни кўриб, телбаларча ғўлдиради:
— Биз қачонлардир сенга етамиз, албатта етамиз…
Бу пайт бир неча ишчилар кўчада жароҳатланган пудратчининг бошини боғлашарди. Ал Маҳдий даҳасидаги мўъжазгина икки хонада тўққиз жоннинг ҳаёти одатдагидай, секин ва бир маромда ўтарди.
«…Наҳотки ягона мамлакат ҳақидаги гап-сўзлар эртак бўлса? Йўқ, бу ҳақиқат! Эртак бўлиши мумкин эмас, Ҳамдий!»
Русчадан Асқар Ҳайдаров таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 10-сон.