Мабодо у сизни тушларида кўрмай қўйсачи
«Кўзгу орти мамлакатида», VI
Беюлдуз тунда у қандай қирғоққа яқинлашганини, ўша муқаддас гўшанинг ботқоғига ботиб сузган бамбук қайиқни ҳеч ким билмади, ҳеч ким кўрмади. Бироқ, уч кун ўтгач, бу тунд кимса Жанубдан келгани ва унинг Ватани дарёнинг юқори қисмидаги тоғлар ёнбағрида сочилиб ётган, ҳали мохов касаллиги қутурмаган қишлоқларнинг бири эканлиги, у ернинг одамлари эса юноний сўзлар билан булғанмаган зардуштий лаҳжада сўзлашишлари маълум бўлди. Яна шу нарса маълум—келгинди мўйсафид лабларини лойга теккизиб, баданига ботаётган бўлса-да, тошларни ўрнидан қўзғатмай (чамаси, уларни ҳис қилмасдан) қирғоққа чиқиб олди ва қонга беланиб-чайқалган кўйи қачонлардир олов рангида бўлган, энди эса кул рангига ҳоким йўлбарс ва ё отнинг тош ҳайкалидан тож кийдирилган доирасимон ялангликка базўр етиб борди.
Қадим ёнғинлар куйдириб кул қилган ва худосига одамлар ортиқ сиғинмай қўйган бу гўша аввал ибодатхона бўлган эди. Ажнабий кимса тош ҳайкал пойига чўзилиб, зумда уйқуга кетди. Эрталабки қуёш нурлари уни уйғотгач, ажабланмасдан кўрдики, яралар изсиз битиб кетибди, у туссиз кўзларини юмди ва яна (ҳорғинлик сабаб эмас, балки ўз хоҳиш-иродаси билан) уйқуга чўмди. Енгиб бўлмас истак уни чорлаган гўша мана шу ибодатхона эканлиги, дарёнинг қуйи қисмида жойлашган—ёндирилган ва ўлик худолари бўлган бошқа бир ибодатхона харобаларини баднафс дарахтлар ҳали исканжага олиб улгурмаганлиги ҳам унга маълум эди.
Ва унга аён асосий вазифаси шу эди—тушлар кўриш. Бироқ тун ярмида аллақандай ҳасратли қуш қичқириғидан уйғониб кетди. Оёқ излари, сочилиб ётган хурмолар, сув тўла кўза унга маълум қилдиларки, атрофдаги қишлоқ одамлари уйқусини бузмай уни томоша қилган ва балки, ундан паноҳ сўрашган ёки унинг афсунидан қўрқишган эди. Туйқус унинг ўзи қўрқувдан жунжикиб кетди, нураган девор ораларидан токча-даҳма излаб топди ва кириш жойини номаълум дарахт барглари билан тўсиб ичкарига беркинди.
Уни бу ерга бошлаб келган истак ҳар қанча ғайриоддий бўлмасин, бажариб бўлмас эмасди. У кейинроқ ёруғ дунёга олиб кириш учун тушида одамни кўришга, бутун ҳолича, барча тафсилотлари билан кўришга азм қилди.
Фусункор ният унинг бутун вужудини чулғаб олди. Шу ҳолида ундан кимдир исминг нима, аввал қай йўсиндаги касб-кор билан машғул бўлгансан, деб сўраса, тайинли жавоб бериши маҳол эди. Жонзот-жондорлардан ҳоли бу ибодатхона унга маъқул бўлди. Илло, бу гўша воқеъ оламнинг мўъжаз бўлаги бўлиб туйилар, дарахт кесувчилар ҳам ҳалал беришмас, балки унинг эҳтиёжларини қондиришар эди. Улар келтириб турган гурунч ва мевалар якка-ёлғиз ташвиши—ухлаш ва тушлар кўриш бўлган танасини тўқ тутиш учун кифоя эди.
Тушларда даставвал тартибсизлик ҳукмрон эди. Кейинроқ уларда маъно ҳам, мантиқ ҳам пайдо бўлди. Келгинди ўзини ёнғиндан омон қолган ибодатхонага ўхшаш доирасифат амфитеатр марказида кўрди. Чеҳралари тунд толиблар оломони курсиларни тўлдирган, орқадагилар унга замонлар қаъридан ва коинот баландлигидан тикилишар, шундай бўлса-да, юзларини аниқ кўриш мумкин эди. Ўртадаги кимса жонзотларнинг тузилиши, коинот тавсифи ва афсун илмидан уларга маъруза ўқирди. Ўқувчилар маърузани диққат билан тинглаб, саволларга фаросат билан жавоб қайтаришга тиришарди. Одам туш ва ўнгида ўзи кўрган шарпаларнинг жавобларига баҳо берар, ёлғон билан чалғитишларига йўл қўймас, баъзиларининг ҳижолат бўлишларида ақлнинг ривожини кўрарди. У ёруғ дунёга олиб киришга арзигулик жонни излашда давом қиларди.
У қарийб ўн кечадан сўнг дилхун бўлиб амин бўлдики, барча ўгитларини сўзсиз қабул қилаётган толибларга кўз тикиш бефойда, аммо гоҳи замон асосли эътироз билдиришга журъат қилаётганларга умид боғласа бўлади. Меҳр қўйиш ва миннатдор бўлишга лойиқ биринчи тоифадагилари ҳеч қачон шахс даражасига кўтарила олмайди; кейингилари эса бирмунча умид уйғотади.
Бир кун оқшом (энди оқшомлар ҳам унга тушлар ҳадя этар ва у тонг олдидан бирмунча фурсатгина бедор бўлар эди) сон-саноксиз шаффоф талабаларни тарқатиб юборди. Фақат нозик ва озғин юзлари билан уни ўз тушларида яратган кимсани эсга солувчи ғамгин-маъюс, гоҳида ўжар йигитни қолдирди. Йигит бирдан ғойиб бўлган биродарларига узоқ қайғурмади. Унинг бир неча машғулотлардан кейинги ютуқлари мураббийларни ҳам лол қолдириши тайин эди. Фалокат эса яқинлашиб қолган эди.
Бир маҳал балчиқ сингари оғир ва ёпишқоқ мудроқдан сўнг тонг таъқиб остига олган нимқоронғуликка қаради ва ухлай олмаганини тушунди. Шу кеча ва кейинги кун давомида уйқусизликнинг тоқат қилиб бўлмас равшанлигидан азоб чекди. Ўзини ҳолдан тойдириб, ёввойи селвада дайдиб юрди. Бу ҳам наф қилмагач, гиёҳлар дамламасидан ичиб, зерикарли ва бесамар туш парчаларига лиммо-лим мудроқ қўйнига чўмди. У ўз талабаларини яна йиғмоқчи бўлди, бироқ, ўгитларини ниҳоялаб улгурмасидан тингловчилар бирин-кетин ғойиб бўлди. Беомон уйқусизлик мўйсафидни ғазаб ва надомат дарёсига улоқтирди.
Олиймақом ва қуйи тартиб синоатлари англаб етилган бўлса-да, туш сингари шаффоф матодан нимадир яратмоқ энг оғир меҳнат эканлиги, қум доналаридан арқон эшиш ва ёки шамолга чеҳра нақш этишдан ҳам машаққатлироқ меҳнат эканлиги, дастлабки нияти эса охир-оқибат ҳалокатга маҳкум эканлигини тушунди. Уни дастлаб йўлдан оздирган улкан рўёни хотирадан улоқтиришга қарор қилди ва яратишнинг ўзгача, янги усулига мурожаат қилди. Ишга уннашдан аввал бир ойдан ортиқ вақт давомида хомхаёлларга сарф қилинган қувватини қайта тиклади. У зўрма-зўраки уйқуга уринишни бас қилди ва шу боис тезда пинакка кетди, кераклича ухлади. У ора-сира кўрадиган тушларини ёдда сақламасликка ҳаракат қилар, хайрли ишни яна қайта бошлаш учун ой тўлишини кутарди.
Бир кун оқшом дарёда таҳорат қилгач, самовий худоларга гулчамбар тақиб, қудратли исмни қироат қилди ва мудроқ қўйнига чўмди. Деярли шу заҳоти уриб турган юракни туш кўрди.
У анор рангли муштдай юракни бежинс ва берухсор вужуднинг шарпаси аро титраган, қайноқ, синоатли ҳолида кўрди. У ўн тўрт ойдин кеча давомида иштиёқ ва меҳр билан уни узлуксиз хаёл қилди. Кечалар кечган сайин юрак яна-да аниқроқ, равшанроқ кўринар, у юракка тегмас, балки ҳозирча кузатар, нигоҳи билан сайқал берарди. У айни юракни ҳис қилар, гоҳ яқин, гоҳ олисдан унинг ҳаёти билан яшарди. Ўн бешинчи кеча бармоғи билан ўпканинг қизил қон томирини белгилади, юракни бутунлай—ички ва ташқи томонидан чегаралаб чиқди. Бу ишидан мамнун бўлди.
Келгуси кеча атай ухламади. Сўнг сайёралардан бири исмини такрорлаган кўйи яна юрак билан машғул бўлди ва бошқа аъзоларни хаёл қила бошлади. Яратишнинг биринчи йили адоғида устихон ва қабоқларга қадар етиб борди. Қалин сочларни яратиш мушкул кечди. У тушларида бус-бутун одамни, навқирон йигитни яратди, бироқ у ўрнидан турмас, гапирмас, кўзларини оча олмас эди. Кечалар кечса-да, у йигитни муттасил ухлоқ ҳолда кўрарди.
Машойихлар айтадиларки, Тангри даставвал оқибат оёққа тура олмаган қизил танли Одам Атони лойдан яратди. Афсун кечалари тушларда яратилган бу Одам Ато ҳам худди ўша Одам Ато каби бесўнақай, қўпол ва оддий-одми эди. Бир куни афсунгар ўзининг ижод маҳсулини кунпаякун қилишига баҳя қолди, аммо вақтида ўзини қўлга олди. Илҳом ҳадя этишларини сўраб, еру кўкка қилган нолалари жавобсиз қолгач, йўлбарс ёхуд отнинг пойига йиқилиб, мадад илтижо қила бошлади.
Оқшом унинг тушига ҳайкал кирди. Ҳайкал қонли ва титроқ бўлса-да, от ва ё йўлбарснинг важоҳатли насли бўлиб туйилмас, балки ҳар икки оловдан яралган маҳлуқ яхлит ва яна буқа, момоқалдироқ ва атиргул тарзида гавдаланар эди. Кўп тусли Худо унга заминий исмини аён қилди—Олов. Дедики, бу доирасимон ибодатхонада (бошқа худди шу кабиларда ҳам) унга—Оловга сиғинишар ва қурбонлик келтиришар эди. Яна айтдики, тушларда кўрилган шарпага у сеҳрли тарзда жон ато қилади ҳамда Олов ва яратувчидан (туш кўрувчидан) бошқа ҳамма бу шарпани оддий одам санай бошлайди. Шундай талаб қўйилди—навқирон йигит барча удумларни англаб етгани ҳамон харобалари дарёнинг қуйи қисмида жойлашган бошқа бир ёндирилган ибодатхонага бориб, ўша овлоқ гўшада олов илоҳини мадҳ этсин. Ва мана, туш кўраётган кимсанинг тушида шарпа уйғонди ва яшай бошлади.
Афсунгар талабни бажарди. У навқирон йигитга олам қонуниятларини англатиш ва Оловга хизмат қилишни ўргатиш учун анча вақт (қарийб икки йил) сарфлади. У йигитчага аллақачон меҳр қўйиб улгурган, у билан ажралишни истамас эди. У билимининг ҳали етарли эмаслигини рўкач қилиб, ҳар куни кечроқ уйғонадиган бўлди. Бироз нобоп ўнг елкани қайтадан яратди. Гоҳи замон буларнинг барчаси қачонлардир бўлган эди, деган туйғу унга тинчлик бермасди… Умуман олганда, у бахтиёр дамларни бошидан кечираётган эди. Шундай пайтларда у кўзларини юмиб «Энди мен ҳамиша фарзандим билан биргаман», деб хаёл қилади. Ёки бундан ҳам мароқлироғи: «Ўзим бунёд этган фарзандим мени кутаётир, мабодо бормасам, у ғойиб бўлади.»
Афсунгар аста-секинлик билан уни чин дунёга ўргатиб борарди. Бир сафар унга олис тоғлар чўққисига ялов тикиб келишни буюрди. Эртасигаёқ айтилган жойда ялов ҳилпираб турарди. У йигитчага яна-да жиддийроқ вазифаларни топшира бошлади. Ва дилда алам билан тушундики, фарзанди дунёга келишга тайёр—фурсат етган эди. Ўша кеча ўғлини илк бор ўпди ва харобалари дарёнинг қуйи қисмида, зим-зиё ўрмон ва ботқоқлик ортида оқариб кўринган бошқа бир ибодатхона томон юборди. Аввалроқ эса афсунгар уни ўзининг асл табиатини англамаслиги ва ҳамма қатори оддий одам эканига шубҳа қилмаслиги учун таҳсил даврини унутишга мажбур қилди.
Яратувчининг зафар нашидаси ва ҳузур-ҳаловати изтироб белгиларидан бегона эмас эди. Оқшом чоғи ва субҳи содиқ палла у тош ҳайкал пойига юзтубан қулаб ибодат қилар экан, унинг тушларда яралган фарзанди ўша—дарёнинг қуйи қисмидаги бошқа бир хароба доирада эш маросимларни адо қилаётганини тасаввур қиларди. У кечалари ухламас—ёки бошқа одамлар каби ухлар эди. У энди оламнинг ранг ва товушларини анча ёмон илғар, жўнаб кетган фарзанди ундан қувват олар ва юрагини ҳоритар эди. Ҳаётидаги асосий мақсадига эришгач, энди у аллақандай масрур ҳушсизлик ичра яшарди. Унинг тарихини ҳикоя қилувчилардан баъзилари йиллар билан, бошқалари эса беш йилликлар билан ҳисоблашни афзал билган палланинг сўнгида, ярим тун қайиқда сузиб келган эшкакчилар афсунгарни уйғотиб юборишди. Унга оёқлари куймасдан оловни топтай оладиган, ибодатхонанинг шимолий харобаларида истиқомат қилувчи мўъжизакор одам ҳақида сўзлаб беришди.
Афсунгар дарҳол Тангри сўзларини эслади. Унинг фарзанди бор-йўғи шарпа эканлиги ер юзидаги маҳлуқлар орасида биргина Оловга маълумлигини эслади. Бу ўй дастлаб унга таскин берди, бироқ тез орада азоблай бошлади. Бундай ғайриоддий қобилият фарзандини ҳайратга солиши ва охир-оқибат у ўзининг бор-йўғи биргина шарпа эканлигини англаб етишидан афсунгар қўрқарди. Одам эмас, балки бошқа бир нотаниш одам тушининг маҳсули… Нақадар хўрлик, нақадар аянчли қисмат. Ахир ҳар қандай ота учун туйғулар ғулғуласи ёки бахтиёрлик завқи оқибатида туғилган (ҳаётга олиб чиқилган) фарзанд азиз ва суюкли-ку. Минг бир синоатли кечада бошдан-оёқ–ҳар бир белгисига қадар ўзи хаёл қилиб топган ўғлининг келажаги, табиий, афсунгарни таҳликага солган эди.
Туйқус унинг мулоҳазалари поёнига етди—бунгача бир қанча воқеалар бўлиб ўтди. Аввал (узоқ қурғоқчиликдан сўнг) олис тоглар узра қушдай парқу булут қалқиб чиқди; кейин Жануб осмони ҳам қоплон милклари янглиғ ол рангга бўялди; кейин—қушлар ва маҳлуқларнинг саросимали қочқини. Ва юз йиллар аввал содир бўлган нарса такрорланди. Олов тангрисининг эҳроми олов туфайли харобага айланарди.
Бир кун–қушларидан айрилган субҳидам чоғи афсунгар доира кетидан доира бўлиб эҳром деворларига олов яқинлашаётганини кўрди. Дарёдан нажот топмоқчи бўлди, бироқ ўлим унинг улуғ ёшига тож кийдириш, барча ташвишлардан халос этиш учун ташриф буюрганлигини англаб, бу фикридан қайтди. Ва у ёнгинга пешвоз чиқди. Бироқ олов тиллари унинг вужудини забтига олмади, билъакс эркалаб ялаб-юлқади, ювиб-таради– куйдириб кул қилмади. Ва енгил тортиб, хўрлик алами билан даҳшат ичра англаб етдики, унинг ўзи ҳам кимдир биров ўз тушларида кўраётган шарпа эди, холос.
Шарифжон Аҳмедов таржимаси