Гул экилган узун уватдан юздан ортиқ гул поячалари – шундай ер юзасида – юрак ёки тугилган тилчадек барг елпиғичсимон бўй чўзиб очилиб ётар ва гулкосалар қуюқ ранг-дор доғлар билан қопланган алвон, мовий, сариқ баргларини кўз-кўз қиларди; косаси ту-бидаги алвон, мовий, сариқ қоронғиликдан қаттиқ, тилла ранг чангдан сал дағал ва учи тўмтоқ, тўппа-тўғри новда чўзилганди. Барглар енгил сабони сезиш даражасида анчайин йирик эди ва улар товланганида қўнғир тусдаги заминга ақл бовар қилмас ёлқин сочиб алвон, мовий ва сариқ учқунлар бир-бирларини маҳв этишарди. Бўёқлар гоҳ қайроқтошларнинг силлиқ елкачасига, гоҳ чиғаноқларнинг ўйноқи қирмизи айри қопқоқларига тушарди; ёки тўсатдан ёмғир томчиларига аралашиб, алвон, мовий ҳамда сариқ рангнинг тошқинидай шунақа портлардики, гўё юпқа сув деворлари дош берол-майдиган ва парчаланиб кетадигандек туюларди. Бироқ бир лаҳзада томчи яна кумушси-мон кул ранг тус олар, ранглар эса энди бўлиқ баргда ястаниб, чуқур бекинган томирлар-ни кўз-кўз қиларди-да яна учиб бориб сояда юрак ёки тугилган тилча шаклида яшил кенгликларда нур таратарди. Сўнгра шамолнинг кучлироқ оқими учиб келгач, юқорила-ётган рангли олов Қироллик ботаника боғи бўйлаб июлда сайр қилиб юрган аёл ва эркакнинг кўзларига жо бўларди.
Бу эркак ва аёлнинг таналари гул увати ёнида айлана бўйлаб қандайдир бетартиб ҳара-кат қилар, худди ҳайратомуз қинғир-қийшиқ парвоз қилиб кўлмакдан кўлмакчага учиб ўтаётган оқ-мовий капалакни ёдга соларди. Эркак сал олдинроқда бемалол, бепарво қадам ташларди; аёл аниқ ният билан қадам босар ва фақат баъзан болалар жуда ҳам ортда қол-маганлигини кузатиш учун бурилиб қарарди. Эркак, ўзи билмаган ҳолда, олдинда борар-ди: у тинчгина ўйлаб олишни мақсад қилганди. “Ўн беш йил олдин мен Лилини шу ерга олиб келгандим, – ўйларди у. – Биз қаердадир кўл бўйида ўтирардик ва мен ундан ра-фиқам бўлишини ёлвориб сўрадим, ҳаво ҳам ниҳоятда иссиқ эди. Бошимиз устида тиним-сиз бир ниначи айланарди, ўша ниначини ва яна тўртбурчак кумуш тўғнағич қадалган пойабзални жуда яхши эслайман. Мен ҳали гапирар эканман, нуқул ўша пойабзални куза-тардим ва қимтиниб, кўзларини ердан узмасдан нима деб жавоб беришини билардим; гўё у бутун борлиғи билан пойабзалда мужассам эди. Менинг муҳаббатим, эҳтиросим эса ни-начига айланганди; мен нимагадир агар ниначи ана у ерга, ҳов ўша кенг, ўртасида қизил гули бор баргга, фақат ўша баргга қўнса, Лили бирдан шундай жавоб беради деб ўйлар-дим: “Ҳа”. Бироқ ниначи айлангани айланган эди; у ҳеч ерга қўнмади ҳам – ҳа, албатта, шунисига ҳам шукур, бўлмасам мен ҳозир бу жойларда Элинор ва болаларим билан айла-ниб юрган бўлармидим?”
– Айт-чи, Элинор, сен ўтмиш тўғрисида ҳеч ўйлайсанми?
– Буни нега сўраб қолдинг, Саймон?
– Чунки мен ҳозир ўтмиш тўғрисида ўйлаб қолдим. Мен Лили ҳақда ўйлагандим… Не-га жим бўлиб қолдинг? Менинг ўтмиш тўғрисидаги хаёлларим сени ранжитяптими?
– Мен нега ранжишим керак экан, Саймон? Ахир ҳар қандай одам ҳам боғда ўтмиш ҳақда ўйланиб қолмайдими? Ахир улар бизнинг ўтмишимиз эмасми, ҳаммаси эмас, ундан нималар қолган бўлса, бу эркак ва аёллар, дарахт тагидаги шу шарпалар… бизнинг бахтимиз, бизнинг ҳаётимиз эмасми?
– Мен учун бахт – кумуш тўғнағичли пойабзал ва ниначи эди.
– Мен учун эса – бўса. Тасаввур қилгин-а, олтита жажжи қизалоқ мольберт олдида ту-рибди, йигирма йил бурун, кўл қирғоғи ва сув нилуфарларини чизишмоқда, мен ўшанда илк марта қизил сув нилуфарларини кўрганман. Ва шунда тўсатдан бўйнимнинг мана бу еридан, ортимдан биров бўса олди. Кейин кун бўйи қўлларим титради, мен чиза олмас-дим. Мен соатни олиб бўса ҳақда ўйлашим учун вақт белгилардим, фақат беш дақиқа – у шунчалик бебаҳо эди, бурнида холи бор оқсоч қариянинг бўсаси, бутун ҳаётим давомида мен учун барча бўсалардан қадрли… Тезроқ, Кэролайн, тезроқ, Хьюберт.
Улар гулхонадан ўтишди ва йўлда давом этишди, энди тўрталаси бирга эди ва тезда дарахтлар орасида, соя билан навбат алмашиб, шошилмасдан уларнинг елкаларидан сузиб ўтаётган улкан ва қалтироқ ёруғлик доғлари орасида, майдалашиб, ярим шарпага айланишди.
Чўзинчоқ гулхонада бир неча дақиқа аввал қопқоғи алвон, мовий ва сариқ рангларга бўялган шиллиққурт билинар-билинмас қопқоғида қимирлаб, қийинчилик билан идраган тупроқ бўлаклари узра ҳаракатга тушди, кесакчалар ажралиб пастга думалади. Унинг ол-дида, кўринишича, аниқ мақсад турарди, бу уни ажабтовур, йирик ва бурчаксимон яшил ҳашаротдан фарқларди; ҳашарот олдинга ҳаракат қилиб кўрди, кейин бир лаҳза худди ўй-га толгандек мўйлабларини титратиб қотиб турди ва кутилмаганда яна жадал ва тушунар-сиз тарзда ортга қайтди. Яшил кўлларнинг тубсиз чуқурликлари узра қўнғир қоялар, ил-дизларидан учларига қадар тебранган ханжар каби силлиқ дарахтлар, думалоқ кулранг харсанглар, нозик, шитирлайдиган матонинг улкан ғижим ўрами – барча-барчаси шил-лиққуртнинг бир поядан бошқа поягача бўлган қутлуғ орзуси йўлида зоҳир эди. У чодир бўлиб букилган қуруқ баргни айланиб ўтиш ёки забт этиш тўғрисида бир қарорга келиб улгурмасидан гулхона ёнида одамларнинг қадам товуши эшитилди.
Бу сафар иккаласи ҳам эркак эди. Ёшроғининг юзи ҳаддан зиёд хотиржам кўринарди; у ҳамроҳи гапираётганда олдинга жуда ишонч билан тик боқарди, аммо суҳбат тугаши би-лан яна кўзларини ерга қадар ва баъзан узоқ сукутдан сўнг жавоб бериб қолар, баъзида эса умуман сўз қотмасди. Катта ёшдагиси эса тушунарсиз кескин ва бетартиб қадам ташлар-ди: у қўлларини олдинга пахса қилиб, худди арава тиркалган, остонада кутишдан зерик-кан тоқати йўқ от каби бошини кескин силкитарди; фақат унинг бу ҳаракатлари ишончсиз ва мақсадсиз эди. У деярли тўхтовсиз гапирарди; ўзига ўзи жилмайиб сўзида давом этарди, гўё кулги сўзларига жавоб бўларди. У руҳлар – марҳумларнинг руҳлари ҳақида гапирарди, унинг гапига қараганда, ҳозир ҳам руҳлар унга жаннатдаги сирли ҳаёт тўғрисида сўзлаб беришаркан.
– Авваллари, Уильям, Фессалия жаннат ҳисобланган, эндиликда эса, урушдан сўнг, руҳоний бир модда яшин чақинидек тоғларда изғийди. – У тўхтаб нимагадир қулоқ сол-ди, жилмайди, бош сикитгач, давом этди: – Кичкина электр батареясини ва симларини изоляциялаш учун озроқ резина оласан… симми… ўрамми… ҳай, майли, бу майда-чуйдалар, улар ҳақда гапиришдан нима фойда, биров тушунармиди, қисқаси, бу механиз-мни қулай тарзда тўшагингнинг бош тарафига қўясан, масалан, нафис локланган жавонга. Ишчилар қандай ўрнатишни ўзлари билишади, мен айтиб тураман ва шунда бева аёл қулоғига тутади ва келишилган тарзда белгилар билан руҳни чақиради. Аёллар! Бевалар! Қора кийган аёллар…
Шу ерда, сезилишича, у узоқроқда соя туфайли қизил-қора кўринаётган аёллар кўйла-гини кўриб қолди. У шляпасини ечиб, қўлини кўксига босди ва ғўлдираб, қўлларини силкиганча хонимга қараб талпинди. Аммо Уильям уни енгларидан тутиб қолди ва ҳасса-сининг учи билан хаёлларини бўлиш учун гулни ниқтаб кўрсатди. Қандайдир серташвиш ҳолатда қария гулга тикилди ва энгашиб уни тинглаган бўлди, сўнгра эшитганларига жа-воб бераётгандай ўзи юз йиллар илгари Европанинг энг дилбар аёли ҳамроҳлигида саёҳат қилган Уругвай ўрмонлари ҳақида ҳикоя қила бошлади. Унинг шам каби мулойим тро-пик атиргул барглари билан қопланган Уругвай ўрмонлари, булбуллар ва қумлоқ қирғоқлар, сув парилари ва сувга чўккан гўзаллар тўғрисида лақиллаши узоқ эшитилиб турди, қарияни узоқларга бошлар экан, Уильям кўзларида сабр-бардош ва андуҳ акс этар-ди.
Уларнинг ортида – шунчалик яқин эдики, ҳатто қариянинг қўл ҳаракатлари ажабтовур туюлиши мумкин эди, – иккита кекса аёл борарди, кўринишдан улар бадавлат эмасди, бири тўлача ва оғиркарвон, иккинчиси серҳаракат ва қип-қизил. Мия чайқалганлигини англатувчи жиннилик аломатлари, айниқса, давлатмандларда кузатиладигани, бундайлар учун ниҳоятда қизиқ ва жозибадор эди; бироқ қария эркакнинг шунчаки жинни ёхуд бу-тунлай ақлдан озганлигини аниқлаш учун масофа узоқлик қилди, улар узоқлашиб бўлганди. Диққат билан қариянинг елкаларига разм солишиб, кейин айёрона кўз уришти-риб, аёллар тушунарсиз сўзлардан ўзларининг мураккаб суҳбатларини ташкил этишди:
– Ҳел, Берт, Лот, Сесс, Фил, ота, у гапиряпти, мен гапиряпман, у эса, мен эса, мен эса…
– Менинг акам Берт эса, опа, Билл, бува, қария, шакар,
Шакар, ун, дудланган балиқ, кўкат,
Шакар, шакар, шакар.
Тўлача аёл айқаш-уйқаш сўз оқими орасидан совуқ ердан тўппа-тўғри ва мағрур кўта-рилаётган гулларга боқар ва унинг қиёфасида ҳайрат зоҳир эди. Бу гуллар унинг кўзлари-га зўрға оғир уйқудан уйғонган одамга ёруғликни янгича, ғайритабиий тарзда акс эттира-ётган мис шамдон қандай кўринса, шундай кўринарди; инсон кўзини юмиб очади ва яна мис шамдонни кўради ва шунда тўлиқ уйғонади ҳамда шамдонга кўзларини юммасдан бор кучи билан тикилади. Вазмин аёл ҳам шу тарзда чўзинчоқ гулхона олдида тўхтаб, ҳатто ўзини тинглаётганга ҳам солиб ўтирмади. Сўзлар четлаб ўтар, аёл эса олдинга, орқага чайқалганча гулларга тикиларди. Кейин аёл қулай жой топиб чой ичишса яхши бўлишини таъкидлади.
Шиллиққурт қуруқ баргни айланиб ёки ошиб ўтмасдан мақсадга эришишнинг барча йўлларини ўйлаб кўрди. Унинг устига чиқишни гапириб ўтирмаса ҳам бўларди, шил-лиққурт шохи тегар-тегмас қисирлаб, хавфли тарзда пирпирайдиган юпқа қобиқ унинг вазнини кўтаришига шубҳа билан қарарди; ушбу фикрлар ниҳоят уни барг тагидан эма-клаб ўтишга ундади, чунки бир жойида барг шунчалик букилган эдики, қулай кириш йўли пайдо бўлганди. У бошини ичкари суқиб, баланд малла томни синчиклаб ўрганди, аста-секинлик билан оқшомнинг малла тусдаги совуғига кўникиш ҳосил қилди, худди шу пайт ташқаридаги ўтлоқдан икки киши ўтиб қолди. Бу сафарларнинг иккаласи ҳам ёш эди. Улар бахтли ўсмирликнинг нозик қирмизи ғунча таранг қобиғини ёриб чиқмаган, капалак қанотлари ўсиб чиққан бўлса-да, аммо қимирламасдан қуёшда ярқирайдиган ёшда эдилар.
– Яхшиямки, бугун жума эмас, – эслатди йигит.
– Нега энди? Сен нима, иримчимисан?
– Жума кунлари кириш ҳақи ярим шиллинг бўлади.
– Хўш, нима бўпти? Ахир бу ярим шиллингга арзимайдими?
– “Бу” нима – нимани англатади “бу”?
– Хўш… ҳаммаси… умуман, сен тушунасан.
Бу ибораларнинг ҳар бири ортидан узоқ сукунат чўкарди; улар маънодан холи эди. Ик-каласи гул уватнинг чеккасида тўхтаб, қизнинг ерга чуқур ботган соябонига таянишган эди. Уларнинг бундай туриши ва йигитнинг қўли қиз қўлларини сиқиб туриши, ҳайрато-муз тарзда уларнинг ҳис-туйғуларини ифодалайди ва ҳеч нарсани англатмайдиган бу қисқа ибораларда ҳам нималардир тажассумланган эди; бу сўзларнинг қанотлари калта эди – улар мазмуннинг оғир юкини узоққа олиб бориша олмасди ва шу сабабли улар яқин-атрофдаги ўрганиш бўлиб қолган буюмларга қалтис қўнишарди, бироқ уларга илк бора, тажрибасизларча тегишлари қанчалик муҳим туюлади! Ва ким билади (ўйлашарди йигит ва қиз биргаликда соябонни чангаллашиб), қандай тубсизликлар беркинган, эҳти-мол, улар ортида, қандай музликлар бошқа тарафда, қуёшда ярқираб турибди? Ким била-ди? Ким уни кўрган? Ҳатто қиз Қироллик боғида чой қай тарзда берилишини сўраганида ҳам, йигит унинг сўзлари ортида туманда улкан ва сирли тасвирлар осиғлиғини ҳис қил-ди ва жуда секинлик билан туман тарқади ва кўзга ташланди – о, маъбудлар, бу қандай тасвир бўлди? – оппоқ-оппоқ столлар ва дастлаб қизга, кейин йигитга термилаётган офи-циант қизлар; яна йигит асл икки шиллинглик танга билан тўлайдиган ҳисоб-китоб, бу-нинг барчаси ҳақиқат, барчаси чиндан содир бўлмоқда, деб ўзини ишонтирмоқчи бўлди йигит ва чўнтакларидан танга ахтара бошлади, бошқалар учун ростакамига, фақат икка-ласи учун эмас; ҳатто йигитга ҳам бу ҳақиқат бўлиб туюла бошлади; кейин эса… бироқ йўқ, энди туравериш ва ўйлашнинг имконияти йўқ ва у соябонни ердан кескин юлқиб олди, у одамлар қатори тезроқ чой ичиладиган жойни излаб топишга интиқ эди.
– Кетдик, Трисси, чой пайти бўлди.
– Аммо чой ичадиган жой қаерда? – сўради қиз ҳаяжондан овози титраб, атрофга бепи-санд назар ташлаганча, яшил йўлак бўйлаб, соябон учларини ўтларга теккизганча, чойни унутиб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа чоғланиб, орхидеяларни, гулзордаги турналарни ҳам, то-жибор қизғиш қушчани ҳам эслаганча аланглаб, илгарилади, бироқ уни йигит бошлаб бо-рарди.
Шу тарзда, мақсадсиз ва тартибсиз ягона ҳаракат измига бўйсуниб, жуфтлик ортидан жуфтлик гулхона олдидан ўтар ва аста-секин яшил-мовийсимон уфққа сингиб кетаверар-ди; уларнинг таналари дастлаб моддий, ёрқин буёқларда бўларди, аммо кейин рангсиз ва шарпасимон тус олар ва охирда бутунлай яшил-мовий тутунга сингиб кетарди. Жуда ис-сиқ эди! Шунчалик иссиқ эдики, ҳатто зағча гуллар соясида худди ўйинчоқ қушдай са-крарди, икки сакрагач, узоқ тўхтаб қоларди; оқ капалаклар гулхоналар ўртасида учмасдан, турган жойларида бир-бирларидан сакраб ўйнаб қўйишарди, натижада йирик гуллардан оппоқ сув ирмоғи ўйноқлаб тушиши синдириб ташланган мармар устун парчаларига ўх-шарди; лимонхонанинг ойнаванд томи гўё қуёш барқ уриб турган майдонда кўзни қамаштирадиган юзлаб яшил соябон очилгандек ярқирарди; самолётнинг гулдираши худ-ди ғазабнок ёз осмонининг қоқ юрагидан чиқаётганга ўхшарди. Аёл, эркак ва болалар-нинг сариқ ва қора, қирмизи ва оппоқ қоматлари уфқда бир лаҳзага ярқ этиб кўриниб қолар, кейин, кўзни ўтлоққа тўкилаётган сариқ нур қамаштирганда, сесканиб дарахтлар соясига ўзларини уришарди, сув томчилари каби сариқ-яшил ҳавода парчаланиб, бироз қизил ва мовий рангдан қўшиб кўздан ғойиб бўларди. Маҳобатли ва оғир нарсаларнинг барчаси ерга ёпишиб қолган ва иссиқда қилт этмасдан ётгандек, аммо бу қотиб қолган таналардан нотекис овозлар йўғон шамнинг олов тилчасидек баланд-паст эшитиларди. Овозлар. Ҳа, овозлар. Сукунатни сўзсиз овозлар шундай бир ширин меҳрибонлик ёки эҳтирос билан кутилмаганда бузиб юборар, агар ёш болалар овози бўлса, янгроқ ҳайрат жимликни вайрон қиларди! Аммо бу сукунат йўқ; бу пайтда нуқул ғилдираклар айланар, қизил автобусларнинг тезликлари улкан хитой қўғирчоғи мисол алмашар, тобланган пўлат шарлар айлангани айланган, улкан шаҳар гулдираб, ғўлдирайди; бу шовқин узра овозлар баланд янграйди ва сон-саноқсиз гулбарглар ҳавога рангли учқунлар сочади.
Рус тилидан Эшқобил Вали таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 5-сон