Сюй Дишан. Қайтиш (ҳикоя)

Аёлнинг кўзлари маъюсланиб, ғам-қайғуга ботганча хизматкор ёлловчи идора воситачисининг уйида ўтирарди. Барча мавсумий ишловчи хизматчи аёллар ўз уйларига, оилаларига қайтишган, Тангрига шукрона сифатида қурбонликлар келтириб бўлишган. Фақат угина иш тополмай йигирма кундан бери шу ерда сарғаяди. Ҳеч ким уни ишга олишни хоҳламади. Идора бекаси – Ван хонимдан ўн цзяодан ортиқ пул қарз олди, бека қайтиб келганида бир нуқтага термилганча қилт этмай ўтирарди.
Ван хоним меҳмонхонага ўтди, бўйнидан шарфини олиб, Янги йил дастурхонига олиб келган харидларини стол устига қўйди.
– Азизам, эртадан кейин Янги йил кириб келади. Ҳамма ўз аравасини ўзи тортиши керак. Бу ёғига нима қилмоқчисан? Балки байрамни уйингда кутиб олиб, кейин қайтиб келарсан?
Бу аччиқ сўзларни эшитган аёлнинг устидан бир челак совуқ сув қуйиб юборилгандай бўлди. Анчагача лом-мим деёлмади. Ниҳоят кўзлари ёшга тўлиб, илтижоли оҳангда сўз бошлади:
– Қарзим нима бўлади? Ёнимда сариқ чақам бўлмаса? Ахир пулим бўлганда шу ерда ўтирармидим? Уйга пулсиз қандай қайтаман? Уйдан чиқиб кетганимга ҳам ўн икки йил бўлибди. Ўшанда қизим беш ёшда эди. У ҳатто отаси вафот этганини ҳам билмайди. Дилбандимни шунчалар соғиндимки… Лекин бу аҳволда унинг олдига қандай бораман?
Аччиқ алам унинг томоғига тош каби тиқилиб, аёл жим бўлиб қолди. Сел-сел оққан кўз ёшлари ҳар қандай сўздан таъсирлироқ эди.
Ван хоним уни аллақачон ҳайдаб юборган бўларди, аммо қарзни ололмай қолишидан қўрқиб индамасди.
Аёл бошқа хонага ўтди, совуқ ўринга ўзини ташлаб аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкди. Йиғи билан ғам-қайғуни енгиб бўлмайди, бошқа йўл топиш керак. У каннинг четида турган қопчани ечиб, ичидаги эски кийимларни кўздан кечира бошлади. Бундан бир неча йил аввал эри Хэнан вилоятидаги гарнизонлардан бирида хизмат қилаётган вақтларда аёлнинг бир нечта пўстини бор эди. Гарнизонни қайтадан тузиш ҳақида буйруқ келганда зобитлар жон-жаҳдлари билан жойини йўқотмаслик учун хизмат қилишга ҳаракат қилишди.
Эри Чжэнчжоу яқинида бўлган жангда қўмондонга ҳамроҳлик қилаётган маҳал ҳалок бўлган эди. Чекинаётган аскарлар оиласи ўзи билан кўп нарса олиб кетолмасдилар. Аёл минг бир қийинчиликлар билан баъзи бир буюмларни олишга муваффақ бўлди. У бу нарсаларни сақлаб, кейинчалик сотиб юборди. Натижада эрига тегишли эски тўппонча ва икки дона ўқдан бўлак ҳеч вақо қолмади. Бу матоҳга харидор топиш осон эмас. Бундан ташқари, совуқ кунларда кўрпа вазифасини ўтайдиган, аёл ундан бир нафасга-да ажрамайдиган шинель ва эски қулоқчини ҳам бор эди.
Тўппончани бировга кўрсатишга ботинолмас, қўлига олиб, дарров шинель чўнтагига солиб қўярди. Қопчадаги кийилавериб титилиб кетган эски кўйлаклар сотишга ярамасди. Аёл чуқур хўрсиниб, барча эски-тускиларни қопчага қайтариб тиқди ва ўйга чўмди. Қош қорайганига қарамай ҳамон рутубатли хонада ёлғиз ўтирарди.
Қўшни хонада кечликка ҳозирлик кўраётган Ван хонимнинг ёнига қандайдир бегона эркак келди. Устидаги кийим ҳошиясига қараганда қўшни меҳмонхона хизматкорига ўхшарди.
– Бугун кечки тўққизга яқин бирортасини юборинг, – деди у Ван хонимга.
– Ким сўраяпти?
– Бўлим бошлиғи Чэн.
– Унда Луан Сини юбораман.
– Фарқи йўқ, фақат кечга қолмасин, – деди хизматкор кетар чоғи.
Аёлнинг қалбида умид уйғонди, Худо унга шундай қийин вазиятда марҳамат кўрсатяпти. Унинг карами кенг, бир коса гуруч берса бўлди.
– Ван хоним, илтимос, мени юборинг!
– Сени-я? Наҳотки борсанг?
– Борсам нима бўлади?
– Тушунмадингми? Ахир у “ётоқ” учун хизматкор сўраяпти.
– Қанақа ётоқ?
– Эй Худо! Бунча гўл бўлмасанг? – деди Ван хоним. Кейин тиржайиб аёлнинг қулоғига нимадир деб шивирладию қўшиб қўйди: – Ахир сенинг кийишга кийиминг йўқ-ку, ёшинг ҳам бир жойга бориб қолган бўлса!
Маъюс тортган аёл ўзига келиб, қўлига дарз кетган ойнани олди ва дераза ёнига борди. Ван хоним ҳақ. Ойнадан унга сочлари оқарган, юзини ажин босган ғамбода аёл тикилиб турарди. Яқинда у қирқ уч ёшга тўлади. Ҳарбий юришлар вақтида эрига ҳамроҳлик қилган пайтларида шамол ва аёз унинг юзларидаги кўркамликни ўчириб юборган. Тутам-тутам бўлиб осилиб ётган сочларига анчадан бери тароқ тегмаганди. Бу ерда сочни таниқли хонимларгина кестиришарди. Қачонлардир унинг ўзи ҳам бека бўлган, қўл остида хизматкорлар ҳам бор эди, энди эса соч кестиришнинг ҳожати йўқ. Эҳтимол, шунинг учун иш топа олмаётгандир.
Кечликдан сўнг Ван хоним Луан Сини олиб келиш учун кетди. Аёл Ван хоним қулоғига шивирлаб айтган гапларни эслаб, бир қарорга келди. Қўлига музлаб, тош қотган сочиқни олиб, қайноқ сувли тоғорага ботирди. Иссиқ сочиқ билан юзини артди, ёноқлари тозаланиб, оқарди.
Кан устидаги ёғоч қутичадан кемтик, тишлари тўкилган тароқни олиб, сочларини таради. Қутича ичига тўкилган упа қолдиқларини соч тўғноғич билан кавлаб олиб, юзига суртди.
Юзи дарров кўркамлашиб, аёлнинг қалби ёришди.
У кўчага чиқиб, янги йил табриги ёзиб ёпиштирилган қизил қоғоздан ўғринча йиртиб олди. Уйга қайтиб, мойчироқнинг қора қурумини қиртишлади. Қизил қоғозни ивитиб, лаби ва ёноғига, мойчироқ қурумини эса соч мойига аралаштириб қошларига суртди. У энди бошлиқ Чэнга ёқишига чин дилдан ишонди.
Ван хоним қайтди. Аёл ундан кўриниши ҳақида сўраш учун шошилди.
– Нима десам экан? Қари ялмоғизга ўхшайсан, – деди Ван хоним тиржайиб.
– Чиройли эмасманми?
– Олтмиш ёшли эркакка тўғри келасан, лекин бундайини қаердан топамиз? Ҳозир қариялар ҳам ёш қизларга ишқибоз. Буни миянгдан чиқариб ташла, сени ҳатто энг арзон исловотхонага ҳам олишмайди.
Аёл яна йиғлаб юборди. Қандай шармандалик! Шу ёшида очлик нималарга мажбур қиляпти-я?! У шинелга ўраниб, ўринга ёнбошлади. Тонггача мижжа қоқмай қанча ўйланмасин, миясига бирор жўяли фикр келмади.
Эрталаб қорни оч ҳолда эрининг шинели ва йиртиқ телпагини кийиб, эркакча қиёфада кўчага чиқишга шайланди.
– Бугун қандай бўлмасин пул топиб, қарзингизни қайтаришим керак, – деди у Ван хонимга. – Баъзи бир буюмларимни гаровга қўймоқчиман… Тезда қайтаман.
Ван хоним саволга тутмай, унинг қарорини маъқуллади.
Аёл дуч келган биринчи ломбардга кирди.
– Гаровга қурол қўйсам бўладими?
– Қанақа қурол?
– Сўнгги намунадаги револьвер, – унинг чўнтакка қўл солганини кўриб, ломбард хўжайини қўрққанидан пештахта тагига яширинди.
– Қўрқманг, тўппонча менга эримдан қолган. Эртага янги йил, менинг эса сариқ чақам йўқ. Илтимос, ола қолинг!
Қаршисида босқинчи турмаганига ишонқираган хўжайин ёрдамчиси билан темир панжара ортига ўтиб пичирлаб олишгач, тўппончани қайтариб:
– Ҳеч қандай ёрдам бера олмайман. Полиция бутун шаҳарнинг тит-питини чиқариб, тинтув ўтказмоқда. Қуролни топиб олишса, ҳолимга вой! Қуролингизни олинг, эҳтиёт бўлинг, тутиб олишмасин! – деди.
Аёлнинг ёлворишлари хўжайинга заррача таъсир қилмади, ҳалиям раҳм қилди – полицияни чақирмади. Аёл шалвираганча ломбардни тарк этди. Бахтига яқин ўртада бирорта жосус учрамади, ҳеч ким унга эътибор бермади.
Кўчаларни кезиб, бир қанча ломбардга кирди, аммо тўппончани гаровга қўйишга журъат этолмади. Қалтис ишга қўл урганини ўйлаб, уни бирдан қўрқув ҳисси чулғади. Полиция билиб қолса-чи? Ван хонимнинг олдига икки бармоғини бурнига тиқиб қайтадими?
Алалоқибат уйига қайтишга қарор қилди.
Унинг она қишлоғи Сичжмэн шаҳар дарвозасидан қирқ ли нарида бўлиб, ярим кунлик йўл эди. Сисипай-лоуда яна бир ломбард бор, у ерда ҳам аёлни омадсизлик кутиб олди. Изтироб оғушида қандай қилиб Сичжменга етиб келганини сезмай қолди.
Аёл Гаолянцяо кўпригида тўхтади.
Пекин ҳамма нарсадан маҳрум қилинган инсонлар борувчи иккита кўприги билан машҳур. Бири қамоқхонага элтувчи Тянцяо кўприги, иккинчиси эса қашшоқлар қишлоғига элтувчи Гаолянцяо кўприги эди.
Туш пайти бўлишига қарамай, ҳаво тунд ва булутли, қор учқунлаяпти. Дарёни юпқа муз қопласа-да, тагидан оқаётган сувни бемалол кўрса бўларди.
“Тўхтамаслигим керак, – ўйлади аёл, – фақат олға интилишим керак”.
Аёлда қилинажак ишлар режаси туғилди. Қизи турмуш ёшида, унга яхши куёв топиши, тўй ташвишини қилиши керак. Эрини Чжэнчжоуга ўтказишгандан кейин у қишлоққа бирор марта мактуб ёзмади. Қизи қай аҳволда экан? Бу ҳақда ҳеч нима билмасди. Қизини турмушга узатиш ҳақидаги ўйдан умидланиб, она қишлоғига етгунча бу кайфият уни тарк этмади.
Қор бўралай бошлади. У қорли кўчалардан бошини хам қилганча, ўз ўй-фикрлари билан банд бўлиб борарди. Рўпарасидан кўринишидан янги йил хариди учун шаҳарга шошиб кетаётган олифта кийинган жувон чиқди. Унинг бошида чиройли, товус пати қадалган телпак, эгнида шафтоли рангли, қоматини кўз-кўз қилиб турган камзул, оёғида эса сўнгги урфда тикилган қирмизи ранг туфли.
Аёл унинг ортидан тикилиб, ўйланди: “Қандай чиройли кийинган! Қизим Данюда ҳам шундай кийим бўлганда эди, дарров турмушга чиққан бўларди”. Аёл жувондан кўз узмади. Ҳозир муюлишдан бурилиб, кўздан йўқолади. Миясида “Бу жувоннинг кийимларини ўғирлаб, қизимга совға қилсам-чи?” деган фикр ялт этди.
У жойидан қўзғалиб, йўғон овозда қичқирди:
– Ҳой, ойимтилла, тўхта! Менга кийимларингни бериб тур!
Ёш жувон ўгирилиб, ўзига ўқталган қуролга кўзи тушди.
“Эй, худойим, ахир бу аскар-ку, – ўйлади у қўрқувдан дағ-дағ титраб. – Қочиш керак!” Оёқлари ўзига бўйсунмади.
– Сизга нима керак?
– Кийимларингни еч, телпакни, туфлини… Тезроқ қимирла! Пул, билагузук, сирға, узукларингни ҳам чўз бу ёққа! Қимирлама, бақиришни хаёлингга ҳам келтирма, отиб ташлайман!
Яқин-ўртада ҳеч ким йўқлигига, бақириш бефойдалигига амин бўлган жувон кийимларини ечиб, бор тақинчоқларини босқинчига узатди. У босқинчи деб ўйлаган аёл барча қимматбаҳо буюмларни, кийимларни тугунга тугиб, ортига қарамай қочишга тушди.
Бор будидан ажралган аёл ичкийимда совуқ ва қўрқувдан дир-дир тит­раб, дарахт тагига чўкди. Йигирма дақиқалардан сўнг йўлда эшак минган подачи йигит кўринди. Жувон уни ёрдамга чақирди.
Йигит унинг ёнига келиб, тинчлантирди.
– Қўрқма, ҳозир нарсаларингни қайтараман, – у жувонга қўй терисидан тикилган пўстинини ирғитди, – ҳозирча шуни ёпиниб тур. Мен босқинчини қувиб етаман, узоққа кетолмаган бўлиши керак.
Йигит эшагини ниқтаб, олға интилди.
Аёл бу пайтда тиззасигача қорга ботиб, ҳансираб Дачжунси ибодатхонасига етган эди.
У ортидан қувиб келаётган йигитнинг овозини эшитди:
– Тўхта! Тўхта!
Аёл ўгирилиб, муқаррар тўқнашув бўлишини тушунди. Тўппончани олиб йигитга ўқталди:
– Яқинлашма! Отиб ташлайман!
Аслида аёл отишни билмасди.
Подачи йигит йигирма икки ёшларда бўлиб, қўрқув нималигини билмас, ғайрати жўш урарди.
– Менга қара, бунақа кичкина тўппончани ҳечам кўрмаганман. Бу ўйинчоқни аҳмоқларни қўрқитиш учун бозордан сотиб олгансан, шекилли? Мени қўрқитолмайсан! Қани, яхшиликча кийимларни қайтар, бўлмаса сени полицияга топшираман, итдай отиб ташлашади, – деди.
Аёл ортга тисарилди, подачи йигит устига бостириб борди. Тепки бехосдан босилиб кетди. Ўқ йигитнинг кўксига тегдию у чайқалиб ерга қулади.
Ўқ овози ўйинчоқ тўппончадан отилгандай зўрға эшитилди. Аёл одам ўлдирганига ишонмай, қуролни ирғитиб, йигитнинг кўкрагини пайпаслаб кўрди.
– Қандай фалокат! – қўлидаги қонни кўриб қичқирди аёл. Қўлини подачининг кийимига артиб, эшакка минди-ю, кўздан ғойиб бўлди.
Орадан чорак соат ўтди.
Ёш жувон ҳамон пўстинга ўралганча дарахт тагида ўтирарди. Йўлда елкасига обкаш илган, афтидан, янги йилни кутиб олиш учун қишлоғига қайтаётган сартарош кўринди. У жувонни таниб, яқинлашди.
– Ё, алҳазар, Лю янга, шундай совуқда нима қилиб ўтирибсиз? – деди у ҳайрон бўлиб.
Жувон бўлган воқеани айтиб, босқинчининг қиёфасини тасвирлаб берди.
Сартарош аёлнинг қариндошлари йўқлиги, қайнонаси бундан фойдаланиб келинининг устидан кулишини биларди. Фақат байрам кунлари келинига чиройли кийинишга рухсат берарди. Энди эса қайнона савдо учун берган пулларни ўғрилаб кетишди. Сартарош ҳам подачи йигит каби нима қилиб бўлса-да бечорага ёрдам беришга қарор қилди.
– Тинчланинг, босқинчини топишга ҳаракат қиламан, – дея тасалли берди.
У аёлнинг олдида буюмлари солинган обкашни қолдириб, югуриб кетди.
Йўлда ётган йигитга кўзи тушди. Сартарош эгилиб, уни силкитди.
– Ўлдиришибди! – қўрқув билан бақирди у ва орқасига қарамай қочди.
Одатда, полициячилар шаҳар ташқарисида камдан-кам ҳолларда пайдо бўлишади, аксига олиб шу куни полициячилардан бири тепаликдан ошар экан, ерда ётган ўликни ва қочиб кетаётган одамни кўрди.
– Тўхта! – қичқирди полициячи.
Буйруқни эшитиб, сартарош тўхтади.
– Одам ўлдиришга ўлдириб, энди қочиб кетаяпсанми?
– Мен ўлдирганим йўқ, босқинчини қувиб кетяпман.
– Сени ўзинг босқинчи бўлсанг, яна қанақа босқинчини қувасан? Юр, маҳкамага борамиз, ҳаммасини ўша ерда ҳал қиламиз.
– Мени босқинчи талаган жабрдийда кутаяпти. Сартарошман, ҳамма нарсамни унинг олдида қолдирганман. Юринг, уни сизга кўрсатаман.
– Ёлғон гапирма! Қўлга тушдинг, муғамбирликни бас қил! Қани, олдимга туш!
– Қуролсиз қандай одам ўлдириш мумкин? Ҳукумат вакили бўла туриб сиз менинг жиноятчи эмаслигимни пайқашингиз керак. Мен босқинчи эмасман!
– Буни қара-я? Тўппончани ташлаб юбориш қийинми? Шубҳасиз, сен уни қасос олиш учун ўлдиргансан!
У шундай деб сартарошни маҳкамага судради.
Бу пайтда ҳақиқий қотил эшакни елдириб учиб борарди. Мана Цинхуаюан ортда қолди. Қувиб келишларидан қўрққан аёл эшакдан тушиб, жониворни ҳайдаб юборди. Кейин тугун кўтариб, тепаликка ўрлай бошлади. Рўпарасидан қарағай ва арчалар экилган қабристон чиқди. У қабрлар орасига ўтириб, тугунни очди. Шафтоли рангли камзулни, товус пати қадалган телпакни томоша қилар экан, бу кийимларни кийиб, очилиб кетган қизи Даню кўз олдига келди. Кейин узук ва билагузукларни кўздан кечирди, улар кумушдан ясалган бўлиб, ўйма нақшларидан эски экани билиниб турарди. Билагузук кўзига иссиқ кўринди. Тақинчоқни айлантириб кўрар экан, тахминлари ишончга айланди. Бундан йигирма йил олдин никоҳ тўйида таққан билагузугини таниди. Никоҳ кечасида билагузукка белги қўйган эди.
Билагузук бу олифта жувоннинг қўлига қандай тушиб қолди экан? Ахир тақинчоқни уйда қолдирган эди.
Аёл эри билан қишлоқдан кетаётганда қайнонаси ҳамма буюмларини бермаган эди. Болажон қайнотаси неварасини яхши кўрганлиги учун қизчанинг ота-онаси билан кетишига қаршилик қилиб, олиб қолганди. Қариялар вафот этгач, қизчани холаси ўз қарамоғига олди.
Наҳотки ўз қизини тунаган бўлса? Бу фикрдан аёл даҳшатга тушди. Ўз қизига тегишли буюмларни қандай қилиб уйга кўтариб боради? Бу жиноятни қизим учун қилдим-ку, деган ўй унга таскин беролмасди.
Узоқ ўй-хаёллардан кейин ортга қайтиб, буюмларни эгасига қайтаришга қарор қилди. Атрофда ҳеч ким йўқ эди. Йўлда подачининг ўлигига кўзи тушиб, қўрқувдан юраги тўхтаб қолай деди.
Қалин қор ўликни деярли кўмиб юборганди. Бирортаси кўриб, таниб қолса-чи? Аёл тараддудланиб, бир неча дақиқа тош қотди. Кейин таниб қолмасликлари учун шинель ва телпакни ечиб, тез-тез юриб кетди.
Буюмларни дарахт тагига қўйиб, тонггача кутишга, эрталаб олифта жувон қайтаётганда тўхтатиб, “Буюмларингизни топиб олдим”, деб қайтаришга қарор қилди.
Аёл яқинлашганда дарахт тагида олифта жувон чўзилиб ётар, унинг ёнида пўстин ва обкаш турарди. Аёл унинг елкасидан ушлаб, силкитиб кўрди. Аммо унда тириклик нишоналари сезилмади.
“Ҳозир аниқлайман, бу менинг қизим Данюми ё бошқа? Наҳот у музлаб қолган бўлса? Уни пўстинга ўраш керак”, ўйлади аёл.
Қош қорайганига қарамай оппоқ қор туфайли ҳаммаёқ ёп-ёруғ эди. Тасодифан унинг қўли жувоннинг бўйнига тегиб кетди-ю, сесканиб тушди, бўйни муздай, ёнида устара ётарди.
“Ё Худойим, ўзини ўзи бўғизлабди!”
Аёл қўрқувни енгиб, ўликнинг бошини кўтарди, чиройли юзига диққат билан тикилди. Нотаниш, аммо нимаси биландир ўзининг турмушга чиққан вақтларидаги ёшлигини эслатарди. Шунда бирдан қизи Данюнинг чап оёғи бармоқлари олтиталиги эсига тушиб, ўликнинг пайпоғини ечди.
Аёл бирдан ҳўнграб юборди.
– Қизалоғим! Нуридийдам! Нима қилиб қўйдим?!
Эшитиб қолишларидан чўчиб, йиғисини ичига ютди. Зимзиё тундаги ўлик сукунатни яқин ўртадаги қишлоқларда янги йилни хурсандчилик билан кутиб, мушакбозлик қилаётган одамларнинг шовқини бузиб турар, кумушранг қор учқунларди.
Эртасига воқеа жойига терговчи ва полициячилар етиб келишди, ёнларида сартарош ҳам бор эди. Улар подачи йигитнинг ўлигини кўздан кечириб, дарахт томонга йўл олишди. Дарахт тагида аёл келинчак Люни қучоқлаб ётарди. Уларни қор деярли кўмиб юборганди. Қор тагидан сартарошнинг буюмлари солинган обкаш ва устарани топишди. Жувоннинг эгнида шафтоли рангли камзул, бошига товус пати қадалган телпак ва оёғида сўнгги урфдаги қирмизи ранг туфли бор эди.
Дарахтдан сал нарида титилиб кетган шинель ҳамда эски қулоқчин ётарди.

Рус тилидан Лола Шоимова таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 10-сон