Вольтер. Задиг ёки тақдир (қисса)
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Вольтер (Voltaire – тахаллуси; асл номи Мари Франсуа Аруэ) (1694. 21.11 – Париж – 1778.30.5) -француз ёзувчиси, файласуф, тарихчи. Франция Фанлар Академияси (1746), Россия Фанлар Академияси фахрий (1746) аъзоси.
Эркин фикрлиликда айбланиб қамалган (1717, 1725). Биринчи фожиа асари «Эдип» қамоқда ёзилган; саҳналаштирилган (1718). 1726 йилда Англияга сургун қилинган. Умрининг кўп қисми муҳожирликда кечган (1726—78).
Дидро бошчилигидаги «Энциклопедия»ни нашр этишда фаол иштирок этган (1751-78).Вольтер ўз эстетик қарашлари ва драматик асарларида классицизм анъанаси йўлидан борган, черков мутаассиблигига қарши курашган («Заира», 1732; «Альзира», 1736). Француз ижтимоий ва давлат тузумини ўзгартириш ғоясини илгари сурган.
У ҳокимиятни озодлик, тенглик ва биродарлик қонунларига қатъий амал қилувчи одил гюдшоҳ бошқаришини орзу қилган. Унингча, конституцияли монархия энг оқилона давлат тузумидир.Вольтер фалсафада деист. Ж. Локк, И. Ньютоннинг назариялари тарафдори. У моддий дунё мавжудлигини, жамият тараққиётини тан олса-да, «уни ҳаракатга келтирувчи куч» — Худо, деб билган («Фалсафий мактублар», 1733; «Метафизика тўғрисидаги рисола», 1734; «Ньютон фалсафасининг асослари», 1738 ва б.).
Вольтер лирикаси Эпикур фалсафаси руҳида («Лисабон ҳалокати ҳақида достон», 1756 ва б.). Достонларида тескаричи гуруҳлар, абсолютизм тизими танқид қилинган («Генриада», 1728; «Орлеан қизи», 1735 ва б.). Фалсафий қиссалари («Задиг», 1748; «Кандид», 1759; «Соддадил», 1767 ва б.)да ҳамма нарса яхши дея даъво қилувчи мутлақ ишончни ҳам, ҳамма нарса ёмон дегувчи мутлақ тушкунликни ҳам рад этади, қирол саройи, суд маъмурияти ва ҳарбий амалдорларни фош қилади.
Достонларида Шарқ мавзуидан кенг фойдаланди. Вольтер Амир Темур ва Улуғбек даври тарихини яхши билган. Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний», Д. Ербелонинг «Шарқ кутубхонаси» қомуси, Клавихонинг «1403 — 1406 йилларда Самарқанддаги Темур саройига саёҳат кундалиги» (1582) каби асарлар билан танишган. Тарихий мавзудаги «Миллатларнинг ҳолатлари ва одатлари ҳақида» (1753—58) китобида ер юзидаги қатор давлатлар, монарх ҳукмдорлар ҳақида маълумот беради. Асарнинг 3-жилди Амир Темур ва темурийлар хукмдорлигига бағишланган. Бунда Амир Темурнинг ўз давлатини кенгайтириш йўлида олиб борган юришлари, турк султони Боязид билан қилган жанги, Ўрта Осиёда юритган сиёсати, Самарқанднинг пойтахт бўлгани хусусида хикоя қилади. Вольтер Улуғбек ҳақида, унинг подшолиги, Самарқандда илму маърифатни тараққий эттириб, фан ривожига катта ҳисса қўшганини ҳурмат билан таъкидлаб «Улуғбекнинг буюклиги, унинг қилган ишлари билан белгиланади. У Самарқандда биринчи Фанлар академиясини яратди, ер куррасини ўрганди, коинот ва юлдузларни кашф этиб машҳур жадвал тузди…», деб ёзади. Вольтер ижоди француз инқилобини (1783—94) ғоявий тайёрлашда, умуман жаҳон ижтимоий-фалсафий тафаккурида муҳим ўрин тутади.
Асарлари жаҳон халқлари тилларига, хусусан ўзбек тилига («Загид ёки такдир», 1995) таржима қилинган.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.