Йордан Радичков. Мафтункор парвоз жозибаси (ҳикоя)

Замҳарир қиш кунларининг бирида овдан қайтаётиб “Лудогорь” ёқалаб чанада келардим. Четан арава одам билан лиқ тўла, баъзилар аравакашларнинг орқасида олдинга қараб, бошқа бировлари тескари – орқа ўгириб, учинчилари ноқулайроқ – ёнламасига ўтириб олишган, йўловчиларнинг ҳаммаси ҳориб-чарчаган, аёз забтидан совуқ қотган, бир қадар маъюс кўринишарди. Биз ёқаларимизни кўтариб, қулоқчинларимизни тушириб, телпакларимизни бостириб кийиб олган эдик, бу ҳам камлик қилгандек шарф билан оғиз-бурнимизни ўраб олгандик, шу сабабли биронта йўловчининг афти-ангоридан таниб бўлмасди. Телпаклар ҳамда шарфлар остидан буғ ўрлар, дамо-дам пишқираётган отларнинг бурун катакларидан ҳам оппоқ, қуюқ буғ том маъноси билан, отилиб чиқар эди. Чанада кетаётганингда совуқ бир зумда суяк-суягингдан ўтиб, аъзойи-баданинг увиша бошлайди, кўзларинг ёшланиб борлиқ олам, атрофингни қуршаган жамики нарсалар шумшук бўлиб кўринади.
Ўрмон ёқасидаги илонизи йўл дам пастга шўнғир, дам юқорига ўрлар, баъзи ерларида чана сурилиб кетиб, унинг таг қисми майда шағал билан тошларда сирғалиб ғижирлар, отлар пишқирар, аравакаш қамчинини азод кўтариб: “Ҳаҳ, дангаса, ишёқмаслар, қани, илдамроқ, чу!” дея қичқириб қолар эди. Қор ёғиб оппоқ чойшаб ёпиб қўйилгандек кўринаётган йўл чана ортида ястаниб қолар, бир нафас сукутга чўмган ўрмон чекинар, йўл ёқасида қатор саф тортган дов-дарахтлар лип-лип ўтар, олдиндагилари жуда тез яқинлашиб келса, ортда қолганлари жуда секин кўздан йўқолар, пировардида худди ўрмон сон-саноқсиз улкан оёқлари ёрдамида ҳаракатга киргандек туюлар, шу билан бирга, биронта дарахт иккинчисига урилиб кетмасди. Бундай манзара чинданам маҳлиё бўлиб томоша қилишга арзигулик эди.
Чана бурилаётган ерда бирдан қор қўйнидан шохларини ғуж-ғуж қип-қизил мевалар қоплаган наъматак бутаси лоп этиб унинг йўлини тўсиб қўйди. Унинг шохлари тўрт томонга тарвақайлаб ўсган эди. “Буни қаранглар-а!” дея қичқириб юборди ҳайдовчи ва қулочкашлаб қўлидаги қамчи билан бутага урди.
Наъматак бутаси кескин чайқалди, унга қўшилиб қип-қизил мевалари ҳам силкинди, худди бутанинг музлаган шохига эмас, балки тирик жоннинг юзига уришгандек жоноқи мевалар қаттиқ таъсирланиб, изтироб ёшлари ювган одам кўзлари каби чақнади. Чана шиббаланган йўлдан бир маромда ғирчиллаб йўлга тушди, эгар-жабдуқ четларига илинган қўнғироқчалар унга ҳамоҳанг жиринглай бошлади, наъматак бутаси сон-саноқсиз қирмизи кўзларини биздан узмай секин-секин ортда қолди. Йўл билинар-билинмас пастга эниб борарди, отлар ҳарс-ҳарс қила бошлашди; мен ўгирилиб ҳамроҳларимга бирма-бир қарадим: телпаклар, қулоқчин ва шарфлар орасида биттагина овчининг мовий кўзларини кўрдим. Унинг лабларига қистирилган сигарети аллақачон ўчиб бўлган эди. “Қонхўр арвоҳнинг ўзи-я!” – деди ўша овчи менга, “Кимни айтяпсан?” – деб сўради чананинг олд қисмида ўтирган кимса хириллаган овозда. “Анави бутани айтяпман”, – дея жавоб қилди, лабларида ўчиб қолган сигаретли овчи ва бута томон боши билан ишора қилди. Унинг юзида ҳайронлик аломати зуҳр этарди.
Мен ортга ўгирилиб қарадим – наъматак бутаси кўринмасди. Ёлғиз қор босган оппоқ сайҳонлик кўзни қамаштиргудек ярқирар, ўрмон ҳосил қилган қорамтир деворгина тебранар, тепада эса осмон бўзрайиб борарди. Биз сойликка тушганимизда наъматак бутасининг қип-қизил кўзлари умуман кўринмай қолди.
“Худди одам дейсиз-а, одамга ўхшайди нимасидир!” – деган фикр кўнглимдан ўтди. Мен ҳамон отларга орқа қилиб ўтирардим, қўнғироқчалар- нинг жиринги, йўталган овоз, кимнингдир алжирагани, чарм абзалнинг ғирчиллагани эшитиларди. Қор босган йўлка бўйлаб кетаётган чананинг ортидан гўё хотиралар қувиб келар, кета-кетган маҳобатли ўрмон бизларни шовқинсиз кузатиб қолар, ёнимизда карпат украинларининг телпагини кийиб олган серсоқол бир киши орқада қолиб кетмасликка тиришиб, чангида югуриб келарди, унинг кенг пешонаси билан мутаассибона нигоҳини бир кўрган одам анчагача эсидан чиқармасди. Унинг олд томонида наъматак бутаси сатҳида бамисоли кўзга кўринмас қамчи изму-ихтиёрида юзлаб чироқлар каби порлаган қизғиш кўзларини зулм етказаётган кимсадан узмай оппоқ қор сатҳида буралиб, судралиб борарди. Туйқус бута билан таъқиб этувчи таққа тўхтаб қолишди, ўша одам бамисоли пинҳоний бир нимани излагандек соқолини хаёлчан тутамлаганча наъматак бутасига тикилиб қолди.
Буни қарангки, шапка кийиб олган киши Методий Андонов эди!
У тириклар оламини тарк этганига беш йил бўлди, бироқ мен сира унутолмайман, у ҳамиша тирик ва жўшқин қиёфада кўз олдимга келар, худди чақирсам, албатта, жавоб берадигандек туюларди. Лекин мен бир марта бўлсин чорлашга ботинолмагандим, чунки истиҳола қилармидим, аниқ айтолмайман, негаки, мабодо унинг овозини эшитсам ёки мен томонга келаётганини кўрсам, юрагим кўтаролмаслигини биламан. Ҳали у тирик пайтида бизлар иттифоқо, йирик ҳайвонларни овлаш учун Руй тоғларига борган эдик. Ўшанда ҳам ҳозиргидек қиш фасли эди, биз шумшук ва ҳувиллаган ўрмонда ов қилиб юрардик, осмонда увада булутлар сузиб борарди, ўрмон гоҳ қуёш нури тушиб, чароғон бўлиб ёришар, гоҳ яна қоронғилик қоплар, пистирма қўйилган томондан яккам-дуккам ўқ товуши эшитилар ва ўша замоноқ акс-садо бериб янграр эди. Ов ниҳоясида Методий – биз пистирмада бир-биримизга яқин ерда турардик – мени чақириб қолди. Қарасам, у наъматак бутаси атрофида депсиниб юрибди, худди қафасга йиртқич ҳайвон кириб олгандек синчковлик билан тикиларди. “Бу ёққа, бу ёққа кел!” – деди у паст овозда. Мен ундан нима гап, дея сўрадим. “Манавини қара!” – деди у бутани кўрсатиб. Унинг афт-ангори қувончдан ёришиб кетган, кўзларида эса аллақандай бир шайдойилик чарақларди. Мен наъматак бутасини диққат билан кўздан кечирдим.
Бу баландлиги одам бўйича келадиган бута бўлиб, илдизи бақувват ва сертармоқ эди, ёқут доналаридек қип-қизил ғуж-ғуж мевалари новдаларини безаган эди. “Энди бошқа тарафига ўтиб қара!” – деди Методий Андонов, икковимиз бир бўлиб нариги тарафига ўтиб қарадик, бута бу томондан ҳам худди шундай кўринарди, “Қайси тарафдан яқинлашмагин, сенга қараб тургандек”, – деди Методий Андонов. Мен сигарет тутатдим, у излаган нарсасини қидириб, бута атрофида айлана бошлади. У бир неча марта қор юмалоқлаб бутага отди, бута сесканиб кетди, унга қўшилиб сон-саноқсиз қирмизи мевалари ҳам сесканди, буни бемалол тасаввур қилса бўлади: наъматак бутаси чинданам тирик жондек қалтирайди, кўзлари қорачиқларнинг чақчайган қип-қизил кўзлари каби тешиб юборгудек тикилади. Методий Андонов дам оқиш-сурранг қалпоғини ушлаб кўрар, дам соқолини ҳузур қилаётгандек силаб ўйнар эди. Унинг овозидаги тантанали оҳанглар жуда таъсирчан эди. “Мана бу чинакам спектакль”, – дерди у баланд овозда. – Мўъжиза! Ҳақиқий мўъжиза! Мана шу бутани саҳнага чиқариб қўйганини тасаввур қила оласанми – шундоққина ўрмондан келтирилган, худди қони қайнаётгандек ҳурпайиб олган, совуқда музлаган, бир ажойиб мевалари билан… Тасаввур қил: саҳна теварак-атрофни қор қоплагандек оппоқ, агар уни чироқлар нурига кўмиб юборсак, бир гўзал, бокира хилқатга айланади… Сўнг ғира-шира қоронғиликка чулғаймиз, бутанинг бир қисмини эса оппоқ, ҳарир туманга ўраб қўямиз, сўнг мана шу туманни майин шамолда тўзғитиб юборамиз… Ақлни шошириб қўядиган беқиёс манзара ҳосил бўлади-ю…”
У тўлқинланиб кетганидан қўлини бир-икки кўксига урди ва яна боягидек сокин, оппоқ қор сатҳида эмин-эркин қад ростлаган наъматак бутасига тақводор инсонларга хос илоҳий бир меҳр билан тикилиб қолди. Шу дақиқаларда у ҳаётга, теварагидаги манзарага чинакам жилвагар оламни биздан яшириш учун қўйилган зийнатли сарпарда деб қараётган ижодкор тугул, ич-ичида оппоқ парда ортида нима борлигини тобора кўпроқ билгиси келаётган, шуни тагига етиш учун умрини бахшида этишга тайёр дарвешга ўхшарди. Эҳтимол, Методий Андонов ўзи излаган нарсани топган ёки кашф этгандир, гарчи у бор-йўғи оддийгина бир тирқишдан қараётган бўлса парда ортидаги ўта муҳим ва билишга муносиб бир нимани кўра олди, шекилли, чунки соғлом, ақли-ҳуши жойида инсон шохлари музлаган бута теграсида бунчалик иштиёқ ва харислик билан шунча вақт маст одамдек айланиб юришини нима билан изоҳлаш мумкин?
Агар шу дақиқаларда у югура келиб, буталар орасига ўзини отса, мен ажабланмаган бўлардим; таажжубланадиган ери шуки, улардан қай бири кўпроқ табиатга яқин, унинг узвий қисми – инсонми, наъматак бутасими – аниқ айтиб беролмасдим. Эҳтимол, иккови ҳам муштарак – бири иккинчисини тўлдиришга қодир хилқатдир, яъни табиатга бир хилда яқиндир… Уларнинг бир-бирига узоқ тикилиб қолганини ўлгунимча эсдан чиқармасам керак, фақат битта нарсага ақлим етмайди, тушунолмайман – нима сабабдан калиштелик серсоқол йигитга табиат бунчалик қисқа умрни раво кўрган, ҳеч қачон янглишмайдиган заковат соҳиби – доно ижодкор, абадий ва мутлақ қудрат эгаси шунга йўл қўйди, буни ўлай агар тушунолмайман! Наҳотки, шунча наъматак буталари камлик қилгандек, бизнинг қалбимиздан ўрин олган мана бу наъматакни юлиб олиб, қор босган сайҳонликда у ёқдан-бу ёққа улоқтирса!
…Яна орқа томонимда қўнғироқчаларнинг садоси, кимнингдир йўталгани ва йўловчиларнинг овозлари келди. Мен ортимга, ҳозиргина чана босиб ўтган йўлга қарадим – қимир этган жонзот кўринмайди. Тўғрисини айтганда, қор босган кимсасиз саҳрода нимаям бўлиши мумкин. Мабодо, бирон нима топгим келаётган бўлса, мен фақат ўзимдан излашим керак – буни ўзим ҳам яхши биламан. Бироқ ҳозир бунинг мавриди эмасди, қолаверса, дафъатан қорамтир осмон қўйнида кулранг қушлар галаси пайдо бўлди, қўнғир издиҳом ҳосил қилиб учаётган бу қушлар товуш чиқармай, жимгина кулранг ўрмон узра қанот қоқишарди. “Ёввойи каптарлар!” – дея қичқираёзди хириллаган овозда боя мовий кўзли йигитга “қонхўр арвоҳларга ўхшайди-я”, деб сўз қотган киши. Чанадагиларнинг ҳаммаси ғимирлаб қолишди, кўккўз йигит милтиғини ўқлади-да, аравакашга отларни тўхтатиб туришни илтимос қилди, жиловлар таранг тортилди, отлар темир сувлиқларини пишқирганча чайнай бошлашди. Кимдир каптарлар жуда баландда, отишдан фойда йўқ, отган ўқ барибир бекор кетади, деди. “Бекор кетмайди, мана кўрасан”, – деди бошқаси. Маслаҳат берган яна гапини такрорлади: “Бекор кетади ўқи дедимми, бекор кетади”. Каптарлар галаси ҳамон шошилмай доира ясаб бир текис учмоқда эди. Кўккўз ховлиқмасдан нишонга ола бошлади. Қушлар бизнинг бошимиз узра учиб ўтаётганда овчи тепкини босди. Каптарлар галаси кескин юқорига кўтарилди, фақат биттаси уларга қўшилмай орқада қолди, у бир силтанди-ю, худди ерда нима гумбирлаганини аниқламоқчидек кичкина доира ясаб айланишга тушди.
Бироқ у на бу гумбирлашнинг нималиги ва бунинг сабабини, на нима юз берганини билолмади, шунинг учун яна бир карра айланди, ёввойи каптар ҳам доира ясаб, ҳам юқорига кўтарилиб учарди, зеро, у замин узра айлана туриб тўдага яқинлашиб бориш учун тинмай интиларди. Афсуски, кўз очиб-юмгунча вақт ўтмай унинг бир қаноти шалвираб қолди. Энди унинг доира ясаб учишга қуввати етмади. У тобора пастлай бошлади. Лекин шунда ҳам жон-жаҳди билан бизнинг бошимиз тепасидан нари кетишга уринарди, охири соғ қаноти ҳам толиқди, ўзига бўйсунмай қўйди ва бамисоли кулранг латтадек шувиллаб пастга шўнғиди.
Ёввойи каптар қор босган сайҳонликка қулади ва боя наъматак бутаси қандай ғойиб бўлган бўлса шундай тез ва кутилмаган тарзда кўздан йўқолди.
Йўловчиларнинг ичида энг кичиги мен эдим, шунинг учун чанадан сак­раб тушдим-да, яраланган каптарни келтиргани югурдим. Тиззаларимга қадар қорга ботиб, ёввойи каптарни қидира бошладим. Ажабо, каптар ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди. Теварак-атрофда оппоқ сайҳонлик ястаниб ётар, на биронта пат, на бир уюм хас-хашак кўзга чалинарди. Лекин узоқ қидиришимга тўғри келмади. Йўлдан четроқда қип-қизил доғни кўриб, ўша томонга юрдим, яқинроқ бориб қарамоқчи эдим, унинг ёнидаги иккинчи доғга кўзим тушди, нарироқда учинчи қон томчиси ярқираб турарди. Мен мана шу қон томчилари тепасига бордим. Томчилар бурама чизиқ шаклида доира ҳосил қилган, шу доиранинг четида худди шунга ўхшаш, фақат кичикроқ иккинчи бир доира уланган, ўз навбатида, худди шу тахлит, лекин яна ҳам кичикроқ учинчи айлана давом этарди. Зотан, булар ҳам тўкилган қон томчиларидан вужудга келган эди… Мен дам осмонга, дам қор сатҳидаги қон томчиларига қарадим. Бу ёввойи каптарнинг қони эди. У чир айланиб, осмон қўйнида доира ясаб, ёй шаклида чарх ураётган чоғда йирик-йирик қон томчилари оппоқ қорга томган эди. Мен у ёғига босиб ўтиб кетолмадим, аллақандай ғалати бир туйғу ҳатто бир доирани босиб ўтишимга йўл қўймаётганди. У ёқда оппоқ сатҳи бузилмаган қорда қон томчиларидан ҳосил бўлган яна бошқа доиралар давом этарди.
Чанадагилар ёввойи каптарнинг қаерга қулаганини кўрсатиш учун бири олиб, бири қўйиб қичқиришарди. Мен бунга жавобан у ёққа ўтишнинг иложи йўқ, дея қичқирардим. Йўловчиларнинг ярмидан кўпи чанадан тушишди, ҳаммалари кетма-кет сигарет тутатганча мен томонга кела бошлашди, улар йўлимни нима тўсиб қўйганини билмоқчи эдилар, шекилли. Мени ҳайратга солган қор сатҳидаги қип-қизил марварид доналаридек ёй шаклида сочилиб ётган қон томчиларини кўргач, улар ҳам лолу ҳайрон қолишди. Қор сатҳи оппоқ ва шунчалар текис эдики, бирон ерида тахи бузилмаган, доғ деган нарсани тополмайсан – фақат ҳозиргина осмонда чарх урган ёввойи каптар қон томчилари билан чизган ёй шаклидаги нафис доиралар жилва қиларди…
Ёввойи каптарнинг парвози шиддатли ва зебо. Чанадан узилган ўқ унинг парвозига сўнгги нуқтани қўйгач, қушнинг доира ясаб чарх уриши сустлашиб, секин айланаётганда бу ноаниқ шаклдаги доира ва ёй шаклини чизиш учун томирларида қолган қонни секин-секин силкиб туширган, бу билан ўзининг сўнгги номасини, ҳаётидаги охирги итобини қор сатҳига чизмоқчи бўлганми, дейсиз. Унинг бу итоби эҳтимол, жабр-зулмга қарши бир қарғишдир, эҳтимол, бошқа қушларга юборган васиятномасидир, балки ногаҳон поймол қилинган ҳаётнинг сўзсиз ҳасратидир. Нима бўлган тақдирда ҳам бу чегарани ҳеч ким босиб ўтолмади, ҳар қалай қор сатҳига чизилган ёй шаклидаги алвон рангли ушбу зийнатли пояндозни овчилар оёқости қилолмади. Ҳаммамиз чурқ этмай турардик, оппоқ чойшаб ёпгандек покиза саҳнда бу аҳволда туришдан хижолат чеккан эркаклар бирин-кетин чанага қайтиб кетишди. Ажабо, уларнинг биронтаси аравага бориб ўтиргунча лом-мим демади, кумуш қўнғироқчалар оҳиста жиринглади, йўлнинг нариги тарафида ўрмон ҳамон шумшайиб турар, кўздан ғойиб бўлган наъматак бутаси яна қор босган сайҳонлик меҳварида ажойиб мевалари бир текис ёйиб қўйилган қирмизи садафдек кўзларни яшнатарди. Гўзал мевалари митти чироқлардек ёрқин порлаган наъматак бутаси боя чанадан кўринмаётганди, чунки улар сойликка тушишган эди. Лекин ҳозир тўхтаган ерларидан оппоқ ҳовур ичида ярқираб аниқ-тиниқ кўринарди. У худди бизларга юзларча ёқут кўзлари билан тикилаётгандек бўларди. Биз шохлари алвон ранг таратаётган наъматак бутаси билан тепадан қулаётган ёввойи каптар қорга чизган қирмизи рангдаги нақшлар орасидан ўтиб бориб чанага чиқдиқ.
“Қани шоввозлар! Чу!” – дея қичқирди баланд овозда аравакаш ҳамма чанага жойлашиб ўтиргач, арава изидан қўзғалган чана ғирчиллади, қўнғироқчалар бир текисда жиринглади, биз йўлга тушдик. Йўлда кетаётиб менинг қалбимда қўнғироқчалар садосидан бўлак самовотнинг қирмизи кўз ёшларига монанд, ҳуркитилган наъматак бутасининг маҳзун шивирлаши янглиғ яна алланималар нафис оҳангда аста таралар, акс садо берар, вужудим ҳорғин, лекин барқарор ва ҳаётбахш туйғулардан яйраб борар ва ажабо, назаримда қалбим ноаниқ, аммо нозик доиралар ҳамда ёй шаклини чизиш истагида ҳаприқарди.

Рус тилидан Умар Отахонов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 11-сон