Василий Шукшин. Қайғу (ҳикоя)

Ёз пайтлари ўткир ёвшан ҳиди гуркираб, одамнинг бошини айлантириб юборадиган ажиб кезлар бўлади. Айниқса, кечалари… Кўкда ой жимгина сузади, беором кўнгил ниманидир қўмсаб орзиқади. Кишини сархуш этувчи мастона, анвойи ҳидлар таратиб ётган хуморга тўлиқ, осуда, ойдин кечаларда тотли, ёруғ хаёллардан энтикади. Йўқ, бу ҳатто хаёл ҳам эмас, бу зориқтириб-соғинтирган, кўнгилга интизорлик солувчи аллақандай бўлак нарса… Томорқа этагидами, отқулоклар ичидами, ўт-ўланларга кўмилиб ётсангиз, юрагингиз тотли, пинҳона шодумонлик билан тўлиб кетади. Афсуски, бундай соҳир тунлар ҳаётда кам бўлади.
Шундай кечалардан бири менинг хотирамда бутун умрга сақланиб қолган.
Ўн икки яшар пайтим эди. Полизда тиззаларимни оҳиста қучоқлаб, кўзимдан ёш чиққунча ойга термилиб ўтирардим. Бирдан яқингина жойда аллаким секин йиғлаётганини эшитиб қолдим. Орқамга қайрилиб, қўшнимиз Нечай бобога кўзим тушди. Озғин, ушоққина чол узун сурп кўйлагига ўралиб, ўзича бир нималарни гапириб-гапириб йиғлаб келарди.
Уч кун бурун Нечай бобонинг мулойимгина, беозор кампири ўлган эди. Болалари уй-жойли бўлиб кетишган, чол-кампир икковлон ҳаёт кечиришаётганди. Нечай бобонинг кампири жимгина яшаб, дунёдан ҳам жимгина кўз юмди. Ўлиб қолганини ҳам эрталаб билишди.
«Нима дейсан, Нечайнинг кампири… ўтибди-ку, бояқиш…» дейишди одамлар. Гўр кавлашди, кейин кўмиб қайтншди — шу билан тамом. Мен ҳозир унинг афт-ангори қанақалигини ҳам эсимдан чиқариб юбордим. Қўрасида юрганида борлигиям сезилмас, аҳён-аҳёнда «ту-ту-ту», деб товуқларини чақириб қўяр, қишлоқда ҳеч ким билан уришмас, бировни ғийбат ҳам қилмаган эди. Бечора, кечагина бор эди— энди эса йўқ, ғойиб бўлди.
…Ўша сўлим, сутдек ойдин кечада танҳолик алами қанчалик оғир бўлишини илк бор англадим. Чор атроф нақадар гўзал, замин нақадар илиқ, қадрдон ва дилкаш бўлмасин, ёлғиз одамнинг аҳволи бениҳоя мушкул эканини тушундим.
Бир бурчакка бекиниб олдим.
Чолнинг, этаклари тиззасидан пастга тушиб турган узун кўйлаги ой нурида кўзни олгудек оқариб кўринар ди. У судралиб қадам босар, ҳалпиллаган енглари билан кўзини артар эди. Мен уни аниқ кўриб турардим, Чол сал нари бориб, ўтирди.
— Ҳозир… сал мадоримни тўплай… бир ҳасратлашамиз,— дер эди чол ва кўз ёшларини сира тиёлмасди.— Уч кун бўлади— ўзимни қўярга жой тополмай’ман. Бирор нима қилай десам… қўлим ишга бормайди
Аста-секин у бир оз овунди.
— Алам қиларкан, Парасковья: ақалли рози-ризолик тилашмайсанми? Нима қила қолувдим сенга? Ризолик тилашганингдаям сал дардим бўшармиди… Армонда қолдим. Парасковья, армонда қолдим… Оҳ…- Чол бир нафасга жимиди.— Ювиб-тараб, расм-русмини бажо қилиб кўмдик. Кумимиз* Сергей тобут ясади. Йиғладик-сиқтадик… Тўғри, одам унча кўп бўлмади-ю, бари бир… Ҳолвайтар пишириб тарқатдик Дадовнанинг ёнига қўйдик. Жуда яхши, қуппа-қуруқ жой.
— Ман ўзимгаям шу ердан мўлжаллаб турибман. Ўзинг айт, ёлғиз бошим билан нима қилай: ё эшик-деразани михлаб, Петьканинг ёнига жўнаворсаммикан?.. Одам чўчийди. Ким билади, у ўзи ёмон эмас-ку, хотинини… биласан-ку… бир нарса демайдию бир бурда нонниям заҳар қилиб беради. Эй, шўрим қурсин!.. Айт, ахир, нима қилай?
Сукунат чўкди.
Мен қўрқиб кетдим. Назаримда, Нечай бобонинг кампири ҳозир мулойим, босиқ товуш билан гапириб юборадигандек эди.
— Қаёққа бош ураримни билмай қолдим,— давом этди Нечай бобо,— бундан кўра сиртмоққа осилиб ўлганим яхшимасми. Кеча кечаси сал кўзим илинган экан, бир маҳал қарасам: қўрадан юриб келаётган эмишсан, қўлингда бир сават тухум… Тузукроқ қара-сам, тухум эмас, энди кўз очган жўжа опкелаётган эмишсан-да, ҳадеб битталаб еяётганмишсан. Еб туриб, мақтаб ҳам қўярмишсан… Ё парвардигор! Уйғонсам — тушим… Сани ўзимча уйғотмоқчиям бўлдим, йўқлигинг хаёлимдан кўтарилибди. Парасковьюшка… арвоҳинг чирқираб… юрибдими-а!..— Нечай бобо тағин ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборди.
Ўкраб-ўкраб,ув торта бошлади — устимдан муздек сув қуйгандек этим жимирлаб кетди.
— Мани ташлаб кетавердингми?.. Бу шўрлик қариганда қаёққа боради, демадингми? Бир оғиз айтганингдаям майлийди, шаҳардан дўхтир опкелардим… Одамлар тузалиб кетяпти-ку. На бир оғиз гап, на рози-ризолик… Бу маниям қўлимдан келади-да…— Нечай бобо бурнини тортди, кўз ёшларини артиб, хўрсинди.—- У ёқда… қўрқмаяпсанми, Парасковьюшка? Бу ёққа чиққинг келаётгандир? Тушларимга кирасан. Майли, тез-тез кириб тур… фақат жўялик бўлиб кир… Одамни қўрқитмай. Бу… жўжаларни нимага йўйишимни ўзим ҳам билмай қолдим. ё бўлмаса…— Нечай бобо шивирлаб гапирганидан мен гапининг ярмини эшитолмадим. — Гуноҳ бўлармикан? Нима қипти?.. Баъзан қазиб олишар экан, эшитдим. Ана, Краюшкинода бир кампирни қазиб олишипти… инграб ётган экан. Очиб олишипти… Икки кундан бери қулоқ солиб юрибман: жимжитга ўхшайди. Бўлмаса қазиб олмоқчийдиму… Аитишларича, одамни гоҳо қаттиқ уйқу босар экану ҳамма уни ўлди деб ўйларкан, у бўлса ўлмаган, қаттиқ ухлаб қолган бўларкан…
Энди юрагим бутунлай орқага тортиб.кетди. Эмаклаб-эмаклаб полиздан чиқдим-да, бувамнинг олдига кириб ҳаммасини айтиб бердим. Бувам эгнига кийимини кийди. Иккаламиз томорқага қараб йўл олдик.
— Ўзи билан ўзи гаплашяптими ё кампири билан гаплашаётганга ўхшайдими?—деб сўради бувам.
— Кампири билан. Энди қандоқ қиламан, деб ундан маслаҳат сўраяпти…
— Э, ўлсин, қари така. Бориб гўрини очишданам тоймайди бу! Ё маст-пастми?
— Йўқ, у маст бўлганида ашула айтиб, худони гапиришга тушади,— дедим. Унинг бу одатини билардим.
Нечай бобо қадам товушини эшитиб, жим бўлди.
— Ким бу?— қатъий оҳангда сўради бувам.
Нечай бобо узоқ индамай турди.
— Ким бу деяпман?
— Санга нима керак?
— Санмисан, Нечай?
— Ҳм…
Биз унга яқинлашдик. Нечай бобо татарчасига чордана қуриб олган, бизга норози қиёфада қараб турарди.
— Яна ким бор эди.
— Қатда?
— Шу ерда… Биров билан гаплашаётгандинг-ку,ўзим эшитдим.
— Ишинг бўлмасин.
— Ҳозир яхши бир калтакни оламан-да, қувиб соламан, уйинггача тирқираб, орқангга қарамай қочиб борасан. Қари одам тентакка ўхшаб ўтирибсан… Уят эмасми?
— Ман у билан гаплашиб ўтирибман, ҳеч кимга зарарим тегаётгани йўқ.
— Ким билан гаплашиб ўтирибсан? У йўқ-ку, ким билан гаплашасан! У ўлди, энди—ерни тагида, худо марҳамат қилсин.
— У ман билан гаплашяпти, ман эшитяпман,— деб ўжарлик қиларди Нечай бобо.— Ҳеч кимга оғир-енгили тушмай қўя қолсин буни. Бу ёққа келиб, пойлаб ўтиришингни-чи…
— Қани, кетдик,— бувам Нечай бобони ердан енгилгина кўтариб олди,—- Кетдик бизникига, манда бир шиша самогон бор. Бориб ичамиз, зора енгил тортсанг.
Нечай бобо қаршилик қилмади.
— Чидолмаяпман, оғайни, тинка-мадорим қуриб кетди.— У олдинда борар, қоқилиб-суқилиб, ҳадеб енги
билан кўз ёшларини артарди. Мен унинг ортидан қадам ташлар ва ғам адойи тамом қилиб қўйган бу ушоққина чолга раҳмим келиб йиғлар, бироқ бувам гарданимга солиб қолишидан ҳайиққаним учун товушим чиқмас эди.
— Бу дунёда ғамсиз одам борми?— деб тассали берарди бувам. — Жуфти ҳалолини ерга кўмиш осонми? Локин ҳамма ўлганнинг кетидан шаҳид бўлиб кетаверса нима бўларди? Унда ман неча марта гўрга киришим ксрак эди? Сабр қил. Наилож, чидайсан-да энди, қандоқ қиласан?
— Бояқишга раҳмим келади.
— Албатта раҳминг келади. Ҳеч ким санга осон туяётгани йўқ. Локин энди ўлимга чора йўқ-да, биродар! Ўзингга жабр, тирилиб келмайди-ку энди. Бунақада ўзинг ҳам омонатни топширишинг ҳеч гапмас, Худо
сабр берсин.
— Бнламан. Ақлим етиб турибди, аммо мана бу ерим ёниб кетяпти, ҳеч алами босилмаяпти. Ичиб ҳам кўрдим, йўқ, ўтмаяпти.
— Ўтади-и. Петька нега келмади? Анависини-ку хўп, майли, узоқда дейлик, хўш, буниси-чи?.
— Командировкага кетибди. Эй, қийин бўлди-да кум! Пешонам шўр экан, биродар. Не кунларга қолдим! Бунақа кўргилик етти ухлаб тушимга кирибдими!
— Дуненинг ишлари шунақа ўзи, одам тириклигида қадри билинмайди-ю, ўлгандан кейин оҳ-воҳ қиламиа. Локин ғамни деб ақлдан озиш ҳам… тентаклик.
Энди кўз ўнгимдан бояги сокин, ойдин кеча таровати йўқолган, кўнглимни тўлдирган ёруғ хаёллардаи ном-нишон қолмаган, ўша ботиний шодумонлик буткул сўнган эди. Мана шу ушоққина чолнинг дарди бутун бир нафис оламни тўсиб қўйгандек эди. Бугунгидек ҳамон хотирамда: гуркираб аччиқ ёвшан ҳиди анқирди.
Бувим Нечайни бизникида ётиб қолишга кўндирди. Улар ерга ўрин тўшаб, устиларига пўстин ёпиб ётишди.
— Сенга бир нарсани айтиб берай,— дея паст товушда гап бошлади бувам,— сен урушга бормагансан — у ерда булган ишларни билмайсан… У ёқда биродар… бундан бешбаттар ишлар бўлган. Ўз кўзим билан кўрганман: санитар бўлиб хизмат қилардим, ярадорларни фронт ичкарисига таширдик. Бир қуни йўлда кетяпмиз, студебеккеримиз лиқ тўла. Ҳаммаси инграйди, оҳ-воҳ қилиб, секинроқ юришимизни сўрайди… Шофер Миколай Игринев деган ўзим тенги ўрта ёшлардаги бир киши эди, иложи борича текисроқ юришга тиришиб келяпти. Имиллаб ҳам бўлмайди — чекиняпмиз. Хуллас, қулаб ётган бир уйнинг ёнига келганимизда қарасак олдимизда енгил машина турибди, бир офицер: тўхта, дегандек қилиб ҳадеб қўл силкитади. Биз бўлсак худонинг ўзи қўл кўтарсаям тўхтатмайсанлар, деб қаттиқ буйруқ олганмиз. Тўғри-да, бу ёқда бизни кутиб ётган ярадорлар қанча. Ҳужум қилаётган бўлсак майлийди, орқага чекиняпмиз. Қисқаси, тўхтатмасдан ўтиб кетдик. Енгил машина бизни қувиб ўтиб, йўлга кўндаланг бўлди, офицер тўппончасини яланғочлаб турибди. Бўлак илож йўқ, тўхтадик. Қарасак, уларнинг мишинасида оғир ярадор офицер бор экан. Улар эса бошқа томонга кетишлари керак экан. Хўш, кейин ҳалиги тўппонча ўқтаган иккаламиз ярадорни бир амаллаб кузовга жойладик. Миколай кабинада ўтирарди: униям ёнида бир капитан бор эди, аҳволи оғир, беҳуш ётарди, Миколай бир қўли билан уни суяб, иккинчи қўли билан рулни тутиб келаётган эди. Хуллас, амаллаб жойлашиб олдик. Бояги шўрлик эса тинимсиз инграйди, бош-кўзи қоп-қора қонга беланган. Ўша заҳотиёқ: етказиб боролмасак керак, деб ўйлагандим. Бояқиш, ёшгина йигитча, лейтенант экан, ўзиям шу, соқолига энди тиғ теккан бўлса керак. Бошини тиззамга олволдим, ҳарна сал енгил бўлармикан деб… Қаёқда!.. Госпиталга етиб келдик, ярадорларни тушира бошладик…— Бувам йўтал тутиб жим бўлиб қолди. Папирос тутатиб, давом этди.— Миколай ҳам ёрдамлашиб турибди. Бояги лейтенантни узатдим… «Тамом, жони узилибди», дедим. Миколай бўлса лейтенантнинг юзига шундоқ қиради-ю…Иҳ-ҳи!..— Яна сукутга чўмди.
— Нима, ўғли эканми?—дея секин сўради Нечай Побо.
— Ўғли экан.
— Ё парвардигор!
— Кҳм…— Бувам устма-уст бурнини тортиб қўйди.
— Кейин нима бўлди?
— Кўмдик… Командир Миколайга бир ҳафта отпуска берди, уйига бориб келишга. Кетди. Аммо хотинига ўғлини дафн этганини айтмабди. Ҳужжатлари бмлап орденларини яшириб қўйибди-да, бир ҳафтадан кейин орқасига жўнабди.
— Нега айтмаган экан-а?
— Айтиб бўлармишми!.. Бедарак кетди, дегани ҳам ахир сал баҳарнав-ку, қилдек бўлсаям умид қолади-ку кўнглида. Мундоқ деб айтишга тил борармиди. Неча марта оғиз очишга чоғланиптию айтолмапти.
— Худойим-ей, худо-ей!— тағин хўрсинди Нечай бобо.— Ўзи тирик қолдими, кейин?
— Миколайми? Билмайман, кейин бизни ҳар томонга тарқатиб юборишди… Мана, шунақа ишлар бўлган. Ўғлини-я, ўз қўли билан кўмса-я. Жигарбандини-я! Ҳазил гапми? Тағин шундоқ ёш нарса дегин…
Чоллар сўзсиз-садосиз қолишди.
Хонага эса ойнинг мўл, аммо совуқ ёғдуси ҳануз тўкилиб турарди. Ёғду!.. Қувончдан даракми бу, қайғуданми — ҳар қалай ёғду эди!

Ўткир Ҳошимов таржимаси
_______________
* Кум — христианларда фарзандни чўқинтирган одам.