Хорхе Луис Борхес. Аверроэс изидан (ҳикоя)

Абулҳолид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Рушд (мана шу узун исм охир-оқибат Аверроэс бўлгунга қадар Бенраист ва Авенрис, ҳатто Абен-Рассад ва Филиус Росадис каби эврилишларни бошдан кечирган кўйи асрлар давомида такрорланиб келди) “Таҳафут-ул-Таҳафут” (“Тугатилишнинг Тугатилиши”) тазкирасининг ўн биринчи бобини–форс зоҳиди, “Таҳафут-ул-Фаласифа” (“Файласуфлар раддияси”) муаллифи Ғаззолийнинг фикрига қарама-қарши ўлароқ, айрим жонзотларга эмас, балки турларга тааллуқли Коинот умумий қонунларигина Тангрига маълум эканлиги таъкидланган ўн биринчи бобини ёзиш билан мушғул эди. У ўнгдан сўлга томон ишонч билан хотиржам қалам тебратар, икки турли фикрдан мантиқий хулосалар чиқарган кўйи узун жумлаларни бир-бировига боғлар экан, атрофини ўраб олган салқин ва чароғон гўшасининг осойишталигини ҳис қилиб турарди. Мудроқ қўйнидаги ошиқ кабутарлар бир-бировининг пинжига кирган, наридаги ҳовлидан фаввора жилдираши эшитилиб турар ва аждодлари Арабистон саҳролари фарзандлари бўлган Аверроэс айни шу оби ҳаётнинг борлигига жон-тани билан шукроналар келтирарди. Қуйироқда боғлар ва уэрта бор эди; яна қуйироқда–жонсарак Гвадалаквивир, ундан нарида–Боғдод ва ё ал-Қоҳира каби чароғон ҳамда мураккаб ва нафис мусиқа асбоби мисол суюкли Кордова шаҳри, унинг теварак атрофида эса (Аверроэс буни ҳам кўнгил кўзи билан кўриб турарди) гарчи ғаройиботлари бисёр бўлмаса-да, ундаги ҳар бир тош қатъий ва мангуга муқим бўлган Испания ерлари ястаниб ётар эди.
Сўзлар бирин-кетин тизилиб борар, далиллар, инкор этиб бўлмас далиллар бир-бирига боғланаётган, аммо Аверроэснинг масъуд кайфиятига кичик бир ташвиш кўланка солган эди. Бу ташвишнинг боиси, умуман олганда тасодифан юзага келган “Таҳафут” эмас, балки Аверроэснинг беҳуда ҳаёт кечирмаганлигини башарият қаршисида исботлаши лозим бўлган улуғвор асар билан боғлиқ масала эди. Арасту асарига ёзилган шарҳ эди. Турли фалсафалар манбаи бўлган бу юноний неки бўлса, барчасини ўргатиш учун одамларга нозил қилинган эди. Уламолар Қуръонни шарҳлаганлари каби Аверроэс ҳам Арасту китобларини талқин этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ораларига ўн тўрт асрлик вақт девор солган одамнинг мушоҳадаларига ўзини бағишлаган бу араб табибининг жасорати сингари ажойиб ва улуғвор мисолларга тарих ҳар куни дуч келавермайди. Сурёний ва юнон тилларидан бехабар Аверроэс таржиманинг таржимаси устида иш олиб бораётганини мана шу юмушнинг мушкулотлари сирасига қўшиш керак бўлади. Бир кун аввал “Поэтика”нинг илк саҳифаларида дуч келинган икки тушуниксиз калом ишнинг белига тепди. Бу “трагедия” ва “комедия” деган сўзлар эди. Аверроэс бу сўзларни кўп йиллар аввал “Риторика”нинг учинчи китобида учратган, ислом дунёсидаги бирор зот уларни тушунтириб бера олмасди. У Искандар Афродисий асарини беҳуда варақлар, Ҳусайн ибн Исҳоқ билан Абу Башир Матта талқинларини қиёслаш ҳам наф бермади. Уларни ташлаб ўтиш мумкин эмасди– “Поэтика” матни бу сирли икки сўз билан тўла эди. Аверроэс ёзишдан тўхтади. Биз кўпинча ёнгинамизда турган нарсани қидириб сарсон бўламиз, дея “Таҳафут” қўлёзмасини яшириб қўйди ва сўқир Ибн Саид қаламига мансуб “Моҳкам”нинг форсий ҳуснихатда кўчирилган жилдлари терилган токча ёнига борди. Унинг бу иши кулгили бўлса-да, бекорчиликдан бу китобларни яна қайта варақлаб, лаззат олмоқчи эди. Бу машғулотдан Аверроэсни аллақандай қироат овози чалғитди. У панжарали айвондан кўз ташлади–пастки ҳовлида яланғоч болалар ўйин билан овора эди. Улардан бири бошқасининг елкасига чиқиб олганча муаззинга тақлид қилар, кўзларини чирт юмиб олиб «Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир» дея қироат қилар эди. Уни кўтариб олган бола минорага ўхшаб тек қотган, тиз чўккан учинчи бирови тупроққа қоришиб, намозхонлар жамоасини тасвирлар эди. Тез орада ўйин бузилди–болаларнинг ҳар бири муаззин бўлишни истар ва ҳеч бири минора ва ё намозхон бўлишни ҳоҳламасди. Улар “қўпол” лаҳжада, яъни ярим оролдаги мусулмон муҳожирлар суҳбатларида юзага чиқиб қоладиган испан тилида баҳслашаётганлари Аверроэс қулоғига чалинарди. У Ҳалилнинг “Китаҳ ул айн” асарини қўлга олди ва Танжерда амир Ёқуб ал Мансур ўз қўли билан ҳадя этган мана шу гўзал асарнинг бошқа бирор нусхаси бутун Кордовада, эҳтимол, бутун Ал-Андалусда ҳам топилмаслигини ўйлаб ғурурланди. Танжер номи Марокашдан қайтиб келган сайёҳ Абулқосим Ал Ашрий бугун кечқурун Қуръон билимдони деб эътироф этилган Фаррожникида ҳозир бўлишини ёдига солди. Абулқосим Чин мамлакати сарҳадларига қадар етиб боргани ҳақида сўзлаб берган, унинг душманлари эса нафратдан вужудга келувчи ўзига хос мантиқ билан у Хитой заминига оёқ қўймагани ва шунингдек, гарчи қадам ранжида қилган бўлса-да, ўша мамлакат эҳромларида Оллоҳга шак келтиргани ҳақида онт ичиб сўзлаб юришгувчи эди. Суҳбат бир неча соатга чўзилиши тайин эди ва шу боис Аверроэс шоша-пиша яна “Таҳафут”га тутинди. У шом қоронғусига қадар мутолаа билан машғул бўлди.
Фаррожнинг уйидаги суҳбат ҳукмдор фазилатларидан унинг амир иниси фазилатларига кўчиб ўтди, кейин эса, боғдаги сайр чоғи, атиргуллар тўғрисида сўз очилди. Абулқосим бу гулларга зиғирча эътибор қилмай, Андалус чорбоғларини безаб турган атиргуллардан гўзалроғи йўқдир, дея онт ичди. Фаррож ҳижолатпазликка йўл бермади– мавлоно Ибн Қутайба Ҳиндистон боғларида мангу гуллаб тургувчи ҳамда алвон япроқлари “Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва Муҳаммад унинг пайғамбаридир” деган битикни барпо этувчи ажойиб атиргул турини тасвир қилганлиги тўғрисида сўз ташлади. Эхтимол, муҳтарам Абулқосим шундай гулни кўргандир, деб қўшиб ҳам қўйди. Абулқосим саросимада қолди. Агар “кўрганман” деб жавоб қилгудек бўлса, уни виждонсиз ва сурбет алдоқчи, деб ўйлашлари тайин. Борди-ю “кўрмадим” деса, шаккок деб ўйлашади. У барча синоатларнинг калити Оллоҳнинг қўлидадир ва ер юзида бирор сўлғин ва ё барқ уриб турган нарса йўқдирки, Унинг китобида қайд этилмаган бўлсин, қабилида мужмал жавоб қилишни афзал билди. Дастлабки сураларга тааллуқли бу сўзлар тавозеъ билан қарши олинди. Топқирлигидан мағрурланиб кетган Абулқосим Худонинг ҳилқатлари мукаммал ва англаб бўлмасдир, дея илова қилди ва шунда ҳали дунёга келмаган Юмнинг бўлажак мулоҳазаларини олдиндан пайқаган Аверроэс суҳбатга қўшилди:
–Замин эътиқод тимсоллари нақш қилинган атиргулни дунёга келтирган, дея ўйлашдан кўра мавлоно Қутайба ва ё ҳаттотлар матн кўчиришда хатога йўл қўйганлар, дейиш мен учун осонроқ.
–Ҳаққи рост. Улуғ ва ҳаққоний сўзлар,-деди Абулқосим.
–Бир сайёҳ,-дея хотираларидан сўз очди шоир Абдулмалик,-мевалари ям-яшил қушлардан иборат бўлган дарахт ҳақида ҳикоя қилади. Илоҳий ҳарфлар нақшланган атиргулдан кўра мана шунга ишониш мен учун осонроқ.
–Эҳтимол,-деди Аверроэс,-мўъжизанинг боиси қушларнинг рангида бўлса керак. Қолаверса, мева ҳамда қушлар табиат дунёсига тегишли, битик эса санъатдир. Атиргуллардан ҳарфларга ўтишдан кўра япроқлардан қушлар томон ўтиш мантиққа яқинроқ.
Меҳмонларнинг бири ёзув санъатдир, деган фикрни дарғазаб ҳолда инкор этди. Илло Қуръоннинг аслияти– “Китоб Волидаси”–олам яралишидан аввал ҳам мавжуд эди ва у фалакда сақланади. Яна биров басралик Жоҳизни тилга олиб ўтди. Унга кўра, Қуръон инсон ва ё жондор шаклини олишга қодир моҳиятдир, ўз навбатида мана шу фикр Қуръон иккита дегувчилар қарашларига гўёки мос тушгандай туйилади. Фаррож изчил нуқтаи назарни баён қилишга тушди. Қуръон, деди у, ҳудди илоҳий марҳамат сингари Худонинг сифатларидан биридир; Қуръонни китоб қилиб битадилар, уни тил билан талаффуз этадилар, уни қалбга муҳрлайдилар–нутқ ва имло белгилари инсон ақли маҳсулидир. Қуръон эса мутлақ ва мангудир. “Республика”га тафсир битган Аверроэс Китоб Волидаси унинг (Қуръоннинг) ўзига хос афлотуний ғоясидир, деган фикрни ўртага ташлаши мумкин эди, аммо илоҳиёт Абулқосим ақлидан анча наридаги илм эканига эътибор қилди.
Буни пайқаган бошқа меҳмонлар ҳам Абулқосимдан бирор ажойибот ҳақида сўзлаб беришни илтимос қила кетишди. Ҳозирдаги каби у замонларда ҳам дунё бемеҳр эди: чинакам жасур одамлар ва шунингдек, ҳар нарсага тайёр разилларгина ер юзи бўйлаб саёҳат қила олар эдилар. Абулқосимнинг ботиний қўрқоқлиги эса хотирасида аксини топган эди. У нима ҳақида сўзлаб бера оларди? Устига устак, улар ажойиботлар ҳақида сўрашаётир, ахир беназир нарса-ҳодисаларни сўз орқали ифодалаб бўлар эканми? Бир хил сўзлар воситасида тасвирлаш мумкин бўлса-да, Бенгалия осмонидаги ой Яман ҳилолидан ўзгачароқ. Абулқосим бир оз вақт тараддудда қолгач:
–Турли ўлка ва шаҳарларни зиёрат қилувчи одам, – дея эҳтиётлик билан сўз бошлади. – хотирада сақлашга лойиқ кўп нарсаларнинг гувоҳи бўлади. Мана, мен фақат бир маротаба турклар султонига сўзлаб берган воқеа. Бу воқеа Чин Калонда (Кантонда), Ҳаёт Ирмоғининг денгизга қуйилиш жойида рўй берган эди.
Фаррож бу шаҳар яъжуж-маъжужлардан сақланиш учун Искандар Зулқарнайн барпо этган девордан қай масофа олисда экани билан қизиқди.
–Девор билан шаҳарнинг ўртаси саҳродир,-деди Абулқосим калондимоғлик билан.-Девор миноралари уфқда кўрингунга қадар, карвон қирқ кун йўл босиши ва айтишларича, унинг қаршисида пайдо бўлиш учун яна шунча йўл юриши керак. Чин Калонда мен ўша деворни кўрган ёки деворни кўрган одамни кўрган бирорта одамни кўрмадим.
Аверроэс бир зумга баҳайбат чексизлик, кимсасиз борлиқ қаршисидаги қўрқувни туйди. У дарахтлари бир хил тартиб билан кўкка бўй чўзган боққа назар ташлади. Ўзини кексайиб қолган, бефойда ва кўримсиз одам ҳис қилди. Абулқосим ҳикоясини давом эттирди:
–Бир кун оқшом Чин Калонда истиқомат қилувчи мусулмон савдогарлар мени ёғочдан барпо қилинган серҳашам уйга олиб боришди. Уй одамлар билан лиқ тўла эди. Бу уйни тасвирлаб бериш мушкул. У бир-бировининг устига жойлашган йўлаклари ёки айвонлари бўлган биттагина улкан бўлма эди. Айвонда ўтирган одамлар еб-ичишар, пастки саҳндагилар ҳам, пешайвонга ўхшаш баландроқ жойда ўтирганлар ҳам еб-ичиш билан машғул эдилар. Пешайвондагилар ноғора ва уд чалишар, ўн беш ёки йигирма чоғли одамлар эса –улар қизил ниқоб тутган эдилар–ибодат қилишар, қўшиқ айтишар ва ўзаро суҳбат қуришарди. Оёқларига кишан солинган бу одамлар уқубат чексалар-да, зиндон кўринмас эди: улар кўзга кўринмас отларда елиб жанг қилсалар-да, қўлларида тутган шамширлар қамишдан ясалган эди: улар жон таслим қилар, сўнг яна оёққа турарди.
–Ақлдан озган одамларнинг қилиқлари ақли расо одам тасаввурини ҳам ортда қолдиришга қодир. – деди Фаррож.
–Улар ақлдан озган эмасдилар.-Абулқосим изоҳлашга мажбур бўлди.- Савдогарлардан бирининг айтишича, улар аллақандай воқеани тасвирлаётган эдилар.
Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмади, афтидан тушунишга ҳаракат ҳам қилмади. Ҳижолат бўлган Абулқосим хотиржам ҳикоя сўзлашдан дадил мулоҳазаларга ўтди. У қўлларини силтаганича яна қайта сўзлай кетди:
–Тасаввур этиб кўрайлик, ҳикоя қилиб бериш ўрнига кимдир бир воқеани намойиш қилаётир. Бу, айтайлик, Эфесда ухлаб ётганлар воқеаси бўла қолсин. Биз улар ғорга томон кетиб бораётганини, ибодат қилиб бўлгач, мудроқ қўйнига чўмишларини, кўзлари очиқ ҳолда ухлаб ётганларини, уйқу мобайнида бўйи ва энига ўсаётганларини, уч юз тўққиз йилдан сўнг уйғона бошлашларини, савдогарнинг қўлига қадимий тангани тутқазишларини, улар қай тариқа жаннатда кўз очишларини ва улар билан бирга ҳамроҳ ит ҳам уйғонишини ўз кўзимиз билан кўрамиз. Пешайвондаги одамлар ўша оқшом шунга ўхшаш томоша кўрсатдилар.
–Ўша одамлар гапиришармиди? – сўради Фаррож.
–Албатта гапиришарди, -деди Абулқосим ўзи элас-элас хотирлаётган ва аслида зерикиб томоша қилган намойишнинг маддоҳига айланиб. -Улар гапиришар эди, қўшиқ куйлардилар ва мулоҳаза юритардилар.
–Бунинг учун,- деди Фаррож,- йигирмата одам шарт эмасди. Биттагина масхарабоз ҳар қандай воқеани, ҳатто энг мураккаб воқеани ҳам сўзлаб бера оларди.
Бу фикрни ҳамма маъқуллади. Оллоҳ фаришталарни идора қилиш учун тасарруф этадиган араб тили фазилатларини мадҳ эта кетдилар. Сўнг араблар шеърияти хусусида сўз очилди. Уни ҳам лозим даражада кўкларга кўтаргач, Абдулмалик ҳамон чўпонлар тимсоли ва бадавийлар луғатини тарк этмаган Дамашқ ва кордовалик шоирларни урфдан қолганликда айблади. Қаршисида Гвадалаквивир мавжланиб ётгани ҳолда саҳро қўйнида адашган қудуқ сувини мадҳ этиш бемаъниликдир, деди у. У кўҳна ташбеҳларни янгилаш тарафдори эди–Зуҳайр тақдирни сўқир туяга қиёс қилган маҳалда бу тимсол одамларни ҳайратга солар эди, аммо беш асрлик ҳайратланиш мобайнида у эскириб бўлган. Кўп маротаба ва кўпчилик оғзидан эшитилган бу мулоҳаза маъқулланди. Авверроэс сукут сақларди. Ва ниҳоят, у ўзи билан сўзлашаётган каби тилга кирди.
–Мен ҳам,-деди Авверроэс,-бу қадар сўзамоллик билан бўлмаса-да, ҳарқалай Абдулмалик баён этган фикрни шунга ўхшаш далиллар ёрдамида ёқлаган эдим. Искандарияда сўзлаб юрадиларки, гуноҳ қилиб тавба этган одамгина гуноҳ қила олмайди. Бу фикрга қўшимча қиламиз: хатолардан ҳоли бўлиш учун уларнинг чангалида бўлиб кўрмоқ лозим. Зуҳайр “Муаллақот” саҳифаларида андуҳ ҳамда шон-шуҳратнинг саксон йили мобайнида тақдирнинг сўқир туя каби одамга бирдан ҳамла қилиб қолишини кўп маротаба кўргани ҳақида ҳикоя қилади. Абдулмаликнинг фикрлашича, бу тимсол одамларни ҳайратга солишга энди қодир эмас. Унинг фикрини бир неча далиллар билан инкор этиш мумкин бўлур эди. Биринчиси: борди-ю шеърнинг мақсади ҳайрон қолдириш бўлса, унинг умри асрлар билан эмас, балки кун ва соатлар билан ва, балки, дақиқалар билан ўлчанган бўлур эди. Иккинчиси: машҳур шоир ихтирочи эмас, балки кашшофдир. Ибн Шароф Баҳрийни шарафлаб айтадиларки, юлдузлар тонг чоғи худди дарахтдан узилган япроқ мисол бирин-кетин тўкилиб тушишларини фақат угина ўйлаб топиши мумкин эди. Агар шоир маддоҳлари ҳақ бўлсалар, ушбу тимсол ҳеч вақога арзимайди. Зотан фақат бир одам ўйлаб топиши мумкин бўлган тимсол ҳеч кимни ҳаяжонга сола олмайди.
Ер юзига беҳисоб турфа хил нарсалар сочиб юборилгандир ва уларнинг ҳар бирини бошқа бирови билан қиёслаш мумкин. Юлдузларни япроқларга қиёслаш уларни балиқ ва ё қушларга қиёслаш сингари ихтиёрийдир. Ва билъакс, тақдирнинг қудратли ва бефаҳм, беозор ва шу билан бирга бешафқат эканига бирор марта гувоҳ бўлмаган кимса йўқдир. Зуҳайрнинг шеъри охир-оқибат барчага дахл қилгувчи айни шу фикр ҳаққи битилгандир. Ундан ошириб айтиш мумкин эмас. Қолаверса, менинг асосий хулосам шу–саройларни харобага айлантиришга қодир вақт шеъриятни бойитади. Арабистонда битилган бу шеърда ўша маҳалда икки тимсол–кекса туя билан тақдир таққосланган эди. Орадан беш юз йил ўтиб ўқилган бу шеър, энди, устига устак, Зуҳайрнинг ўзини ҳам хотирга келтиради ва ўз андуҳларимизни мана шу марҳум араб андуҳлари билан қиёс этишга ундайди. Дастлаб бу тимсол хусусиятлари иккита эди. Энди эса тўртта бўлди. Вақт шеър доирасини кенгайтиради ва мен шундай мисраларни биламанки, улар мусиқа янглиғ ҳамиша барча инсонлар учун жаранглайверади. Худди шу каби–бир неча йил аввал Марокашда эканлигимда қадрдон Кордова висоли қийноққа солган маҳал Абдураҳмоннинг Русафо боғларидаги Африка пальмасига қарата айтган хитобини такрорлаш менга таскин берар эди:
Ў пальма, сен ҳам
Мусофирмисан бу боғларда?!..
Шеъриятнинг ажабтовур фазилати! Шарқни қўмсаётган қирол битган сўзлар Африкага сургун қилинган каминанинг Испания дардига малҳам эди.
Сўнгра Авверроэс Исломга қадар бўлган Жоҳилия давридаёқ чексиз саҳролар лаҳжасида барча нарсани айтиб улгурган кўҳна шоирлар ҳақида сўзлади. Ибн Шарофнинг хонаки баландпарвозлигидан ташвишланган Авверроэс дедики, ўтмиш шоирлари ва Қуръонда бутун шеърият жаъм этилгандир ва янгилик олиб кирмоқчи бўлганларнинг даъволари эса нодонлик ва беҳуда чиранишдан бошқа нарса эмасдир. Ҳамма унинг сўзларини бажонидил тинглар, зотан, у ўтмишни ёқлаётган эди.
Авверроэс кутубхонага қайтиб келган маҳал муаззинлар бомдод намозига чорлаётган эди. (Бу орада эса харамдаги қора соч канизаклар малла сочли канизакни азоблаб улгурган, бироқ, Аверроэс бундан фақат кечга томон хабар топади.) У ўша икки номаълум сўзни тушуниб етгандай бўлди ва равон ҳуснихат билан ёзилган қуйидаги жумлаларни қўлёзмага қўшиб қўйди: “Арасту мадҳияларни таргедия деб, дуоибаъдларни эса комедия деб атайди. Қуръон саҳифалари ҳамда “Муаллақот” трагедия ва комедиялар билан тўлиб-тошгандир”.
Уйқуси келиб, бир оз совуқ қотгандай бўлди. Салласини ечиб, кўзгуга разм солди. Шу лаҳзада унинг кўзлари қай бир манзарага гувоҳ бўлганлиги менга қоронғу, илло ҳеч бир муаррих унинг юзларини тасвирлаб берган эмас. Менга фақат шу нарса аёнки, у кўзга кўринмас яшин урган мисол бирдан ғойиб бўлди, у билан бирга уй ва фаввора, китоб ва қўлёзмалар, ошиқ кабутарлар ва қорасоч канизаклар, азоблардан юрак олдирган малласоч канизак, Фаррож ва Абдулқосим, атиргул буталари ва эҳтимол, Гвадалаквивир ҳам кўздан ғойиб бўлди.
Ушбу ҳикояда мен бир мағлубият жараёнини тасвирламоқчи эдим. Дастлабки ниятга кўра, мен Худо ягона эканлигини далиллар билан исботлашга қарор қилган ўша кентербериялик роҳиб ҳақида ёзмоқчи бўлгандим. Сўнг эса фалсафа тоши илинжида бўлган алкимёгарлар ҳақида; кейин бурчаклар трисекцияси ҳамда доиралар квадратурасини кашф этишдек ечиб бўлмас масалага қўл урганлар ҳақида ҳикоя қилишни ўйладим. Аммо кейинроқ ўзи эмас, балки бошқалар эриша олиши мумкин бўлган мақсадни ният қилган одам воқеаси жозибадорроқ туйилди. Шунда мен Ислом доираси билан чеклангани боис “трагедия” ва “комедия” сўзларини барибир тушуна олмаган Аверроэсни эсладим. Мана, ушбу воқеани ҳикоя қилиб тугатдим. Ёзиш жараёнида мен Бертон тилга олиб ўтган ўша Тангрининг, буқа ўрнига буйволни яратган Тангрининг кўйига тушдим. Ўз асарим гўё ўзимни масхара қилаётгандек эди. Театр ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган Аверроэснинг драмани фараз қилишга уриниши кулгили эди. Ренан, Лэйн ва Асин Паласьос ёзиб қолдирган узуқ-юлуқ парчалардан бошқа манбага эга бўлмаган ҳолда менинг Аверроэсни фараз қилишга уринишим эса бундан-да аянчлироқ. Сўнгги саҳифани қоралаб тугатаётганимда англаб етдимки, менинг ушбу ҳикоям–буни ёзаётган чоғимдаги қиёфамнинг инъикосидир ва айни шу ҳикояни ёза олиш учун айнан ўша одам бўлишим лозим эди, айнан ўша одам бўлишим учун эса мен мана шу ҳикояни ёзишим керак эди ва шу тақлид чексизликка қадар… (Мен унга ишонмай қўйганим заҳоти Аверроэс ғойиб бўлади.)

Шарифжон Аҳмедов таржимаси.
Хуршид Даврон сайтидан олинди.

ТАРЖИМОНДАН

ХХ аср жаҳон адабиётида бир мукаммал бадиий воқелик барпо этган аргентиналик адиб Хорхе Луис Борхеснинг (1899-1986) адабий мероси атрофидаги мунозаралар ҳали-ҳамон тинган эмас. Борхес мунтазам тарзда мурожаат қилган рамзлар эса, хусусан, мана булар—кўзгулар, кутубхона, адоқсизлик, боғ ва тушлар олами. У “Ал-Муҳтасимга яқинлашув” ҳикоясида ёзади: “Қодир Худонинг ўзи ҳам Кимнидир излашда давом этаётир, ушбу Кимдир эса – бошқа бир юксакроқ (ёхуд шунчаки зарур ва ўзига монанд) Кимнидир излаш билан машғул ва шу тариқа Замонлар Интиҳосига—ёки, тўғрироғи Интиҳосизликка (чексизликка) қадар.” “Хароба доиралари” ҳикоясида эса қуйидагиларни ўқиймиз: “Бир кун–қушларидан айрилган субҳидам чоғи афсунгар доира кетидан доира бўлиб эҳром деворларига олов яқинлашаётганини кўрди. Дарёдан нажот топмоқчи бўлди, бироқ ўлим унинг улуғ ёшига тож кийдириш, барча ташвишлардан халос этиш учун ташриф буюрганлигини англаб, бу фикридан қайтди. Ва у ёнғинга пешвоз чиқди. Бироқ олов тиллари унинг вужудини забтига олмади, билъакс эркалаб ялаб-юлқади, ювиб-таради– куйдириб кул қилмади. Ва енгил тортиб, хўрлик алами билан даҳшат ичра англаб етдики, унинг ўзи ҳам кимдир биров ўз тушларида кўраётган шарпа эди, холос.” Борхес мавжуд воқеликнинг ўзи-да омонат ва номукаммал эканлигини, уни бошқа бир—тўқиб чиқарилган ва барча унсурлари пухта ишланган бошқа бир дунё ўзида маҳв эта олиши мумкинлигини айтади—“Тлён, Укбар, Orbis Tertius”.
Агар адабиётшунослик доирасидаги бу мулоҳазалардан бир қадар четлашадиган бўлсак, Борхеснинг ҳар бир ҳикоясини ҳар қандай бошқа кўламдор асарларга замин бўла оладиган мукаммал формулалар тарзида тушуниш мумкин. Борхес шу тариқа аллақандай бошқа улкан лойиҳаларнинг моҳиятларини ҳавола этади. Унинг ўзини эса бир меъморга менгзаш мумкиндир, балки. Унинг адабий олами Пиза минораси каби оғиб бораётган эмас, балки унинг тадқиқотчилари ҳали эътибор қилмаган маъноларни кашф қилиш илинжидаги ҳар бир ўқувчи сайр қила оладиган кафолатли қўрғон кабидир. Чиндан ҳам Борхесни ўқишга тадориги бор ва оқибатда уни англаш остонасида турган ҳар бир мутолаагўй бу қўрғон аро ўзининг алоҳида Борхесини излаб топиши эҳтимоли йўқ эмас.
Аммо Борхес бугунги ўзбек китобхони учун нақадар долзарб? Агар савол шу қадар қўйиладиган бўлса, аслида ҳеч бир нарса долзарб эмас. Борхес каби адиблар маҳсуллари сукунатни маъқул кўради. Бу асарлар маълум бир даврда урфга кириб, фурсат ўтгач урфдан чиқадиган муваққатликдан бегона. Шу маънода ҳавола этилаётган ушбу дастлабки “ўзбекча Борхес” ўтган асрнинг 90-йилларида тайёрланган эди, аммо маълум сабаблар йиғиндиси айни натижани ҳозирга қадар олиб келди.
Таржима жараёни ҳақида эса шуларни айтиш мумкин. Агар урфга кирган ибора қўлланадиган бўлса, Борхес асарларида, ҳар бир иборада ички оҳанг яширинган. Яширин мусиқа. Шу нарсага путур етказмасдан ўзбек тилига ўгиришга интилинди.
Умид шуки, ҳозир бўлмаса сўнгроқ, ўзбек адабиётида ҳам жаҳон адабиёти аслида яхлит бир адабиёт эканини, маҳдудликда қолиш хатарли эканини англаш тараққий этса ва бу англаш ҳосилалари бошқа барча йўналишларни-да ҳаракатга келтирса.
Адибнинг ўзбек тилидаги ҳикоялари мутолаасига шайланган ўқувчига эса тилак ошу—ҳалолингиз бўлсин!

________
Изоҳлар:
Уэрта (исп. Huerta)—боғ, томорқа.
“Поэтика” ва “Риторика”—юнон файласуфи Арасту асарлари.
Искандар Афродисий (II-III асрлар)—юнон файласуфи, Арасту асарлари шарҳловчиси.
Ибн Саид ал-Мағрибий—ўрта асрлар мусулмон Испаниясининг таниқли олимларидан, сайёҳ.
Эфес—ҳозирги Туркиянинг Измир шаҳри яқинидаги қадимий юнон шаҳри. Бу шаҳар харобалари ҳамон сақланиб қолган.
Ибн Зуҳайр (530-627)—араб шоири.
Жозеф Эрнест Ренан (1823-1892)—француз ёзувчиси, тарихчи ва тилшуноси.
Эдуард Лэйн (1801-1876)—инглиз тарихчиси.
Асин Паласьос (1871- 1944)—испан роҳиби ва шарқшуноси.