Ясунари Кавабата. Япония ўзлиги билан гўзал (Нобель маърузаси)

http://n.ziyouz.com/images/adabiyot/yasunari.jpg

Нобел маърузалари орасида Ясунари Кавабатанинг нутқи бошқаларникидан тамомила ажралиб туради, шунинг учун бу нутқни жаҳон тафаккур аҳли жуда қадрлайди. Ундан япон миллий тафаккури, маданияти ва маънавиятининг бутунлиги, яхлитлиги қайдан эканлигини билиб олса бўлади.  Бу бутунлик бадиий тафаккурдаги узвийлик, давомийлик ва собитликдандир. Ҳар бир зиёли ўз халқи тафаккури ва маданияти ҳолатини айни шу мезонлардан туриб баҳолай олиши керак.

* * *

 (1968 йил 10 декабрда Стокҳолмда — Нобел мукофотини олиш маросимида сўзланган нутқ)

Баҳорда — олча гули,
Ёзда — какку.
Кузда — ой.
Қишда —
Шаффоф, совуқ қор.

Дзэн тахайюли устаси Догэн (1200—1253) ушбу шеърни ёзиб, уни «Азалий руҳ» деб атаган.

Булут ортидан чиққан
Қишки ой
Ҳамроҳимдир.
Қора совуқ изиллар,
Бўралайди совуқ қор.

Бу эса роҳиб Мёэ(1173—1232)нинг шеъри. Мендан эсдалик учун нимадир ёзиб беришни сўрашса, шу шеърни ёзиб бераман. Мёэ шеърларига уларнинг моҳиятини ойдинлаштирувчи узундан-узоқ, батафсил тавсиф берилган бўлиб, уни ута-моногатари (наср билан шеър баробар қўлланган мумтоз адабий йўналиш) дейиш мумкин.

«Тун. 1224 йил 12 декабр. Осмонни қора булут қоплаган. Ой кўринмайди. Мен Какю залига кириб, фикрга чўмдим. Ниҳоят бедорлик вақти кирган қоқ тунда юқори кўшкдан пастки кўшкка равона бўлдим — ой булутлар орасидан чиқиб, ялтироқ қор узра нур соча бошлади. Шундай ҳамроҳим бор экан, водийда увуллаётган қашқир ҳам кўнглимга қўрқув сололмайди. Пастки кўшкда бир муддат бўлгач, ундан чиқдим. Ой яна ғойиб бўлибди. У беркиниб турган бир пайтда тун ярмидан оққанини билдирувчи қўнғироқча жиринглади ва мен тағин юқорига йўл олдим.

Шунда ой яна булутлар ортидан чиқиб келиб менга ҳамроҳлик қилди. Тепага чиқиб, толор тарафга юрдим. Учқур булутларга миниб олган ойнинг чеҳрасида эса ҳув анави тоғ чўққисининг ортига яшириниш нияти зоҳир эди. Афтидан у бирга сайр қилганимизни бошқалардан сир тутмоқчи эди».

Кейин юқорида тилга олинган шеър келади. Сўнгра: «Ой чўққига суянганини кўргач, мен толорга кирдим.

Мен ҳам тоғ ортига
Бўлдим равона.
Сен ҳам, кел, ҳилол.
Бу тун, яна келар тунлар
Менга ҳамроҳ бўл.

Туни билан медитация толорида ўтириб чиққан ёки тонгсаҳарда унга қайтган Мёэ шундай ёзади: «Тахайюлни тугатиб кўзимни очсам деразадан тонгги оқиш осмондаги ой кўриниб турарди. Кечаси билан қоронғиликда ўтирганим учун бу ёғду қаердан таралаётганини бирданига тушунишим қийин бўлди: тахайюлдан ёришган кўнглимданми ё ойдан?

Юрагимнинг ичидан
Ёрқин нур таралмоқда.
Бу ёғду балки ойга
Ўз  аксидай
Кўринаётгандир.

Агар Сайгё сакура– япон олчаси куйчиси бўлса, Мёэ ой куйчисидир.

Оҳ, қандай ойдин,
Қандай ойдин, оҳ.
Оҳ, қандай ойдин,
Қандай ойдин
Ой!

Шеър биргина ҳаяжонли товуш товланишига асосланган.

Тун ярмидан оғиб тонг отгунча Мёэ «қишки ой» ҳақида учта шеър битди. Сайгё айтгандай: «Шеър тўқиётганда уни тўқияпман деб ўйлама». Ҳар бири ўттиз бир бўғинли уч шеърда Мёэ ой билан пинҳона, фақат дўсти билангина эмас, яқин бир кишиси билан суҳбатлашгандай самимий гурунглашади.

«Ойга қараб ойга айланаман… Ой менга айланади. Табиат билан бирлашиб, унга сингиб кетаман».

Қоронғи залда тонготаргача ўтирган дарвешнинг «ёришган кўнглидан» таралаётган ёғду оқиш осмондаги ойга ўзининг аксидай туюлади.

«Мени кузатаётган қишки ой» шеърига берилган тавсифдан аён бўлишича, тоққа, медитация толорига чиқиб борган Мёэ фалсафий ва руҳоний ўй-хаёлларга чўмади ва шеърда ўзи ҳис қилган учрашувни, ой билан пинҳона гурунгини акс эттиради. Мендан эсдалик учун нимадир ёзиб беришимни сўрашса, ўта самимийлиги учун шу шеърни танлайман.

«Эй қишки ой, мен дзен толорига бораётганимда ё ундан қайтаётганимда сен гоҳ булутлар ортига беркиниб, гоҳ яна пайдо бўлиб изимни ёритасан. Сен билан бирга эканман, водийда увуллаётган қашқир ҳам кўнглимга қўрқув сололмайди. Бўралаган совуқ қор, изиллаган қора шамол менга бегона».

Мен бу шеърни одамларга шунинг учун ёзиб бераманки, эзгуликка, табиат ва инсонга бўлган илиқ, самимий туйғуларга тўлиб-тошган бу шеър япон қалбида мужассам сокин руҳнинг бор дилбарлигини теран акс эттиради.

Боттичелли ижодини тадқиқ қилган бутун дунёга машҳур олим, Шарқ ва Ғарбнинг ўтмиш ва ҳозирги санъати билимдони, профессор Ясиро Юкио бир куни шундай деган эди: «Япон санъатининг ўзига хос хусусиятини “Ҳеч қачон яқин дўстинг ҳақида қорга, ой ё гулга қараб туриб ўйлаганинг каби ўйлай олмайсан” деган биргина шоирона жумлада ифодалаш мумкин». Қорнинг чиройидан, тўлин ойнинг чиройидан завқланганингда, йилнинг тўрт фасли гўзаллигига мафтун бўлганингда, гўзалликдан кўнглинг ёришиб, роҳатланганингда дўстингни қаттиқ қўмсаб қоласан: қувончингни у билан баҳам кўргинг келади. Қисқаси, гўзаллик юрагингда кучли ҳамдардлик ва муҳаббат уйғотади, ана ўшанда «дўст» сўзи «инсон» сўзига айланади.

Алмашиниб турувчи йил фаслларининг чиройи ҳақидаги «қор», «ой», «гул» сўзлари япон анъанасига кўра тоғлар, дарёлар, ўтлар, дарахтлар, тез-тез такрорланиб турадиган табиат ҳодисаларининг гўзаллигини, инсоний туйғуларнинг дилбарлигини ифодалайди.

«Ҳеч қачон яқин дўстинг ҳақида қорга, ой ё гулга қараб туриб ўйлаганинг каби ўйлай олмайсан» — чой маросими негизида шу ҳиссиёт ётади. Бир пиёла чой устида дийдорлашув — ўша «туйғулар учрашуви»дир. Яқин дўстларнинг қулай фаслдаги диллашуви. Айтгандай, сиз мени «Мингта турна» қиссасида чой маросими руҳи ва қиёфасининг гўзаллигини кўрсатмоқчи бўлган деб ўйласангиз, ундай эмас. Тўғриси, аксинча, мен уни қабул қилолмайман, ҳозирги чой маросимларидаги сохталикдан кўз юмолмайман.

Баҳорда — олча гули,
Ёзда — какку.
Кузда — ой.
Қишда —
Шаффоф, совуқ қор.

Агар сиз Догэннинг йилнинг тўрт фасли — баҳор, ёз, куз, қишнинг зийнати ҳақидаги шеърларида японларга азалдан таниш бўлган, сийқаси чиққан, кўп чайналган табиат образлари жўн бир тарзда тасвирланган деб ўйласангиз ўйлайверинг! Булар ўзи шеър эмас, шиғир десангиз ҳам деяверинг! Лекин улар роҳиб Рёкан (1758—1831) ўлими олдидан ёзган шеърларга қанчалик ўхшаш:

Мендан  қолар
Бойлигим нима?
Баҳорнинг гуллари,
Тоғдаги какку,
Кузги заранг барглари.

Ушбу шеърда, Догэнда бўлганидек, оддий образлар, одатий сўзлар жўн бир тарзда, ниҳоятда соддалик билан тизилган, аммо улар изма-из келиб Япониянинг қалбларга нақш этилган сиймосини акс эттиради. Бу шоирнинг энг охирги шеъри.

Туман қучган, узун
Баҳор кунлари
Тонгдан оқшомгача
Тўп ўйнайман
Болалар билан.

Салқин шабада.
Ой нурафшон.
Бу кеча саҳаргача,
Қариликка басмабас,
Келинг, рақсга тушамиз!

Ростини айтсам —
Ўзимни одамлардан
Олиб қочмайман,
Аммо менга ёқар
Ёлғизлик фақат.

Рёканнинг қалби шу шеърларга ўхшайди. У қамишчайлага қаноат қилди, жулдур кийимда юрди, харобазорларни дарбадар кезди, болалар билан ўйнади, деҳқонлар билан гурунглашди, эътиқод ва адабиётнинг мақсади ҳақида беҳуда гапларни гапирмади. У «Юзда табассум, сўзда муҳаббат» деган ақидага амал қилиб яшади. Аммо сўнгги Эдо даврида (18-асрнинг охири — 19-асрнинг бошларида) айнан Рёкан қадимгиларнинг нафис услубига содиқ қолган ҳолда ўз шеърлари ва ўз хаттотлик санъати билан замондошларининг дағаллашган дидига қарши турди. Шеърлари ва хаттотлик санъати намуналари бугунги кунда ҳам Японияда юксак баҳоланадиган Рёкан охирги шеърларида ўзидан ҳеч нима қолдирмаётганини ёзган эди. Менимча у бу билан ўлимидан кейин ҳам табиат жуда чиройли бўлишини ва бу у дунёда қолдириб кетиши мумкин бўлган ягона нарса эканлигини айтмоқчи бўлган. Бу шеърлар унинг васияти эди. Уларда бурунгиларнинг ҳис-туйғулари ва Рёканнинг тақводор қалби акс этган. Рёканнинг ишқий шеърлари ҳам бор. Мана мен яхши кўрадиган шундай шеърлардан бири:

Қачон келади деб
Интизор
Кутдим!
Ниҳоят биргамиз…
Яна нима керак менга?

Қария Рёкан олтмиш саккиз ёшида йигирма тўққиз яшар роҳиба Тэйсинни учратади ва қаттиқ севиб қолади. Бу аёл билан — азалий ва абадий назокат билан, интизор кутилган муҳаббат билан учрашув қувончи ҳақидаги шеър. У шеърни:

Ниҳоят биргамиз…
Яна нима керак менга?

— деган самимий сатрлар ила тугатади.

Рёкан мен «Қорли диёр» қиссамда тасвирлаган Этигода (ҳозирги Ниигата вилоятида) туғилган. Бу Япониянинг шимолий ўлкаси бўлиб, Сибирнинг совуқ шамоллари Япон денгизи орқали шу ерларгача етиб келади. Рёкан бир умр шу диёрда яшаб, етмиш тўрт ёшида вафот этди. У қартайганида, умри поёнига етаётганини ҳис қиларкан, сатори — мунавварлик мақомига етишади. Менга куни битаётган роҳиб-шоирнинг «Сўнгги нигоҳ»ида шимол табиати ўзгача бир меҳр билан тасвирлангандай туюлади. Менинг «Сўнгги нигоҳ» деган бадиҳам бор. Унда ўзини ўзи ўлдирган Рюноскэ Акутагава (1892 — 1927) ўлими олдидан ёзган мактубдан парча келтирилади, у сўзлар мени ларзага солган эди. «Эҳтимол, мен аста-секин ҳар бир жонзотга хос ғайришуурий куч — ҳаёт сезгисидан маҳрум бўлиб бораётган бўлсам керак, — деб ёзади Акутагава. — Мен муздай тиниқ, қизғин асабият оламида яшаяпман… Ўзимни ўлдириш фикри хаёлимдан кетмаяпти. Аммо ҳеч қачон табиат кўзимга бунчалар чиройли кўринмаган эди! Сизга балки кулгили туюлар: табиат гўзаллигига маҳлиё бўлган одам худкушлик ҳақида ўйлаяпти. Бироқ табиат менинг сўнгги нигоҳимда акс этаётгани учун ҳам шунчалар чиройлидир».

1927 йили, ўттиз беш ёшида Акутагава ўз жонига қасд қилди. Ўшанда мен «Сўнгги нигоҳ»да шундай ёзганман:

«Бу дунё кишига қанчалик ёт бўлса ҳам ўзини ўзи ўлдириш ҳеч қачон ойдинликка олиб бормайди. Ўзини ўзи ўлдирган киши қанчалик олижаноб бўлмасин, уни комил одам деб бўлмайди». Мен Акутагавани, урушдан сўнг ўзини ўлдирган Дадзай Осаму(1909 — 1948)ни ва бошқаларни тушунмайман ҳам, уларга ачинмайман ҳам. Менинг бир авангард-рассом дўстим бор эди. У ҳам ёшлигида қазо қилган ва ўзини ўлдириш ҳақида кўп ўйлар эди. «Сўнгги нигоҳ»да унинг ҳам сўзлари келтирилган. У «Ўлимдан юксакроқ санъат йўқ», «Ўлмоқ яшамоқ демакдир» деб юришни хуш кўрарди. Буддавийлик маъбадида туғилган, буддавийлик мактабида таълим олган бу одам ўлимга Ғарбдагидан фарқли, бошқача кўз билар қарар эди. «Мутафаккирлардан ким ўз-ўзига суиқасд қилиш ҳақида ўйламаган?». Эҳтимол, ҳақиқатан ҳам шундайдир. Дейлик, ўша роҳиб Иккю(1394—1481)ни олайлик. Айтишларича, у икки марта бундай суиқасдга уринган. Мен «ўша роҳиб» дедим, чунки Иккюни — эртаклардаги қизиқ табиатли кишиларга ўхшаш бу роҳибни ҳатто болалар ҳам билишади, унинг ғалати қилиқлари ҳақидаги ҳангомалар эса оғиздан оғизга ўтиб юради. Иккю ҳақида: «Болалар унинг соқолини силаш учун тиззасига чиқиб олишарди; ўрмон қушлари унинг қўлидан дон ейишар эди», — дейишади. Шунга кўра Иккю ниҳоятда самимий, меҳрибон ва дилкаш руҳоний, демак, ҳақиқий дзенчи бўлган. Айтишларича, у императорнинг ўғли эди. Олти яшарлигида уни буддавийлик маъбадига беришади ва ўшанда унинг шоирона қобилияти намоён бўла бошлайди. Иккю ҳаёт ва дин ҳақида оғир хаёлларга чўмар эди. «Агар худо бор бўлса, мени қутқаради! Агар йўқ бўлса, кўл тубида мени балиқлар кемираверсин». У ростан ҳам ўзини кўлга ташлади, аммо уни қутқариб қолишди.

Иккю  ўзининг шеърий тўпламини «Кёун» («Бебош булутлар») деб номлайди ва бу унинг тахаллусига айланади. Унинг айни шу ва кейинги тўпламларида шундай шеърлар борки, ўрта асрлардаги хитой тилида шеър ёзиш  анъанаси —  канси шеъриятида, айниқса дзен шеъриятида бундай шеърларни учратиш амри маҳол. Уларда эҳтирос шунчалик устунки, ўқишга ҳам уялади киши. Иккю дзен қоидалари ва таъқиқларига эътибор бермайди. Эркинлик учун у маъбад тартиб-қоидаларига қарши чиқади. Эҳтимол, кўплар йўлдан адашган ўша алғов-далғов замонда у ҳақиқий ҳаётни, чинакам турмушни тикламоқчи, одамларнинг руҳини тетиклаштирмоқчи бўлгандир.

Киотонинг Мурасакино деган жойидаги Дайтокудзи маъбади ҳозир ҳам чой маросимлари тез-тез ўтказиб туриладиган маскан ҳисобланади. Келувчиларни бу ерга жалб этувчи нарса чойхона токчасига илувли какэмоно — Иккю ҳуснихати намуналаридир. Иккю ҳуснихатидан икки андоза менда ҳам бор. Биттасида биргина жумла: «Будда оламига кириш осон, иблис оламига кириш қийин», — деб ёзилган. Бу сўзлар менга тинчлик бермайди. Уларни ҳам кўпинча эсдаликка ёзиб бераман. Бу сўзларни ҳар хил тушуниш мумкин. Уларнинг маъноси чексиз бўлса керак. Бироқ «будда оламига кириш осон» деган сўзлардан сўнг «иблис оламига кириш қийин» деган сўзларни ўқисам Иккю қалбимга ўзининг дзенча моҳияти билан жо бўлади. Пировардида, ҳақиқат, эзгулик ва гўзаллик изловчи санъат кишилари учун «иблис оламига кириш қийин» сўзларига яширинган истак қўрқувдами, ибодатдами, кўз илғамас ё кўринарли шаклдами, барибир қисматнинг муқаррарлигини мужассам этади. «Иблис олами»сиз «будда олами» бўлмайди.

«Буддани учратсанг, буддани ўлдир. Патриарх(бузрук)ни учратсанг патриарх(бузрук)ни ўлдир» — машҳур дзэнча шиор бу. Будда мактаблари четдан нажот топишга ишонувчиларга (тарики) ва ўз руҳий кучи билан нажот топишга ишонувчиларга (дзирики) бўлинади. Дзэн, табиийки, иккинчи тоифага киради. Ушбу сўзларнинг ғазабноклиги шундан.

Аъзолари четдан нажот топишга ишонувчи Син мазҳаби асосчиси Синран (1173—1262) бир куни шундай деган эди: «Агар яхши одамлар жаннатда қайта тирилар экан, ёмонлар ҳақида нима дейиш мумкин?!». Синраннинг сўзлари ва Иккюнинг «будда олами» ва «иблис олами» ҳақидаги сўзлари орасида муштараклик — қалб (кокоро) бор ва фарқ ҳам бор. Синран яна: «Биронта ҳам шогирдга эга бўлманг», — деган эди. «Патриархни учратсанг патриархни ўлдир». «Биронта ҳам шогирдга эга бўлманг» — санъатнинг бешафқат ёзуғи шундан эмасми?

Дзен мактабида топиниладиган санамлар йўқ. Тўғри, дзен маъбадларида Будданинг сурати бор, аммо машқ майдонларида, медитация толорларида будда ҳайкаллари ҳам, расмлари ҳам, сутра ёзувлари ҳам мавжуд эмас. У ерда борлиқдан буткул узилиш ҳолатига тушгунча кўзларини юмиб, қимирламасдан, жим ўтирадилар. Шунда «мен» йўқолиб, «ҳеч нима» бошланади. Бироқ бу Ғарбда тушуниладиган «ҳеч нима» эмас, тўғриси, унинг тескарисидир. Бу ҳамма нарса ҳеч қандай тўсиқсиз, чегарасиз мавжуд бўладиган, ўзига айланадиган бўшлиқдир. Бу қалбнинг чексиз оламидир.

Албатта, дзенда ҳам устозлар бор, улар шогирдларига монда (савол-жавоб билан бўладиган мулоқот) орқали таълим берадилар, уларни кўҳна дзен ёзувлари билан таништирадилар, аммо шогирд ўз ўй-хаёлларининг ёлғиз эгаси бўлиб қолаверади ва ойдинликка фақат ўз саъй-ҳаракатлари билангина эриша олади. Бунда мантиқдан кўра интуиция, бошқалардан олинган билимдан кўра ички уйғониш ҳолати — сатори муҳимроқдир.

Ҳақиқатни «чизилган белгилар» билан ифодалаб бўлмайди. Уни таърифлашга тил ожиз. Менимча бу Вималакиртининг «қаттиқ сукунати»да яхши ифодаланган.

Эл орасида Хитойдаги биринчи чан (дзен) таълимоти патриархи, улуғ мураббий Бодхидхарма (японча Дарума-дайси) «тўққиз йил деворга қараб ўтирган» деган гап юради. Айтишларича, у ҳақиқатан ҳам тўққиз йил ғор деворига тикилиб ўтирган ва сукут сақлаб эътиборини жамлаган ҳолда саторини бошидан кечирган экан. Дзенда ўтирган кўйи медитацияга киришиш одати Бодхидхармадан қолган.

Сўрасалар — жавоб берасан.
Сукутдасан сўрамасалар.
Айт, қалбингда
Нима бор,
Бодхидхарма — Бузруквор?

Худди ўша Иккюнинг яна бир шеъри:

Нима десам экан,
Қалб моҳияти ҳақида?
Менимча, бу
Сумиэдаги[1]
Қарағай шовуллаши.

Бу шеърда Шарқ тасвирий санъатидаги дзен руҳи мужассам. Шарқ тасвирий санъати намунаси бўлган сумиэнинг маъноси қилқаламнинг бўшлиқда, холифазода, аранг кўзга ташланувчи нозик изларида намоён.

Хитойлик мумтоз мусаввир ва шоир Тин-Нун шундай деган: «Агар новданинг расмини моҳирлик билан ишласанг, шамол қандай гувиллаётганини эшитасан». Дзен мураббийи Догэн эса: «Ойдинлик бағишловчи тахайюл йўли бамбукнинг гувиллашида эмасми? Дилнинг мунавварлиги сакуранинг гуллаши туфайли эмасми?», — деган. Икэбана – махсус идишларда янги қирқилган гулу новдалардан уйғун композиция яратиш санъатининг машҳур устаси Икэнобо Сэнно (1532—1554) «Сирли иборалар»ида шундай дейди: «Бир ҳовуч сув ёки кичкина дарахт тасаввурда азим тоғлар ва улкан дарёларни гавдалантиради. Бир лаҳзада сон-саноқсиз сирли эврилишларни бошдан кечириш мумкин. Буларнинг бари сеҳргарнинг мўъжизасига ўхшайди».

Шунинг учун ҳам япон боғлари табиат улуғворлигини намоён этади. Европача боғлар одатда симметрия — мутаносиблик қоидаси бўйича барпо этилса, япон боғлари тартибсиздир. Чунки, чамамда, мутаносибликдан кўра тартибсизлик табиатнинг ранг-баранглиги ва улуғворлиги рамзи бўла олади. Тўғри, японларга хос нозиктаъблик бу номутаносибликни билинтирмай кетади. Дунёда япон боғдорчилик санъати қоидаларидан ҳам кўра мураккаброқ, ранг-барангроқ, икир-чикирларигача ўйлаб чиқилган ҳеч нарса йўқ. «Қуруқ ландшафт»да катта ва майда тошлар шундай жойлаштириладики, тош уюмлари тоғлар, дарёлар, ҳатто қояларга урилаётган денгиз тўлқинларидай таассурот уйғотади. Японча бонсай ва бонсэки лаконизмнинг ҳадди аълосидир. «Ландшафт» маъносидаги «сансуй» сўзи «сан» (тоғ) ва «суй» (сув) сўзларидан иборат бўлиб, ҳақиқатан ҳам табиатдаги, расмдаги ёки боғдаги манзарани англатиши, шунингдек «ёлғиз», «ташландиқ», «ғамгин», «аянчли» маъноларини ҳам билдириши мумкин.

Агар чой ҳақидаги фанда шунчалик юксак қадрланадиган, «уйғунлик ва иззат-икромга, поклик ва хотиржамликка» буюрувчи «ваби-саби» ғояси қалб бойлигини ифодаласа, чой маросими ўтказиладиган кичкинагина, жудаям оддий хона бепоён кенглик ва бениҳоя нафислик рамзидир.

Битта гул ўз кўркамлигини юзта гулдан кўра яхшироқ ифода эта олади.

Икебана учун тўлиқ очилган гул ғунчасини олмаслик кераклигини бир замонлар Рикю ўргатган. Японияда ҳозир ҳам чой маросими ўтказилаётганда хона токчасида бор-йўғи битта очилмаган ғунча туради. Гулни мавсумга қараб танлайдилар, қишда қишки гуллар, масалан, гаултерия ёки камелиянинг бошқа турларидан гули майдалиги билан ажралиб турувчи «вабисукэ» деган тури танланади. Битта оқ ғунча олинади. Оқ ранг – энг тоза ва бениҳоя бой ранг: қолган ҳамма рангларни ўз ичига олади. Ғунчада шудринг бўлиши керак. Гулга сув пуркаш мумкин. Май ойида ўтказиладиган чой маросими учун кўкимтир чинни гулдонда турувчи оқ саллагул ғунчаси жуда қўл келади. Унда ҳам шудринг бўлиши лозим. Қолаверса, гул солишдан олдин чинни гулдонга ҳам яхшилаб сув пуркаш керак бўлади.

Японияда чинни гулдонлар ичида кўҳна (15 — 16-асрларга оид)  гулдонлар кўпроқ қадрланади. Улар «ига» деб аталади. Энг қиммат гулдонлар ҳам шулар. Агар игага сув пуркалса, у янада очилиб, чиройли бўлиб кетади. Игани кучли оловда пиширадилар. Похол тутуни ва кули юзага уради ва ҳарорат пасайгач гулдон сир билан қопланганини кўриш мумкин. Бу уста яратган санъат намунаси эмас, олов маҳсулидир: жимжимадор ранг бирикмалари пайдо бўлиши тандирнинг хусусиятига ёки унга қаланган жинсга боғлиқ бўлади. Кўҳна игалардаги йирик, кенг нақшлар намликдан ярқираб кетади ва гулдаги шудринг билан уйғунлашади.

Чой маросими одатига кўра ишлатишдан олдин табиий чиройини намоён қилиши учун пиёлани ҳам ҳўллайдилар. Икэнобо Сэнно «Сирли иборалар»ида шундай дейди: «Далалар, тоғлар, қирғоқлар – ўзларининг асил ҳолича (гўзал)». Сэнно ўз икэбана мактаби билан гул тушунчасига янги маъно бахш этди, яъни синиқ гулдондаги ва қуриган новдадаги гул ҳам дилни равшанлантириши мумкинлигини кашф этди. «Бурунгилар гул тузар экан, энг олий ҳикматни англаганлар». Дзен таъсирида, шунингдек нотинч замонда яшашига тўғри келганидан бўлса керак, унинг қалбида Япония гўзаллигига ошуфталик пайдо бўлган.

Шеър билан қиссагўйлик мужассам япон утамоногатариларининг энг қадимги тўплами бўлмиш «Исэ-моногатари»да ихчам новеллалар кўп. Улардан бирида Аривара Юкихира меҳмонларни кутиб олар экан, гулдонга қандай гул қўйгани ҳақида ҳикоя қилинади: «У нозиктаъб одам эди, гулдонга печакгулнинг ғаройиб гулини қўйди: унинг эгилувчан пояси ярим қулочдан узунроқ эди». Албатта, печакгулнинг узунлиги ярим қулочдан кўпроқ бўлиши — ғайриоддий ҳодиса, ҳатто ишониш қийин, аммо мен бу гулда Хэйан маданияти тимсолини кўраман. Печакгул – япон дидига мос зебо, нозик гул. Ёз бошларида гуллар экан, у ерга осилиб туша бошлайди, шабадада билинар-билинмас тебранувчи, нафис, кўм-кўк барглар орасидан бир кўриниб-бир кўринмайдиган бу гул «ҳар буюм табиатида жозиба яширин» тушунчаси – моно-но аварэни ўзида жуда яхши мужассам этади. Узун пояли печакгул эса жуда кўркам бўлиши керак.

Хитойдан келган Тан маданиятини қабул қилган Япония минг йилча бурун ажойиб Хэйан маданиятини яратди. Японларда гўзалликни ҳис қилиш туйғусининг пайдо бўлиши юқорида таърифланган печакгул каби ҳайратомуз мўъжизанинг ўзгинаси эди. Шеъриятда «Кокинсю» номли илк императорлик антологияси 905 йилда пайдо бўлди. Насрда япон классик адабиёти дурдоналари — «Исэ-моногатари» (10-аср), Мурасаки Сикибу(970 – 1002)нинг «Гэндзи-моногатари»; Сэй Сёнагон(966 – 1017)нинг «Макура-но соси» («Ёстиқ ёнидаги хотира дафтари») асарлари 10 – 11-асрларда юзага келди.

Хэйан даврида шундайин гўзаллик анъанаси йўлга қўйилдики, у саккиз аср мобайнида ўзидан кейинги адабиётга таъсир ўтказибгина қолмай, унинг қиёфасини ҳам белгилаб турди. «Гэндзи-моногатари» – ҳамма даврлардаги япон насрининг энг буюк намунасидир. Ҳалигача унга монанд асар яратилгани йўқ. Ҳозир ҳатто хорижда ҳам кўпчилик 10-асрдаёқ шундай ажойиб, шундай замонавий асар яратилганини оламшумул мўъжиза деб атамоқда. Болалигимда мен эски тилимизни унча яхши билмасдим, аммо барибир Хэйан адабиётини ўқир эдим. Афтидан, ўшанда бу қисса кўнглимга чўғ ташлаган кўринади. Ушбу асар дунёга келган пайтдан бошлаб япон адабиёти доимо унга интилиб келади. Асрлар мобайнида унга неча бор тақлид қилишмади дейсиз! Шеърият ҳақида гапирмай ҳам қўя қолайлик, амалий санъатдан тортиб боғдорчилик санъатигача санъатнинг барча турлари учун «Гэндзи» гўзаллик ва илҳом манбаи бўлиб келди.

Мурасаки Сикибу, Сэй Сёнагон, Идзуми Сикибу (979 й. — ?), Акадзомэ Эмон (957 – 1041) ва бошқа машҳур шоираларнинг барчаси сарой хонимлари бўлишган. Хэйан маданияти сарой маданияти эди. Унинг зарофати шундан. «Гэндзи-моногатари» ва «Макура-но соси» яратилган вақт – мазкур маданиятнинг энг гуллаган давридир. Кейин у камолот чўққисидан инқироз томон юз бурди. Унинг табиатидаги чексиз андуҳ ҳадемай бу улуғворлик барҳам топишидан дарак бериб турарди. Бу давр Япония сарой маданиятининг гуллаб-яшнаган мавсуми эди.

Тез орада император саройи шунчалик кучсизландики, ҳокимият зодагонлардан (кугэ) ҳарбийлар — самурайлар (буси) қўлига ўтди. Камакура (1192 – 1333) даври бошланди. Самурайларнинг давлатни бошқариши етти асрга яқин, Мэйдзи (1868) даври бошлангунга қадар давом этди.

Бироқ императорлик тизими ҳам, сарой маданияти ҳам изсиз йўқолиб кетгани йўқ. Камакура даврининг бошларида яна бир шеърлар антологияси – «Янги Кокинсю» (1205) тузилди, унда Хэйан «Кокинсю»сидаги назмий маҳорат қоидалари янада ривожлантирилган эди. Унда ҳам албатта сўз ўйинига берилиб кетилган ўринлар бор, аммо асосийси ёэн, югэн, ёдзё руҳида, уни ҳозирги замон рамзий шеърияти билан яқинлаштирувчи туйғулар рўёсида намоён бўлади. Шоир Сайгё-хоси (1118 – 1190) ҳар иккала – Хэйан ва Камакура даврларини бирлаштирди.

Уни ўйлайвериб
Ухлаб қолибман.
Ниҳоят, у келди…
О, агар бу туш эканин билсам,
Қувончимдан уйғонармидим.

Тушлар сўқмоғидан
Ҳормай борарман
Унинг ортидан.
Аммо ҳали бирор марта
Учрашолмадик.

Бу шоир Оно-но Коматининг «Кокинсю»га киритилган шеъри. Гарчи у туш ҳақидаги шеър бўлса ҳам ўнгдаги туйғулар ҳақида ҳикоя қилади. «Янги Кокинсю»дан сўнг пайдо бўлган шеърият эса воқеликка жуда яқин.

Чумчуқлар
Чирқиллаган
Бамбукзор ҳам қуёшнинг
Нурларига чулғаниб
Хазон рангига кирди.

Боғдаги якка хаги
Баргларини тўкади,
Куз шамоли эсаркан.
Оқшом қуёши ботар
Боғ девори ортига.

Бу эса Камакура даврининг интиҳосига оид, салтанат маликаси Эйфуку (1271 – 1342) хонимнинг шеъри. Японларга хос нозик андуҳни акс эттирган бу шеър менга худди кечагина ёзилгандек туюлади.

«Қишда — шаффоф, совуқ қор»ни ёзган роҳиб Догэн, «Қишки ой ҳамроҳимдир»ни ёзган донишманд Мёэ – иккаласи ҳам «Янги Кокинсю» даврига мансубдир.

Мёэ ва Сайгё бир-бирига шеър ўқиб беришган, шеърият ҳақида гурунглашишган: «Руҳоний Сайгё ҳар келганида шеър ҳақида гап бошлар эди. У айтарди: менинг шеърият ҳақида бошқаларникидан фарқ қилувчи ўз фикрим бор. Мен ҳам гул, какку, ой, хуллас, дунёдаги ҳамма нарсани тараннум этсам-да, буларнинг бари кўз кўриб, қулоқ эшитадиган зоҳирий нарсалардир. Биз тўқийдиган шеърлар асл шеърларми? Гул ҳақида ёзганингда аслида бу гул деб ўйламайсан-ку. Ой ҳақида ёзаётганингда ой ҳақида ўйламайсан. Биз ўзимиз истаган, бизни ўзига жалб этиб турадиган оламимизни яратамиз холос. Чиройли камалак чиқади ва рангсиз осмонга ранг киргандай туюлади. Қуёш чиқиб осмон мунаввар бўлади. Лекин осмонга ўз-ўзидан ранг кирмайди ва у ўз-ўзидан мунаввар бўлиб қолмайди. Биз қалбимизда шу осмон сингари турли-туман нарсаларни ҳеч қандай из қолдирмасдан ҳар хил рангларга белаймиз. Аммо фақат шундай шеъриятгина Будда ҳақиқатини ўзида мужассамлаштира олади» (Мёэнинг шогирди Тэйси Кикайнинг «Мёэнинг таржимаи ҳоли» асаридан).

Ушбу сўзлардан японона, аниқроғи шарқона «бўшлиқ», «ҳеч нима» ғоясининг моҳияти англанади. Каминанинг ҳикояларида ҳам «ҳеч нима» топадилар. Бироқ бу Ғарбда нигилизм деб аталадиган ҳодисадан умуман бошқа нарса. Менимча, бизнинг маънавий таянчларимиз асосларининг ўзи бир-биридан фарқ қилади.

Догэннинг «Азалий руҳ» деб аталган, тўрт фаслнинг латофатини мадҳ этувчи шеърининг ўзи дзэндир.

Ҳасан Карвонли таржимаси

Изоҳ:

[1] Сумиэ – юпқа хитойи (шойи) қоғозда мўйқалам бир ҳаракатда қора сиёҳ (туш) билан чизадиган сурат