ТАРМОҚЛАНГАН СЎҚМОҚЛАР БОҒИ
Лиддел Гарт ёзган “Жаҳон уруши тарихи” китобининг йигирма иккинчи саҳифасида шундай маълумот берилган: Британиянинг 13 та дивизияси бир минг тўрт юзта замбарак ёрдамида Сен-Монтобан жабҳасига 1916 йил 24 июлга қилинадиган ҳужумни йигирма тўққизинчи июл эрталабига кўчиришга тўғри келди. Капитан Лиддел Гартнинг фикрича, бунга кучли ёмғирлар сабаб бўлиб, ўз ҳолича бу унчалик муҳим аҳамиятга молик эмасди. Циндар шаҳридаги Олий мактабнинг собиқ инглиз тили ўқитувчиси доктор Ю.Цун томонидан айтиб туриб ёздирилган ва ўқиб чиқиб имзолаган қуйидаги баённома шу воқеага бирданига ойдинлик киритди. Матн бошланишида икки саҳифа етишмасди.
“…Телефон гўшагидан олмонча жавоб қайтарган овоз эгасини танидиму гўшакни қўйдим. Бу капитан Ричард Мэдденнинг овози эди. Мэдден – Виктор Рунебергнинг уйида! Демак, бизнинг барча ҳаракатларимиз зое кетди, шу билан бирга – (гарчи бу мен учун иккинчи даражали бўлиб кўринса ҳам) ўзимиз ҳам тамом бўлдик, дегани. Демак, Рунеберг ё қамоққа олинган ёки ўлдирилган. Қуёш ботмасданоқ менинг ҳам шўрлик бошимга иш тушади. Мэдден аяб ўтирмайди. Тўғрироғи, у шунга мажбур.
Деразадан, ҳар доимгидек, томлар ва кечки ботаётган қуёшнинг хира нурлари кўриниб турарди. Бирор воқеа содир бўлишини олдиндан билиб бўлмайдиган оддийгина бегим куни менинг ажалим етишига сира ишонгим келмайди. Мен, отадан етим қолган, гўзал ва сўлим Хайфин боғчасида ўйнаб юрган бола эдим. Наҳотки, ҳаммаси тамом бўлса? Шу пайт ўйлаб қолдим: дунёдаги барча одамларга ҳозир нималардир бўлаяпти, айнан ҳозир. Асрлар кетидан асрлар ўтаверади, воқеалар содир бўлаверади. Ҳозир ҳам қанчадан-қанча одамлар ҳавода, қуруқликда, денгизда, бир нималар қилаяпти, лекин у нарсаларга менинг алоқам йўқ. Менда содир бўлаётган нарса фақат менгагина тааллуқли бўлган нарсадир. Мэдденнинг чўзиқ узунчоқ башарасини эслашим биланоқ барча ўй-фикрларим чалкашиб кетди. Қўрқув аралаш нафрат билан (қўрқоқлигимни тан олдим, энди эса Ричард Мэдденни боплаб алдагач, тез орада мени қатл қилишларини кутаяпман) ўйладим: бу қўпол, ўзига бино қўйган, ўзича бахт нашидасини сураётган галварс менинг бу сирни билишимни, яъни Британия артиллериясининг Ангор водийсидаги янги жойлашган манзили номини аниқ билишимни хаёлига ҳам келтирмайди.
“Қочиш керак”, — дилимдаги тилимга чиқди. Гўёки мени Мэдден таъқиб қилаётгандек, аста ўрнимдан туриб, секингина юра бошладим. Ўзимнинг аянчли аҳволимга яна бир бора иқрор бўлиш учунми, негадир чўнтакларимда нималар борлигини кўрмоқчи бўлдим. Кутганимдек, чўнтакларимдан америка соати, никелланган занжирга осилган квадрат шаклдаги танга, мени фош қилиши мумкин бўлган, энди эса кераксиз бўлиб қолган Рунеберг уйининг калитлари, ён дафтарча, хат (мен уни йўқотмоқчи эдим, лекин негадир қолдирдим), бир крона, икки шиллинг ва бир неча пенс, қизил-кўк қалам, рўмолча, бир ўқланган тўппонча чиқди. Нима учундир, балки қатъиятли бўлиш истагидадир, уни маҳкам қисдим, салмоқлаб кўрдим. Миямдан ноаниқ бир фикр ўтди: ўқ овози узоқдан эшитилади. Ўн дақиқадан сўнг менинг режам тайёр бўлди. Телефон дафтарчасидан мен берадиган хабарни етказиши мумкин бўлган ягона одамни топдим. У темир йўлдан борилганда ярим соатли масофада — Фентон атрофида яшарди.
Унчалик довюраклардан эмасман. Бунга ҳозир ҳам иқрор бўлишим мумкин. Мўлжалланган нарсамни охирига етказдим, аммо бу қанчалик даҳшатли кечгани ўзимгагина аён. Бу ишни Германия учун содир этмадим, асло. Мендан жосус сифатида фойдаланган, хўрлаган бундай ваҳший мамлакатни ҳечам қадрламайман. Англияда бир оддийгина одамни билардим, у мен учун Гётедан кам эмасди. У билан бир соатча гаплашдим ва у Гёте билан тенг эканлигига амин бўлдим…
Бошлиғимиз мен ва менга ўхшаш тоифадаги, томирларида беҳисоб аждодлари қони оқиб турган одамлардан жирканади. Оҳиста кийиндим, видолашгандек кўзгуга қарадим-да, уйдан чиқдим. Бекат унчалик узоқ эмасди, лекин мен кэб*дан фойдаланиш маъқул деб ўйладим. Шундай қилмасам, бу кимсасиз кўчада мени кўриб, таниб қолишлари мумкинлигига ўзимни ишонтирдим, қолаверса, мутлақ ҳимоясиз ҳам эдим. Ёдимда: кэбни вокзалнинг катта дарвозасига етмасдан тўхтатишни буюрдим, атайлаб шошмасдан тушдим. Эшгроу номли манзилгача боришим лозим эди, лекин чиптани ундан узоқроқ бўлган бекатгача олдим.
Поезд саккизу элликда жўнаши керак, бир неча дақиқа қолганди. Мен қадамимни тезлатдим, кейинги поезд тўққиз яримда жўнайди. Перрон деярли бўм-бўш эди. Вагонма-вагон ўтиб борар эканман, бир неча фермерни, мотам либосидаги аёлни, Тацитнинг “Йилномалар” китобига муккасидан кетган ўсмирни, дока ўралган, аммо мамнун солдатни кўрганим эсимда. Ниҳоят, вагонлар қўзғалди. Бир киши перроннинг охиригача юриб келди, лекин у кеч қолганди: уни танимаслигим мумкин эмасди — у капитан Ричард Мэдден эди. Тамом бўлдим: қалтираб, қўрқинчли ойнадан узоқроққа, ўриндиқ четига ғужанак бўлиб ўтириб олдим. Руҳимдаги ожизлик ва қўрқув тез орада қандайдир ич-ичимдан келган қувончга айланди. Ўз-ўзимга далда бердим: яккама-якка кураш бошланди, биринчи олишувда мен ғолиб чиқдим, арзимас қирқ дақиқа ютдим, менга ташланган рақибимни, майли, тасодиф туфайлими, доғда қолдирдим. Шу кичкинагина ютуғим катта ғалаба келтиради, деб ўзимга тасалли бердим.
Поездлар қатнови жадвалидаги фарқ мен учун бебаҳо бўлган вақт-ни инъом қилди, акс ҳолда аллақачон қамоққа олинган ёки ўлдирилган бўлардим, демак, бу ютуқни арзимас нарса деб бўлмайди. Шунга ўхшаш файласуфона фикрларга берилиб, ўзимни-ўзим ишонтирдим: менга ўхшаш қўрқоқларга ҳам омад кулиб боққанда ҳар қандай ишни охирига етказиш мумкин. Шу қилмишимдан ўзимда куч-қувват топдим ва у мени кейинчалик ҳам тарк этмади. Шундай замон келишини сезиб турибман: кундан-кунга одамларни бир-биридан даҳшатлироқ бўлган ишларни бажаришга мажбур қиладилар; тез орада дунёда фақат жангчилару, каллакесарлар қолади. Менинг уларга маслаҳатим: энг даҳшатли ишга қўл урмоқчи бўлган одам шундай фараз қилсинки, гўё у ўйлаганини амалга оширди, келажаги эса ўтмиш бўлиб қолди, ўтмишни эса қайтариб бўлмайди. Менинг кўзимда, худди ўликнинг қорачўғидек, бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисалар муҳрланиб қолгандек туюларди, балки бу ҳаётимнинг сўнгги кунидир ва у аста-секин тун билан алмашаётгандир.
Поезд дарахтзор олдидан юмшоққина ўтиб, назаримда даланинг қоқ ўртасида тўхтади. Бекат номини ҳеч ким эълон қилмади. “Бу Эшгроуми?” — деб сўрадим перронда турган болалардан. “Эшгроу”, — деб жавоб беришди улар. Поезддан тушдим. Платформани фонус ёритар, лекин болаларнинг кўзларини қоронғулик тўсиб турарди. Болалардан бири сўради: “Сизга доктор Стивен Альбернинг уйи керакми?” Жавобимни кутмасданоқ, бошқаси тушунтира кетди: “Унинг уйигача анча бор, мана бу чап томондаги йўлдан бораверасиз ва ҳар гал йўл ажаралганда чапга қайриласиз, адашмайсиз.”
Болаларга охирги тангамни бердим-да, тош зиналардан пастга, кимсасиз йўлга чиқдим. Йўл пастга қараб кетарди. Ёлғизоёқ тупроқ йўл, тепамда қуюқ дарахт шохлари соябон бўлиб кетган, тўлин ой уфқдан кўтарилиб гўё мени кузатиб борарди. Бирдан ярақлаб миямдан бир фикр ўтди — Ричард Мэдден гўё қалтис режамни билиб олгандек туюлди. Дарҳол ўзимга тасалли бердим — бўлиши мумкин эмас.
Ҳар доим чапга буриласиз, деб менга берилган кўрсатма айрим лабиринтлардаги каби марказий майдончани топишда умум қабул қилинган усулга ўхшаб туюлди. Лабиринтлар ҳақида анча-мунча нарсани биламан: ахир мен Юньан ҳукмдори Цюй Пэннинг чевараси бўламан. У қатнашувчилар сони жиҳатидан “Қизил қасрдаги тушлар” китобидан ҳам ўтадиган роман ёзиш ва ҳар қандай кимса адашиб қоладиган даражада мураккаб лабиринт яратиш учун ўзининг иккинчи касбидан воз кечган. Бу икки мақсадни амалга ошириш учун ўн уч йиллик умрини сарф этган ва бир бегона қўлида ҳалок бўлганди. Унинг романи алмойи-алжойи сўзлардан иборат, маъносиз бир ёзув сифатида қолиб кетган. Лабиринтни эса тополмаганлар. Серсоя инглиз дарахтлари остида ўша йўқолиб кетган лабиринт тўғрисида хаёл сура бошладим: тасаввуримда у покиза ҳолда, одам оёғи етмаган аллақандай сирли тоғлар чўққисида, бепоён шолизорлар ўртасида ёки чуқур сувлар тубида, нафақат ўзининг саккиз қиррали қуббалари-ю, айланма йўлларини, балки бутун бошли дарёлар, вилоятлар, мамлакатларни ўз ичига олгандек эди. Лабиринтларнинг лабиринти ҳақида, бора-бора чигаллашиб, кенгайиб борувчи — ўтмишни ҳам, келажакни ҳам қамраб олган мўъжизавий тарзда, ҳатто Коинотни ҳам ўз бағрига сингдирган чексиз лабиринт ҳақида ўйладим. Тасаввуримда пайдо бўлган бу шаффоф рўёлар оғушида мен ўзимнинг аччиқ қисматимни ҳам унутиб, вақт ўлчовини ҳам йўқотиб, гўёки бутун оламнинг шуури менинг онгимда мужассам бўлгандек, ўзимни оламнинг марказидек ҳис қилдим.
Шууримга элас-элас кўринаётган яшнаб ётган далалар, ботаётган қуёшнинг сўнгги шуълалари, тепаликдан юмшоққина тушиш чарчоғимни ҳам қувиб юборганди. Тароватли ва интиҳосиз бир оқшом эди. Йўл эса туманли ўтлоқлар узра узоқ-узоқларга ёйилиб, тармоқланиб кетган. Аллақаердан таралаётган куйни шамол гоҳ олқишлаётгандек юқори пардаларга олиб чиқар, гоҳ нола қилиб узоқлашар ва йўлга тўшалган баргларнинг шитирлаши жўр бўлиб, масофа ҳам ҳузур бағишларди. Одамнинг душмани фақат одамзодгина бўлиши мумкин, деб ўйладим. У улар яшаётган замин душман эмас. Замин ўзининг ялтироқ қўнғизчаларию уларнинг товушлари, боғ-роғларию сувлари, шуълалари билан барчага баробардир. Шу аснода занг босган баланд дарвоза олдидан чиқиб қолдим. Тўсиқ ортида хиёбон ва кўшкка ўхшаш бино борлиги сезилиб турарди. Таралаётган куй шу ердан келаётганлигини англаб етдим: ажабланарлиси шундаки, бу хитой мусиқаси эди. Мен куйга берилиб, бошқа нарсаларни ўйлаб ҳам ўтирмадим. Ёдимда йўқ, дарвозада қўнғироқча бормиди ёки мен қўнғироқ тугмасини босдимми ёки оддийгина қилиб тақиллатдимми? Куй эса узлуксиз давом этарди.
Тўсиқ ортида фонус шуъласи кўринди, унинг ёруғида азим дарахтлар танаси гоҳ пайдо бўлар, гоҳ зимистон қаърига сингиб кетарди. Ойга ўхшаш думалоқ фонус кўтарган баланд бўйли эркак киши келарди. Фонус нурлари кўзимга тушиб тургани сабабли унинг юзини кўра олмадим. У дарвозани қия очиб, мулойимгина менинг она тилимда гап бошлади:
— Муҳтарам Си Пэн ўзининг бу ташрифи билан ёлғизликда ўтаётган ҳаётимга бироз бўлса-да, қувонч киритишга қарор қилибдилар-да. Эҳтимол, сиз боғни кўрмоқчи бўлгандирсиз?
У мени бир маҳаллар вакилларимиздан бирининг исми билан атади. Бироз эсанкираган ҳолда унинг сўзини қайтардим:
— Боғ, дейсизми?
— Ҳа-да, ёйилиб кетган сўқмоқлар боғи.
Хотирамда нимадир тўсатдан қўзғалди ва мен ўзим ҳам тушунтириб бера олмайдиган даражадаги қатъият билан айтдим:
— Бу менинг бобокалоним Цюй Пэннинг боғи.
— Сизнинг бобокалонингиз? Сиз ўша машҳур инсоннинг авлодимисиз? Марҳамат қилинг.
Худди болалигимдаги каби шудрингли йўлка илон изи бўлиб чўзилиб ётарди. Биз Шарқ ва Европа халқлари тилларидаги китоблар билан тўла кутубхонага кирдик. Сариқ шойи билан муқоваланган йўқолган энциклопедиянинг бир неча нусхасини танидим. Ушбу китобларнинг нашри билан Мунаввар Сулоланинг Учинчи императори шуғулланганди, лекин нашр қилинмасдан қолиб кетганди. Бронзадан ишланган ҳумо қушининг ёнидаги граммофонда пластинка айланарди. Пушти рангли чинни гулдон ёдимда, ундан-да, қадимийроқ мовий ранглиси ҳам бўларди. Бизнинг усталар Эрон кулолларидан ўргангандилар…
Стивен Альбер кулимсираб мени кузатиб турарди. Айтиб ўтганимдек, у новча, озғин, қўй кўзли, оппоқ соқолли киши эди. Қиёфасидаги айрим жиҳатлар руҳонийни, айни пайтда денгизчини ҳам эслатарди: кейинчалик у менга хитойшунослик билан шуғуллангунга қадар Тен-Чунда миссионер бўлганлиги ҳақида ҳикоя қилиб берганди.
Ўтирдик: мен пастаккина узун катга, у бўлса дераза билан юмалоқ соат ўртасига жойлашди. Ўзимча ҳисоблаб чиқдим: яқин бирор соат ичида мени таъқиб қилаётган Ричард Мэдден бу ерга етиб келолмаса керак. Қатъий қароримни бироз кечиктирса ҳам бўлади.
— Ҳа, Цюй Пэннинг тақдири жуда ажойиб, — деб бошлади Стивен Альбер, — ўз юртининг ҳукмдори, астрономия ва астрология билимдони, қонуншунос олим, ажойиб шахмат устаси, машҳур шоир ва хаттот. У китоб ва лабиринт яратиш учун барча нарсалардан воз кечди. Ҳукмдорлик, ҳукмронлик, ҳукмфармолик лаззатларидан, беҳисоб гўзал жориялардан, базму жамшид, айшу ишратлардан, ҳаттоки, ўзи эгаллаган барча билимлардан воз кечиб, ҳаётининг ўн уч йилини ёлғизликда, Нурли Узлат айвонида ўтказди. Унинг ўлимидан сўнг ворислари бир қучоқ қўлёзмалардан бўлак бирор нарса топа олмадилар. Сизга, албатта, маълум бўлса керак, оила аъзолари бу қоғозларни ёқиб юбормоқчи бўлганлар, лекин унинг васиятлари ижрочиси бўлган дао маслагидами ёки буддавийларданми бўлган роҳиб бунга йўл қўймаган, нашр қиламиз, деб туриб олган.
— Биз, Цюй Пэннинг авлодлари, — деб гап қистирдим, — шу пайт-гача ўша руҳонийни сўкиб келамиз. У қандайдир алмойи-алжойи сўзлардан иборат, маъносиз бир нарсани нашр қилдирди. Бу китоб бир-бирига қовушмайдиган сўзлардан иборат. Мен у китобни бир марта варақлаб чиққанман: учинчи бобда қаҳрамон ўлган, тўртинчисида эса у яна тирик. Цюй Пэннинг бошқа бир мақсади бўлган лабиринтга келсак…
— Лабиринт бу ерда, — деди Альбер баланд, лакланган столга ишора қилиб.
— Фил суягидан ясалган ўйинчоқ, — дея хитоб қилдим. — Жажжи лабиринтча…
— Рамзий лабиринт, — деди у гапимни тўғрилаб, — кўзга кўринмас замон лабиринти. Мен бир ёввойи инглиз, ўша содда жумбоқнинг тагига етдим. Юз йилдан ортиқ вақт ўтгач, тафсилотларни қайтадан аниқ тиклаб бўлмайди. Лекин нималар содир бўлганлигини тахмин қилиш мумкин. Менимча, Цюй Пэн бир пайтда: “Мен китоб ёзиш учун кетаман”, деган бўлса, бошқа бир пайтда у: “Мен лабиринт яратиш учун кетаман”, деган. Бу ерда гап бир нарса тўғрисида кетаётганлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. — Китоб ва лабиринт айнан бир нарсанинг ўзи. Нурли Узлат Айвони боғнинг ўртасида ва анча қаровсиз ҳолда эди, шу сабабли кўпчилик лабиринтни моддий нарса, деб ўйлаганлар. Цюй Пэн ўлгач, у ҳукм сурган салтанатнинг бирор жойида ҳам лабиринтни учратганлари йўқ. Романнинг алмойи-алжойи — тушуниб бўлмас сўзлардан иборатлиги мени бир фикрга ундади: балки шунинг ўзи лабиринтдир. Бу муаммони ҳал этишда икки муҳим ҳолат менга ёрдам берди: биринчиси — бу Цюй Пэн чексиз-чегарасиз лабиринт қурмоқчи бўлганлиги ҳақидаги ривоят бўлса, иккинчиси — мен топиб олган хатнинг бир бўлаги.
Альбер ўрнидан туриб орқасига бир лаҳза ўгирилди ва зарҳал ҳошияли лакланган қора стол тортмасидан бир нарса олди. У менга ўгирилганда, қўлида бир варақ қоғоз бор эди. Қоғоз анча уринган, вақт ўтиши билан ранги кетиб, юпқалашган, букланган жойлари титилиб кетганди. Хаттот сифатида қозонган шуҳратга Цюй Пэн ҳақиқатдан ҳам лойиқ эди. Довдираган ва қалтироқ босган ҳолатда, қачонлардир менга қондош бўлган инсон нозик мўйқалам билан ёзган қуйидаги сўзларни ўқидим: Турли келажак замонларга ўзимнинг тармоқланган сўқмоқлар боғимни қолдираман (барча замонларга эмас). Жимгина ўқидим. Альбер давом этди:
— Мен бу хатни топмасимдан олдин ўзимга-ўзим савол бердим: қандай қилиб китоб чексиз бўлиши мумкин? Китобдаги охирги саҳифа биринчи саҳифани қайтариб турувчи, беҳисоб тарзда такрорланувчи чархпалакдан бошқа бирор арзигудек фикр миямга келмади. “Минг бир кеча” эртакларини эсладим. Малика Шаҳризода кейинги ҳикоясини бошлашдан олдин ундан олдингисини қолган жойидан қайтариб, кейингисини эса тамом бўлмасдан тўхтатарди. Ва эртак шу зайлда узлуксиз давом этаверади.
Яна Афлотуннинг “Ғоялар”и руҳида ёзилган асарлар ҳақида тасаввур қила бошладим. Ундаги фикр авлодлардан-авлодларга ўтаверади, янги авлод ўзининг олдинги аждоди томонидан ёзилган фикрга амал қилиб, ўзи ҳам кейинги авлодларига ўз фикрини қолдираверади, бу шу зайда узлуксиз давом этаверади. Ўйлаганларим бироз бўлса-да, менга тасалли берди, лекин барибир булардан бирортаси ҳам Цюй Пэннинг китобидаги бир-бирига зид бобларга яқин ҳам келмасди. Бу муаммони қандай ҳал қилишни билолмай юрган кунларимнинг бирида мен Оксфорддан мана шу сиз кўрган хатни олдим. Табиийки, унда ифодаланган сўзлар мени ўйлатиб қўйди: “Турли келажак замонларга ўзимнинг тармоқланиб кетган сўқмоқлар боғимни қолдираман (барча замонларга эмас). Шу ерда тушуниб етдим — бир-бирига қовушмайдиган сўзлардан иборат бўлган шу романнинг ўзи “Тармоқланган сўқмоқлар боғи” эмасмикан: турли келажак замонлар (барча замонларга эмас) эса замин сўқмоқларини эмас, балки замон сўқмоқларини билдиради. Романни яна бир карра ўқиб чиқиб фикрим тўғри эканлигига амин бўлдим. Ҳар қандай роман қаҳрамони олдида бир неча йўллар пайдо бўлса, у албатта, биттасини танлайди, қолганларини четга суриб қўяди: Цюй Пэн романида эса қаҳрамон барча йўллардан ўтади ва бу билан у турли тақдирларни, замонларни тасвирлайди, ўз навбатида улар ҳам яна турли замонларга тарқаб кетади. Романдаги қарама-қаршилик ҳам худди шу туфайли пайдо бўлган. Айтайлик, Фэн бир сирдан хабардор, қандайдир бегона кимса уникига келади: Фэн уни ўлдиришга жазм қилади. Ёзувчининг олдида яна бошқа бир неча тақдир йўллари ҳам мавжуд: Фэн ўша чақирилмаган меҳмонни ўлдириши мумкин; меҳмон ҳам Фэнни ўлдириши мумкин; иккаласи ҳам тирик қолиши мумкин; иккаласи ҳам ҳалок бўлиши мумкин ва ҳоказо. Цюй Пэн ўзининг китобида ўша юз бериш эҳтимоли бўлган барча оқибатларни ёритиб берган, уларнинг ҳар бири эса ўз навбатида бошқа сўқмоқларга олиб бораверган. Айрим ҳолларда бу сўқмоқлар бир-бирини кесиб ўтиши ҳам мумкин: сиз, эҳтимол, менинг олдимга келдингиз, лекин ўтмишда бўлиб ўтган замонларнинг бирида сиз менинг душманим, бошқа бирида эса дўстим бўлгандирсиз. Агар сиз менинг хитойчага ўхшовсизроқ талаффузимга унчалик эътибор бермасангиз, бир неча саҳифани бирга ўқиб чиқишимиз мумкин.
Чироқ ёруғида унинг юзи қаримсиқ бўлиб кўринарди, лекин айрим юз ифодаларида боқийлик сезилиб турар, ҳатто мангулик муҳрланиб қолгандек эди. У менга бир узун бобнинг икки хилини секин, тушунарли қилиб ўқиб берди. Биринчисида жангчилар тоғ ён-бағридаги чўлдан жангга кетиб борарди. Қоялар кўчиб, босиб қолиш хавфи остида зимистон қаърига кириб боришар, ҳаётлари қил устида турганлигини ўйламасдан осонгина ғалабани қўлга киритадилар. Бошқасида эса яна ўша жангчилар саройдан айш-ишрат энг авжига чиққан пайтда зиёфатни жангнинг давоми деб ёки жанг ёлқинларини зиёфатнинг давоми деб ўйлаб, яна ғалабага эришадилар.
Мен бу қадимий ҳикояларни чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан эшитдим, лекин ажабланарли жойи шундаки, бу роман аллақачон ўтиб кетган буюк аждодим томонидан ёзилганди ва мен ўзимнинг қалтис ишимга қадам қўйиш арафасида дунёнинг узоқ бошқа бир тарафидаги оролда, олис бир империянинг кишиси мен учун романни яна жонлантирган эди. Ҳар икки матн якунида ҳудди дуоибаддек қуйидаги сўзлар хотирамда қолган: “Қаҳрамонлар қўлларида ўткир шамширлар-у, беқиёс қалбларида осойишталик билан, жасорат ва мардлик ила душманни ўлдиришга ҳам, ўзлари ўлишга ҳам тайёр ҳолда жанг қилардилар”.
Шу онда менинг атрофим ва ички оламимда кўзга кўринмас, аллақандай мавҳум, жисмсиз шарпалар юрганлигини ҳис этдим. Бу рўё шахдам қадамлар билан гоҳ ажралиб, гоҳ қўшилиб, гоҳ ёнма-ён кетаётган қўшинларни элас-элас эслатса-да, лекин уларнинг ҳаракатлари сирли, тутқич бермас ва мавҳумроқ эди. Стивен Альбер давом этди:
— Сизнинг машҳур аждодингиз бекорчиликдан, шунчаки ўзини овутиш учун бу тахминларни ўйлаб топган дея олмайман. Ҳаётининг ўн уч йилини фақат сўз ўйинларига сарфлаш ҳақиқатга унчалик тўғри келмайди. Роман жанри сизнинг мамлакатингизда унчалик юқори даражада эмас, айниқса, ўша даврларда бу романни ёқтиришмаган. Албатта, Цюй Пэн ажойиб романнавис бўлган, бунинг устига у адабиётшунос ҳам эди. Ўзини оддий бир романнавис деб ҳисоблаган бўлса керак. Цюй Пэннинг ғойибона интилишлари метафизикага, мистикага қаратилганлиги ҳақида унинг замондошлари ёзиб кетган, қолаверса, ўзининг шахсий ҳаёти ҳам буни тасдиқлайди. Унинг фалсафасидаги қарама-қаршиликлар романда катта ўринни эгаллайди. Битмас-туганмас замон муаммосига доир бошқа бирор жумбоқ уни бунчалик қийнамаган ва ҳаяжонлантирмаган. Нима бўпти, дерсиз? Шуниси ҳайрон қоларлики, “Боғ” китобининг бирор саҳифасида ҳам бу муаммо ҳақида бирор марта эслатилмаган. Ҳатто, “замон” сўзини бирор марта бўлса-да, ишлатмаган. Бу сўз ҳақида шунчалик сукут сақлашни қандай тушуниш мумкин?
Мен бир неча фаразларни таклиф қилдим, лекин уларнинг бирортаси ҳам ишончли эмасди. Биз масалани муҳокама қила бошладик. Охири Стивен Альбер сўради:
— Топишмоқнинг калити “шахмат” сўзи бўлган тақдирда, уни ечиш учун фойдаланадиган сўзлар ичида қайси бир ягона сўз учрамайди?
Бир дақиқа ўйлаб туриб жавоб бердим.
— “Шахмат” сўзи.
— Худди шундай, — Альбер сўзимни илиб кетди. — “Тармоқланган сўқмоқлар боғи” — улкан топишмоқнинг ўзи — “замон” унинг калити — асарда у сир тутилган, эслатиш ҳам тақиқланган. Қандайдир бир сўз атрофида сўз ўйини қилиш, унга турли метафоралар орқали ишора қилиш усули, бу ўша сўзга эътиборни қаратиш йўлларидан бири бўлиши, эҳтимол. Цюй Пэн ўзининг туганмас романидаги ҳар бир бурилишда шунга ўхшаган айланма йўллар қўллашни лозим кўрган. Мен бу асарнинг юзлаб қўлёзмаларини таққослаб чиқдим, кўчиришда ношуд котибларнинг эътиборсизлиги туфайли йўл қўйилган хатоларни қўлимдан келганча тузатдим, тартибга келтирдим ва умид қиламанки, ўйлаганимдек, ҳозирги кўринишда муаллиф кўзлаган шаклга келди. Китобни тўла таржима қилдим ва амин бўлдимки, “замон” сўзи бирор марта ҳам тилга олинмаган. Жумбоқнинг ечими тайёр: “Тармоқланган сўқмоқлар боғи” — оламнинг ўзгартирилмаган ҳақиқий кўринишидир. Цюй Пэн оламни худди шу тарзда кўрган, идрок қилган. Бобокалонингиз бизнинг Ньютон ва Шопенгауэрдан фарқли ўлароқ вақт ягона ва мутлақ эканлигига ишонмаган. Замонни сон-саноқсиз тизимлардан иборатлиги, унинг ўсиши, ақл бовар қилмас даражада тарқалуви, бирлашуви, ёнма-ён мавжуд бўлишига ишонган. Замоннинг бундай жилоланиши — унинг бирлашуви, тарқалуви, кесишуви ёки асрлар давомида умуман кесишмаслиги — ақл-идрокимиз етган даражадаги эҳтимолликларни ўз қамровига олади. Кўп замонларда биз сиз билан мавжуд бўлмаганмиз, айримларида сиз бўлгансиз, мен эса бўлмаганман, мен бор, сиз йўқ, бошқасида ҳар иккимиз ҳам бўлганмиз. Замонларнинг бирида, яъни бахтли тасодиф менга кулиб боққанда, сиз менинг уйим-га келдингиз, бошқасида боғдан ўтаётиб менинг жасадимни топдингиз, учинчи бир замонда эса мен сизга шу сўзларни айтиб турибман-у, лекин ўзим эса саробман, шарпаман.
— Ҳар қандай замонда ҳам, — дедим, титроғимни базўр яширган ҳолда. — Цюй Пэннинг боғини қайта жонлантирганлигингиз учун миннатдорчилигимни изҳор қиламан.
— Ҳар қандай замонда эмас, — табассум ила ғулдиради у. — Абадий ёйила бориб замон бизни келажакда сон-саноқсиз вариантларга етаклайди. Уларнинг бирида мен сизнинг душманингизга айланганман.
Мен юқоридаги ҳолатимга яна қайтиб тушдим: уй атрофидаги рутубатли боғ сон-саноқсиз шаффоф одамларга тўла туюлди. Булар Альбер билан мен эдим, фақат бошқа замонлар ўлчамларида ҳаракат қилаётган ўзгарган, таниб бўлмас ҳолда эдик. Боғнинг сарғимтил-қоронғи жойидан бир киши келаётганини кўрдим. У Ричард Мэдден эди.
— Келажак остонасида турибмиз, — дедим унинг гапини инкор қилиб, — ҳарқалай, мен сизнинг дўстингизман. Ўша хатга яна бир бора кўз ташлашга рухсат этинг.
Альбер ўрнидан туриб қора стол тортмасини сурди ва бир лаҳза менга орқасини ўгирди. Тўппончам аллақачон тайёр ҳолда эди. Мумкин қадар мўлжални тўғри олиб ўқ уздим. Альбер шу ондаёқ унсиз йиқилди. Қасам ичаманки, худди чақмоқ ургандек, шу лаҳзадаёқ жон берди.
Қолган нарсаларнинг унчалик аҳамияти йўқ. Бостириб кирган Мэдден мени шу ердаёқ қамоққа олди. Мени осиб ўлдиришга ҳукм қилишди. Воқеа қанчалик даҳшатли бўлмасин, мен ғалаба қозондим: ҳужум қилиш керак бўлган жой номини Берлинга хабар беришга улгурдим. Кеча у жойни бомбардимон қилишди. Таниқли хитойшунос олим Стивен Альберга нисбатан уюштирилган сирли қотиллик ҳақида, уни аллақандай Ю Цун исмли кимса содир этганлиги ҳақидаги хабар бутун Англия бўйлаб газеталарда тарқатилганлигини билдим. Бошлиғимиз бу жумбоқни ҳал қилди. Мен ечишим лозим бўлган асосий масала — Альбер шаҳарчаси номини унга етказиш эканлиги энди унга маълум. Атрофда бўлаётган урушнинг даҳшатли акс-садолари остида шундай исмли одамни ўлдиришдан бошқа чорам йўқ эди. Фақат енгиб бўлмас оғриқ ва чарчоқ қанчалик мени қийнаётганлигидан унинг хабари йўқ. Буни ҳеч ким ва ҳеч қачон била олмаса ҳам керак…
Русчадан Абдунаби Абдуқодир таржимаси
____________
* Кэб – файтун.
*********************************************************
СЎҚМОҚЛАР ОРАЛАГАН БОҒ
El jardín de senderos que se bifurcan
Лиддел Ҳарт қаламига мансуб “Жаҳон уруши тарихи”нинг йигирма иккинчи саҳифасида ўн уч Британ дивизиясининг (бир минг тўрт юз тўплар кўмагидаги) Serre-Montauban жабҳасида 1916 йил 24 июлига режаланган ҳужуми йигирма тўққизинчи кун тонгига қадар кечиктирилгани маълум қилинади. Муҳтарам муаллиф фикрича, ушбу жузъий ҳаяллашга тасодифан бошланиб кетган кучли ёғинлар сабаб бўлган эди. Аммо Тсингтао Hochschule (олий мактаби) собиқ инглиз тили мударриси доктор Йу Тсун тилидан битилган, унинг ўзи ўқиб, имзо чеккан ва қуйида эътиборингизга тақдим этилаётган мактуб воқеага кутилмаган тарзда ойдинлик киритади. Мактуб аввалида икки саҳифа етишмайди.
“…юрагим ҳаприққанча гўшакни жойига илдим. Симнинг нариги тарафидан менга олмонча жавоб қилган овоз эгасини шу заҳоти танидим. Бу капитан Ричард Мадден эди. Бундан чиқдики, Мадден – Виктор Рунеберг уйида. Демак, энди барча заҳматларимиз зое кетди, демак, энди бизнинг ўзимиз ҳам (аммо айни дамда хусусий тақдирларимиз мен учун аҳамиятсиз туйилар ёки режаланган ният қаршисида шундай туйилмоғи керак эди) муқаррар ҳалок бўламиз. Рунеберг ҳибсга олингани ва балки ўлдирилганига шубҳа йўқ. Кун адоғига етмасидан менинг ҳам бошимга у бояқишнинг қисмати тушмоғи тайин. Мадден мурувват нелигини билмайди. Аниқроғи, у шунга мажбур. Ахир Англия хизматидаги ирланд, боз устига, етарлича ғайрат кўрсатмаслик ва ҳатто хиёнатда айбланган бу одам шундай имконни бой бериши мумкинми, ахир? Ахир Олмон империясининг икки жосусини фош қилиб, қўлга олиш ва эҳтимолки, бартараф этиш каби кутилмаган туҳфа учун тақдирга шукрона айтмай бўларми? Хаёлимдан шу янглиғ мудҳиш ўйлар кечаркан, юқоридаги хонамга кўтарилиб, паришон алфозда эшикни тамбаладим ва ётоққа чўзилдим. Ойна ортида эса иморатларнинг доимий манзараси ва заиф нур таратаётган кечки қуёш. Бошқа барча кунлар каби одатий ва ҳеч бир ўзгаришдан дарак бермас бу кун менга муқаррар завол элтишига ишониш қийин эди. Валинеъматидан бемаврид етим қолган ва мувозий Хай Фенг боғчаларида топишмачоқ ўйнаб, болалик кунларини шом қилган мен – ҳозир ва ҳадемай бу оламни тарк этаман. Бунга чиндан ақл бовар қилмасди. Шунда мен бу қуёш остидаги, бу оламдаги борики барчаси ҳозир, айни шу пайтнинг ўзида нимагадир олиб келади, муайян бир ҳодиса ва ё ҳолатни пайдо қилади, дея хаёл қилдим. Асрлар кетидан асрлар кечса-да, аммо айнан ҳозирнинг ўзида содир бўлаётган ҳодиса, айни шу дамнинг бағрида кечаётган жараён чиндан воқеъдир. Еру осмонда, баҳру наҳрда неча одамлар сарсондир, аммо танҳо менинг бошимдан кечаётган бу кун воқеалари ягона ҳақиқат. Дафъатан Мадденнинг беўхшов башараси кўз олдимга келиб, дониш хаёлларим пароканда бўлди. Шунда нафрат ва қўрқув аралаш (Ричард Мадденни доғда қолдириб, тезроқ сиртмоққа тортишларини кутар эканман, қўрқувларимга иқрор бўлиш энди менга оғир ботмайди) яна хаёл қилдим: омад кулиб боққанидан масрур тўпори бу аскар мен Синоатни шаксиз билишимни, Британ тўпларининг янги жамлоғи ўрнашган Анкре воҳасидаги жой номини билишимни хаёлига ҳам келтирмайди. Шу дам номаълум бир қуш кулранг осмонни тилиб ўтди ва мен Фаранг осмонини тўлдирган саноқсиз учоқлар галаси махфий жамлоқ кулини кўкка совураётганини тасаввур қилдим. Жонимга муштоқ ғаним ўқи мени ер тишлатмасидан бу хабарни Олмония қадар етказа олсам эди! Аммо инсоннинг ўзидан-да ожиз унинг овози бу қадар олис масофани кеча олмас. Ўзим қўлга киритган бебаҳо хабар бошлиқнинг қулоғига етиб бормоғи учун, Рунеберг иккимиз Стаффордширда эканимиздан бўлак ҳеч вақодан бехабар, Берлиндаги файзсиз хонасига кўмилиб олган кўйи биздан бирор дарак излаб, уззу кун рўзномаларни титиш билан овора манфур бу кимса қулоғига етиб бормоғи учун қай тадбир қўлламоқ лозим, ахир? Шунда дарҳол қочишга қарор қилдим. Ҳар дақиқа ғанимат эди ва изимга тушган Мадден худди шу дамнинг ўзида мени нишонга олаётган каби оҳиста ўрнимдан турдим. Негадир бисотимни бир қур сарҳисоб қилмоқчи бўлиб, чўнтагимда борини столга тўкдим. Заҳираларим, ўйлаганимдек, абгор эди – амриқо русумли соат, ялтироқ занжирга илинган тўрт қиррали танга, Рунебергга тегишли, энди эса бефойда ва дардисар калитлар шодаси, ён дафтар, шу заҳоти баҳридан ўтишим лозим бўлган, аммо фаромушлигим сабаб сақланиб қолган мактуб, швед ақчаси, икки шиллинг ва бир неча пенс, қизил-зангор қалам, дастрўмол ва садоғида сўнгги ўқ фурсатини кутиб ётган тўппонча. Ўзимга қатъият ва журъат бағишламоқ бўлиб, тўппончани салмоқлаб кўрдим ва кўринмас ғаним томон йўналтирдим. Шу дам ўқ овозини олисларда ҳам эшитишлари мумкин, деган ўй хаёлимга келди. Ҳаял ўтмай эса кейинги қадамларим хаёлимда пишиб етилди. Хабарни Берлинга етказиши мумкин бўлган бирдан-бир одам исмини телефон китобидан излаб топдим: у одам поездда ярим соатлик йўл наридаги Фэнтон атрофида яшарди.
Аслида, жасорат ва довюраклик сифатлари менга бирмунча бегона эканини ҳозир – ниятимни адоғига етказган айни шу дамда яшириб ўтирмайман. Гарчи ниятларим рўёбидан фахр туймасам-да, аммо бу нақадар мушкул кечгани ёлғиз ўзимга аён. Бу ишни мен Олмония шарафи ҳаққи қилмадим, мутлақо. Ўзимни жосус даражаси қадар тубан тушишга мажбур этган қаттол бу юртнинг менга зиғирча аҳамияти йўқ. Қолаверса, Англияда бир одамни билардим, мен учун Гёте каби қадрли оддий бир одамни. Узоқ суҳбат қура олмаганимга таассуфдаман, аммо ўша қисқа дамларнинг ўзида у менинг назаримда Гёте закоси билан баробар эди. Бир сўз билан айтганда, Берлинда ўтирган ўша бошлиқ мен кабилар тоифасини ёмон кўргани учун ҳам, кечмиш аждодларнинг адоқсиз силсиласи сийратида мужассам мен кабиларни ёмон кўргани учун ҳам ниятимни амалга оширдим. Сариқ юз ва қисиқ кўз бир одам Олмон қўшинини ҳалокатдан сақлаб қолишга қодир эканини унга исботламоқчи бўлдим. Аммо аввало мен капитан дастига чап беришим лозим эди, яна ҳаялласам кеч бўлиши тайин. Оҳиста кийиниб, кўзгудаги аксим билан сўнгги бора хайрлашдим. Пастга тушиб, кўчага разм солдим ва нарида турган фойтунга кўзим тушди. Бекат томон фойтун билан борганим маъқул, шундай қилсам кимсасиз кўчада кўзга ташланмайман. Ўзи шундоқ ҳам тузоққа илинган ва мутлақо ҳимоясиз сезардим ўзимни. Извошчига бекатга етмасдан тўхташини тайинлаганим эсимда, тезроқ чипта олиб, вагонлардан бирида кўздан нари бўлишга ошиққанимдан юрагим ҳаприқарди. Шундай бўлса-да, ортиқча эътибор тортмаслик учун фойтундан атай шошмасдан тушдим. Эшгроув деган жойга боришим керак эди, лекин чиптани ундан нарироққа олдим. Поезд бир неча дақиқадан сўнг, саккизу элликда жилади, кейингиси эса тўққиз яримда. Перронда ҳеч кимса йўқ эди, югуриб поездга чиқдим, бирма бир вагонларни кўздан кечирдим: икки-уч чоғли фермер, азадор жувон, Тацитнинг “Солнома”си мутолаасига берилган ўсмир йигит ва Оврўпа жабҳаларида жароҳатланган бўлса-да, аммо энди, хизматдан бўшатилганидан чоғи, мамнун бир аскардан бошқа йўловчи йўқ эди. Поезд ниҳоят ўрнидан қўзғолди. Шу дам перронда ҳаллослаб чопаётган Мадденга кўзим тушди. Хайриятки, у поездга кеч қолди. Қўрқувдан титраганча хатарли ойнадан узоқроққа биқиниб олдим.
Тез орада ўзимни қўлга олдим. Ўйладимки, беллашув бошланди ва майли, тасодиф туфайли лоақал қирқ дақиқага бўлсин, рақибим ҳамласини қайтариб, дастлабки олишувда ғолиб бўлдим. Ушбу кичик ютуқ якуний зафарга дебоча бўлгай, дея ўзимга далда бердим. Поездлар жадвали вақтлар орасидаги бебаҳо тафовутни ҳадя қилмаганида мен ҳозир панжара ортида бўлар ва балки олишув чоғи бетакаллуф Мадден ўқига дучор бўлардим. Шуларни ўйлар эканман, ҳадикларимни аритган бу зафар қадри хаёлимда яна ҳам юксалди. Юраксизлигимга ҳамроҳ шу каби барорлар йиғиндиси режаланган тадбирни поёнига етказишимга кўмак беради, дея ўзимни шу тариқа ишонтирган эдим ва табиатимга эш бу ожизлик менга охирига қадар бир қувват инъом этди. Аслида, мен кўнглимга туккан режа не бўлибди, одамлар ҳали бундан ҳам мудҳиш бурчларини муттасил адо этишга маҳкум замонлар келади, ўшанда ер юзида биргина жангари ва каллакесарлар қолади. Уларга ўгитим будир: қўрқинчли режа ижрочиси баайни буни бажо келтириб бўлдим дея аввалдан хаёл қилсин, келгуси кунларини баайни ўтмиш кунлари каби муқаррар билсин. Мен шундай йўл тутдим, кўзларимда эса (мурданинг кўзларида) чамаси ҳаётимнинг энг сўнгги куни ва бу куннинг оқшом томон беомон оғиши аксланарди. Шумтолларни ортда қолдирганча оҳиста бораётган поезд аллақаерда пишиллаб тўхтади. Бекат номини эълон қилишмади. “Эшгроув шу ер эмасми?” деб сўрадим перронда тўдалашган болалардан. “Ҳа, шундай” – бараварига жавоб қилишди. Поезддан тушдим.
Бекат саҳнини фонус ёритиб турса-да, болалар юзларини илғаш қийин эди. “Доктор Стивен Альберникига бормоқчимисиз?” деди улардан бири. Жавобимни кутмасдан, бошқаси йўлни тушунтира кетди: “Унинг уйигача анча бор, лекин манави йўлдан сўлга юриб, чорраҳа йўлкалардан доим чапга қайрилиб борсангиз, адашмай топиб оласиз”. Уларга раҳмат айтиб, ёнимдаги охирги тангани бердим. Тош зиналардан тушиб, кимсасиз йўлга чиқдим. Адоғи томон қиялаб борган тупроқ йўлдан кетарканман, қуюқ дарахт шохлари устимда соябон бўлар, шундоққина бошим узра шуъла таратаётган тўлин ой эса худди менга ҳамроҳ эди.
Ричард Мадден режаларимни тушуниб етгандек туйилди. Аммо бу имконсиз дея ўзимга тасалли бердим. Ҳамиша сўлга қайрилиш ҳақидаги болаларнинг кўрсатмаси баъзи лабиринтларда марказий саҳнни топиб бориш чораси эканини ёдимга солди. Лабиринтлар ҳақида озми-кўпми билимим бор. Ахир мен шавкатли Тсуй Пэн набирасиман, Юннан ҳукмдори бўлган, аммо замоники келиб, маҳобатли бир асар битиш илинжида, персонажлари зичлиги бобида “Алвон ҳужра оқшомлари”ни ҳам доғда қолдирувчи роман ёзиш учун ўткинчи қудратдан воз кечган ўша беназир ҳукмдор зурриёдиман, ахир. Уни узлатга етаклаган иккинчи нияти – ҳар кимсани йўлдан адаштирар бир лабиринт барпо қилиш эди. Бир ажнабий қўлида ҳалок бўлгунича бу икки асар учун ўн уч йилини сарфлади, аммо роман тушунишга яроқсизлигича қолди, лабиринтни бўлса ҳеч ким топа олмади. Дарахтлар соя солган ёлғизоёқ йўлдан борарканман, яна хаёлларга берилдим. Бой берилган мукаммал ва бокира бу лабиринт шолизорлар аро ва ё денгиз тубларида адашган сарбаланд тоғлар зирвасида яширин алфозда тасаввуримда жонланди. Лабиринт сарҳади йўқ ва адоқсиз эди, унда биргина саккизёқлама кўшклар ва муттасил айлана шаклида йўналган йўллар эмас ва балки бутун бошли баҳру наҳрлар, музофот ва салтанатлар муқаррар эди. Мен мавжуд барча лабиринтларнинг энг комили ҳақида, ўтмиш ва келажак замонларни забтига олиб, фусункор бир тарзда бутун борлиқни ўзида жо қилган ҳамда муттасил тармоқланган кўйи, тобора равнақ топиб боргувчи лабиринтлар лабиринти ҳақида хаёл қилдим. Шу каби мубҳам манзараларга ғарқ бўлиб, қочқинлик қисматим ёдимдан кўтарилди, атрофда ҳамон сокин оқаётган вақт ҳиссини унутиб, шу дам ўзимни мутлақ тафаккур соҳиби ҳис этдим. Ботаётган қуёшнинг сўнгги нурларида ғира-шира кўринаётган, ўз ҳолича мавжуд бу далалар ва тобора кучга тўлиб, бошим узра шуъла таратаётган ойни бутун борича идрок қилардим. Қиялаб бораётган йўл эса ҳолдан тойдирмас ва дилларга ором берувчи поёни йўқ оқшом чўкмоқда эди. Туман қоплаган ўтлоқлар бағрини тилган йўл тармоқланиб борарди. Дарахтларнинг қуюқ япроқлари ва масофа туфайли кучи қирқилаётган шамол аллақаердан гоҳ баланд, гоҳ паст пардали оҳангларни олиб келарди. Инсоннинг ғаними албатта (у ёки бу заминда яшаётган) одам бўлади, деб ўйладим, аммо беҳисоб мавжудотлари, шивирларининг оҳанглари, дарахтзор ўрмонлари, денгиз ва оқшомлари билан зийнатланган заминнинг асло ўзи эмас. Шу аснода мен баланд кўҳна дарвоза қаршисида пайдо бўлдим. Панжара ортида боғ ва шийпонга ўхшаш бир иморат кўринарди. Шунда менинг юксак хаёлларимга ҳамоҳанг бўлган мусиқа шу ердан таралаётганини англадим, аммо бу менинг қалбимга туташ Чин оҳанглари экани ҳайратли эди. Мусиқани ғайришуурий тарзда табиий қабул қилганим боиси шунда эди. Дарвозада қўнғироқ тугмаси бормиди – эслай олмайман, балки зулфинни қоқиб, овоз бергандирман. Оҳанглар эса ҳамон атрофга таралмоқда эди.
Бир маҳал иҳота ортидаги уйдан чироқ кўтарган норғул одам чиқиб кела бошлади. Сутранг қоғоздан ясалган фонус шуъласида дарахтлар гоҳ кўриниб, гоҳ қоронғуликка чекинарди. Қаршимга етиб келган одам дарвозани очди ва менинг лаҳжамда оҳиста сўзлади:
– Муҳтарам Hsi P’êng (Си Пэн) афанди, афтидан, каминани ўз суҳбатларига ноил қилишни лозим топган кўринади. Даставвал боғни бир қур кўришни истарсиз?
У мени хабарчиларимиздан бири билан адаштирган эди, билдирилган таклифдан шошиб қолдим:
– Қанақа боғни айтяпсиз?
– Сўқмоқлар оралаган боғни-да, тақсир.
Шу дам хотиримда нимадир бош кўтарди ва мен қатъий бир ишонч билан унга юзландим:
– Бу бобокалоним Ts’ui Pên боғидир.
– Бобокалонингиз? Бундан чиқдики, сиз ўша шавкатли зотнинг зурриёдимисиз? Қани, марҳамат қилинг унда.
Болалигим боғларидаги каби тўлғонган намчил йўлак бизни уй томон етаклади. Шарқ ва Оврўпа тилларида битилган китобларга тўла кутубхонага кирдик. Нурафшон Сулоланинг Учинчи Императори нашрига масъул бўлган, аммо босилмай қолиб кетган Ғойиб Қомуснинг сариқ мато билан муқоваланган бир неча қўлёзма жилдларига кўзим тушди. Пуштиранг чинни тувак, бизнинг усталар форс кулолларидан ўзлаштирган зангор тусли яна бошқа қадимий идиш ҳам борлиги ёдимда…
Стивен Альбер ним табассум билан ҳаракатларимни кузатиб турарди. Айтганим каби, новчадан келган чўзинчоқ юзли бу одамнинг қўнғир тусли кўзлари одамга синчков боқар, оппоқ соқоли эса ўзига ярашиб турарди. Айни пайтда унинг қиёфасида роҳиб ва кекса денгизчидан нимадир сезилиб турар, “синологияга меҳри тушмагунча” Tientsinда (Тяньцзинь, Тенчун) миссионерлик қилганини ўзи сўзлаб бергач, сезгиларим алдамаганини билдим.
Мени пастак ўриндиққа ўтиришга таклиф қилди, ўзи дераза ва жовонсоат орасидаги курсига жойлашди. Таъқибчим Ричард Мадден яқин орада ҳозир бўлмаслигини чамаладим. Шундай экан, муқаррар қарор ижросини бир оз ортга суриш мумкин эди.
– Тсуй Пэн ҳаёти чиндан ҳам кишини ҳайратга солади, – дея сўз бошлади Стивен Альбер. – Ўзи таваллуд топган музофот волийси, фалакиёт билимдони ва етук мунажжим, мўътабар китобларнинг закий муфассири ва шатранж ишқибози, довруқли шоир ва нафис ҳаттот бўлмиш бул зот биргина китоб ва лабиринт барпо этмоқ учун буларнинг баридан воз кечди. Мустабид ҳукмдор ва адолатпеша волий севинчларини, базми жамшид ва жориялар лаззатини ва ҳатто йиллар асносида жамлаган ўз заковатини ҳам инкор этиб, Мусаффо Танҳолик Ҳужрасига ўзини банди этди. Ўлимидан сўнг ҳобгоҳини тафтиш қилган ворислари бир уюм қоралама саҳифалардан бўлак ҳеч вақони топа олишмади. Ўзингизга яхши маълум бўлса керак, бу саҳифаларни оловга ем қилмоқчи бўлганларида даос ва ё буддовий рутбали васий қўлёзмани албатта нашр эттириш лозимлигига барчани ишонтирди.
– Биз, Тсуй Пэн зурриёдлари, – дедим мен, – бу роҳибни ҳамон лаънатлаймиз. У нашр эттирган бўлмағур бу китоб ҳар турли персонажлар алаҳсирашларидан ясалган уйдирма саҳналарнинг хом-хатала йиғиндисидан бошқа нарса эмас. Масалан, китобнинг учинчи бобида жон таслим қилган қахрамон, буни қарангки, кейингисида эсон-омон ҳаёт гаштини суриб юраверади. Тсуй Пэннинг иккинчи нияти, лабиринт барпо этиш ҳаракатларига келсак…
– Бу лабиринт худди қаршингизда турибди, – деди Альбер ва ёзув столига ишора қилди.
– Дандон ўйинчоқ! – ҳаяжонимни яширолмай хитоб қилдим. – Мўъжаз лабиринт…
– Тимсоллар лабиринти, – фикримни тўғрилади у. – Замонларнинг яширин лабиринти. Жоҳил боболарининг уқувсиз зурриёди бўлган камина ушбу содда жумбоқни еча олдим. Лабиринт иншо этилганидан сўнг кечган қарийб бир асрлик вақт воқеа тафсилотларини бартараф қилиб улгурди, аммо унинг айрим ҳолатларини фараз қилиб кўришимиз мумкин. Кунларнинг бирида Тсуй Пэн яқинларига: “Рисола бошлаш фурсати етди, шу боис сизларни тарк этаман” дегандир, эҳтимол. Бошқа сафар эса балки, “Лабиринт барпо қилиш учун энди сизларни тарк этаман” дея маълум қилгандир. Унинг ниятидан бохабар бўлганларнинг ҳеч бири китоб ва лабиринт – аслида бир нарса эканини ўйлаб ҳам кўрмади. Мусаффо Танҳолик Ҳужраси қаровсиз боғ марказида қўним топган, эҳтимол шу манзара лабиринтни моддий бир иншоот деб ўйлашларига боис бўлгандир. Тсуй Пэн қазо қилгач, тасарруфида бўлган бепоён сарҳадларда ҳеч кимса лабиринтга, лоақал унинг ишораларига ҳам дуч келмади. Боши-кети йўқ романнинг чалкашлиги изланаётган лабиринт шу китобнинг айнан ўзидир, деган фикр уйғотди менда. Шаксиз тўғри қарор чиқаришимга эса мана бу икки ҳолат кўмак берди: бири – Тсуй Пэн гўё чиндан ҳам поёни йўқ ва адоқсиз лабиринт барпо этмоқчи бўлгани ҳақидаги бир ривоят, иккинчиси эса – ўзим қўлга киритган мактубдан бир жумла.
Шуларни айтиб, Альбер ўрнидан турди. Бир фурсат менга орқа ўгириб, ёзув столи тортмасидан нимадир олди. Бир вақтлар олранг бўлган, энди эса вақт таъсирида хира тортиб, юпқалашган қоғозни қўлимга тутқазди. Тсуй Пэн ҳаттотлик маҳорати чиндан эътирофга сазовор эди. Ўта нафис мўйқалам билан бир замонлар менинг қондошим битган сўзларга ҳайрат ва титроқ билан тикилардим: “Келажакдаги турли (барчаси учун эмас) замонлар учун сўқмоқлар оралаган боғимни мерос қолдираман”. Индамасдан қоғозни қайтариб бердим. Альбер эса сўзида давом қиларди:
– Бу мактубни излаб топмагунимча, китоб ҳам адоқсиз бўлиши мумкинми, деб ўйлардим. Воқеалари бир доира бўйлаб муттасил такрорланувчи, сўнгги саҳифасида дастлабки саҳифа ҳикоялари такрор баён қилинган ва шу боис ҳам истаганча давом этувчи бир китоб тимсоли хаёлимдан кетмас эди. Диққатсизлик туфайли китобни кўчириш чоғи ҳаттот йўл қўйган ажабтовур хато боис малика Шаҳризода “Минг бир кеча” эртакларини муттасил такрор сўйлашга маҳкум ўша кечани ҳам эсладим. Мен яна афлотуний ғоялар руҳидаги, рўёбга чиқариб бўлмас фусункор бир рисолани хаёл қилдим – бир мерос тарзида инъом этилувчи ушбу рисола ғояси авлоддан авлодга кўчиб, муттасил такомиллашиб боради, ҳар бир авлод унга ўз фаслини ёзиб қолдиради ва ё ўтмишдошлар битганларини итоат ва диққат билан таҳрир этишда давом қилади. Хаёлда пайдо бўлиб, ўшанинг ўзида кўмилган бу каби ихтиролар кўнглимга тасалли берар, аммо Тсуй Пэн қаламига мансуб пойма-пой рисолага бирортасининг дахли йўқ эди. Шу каби фаразлардан бошим қотган кунларнинг бирида Оксфорддан сиз танишган мактубни олдим. Табиийки, ўша жумла, “Келажакдаги турли (барчаси учун эмас) замонлар учун сўқмоқлар оралаган боғимни мерос қолдираман” деган жумла эътиборимни тортди. Шунда мен ифодалари норавон, сўзланган воқеалари эса чалкаш бу романнинг айнан ўзи “сўқмоқлар оралаган боғ” эканини англадим, “келажакдаги турли (барчаси учун эмас) замонлар учун” деган сўзлар эса макондаги эмас, билъакс замондаги айрилиш нуқталари ҳақида фикр уйғотди менда. Романга яна бир кўз югуртириб чиққач, бу фикрим яна мустаҳкамланди. Исталган роман қаҳрамони бир неча имкон қаршисида пайдо бўлиши ҳамон бу имконларнинг фақат бирини танлайди, қолганларининг эса баҳридан кечади. Тсуй Пэннинг таъбири мушкул асари қаҳрамони бўлса, буларнинг барини бира тўла танлайди ва бу ҳаракати билан келгуси замоннинг турфа хил талқинларини барпо қилади, ўз навбатида бу замонлар ҳам урчиб, муттасил тармоқланиб бораверади. Айнан шу боис ҳам роман тафовутларга тўла тушуниксиз бир асар каби таассурот қолдиради. Мисол учун, махфий сирдан бохабар ва шу боис ҳар дам таҳлика ичра турмуш кечираётган Фан исмли асар қаҳрамони унинг уйига ташриф буюрган нотаниш кимсани ўлдиришга қарор қилади. Айни қарор пишиб етилган ҳолатнинг бир неча фарқли якунлари бўлиши турган гап, яъни Фан бемаврид келган меҳмонни ўлдириши ёки аксинча – меҳмон Фаннинг ўзини доғда қолдириши мумкин, бошқа ҳолатларда – иккиси ҳам омон қолиши ва ёки уларнинг ҳар бири ҳалок бўлиши мумкин ва ҳоказо. Ҳайратланарлиси шуки, Тсуй Пэн асарида ушбу интиҳоларнинг барчаси тасарруф этилади ва уларнинг ҳар бири тармоқланган вақтнинг навбатдаги бошқа айрилиш нуқталарига дебоча бўлади. Ушбу лабиринт сўқмоқларининг гоҳи замон ўзаро туташув эҳтимоллари ҳам мавжуд: узоққа бормайлик, мана сиз, масалан, менинг уйимга ташриф буюрдингиз, бироқ ўтмишнинг эҳтимолий талқинларидан бирида сиз – менинг ашаддий рақибим эдингиз, бошқа бирида эса – жондан азиз дўстим. Менинг ғализ талаффузим сизга малол келмаса, асардан айрим ўринларни ўқиб берсам.
Хонани забтига олган чироқ ёруғида юзлари қаримсиқ кўринса-да, аммо айни пайтда мангуликка дахлдор, аритиб бўлмас алланарса Альбернинг қиёфасига улуғворлик бахш этиб турарди. Асардаги айнан бир фаслнинг икки хил талқинини равон талаффузда ўқиб бераркан, кўз ўнгимда кўҳна ўтмиш манзаралари жонланарди. Талқинларнинг биринчисида навкарлар ёлғизоёқ тоғ тизмалари бўйлаб муҳораба майдони томон ошиқади. Тун зимистони аро тубсиз жарликка қулаб, ҳалок бўлиш қисмати ҳар дам таъқиб этса-да, улар хатарларга пешвоз чиқиб, муқаррар зафар қозонадилар. Иккинчисида айнан ўша навкарлар шоҳона зиёфат авжига минган сарой ҳобгоҳлари оралаб илдамлайди, аввалги талқиндаги муҳораба садолари кейинги талқинда ҳозир бўлган ушбу навкарлар назарида шоҳона зиёфатнинг давоми бўлиб туйилади, улар бу гал ҳам зафар қучадилар.
Қадим ўтмиш воқеаларини тавозе билан тинглар эканман, хатарлар атрофимга тузоқлар қўйган ва мен энди сўнгги чорага умид боғлаган шу дамда дунёнинг бошқа бурчидаги олис ва бегона салтанат фуқароси бир замонлар менинг бобокалоним битган бу ҳикояларга айнан ўзим учун қайта жон ато қилаётгани чиндан ҳайратомуз эди. Синоатли битик каби ҳар икки талқинда такрорланувчи сўнгги сўзлар ҳамон ёдимда: “Алалхусус, дастларида беомон шамшир, сокин қалбларида эса беназир матонат тутмиш, ғозий ва ё шаҳид бўлишга ҳозир баҳодирлар муҳораба майдони ичра шарафларга ноил бўлмишлар”.
Шу дам атрофимда ва қаъримнинг аллақайси тубларида илғаш мушкул бўлган тушуниксиз садоларни ҳис этдим. Сафлари ҳар томон ажралгани ҳамон бир-бирига бақамти ва ҳамоҳанг одим ташлаётган, сўнгра яна қайта бирлашиб, зафарлар томон илгарилаётган қўшин садоларига ўхшамасди бу садолар, билъакс, эҳтимол, бобом тараннум этган бу навкарлар шавкатидан қувват олган яширин тўлғамаларнинг мубҳам нишоналари каби эди гўё. Бу орада эса Стивен Альбер мулоҳазаларида давом этарди:
– Шавкатли аждодингиз бўш вақтларини шу каби эҳтимолий талқинларни эрмак қилиб ўтказганига шубҳам бор. Умрнинг ўн уч йилини бундай туганмас, тумтароқ тажрибаларга бағишлашни ақлга сиғдириб бўлмайди. Юртингизда роман жанри ҳеч маҳал эҳтиромда бўлмаган, бобонгиз яшаб ўтган замонларда эса енгилтак мавзулар битилгани боис бу шакл яна ҳам кўпроқ нафратларга дучор бўлганини айтмаса ҳам бўлаверади. Моҳир романнавис бўлган Тсуй Пэн ўртамиёна адиблар сафини асло ўзига раво кўрмаган. Замондошларининг шоҳидлик беришича, у ҳамиша метафизик ва фусункор мақсадлар сари интилган, унинг бутун ҳаёти айни шоҳидликни тўла-тўкис тасдиқлайди. Фалсафий ихтилофлар биз сўзлаётган романида ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Вақт ва замон тушунчасига доир туганмас мулоҳазалар, ечими номаълум мангу масалалар муттасил хаёлини ўғирлаб, беҳад азобларга қўйгани менга яхши маълум. Аммо буни кўрингки, “Боғ” саҳифаларида бунинг бирор ишорасини учратмайсиз. Боз устига, “вақт” ёки “замон” сўзларини у бирор марта ҳам ишлатмайди. Марҳамат қилиб айтингчи, бу ўжарликни сиз қандай изоҳлай оласиз?
Жавобан бир неча абгор фаразни таклиф қилдим. Уларни бир фурсат муҳокама қилгач, Стивен Альбер савол ташлади:
– Сизнингча, калит сўз “шатранж” ҳисобланган жумбоқ ўйинида қай бир сўз мутлақо истисно қилинади?
– “Шатранж” деган сўзнинг ўзи. – дея шу заҳоти жавоб қилдим.
– Кам бўлманг, – деди Альбер. – “Сўқмоқлар оралаган боғ”нинг айнан ўзи мен назарда тутаётган қамрови чексиз жумбоқ, муҳташам бир ривоятдир ва унинг тилсими фақат вақт ва замонлар кўмагида ечилар. Айнан шу яширин сабаб туфайли ҳам асарда бу сўзларни, лоақал бу сўзларга ишораларни-да учратмаймиз. Ибтидо-ю интиҳоси номаълум бўлган бутун бошли адоқсиз асар давомида биргина сўзни истифода этмаслик учунгина муттасил тарзда ғализ ташбеҳ ва ўринсиз истиораларни бўлар-бўлмасга қўллайвериш – назаримда, бу ҳолат исталмаган (айнан шу сабаб ҳам мудом кўнгилда тутилган) айнан биргина ўша сўзни алоҳида таъкидлашнинг энг самарали, энг ифодали воситаси эди. Чапдастликда моҳир Тсуй Пэн ўзининг адоқсиз асари муюлишларида худди шундай айланма йўлларни афзал билди. Мен юзлаб қўлёзмаларни қиёслаб ўрганиб чиқдим, уқувсиз ҳаттотларнинг лоқайдлиги сабаб матнга киритилган ноўрин нуқсонларни тўғрилаб, парокандаликни бартараф этдим, оқибат асарнинг азалий режага мувофиқ кўринишини тиклаб, ниҳоят уни тўлалигича таржима қилдим (ёки ўзим амал қилган тилдаги бошқа муқобилини яратдим) – шу қадар машаққатлардан сўнг амин бўлганим шуки, “вақт” ва ё “замон” калимаси асарда бирор марта тилга олинган эмасдир. Ишончим бўйича, жумбоқнинг ечими будир: “Сўқмоқлар оралаган боғ” – Тсуй Пэн тасаввуридаги айрича оламнинг тугалланмаган, аммо айни пайтда бузилмаган манзарасидир. Ньютон ва Шопенгауэрдан фарқли ўлароқ, қондошингиз ягона ва мутлақ замон ғоясига инонмас эди. Билъакс, тобора равнақ топиб боришга мойил вақт силсилаларининг адоқсиз бирлиги, ҳар томон тармоқланиб, сўнг яна қайта ўзаро туташгач, навбатдаги гал айрилишга қадар кўринмас ўзанлар бағрида мувозий бақамтиликда мавжланажак замонларнинг ақл бовар қилмас тизими Тсуй Пэн эътиқодининг марказ нуқтаси эди. Ҳар гал ўзаро туташгач, яна қайта тармоқланган кўйи нечанчи бор ўзаро кесишаётган, ва балки орадан асрлар кечса-да, учрашиш мудом насиб этмаган, шулар боис муттасил ҳаракатланишга мубтало вақт ва замонларнинг ушбу муҳташам издиҳоми тасаввур қилиш мумкин бўлган барча эҳтимолий талқинларни ўзига жо қилгандир. Бу замонларнинг аксарида сиз билан менга ўрин йўқ; айримларида сиз бўлсангиз-да, аммо мен йўқдирман; бошқаларида эса аксинча – мен умргузаронман, аммо сиз бунда назарда тутилган эмассиз. Аммо ҳафсалангиз пир бўлмасин, издиҳомнинг саноқли силсиласида иккимизга ҳам жой ҳозирланган ва, мана, қуръа ташланиб, хосиятли тасодифларнинг бахтли ҳосиласи ўлароқ, сиз менинг уйимга ташриф буюрдингиз. Бошқа сафар, эҳтимол, боғ оралаб ўтаётиб, менинг жонсиз жасадимга дуч келарсиз; яна бирида эса – сиз билан айнан шу каби дилдан суҳбатлар қурарман, аммо мен – вақт сўқмоқларининг аллақайси биридан сизиб чиққан бир сароб, бошқа бир замон ўпқонида, эҳтимолки, росмана умр кечираётган кимдир бировнинг олис шарпаси эканимни хаёлингизга ҳам келтирмассиз.
– Замонларнинг қай бирида бўлмайин, – дедим ичимдан келаётган титроқни билдирмасликка тиришиб, – Тсуй Пэн боғига қайта жон ато этганингиз учун сиздан беҳад миннатдорман.
– Маъзур тутасиз, – деди нимтабассум билан Альбер, – аммо муттасил тармоқланиб борувчи вақт келажакнинг беҳисоб кўринишларини келтириб чиқаради. Шундай экан, “замонларнинг қай бирида бўлмайин” дейишингиз бир оз ноўрин, илло, уларнинг бирида мен сизга ашаддий ғаним эканим кундай равшан.
Шу дам мен аввалги ўша садоларни яна ҳис қилдим. Уйни ўраган намчил боғнинг ҳар бурчида беҳисоб шарпалар пусиб ётгандек туйилди менга. Қиёфалари Альбер ва менинг ўзимдан андоза олган, бир-бирига нотаниш бу шарпалар миқдори лаҳза сайин яна ҳам кўпайиб, бошқа вақт ўлчамлари таъсирида муттасил эврилишларга юз тутиб борарди. Диққатимни йиғиб, разм солганим ҳамон қўрқинч бу манзара тарқалиб битди, аммо боғ қоронғулигида энди росмана бир одамга кўзим тушди. Йўлак бўйлаб биз томон шахдам келаётган бу одам капитан Ричард Мадден эди.
– Келажак эшик қоқмоқда, – дедим мен, – аммо ҳар не бўлса-да, мен ҳамиша сизга дўст бўлиб қоламан. Ижозатингиз билан мактубга яна бир кўз ташласам.
Альбер ўрнидан туриб, менга орқа ўгирганча ёзув столига яқинлашди. Қўлимдаги тўппонча аллақачон шай эди – диққат билан тепкини босдим: Альбер бирор овоз чиқармасдан шу заҳоти қулади. Онт ичиб айтаманки, у чақин урган каби бир лаҳзада жон таслим қилди.
Бундан кейинги воқеаларнинг аҳамияти йўқ. Билганим шуки, зум ўтмай ичкарига бостириб кирган Мадден мени банди этди. Ҳарбий маҳкама мени сиртмоққа тортиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бошимдан кечирган, айни пайтда кечаётган ва кўп ўтмай содир бўлажак тенгсиз даҳшат ва таҳлика қаршисида танҳо ниятларим ижобати менга адоқсиз тасалли бўлажак: барча машаққатларим оқибатида мен бемисл зафар қучдим, зарба берилиши лозим бўлган шаҳар номини Берлинга қадар етказа олдим. Кечаги кун эса шаҳарнинг кули кўкка совурилди. Бу ҳақида таниқли хитойшунос олим Стивен Альбернинг (Ю Тсун исмли бир одам томонидан амалга оширилган) сирли ўлимидан бутун Англияни воқиф этган рўзномадаги бошқа хабардан ўқиб билдим. Берлиндаги идорасида моғор босиб ўтирган бошлиғим жумбоқнинг ечимини топган эди. Барчаси ортда қолар экан (чиндан ортда қоларми?), Альбер деган шаҳар номини унга хабар қилиш мен учун асосий масала экани ва урушнинг суронли долғалари ичра айнан шундай исм соҳибини ўлдириш – ягона чора бўлгани унга энди маълум. Аммо у бир нарсани билмайди, бошқалар-да бундан ҳеч замон воқиф бўлмас – қаъримни азоблаб қўймаётган бу изтироб нақадар адоқсиз, силламни тамом қуритган бу беҳоллик эса замонлар поёни қадар туганмасдир.
Шарифжон Аҳмедов таржимаси
________________________
Изоҳлар:
Виктория Окампо (1890-1979) – аргентиналик адиба, таржимон, Борхес кўп йиллар ҳамкорлик қилган “Жануб” журнали асосчиси. “Борхес билан суҳбатлар” (1969) китобининг муаллифи.
Лиддел Ҳарт (1895-1970) – инглиз ҳарбий тарихчиси, XX аср ҳарб илмига салмоқли ҳисса қўшган назариётчи. Борхес унинг зикр этилган асаридаги маълумотлардан мазкур ҳикояда эркин тарзда фойдаланади.
Йу Тсун – бу қаҳрамон исми аслида ҳикояда келтирилган хитой романи персонажларидан бирига тегишли.
Маддэн – Р. Л. Стивенсоннинг “Талончи” (1892) романи персонажларидан бири, шунингдек, олмон режиссёри Штернбергнинг “Сержант Маддэн” фильми (1939) қаҳрамони.
Стаффордшир – Англиядаги шу номдаги графлик маркази, Борхеснинг ота томонидан момоси Фрэнсис Хэйзлем Арнет (1842-1935) шу ерда туғилган.
“Ньютон ва Шопенгаэрдан фарқли ўлароқ…” – сўнгроқ ёзилган “Замоннинг янги раддияси” номли бадиасида Борхес ушбу фикр манбаларини кўрсатиб ўтади: “Табиий фалсафанинг математик асослари”, Ньютон (III, 42 ) ва “Олам – ирода ва тасаввур сифатида”, Шопенгауэр (II, 4).