Важа Пшавела. Дарижон (ҳикоя)

Дарижоннинг ёши элликдан ошганди, лекин бир қарашда уни ўттиз-ўттиз бешларда деб ўйлашарди. Қорамағиз, ғайритабиий баланд бўйли, дадил ва қатъиятли аёл эди. Унинг нигоҳига дуч келган одам довдираб қолиши ҳеч гап эмасди. Бунинг устига Дарижон кучли, эркакона овоз соҳиби бўлиб, ўзига хос кийиниб юрарди. Камдан-кам учрайдиган бундай гавдали аёл баъзан битта ридода юрарди, шунинг учун ҳам бўйи икки баравар узун бўлиб кўринарди. Белига боғлаб юрадиган энли камарида ҳамиша ханжарга ўхшаш узун пичоқ қини билан осиғлиқ юрарди. У ёқ, бу ёққа чиққанида найзасини қўлидан қўймасди. Унинг ёғоч дастаси шунақа узун эдики, учи бошидан баланд чиқиб турарди.
Дарижон ўз қишлоғининг посбони ва сардори бўлиш учун туғилганди. У барчадан олдин уйғонар ва ўрнидан турар, шу заҳоти унинг ҳукмфармо ва кучли овози бутун қишлоқ бўйлаб жарангларди.
– Ҳой, қаёққа гумдон бўлдинглар, бахти қора ялқовлар? Бузоқлар бутун полизни пайхон қилибди-ку!– деб бақирарди кимгадир.
– Тетруа, қарасанг-чи, бола ҳозир йиқилиб тушади. Одам ҳам шунақа овсар бўладими?– дея уришарди бошқа бировини.
Борди-ю ҳамқишлоқларнинг учтаси дардлашиш учун тўпланса Дарижон дарҳол уларнинг орасига тушар биттасини койиб берарди:
– Ер кимга кўп, кимга оз тегиши керак деб бахслашгунча, ҳой бадбахт, ўша жойга қўл теккизсанг-чи! Худо одамга иккита қўлни ишлатиш учун берган, гўр қурт қумурсқаларига ем бўлсин деб эмас!
Ва дарҳол ўзини намуна қилиб кўрсатарди:
– Сизлар ҳаммангиз бир бўлиб менгаи ер бермадинглар, энди ҳув анув ёққа, Жануб томонга бир қараб қўйинглар, ана арпа бошоқлари шовуллаб турган ерни кўряпсизларми? Хўш, ўша ерни ким ҳайдади? Мана бу – кўряпсизларми, мана шу қўллар! Кун демай, тун демай тер тўкиб меҳнат қилдим. Худога шукур. Уйда ноним етарли. Сизлар бўлсаларинг, ердан ким кўпроқ юлиб қолиши учун жанжаллашаяпсизлар. Бунақа жанжалдан ер кўпроқ ҳосил берадими? Эҳ, гумроҳлар!
Ҳамқишлоқлари Дарижонни кўплаб хилма-хил, таҳқирлашдан кўра кўпроқ мақтовчи лақаблар билан аташарди. Улардан иккитаси: “Дэв” ва “Кема” лақаблари яхши эсимда қолган. Лекин уни шу лақаблар билан атаганларнинг ҳаммааси албатта қўшиб қўярди: “Алам қилади! Дарижон, аслида сен эркак бўлиб туғилишинг керак эди!”
Дарижоннинг қисматига кўп қайғу ва ташвишлар тушди. У умрини ҳам жуда қайғули тугатди.
Дарижон ўн саккиз ёшида бева қолди. У бутун атрофга чиройи ва ақли билан донг таратганди, яхши меҳнатсевар уй бекаси эди. Кўплар тақдирини у билан боғлаш ҳақида орзу қиларди. Лекин биргина Уржук буни айта олди.
Уржун бошқа уруғ жамоасидан бўлиб, қўшни қишлоқда яшар эди. У Дарижонга совчи юборди.
Бу вазифани одатда кампирлар бажаради. Қишлоқ йигитлари уйланмоқчи бўлсалар ана шундай совчиларга мурожаат қиладилар. Чунки кекса аёллар инсон ҳис-туйғуларини яхши тушунадилар ва қиз билан йигитнинг қалбини бир-бирига қандай жалб қилишни биладилар.
Дарижон турмушга чиққач, эри яшаган Г. қишлоғига кўчиб борганди. Уржукнинг Шамандух деган кўпдан бева бўлиб қолган холаси ҳам ана шу қишлоқда яшарди. Уржук орага тушишни ўз холасидан илтимос қилмай кимдан ҳам сўрарди?
Шамандух Дарижоннинг уйига кириб келганида у энди нон ёпай деб турган эди. Остонадан хатлаб ўтар ўтмас, кампир Дарижонни мақташга тушди:
– Вой ширин қизим, мунчалар яхшисан, ўзиям қўли гул бекасан-да!– деди ялтоқланиб.
Шу ерда, ўчоқ ёнида Дарижоннинг икки яшар ўғли Гамахаре ҳам ўтирган эди. У иккита чўп билан ўчоқдаги чўғни титаётган эди. Шамандух болакайни қучоғига олиб, бағрига босди, қўлига ёнғоқ ва олма қоқи тутқазди. Кўз ёши қиларкан минғирлади:
– Жоним сенга садаға, етимча, сен менинг шўрпешона боламсан! – шундан кейингина у Дарижонга мурожаат қилди: — Ўзинг қандайсан, азизам. Соғ-саломат юрибсанми, мол-жонинг қаторидан бехатоми, эркатойинг ўйнаб-кулиб юрибсими?
– Худога шукур, ўргилай, тинч, омонмиз. Ўзингизга тангридан соғлиқ сўрайман. Яратганнинг ўзи ёрлақасин. Ўзингиз қандайсиз, яхши юрибсизми? – сўради ўз навбатида Дарижон.
– Ҳа, бизлар ҳам юрибмиз, тинч-омон, умрингдан барака топ!
Меҳмон ва мезбон ўчоқ ёнига ўтирдилар. Дарижон меҳмонга кигиз тўшади. Шамандух қўлтиғи тагига қистириб олган қайин пўстлоғидан тўқилган саватчани урчуқ билан бирга олди-да ип йигиришга тушаркан Дарижоннинг ҳол-аҳволидан сўраб суриштиришда давом этди.
– Сенга раҳмим келади-да,– деди ниҳоят Шамандух, чуқур хўрсиниб.– Ачинаман-да, қоқиндик, худо ўтганларимизнинг охиратини обод қилсин. Сен ҳали ёшсан, қизим. Кучинг кўп. Лекин ҳамиша шундай бўлавермайди. Агар ўзингга эгалик қилувчи бир эркак топмасак, мен буни сенга, она қизига айтгандай гапиряпман, ҳеч ёруғлик кўрмайсан. Мен сенга шундай эркакни топиб бераманки, ҳамма сенинг тақдирингга ҳавас қилсин.– Шамандун сўнгги сўзларини шивирлаб айтди.
Дарижоннинг жаҳли чиқди. У эрга тегиш ҳақида ҳеч ўйламаганди. Дарижон марҳум эри хотирасини жуда эъзозлар, унга садоқатини асрарди, бунинг устига эридан ўғли бор эди.
Шамандухнинг таклифи уни ранжитди.
– Гарчи сен билан бу оҳангда гаплашиш ўринсиз бўлса-да,– деди Дарижон ғазабидан қизариб,– лекин нима қилардим, гапиришга мажбурман. Мен бунақа гапларни эшитишни ҳам истамайман! Агар сен тентак бу ерга шу ниятда келган бўлсанг, тур, тур ўрнингдан ҳозироқ ва тезроқ қорангни ўчир. Акс ҳолда, шундай адабингни бераманки, уятдан киргани тешик тополмайсан. Гамахаре ўғлим ҳаёти билан онт ичаман!
– Ўз фойдасини билмаган ношукур-ей?.. Хоҳламасанг бор, ер ютсин сендақаларни!– деди Шамандух эшикдан чиқаётиб.
Дарижон умрининг охиригача марҳум эрига содиқ қолди.
Г. қишлоғида ҳар хил миш-мишлар юрарди ва Дарижоннинг ўзи аслида у билан нима юз берганини ҳеч қачон яширмасди. Ҳолбуки, у қизи Нене қабрини қандай очганлиги ҳақидаги воқеа мана бундай юз берган эди.
– Дарижон, нимага доим ғалати ишларни қилиб юрасан? – сўради ундан Салия.– Қизинг мозорини қандай кавладинг, бунга қандай қўлинг борди?
– Ўша йили қандайдир туманлар ичида яшардим,– дея гап бошлади Дарижон. Ақлдан озгандай юрардим. Бир вақт кечаси осмонни булут қоплади, ҳаво айниди, жала қуйди. Уйқум қочди, қани энди кўзимни юмолсам: қизим Нене кўз ўнгимдан кетмасди., онанг ўлгур, шўрлик болам-а! Бирдан миямга: “Нега бу ерда, уйда ётибсан, бадбахт, у ерда бўлса қизинг қабрини сув босди!”– деган фикр келди. Унинг мозорига қурбақа, илонлар бостириб кираётганини тасаввур қилдим. Ўрнимдан қандай турганимни, қабристонга қандай югуриб борганимни эслай олмайман. Мозоррни ковлаб бўлганимдан кейин ўзимга келдим. Тобутнинг қопқоғини суғуриб, унинг пешонасидан ўпдим. Бурнимга ҳалиги ҳид урилди… Шунда аста-секин ўзимга келдим. Атрофга кўз югуртирдим, бирдан мени қўрқув босди, даҳшатга тушдим: “Ё алҳазар! Бирортаси кўриб қолса-чи! Одамлар нима дейди?” Қабрни кўмдиму бор кучим билан уйга чопдим. Жилғача бўйига тушгач, тўхтаб, қулоқ солдим, кимнингдир йиғиси эшитилди қулоқларимга, қизчам йиғлаётганга ўхшарди. Орқамга қайтмоқчи эдим, ўйлаб қолдим: “Қандай қилиб йиғлаши мумкин, ахир у ер остида чириб ётибди-ку!” Менга ором ва осойишталик бер, деб илтижо ва дуолар ўқиганимдан сўнг бутунлай ўзимга келдим.
Орадан бир йил ўтиб Дарижоннинг қайнонаси вафот этди. Ҳар сафар яқинларининг дафн маросимини Дарижоннинг ўзи ўтказарди. Қурбонликка сўйиладиган молни ипидан етаклаб ўзи олиб борарди, тоат-ибодатини ўзи қиларди.
Дарижон қишлоқда ҳақиқий меҳнаткаш деб ном чиқарганди.
Унинг қўли сира тиним билмайди, дерди ҳамқишлоқлдари. Жувон ўғли Гамхарени ҳам ёшлигидан меҳнатга ўргатди, унинг бекор тентираб юришига сира йўл қўймасди. Бола имкон топди дегунча тенгқурлари олдига югуриб борар, лекин онаси уни дарҳол топиб оларди ва найзаси билан қуролланиб, даҳшатли қасоскор фаришта каби Галахаренинг тепасига келарди:
– Нима қилиб ўтирибсан бу ерда,– дерди у ғазаб билан,– ҳеч бўлмаса ғариб кулбанг ҳолидан хабар олмайсанми?!
– Ойи, жон ойи, озгина ўйнай,– ялинарди Гамахаре.
– Ўртоқлари боланинг ёнини олишади, Дарижондан Гамахарени дарҳол олиб кетмасликни илтимос қилишарди.
– Бизлар билан яна озгина ўйнасин! Бироз гаплашиб ҳаммамиз тарқаламиз,– дерди болалар.
Дарижон, баъзан болаларни уришиб берар, ўғлини уйига етаклаб кетарди.
Гамахаре ўсиб улғайди, катта бўлганида ҳам бирор марта онасига овозини кўтариб, гап қайтармади, Дарижон бўлса ҳатто тўй-томошаларда ҳам уни уришиб, ўрнидан турғизиб уйигша жўнатиб юборарди.
– Қачонга тўйларда маза қилиб ўтирасан, бадбахт! Бунақа зиёфатлар тезда тугайди. Ўз уйинг – ўлан тўшагинг – мана сенинг тўйинг, билдингми, нега тушунмайман шуни?!
Гамахаре тўй-томошани ҳам, дам олишни ҳам билмай, мана шундай яшарди. Тўғри, бунинг учун одамлар уни мақташарди, лекин у ўзини хўрланган деб ҳисобларди.

II

Дарижон ҳарқандай олиб-сотарлар ва жаллобларни кўргани кўзи йўқ эди. Шунинг учун ҳам уларнинг додини берарди. Ўз навбатида улар ҳам Дарижонни “Дев хотин” дейишарди. Шунга қарамай, Дарижон улардан у-бу нарса сотиб оларди. Лекин барибир жанжаллашиб қолишарди.
Нега уларни бунча ёмон кўрасан деб сўралса, Дарижон шундай жавоб берарди: “Шунинг учунки бу итваччалар уялмай-нетмай биз оддий одамларни алдашади”.
У ҳаммадан кўра кўпроқ Арутинга зуғум қиларди. Бу савдогар ўта кетган алдамчи эди. Арутин мана йигирма беш йилдирки Пшавияда савдо-сотиқ қилади, бу ерда ҳаммани танийди, деҳқонлар ҳам унга ўрганиб қолишган, ўз одамлари ҳисоблашади. У пшавча гаплашишни ўрганиб олди, ҳатто қасамни ҳам пшавчасига ичади.
– Лашар хочининг марҳамати билан қасам ичаман,– ишонтирарди Арутин,– чит умуман чиримаган!
– Ҳа, майли, сен Лашар хочига қанча ишонсанг, у ҳам сенга шунча мададкор бўлсин,– жавоб берарди Дарижон.
– Арутин зўр бериб қисиқ сичқон кўзларини пирпиратади, калта ва сийрак қошларини учиради ва матосини ўлчашга тушиб кетади, ўзини дадил тутади, баъзан ҳазиллашса-да, ҳеч қачон кулмайди. Бироқ кўпни кўрган ва сезгир кўз унинг турган-битгани ёлғондан тўқил-ганини, ўта маккор ва айёр экани дарҳол сезади. У эгнига шўрлаб кетган камзул, бошига бўри талаган қўй терисига ўхшаган тешик телпак кияди. Арутин савдолашаркан ана шу шўрлик телпакнинг аҳволини кўрсангиз: ҳали қошига қўндиради, ҳали энсасига суриб қўяди, чаккасига ёпиштиради, умуман телпак унинг бошида рақсга тушади. Бундай пайтларда Арутиннинг кўриниши жуда кулгили (ва жирканч) бўлади. Айниқса, у савдони битириб, читдан керакли ўлчамини кесиб бергач ва иш мато ҳақини беришга етганда: бирдан никоҳдан ўтаётган қизга ўхшаб мулойим бўлиб қолади, уятчанлик билан лабларини қисиб ва унинг олдида чўккалашиб ўтирган пшава аёлларига қарамай, нигоҳини олис-олисларга қадайди. Ана шунда унинг телпаги дам олар, баланд чимирилган қошлари эса жойида қотиб қоларди.
Шундай дақиқаларда Арутин ўлжа қуш сари писиб бораётган баҳорда туллаган тулкига ўхшаб кетарди.
Бир сафар Дарижон боплаб унинг адабини бериб қўйди. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди.
Ўша Г. деган қишлоқда Жабана исмли бир тул киши яшарди. Жуда соддадил, ҳалол одам эди. Икки йил давомида ўша Жабананинг бутун моли ўлатдан қирилиб кетди. Иккитагина бузоғи тирик қолди. Бу қайғуни кўтаролмай у ётиб қолди. У похол тўлдирилган тўшакда ётарди.
Ёзда уни болохонага олиб чиқишар, қишда ичкари хонага киритиб қўйишарди. Жабананинг Анука деган қизидан бошқа бирорта яқин кишиси йўқ эди. Шўрлик қиз шол бўлиб қолган отасини боқиш учун тиним билмай ишларди. Дарижон шу қизни жуда яхши кўрарди ва ҳар сафар уни учратганда:
–Ажойиб қизсан-да, ҳақиқий заҳматкаш, — дерди. — Шунинг учун ҳам сени яхши кўраман. Тўғри қиласан, қизим. Ахир меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди…
Баъзан Дарижонни бадавлат хўжайинларникига ёрдамга чақириш-ганда рад этарди.
– Яхшиси мен Жабанага ёрдам бераман,– дерди у,– бир-иккита боғ пичан боғласам ҳам фойдалида… Ва камбағал Жабананикига ёрдамга шошиларди.
Жабана Арутинга тўрт рубл қарз бўлиб қолганди. Арутин икки марта келиб қарзини сўради. Лекин қуруқ қайтиб кетди. Қарзни тўлолмаётганидан Жабана ўзини қўярга жой тополмасди. Баъзан у ўзича хитоб қиларди: “Қаранг-а, бу одам олдида шарманда бўлиб қолдим. Пулини қайтариб беролмаяпман”.
Арутиннинг ўзига эса шундай дерди:
– Нима қилиш керак, барака топкур, Арутин. Қандай балога қолганимни тасаввур ҳам қилолмайсан. Ўзинг кўр, ахир. Мана икки йилдирки, уйда ётибман. Бир чўпни мана бу ердан олиб, ана у ерга қўёлмайман. Қўл-оёғи йўқ бир одамга қанчалик қийинлигини тушунасанку, ахир. Қизим қарамоғида қолдим. Уни ҳам қийнаб юбордим. У бечорага ҳам қийин бўлди. Кимдандир қарз олиб сенга берсам, бундан менга осон бўлади дейсанми? Сени кўрсам уялганимдан ерга кириб кетгим келади. Уят менга, Эҳ, қанчалик уят! Нима қилай, сенинг қарзингни қандай узай?
Арутин узоқ бош қотириб ўтирмади. Қишлоқ оқсоқолига бир рубл “қистирди”да, Жабанадан қарзи эвазига иккита бузоғини тортиб олиб беришни илтимос қилди.
Оқсоқол рози бўлди ва кунларнинг бирида миршаблар Арутин билан биргаликда бузоқларни ҳайдаб кетишди. Анука бу пайтда қўшниларникида ишлаётган эди.
– Нима қилай? – зор қақшарди Жабана, охирги умиди ҳам қўлидан чиқиб ктаётганини тушуниб. — Сизларга нима ҳам дердим, ҳатто худодан ҳам қўрқмасангиз!
Анука уйига кечқурун қайтди. Узоқ йиғлади бечора қиз, Арутинни узоқ қарғади. Қўлига олган таёғига суянганича худди марҳум тепасида йиғлаётгандай ўксиб-ўксиб нола қилди:
– Шўрим қуриди, шўрим. Вой менинг Толғиргинам, вой эрка Олғиргинам, бекаларинг ўлса яхшимасмиди?! Сизларни олиб кетганлар тангрининг ғазабига учрасин. Ер ютсин сизларни илойим!
Анука йиғлаганича Дарижонни излаб борди. Дардини бошқа кимга ҳам айтарди.
– О шўрим қурисин, шўрим,– йиғлаб илтижо қиларди Анука.– Арутин Олғирим билан Толғиримни олиб кетганида Дарижон хола ҳам ёрдам беролмасди. Лаънатлар бўлсин сенга, Арутин, Илоҳим сени қора ер ютсин!
– Вой кўппаклар, вой ваҳшийлар-ей! Наҳотки рост бўлса? Вой бечора, нега мен бадбахт буни билмай қолдим. Сенинг бузоқларингни олиб кетишларини бир томоша қилардим! Ҳой, қиз, сен аралашма, ўзим кўрсатиб қўяман ўша кўппакка зўравонликни,– овутди Анукани Дарижон.
Бир ҳафтадан кейин Арутин яна қишлоқда пайдо бўлди. У бор овози билан жар соларди:– “Ҳой келинглар, югуринглар елинглар. Келтирдим тоза мато, олиб қилмайсиз хато. Тоза мол, қизил парча, келиб кўринглар барча!”– дея иккита отни етаклаб келарди.
Дарижон худди шу пайт эрталабки ўтловдан қайтган сигирларини соғаётган эди. Арутинни кўриб, оғил ёнида ётган итларни чақирди:
– Ҳой Цобана, ҳой Олабош, ол киш!
Олабош билан Цобана бутун қишлоқда энг қопағон бўрибосарлар эди. Итлар бирдан қулоқларини диккайтирдилар-да, Арутинга ташландилар. Учурум устида ерга ағдариб роса таладилар.
Арутин дод деб ёрдамга чақирди. Отлар ҳуркиб шаталанг отдилар, бири устидаги юкини, бошқаси эритилган ёғ солинган чарм қопларни ташлаб қочди. Буларнинг ҳаммаси жарга қулаб тушди. Чарм қоп йиртилиб, ёғ оқиб кетди.
– Ёрдам беринглар, насронийлар! – хирилларди Арутин.
“Ўлиб қолмасин тағин, яшин ургур! Гуноҳи менга урмасин тағин”,– ўйлади Дарижон ва ёрдамга шошилди. Тепачага чиқиб қараса, Арутиннинг юзи қонга беланган, раҳми келиб, итларга ўшқирди:
– Йўқолинглар, ҳе бўрилар сарқити!
Кўппаклар дарҳол қочиб уйга киришди.
Бадбахт савдогар бир амаллаб ўрнидан турди-да, чўлоқланиб бир неча қадам босди.
– Итларни нега боғлаб қўймайсизлар, илоҳим ер ютсин сизларни,– бақирди Арутин.– Уларнинг қандай қопоғонлигини наҳотки билмасанглар? Эҳ, қўлимда ханжар бўлгандайди!
Арутиннинг нигоҳи тўқилган ёғга тушиб йиғлаб юборди ва Дарижонни қўпол ҳақорат қила бошлади.
– Ўзингни ер ютсин, ўзинг кўппаксан! – бақирди жавобан Дарижон.– Ўзинг шундай ўлакса бўлсанг, ўзингдан бўлак ким айбдор? Бу ердан озмунча одам ўтадими, ер юткур, кимга ташланибди менинг итларим? Афсус, менга урмадинг-да, мен сенга кўрсатиб қўярдим, уриш қандай бўлишини. Нега ер ютмайди сендақаларни. Урармидинг! Мен-чи, мен нима қилиб турибман бу ерда? Мана бу найзани ифлос оғзингга тиқиб олардим.
Дарижон тез-тез шундай дўқ қилиб турарди. У ўша заҳоти тепаликдан тушиб кетди. Юзида табассум жилва қиларди. Унинг юзида бундай қувноқ табассумни биринчи бор кўришим: афтидан сал бўлса-да кўнглини ёзиб олганга ўхшарди.
Ит талаган Арутин бўлса, қияликдан жарликка сирғаниб тушди-да тўкилган ёғни йиғиштириб яна қопга сола бошлади.
Шу пайт жилғача оқими бўйлаб қўлида қармоқ билан бир болакай келаётган эди. Арутин уни ёрдамга чақирди. Қопларни ва боғламларни отларга ортишди, савдоргар нималарнидир тўнғиллаб йўлида давом этди. Дарижон яна бир ўгирилиб қаради-да, унинг орқасидан қарғаб қолди.
– Ҳу чақмоққа чақилгур!

III

Бозор куни эди. Ҳали қуёш чиқмаган. Бераант уйининг орқасида, қандағочзорда, жилғадан тегирмонга сув айирғич устида Дарижоннинг ғазабли овози эшитилди. Жаҳлдан юзлари қизариб кетган Дарижон иккита боланинг қўлидан маҳкам ушлаганича. Жаварага нималар дерди. Жавара унли чарм қопни орқалаб олганди.
– Уларни қаёққа судраяпсиз, опажон?– сўради ундан Жавара.
– Мана олиб бораяпман. Ер ютсин илоҳим оналарини,– деди Дарижон ва йиғлаётган болаларни овутишга тутинди.– Йиғламанглар қоқиндиқлар, онангиз тезда қайтиб келади.
– Тўхта. Айтсанг-чи, нима бўлди ўзи?
– Э-э, нима бўларди, буларнинг онаси Гамихарда билан қочиб кетибди. Гўё Гамихарда уни ўғирлаб кетганмиш, болаларни эса, кўраяпсан-ку, ташлаб кетишибди.
– Буни қара-я, вой шарманда!
– Ахир мен умримни бева ўтказмадимми? Бошқа бевалар оз эмас! Қани, бизлардан қайси биримиз бу суюқоёққа ўхшаб иш қилдик?.. Эҳ, мен нима кўрдим, нималар кўрдим-а, қадрдонларим! Раҳмим келганидан юрагим ёрилиб кетай деди-я! Бугун эрталаб уларнинг қўрғони ёнидан исмалоқ тергани ўтиб кетаётгандим. Болалар чирқираб йиғлаётганини эшитиб қолдим. Эшик эса ташқаридан тамбалаб қўйилибди. Очиб ичкари кирдим… Мана бу кичкина йиғлайвериб ҳолдан тойибди, юзини ерга қўйганича ётибди. Каттаси – қизалоқ эса бор овози билан бақириб йиғлаяпти. “Вой, шўрим қурсин, онангиз қаерда?” дедим. “Қандайдир битта эркак билан кетиб қолди,– деди қизалоқ.– Нарсаларини олиб хуржунга солди-да кетди…”Қайноғаси ҳам уйда йўқ экан, бу шарманданинг..
Ранги оқариб кетган Жавара ҳайратланиб Даражонга қарарди.
– Эҳ!– давом этди Дарижон. Қани эди уйида эркак, бўлса сочидан бураб калтакласа, мияси йўқ бошини тошларга уриб ёрса!.. “Пшава дарёсида худонинг марҳамати қолмади дейишади”. Одамларда ор-номус, виждон бўлмагандан кейин қанақа марҳамат қолиши мумкин. Бизнинг давримизда инсон яшашга лойиқми? Ўлгани яхшироқ эмасми?
– Энди болаларни нима қиласан?
– Уйимга олиб кетаман. Амакиси келганча қараб тураман. Нима қилай бўлмаса.
– Бу ҳимматинг яхши, онажон,– деди жавара.– У тез орада қайтиб келади. Иоруга кетди шекилли.
Дарижон болаларни етаклаб уйига олиб кетди. Кичкинани кўтариб олди, қизчани қўлидан етаклади.
Болаларни кўриб бутун қишлоқ аҳли ҳаяжонланди, даҳшатга тушди.
– Худо жазосини берсин, Тангри юз ўгирган бу аёлни болаларни ташлаб кетиб, етимликка маҳкум этишга нима мажбур қилди экан?
Дарижон сут қайнатди, болаларнинг қорнини тўйғазди, уларни тинчлантирди. Энди уни фақат битта ташвиш қийнарди: Мзевинари билан қандай қилиб учрашса бўлади. Айтишларича, улар ростдан ҳам учрашибди. Дарижон бу аёлни қаттиқ сиқувга олибди, йиғлашга мажбур қилибди ҳам. Лекин иккинчи эридан воз кечдира олмабди.
– Мени тинч қўй, Дарижон, ўтган яқинларинг охирати обод бўлсин!– деди йиғлаб Мзевинари, бир яйловда Дарижон уни учратиб койий бошлаганда. Нима қилай, хато қилдим. Лекин менинг ҳамма нарсадан қўлимни ювиб қўлтиққа уришимни, ўзимни ўлдиришимни истайсизларми ?
Одамларнинг ҳикоя қилишларича, бир сафар Дарижон олдида ҳатто “амалдар ҳам чекинган эмиш”.
Амалдор билан Дарижон жанжали унинг ўғли Гамахарс туфайли юз берган экан. Дарижон ўтин тергани ўрмонга борган эди. Уйга қайтаётиб, қандайдир бир одам унинг ўғлини қамчида савалаётганини, бола эса қўли билан бошини яшираётганини кўриб қолди. Елкасидаги ўтин боғини ерга ташлаб, амалдор оти жиловидан маҳкам ушлади.
– Сен кимсан ўзи?– сўради жувон дўқ қилган овозда. — Нега ўғлимни қамчилаяпсан, имонсиз?
Амалдор қамчи билан бошига туширмоқчи эди, лекин дарҳол қўлини туширди. Дарижон бир қадам орқага тисарилди-да, отлиққа найза ўқталди.
– Қани, уриб кўрчи, Гамахаре номи билан от ичаманки…
Амалдор чиндан ҳам “чекинди” ва кейин бу воқеа ҳақида гапириб яқинларини кулдириб юрди: “Бошқа нима ҳам қила олардим, дўстим? У қари бир аёл эди. Лекин мен бунақа аёлни сира учратмагандим. Худди ажал фариштаси, бирдан менга ташланиб қолди – шундай дев, ёввойи, чинакам ёввойи!”
– Нима, сенинг қўлинг йўқми, бадбахт анқов? – дўқ қилди ўғлига Дарижон.– У сени калтаклаяпти, сен бўлсанг индамай турибсан?!
– Мен нима қилишим керак эди, ойи? У шундай катта одам бўлса, мен унга қандай қўл кўтараман?– деди Гамахаре. Кейин ўзини бекорга хафа қилганларини тушуниб ўнгланди: – Бизникига бостириб киришга, мени уришга, нима ҳақи бор унинг?– деди жаҳл билан кечикиброқ бўлса-да.
– Бўлди бас, гапирмаганинг маъқул, бадбахт! Сендан нимани умид қиламан. Мен ётиб қолсам нима бўлади? Ҳамма сенга зўравонлик қилади, ахир,– қўшиб қўйди Дарижон хўрсиниб.

IV

Дарижоннинг ўз уйида турли ташвишлар ва тўқнашувлар ошиб-тошиб ётганига қарамай, у ҳар замонда бўлса-да бировлар ишига аралашуви фақат ўз қишлоғидагина эмасди. Бу ўринда мен Дарижон Кизикияга қандай ва нега боргани ҳақида гапириб бермоқчиман. Ўша пайтлар мен ўқувчи эдим ва қишлоқда яшардим. Бир сафар, қайси кун экани эсимда йўқ, Дарижон саҳар пайти меникига келди.
Тур ўрнингдан, болакай, тур! – бақирди тортинмай қулоғимнинг тагида.– Бу қанақаси, шу пайтгача ҳам ухлайдими одам деган? Сизларга тушгача ўқишни мактабда ўргатадими? Тур, шошиб турибман, ишим бор, ахир!
Дарижон бу гапларни шу қадар қатъий ва ишонч билан гапирдики, гўё мен унинг ишларида қатнашишга мажбурман. Ҳа мен чиндан ҳам мажбур эдим, чунки Дарижон менинг ёрдамимга муҳтож эди.
– Нима бўлди, Дарижон, сенга нима керак? – сўрадим мен.
– Гап шундаки, дардингни олай, менга қоғоз, яъни чипта ёзиб беришинг керак. Чиптамиди, нима деб аталишини ўзим ҳам билмайман: Кизикияга бормоқчиман.
– Эҳ, қанақа тиниб-тинчимаган аёлсан ўзинг? Кизикияда нима бор сенга,? У ерга боришинг мумкиндир, лекин кучинг етармикан?
– Нима деяпсан ўзи болакай,– бақириб берди менга Дарижон.– Тиниб-тинчимас эмиш! Керак бўлгани учун бораяпман у ерга…– деди у овозини бироз пасайтириб. Қоғозда мен Бежаннинг холаси эканлигим, жиянимни қидириб Кизилкияга бораётганим ёзилиши керак,– дея сўзини тугатди Дирижон найзаси билан ерни дўқиллатиб.
– Қанақа Бежанни? Нега энди уни қидиришинг керак?
– Афтидан, сен ҳеч нарса билмайдиганга ўхшайсан, болакай?
– Нима бўлди? Билмайман, эшитганим йўқ…
– Бежан йўқолиб қолди,– тушунтирди Дарижон.– Ҳеч ким билмайди. Ўзиникилар ҳам, бегоналар ҳам. Ҳатто чўпон ўртоқлари ҳам билишмайди. Амакилари ва амкиваччалари – итнинг ўлигидан кўп, ҳеч қайсиниси бу одам қаёққа кетди, нима бўлди, ўликми тирикми?– деб ўйлашмайди ҳам. Яйловдан қайтиб келганларнинг ҳаммаси бир овоздан уни Кизикиядаги майхонада ўлдиришган деяпти. Унинг ёнида пули бор экан. Пули бор бўлса аяб ўтиришмайди. Бирорта уруғи, одами йўқ деб ўйлашгандир-да… Айтишларича, уни ўша ерда, духан1 орқасидаги ахлатлар орасига кўмиб кетишибди. Бориб, ўша жойларни кўришим керак… Эҳ, ҳозир меҳр ва ишонч қолди дейсанми, Дарижон! Бу оламда фақат чўчқалар ва кўппаклар қолди. Қўшни пойлаб туради, ўз қўшнисининг мўрисидан тутун чиқиб турибдими, йўқми деб. Тезроқ ҳаммаси қирилиб кетсайди деб кутиб туради, ер- мулкларини дарҳол эгаллаб олиш умидида. Худо сенга омад берсин, менинг етимичамга ҳам,– Дарижон ўз боласини “етимча” деб атарди. Қанча одам бошқаларнинг ўлиб кетишларини орзу қилишади: “Фақат менинг болаларим кўпайса, уларнинг бойлиги бизга қолса” деб. Бежаннинг бедарак йўқолганига саккиз ой бўлаяпти. Тўйма-тўй, байрамма-байрам юрган унинг амакиваччалари одамлар кўзига қандай қарашади? Худо сенга ҳам, менга ҳам раҳм қилсин, яқинда Тирузанни бопладим. Биласанми, болакай, меникига югуриб келиб қолди, қорни тўқ, ичиб олган, тағин ёнида қандайдир паканагина, тўнкага ўхшаган, бўйни қийшиқ, турқи совуқ, бошида эски шўрлаб кетган қалпоқли бир одам билан. Цихегорадаги байрамдан қайтиб келишаётган экан. Тарала бедод ашула айтишиб, қийқиришиб, дарвозамни қоқишди. Ўша беномус Тирузан уялмай-нетмай менга бақирди: “Қани, қуда, арақдан йўқми сенда? Озгина олиб чиқ, сенинг омадинг учун ичайлик, худо умрингни узоқ қилсин!”
– Қоч, қоч, йўлингдан қолма, нотавон имшёқмас,– дедим унга,– бўлмаса, уриб бошингни ёраман. Бу дунёда қандай яшаб юрибсан, ўзингга, афт-башарангга нега бир қараб қўймайсан? Бу одам қаерда йўқолди, нега изламаяпсан?”– “Нима ҳам қилардик қуда,– деди у,– жуда ёмон замон бўлди-а!” эмиш. Гўё замон ёмон бўлса, демак ўз яқинларимизнинг ташвишини тортмаслигимиз, ўлик ё тиригидан хабар олмаслигимиз керак экан-да!– ҳаяжон билан хитоб қилди Дарижон.– Бежан ўлган жойларни бориб, қидириб кўрса, уни биров еб қўярмиди? Мен фолбинга бориб, фол очдирдим. У ҳам ўша одамлар айтган гапни такрорлади.
Кейинги куни Дарижон, одатдагидек, ўзига хос кийиниб, уловда Кизикияга йўл олди. Қишлоқма-қишлоқ юриб Бежанни сўраб суриштирди. У ҳарбир духанга бирма-бир кириб чиқди. Аввал майхонаси бўлган одамлардан ҳам сўради. Эришган нарсаси шу бўлдики, Пшавадаги унинг “Дев” ва “Кема” деган лақаблари ёнига, бу ерда янги – “Бўри одам” лақаби ҳам қўшилди. Дарижон ўз кўриниши билан ҳаммани лол қолдирди – кўплар улар олдида турган аёл эканигна ишонгилари келмасди. Бу атрофда афсун билан турли қиёфага кирадиган одамзод пайдо бўлибди деган миш-мишлардан кўз ўнгларида Дарижон турганини кўрганлар ҳам шубҳалана бошладилар.

V

Ҳаммаёқда баҳор нафаси. Арагва дарёси бўйидаги қандағочлар ям-яшил барглар билан қопланди. Какку сайраб қолди.
Арагвада сув кўтарилди, тўлиб-тошиб оқаяпти. Ҳатто жилғачалар ҳам қирғоқларидан тошди. Жўшқин оқим ҳарсангларни думалатиб, қояларни кўчириб, дарахтларни илдизи билан қўпориб, шовқин солиб оқизиб кетаяпти.
Ёш чўпон болалари қандағочзор орасида ўйинга берилишган. Қўлларида от думидан қилинган тузоқ. Болалар беданалар кетидан қувиб юришибди; майсалар ҳали яхши ўсмаган, беданалар яширинолмайди.
Ана, иккита бола писиб беданага яқинлашиб келишаяпти. Улардан бири калхатга ўхшаб овоз читқариб, беданани писиб ётишга мажбур қилаяпти, иккинчиси тузоқ билан нишонга олаяпти. Бедана ерга қапишганча қотиб қолди. Миттигина пшав қўлини чўзиб тузоқни қушчанинг бўйнига илди, бошқаси уни ҳуркитди – ш-ш-ш!– бедана учди-ю, тузоқда осилиб қолди, худди қармоққа илинган балиқдай.
Катталардан бу ерда фақат Дарижон бор эди. У бир чеккада майсазорда ўтирибди, атирофида қўзичоқлар ўтлаб юришибди. Улар қишда анча озиб қолишган, эндигина ниш урган майсаларни чимдиб-чимдиб ейишмоқда.
Дарижоннинг ёнида унинг ажралмас дўстлари – Олабош кучуги ва найзаси, кўлида урчуқ, ип йигираяпти. Болалардан бири тантанавор юришда Дарижоннинг ёнига келди:
– Қаранг хола, мана!– дейди у тузоққа илинган беданани кўрсатиб.
– Қўйиб юбор, қўйиб юбор уни, чақмоққа чалингур, бўлмаса ҳозир тазирингни бераман! Бу бечораларнинг сенга қандай зарари тегаяпти? Нега қувлаб, уларга тинчлик бермаяпсизлар? Борди-ю, сизларни ваҳший одамлар қувиб, асир олишса, қийноққа солишса, яхши бўладими?
Бирдан Дарижоннинг овози ўзгарди. Юмшоқ-мулойим товушда боладан сўради:
–Қани, набирагинам, кўрсатчи, қанақа ўзи? Вой-бўй, бечорагинам менинг…
Дарижон беданани учириб юборди, болакайни юпата бошлади:
– Бу савоб иш болам! Ахир сенга ҳалақит бермаяпти-ку?! Ахир бу бизнинг меҳмонимиз, қувонч элчиси. Мана энди у учиб сенга раҳматлар айтади: “Тезроқ катта бўл, униб ўсгин, ота-онанг узоқ кўриб, бахтингдан қувониб юришсин”. Бунинг ҳамаси сен уни қўйиб юборганинг учун…
Қуёш тоғ чўққилари томон энгашди. Чўпон болалар, молларини тўплаб, қишлоққа ҳайдадилар. Сигирларнинг мўлаши, қўй-эчкиларнинг маъраши болаларнинг жарангдор товушлари билан қўшилиб кетди.
– Ҳой, ёрдам беринглар! Қичқирди кимдир бирдан.– Дарё Хвтисони оқизиб кетди. Хвтисони ҳам, қўзичоқни ҳам оқизиб кетаяпти!..
Қўйлар дарё соҳилида ўтлашаётганди. Тошқин дарё Хвтисонинг қўзичоғини оқизиб кетди. Бола қўзичоғи орқасидан ўзини сувга ташлади. Бироқ жўшқин дарё уларни олиб кетди.
Дарижон нима қиларини билмай, чўпонга ёрдамга шошилди. Қараса, Арагва тўлқинлари ўз ўркачида Хвтисони ҳам, қўзичоқни ҳам гоҳ ирғитиб, гоҳ тортиб олиб қочаяпти. Дарижон шошимлиб ўзини дарёга ташлади, олдинга қараб юрди. У тўлқинлар билан мардона курашар, сув борган сари чуқурлашиб борарди. У кўкрагидан ошганда дарё уни чирпирак қилиб тортиб кетди. Муздек сув Дарижонни Хвтисо билан бирга гирдобга тортди-да, қояга олиб бориб урди…
Дарижон қарийб ҳушидан кетди, лекин қўли билан сувни эшиб, қирғоққа интиларди.
У яна бир неча бор, оёғи билан ерни пайпаслаб кўришга, тик туришга уриниб кўрди, лекин бефойда… Иккаласи – Дарижон ҳам, Хвтисо ҳам ҳалок бўлди. Мен уни бошқа кўрмадим,– фақат анча пастроқда оқим унинг қора рўмолини соҳилга чиқариб ташлаганди: Дарижон ҳаётдан мангуга кетган эди.
Кеч кирди. Қоронғилиқ қуюқлашди. Ҳайбатли тоғлар қора чакмонларига бурканиб, тепаликдан Арагва дарёсига мағрур қараб турардилар.
Лоқайд Арагва эса тўлқинларини елкасига ортмоқлаганича пастга шошарди. Атрофда бирор овоз, жонли товуш эшитилмас, фақат қандайдир қуш ўроқ янглиғ қанотларини Арагва узра қоқиб, “тиу-тиу” дея учиб борарди.

Русчадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 9-сон.