Анхелика Окампога бағишланади
Агар адашмасам, хуросонлик Чойшаб Тутган (ёки аниқроғи, Ниқоб Тутган) Пайғамбар – Ал Муқанна ҳақидаги манбалар тўртта эди: а) Болозурий “Ҳалифалар Тарихи”нинг асил ҳолича сақланган муҳтасар баёни; б) Аббосий ҳукмдорларнинг расмий солномачиси Ибн Абу Тоҳир Тайфур қаламига мансуб “Ҳайбат Дарслиги, ёҳуд Аниқлик ва Кузатувлар Китоби”; в) Пайғамбарнинг муқаддас китоби—“Қора Атиргул” ёки “Махфий Атиргул”га тегишли даҳриёна қоидалар инкор этилган “Атиргулнинг Тугатилиши” деб номланувчи арабий қўлёзма; г) Транскаспий темир йўл тармоғи ётқизилиши вақтида муҳандис Андрусов қўлга киритган бир неча мубҳам тангалар. “Тугатилиш”дан олинган айрим парчалар такрорланган форсий байтлари бўлган бу тангалар Теҳрондаги нумизматика музейига тақдим этилди. 1899 йилда топилган ва “Morgenlandisches Archiv”да калтабинлик билан чоп этилган қўлёзма аввал Хорн, сўнгроқ сэр Перси Сайкс томонидан ишончга сазовор эмас деб эълон қилингач, “Атиргул”нинг аслияти батамом ғойиб бўлди.
Ирландиялик фитнакор эҳтиросларига тўла Мур достони Пайғамбар шуҳратини Ғарб ўлкалари узра тараннум этди.
ҚИЗИЛ БЎЁҚ
Ўша замон ва ўша макон одамлари сўнгроқ Чойшаб Тутган Пайғамбар номи билан атай бошлаган Ҳаким ҳижратнинг 120 йилида, мелоднинг эса 736 йилида Туркистонда таваллуд топди. Боғлари, токзор ва ўтлоқлари саҳрога маъюс тикилган кўҳна Марв шаҳри унинг ватани эди. Чанг-тўзонлар соя солмаган маҳаллар у ернинг чошгоҳлари чароғон ва кўзни олувчи. Тўзонлар ялла қурган чоғлар–одамлар хасталикка мубтало, тимқора узум шодалари эса ғуборнинг оқ чойшабига ўранган.
Ҳаким сўниб бораётган мана шу шаҳарда вояга етди. Амакиси уни қаллоб ва риёкорлар ҳунари бўлган бўёқчиликка ўргатгани бизга маълум. Ва бу ҳунар даҳрийлик сафарининг илк дуоибаъдларига асос бўлгани ҳам равшан. “Менинг чеҳрам олтинга йўғрилган (“Тугатилиш”нинг машҳур саҳифаларидан бирида у шундай ёзади), аммо мен қизил бўёқни намиқтириб, иккинчи кеча унга дағал юнгни ботирардим, кечаларнинг учинчисида эса таралган юнгни олрангга бўяб чиқардим. Мамлакат ҳукмдорлари мана шу қонли либослар туфайли ҳамон ўзаро тафовутдалар. Ўспиринликда жондорларнинг асил тусларини ўзгартириб, мен шу тариқа кўнглимни чоғлар эдим. Фариштанинг айтишича, қўй-қўзилар қоплонлардан ранглари билан фарқ қиладилар, аммо қўйларнинг қоплонга айланишлари Яратганга маъқул тадбир экани ҳақида Иблис муттасил менга уқдирар ҳамда у менинг ҳийлам ва бўёқларимдан фойдаланар эди. Энди бўлса мен биламан–Фаришта ҳам, Иблис ҳам адашгандилар ва ҳар қандай ранг жирканчдир”. Ҳижратнинг 146 йилида Ҳаким шаҳардан изсиз ғойиб бўлди. Уйидан эса яксон этилган қозон ва бўёқчилик анжомлари, яна шерозий шамшир ва биринж кўзгу топдилар.
БУҚА
158 йил шаъбон ойи соб бўлар экан, саҳро ҳавоси тиниқ ва мусаффо эди, одамлар эса нафсни ўлдириш фурсатидан ғофил қолмаслик илинжида мағрибдан балқиб чиқаётган рамазон ойига тикилишган. Қуллар, қашшоқлар, судхўр, туя ўғрилари ва қассоблардан иборат бу оломон Марвга элтувчи йўл бўйидаги карвонсарой қаршисида чордона қурганча фалакдан ишорат кутар эди. Улар мағрибга тикилган, мағриб осмони ранги эса саҳрога эш.
Шу дам (офтоби безгакка солишга мойил, ҳилоли эса талваса чақирувчи) саҳронинг тубсиз қаъридан уч нафар кўланка пайдо бўлди. Учовлон ҳам одам, аммо ўртадагисининг боши буқаники эди. Улар яқинлашар экан, карвонсарой қўноқлари ўртадаги одам ниқоб тутгани, бошқа иккиси эса сўқир эканларига эътибор қилишди.
Кимдир биров (1001 кеча эртакларидаги каби) бу ғаройиб манзара сабабини сўради. “Улар сўқирдирлар, – деб жавоб қилди ниқобли одам,- илло менинг юзимни кўрдилар”.
ҚОПЛОН
Аббосийлар йилномачисининг маълум қилишича, саҳродан пайдо бўлган одам (унинг овози мулойим эди ёки ҳайвон ниқоби манзарасида шундай туйилганди) йиғилганларга мурожаат қилди—улар тазаррунинг фақат бир ойи бошланишига интиқдирлар, аммо у бундан ҳам аъло хабар келтирди: одамларнинг бутун умри тавба-тазарру бўлади ва улар шармисор ўлим билан завол топадилар. Яна айтдики, у Усмон ўғли Ҳаким бўлади, Ҳижратнинг 146 йили уйига бир зот ташриф буюриб, таҳорат қилди. Ибодатини адо этгач, бу одам шамшир билан унинг бошини танидан жудо қилди ва бошни фалакка олиб кетди. У зотнинг (бу Жаброил фаришта эди) ўнг қўлида ётган бош Тангрига тақдим этилди. Тангри унга пайғамбарлик мақомини ато қилиб, шу қадар кўҳна каломни ҳам жойладики, буни такрорлаган лаблар куйиб кул бўлгусидир ва раво кўрилган жаннатий шуъла эса ожиз бандалар кўзларини сўқир қилгусидир. Ниқоб тутилганлик боиси шу эди. Барча одамлар янги таълимотни эътироф қилгач, улар учун Чеҳра намоён бўлади ва шунда одамлар ҳам худди фаришталар тавоф қилганлари каби сўқир бўлишдан ҳайиқмай, унга эътиқод қилиш саодатига етадилар. Ўзининг элчилик мақомидан огоҳ этган Ҳаким одамларни муқаддас уруш—“жиҳод”га ва шаҳидлик бахтига даъват қилди.
Қуллар, гадой ва судхўрлар, туя ўғрилари ва қассоблардан иборат оломон унга ишонишдан бош тортди; кимдир: “Жодугар!” деб қичқирди, яна биров—“Қаллоб!”
Карвонсарой қўноқларидан бирининг шикорга ўргатилган қоплони бор эди. Қоплон қафасдан қутулиб чиққани маълум. Ниқобли пайғамбар ва шерикларидан бошқа ҳамма атрофга тирақайлаб қочиб қолишган. Қайтиб келгач эса жондор кўр бўлиб қолган эди. Йиртқичнинг ялтироқ, ўлик кўзларини кўрган одамлар Ҳакимнинг оёқлари остига йиқилишди ва унинг илоҳий қудратига шаҳодат келтиришди.
НИҚОБ ТУТГАН ПАЙҒАМБАР
Аббосийларнинг расмий солномачиси Ниқоб Тутган Ҳакимнинг Хуросондаги муваффақиятлари ҳақида иштиёқсиз ҳикоя қилади. Кетма-кет мағлубиятлар ва довруқли саркардасининг чормих этилгани туфайли интиқом талвасасида бўлган бу музофот Шуълакор Чеҳра таълимотини бир интиқлик ила қабул қилди ва бу йўлда моли-ю жонини ҳам аямади. (Ҳаким ўша пайтдаёқ буқа ниқобини қимматбаҳо дурлар қадалган тўрт қабатли оқ шойи чойшабга алмаштирди. Аббосий ҳукмдорларнинг тимсолий ранги қора эди. Ҳаким бўлса, Муҳофаза Ниқоби, ялов ҳамда саллалар учун бунга қарама-қарши оқ рангни танлади.) Муҳораба мавсуми Ҳаким учун муваффақиятли бошланди. Тўғри, “Аниқлик Китоби”да Ҳалифа қўшинлари ҳамиша ва ҳар жойда зафар қучганлари шарафланади, бироқ бундай зафарлар оқибати кўп ҳолларда саркардалар истеъфоси ва мустаҳкам қўрғонлар ташлаб чиқилишидан иборатлиги ҳам кўп нарсани ойдинлаштиради. 161 йил ражаб ойи охирида шавкатли Нишопур ўз дарвозаларини Ниқоб Тутган Пайғамбар учун очиб берди; 162 йил бошланишида Астробод шаҳри ҳам худди шундай йўл тутди. Ҳакимнинг муҳорабалардаги иштироки (анча омадли бошқа Пайғамбар сингари) жадалнинг қоқ марказида малла туя ўркачида ўтирганча Илоҳга аталган сураларни қироат этишдан иборат эди. Атрофида найзалар жасадига муштоқ бўлиб учиб ўтса-да, бирортаси унга заҳмат етказмасди. Афтидан унинг ўзи хатарларга интиқ эди—тунларнинг бирида саройи атрофида изғиб юрган бир неча моховга чалинганларни ичкарига таклиф қилди ва уларнинг ҳар биридан бўса олиб, зар ва кумуш инъом этди.
Мулкни бошқариш заҳматларини у беш-олти яқин сафдошларига топшириб қўйган, ўзи эса тафаккур қилиш ва оромга мойил эди; 114 нафар сўқир жувондан иборат харами унинг илоҳий вужуди эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган эди.
МУДҲИШ КЎЗГУЛАР
Улар ҳар қанча нокамтар ёҳуд жоҳил бўлмасинлар, Ислом ҳамиша Худонинг ишончли элчиларига нисбатан бағрикенглик кўрсатиб келган. Фақат шарти шуки, уларнинг тарғиботи анъанага дахл этмасин. Эҳтимол, бизнинг пайғамбар бу каби бағрикенглик ортидан келувчи манфаатдан воз кечмас эди, бироқ унинг издошлари, унинг зафарлари ва Ҳалифанинг – у пайтлар Муҳаммад ал Маҳдий ҳалифаликда эди – ошкора ғазаби уни яққол шаккокликка етаклади. Куфр уни бадном қилди, аммо у ўзининг хос эътиқоди асосларини, гарчанд гностиклар таълимоти садолари сезилиб турган бўлса ҳам, шакллантиришга улгурди.
Ҳакимнинг космогонияси асосини аллақандай шаффоф Худо забт этган. Бу Худонинг илоҳий моҳияти шажара, шунингдек, исм ва қиёфани ўзига раво кўрмайди. Бу Худо ўзгаришлар илмидан сабоқ олмаган, бироқ ундан тарқалган тўққиз кўланка ҳаракатга келиши ҳамон биринчи осмонни тўлдириб, бу осмонга ҳукмронлик қилади. Айни илоҳий шода унда ҳам фаришталар, илоҳий қудрат ва тахтиравонлар бўлган иккинчисини пайдо қилади, булар ҳам ўз навбатида қуйироқда бўлган, дастлабкининг бақамти монанди бошқа осмонни вужудга келтиради. Айни иккинчи илоҳий бурж учинчисида аксланади, учинчиси—қуйироқдагисида, шу тариқа 999 чига қадар. Буларнинг барчасини дастлабки осмон ҳукмдори—бошқа кўланкалар кўланкасининг кўланкаси—бошқаради ва унинг илоҳийлик маҳражи йўққа баробардир.
Биз яшаётган Ер—бу шунчаки бир нуқсон, нўноқларча ўхшатишга ҳаракат. Кўзгу ва бола туғишлар жирканчдир, илло бу нуқсонни кўпайтириб-мустаҳкамлайдилар. Бош фазилат—нафрат. Бу фазилатга бизни икки йўл элтади (шу жойда пайғамбар бизга эркин танлаш ҳуқуқини лозим кўради): нафсни жиловлаш ёҳуд бошбошдоқлик, вужудни сийлаш ёҳуд бокиралик.
Ҳаким тақдимотидаги жаннат ва дўзах бундан-да мудҳишроқ. “Каломни инкор қилувчилар учун, Беназир Ниқоб ва Чеҳрани инкор қилувчилар учун (“Яширин Атиргул”да битилган дуоибаъд шундай жаранглайди) мен ғаройиб Дўзах ваъда қиламан, илло уларнинг ҳар бири 999 оташ салтанатига ҳукмронлик қилади, ва ҳар бир салтанатда 999 оловли тоғ, ҳар бир тоғда 999 оловли минора, ҳар бир минорада 999 оловли хосхона, ҳар бир хосхонада 999 оловли тўшак, ҳар бир тўшакда эса унинг ўзи ётади ва (унинг чеҳраси ва унинг овозига эга) 999 олов чулғаган одам уни мангу азоблайди”. Бошқа бир ўринда бунинг тасдиғига дуч келамиз: “Бу ҳаётда сизлар биргина вужуд азобларига дучорсизлар; аммо қалбингиз ва хаёлларингизда адоқсиз кўп вужудлар азобига гирифторсизлар”. Жаннат тасвирлари эса тафсилотлардан ҳоли. “У жой ҳамиша зим-зиё зимистон, атрофдаги тош косалар обиҳаётга тўла ҳамда бу жаннат фароғати—айрилиқ, воз кечишлар ва уйқусида туш кўраётганларнинг айрича фароғатидан бошқа нарса эмас”.
ЧЕҲРА
Ҳижратнинг 163 ва Шуълакор Чеҳранинг бешинчи йилида Ҳалифа қўшинлари Саномда Ҳакимни қамал қилди. Озиқ-овқат ва шаҳидлар етарли эди, бунинг устига фаришталар илоҳий лашкарининг кўмаги кутилаётган эди. Қамал остидаги қалъа бўйлаб тасодифан мудҳиш хабар тарқалди. Айтишларича, зинокорликда гумон қилинган харамдаги аёллардан бирини бўғиб ўлдираётганларида, бояқиш жонҳолатда пайғамбарнинг ўнг қўлида жимжилоғи, бармоқларида эса тирноғи йўқлигини айтиб қичқирган. Бу овоза лашкар орасида яшиндек тарқалди. Баланд айвонда, кўзни қамаштирувчи офтоб остида Ҳаким илоҳдан ғалаба ёҳуд унинг аломатини сўраш билан машғул эди. Шу дам ёмғирга қарши чопаётган каби бошларини қуйи эгиб, садоқатли икки саркарда унга яқинлашди ва бирдан қимматбаҳо дурлар қадалган Ниқобни тортиб олишди.
Атрофдаги барча ҳайратдан қалқиб тушди. Самода, меърожда бўлиб қайтган Ҳаворийнинг чеҳраси чиндан ҳам оппоқлиги билан, доғли мохов хасталигига хос алоҳида оқлиги билан ҳайратга соларди. Бу чеҳра шу қадар шишинқираган ва беўхшовлигидан чиндан ниқобга ўхшарди. Қошдан нишона қолмаган, ўнг кўзининг пастки қовоғи қарияларники каби қуриган ёноққа қадар осилиб тушган, хасталик лабларни ҳам омон қўймаган. Ҳаддан зиёд шишган бурун баайни арслонники каби эди.
Ҳаким сўнгги чора сифатида макрини ишга солиб ҳайқирди: “Сизларнинг жирканч гуноҳларингиз менинг шуъламни кўришга қўймаётир…”
Уни эшитиб ўтирмадилар ва найза санчдилар.
Шарифжон Аҳмедов таржимаси