Онанинг кенжатойи қиш чилласида туғилди. Ташқарида қор гупиллаб ёғарди. Изғирин шамол ҳовлини босган қор уюмини хирмондек совуриб, муз боғлаган дераза ойналарига пуркайди.
Гўдак чинқириғи ҳаммани сергак торттирди. Хонадаги зулмат ичида кўз-кўзни кўрмасди. Ота тимирскиланганча, гугурт қидиради, аксига олиб, бу зим-зиё хонада қидирган нарсангни топиш амри маҳол.
Уй совуқ эди. Юпун кийинган болалар бир-бирининг пинжига кириб дир-дир титрашар, негадир қаттиқроқ нафас олишга ҳам журъатлари етмасди. Ниҳоят ота гугурт топиб, чироқни ёқди. Хонани чироқнинг олақоронғи, титроқ шуъласи эгаллади.
– Нега олдинроқ айтмадинг, ҳеч қурса Нозлини чақирардик, – деди Ота елкасидан тоғ ағдарилгандек, ҳали қонга беланиб ётган чақалоқни йўргакка ўраб, онанинг қўйнига соларкан.
– Бу қаҳратонда безовта қилгим келмади, – деди она ҳорғин нафас олиб. Аслида бунинг сабабини ўзи ҳам билмасди.
– Ўғил! – деди эр-хотин бараварига.
Ўртанча қиз ҳали нима юз берганини билмасди. Эски йўргакка ўралган чақалоқни кўргач, болаликка хос қизиқиш устун келди ва бошини кўрпадан ташқариб, бўйнини чўзди.
– Ётиб ухла, – деди онаси ожизгина жеркиб. – Вақт алламаҳал бўлди.
Қизча онасининг жаҳлини билгани учунми, ярим кечаси юз берган бу ҳодисанинг ваҳимаси сабабми, ҳар қалай овозини чиқармади.
Тун ярмидан оққан, шамол борган сари кучаярди. Ота оҳиста ташқари чиқди ва зум ўтмай бир қучоқ ўтин кўтариб кирди. Бироздан сўнг чўян печда ўт гуриллади. Бир зумда тор уй исиб, кир босган дераза ойналари терлади.
Сарпойчан болаларнинг бари уйғонган, ҳаммаси қизиқиш билан онаси тарафга қараб туришарди. Отанинг бир дағдағаси билан яна ҳаммаси кўрпага бурканиб олди. Болалар ўринга кириб олишса-да, ҳеч бирининг ётгиси келмас, қўрқув аралаш қизиқиш уларга тинчлик бермасди.
Ота бурчакдан элакни олиб, ёғоч идишга ун элашга тушди. Болалар отасининг ун элашини бириничи бор кўриб туришар, улар шу чоққача ун элаш хотинларнинг иши деб билишарди. Ун элаётган эркакнинг гавдаси беўхшов тарзда силкинар, унга монанд тарзда девордаги сояси ҳам ваҳимали тебранарди.
Кейин ота печ устидаги қозончада атала пиширишга тушди. Болалар отасининг овқат пиширишини қизиқиш билан кузатишарди. Ота аталадан бир қошиқ хотинига ичиргач, печга бир парча ўтин тиқиб, ўрнига кирди.
…Эрталаб болалар уйқудан кўзини очганида, кун пешинга бориб қолганди. Ҳамма ёқни оппоқ қор босибди. Она кўрпа ичида тирсагини ёстиққа тираганича, деразадан кўз узмай ётарди. Юз-кўзларида безовталик акс этарди. Болалар ўрнидан туриши билан катта қизига қараб, печнинг тагини кўрсатди:
–Анави ифлосни йўқот, – деди ва бироз тўхтаб, қўшиб қўйди. – Буниям топган вақтини-чи?
Қиз печкага яқинлашди. Холдор мушук туғибди. Тўртта мушуквачча бир-бирига шу қадар ёпишиб турардики, уларни битта жон деб ўйлаш мумкин эди. Жониворларнинг ҳали кўзи ҳам очилмаганди.
Она мушукни ёқтирмасди. Холдорни ҳам ноидож уйга киритишганди. Чунки, кейинги пайтларда сичқонлар кўз очирмай қўйишганди.
Онаси бир ривоятни кўп айтарди: Бир кишининг боласи йўқ экан. Эртаю кеч Яратганга дуо қилиб, фарзанд сўраркан. Ҳалиги одамнинг бир ити ва бир мушуги ҳам бор экан. Улар ҳам ўз тилларида хўжайинлари учун дуо қиларкан. Ит айтаркан: “Эй Эгам, хўжайинимга етти ўғил ато қилгин, уларнинг ҳар бири бир бурдадан нон берса, бутун умр фароғатда яшайман”. Мушук айтаркан: “Худойим, хўжайинимга еттита кўр қиз бергин, ҳар бирининг қўлидаги бир бурда нонини ўғирлаб қочсам ҳам, бир куним ўтади”.
Бу шунчаки афсонами, ҳақиқатми, ўзи ҳам фарқига бормаса-да, шу ривоят онгига муҳрланган кундан бери мушук зотини кўрарга кўзи йўқ эди.
Қиз бир сўз демай, мушук болаларини тўрвага солиб, молхона тарафга кетди. Агар мушукваччаларни ҳовлида қолдирса, музлаб ўлишлари аниқ. Ҳамма ёқ оппоқ қорга беланган. Молхона бурчагидаги сомон уюми ўртасидан жой очиб, мушукчаларни ўша ерга авайлаб терди. Холдор мушук миёвлаганча қизнинг ортидан келарди. Қиз кун бўйи мушукларнинг бошидан нари кетмади. Ҳар-ҳар замонда онасининг кўзини шамғалат қилиб, она мушукка нон, гўшт келтириб турди. Мушукчаларнинг таги иссиқроқ бўлсин учун эски шолча келтириб тўшади.
Шу куни ота ишдан эрта қайтди. Қўлтиғида мева-чева, қанд-қурс, ҳар хил совға-саломлар билан тўла қоғоз халта бор эди. Отанинг кўзлари қувончдан порлаб турарди. Бу кўзлар бир неча йилдан бери энди кулмоқда эди. Ҳатто пешшонасидаги ажинлар ҳам йўқолган, кўзларидаги нигоронлик эриб битган, ахир у ўғилли бўлганди. Тўрт қиздан кейин. Она ҳам кулиб турар, юзларида бахт ифодаси балқарди.
Ота айвонда мириқиб папирос тутатди. Ўғилни хотини эмас, худди ўзи туққандек, атрофга алланечук кибр ва ифтихор билан боқди. Кейин уйга кириб, гўдакни қучоғига олди, юзини очиб, боласининг митти юз-кўзларига тикилиб қолди.
– Яхши ўғил тоғасига ўхшайди, дейишган, – деди. – Худди ўзи бўлибди, бир туки кам эмас.
Кечаси эр-хотин анча пайт пичирлашиб ётишди. Ота олдингидек қўпол, асабий овозда гапирмас, бола туғилганидан бери мулойимлашиб қолганди.
Она:
– Мушук ўлгурнинг туққан пайтини қаранг, – деди, – ишқилиб болаларга бир касри урмасин дейман.
– Э, – деди эри. – намунча иримчи бўлмасанг?
Эрталаб катта қиз онасининг овозидан чўчиб уйғонди. Кўзларини ишқалаб печ томонга қаради. Холдор мушукнинг болалари печканинг тагида ётишарди. Қизиқ, мушук болаларини бу қаҳратонда қандай қилиб молхонадан бу ёққа олиб келдийкин? Уйга қай йўл билан кирдийкин? Мушукка раҳми келди. Онасига айтмоқчи бўлдики…
–Манави исқиртларни қорга улоқтир! – деди она хийла ижирғаниб.
Қизнинг кўздлари мўлтиради, аммо бирор нима деёлмади. Яна мушукваччаларни тўрвага солди, молхонанинг тўрида ўзи ясаб берган сомон уйча ичига жойлади. Уларни бироз ўйнатган бўлди-да, Онасидан яширинча, бироз нон олиш учун уйга қайтди. Онаси шу онда унга ўтин келтириб, печни ёқишни буюрди. Айтилган ишни бажариб бўлгач, бир бўлак нон олиб, мушукларнинг ёнига югурди.
Ичкарига кириши билан даҳшатдан донг қотди. Холдор мушук… ўз болаларини еётганди.Қиз жон ҳолатда бир четда турган ёғоч парчасини мушукка қараб отди. Холдор мушукнинг думи диккайди. Тукларини ҳурпайтириб, ваҳшиёна ғуриллади. Қиз мушукнинг қонга беланган юз-кўзларини кўриб, юраги ёрилгудек бўлди ва ўзини ташқарига урди.
– Ойи, ойи, қаранг, Холдор болаларини еб қўйяпти.
Она сапчиб тушди. Чақалоқ ҳам уйғониб кетдими, йиғлашга тушди. Она боласини овутиш учун қучоғига олди. Қиз онасини кутмасдан, яна молхонага югурди.
Холдор мушук уч боласини еб битирганди. Қиз қўлига илинган ғишт парчасини мушукка қараб отди. Ғишт мушукнинг ёнидан ўтиб, молхона бурчагига бориб тушди. Мушук охирги боласини тишлаб, кўз очиб юмгунча молхонанинг томига чиқиб кетди.
…Ўша кундан Холдор мушук уйга келмай қўйди. Она қилган ишидан пушаймон бўлса-да, буни сиртига чиқармасди.
Қизлар эртаю кеч укаларининг бошидан нари кетишмас, чақалоқнинг тепасида парвона эдилар. Она кўз тегмасин дея ўғлининг жажжи қўлчасига кўзмунчоқ тақди. Уйига биров келгудек бўлса, боласига назари тегмасин учун кийимидан тутантириқ юлиб олар, болам қўрқиб чиқмасин дея, ёстиғи остига нон тиқарди.
Холдор мушук бора-бора ҳамманинг ёдидан кўтарила бошлади.
Бир куни эрталаб, она молларга сув бериб чиқаркан, катта қизини чақирди. Қиз отасининг этигини оёғига илиб, ҳовлига чиқди.
-Холдоринг кепти, сомонтўданинг устида ётибди.
Қиз суюнди. Тиззасидани келадиган этикларни судраганча, молхонага кирди. Ичкари қоп-қоронғи эди. Деворларни пайпаслаб сомон уюми тарафга юрди. Секин-аста кўзлари қоронғиликка кўника бошлади. Сомон уюми олдига борганида бирдан қотиб қолди. Холдор мушук сомон уюми орасида, болалари учун қиз ясаб берган уйчанинг ичида ғужанак бўлганча… ўлиб ётарди. Қиз ҳўнграб юборди.
Энтика-энтика ҳовлига чиқди. Кўз-ёшдан ивиган юзлари совуқда муз қота бошлади. Изғирин шамол бўғотда осилиб ётган сумалакларни синдириб тўкарди.
Озарбойжончадан Рустам Жабборов таржимаси