Метро эшиклари очилиб, юзига Доналд ўрдаги ниқобини таққан бир киши кириб келди ва вагоннинг бир чеккасига ўтиб жамоатчиликка юзланди:
– Хайрли тонг, хонимлар ва жаноблар! Ниқобим учун сизлардан узр сўрайман, аммо юзимни кўришингиздан уяламан. Аслида мен ҳаёт шафқатсизларча тиланчиликка маҳкум этган таниқли одамман. Телевизорни ёққанингизда сизларга бахш этган хушвақт онлар ҳаққи-ҳурмати менга ёрдам беринг. Худога илтижо қиламанки, сизлар ёки оила аъзоларингиз бир бўлак нон учун мендай ниқобланишга мажбур бўлмасин.
Бу гапларни айтгач, уни қизиқиш билан кузатаётган одамларга қўлини чўзганча вагонни кесиб ўта бошлади.
Ёнимда пакетлари лиқ тўла қизил қалампир харид қилган икки аёл бор эди.
– Бу Торребруно, – деди улардан бири.
– У эмас, Торребрунонинг ўлганига икки-уч йил бўлди, – деди иккинчиси.
– Демак, биз унинг ўлганини сезмаслигимиз учун ниқоб кийиб олибди, деди биринчиси ва икки аёл хахолаб кулишди.
Бу гаплардан Торребруно ниқоб остидан менга ним табассум билан қараб тургандек туюлиб, совуқ ургандек сесканиб кетдим ва тиланчига чўчинқираб танга узатдим.
У орқа ўгирганида бўйнидан ўтказиб маҳкамланган ниқобнинг елим тасмасидан кўз узмай ўйладим: Менимча, бу одам ўзи кутганидан ҳам кўпроқ пул топаяпти.
Уйсиз-жойсизлар одатда метрода кўп учрайди. Кинтана бекатига етганимизда, қизиқиш устунлик қилиб тиланчининг орқасидан кейинги вагонга кузатиб бордим. Бу ерда ҳам қўл чўзишдан олдин у юқоридаги гапларини такрорлади. Бу сафар ҳеч ким ҳазил қилмади. Аксинча, халқ ниқоб таққан одамга хайрихоҳ қараб, аксарият одамлар кўпроқ танга қидириб чўнтакларини ковлай бошлашди.
Тиланчининг гапларини эшитарканман, овози телевизор ёки радио орқали менга танишдек туюлди, бироқ унга яқинлашиш ва аниқроқ билиш ноқулай эди. Ҳар ҳолда, у жуда ишончли гапирар, унга нисбатан ачинишдан кўра бирдамлик руҳини улашар ва одамларда кўпроқ силаи-раҳм уйғота олаётганди.
Бу «савдо»га қизиқиб кейинги вагонга ҳам унга эргашдим ва илгари ҳам тиланчилик қилиб юрган бир нечта ёшларни пайқаб қолдим. Негалигини билмайману, аммо ёшлар билан ниқобли гадонинг ўртасида қандайдир сирли боғлиқлик бор, деган фикр хаёлимга келди. Ёшлар аллақандай ёрдам сўраб ёзилган қоғозлар тутиб туришар, фаҳмимча, ниқобли тиланчи ҳақида гапиришаётган эдилар. Уларга секин-аста яқинлашдим.
– Сенга айтсам, бу Гутиеррес деганлари бало экан, қойилмисан?! Оз фурсатда икки минг песетдан кўпроқ топганлигини қара.
Афсуски, Пирамида бекатида тушмасам бўлмасди, учрашувга кечикаётгандим. Бироқ бу воқеа мени кун бўйи таъқиб қилди, тиланчилар хаёлимдан кетмади.
Ўша куни кечқурун кечки овқат олдидан қўшним билан кўришиб, гап устида бўлиб ўтган воқеани унга сўзлаб бердим. Қўшним кулиб менга Доналд ўрдак ниқобли ва тиланчи ёшлар жаҳонга машҳур, нуфузли хусусий бизнес мактабининг талабалари эканлигини айтиб берганда лол қолдим.
“Менинг жияним ҳам, – қўшимча қилди у, – Сомплутенсе университетида бизнес тадқиқотлари бўйича таҳсил олиб, ҳозирда ўша мактабда магистратурада ўқимоқда. Улар ақл бовар қилмайдиган нарсаларни ўйлаб топишади”.
Афтидан, машғулотлардан бири қайси талаба самаралироқ тиланчилик қила олиши билан боғлиқ маркетинг усулларини ишлаб чиқишдан иборат бўлган. Ва амалиётда Гутиеррес ғалаба қозонганди, у ўзининг биринчи ҳаракатидаёқ энг зўр шифокорлар топадиган ўртача маошига тенг фойда кўрди. Иккинчи ўринда тескари қараб бошини эгиб олган тиланчи қиз турарди, яъни у “Уятдан сизга қарай олмаганим учун орқа ўгириб ёрдам сўраяпман, ноиложман” деб ёзиб орқасига осиб қўйганди.
Мен ҳар доим метрода пул сўраган одамларни кузатардим, чунки инсон воқеалар ривожи қандай бўлишини ёки келажакда бизни нима кутаётганлигини олдиндан билмайди, бироқ… тиланчилик аллақачон бозор қоидаларини белгиловчи ва маркетинг мактабларида фан даражасига чиққанлигини тасаввур ҳам қилмагандим.
Бу воқеадан кейин янада кўпроқ уларга эътибор қаратадиган бўлдим. Аслида тиланчилар мени ташқи кўриниши ёки раҳм келтирувчи ҳикоялари билан эмас, балки жозибадор тижорат техникаси сабабли ҳаракатга келтираётганини тушуниб етдим. Илгари камбағалликка оддий қараган бўлсам, борган сари унинг танқидчисига айланмоқдаман, бу тўғрими, ёки йўқми, ўзим ҳам билмайман.
Испанчадан Дилрабо Бахронова таржимаси