– Тирикчиликдан бошқасини билмайдиган, тор фикрли одамлар жуда жўн ўйлайдилар, ўзларича ҳаётни ўлим йўқдай хаёл қиладилар,– деди Лариса Викторовна, унинг гапини эшитган ўқувчиларнинг юзлари жиддий тортди ва қотиб қолди. – Бу фикр натижаси аниқ фанлар ёрдамида умрни узайтиришда кўринади. Лекин умрга қўшилган ўн беш, йигирма, ҳаттоки ўттиз йилда кўп нарсаларга эришиш мумкинми? Ундан кўра интенсив, жадал йўл мақсадга мувофиқ келади: имкон қадар умрнинг ҳар бир лаҳзасини воқеа-ҳодисалар ва хабарлар билан тўлдириб, унинг доирасини чексизликка қадар узайтириб боравериш керак. Шу тариқа бир киши кунига бир ҳафтани, йилига – ўн йилни, ўзининг қисқа умрида эса бир неча ҳаётни яшаши мумкин.
Андрей Яновский ҳеч қачон хотирасидан шикоят қилмаган. У шеърларини кўпинча йўлда кета туриб ҳам битиб кетаверар, уйга келгач, оқ қоғозга тушириб, таҳрир қиларди, холос.
Ҳозир ҳам у Диляни ошхонада кутиб ўтираркан, бирдан сўнгги шеърига ўзгартириш киритиш кераклиги эсига тушиб қолди. Ўтган куни Диляникида у хаёлида сўнгги мисрани битди. Бироқ уйда шеъри ҳамон эски ҳолатида ётарди.
Идиш-товоқларни ювиш чўзилиб кетди. Андрей диван остидан тарозини олди-да, устига чиқди. Эллик етти. Танянинг тарозисида эллик беш ярим чиқади. Бу тарозиларнинг қайсинисини бўлса ҳам тузатиб қўйиш керак.
Шу пайт Диля келиб қолди ва қўлларини унинг елкаларига қўйганича тарозига чиқди. Тарозининг мили ҳуркиб, силкинганича юзга чиқиб кетди.
Андрей ўзига таниш йўлдан уйига равона бўлди. Шаҳар, республика ва қўшни мамлакатлар ҳам кўм-кўкликка чулғанган эди. Бундай тиниқ осмонни бирор тасодифий булут ҳам босмайди. Ерда эса, ҳар нарса бўлиши мумкин, бу ерда шарт деган тушунчанинг ўзи йўқ. Руҳ худди ёнгинангдан ўтиб кетаётган аравага чиқиб олгани сингари танангга маҳкам ўрнашган.
У йўлда копток ортидан югуриб юрган мактаб ўқувчиларига рўпара келди. Ўқувчилардан бири, Рустамга ўхшаб кетадигани тўхтаб, ундан ниманидир сўради.
– Тушунмадим, – деди Андрей қўлларини икки томонга ёйганича.
– Нима, тилни билмайсизми? – дея ўқувчи орқасига ўгирилди-да, яна чопиб кетди.
Андрей Диля билан эндигина танишган чоғларида Рустамга ранг-баранг пластмасса ҳарфлардан онасининг исмини ясашни ўргатган эди. Диля диванда, уларга қараб ўтирарди. Шу тарзда Андрей аёлга ўз муҳаббатини изҳор қилган эди.
Рустамнинг Андрейни “дада”, дейиши Дилянинг ғашига тегарди. Шундайки, Диля ўтмишини қалбининг туб-тубида эҳтиёткорлик билан қўриқлаб келарди. Унинг ёшлик чоғларидан қизлигида тушган биргина сурат сақланиб эди. Суратдан Диляга ўхшамайдиган чеҳра, узун қора сочлари ўриб қўйилган қиз ўткир нигоҳини тикиб турарди.
Телебошловчиларнинг ҳовлиққан овозлари билан бирга шомни қарши олди ва Андрей то батамом қоронғи тушгунча ҳикоясини ёзиб тугатишга шошилди.
Шундоқ орқасида чироқ тугмасининг “чиқ” этган овози эшитилди.
– Эсинг жойидами, бунақада кўзингни ишдан чиқарасан-ку, – деди Таня ажабланиб. – Ишхонада ёзсанг бўлмайдими? Шунда озгина дам ҳам олармидинг.
Шу пайт Андрейнинг хаёлига Диляникида бўлган пайтлари ҳикоя ҳақида бирор марта ҳам ўйлаб кўрмаганлиги келди. У дафтарни бир томонга сурди, юзи билан Танянинг қуюқ, малла сочларига кўмилди.
– Менга қара, қачонлардан бери сендан бир нарсани сўрамоқчи бўлиб юрибман… – Диля шундай дея индамай қолди. Сўнг бир ютиниб олиб, гапида давом этди: – Сен мени суйиб айтадиган сўзларингни хотинингга ҳам айтасан-а, тўғрими?
Рустам югуриб хонага кириб келди ва Андрей ҳар доимгидек, жавоб беришдан қочиб, болани қучоғига олди.
Андрей Света ва Марта билан қишда танишган эди. У иситилмаган кабинетини иш вақти тугамасдан тарк этганича, яқин-атрофдаги мавзе оралаб кетди ва тўсатдан номи ҳам нотаниш, бир қаватли уйлардан иборат кичкина кўчадан чиқиб қолди. Андрей кўча бўйлаб мақсадсиз, уйлар тепасига ёзилган, каттариб бораётган сонларни санаганича кетиб борар эди.
Бир вақт бўёғи ўчган ёғоч дарвозага бўр билан: “Уй сотилади” деган ёзувга кўзи тушди. У беихтиёр дарвозани тақиллатди, ичкаридан овоз келавермагач, аста дарчани очди-да, икки туп ўрик қийшиқ ўсган, бетон ётқизилган ҳовлини кесиб ўтди.
– Яхши йигит, бу ерда ишингиз борми? – деган сўроқ билан қарши олди уни тўсатдан ҳовлига кириб келган бегона одамдан чўчимай тўлагина аёл.
– Китоб сотасизми?
– Уйга киринг.
Андрей остона ҳатларкан, димоғига кумушранг “контрамарка”нинг тафти урилди. Стол ортида ҳозир уни қарши олган хотиндан улуғроқ, сочлари оппоқ аёл ўтирарди.
– Мана, харидор келибди, китоб сотасизларми, деяпти, – дея унинг ташрифини изоҳлади биринчи, Света деган аёл.
– Бу йигитнинг исми нима экан?
– Саша, – деди унга жавобан Андрей.
– Ичкарига ўтинг, Саша, Света сизга китобларни кўрсатади.
Андрейнинг ёнида пули йўқ эди, у бу ерда исиниб олди, баданига хуш ёққан иссиқ уйдан чиққиси келмади. У бир нечта китобни ажратди-да, буларни бир чеккага олиб қўйинг, пулини ташлаб кетаман, деб илтимос қилди. Кейин китоб жавонингизни тузатиб берайми, деб уларга ўз ёрдамини таклиф этди.
Шу кундан бошлаб у Света билан Мартаникига тез-тез бориб турадиган бўлди.
Света билан Мартанинг бари қариндошлари аллақачонлар кетиб бўлишган, опа-сингиллар эса гўёки пешоналарига бу заминда яна узоқ муддат қолиш битилгандай, кетишни орқага сурардилар. Аксарият улар ҳовлиларига келган харидорлар билан сира нархини келишолмасдилар.
Андрей Света билан Мартанинг сон-саноқсиз неваралари-ю жиянларини бирма-бир қандай хотирлаб гаплашиб ўтирганлари гувоҳи бўлганди. Ана шу неваралару жиянларнинг энг ёшлари аллақачонлар рус тилини унутган эди.
Баъзан сотилмай қолган буюмлар устида баҳс кетарди.
– Қаранглар-а, тикув машинкасини бир юз элликка беринг, дейди. Бу кулгили-ку, ахир! Калласида ақли бор одам бунақа пул берадими. Зоя жўнаб кетаётганида шундай машинкасини етмишга сотган эди.
– Ҳа, – дея унинг гапини маъқуллади Марта, – лекин Зоя бутун умр шу пулга сотганидан афсусланиб ўтди! Ахир, шошилганда бирор нарсани тузукроқ нархга сотиб бўладими…
Мабодо Андрей аёллар яқин-орада ҳаётларида юз беражак воқеа тафсилотларини муҳокама қилишлари устидан чиқиб қолгудай бўлса, улар кўпинча уёқдан сенга таклифнома жўнатамиз, уйимизга меҳмонга таклиф этамиз, деб ваъда беришарди.
– Саша, сиз уйланишингиз керак, – дея Андрейга маслаҳат берарди улар. – Орадан ўн йиллар ўтса, уйлангингиз ҳам келмай қолади. Қариганда ёлғиз яшаб бўладими.
– Тасаввур қиляпман, беш йиллардан кейин бу ерда нималар бўлишини. Бу ҳали бошланиши. – Таня хонада куймаланиб юрганича сўзланди. – Бари ақлли одамлардай, кўчиб кетиш керак. Ахир, Толик амаким ҳам неча марталаб бу ёққа келинглар, деб чақирди-я. Ҳа, мен сенинг туйғуларингни тушунаман. Мен ватан нима эканлигини биламан. Таниш-билишлар кетиб, бу ер бегона шаҳарга айланиб бўлди, ўзинг кўрмаяпсанми? Истасанг ҳам, минг изласанг ҳам, таниш қиёфаларни кўрмайсан. Бунинг устига, сенинг истеъдодинг бўлса…
Андрей вақти-вақти билан бошини ирғаб ўтираверарди.
– Cен мени нотўғри тушундинг. Мен унинг олдига атайин бормайман, ахир. Мен учун сен билан Рустам жуда қадрлисизлар. У билан яна бир марта гаплашиб олишим керак…
Андрей қайсидир лаҳзаларда ўзи айтган сўзларни ўзи ҳам англамай қоларди. Назарида номаълум диктор унинг тилидан об-ҳаво ҳақидаги матнни ўқиётганга ўхшарди.
У ҳаракатсиз, бир-бирига қовушган қўлларга, ерга қараган қора кўзларга разм солди ва индамай қолди. “Йигирма тўққиз”, – қийинчиликсиз ёдига келди.
Андрей бутун воқеани биринчи марта айтиб, изоҳлаб берганидан сўнг Таня кун бўйи мум тишлаб юрди. Ниҳоят сўради:
– Ўша хотиннинг ёши нечада?
Андрейнинг фикрлари қоришиб кетди ва ўшанда аёлнинг ҳақиқатан ёши нечада эканлигини эслай олмади.
Поезд саҳро бўйлаб елиб бормоқда. Таня юқоридаги жойида оғзини ним очганича пинакка кетган. Кўксида – саҳифалари пастга эгилиб тушган “ХХ аср сиёсий можаролари” китоби.
Андрей шундоқ ёнгинасидан ўтиб кетаётган шох-бутоқлари ҳар ёққа тарвақайлаган, момиқ попуклари тепага интилган буталарга қаради. У энди бу ўсимликлар номини ҳеч қачон билолмайди.
Баъзан, жўнаб кетиш ўзининг муқаррар маъносини йўқотган вақтлар уни мудроқ босарди.
Андрей ўтирган узун яшилранг поезд Осиё саҳроси бўйлаб елмоқда.
Андрей ака салқин хиёбонда Рустамни қайиқда сайр қилдиришга олиб кетмоқда.
Нотаниш Саша Света билан Мартанинг кўчишларига ёрдам бермоқда, бўм-бўш уйдан сўнгги кўчларни олиб чиқмоқда.
Рус тилидан Маъсума Аҳмедова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон