Хорхе Луис Борхес. Тлён, Укбар, Orbis Tertius (Tlön, Uqbar, Orbis Tertius)

Кўзгу ва энциклопедиянинг ўхшашлиги туфайли мен Укбарни кашф қилдим. Рамос-Мехиада, Гаона кўчасидаги уйнинг йўлак адоғида кўзгу ташвишли жимирлар, энциклопедия эса кишини чалғитиш учун The Anglo-American Cyclopedia (Нью-Йорк, 1917) деб номланган бўлиб, 1902 йилги Encyclopedia Britannicaнинг сўзма-сўз, аммо анча кечиккан қайта нашри эди. Бу воқеа беш йил чамаси аввал содир бўлди. Ўша оқшом уйимга Биой Касарес меҳмон бўлиб келган ва биз романни биринчи шахс номидан қандай ёзиш кераклиги ҳақида баҳслашиб, узоқ ўтириб қолдик. Фикримизга кўра, бу каби роман саҳифаларида ровий айрим воқеалар ҳақида атайин сўзламас ва ё уларни бузиб кўрсатиб, турли хил қарама-қарши талқинларга йўл қўярди; ўз навбатида бу ҳол баъзи — жуда озчилик — ўқувчиларнинг бешафқат ва ё бачкана моҳиятни англаб етишларига кўмак берар эди. Йўлак адоғида бизни кўзгу кузатиб турар ва биз кўзгуларда аллақандай мудҳишлик бор эканига эътибор қилдик (ярим тун чоғи бундай кашфиётлар муқаррар). Шунда Биой Касарес Укбар ересиархларидан бирининг сўзларини эслади: «Кўзгу ва қўшилишлар жирканчдир, илло улар одамлар миқдорини кўпайтиради». Мен ушбу кўҳна ҳикмат манбаини сўрадим — бу The Anglo-American Cyclopediaда, Укбар ҳақидаги мақолада босилган, дея жавоб қилди Биой. Бизнинг уйда (жиҳозлари билан ижарага олган уйимизда) шу нашрнинг бир нусхаси бор эди. XXVI жилднинг сўнгги саҳифаларида биз Упсала ҳақидаги мақолани, XXVII жилднинг дастлабки саҳифаларидан «Урал-Олтой тиллари» тўғрисидаги мақолани топдик. Укбар ҳақида эса лом-мим дейилмаган эди. Бироз ҳижолат бўлган Биой кўрсаткич-жилдни қўлига олди. У турли талаффузларни саралаб, беҳуда уринарди: Укбар, Угбар, Оокбар, Оукбар… Кетиш олдидан айтдики, Укбар Ироқ ва ё Олд Осиёдаги аллақайси бир вилоят эди. Тан олишим керак, мен бир қадар ўнғайсизланган кўйимча унинг фикрини маъқуллаган бўлдим. Хаёл қилдимки, ном-нишонсиз бу мамлакат ва исм-шарифи йўқ бу ересиарх Биой йўл-йўлакай ўйлаб топган нарсалар эди ва шулар воситасида аслида унинг ўзига тегишли жумлани асосли қилиб кўрсатмоқчи бўлганди. Юстус Пертес хариталаридан бирига бесамар тикилиш оқибатида бунга ишонч ҳосил қилдим.
Эртаси куни Биой Буэнос-Айресдан қўнғироқ қилди. Энциклопедиянинг XXVI жилдига киритилган Укбар ҳақидаги мақола қаршисида турганини айтди. Унда ересиархнинг исми кўрсатилмаган, аммо, гарчи адабий нуқтаи назардан анча бўш бўлса-да, ҳарқалай, қарийб ўша сўзлар билан ифода этилган таълимотнинг баёни бор: «Қўшилиш ва кўзгулар — жирканчдир», «Copulation and mirrors are abominable». Энциклопедия матнида шундай дейилган эди: «Ушбу гностиклардан бирининг назарида бу дунё сароб ёки (аниқроғи) недир ботил макон эди. Кўзгулар ва бола туғишлар жирканчдир (mirrors and fatherhood are hateful), илло мавжуд нарсани кўпайтириб, чор-атрофга тарқатадилар». Мен бу мақолани кўрмоқчи эканлигимни айтдим. Бир неча кундан сўнг Биой уни олиб келди. Мен ҳайратдан ёқа ушлаб қолгандим – Риттернинг «Ўлкашунослик», «Erdkunde» деб аталган муфассал кўрсаткичларида «Укбар» деган номга ишора ҳам йўқ эди, ахир.
Биой келтирган китоб чиндан ҳам Anglo-American Cyclopediaнинг XXVI жилди эди. Устмуқоваси ва бандидаги тартиб сўзлар айнан бизнинг нусхамиздаги каби (Тор-Урс), бироқ унинг саҳифалари 917 эмас, балки 921 та эди. Худди мана шу қўшимча саҳифаларда (ўқувчи фаҳмлаганидек) сўзликда кўрсатилмаган Укбар ҳақидаги мақола бор эди. Биз кейинроқ жилдлар орасида бошқа тафовутлар йўқлигини аниқладик. Иккови ҳам (айтиб ўтганимдек) Encyclopedia Britannica ўнинчи жилдининг қайта нашри бўлиб, бу китобни Биой «кимошди» савдосида харид қилган эди.
Биз мақолани синчиклаб ўқиб чиқдик. Биой эслатган жумладан бошқа ҳайратга солувчи маълумот йўқ эди. Бошқа ҳаммаси қатъий тартибга солинган, услуби жиҳатидан шу нашр руҳида ва табиийки, зерикарли эди. Қайта ўқиётиб эса айнан шу қатъий услуб соясидаги жиддий ноаниқликка эътибор қилдик. Жўғрофий бўлимда эслатиб ўтилган ўн тўрт номдан фақат учтасини, бир ишора тарзида матнга киритилган учта номни қидириб топдик – Хуросон, Арманистон ва Арзирум. Тарихий исмлардан эса фақат биттасини: кўпроқ маъжоз маъносида келтирилган қаллоб ва афсунгар Смердисни. Мақолада гўёки Укбар сарҳадлари кўрсатиб ўтилган, аммо манзиллари бутунлай нотаниш эди – мазкур вилоятнинг дарёлари, ўпқон ва тоғ тизмалари. Масалан, жанубий сарҳадда Сойи Холдун (Tsai Jaldún) ботиғи ва Ақсо дарёси мансаби жойлашганлиги, ушбу мансаб оролларида бўлса ёввойи отлар ўтлаб юришлари ҳақида ўқиб қолдик. Бу 918-бетда айтилган эди. Тарихий бўлимдан (920-бет) маълум бўлдики, ўн учинчи асрда кечган таъқиблар оқибатида изчил диндорлар оролларда жон сақлаганлар, у ерда бу одамлар яратган тош лавҳлар ҳамон сақланиб қолган ва баъзан уларга тегишли тош кўзгулар ҳам учраб туради. «Тил ва адабиёт» бўлими ихчам бўлиб, фақат шу нарса эътиборни жалб қиларди: унда айтилишича, Укбар адабиёти хаёлий йўналишга эга ҳамда афсона ва достонлари зинҳор воқеликни акс эттирмас ва балки, Млехнас ва Тлён номли хаёлий мамлакатларни тавсиф ва тасвирлар эди… Тўртта китоб санаб ўтилган бўлиб, гарчи уларнинг учинчиси – Сайлэс Хэйзлем: «Укбар номли мамлакат тарихи» – «History of the Land Called Uqbar», 1874 – Бернард Куорич китоб дўконидаги кўрсаткичларда қайд этилган бўлса-да, биз уларнинг бирортасини ҳали-ҳамон топа олганимиз йўқ. Рўйхатдаги биринчи китоб – «Кичик Осиёдаги Укбар мамлакати ҳақида мароқли ва мутолаага лойиқ маълумотлар» – «Lesbare und lesenwerthe Bemerkungen оber das Land Ugbar in Klein Asien», 1641 йил деб белгиланган ва Йоҳанн Валентин Андрее қаламига мансуб эди. Қизиқарли ҳол: орадан бир неча йил ўтгач, мен бу исмни тасодифан Де Куинсида («Асарлар», ўн учинчи жилд) учратиб қолдим. Маълум бўлишича, бу исм XVII аср бошларида хаёлий розенкрейцерлар жамоасини тавсиф қилган олмон уламосига тегишли эди. Кейинчалик эса бошқалар унинг тасаввур маҳсулини чиндан ҳам ҳаётга тадбиқ этдилар.
Ўша оқшом Миллий кутубхонага йўл олдик. Турли хил хариталару манбалар рўйхатлари, жўғрофий жамиятлар журналлари ва сайёҳлар эсдаликларини беҳуда титкилаб сарсон бўлдик – ҳеч ким ва ҳеч қачон Укбарда бўлган эмасди. Биой қўлга киритган энциклопедия умумий кўрсаткичида ҳам бу ном тилга олинмаган. Эртаси куни Карлос Мастронарди (у ҳам бизнинг изланишларимиздан воқиф эди) Корриентес ва Талкуано китоб дўконида “Anglo-American Cyclopedia” жилдларига дуч келди. Дўкондордан XXVI жилдни сўради. Табиийки, унда Укбар ҳақида ишора ҳам йўқ эди.

II

Жанубий темир йўл тармоғида хизмат қилган муҳандис Герберт Эш ҳақидаги аллақандай ожиз, тобора хира тортиб бораётган хотира Адрогадаги меҳмонхонада, баравж бутазорлар аро ва кўзгуларнинг хаёлий тубларида ҳали-ҳануз муқим. Ҳаётлик чоғида у аксар инглизлар сингари арвоҳ каби, деярли кўримсиз яшаб ўтди; ўлимидан сўнг у энди ҳатто аввалги арвоҳ ҳам эмас. У норғул ва озғин, бир вақтлар малларанг бўлган сийрак чўққисоқолли ва фаҳмлашимча, бефарзанд бева эди. Қуёш соатлари ва бир туп эман дарахтини томоша қилиш учун (унинг ўзи бизга кўрсатган суратларга кўра хулоса қиляпман) у бир неча йил оралатиб, Англияга бориб келарди. Отам у билан дўст тутинганди; таъбир жоиз бўлса, уларнинг бу дўстлиги соф инглизча эди, ўзаро эътирофлардан воз кечиб, тез орада суҳбатларсиз ҳам давом қилувчи дўстликлар сирасидан эди. Улар китоб ва газеталар билан ўзаро ўртоқлашишар, шатранжда дона суришар, аммо буларнинг барчаси сукут пардасига ўралган бўларди… Мен уни меҳмонхона йўлагида, қўлида риёзиётга оид китобни тутган кўйи осмоннинг бетакрор бўёқларига тикилган қиёфасида эслайман. Бир кун оқшом биз ўн иккилик ҳисоб тизими ҳақида сўзлашиб қолдик (бу назарияга кўра, ўн икки 10 рақамидан сўнг ёзилади). Эш айтдики, у ҳозир айнан шу иш билан, қайта ҳисоблаш орқали ўн иккилик жадвалларни олтмишлик жадвалга айлантириш билан машғул эди (бунга кўра, олтмиш 10 рақамидан сўнг ёзилади). Бу юмуш Риу-Гранди-ду-Сулдаги бир норвегнинг буюртмаси эканини илова қилди у. Биз саккиз йилдан буён таниш бўлсак-да, у ёқларда бўлганини бирор марта тилга олган эмасди… Биз чўпонлар турмуши ҳақида, «капангалар» ва шарқдаги баъзи қариялар ҳали-ҳамон «гаучо» деб талаффуз қилиб юришган бу бразилча сўзнинг келиб чиқиши ҳақида суҳбат қурдик. Ва – Ўзи кечирсин! – ўн иккилик ҳосилалар ҳақида қайтиб оғиз очмадик. 1937 йилнинг сентябрида (биз бу вақтда меҳмонхонада эмасдик) Герберт Эш бўйин томири ёрилишидан қазо қилди. Қазосидан бир неча кун аввал унинг номига Бразилиядан муҳр босилган қути келган, ичида анча залворли бир китоб бор эди. Эш уни қаҳвахонада қолдирган жойидан, анча ойлар ўтиб топиб олдим. Мен китобни варақлай бошладим ва шунда вужудимни тушуниксиз саросима чулғаб олди – ҳайратимни тасвирлаб ўтирмайман, зеро гап менинг туйғуларим ҳақида эмас, балки Укбар, Тлён ва Орбис Терциус ҳақида бораётган эди. Исломнинг таълим беришича, аллақайси бир оқшом, Кечалар Кечаси деб аталувчи аллақайси бир оқшом фалакнинг яширин дарвозалари ланг очилади ва кўзалардаги сувлар яна-да лаззатли тортади; мен ўша дарвозалар қаршисида ҳам бу оқшомдаги каби ҳайратга тушмаган бўлур эдим. Китоб инглиз тилида ёзилган бўлиб, ҳажми 1001 саҳифа эди. Малла чармли корешокда қизиқарли ёзувни ўқиб қолдим, ёзув устмуқовада ҳам такрорланган: «Тлённинг Биринчи Энциклопедияси. ХI жилд. Хлаер-Жангр» – «A First Encyclopaedia of Tlön, vol. XI. Hlaer to Jangr». Нашр этилган вақт ва жой кўрсатилмаган, биринчи саҳифа билан рангли жадваллардан бирини тўсиб турган хитой қоғозига қуйидаги ёзувлари бўлган зангори шакл муҳрланган эди: «Orbis Tertius». Яширинча нашр қилинган аллақайси бир энциклопедия саҳифаларида хаёлий мамлакат ҳақидаги қисқа баённи ўқиб қолганимдан буён орадан икки йил кечди ва мана, энди тасодиф менга анча қадрли ва чиндан салмоқли нарсани ато этди. Мана, мен энди бутун бошли номаълум сайёранинг тарихи, меъморчилиги ва тафовутлари, афсоналарининг қўрқувлари ва забонларининг куйлари, ҳукмдорлари ва денгизлари, тоғу тошлари, қуш ва балиқлари, риёзиёти ва олов-оташлари, илоҳиётга оид ва метафизик аксил талқинлари жо бўлган кўламдор ва тартиб билан тузиб чиқилган китобга эга бўлган эдим. Бунда ҳаммаси аниқ, равон, панд-насиҳат ва ё масхара қилиш ниятидан ҳоли тарзда баён қилинган эди.
Мен ҳикоя қилаётган Ўн Биринчи Жилдда аввалги ва кейинги жилдларга ишора қилинган. «N.R.F.»да эълон қилинган ва классикага айланиб улгурган мақоласида Нестор Ибарра айни шу – бошқа жилдларнинг мавжудлигини инкор этади; Эсекиель Мартинес Эстрада билан Дриё ла Рошель эса унинг гумонларини тўла муваффақият билан рад қилдилар. Аммо астойдил қидирувлар ҳозирча натижа бермаётгани ҳам рост. Икков Америка ва Оврўпа кутубхоналарини биз бенаф ағдар-тўнтар қилиб чиқдик. Изқуварликдан иборат қўшимча бу юмушлардан ҳориган Альфонсо Рейес етишмаётган китобларни қайта ярата бошлаш фикрини ўртага ташлайди: панжасига кўра арслонни тиклаш, ex ungue leonem. У бунинг учун «тлёнчилар»нинг атиги бир авлоди етарли бўлишини ҳазил аралаш ҳисоблаб чиқди. Ушбу дадил хулоса бизни асосий муаммога олиб қайтади: Тлённинг ихтирочилари аслида кимлар? Бу жойда кўплик сонини қўллаш зарур эди, негаки якка-ёлғиз ихтирочи ҳақидаги, номаълумлик ва камтаринлик зимистони аро тер тўкаётган аллақандай чексиз ва танҳо Лейбниц ҳақидаги фараз бир овоздан рад қилинди. Бу гўзал янги дунё, brave new world – номаълум даҳо раҳбарлиги остидаги мунажжимлару табиатшунослар, мусаввир ва муҳандислар, метафизик ва шоирлар, кимёгару риёзиётчилар, аҳлоқшунос ва геометрлар… яширин жамиятининг ижоди, деб ўйлаш ҳақиқатга яқинроқ. Мана шу турфа илмлардан бохабар одамлар беҳисоб, аммо хаёл ва тасаввур қилишга қобиллар озчиликдир ва бу хаёлни қатъий тартибли режага бўйсундира олувчилар ҳисоби эса бундан-да камроқ. Ушбу режа шу қадар кўламдорки, ҳар бир иштирокчининг улуши оломон ичра адашган чивин кабидир. Дастлаб бошда Тлён – бу бошдан-оёқ тартибсизлик ҳамда тасаввурнинг бемасъул талотўпидан иборат, деб хаёл қилдилар. Энди маълум бўлишича, Тлён – бу яхлит дунёдир ва гарчи хомаки тарзда бўлса-да, уни бошқариб турувчи ички қонунлари ишлаб чиқилгандир. Оммабоп журналлар Тлённинг ҳайвонот олами ва қир-адирларини айрича иштиёқ билан омма мулкига айлантирди – фикримча, шаффоф қоплонлар ва қонхўр миноралар барча одамларнинг диққат-эътиборига лойиқ эмас. Тлёндаги дунёқарашлар силсиласини баён қилиш учун атиги бир неча дақиқа сўрайман.
Юм айтган эдики – ва мен бу фикрга қўшиламан – Берклининг далил-исботлари ҳеч қандай эътирозга йўл қўймагани каби, зиғирча ишонтира олмайди ҳам. Ушбу мулоҳаза бизнинг ерга нисбатан тўла-тўкис ҳақиқатдир, Тлёнга нисбатан эса тўла-тўкис ёлғон. У сайёра халқлари табиатан идеалистлардир. Уларнинг тили ва улар тилининг ҳосилалари – дин, адабиёт, метафизика – дастлабки идеализмни тақозо этади. Уларнинг назарида олам – буюмларнинг макондаги тўплами эмас, балки турли-туман алоҳида ҳатти-ҳаракатларнинг турфа хил мажмуасидир. Тлён учун макондаги эмас, ва балки вақтдаги давомийлик хос. Тлённинг тахмин қилинаётган – «ҳозирги замон» тиллари ва лаҳжалари ўсиб чиққан Боботили, Urspracheда отлар мавжуд эмас. Унда фақат адвербиал маънога эга бўлган, бир бўғинли сўз ясовчи қўшимчалар (ёки олдқўшимча) кўринишидаги аниқловчили шахссиз феълларгина мавжуд. Масалан: «ой» сўзига тўғри келадиган бирор сўз бўлмагани ҳолда, «ойламоқ» ёки «ойлантирмоқ» тарзида ўгириш мумкин бўлган сўзлар мавжуд. «Дарё узра ой кўтарилди» жумласи «хлёр у фанг аксаксаксас млё» бўлиб жаранглайди ёки бўлмаса, сўзма-сўз таржима қилинса, мана бундай: «юқорига узра доимий оқим ойланди».
Юқоридаги сўзлар жанубий минтақа тилларига тааллуқли, Шимолий минтақа тиллари (буларнинг боботили ҳақида ўн биринчи жилдда жуда оз маълумот берилган) феълнинг эмас, балки содда сифат асосига қурилган. От сифатларни йиғиб бориш йўли билан ҳосил қилинади. «Ой» эмас, балки «қоп-қора-думалоқ юзасидаги ҳаволанган-ёруғ» ёки «осмон» ўрнига «майин-зангор» дейишади ва ё ҳоҳлаган бошқа бирикмани ишлатишади. Биз танлаб олган мисолдаги сифатлар бирикмаси чиндан ҳам мавжуд жисмга мос келади – аммо бундай қилиш, аслида, умуман шарт эмас. Айни шу минтақа адабиётида (Мейнонг воқелигидаги сингари) поэтик ният талабларига биноан, бир лаҳзада пайдо бўлиб, ғойибликка юз тутар хаёлий буюмлар ҳукм суради. Баъзан улар бир лаҳзалик вақтга боғлиқ бўлади. Икки сифатдан – кўринувчи ва эшитилувчи белгилардан – иборат нарсалар мавжуд: шафақ ранги ва қушнинг олис қичқириғи. Кўп белгилардан иборат нарсалар мавжуд: қуёш ва сузувчи кўксига қарши сув – юмуқ қабоқлар ортидаги ғира-шира зангори шуъла, дарё оқими ва ё туш қучоғига ўзини бахшида қилган одамнинг туйғулари. Иккинчи даражали ушбу жисмлар бошқалари билан бирикиши, баъзи бир қисқартма сўзлар ёрдамида эса бутун бир жараён деярли адоқсиз бўлиши мумкин. Битта дона улкан сўздан иборат машҳур достонлар мавжуд. Муаллиф яратган «поэтик объект» бу сўзда яхлит ҳолга келтирилган. Гапнинг от бўлаги борлигига ҳеч кимнинг ишонмаслиги оқибатида қизиқ жумбоқ келиб чиқди – ҳар бир шимолий минтақа фуқароси уларнинг (отларнинг) миқдори чексиз, деб ҳисоблайди. Ушбу минтақа тилларида ҳинд-оврўпа тилларининг барча отлари ҳамда кўплаб бошқа нарсалар ҳам мавжуд.
Муболағасиз айтиш мумкинки, Тлённинг мумтоз маданияти бор-йўғи битта илмдан – руҳиётшуносликдан иборат бўлиб, бошқа барча фанлар унга бўйсунади. Айтиб ўтганимдек, бу сайёра одамлари дунёни маконда эмас, балки вақт давомийлигида содир бўлувчи моддалар ҳаракатининг мажмуаси сифатида тушунадилар. Спиноза ўзининг чексиз илоҳига кўлам ва тафаккур сифатларини лойиқ кўради; биринчи сифатнинг (фақат баъзи ҳолатларга хос биринчи сифатнинг) иккинчи сифатга (коинотнинг бекаму кўст айнияти ҳисобланган иккинчи сифатга) қарама-қарши қўйилишини Тлёнда ҳеч ким тушунмаган бўлур эди. Бошқача қилиб айтганда, маконга тегишли аллақандай бир нарсанинг вақтда давом қилишини улар хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Уфқда кўринган тутун, куйиб ётган дала ва кейин мана шу ёнғинга сабаб бўлган чала ўчирилган папироснинг намоён бўлиши ғоялар бирикмасига мисол тарзида изоҳланади.
Мана шу ялпи монизм ёки идеализм ҳар қандай фанни норасо қилади. Аллақайси бир ҳодисани тушунтириш (ёки аниқлаш) учун уни бошқа бир ҳодиса билан боғлаш лозим; Тлён фуқароларининг қарашларига кўра, бу каби алоқа жисмнинг навбатдаги ҳолати ҳисобланади ва, ўз навбатида, бу ҳолат аввалги ҳолатни ўзгартириш ва ё изоҳлашга қодир эмас. Ҳар қандай тафаккур ҳолати ҳеч қандай оқибатга олиб келмайди: ҳатто шунчаки номлаш ҳолати – яъни, id est турларга ажратиш – орқали хатога йўл қўйилади – асл нусха бузиб кўрсатилади. Шу вазиятлардан келиб чиқароқ, Тлёнда фанлар ва ҳатто оддий мулоҳаза ҳам бўлиши мумкин эмас, дея хулоса қилиш мумкин эди. Аммо қизиғи шундаки, фанлар беҳисоб у ерда. Фалсафий таълимотлар ҳам шимолий минтақадаги отларнинг кўйига тушганлар. Ҳар қандай фалсафа, ҳеч шубҳасиз диалектик ўйин, аллақандай Philosophie des Als Ob – Худди Гўё фалсафасидир, деган ҳақиқат фалсафий мажмуаларнинг кўпайишига олиб келди. У ерда ақл бовар қилмас турли-туман фалсафий қарашлар ўпқони яратилган бўлиб, уларнинг қурилиши аксарият ҳолларда жозиба ва шов-шувга асосланган тарздадир. Тлён метафизиклари ҳақиқат тугул, унинг шарпасига ҳам интилмайдилар – улар ҳайрат ва таажжубга солувчи нарсани излайдилар. Уларнинг фикрича, метафизика – фантастик адабиётнинг бир тармоғидир. Ҳар қандай тизим, аслида, борлиқ барча жиҳатларининг аллақайси бир муайян жиҳатга бўйсунишидан бошқа нарса эмаслигини улар жуда яхши билишади.
Ҳатто «барча жиҳатлар» ибораси ҳам ярамайди, зеро бу билан ҳозирги замон ва ўтган замонларнинг ақлга сиғмас бирлигига ишора қилинади. Қолаверса, кўплик сони – ўтган замонлар – ҳам ножоиз, зеро, бу билан ўзгача тасаввурнинг ақлга сиғмаслигига гўёки ишора қилинган бўлади… Тлён фалсафий оқимларидан бири охир-оқибатда вақтни ҳам инкор этади: айни фозилларга кўра, ҳозирги замон ноаниқ, келажак бўлса, у ҳақда ҳозирги замон бағрида ўйланган фикр тариқасидагина воқеъдир.* Бошқа бир оқим айтадики, «барча замонлар» ўтиб бўлди ва бизнинг ҳаётимиз, шу ҳолича, ўз якуни томон беомон кечиб бораётган муқаррар жараённинг элас-элас хотиралари ва ё жилла қурса, пажмурда инъикосидир. Яна бирининг фаразича, жаҳон тарихи – бизнинг барча ҳаётларимиз тарихи, ҳаётларимизнинг майда-чуйда тафсилотлари тарихи яширин жаҳон тарихи – иблис билан тил бириктирган иккинчи даражали аллақайси бир маъбуд томонидан муттасил қайд этиб борилгай. Навбатдагиси уқдирадики, дунёни баъзи белгилари аҳамиятсиз бўлган криптограмма – махфий нома билан қиёс қилиш мумкин ва уч юз кечада бир содир бўлар ҳодисагина чин ҳақиқатдир. Яна бирови – биз бу ерда ухлаб ётар эканмиз, ўзга дунёда бедор юрамиз, шу тариқа ҳар бир одам – аслида икки одамдан иборатдир, дея ишонтиради.
Тлёндаги ҳеч бир таълимот материализм каби ашаддий мунозараларга сабаб бўлмаганди. Баъзи файласуфлар уни ҳам – кўпроқ эҳтиросга берилиб – бир жумбоқ тарзида изоҳлайдилар. Ушбу ақл бовар қилмас таълимотни англаш осон бўлсин учун ўн биринчи аср* ересиархи тўққиз дона кумуш тангадан иборат жумбоқ ўйлаб топди. Ушбу беназир топишмоқнинг кўплаб талқинлари бўлиб, уларда тангалар ва топилдиқларнинг турлича миқдорлари кўрсатиб ўтилади; бу талқинларнинг энг машҳурини келтираман:
«Сешанба куни кимсасиз йўлдан ўтиб бораётиб, X тўққиз дона мис тангаларни йўқотиб қўяди. Y пайшанба куни шу йўлдан чоршанба куни ёғиб ўтган ёмғир туфайли бир оз занг босган тўрт дона мис танга топиб олади. Z жума куни йўлдан учта танга топади. Ўша куни эрталаб Х ўз уйи йўлагидан иккита танга топади.»
Ересиарх бу воқеа орқали топиб олинган тўққиз дона танганинг мавжудлигини – яъни борлиқда узлуксизлигини – исбот қилмоқчи эди. У таъкидлайдики, «Айни тангаларнинг тўрттаси сешанба билан пайшанба оралиғида, учтаси – сешанба билан жума оқшоми оралиғида, иккитаси эса – сешанба билан жума куни эрталаб оралиғида мавжуд эмасди, деб ўйлаш бемаънилик бўлур эди. Улар вақтнинг мана шу уч бўлаги ҳар бир дақиқасида – жиллақурса инсон англай олмас қандайдир яширин ҳолатда – мавжуд эди, деб ўйлаш ҳақиқатга яқинроқ».
Ушбу жумбоқни таърифлашга Тлёнда амалда бўлган тил яроқсиз эди – кўплар барибир ҳеч вақони тушунмади. Соғлом мантиқ тарафдорлари дастлаб бошда бу чўпчакнинг чинлигига ишонмаслик билан қаноатланишди. Уларнинг таъкидича, бу таомил билан мустаҳкамланмаган ва қатъий мантиқий мулоҳазага ёт икки янги сўздан – «қидириб топмоқ» ва «йўқотмоқ» феълларидан – ғайриоддий тарзда фойдаланишга асосланган ғирромликдир, илло, бу икки феъл, мантиқий таомилга зид равишда, дастлабки тўққиз танга билан кейинги тўққиз танганинг айнийлигини назарда тутади. Ушбу соғлом тафаккур ҳомийлари яна эслатиб ўтадиларки, ҳар қандай от (одам, танга, пайшанба, чоршанба, ёмғир) фақат рамзий маънога эгадир. «Чоршанба куни ёғиб ўтган ёмғир туфайли бир оз занг босган» қабилидаги маккор тасвир фош этилган эди. Бу жумлада сешанба билан пайшанба оралиғидаги тангаларнинг узлуксиз мавжудлигини ҳали исбот қилиш лозим эди. Бу шундай тушунтирилади: «ўхшашлик» билан «айнийлик» бутунлай бошқа нарсалардир, шундан келиб чиқароқ, тўққиз нафар одам қаторасига тўққиз кун давомида кучли оғриқ чангалида бўлганлари назарда тутилган бир маънисизлик ёки фараз қилинган ҳодиса – reductio ad absurdum ишлаб чиқилди. Мана шу оғриқ ҳар вақт бир хилдир, деб тахмин қилиш бемаънилик эмасми? – савол қўйишади улар.* Алалхусус, айни мантиқ билан қуролланган бу муҳтарам жамоа жумбоқ ўйлаб топган шўрлик ересиархни куфрда айблади, уларга кўра, ересиарх фақат бир нарсани – илоҳий «борлиқ» сифатини оддий тангаларга раво кўришдай куфр ниятни кўнглига туккан эди, боз устига ересиарх кўплик шаклини гоҳ инкор этиб, гоҳо эътироф қилади. Бунинг учун шундай далил-исбот келтирилади: борди-ю ўхшашлик айнийликни назарда тутса, у ҳолда тўққиз дона танга якка-ягона битта тангадир, деб ўйлаш ҳам лозим эди.
Раддиялар ҳали адоғига етган эмасди. Муаммо таърифлаб берилганидан сўнг орадан юз йил ўтгач, бизнинг ересиарх сингари зўр қобилиятли, бироқ изчил анъана тарафдори бўлган бошқа бир донишманд фавқулодда дадил фаразни ўртага ташлади. Унинг анча пухта тахминида таъкидланишича, якка-ёлғиз зот мавжуд, мана шу яхлит зот моҳият-эътибори-ла оламдаги барча ҳилқатларнинг ҳар биридир ва ўз навбатида, барча ҳилқатлар илоҳнинг тана аъзолари ҳамда ниқобларидан ўзга нарса эмас. Х – Y ва Z дир. Z учта танга топиб олади, чунки буларни X йўқотиб қўйганлигини эслайди; X йўлакдан иккита танга топади, чунки қолганлари ҳам топилганини эслайди… Ўн биринчи Жилддан маълумки, ушбу идеалистик таълимотнинг узил-кесил ғалабаси учта асосий сабаблар билан боғлиқ эди: биринчиси – фикрловчи мавжудотни танҳо воқелик, деб билувчи таълимотга (солипсизмга) нисбатан нафрат; иккинчиси – руҳиётшуносликни илмлар пойдевори сифатида сақлаб қолиш имконияти; учинчиси эса – худолар мавқеига путур етказмаслик интилишлари. Шопенгауэр (эҳтиросли ва мусаффо Шопенгауэр) «Parerga und Paralipomena» – «Афоризмлар ва максималар»нинг биринчи жилдида шунга яқин таълимот яратди.
Тлёний ҳандаса ўзаро бироз фарқланувчи икки илмдан – кўз билан кўришга ва ҳис қилишга асосланган геометриялардан иборат. Бизнинг ҳандаса билан бақамти бўлган иккинчиси биринчисига бўйсундирилган. Нигоҳий геометрия нуқталарга эмас, балки буюм юзасига асосланган. Бақамти чизиқлардан бехабар ушбу фаннинг уқдиришича, бир жойдан бошқа жойга ҳаракатланиб кўчаётган одам атрофидаги буюмлар шаклини муттасил ўзгартириб боради. Тлён ҳисобшунослиги асосида чексиз сонлар тушунчаси ётади. Бунда асосий эътибор катта ва кичик тушунчаларга қаратилгандир. Буларни бизнинг риёзиётчилар > ва < белгиси билан ифодалайди. Бизникиларнинг Тлёндаги ҳамкасблари айтадики, ҳисоб жараёнининг ўзи миқдорни ўзгартириб, уни ноаниқ ҳисобдан аниқ ҳисобга айлантиради. Бир неча одам айнан битта миқдорни ҳисоблаб, бир хил натижа чиқаришлари, руҳиётшунослар назарида, ғоялар бирлиги ёки хотира ўткирлигига мисол тариқасида тушунилади. Тлёнда тафаккур объектининг ягона ва мангулиги эса бизга маълум.
Адабий тамойилларда ҳам ягона объект ғояси ҳукм суради. Муаллиф жуда кам ҳолларда кўрсатиб ўтилади. У ерда «қаллоб плагиат» тушунчасининг ўзи йўқ: мавжуд барча асарлар замондан ташқари ва исми номаълум танҳо муаллиф қаламига мансуб ягона асар унсурларидан ўзга нарса эмаслиги кундай равшан. Баъзан эса танқидчиларнинг ўзлари муаллифларни ўйлаб топади: бунинг учун икки турли асар танлаб олиниб – масалан, «Дао Дэ Цзин» («Tao Te Ching») ва «1001 кеча» – уларни битта адиб номи билан боғлайдилар, сўнгра ушбу ажабтовур homme de lettres – қаламкашнинг руҳияти холис ва жиддий тарзда тадқиқ этила бошланади.
Уларнинг китоблари ҳам бизники каби эмас. У ернинг адабиёти якка-ягона воқеани такомиллаштириб бориш билан машғул. Фалсафада ҳамиша тезис ва антитезис, ҳар қандай таълимотнинг қатъий амалда бўлган «параст» ва ҳам «аксил» тушунчаси мавжуд. Ўз бағрида инкор этувчиси бўлмаган китоб Тлёнда нотугал саналади.
Идеализм ҳукм сурган замонлар воқеликка таъсир қилмасдан қолмади. Тлённинг энг қадимий вилоятларида йўқолган буюмларнинг икки ҳисса кўпайиши мунтазам учрайди. Айтайлик, икки одам бир дона қаламни излайди, биринчи одам топиб олиб, лом-мим демайди: иккинчи бир одам бошқа қаламни, аввалги қалам сингари чинакам, бироқ бу одамнинг тасаввурига кўпроқ мос келадиган бошқа қаламни топади. Айни иккиламчи буюмлар «хрёнирлар» дейилиб, улар бирмунча беўхшов бўлса-да, фойдаланишга анча қулай. Якин вақтларгача «хрёнирлар» хаёлпарастлик ва хотира сустлигининг тасодифий маҳсуллари эди. Улар эндигина юз йилдан буён режали равишда ишлаб чиқарилаётганига ишониш қийин, аммо Ўн Биринчи Жилд бунга гувоҳ. Дастлабки уринишлар муваффақиятсизликка учраган эди. Бироқ шундай бўлса-да, modus operandi, ишлаб чиқариш услуби эслаб ўтишга лойиқ. Давлат тасарруфидаги қамоқхоналардан бирининг бошлиғи бир гал дарёнинг эски ўзанида қадимий қабристон борлигини маҳбусларга эълон қилиб, кимки арзигулик буюм топса, уни озод этишни ваъда қилди. Қазиш ишлари бошланишидан бир неча ой аввал улар топишлари лозим бўлган буюмлар суратини кўрсатишди. Ушбу дастлабки уриниш умид ва баднафслик ишга ҳалал беришини намойиш этди: белкурак ва чўкич билан бир ҳафта тер тўкилгач, тажриба ўтказилаётган вақтдан анча аввалги даврга мансуб, занг босган ғилдиракдан бўлак ҳеч қандай «хрён»ни топиб бўлмади. Махфий тутилган тажрибани кейинроқ тўртта коллежда такрорлашди. Дастлабки учтасида ҳеч бир иш чиқмади, тўртинчи коллеж ўқувчилари эса (бунинг бошқони қазиш ишлари бошлангач, тўсатдан қазо қилди) олтин ниқоб, кўҳна шамшир ва кўксида ёзуви бўлган, яшилга мойил шоҳона совутни қазиб олдилар ва ё бунёд этдилар. Ёзувни эса ҳеч ўқиб бўлмади. Қидирувларнинг тажриба эканидан бохабар гувоҳларнинг ишга яроқсизлиги шу тариқа аён бўлди… Оммавий қидирувлар мутлақо терс хусусиятли буюмлар туғдираётган эди: ўшандан буён қазиш ишларини алоҳида, ҳаттоки тадориксиз олиб боришга келишилди. «Хрёнирлар»ни режали ишлаб чиқариш (Ўн Биринчи Жилдда шундай дейилган) қадимшунос археологлар оғирини енгил қилди: энди келажак сингари бўйсинувчан ва юввош тортиб қолган ўтмишга ҳам жило бериб, уни ҳатто ўзгартириш мумкин бўлиб қолди. Эътиборга лойиқ мисол: иккинчи ва учинчи даражали «хрёнирлар»да, яъни бошқа бир «хрён»дан келиб чиққан «хрёнирлар» билан «хрён» «хрён»дан келиб чиққан «хрёнирлар»да дастлабки «хрён» хатоларининг кучайиши кўзга ташланиб қолди; бешинчи даражали «хрёнирлар» «хрён»га жуда ўхшаб кетади; тўққизинчи даражали «хрёнирлар»ни иккинчи даражали «хрёнирлар» билан адаштириб юбориш мумкин; ўн биринчи даражали «хрёнирлар»да эса асл нусхаларда ҳам бўлмаган мусаффолик мавжуд. Аммо бу жараён даврийдир, яъни ўн иккинчи даражали «хрён»дан бузилиш бошланади. «Хрён»дан шаклининг ажойиб ва софлигига кўра ҳар қандай «ур» устун туради: «ур» – ишонтириш орқали бунёд қилинган, йўқлик бағридан умид кўмагида олиб чиқилган буюм саналади. Сўзлаб ўтганим ажойиб олтин ниқоб – бунга ёрқин мисолдир.
Тлёндаги буюмлар икки ҳисса кўпаяди, аммо шунингдек, уларда яна бир хислат бор: одамлар хотирасидан кўтарилгач, ашёлар тобора хира тортиб, хос белгиларини йўқота боришга мойил. Бунга ўтмишдан мисол – ҳар куни аллақайси бир гадойнинг пойи қадами тегиб тургач мавжуд бўлган, у қазо қилгач эса кўздан ғойиб бўлган бир остона. Баъзан ўзига ошён қурган қушлар ёки қирчанғи от амфитеатр харобаларини мангу йўқ бўлишдан сақлаб қолгич эди.
Сальто-Ориенталь, 1940.

Пост-скриптум, 1947. Юқорида баён қилинган бадиани мен 1940 йилда Antología de la literatura fantástica («Фантастик асарлар куллиёти»)да чоп этилган ҳолича – бир неча ташбеҳ ва мана энди енгилтаклик бўлиб туйилаётган ҳазиломуз хулосани ҳисобга олмаганда – қисқартиришларсиз келтиряпман. Ўшандан буён қандай воқеалар бўлиб ўтмади дейсиз!.. Улардан айримларига тўхталиб ўтаман.
1941 йил мартида Герберт Эшга тегишли Хинтон рисоласи саҳифаларида Гуннар Эрфьорд қўли билан битилган мактуб топилди. Зарфига Оуро-Прето почта муҳри урилган ушбу мактуб саҳифаларида Тлённинг сир-синоати тўкис тушунтириб берилган эди. XVII асрнинг биринчи ярмига мансуб аллақайси оқшом – Люцерна ва ё Лондонда – ушбу ажабтовур лойиҳага илк бор асос солинган, мутлақо янги ўлка ўйлаб чиқариш мақсадида бирлашган маслакдошлар яширин жамияти (унинг аъзолари қаторида Дальграно, кейинроқ Жорж Беркли ҳам бор эди) таъсис этилади. Анча мубҳам дастлабки дастурга кўра «герметик илмлар», хайрия ва каббала (тилсимот илми) назарда тутилганди. Андреенинг мароқли асари айни шу илк даврда яратилди. Кенгашиш ва таҳлиллар билан ўтказилган бир неча йилдан сўнг бутун бошли мамлакат ўйлаб чиқариш учун бир авлод кифоя қилмаслиги жамият аъзоларига аён бўлди. Тадбирни давом эттириш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзига издошлар танлаб олишига келишилди. Бу каби меросхўрлик тартиби самарали бўлиб чиқди: икки асрлик қувғиндан сўнг ушбу фирқа Америкада қайта тикланди. 1824 йил Мемфисда (Теннеси штати) жамият аъзоларидан бири хонанишин корчалон – Эзро Бакли билан ҳамсуҳбат бўлади. Ҳикояни истеҳзо аралаш тинглаб бўлгач, ушбу режанинг камтарона кўламини кулгуга олади. Америкада мамлакат ўйлаб топиш бемаъниликдир, деди Бакли ва бира-тўла бутун бошли сайёра ихтиро қилишни таклиф этди. Мазкур улуғвор ғояга у яна бир таклиф, ўз нигилизми маҳсулини илова қилди: ушбу бемисл режа мутлақо сир тутилмоғи лозим. Айни ўша маҳалда Encyclopedia Britannicaнинг йигирма жилди босмадан чиққан, Бакли хаёлий сайёранинг тартибга солинган мана шундай қомусини яратишни таклиф қилади. Олтин заҳираларига бой тоғларни, кемалари билан тўлиб тошган дарёларни, буқа ва бизонлари ўтлаб юрган яйловларни, бу сайёра занжилари-ю исловатхона ва ақча-ю долларларини кўнгилга сиққунча тасвирлайверишсин, аммо шарти шуки, «бу асар лўттибоз Исо Масиҳ измида бўлмасин». Бакли Худога топинмас, аммо ожиз бандалар ҳам бутун бошли олам ярата олишларини мана шу йўқ Худога исбот қилмоқчи эди. У Батон-Ружда 1828 йил заҳарланиб ўлди; 1914 йилда жамият ўз издошларига – уларнинг нафари уч юз эди – Тлён Биринчи Энциклопедиясининг сўнгги жилдини топширади. Бу нашр махфий эди: уни ташкил қилган қирқ жилд (инсонлар қўли билан битилган энг улкан асар) анча муфассал бошқа бир нашр учун, инглиз тилида эмас, балки энди Тлёндаги тилларнинг бирида ёзилиши керак бўлган бошқа бир нашр учун асос бўлиб қолиши лозим эди. Ушбу хаёлий дунё шарҳи Orbis Tertius деб номланган бўлиб, Герберт Эш – Гуннар Эрфьорд гумаштаси ва ё жамият аъзоси сифатида – унинг яратувчиларидан бири эди. Ўн биринчи жилднинг юборилиши Эш жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлган, деб тахмин қилишга асос беради. Бошқа жилдлар тақдири қандай кечган? 1942 йилдан қизиқарли воқеалар содир бўла бошлади. Дастлабкиларини аниқ-тиниқ эслайман ва эҳтимол, бу воқеа илк дебоча эканини ўшандаёқ ҳис этгандим. Бу воқеа Лаприда кўчасидаги чорбоғда, мағрибга қараган баланд болохона қаршисида содир бўлди. Княгиня де Фосиньи Люсенж хоним номига Пуатьедан кумуш идишлар олиб келинди. Ажнабий муҳрлар билан зийнатланган қути тубларидан гўзал буюмлар пайдо бўла бошлади: Утрехт ва Париждан юборилган, жониворлар сурати нақшланган турли ошхона жиҳозлари, бу жиҳозлардан ҳам кўра нафис чой қайнатгич. Ушбу мудроқ жонзотлар ичра қибланамо синоатли титрар эди. Қибланамо княгиняга тегишли эмасди. Унинг зангор мили оҳанрабо майдони томон интилган, қабариқ пўлат сиртига нақшланган ҳарфлар эса Тлёндаги алифболардан бирига тааллуқли эди. Шу тариқа хаёлий дунё чин дунёга илк бора бостириб кирди. Мени ташвишга солган тасодиф боис иккинчи воқеага ҳам шоҳид бўлдим. Бу – орадан бир неча ой ўтгач, Кучилья-Неградаги бир емакхонада юз берди. Аморим иккимиз Санта-Анадан қайтиб келаётгандик. Такуарембо дарёси ўзанидан чиқиши оқибатида биз у жойларнинг абгор меҳмоннавозлигини бошдан ўтказишга (ва тоқат қилишга) мажбур бўлдик. Хўжайин шароб мешлари қалашиб ётган хонага биз учун жой ҳозирлади. Биз ўринга ётдик, аммо девор ортидаги маст ҳамсоя гоҳ узоқ ва бежамдор сўкиниб, гоҳ эса бачкана қўшиқни увлаб куйлаган кўйи тонгга қадар уйқу бермади. Биз табиийки, ҳеч тинмаган бу овозларни емакхонада сийланган мусаллас касридан деб билган эдик… Ҳамсояни эрталаб йўлакда жонсиз ҳолда топишди. Хирилдоқ овоз бизни чалғитган эди – марҳум ҳали ароқхўрлик илмидан жиддий сабоқ олмаган навжувон йигит бўлиб чиқди. Унинг белбоғидан бир неча танга ва шашқол донаси каби катталикдаги ялтироқ конус тушиб қолди. Бир болакай уни олиб қочишга беҳуда уринарди. Конусни ўрта яшар одам базўр кўтара олди. Мен уни бир неча сония кафтимда ушлаб турдим: эсимда, оғирликка тоқат қилиб бўлмас эди, конусни олиб қўйишгач эса яна анча вақт вазнини ҳис этиб турдим. Кафтимда яққол гардиш излари қолганди. Бу қадар ғайриоддий вазнга эга мўъжаз буюм кўнгилда ғашлик ва хавотир уйғотар эди. Кимдир биров уни тезоқар дарёга улоқтиришни таклиф қилди. Бир неча песо эвазига Аморим конусни харид қилди. Марҳум ҳақида эса у «шарқий соҳилдан» эканидан бошқаси маълум эмасди. Ўша жажжи, вазмин конуслар (ер юзида номаълум маъдан) Тлёндаги айрим динларда илоҳ тимсоли бўлиб хизмат қилади.
Мана шу жойда ҳикоянинг ўзимга тааллуқли қисмига нуқта қўяман. Қолганлари эса барча ўқувчиларим хотирасида (ва балки умид ва ё қўрқувларида) яшайди. Фақат яна айрим мисолларни эсга солиш кифоя. Башариятнинг кўламдор хотираси уларни тўлдириб, равнақ эттиришига аминман. 1944 йилда бир одам Мемфис кутубхонасида (Нашвилл, Теннеси штати) “The American” газетасини тадқиқ қилаётиб, Тлён Биринчи Энциклопедиясининг барча қирқ жилдини топиб олди. Ўша кашфиёт тасодиф эдими ва ёки ҳанузга довур яширин бўлган Orbis Tertius соҳибларининг ижозати билан рўёбга чиқарилганмиди, деган масала атрофида ҳамон мунозаралар тинган эмас. Кейинги фараз ҳақиқатга яқинроқ, чамаси. Ўн биринчи Жилднинг ақл бовар қилмас айрим таъкидлари (дейлик, “хрёнирлар”нинг кўпайиш хусусияти) Мемфисда топилган нусхада ташлаб ўтилган ёки бир қадар юмшатилганди. Бундан келиб чиқароқ, шундай тахмин қилиш мумкин – айни тузатишлар ушбу янги дунёни чин дунёга имкон қадар яқин тасвирлаш режасига кўра амалга оширилган эди. Буюмларнинг Тлёндан турли мамлакатлар бўйлаб тарқалиши, афтидан, бу режани якунлаши лозим эди… Ҳақиқат шуки, жаҳон матбуоти “топилма” атрофида катта шов-шув кўтарди. Дарсликлар, антология ва куллиётлар, тақриз ва ўгирмалар, Башарият Улуғвор Асарининг муаллифлар билан келишилган ва ё ўғринча қайта нашрлари ўшандан буён ер юзини тўлдириб юборди. Бу жараён ҳали-ҳамон тўхтаган эмас. Воқелик бир зумда турли нуқталарда чекина бошлади. Албатта, воқелик аслида ҳам ён беришни тусаб қолган эди. Атиги ўн йил аввал одамлар хаёлини ўғирлаш учун бир-бирига бақамти ва қатъий тартибли туйилган тушунчалар, айтайлик, диалектик материализм, аксилсомийлик ва ё фашизм кифоя эди. Шундай экан, ҳар соҳаси тартибга солинган янги сайёранинг – Тлённинг жозибасига учиш, унинг муфассал ва равшан манзарасига кўнгил қўйиш аслида ҳеч гап эмасди. Ахир, воқелик ҳам тартибга солинган-ку, деб эътироз билдириш бефойда. Ҳа, балки шундайдир, аммо у илоҳий қонунларга кўра тартиб қилинган – бунинг таржимаси эса шу: атрофимизда кечаётган ва биз кўниккан воқелик англаб етиш имконсиз бўлган ноинсоний қонуниятларга кўра тартиб қилинган. Тлён эса – бу лабиринт, у инсонлар ўйлаб чиқарган лабиринт, у инсонлар англаб етишлари ҳаққи барпо қилинган лабиринт.
Тлён билан алоқалар ва унга кўникиш биз яшаб турган дунёни йўлдан оздирди. Тлённинг хушбичимлигидан эсини йўқотган инсоният бу уйғунлик фаришталарининг эмас, ва балки шатранж усталари ниятининг маҳсули эканини тобора ёддан чиқараётир. Тлённинг (фаразларга асосланган) “дастлабки тили” мактабларга бостириб кирди, Тлённинг баркамол (ва ҳаяжонли манзараларга тўла) тарихини ўқитиш ўша тарихга, болалик йилларим устидан ҳукмрон бўлган ўша тарихга кўланка ташлаб улгурди; одамлар хотирасидаги одатий ўтмишни бошқа бир ўтмиш, биз сохта ва қаллоб эканидан ҳам бехабар бошқа ўтмиш сиқиб чиқармоқда. Нумизматика, доришунослик ва археология ўзгаришларга юз тутди. Ўйлашимча, табиатшунослик ва риёзиётни ҳам шу қисмат кутаётир… Ер юзаси бўйлаб тариқдек сочилган танҳо донишмандлар шажараси шу тариқа дунё тусини ўзгартириб юборди. Уларнинг иши давом қилаётир. Агарки, башоратларимиз рўёбга чиқса, юз йиллардан сўнг кимдир биров Тлён Иккинчи Энциклопедиясининг юз жилдини топиб олади.
Ва ўшанда сайёрамиздан инглиз тили ҳам, фаранги ва испан тили ҳам ғойиб бўлади. Дунё – Тлёнга айланади. Менга эса барибир, мен Адрога меҳмонхонасининг сокин паноҳи остида Браун “Дафн кўзаси” – Urn Burial тадқиқига доир Кеведо руҳидаги бадиага (уни чоп эттирмоқчи эмасман) сайқал бериш билан машғулман.

Шарифжон Аҳмедов таржимаси
_______________________________________________
Изоҳлар:
Orbis Tertius (лот.) – Учинчи Дунё.
*Рассел (“The Analysis of Mind” – “Тафаккур таҳлили”, 1921, 159-бет) бизнинг сайёра атиги бир неча дақиқа аввал яратилган, одамлар эса ўзларининг ёлғон ўтмишларини “хотирлаш” билан машғул, деб ҳисоблайди.
*Ўн иккилик саноқ сонлар тизимига кўра “аср” – 144 йиллик даврдан иборат.
*Ҳозирги пайтда Тлён черковларидан бири айни оғриқ, айни яшил аралаш сарғиш ранг, айни иситма ва бу ҳолатдаги оғриқ саслари аслида ягона воқелик эканини таъкидламоқда. Қўшилиш лаззатини туяётган барча одамлар аслида бир одам. Шекспирнинг аллақайси бир сатрини такрорлаётган ҳар бир одам – аслида Уильям Шекспирдир.
*Бакли шаккок бир даҳрий ва қулчилик тузуми тарафдори ўлароқ яшаб ўтди.