Мисс Мери мистер Вильсонга деди:
— Муҳтарам Вильсон, очиқчасига гаплашиб олсак, девдим. Ахир, ўзингиз тушуниб турибсиз: эътиборан, эртадан бошлаб сизу мен эр-хотин бўламиз. Ҳар биримизнинг ўтган ҳаётимизда қандайдир қора доғлар, албатта, йўқ эмас. Келинг, сиру асрорларимиздан бир-биримизни огоҳ этайлик.
— Мен бошлашим керак, шундай эмасми? — ҳар эҳтимолга қарши сўради мистер Вильсон.
— Бошланг, — деди мисс Мери, — бироқ ҳаётингизда борини батафсил билишни истайман, бирон нарсани унутиб қолдирмассиз, деб умид қиламан.
— Яхши, — мистер Вильсон, ўриндиққа обдон жойлашиб сигарета тутатиб олди ва кечмишини ҳикоя қилишга киришди: — Мен Мериесда, Канадада таваллуд топганман. Отам, азизам Мери, оқкўнгил, Геркулесникидай баҳайбат гавдали кимса эди. Гарчи ўша пайтда ёшим ҳали бешга ҳам тўлмаган эса-да, отамнинг қўлларига занжир солиб қамоқхонага олиб кетишганини яхши хотирлайман. У уқувига яраша пул топарди. Мериесдан то кўл бошланган ерларгача истиқомат қилаётган бадавлат одам борки, барчаси отамнинг раҳнамолигидаги ўғриларнинг ашаддий галасини ҳалигача унута олмайди.
У ўзига тўқ фермерларни тунар ва шундай тарзда бойлик тўпларди.
Асло эсимдан чиқмайди, бир кечаси у мени, атиги тўрт ёшга тўлган мишиқи болакайни ўзи билан олиб кетди. Туғилган кунимга совға бўлсин деб, кўл бўйидаги бир бадавлат хонадонни босиб, шафқатсизларча талаганларини ўз кўзларим билан кўришимга имкон яратди.
«Бир йилдан кейин яна мен билан бирга борасан», — ваъда берди ўшанда отам. Аммо, афсуски, муродимиз ҳосил бўлмади, уни нақ ўн йилга қамаб юборишди.
Худди кечагидай ёдимда: судда отам ўзини ўта бамайлихотир тутди, ҳукм ўқилгач эса шундай сўзларни айтди: «Жаноблар, сизларни болаларим номидан алоҳида алқайман. Ахир ҳар куни ўзим учун ўрта ҳисобда нақ икки долларни сарфламоқда эдим. Бутун йил давомида эса етти юз ўттиз долларнинг бошига сув қўйишимга тўғри келаётган эди. Энди буни ўн йилга бир кўпайтириб кўринг-а, ҳа, балли, етти минг уч юз доллар бўлади! Яна бир марта, муҳтарам зотлар, сизларга болаларим номидан ана шу етти мингу уч юз доллар учун ташаккур изҳор этаман. Ахир энди шунча маблағ уларга қолади. Ура!»
Отамдан кейин хўжаликни онам юрита бошлади. Унинг эса қишлоқни тарк этиб, шаҳарда яшагиси келиб қолди. Бироқ бу орада ҳовли-жойларимизни сотиш билан боғлиқ мушкулотлар туғилди. Сабаби, онам харидорлардан ер-мулкимиз учун асл қимматидан анча ортиқ даражадаги пулни талаб қила бошлади. Бундан бир иш чиқмади. Шунда онамда мулкимизни суғурталаш фикри туғилди. Бу орада эса хонадонимиздаги қўлга илашимли нарсаларнинг барини ими-жимида сотиб юбордик. Мен энди олти ёшга қадам қўйган эдим. Бир куни онам мени ёнига чақириб, шундай гап бошлади: «Суюкли болагинам! Ишонаман, отанг сен билан албатта фахрланган бўларди. Жинқарчадай боласан, лекин йирик ишлар қўлингдан келади. Сендан менинг ҳам умидим оз эмас. Қани, айт-чи, катта ёнғинни кўришни хоҳлайсанми? Яъни хонадонимизни унга тақаб қурилган бошқа бинолар билан бирга қўшиб, ёппасига қамраб оладиган ёнғинни айтаяпман?»
«Албатта-да, бундай ёнғинни жону дилим билан томоша қилган бўлардим», — дедим тўлқинланиб кетиб.
Онам фикрини давом эттириб, шундай деди:
— Сен гугурт қутиларни жуда хуш кўрасан. Мана, сенга бешта гугурт тўла қутича. Агар бу совға сенга ёққан бўлса, саройга кир-да, хашак уюмига ўт қўй, бироқ кейин тилингни тийиб юр, йўқса, отангнинг қулоғига етса борми, қамоқдан қайтгач, соғ қўймайди-я. Баайни, Тори исмли ҳабашнинг куни бошингга тушиб, сени ҳам итдай отиб ташлайди. Уқдингми?
Мен бор мулкимизга ўт қўйдим. Ўшанда биз суғурта маҳкамасидан олтмиш минг доллардан кўпроқ маблағ ишлаб олдик. Онам эса, сийлов тариқасида, ҳашамдор муқовали Инжилни менга совға қилди. Унинг ялтироқ теридан ишланган муқовасининг ҳар бир квадрат сантиметри бир доллару йигирма беш центавога баҳоланар экан. Инжилни онамга пуллаган тужжор бу муқовани Сиу қабиласи сардорининг тана терисидан қилинган, деб мақтанавериб, эси кетди. Кейинчалик билсак, бу сардор тирик, тужжор эса бизни лақиллатган экан.
Нью-Йоркка кўчиб келганимиздан кейин онам, серғайрат аёл эмасми, қўл қовуштириб ўтирмади. Чинакам ҳиндуларнинг нақ ўзлари томоша кўрсатадиган каттакон циркнинг хўжайини бўлишни кўнгли тусаб қолди.
Шу мақсадда ғарб газеталарида эълон чоп эттириб, зуваласи чайир, бақувват гавдали ва хуш овоз қизил танлиларни ўзининг бўлажак циркига ишга чорлади. Ҳаш-паш дегунча, ўттиз чоғли ҳиндулар унинг қаршисида ҳозиру нозир бўлди. Ногаҳонда, уларнинг орасида Сиу қабиласининг сардори Годадиаско, соддароқ қилиб айтсак, Қўнғироқча ҳам бор эди. Ҳа, айнан ўша, териси Инжил сотувчи томонидан бизга пулланган кимса!
Онажонимиз шу қизил танлига мафтун бўлиб қолди денг. Саккиз ёшга тўлганимда менинг ҳаётимда янги эгизак укаларим, терилари мисдай жилоланиб турувчи ажабтовур сиу-канадаликлар пайдо бўлди. Аммо онам уларни эмизиш бахтига муяссар бўлмади. Негаки, ўз вақтида французлар кўпгина қочоқ қизил танлиларни аямасдан отишганлари учун Годадиаско ўз болаларига француз аёли кўкрак тутишини истамади. Хуллас, болакайларга аллақандай бир ҳабаш аёл оналик қила бошлади. Кейин шундай ҳодиса рўй берди: янги укажонларимнинг отаси ҳабаш байтални ёқтириб қолди, мен энди тўққиз ёшга тўлганимда, у онамга қарашли цирк билан тузган шартномани бузди ва ўша ҳабаш хотин билан бирга ғарбга қуён бўлди. Онам эса судга мурожаат қилди. Годадиаско, ёки бошқача айтганда, Қўнғироқчани топиб қамашди. Лекин юзма-юз учрашув пайтида у онамни тилга олиб бўлмас сўзларни айтиб ҳақорат қилгач, бунга чидай олмаган волидайи мағрурамиз ёнидан тўппончасини чиқариб, уни шартта отиб ташлади.
Суд ҳайъати онамни оқлаб юборди. Цирк эса тез орада Нью-Йоркдаги олий табақали Бруклин жамияти аъзоларининг учрашиб-кўришиб турадиган манзилига айланди.
Эллик центаволик чипталарни сотиб, онам бир куни мени ҳам циркда оломонга намойиш этди. Бунинг боиси, мен, энди тўққиз ёшни қоралаган болакай, онамни суд қилишаётган ўша кунларда залда туриб: «Агар онамни жазога ҳукм қилсаларингиз, барча тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи тоифали суд маслаҳатчиларини қаторасига отиб ташлайман», деб қичқирдим.
— О-о, — мисс Мери ҳайратини яшира олмай қолди, — бу қилмишингиз учун сизга ҳурмат-эҳтиромим неча чандон ошганини айтмасам бўлмайди, Вильсон.
— Шундан кейин, — қисматномасини давом эттирди мистер Вильсон, — ўн ёшга тўлганимда уйдан тўққиз минг долларни ўмариб, тўққиз ёшли бир қизалоқ билан Бруклиндан қочдим. Қизча билан Гудзон дарёси оқими бўйлаб юқорига, бир фермерликдан иккинчисига қараб юра бошладик. Тинимсиз йўл босдик. Борди-ю, йўлда бир зумга тўхтаган бўлсак, у ҳолда, фақат у ёки бу дарахт соясида андак тин олиш ва бир-биримизнинг қулоғимизга кўнгил сирларимизни шивирлаш учунгина тўхтадик.
— Оҳ, қадрдоним Вильсон! — бундан беҳад завқланди мисс Мери.
— Бир неча ўспирин, — ҳикоясини давом эттирди Вильсон. — Ольдибэйда юз долларлик банкнотни майдалаётганимга кўзи тушиб қолган эди. Хуллас, улар бизга ҳамла қилишди ва бор-будимизни олиб қўйишди. Ўзимизни эса дарёга улоқтиришди. Менинг маҳбуба қизалоғим сувга чўкиб кетди: қизчанинг бош чаноқ суяги ҳали хомроқ экан, ҳалиги шоввозлар унинг бошига болға билан бир уриб тинчитишди-қўйишди. Энди ўзим ҳақимда гапирсам, гарчи менинг бошим ҳам ёрилган бўлса-да, бир амаллаб сувдан қирғоққа чиқиб олдим, кечга яқин қандайдир бир қишлоққа етиб келдим, менга ўша ерлик пастор бошпана берди, лекин ҳамёнимни ҳам қоқлади. Шундан кейин мен яқин станцияда поездга ўғринча ўтириб, Чикагога йўл олдим…
— Менга қўлингизни беринг! — ялинганнамо оҳангда сўради мисс Мери. — Ана шундай! Қандай бахтлиман, қадрдоним Вильсон, ахир энди сиз менинг эрим бўласиз!
— Ниҳоят, ихтиёрим ўзимга тегди, — давом этди Вильсон бепарво. — Шундан кейин ҳаётимдаги воқеалар қуйидагича ривожланди. Мен пойабзал тозалаш билан шуғуллана бошладим. Бундай ҳодисалар тўғрисида сиз эшитгансиз, албатта: негаки, Европада америкача ҳаёт тўғрисида битилган ҳикояларда ҳамиша шундай иборани тилга олишади: «У пойабзал тозаловчи бўлди».
Ўн бир ёшимда ҳамон пойабзал тозаловчи эдим, ўн икки ёшимда ҳам аҳволим ўзгармади, ўн тўрт ёшга тўлганимда ишқ-муҳаббат можароси сабаб, рақибимни оғир ярадор қилдим ва суд қаршисида туришга мажбур бўлдим. Юрагимдан урган янги маҳбубам ўн икки ёшда эди. Мен ҳар куни унинг туфлисини тозалар эдим. Кейин — мана буни қаранг-а! — кўчанинг нариги бетидаги ўн тўрт ёшли яна бир пойабзалчи бола шу қизчага ошиғу мубтало бўлиб қолса бўладими? Мени чув тушириш мақсадида, бу қитмир, бир жуфт пойабзални тозалаш учун белгиланган нархни бир центавога арзонлаштирибди. Маҳбубам эса ўта-кетган ҳисоб-китобли қизалоқ эди ва ҳар куни бир центавони ошиқча елга совурмаслик учун, рақибимга қараб югура бошлади.
Мен ўзимга револьвер сотиб олдим. Сабаби, саккиз ёшлигимдан буён ёнимда асраб келаётганим тўппончанинг одам ўлдириш учун қурби етарли эмасдай туюлди менга. Бахтга қарши, сотиб олганим янги револьвер ҳам ишқ бобидаги рақибимнинг бира-тўласига корини қила олмади. Отганимдан кейин у оғир ярадор бўлди, холос…
Шу боисдан, сизга маслаҳатим шуки, азизам Мери, ҳеч қачон «Гриана» системали револьвердан фойдалана кўрманг, — ҳасратидан чанг чиқди Вильсоннинг. — Энди суд жараёнига қайтсак, бу ерда менинг ҳақиқий исми-шарифим ойдинлашди ва уч йил аввал уйдан қочганим ҳам айтилди. Мана шу воқеа сабаб бўлиб, мен кун қаҳрамонига айландим. Газеталар менинг озод этилишимни талаб қилиб чиқа бошлади. Борди-ю, мабодо жазога ҳукм қилишса, халқ барибир маҳбусликдан мени қутқариб олишини ҳамда жаноби судьяларнинг улар томонидан сазойи қилинишини башорат қилишиб, дағ-дағани кучайтиришди. Бунинг устига, менинг ўзим ҳам шахсимни ҳимоялаб судда беҳад оташин нутқ сўзладим ва уни шундай сўзлар билан тугатдим: «Жентльменлар! Эҳтимол, сизларнинг тилингиздан «Ҳа!» деган сўз томай-томай деб тургандир. На илож, бундай ҳолда, мен албатта қамаламан. Ва агарда ўша тилингиздан «Йўқ!» деган сўз отилиб чиқса, у ҳолда, камина озодликка эришаман».
Ўзимни совуққон бир даражада хотиржам тутишим нафақат ҳаммани ҳайратлантирди, балки менга озодлик ҳам келтирди. Ва судьялар шундан кейин ўз пойабзалларини тозалатиш учун мендан бошқа ҳамкасбларимга бормай қўйишди.
Чикаголик бир ношир эса менинг суратим туширилган «таклифнома»ни чиқара бошлади. Бошқа бир жентльмен, яъни қариб-чуриб, молу давлатини қаёққа қўйишини билолмай боши қотаётган машҳур миллионер мени ўзига тутинган ўғил қилиб олиш ниятида эканлигини маълум қилди. Мен, албатта, рози бўлдим ва уникига кўчиб ўтдим.
Бироқ мен анча эркин тарбия кўриб ўсган боламан. Шу боисдан, бу қариянинг эзма-чурук панд-насиҳатларига ва айниқса, унинг эркаликларига айтарли парво қилмадим. Тутинган отам эса, буни кўтара олмай, тез орада бандаликни бажо келтирди.
Унинг бисотидан имконим кўтарганини олиб ғарбга равона бўлдим. Ўн тўрт ёшлик ўспиринлигимда Сан-Францискода афт-башарамни сариқ рангга бўядим, ўзимга узун қирқма соч буюртма қилдим ва кафе-шантанеларда Қўшма Штатларда америкаликлар қўшиғини уларнинг ўз тилида бурро қилиб ижро эта оладиган якка-ёлғиз хитойликдай ўзимни тута бошладим.
Аммо, кўп ўтмай, бошқа бир ростакам хитойлик чиқиб қолиб, яширин номимни фош қилди, навбатдаги бир томошани кўрсатаётган пайтимда ҳалиги кимса хитойчасига сўкишнинг қаҳрли дўлини бошимга ёғдирди. Буям етмагандай, ғазаб отига миниб мени чунонам дўппосладики, олти ойгача касалхонада узала тушиб ётишимга тўғри келди. Шундан кейин, Мери хоним, касалхонадан чиққач, савдо кемасига ишга ёлландим. Бу кемадагилар контрабанда юкларини ташиш билан шуғулланишар экан. Бир куни кемамизни портлатиб юборишди, унга қўшилиб мен ҳам осмону фалакка парвоз қилдим, албатта. Аммо парвозим шу қадар омадли кечдики, балиқчилар сувдан мени овлаб олишиб, тўрида қирғоққа чиқаришди. Соҳилда қуппа-қуруқ ҳамён билан сўппайиб яшай бошладим. Бу пайтда мен ўн беш ёшга тўлган эдим. Худойим омадли қилиб яратган бандасини ҳеч қачон ташлаб қўймас экан. Бир куни соддадил бир фермер мени чўпонликка қабул қилиб, бутун бошлиқ қорамол подасини ихтиёримга ишониб топширса бўладими?
Атрофдаги яқин шаҳарлардан биригача атиги беш соатлик йўл эди. Омадли тунлардан бирида ҳеч бир қийинчиликсиз йигирма бош, етилган қорамолни шу шаҳарга ҳайдаб бориб, бир қассобга қўш қўллаб топширдим-да, пулини санаб олдим ва энди Шарққа қараб қуённи сурдим.
— Азизим Вильсон! — беҳад завқланиб кетди мисс Мери. — Сиздай инсонни умр бўйи орзу қилиб яшаяпман!
— Энди ҳиндулар орасида қурол савдоси билан шуғуллана бошладим, — ҳикоясини бамайлихотир давом эттирди Вильсон. — Боз устига, уларга спирт, Инжил ва хочларни келтириб, пуллай бошладим. Ўн етти ёшимда эса ҳинду секталаридан бирида кичик воиз-хатибликка эришиб, кутилмаган даражада катта обрў қозондим. Худди шу кунларда бошқа сектада воизлик қилаётган бир рақибим ҳиндулар ўртасида менга нисбатан каттароқ кўламда спирт ҳамда виски тижоратини авж олдириб юборди.
Мен ҳиндуларни унинг терисини тириклай шилишга кўндирдим…
— Қандай антиқа зотсиз, дўстим Вильсон!..
— Кейин касбимни ўзгартиришимга тўғри келди. Бир калтаклашув чоғида беш киши қўлимда жон берди…
— О-о, менинг азаматим! Бир ўзингиз беш кишини саранжом-ладингизми? — ҳис-ҳаяжони жунбушга келди мисс Мерининг.
— Икки банкни таладим ва ниҳоят, азизим Мери, — деди мистер Вильсон, — йирик «Вильсон Ко» банкининг хўжайинларидан бирига айландим. Шундан кейин, мана, мисс Мери Овэй, икки миллион долларга арзигулик ер рентасига эга сиздай офатижоннинг васлига муяссар бўлиб турибман… Энди сизни эшитаман…
— Мен ўзим тўғримда нима ҳам дейишим мумкин? — тараддудланди Мери. — Фақат шуни айта оламанки, мен бойвучча хонимман ва шундайлигимча қоламан. Ҳаётим бир маромда, осойишта кечди. Аммо қандайдир ҳаммага ўхшаш, зерикарли кишининг эмас, балки бошимда сиздай ёвқур эрим бўлиш орзусини ҳамиша хаёлимда ардоқлаб келганман. Мана, орзуйим ҳам ушалай деб турибди. Қани, қўлингизни беринг. Мен сизни бир кўришдаёқ севиб қолганман.
Улар яна у ёқ-бу ёқдан бирпас гаплашиб ўтиргач, мистер Вильсон хайрлашиш учун ўрнидан турди:
— Ҳаммаси кўнгилдагидай. Эртага соат ўн бирда карета, пастор, черков ва сиз билан бир умрга биргамиз, севгилим Мери…
* * *
— Қандай ажойиб эркак! — таъсирланиб деди мисс Мери мистер Вильсон хонани тарк этганидан кейин. — Камёб зот! Ҳали у билан кўпдан-кўп қизиқарли саргузаштларни бошимдан ўтказсам керак… И-я, бу қандай китоб бўлди? Наҳотки, уни чўнтагидан тушириб қолдирган бўлса?
Мери хоним ўриндиқдаги китобни, табаррук бир нарсадай авайлаб қўлга олиб, оҳиста варақлади. Дастлаб китоб номини ўқиди: «Бўй етган қизларни жентльменларга ошиқу беқарор қилиб, эсанкиратиб қўйиш санъати»
— Ҳм-м, — деди латтадай бўшашиб мисс Мери.
Сўнг ланж кайфиятда китобнинг илк саҳифасини очди ва тагига қалам билан алоҳида чизиб, таъкидланган шундай сатрларга кўз қирини ташлади: «Романтик ҳикоя билан исталган қизни…»
Эртасига, тонгги соат тўққизда мистер Вильсон қуйидаги шошилинчномани олди: «Лаънати товламачи! Сиз тўғрингизда етарли маълумотларга аллақачон эгаман. Ўзингиз ҳақингизда айтган гапларнинг барчаси ёлғон экан, таърифини келиштириб ҳикоя қилганингиз фавқулодда ажойиб қилмишларнинг биронтасини ҳам бажармагансиз. Сиз мутлақо авом банда Чарльз Вильсоннинг, оддий ва софдил бир фуқаронинг фарзандисиз. Сиз тўғрингизда, лўттибоз, менда қандай ёрқин фикрлар уйғонган эди. Бариси тугади. Бас, зинҳор қорангизни қайтиб кўрмай!»
Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.