Уолтер Мэккин. Ойимтилла (ҳикоя)

Душанба куни ишда эмасдим. Эрталаб барвақт туриб нонушта қилганман. Ишга жўнашим ҳам мумкинку-я, ўтган шанба каминанинг думини тугишди. Ҳали ота-онамга бу ҳақда айтганимча йўқ. Кулбамизда, уларни ҳам ҳисобга қўшсак, ўн бир жонмиз – биров гапингни эшитишини истасанг, баландроқ қичқиришингга тўғри келади.
Ҳайдалишимга устамиз айбдор. Мени жини суймасди. Уст-бошим тоза, озода бўлишини хуш кўраман. Бу менинг одатий ишим. Заводда ишлайсан дегани мўри тозаловчидек юришинг керак дегани эмас-ку, тўғрими? Устимда гард юқмаган ишчи кийим, сочим текис таралган бўлишини ёқтираман. Бунга ҳаққим бордир?! Йўқ, бу шилқим масхаралашга имкон топди дегунча менга ёпишади, ё “ялаб-юлқанган оқбилак”ман, ё “қўтир олифта”. Устига-устак молдек бақувват, шунинг учун бир муддат сассиқ гапига чидашга тўғри келди. Жуда ёмон кўрганидан мазах қилади деб бўлмайди ҳам. Ўзи товуқдек бефаҳм, бунинг устига кучини кўрсатгиси келади-да.
Ниҳоят, пичоқ суякка қадалиб, ўтган шанба куни уни белкуракнинг сопи билан боплаб тушурдим. Бундай қилмаслигим керак эди. Лекин боши ёрилмади, тошдай қаттиқ экан. Аммо каминанинг шўрига шўрва тўкилди, мен билан ҳисоб-китоб қилингач, томошага йиғилганларнинг бирортаси жиллақурса ачиниб ҳам қўймади.
Бундай хабарни яқинларингга етказишдан оғири йўқ. Айниқса, уларнинг дарди-фикри пул бўлса. Йигит киши, майли-да, ёши ўн тўққизда бўлсин, ор-номуси бўлмоғи, ўша орият учун керак бўлса туриб бериши лозимлигининг уларга қизиғи йўқ, тушунмайдилар.
Отамдан нолимайман, яхши одам. Тинчгина ишига бориб-келади, ювиниб оқшомни пивохонада, оғайнилари даврасида ўтказади. Баъзан, номига бир-икки кружка ичади-ю, бақириб-шанғиллаб ҳовурини босади.
Онамдан ҳам нолимайман, аммо шундай тўдадан чиқаркансан, авваламбор уни дунёга келтириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигини тушунасан, ундан кейин олов қаршисида, аллакимнинг омадсизлиги, бебахтлиги тўғрида валақлашишга бир муддат вақт топиб кўр-чи. Нимани айтаётганимни тушуниб турган бўлсангиз керак?
Рости, заводда ишлайман деб ўлиб турганим йўқ эди. Мактабнинг бошланғич синфини битиргач, каминага стипендия тайинлашди. Шундан сўнг бир неча йил иккинчи босқичда ўқидим, аммо алал-оқибат ўқишни йиғиштиришга, ишлашга мажбур бўлдим. Уйга пул керак эди. Мен кабиларга стипендия бериш бефойда, бунинг учун ўғлининг қўлига қарай бошлаган ота-онага ҳам яна бир стипендия тайинлашга тўғри келади. Хулласи калом, ўқиш пешонамда йўқ экан. Ўрнини тўлдираман деб кутубхонага қатнайдиган, аллақанча китоблар варақлайдиган бўлдим, лекин бундай ўқиш кишига ҳеч нарса бермайди. Боши-кети йўқ мутолаа, қарабсанки, миянг ғовлаб кетади. Бу дарёга похолпоя солиб чанқоқ қондиришдек гап. Дўстларим мени “Толиби илм” деб чақиришар, ўқишга бўлган ҳавасим учун ҳурмат қиладигандек тутардилар ўзларини. Бу кулги учун эди, холос. “Билимдонлигим” қаергача боришини ўзим яхши билардим, шу боис жиддий ўқишни орзу қилардим. Аммо бу тарафдан толе кулмаслиги аниқ, бунга ишончим ҳам қолмаган. Отам ва менинг топаётган моянамиз уйдаги бола-бақрани боқишга, кийинтиришга аранг етарди. Мана, бугундан эътиборан рўзғорни тебратадиган отамнинг ўзи бўлиб қолди.
Охири шаҳар ташқарисига сайрга чиқишга қарор қилдим. Очиқ ҳавода айлансам ёмон бўлмасди, бундан ташқари, бироз вақт ҳам ўтарди. Ҳозир ким айлангани чиқади, дейсиз. Пойабзалингдан чаён чиқадигандек, гўё. Кино, рақс – бошқа масала, лекин айланишмас бу – кун бўйи шаҳарнинг у ёғидан, бу ёғига югурасан, бориб-келаверасан, буни сайр деб ҳам бўлмайди.
Тангрининг марҳаматини кўринг – кўкда офтоб чарақлайди. Денгиз кун тиғида чайқалади. Ҳув, кўрфазнинг нариги томонидаги дўнгалаклар туман ортида қизаринқираб кўринади. Нотабиий манзара: душанба, бунинг устига эрталаб, мен эса денгиз ёқасидаги хиёбонда сайр қилиб юрибман. Ана, кампирлар черковга, тонгги ибодатга кетишмоқда, эртароқ қайтган чоллар эса кучукларини айлантиргани олиб чиққанлар, бир-иккитаси ёғоч ўриндиққа ўтирволиб чилим чекмоқда. Мени эса виждон қийнайди, ўзимни ейман.
Ҳозир денгиз бўйида ўралашиб юришим эмас, ишда, дастгоҳ устида бўлишим, душанба тонггидан пешона тери тўкиб пул топишим керак эди. Хайр, майлига, ёниб кул бўлмайдими. Қумлоқ томонга сакраб ўтдим, денгизга майда тош отдим. Ясси тош учратсам, уларни силлиқ сув сатҳи устига ирғита бошладим, қайси бири неча марта сув устида сакраганини санадим. Ўн бир мартадан у ёғига ўтмади. Кўп ўтмай атрофдагилар менга ғалати қарай бошлаганини ҳис қилдим. Эрта наҳорда норғил йигитнинг совуқ соҳилда дайдиб юришига бало бор эканми? Ё шу ерда ишла, ё бу ердан пул топгани кет. Шундоғам, бир қарашда бадавлат хонадон эркатойи эмаслигим усти бошимдан сезилиб турибди.
Одамдан холироқ жойга ўтишдан бўлак иложим қолмади, қараб турсам, қаршимдаги уй ва дўконлар ойнаванд кўзлари билан менга тешиб юборгудек қарашяпти.
Хиёбондан ўтиб, денгиз ёқалаб кетган йўлка томон бурилдим, дарахтзор ва чуқур сойликдан ўтдим – гоҳ пастлаб, гоҳ тепалаб кетавердим, кўприк панжарасига суянганимча силлиқ тошга урилиб оқаётган зилол сувга тикилиб завқландим. Дарахтзор ўртасидаги яланглик – сайҳонлик ер кўриниб турибди. Ўша томонга ўтгинг келади, қани энди ялангликда, майса устида ўзингни қуёшга тоблаб ётсанг, ётаверсанг. Аммо шу ондаёқ дарахтлар ортидан малларанг, семиз говмиш чиқиб келди-да, ҳаммаёқни расво қилди. Кулгим қистади. Яна йўлга тушдим.
Оёғим қаттиқ оғрий бошлади. Бир муддат тўхтаб, увишиб қолган бармоқларимни уқалаб қўйишга тўғри келди. Ҳозир жон деб оёқларим қадоқ бўлиб кетгунига қадар ялангоёқ югурган бўлардим. Йўқсиллик шунга мажбур этади-да. Ҳозирги болалар оёқяланг кўчага чиққандан кўра ўлиб қўя қолган маъқул деб биладилар. Одамлар бунча тез катта бўлмаса, бунча олға интилмаса… Буни қаранг-а, худди юзга етган чолдек жавраяпман-а!
Сал наридаги қумлоқ соҳилга кўзим тушди, ўша томонга кетдим. Бирор зоғ кўринмайди, қум устида ғилдиракдан қолган чуқур ариқчалар, офтоб тафтида қизиган катта-кичик харсанглар, улар ўртасидан илонизи бўлиб ўтган қишлоқ йўли айланиб-айланиб денгизга олиб борарди. Ўнғай жой, бунинг устига қумлоқ – оёғам маза қилади.
Соҳилга яқин ерда майда-майда тошлар кўп. Денгиз ўтларининг ёқимли иси димоққа урилади. Қумлоқ охиридаги усти майса билан қопланган қояда қўй-қўзи ўтлаб юрибди. Жуда менбоп жой экан деб ўйладим ва ўша томонга йўл олдим.
Ярим йўлни босиб ўтарканман, мен ва чағалайлардан бўлак бирор жон йўқ, деган ўй миямга урилганди ҳамки, харсанг ортидан бир қиз чиқиб қолди, сал қолса менга тўқнашиб ҳам кетаёзди. Афтидан, пойабзали ва пайпоғини ечиб қўйгани тош ортига ўтган, қум устида югураман деб шошиб чиққан чоғи.
– Вой, кечиринг, – деди у бироз довдираб.
Қизнинг оёқлари миттигина, оёғи остидаги қумдек оппоқ эди. Менга тикилиб турибди-ю, юзида қўрқув. Хўп, майли, менга ўхшаган одамни қумлоқда эрталабдан учратиш ғалатироқдир. Аммо, қизи тушмагур мени ким деб ўйлаяпти? Уст-бошимдан унга ташланиб зўрлайдиган кишига ўхшайманми? Жуда дилбар қиз экан, нари борса ўн етти ёшлардадир. Дўкон ойнаси олдига қутиси билан қўйиладиган қўғирчоқ ойимчаларнинг худди ўзи: қорасоч, юзи юмалоқ, кўзлари шаҳло, қоп-қора киприклари қалин ва узун. Устига оқ кофта ва қора нимча билан ҳурпайма қат-қат юбка кийиб олган. Буларнинг барини бир кўз ташлаганимда билиб олдим. Қизга бир-икки илиқ сўз айтгим келди, аммо юзидаги ҳуркак қўрқув боисидан ўзимни босдим.
– Минг бор узр, ойимқиз, – дедим ва унга қарамай қоя томон кетавердим. Булар бунча тез хулоса чиқаришади, деб ўйладим, уст-бошингга, гап-сўзингга қараб дарров “хавфли” ёки “қуйи насабдан” деган ёрлиқни ёпиштирадилар-қўядилар. Аввал бир-икки оғиз гаплашиб кўр!
Орадан беш дақиқалар ўтиб, қоя чўққисига чиқиб, чўзилганча кўм-кўк осмон, оппоқ парқу булутларни томоша қилиб ётардим. Кўзим илинибди. Бирдан қулоғимга қичқириқ товуши чалинди. Аввалига чағалай деб ўйладим, уларнинг болаларга ўхшаб қичқирадиган пайтлари бўлади. Бошимни кўтариб пастга қарадим. Қиз ўтирволганча товонини ушлаган, шундай узоқликдан ҳам қумлоқдаги қирмизи доғ кўзга ташланиб турибди. Оёғини кесиб олганга ўхшайди. Хўш, нима қипти? Аввалига жойимга қайтиб ётмоқчи ҳам бўлдим, қарасам, қиз мен томон тикилиб турибди, чидаб туролмадим. Ўрнимдан туриб, тезда қоядан тушдим, тўсиқ устидан сакраб, қумга ўтиб олдим. Қизнинг юзи бўздек оқариб кетганди, нозик қўллари билан товонини сиқар, бармоқлари орасидан эса қон сизарди. Тиз чўкиб оёғига қарадим. Товонини яхшигина кесиб олганди.
– Нима бўлди? – сўрадим қиздан.
– Синиқ шишани босиб олдим, – деди у. – Жуда ёмон кесилибдими?
У ҳозир қаттиқ қўрқувда эди, камида учта чок тушади.
– Ваҳима қилишга арзимайди, – дедим. – Кўринишидан ёмонга ўхшайди. Икки-учта чок билан тикиб қўйишади, холос.
– Қон кетишидан ўлиб қолмайманми? – дея сўради у яна.
Тўғриси, бошини силагим келди.
– Э-э, йўқ, – дедим. – Бундан кўпам хавотир олаверманг. Яхшиси, келинг, сизни сувга элтай, жароҳатни ювишимиз керак.
Уни кўтариб олдим. Қушдек енгил экан, қаршилик қилгани йўқ. Сув томон кетарканмиз, қум устида ортимиздан қонли доғ узайиб келаверди. Сув бўйига ўтқаздим-да, чўнтагимдан тоза дастрўмолчани чиқардим, суви тозароқ жой топиб ярани ювдим. Жароҳат чуқур эди, четларидан қон тинмай оқарди. Рости, бунинг яхши тарафи ҳам бор. Қизга ҳўлланган дастрўмолимни бердим.
– Олинг, қўлингиздаги қонни артволинг, – дедим. У индамай қўлини артишга тушди. Ҳали ҳам ўзига келмаган, юзи оппоқ, тинмай титрарди. – Бу нимаси, илгари бирор жойингизни кесиб олмаганмисиз дейман? – деб сўрадим.
– Зирапча, тикан тилгани бўларди, – деди у, – бунақаси биринчи марта.
– Буни ваҳима қиладиган ери йўқ, бошингизни оғритманг, – дедим. – Лекин нима бўлганда ҳам катта йўлга чиқсак, шифохонага ташлаб қўядиган биронтаси топилиб қолар.
– Сизга раҳмат, жуда раҳмдил одам экансиз, – деди қиз.
Дастрўмолни олиб денгиз сувига чайиб ташладим ва қизнинг оёғини қаттиқ боғлаб қўйдим. Оғригани билинди, қизнинг нафаси қайтганини сездим, аммо нима ҳам қила олардим, боғич маҳкам бўлиши керак.
– Пойабзал ва бошқа нарсаларингиз қаерда? – деб сўрадим.
– Анави харсанг ортида, – деди у қўли билан кўрсатаркан. Мен уни сув бўйида қолдириб, ўша ерга кетдим. Кичкина туфличалар ичида пайпоқ. Уларни олиб қизнинг олдига қайтдим.
– Энди сизни кўтариб оламан, – дедим.
– Жуда оғир бўлсам керак? – деди қиз.
Кўтардим, у пардай енгил эди.
– Бўйнимдан ушлаб олинг, – дедим унга. Қиз қўлларини бўйнимдан ўтказиб олганди, кўтариб кетиш янада енгиллашди. – Мен сизга қирол ҳақидаги эртакни айтиб бераман. Хуллас, ўзингиз билганингиздек, битта қирол бўлган экан, у моҳир овчи экан ва ҳамма уни алқаб-мақташини истаркан. Бир куни саройдаги хотинлардан бири ким кўп машқ қилса, ҳар ким ўз истаганидек бўла олади, деб қўйибди. Қирол ғазабланиб, ўрмончига хотинни ўлдириб юборишни буюрибди. Ўрмончининг бунга қўли бормабди, хотинни ўрмон ичкарисидаги кулбасига беркитибди. Хуллас, кулба деворига бир нарвон қўйилган экан, аёл ҳар куни елкасида бир бузоқчани кўтариб ўша нарвонга чиқиб-тушавераркан, чиқиб-тушавераркан. Кун ўтгани сайин кўтарган юки ҳам оғирлашиб бораверибди ва ниҳоят, ўша бузоқча катта новвосга айланибди, аммо аёл ҳар куни тинимсиз новвос билан ҳеч бир қийинчиликсиз нарвондан чиқиб-тушавераркан. Бир куни шу атрофдан ўтиб кетаётган қирол хотинни кўриб қолибди ва бекорга манманлик қилганини тушуниб етибди.
– Бу нимаси? Демак, мен бузоқ эканман-да? – деди қиз. Кулиб юбордим. Унинг юзига ҳам қон югура бошлаганди.
– Нега ундай дейсиз, – дедим, – шунчаки айтдим-қўйдим-да.
– Тез-тез қизларни қўлда кўтаришингизга тўғри келса керак, а? – деди қиз кўзларини пирпиратиб.
– Сиз биринчисисиз.
– Қондан ҳам қўрқмайсизми?
– Оёғимга ўн тўртта чок тушган, – дедим пинагимни бузмай.
– Нима қилганди?
– Дастгоҳ бузилиб қолганди, – дедим. – Шу ҳам гапми, кўчамиздаги бир танишимнинг баданига қирқ саккизта чок тушган.
– Қирқ саккизта! – қизнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Мен, албатта, танишим бунча чокни ичкиликбозликдан кейинги шиша жангидан орттириб олганини айтиб ўтирмадим.
– Ҳа-да! – дедим. – Сизнинг товонингизга эса бир ё иккита чок тикилади, вассалом. Хавотир қилишга арзимайди ҳам.
– Албатта, – деди қиз. – Ўламанми деб қўрқиб кетувдим. Тентакман, а? Яхшиям ёнимда сиз бор экансиз!
Биласизми, шу кунгача ўзимни бунчалар яхши ҳис этмагандим. Мен уни кулдирардим, қиз ярасини унутди, аслида ҳозир жароҳат жойи ачишиб оғрий бошлаган бўлиши керак эди. Мен унга кичик сингилларим, укаларим, уларнинг ҳунарларини бир-бир гапириб кетавердим. Қизнинг ака-сингиллари йўқ экан, мен билан анча яқин бўлиб қолди. Мен, худди қуёш вақтида ботиб-чиққандек, ҳаётда бирор нарса бекор эмаслигига, ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати борлигига ишона бошлагандим. Ҳозир барини тушуниб қолдим, нега мени ишдан ҳайдаганларини, кўнглим нега бирор зоғ ўралашмайдиган жойларга тортганини, нега хижил бўлиб алланимани кутганим, излаганимни пайқадим. Мана, топдим ҳам. Энди юриб эмас, ер устида учиб борардим.
Бизни биринчи учраган машина ҳайдовчиси – ёши ўтинқираб қолган, тақирбош, шопмўйлов амаки шифохонага элтиб қўйди. Шундай қизни олиб бориб қўймаса ҳам бўлмасди. Агар ёлғиз ўзим бўлганимдами, минг йил ўтса ҳам биров тўхтамасди. Аммо бунинг кўп ҳам аҳамияти йўқ. Муҳими, қиз ёнида бўлишимни хоҳларди. Мен билан бирга унча ваҳимага тушмасди. Ҳатто, шифохонада ҳам мени қўйиб юбормади. Тез ёрдам кўрсатиш хонасига унга қўшилиб киришимга тўғри келди. Бу муассаса билан бир қаричлигимдан танишман. Биз бу ерда куну тунни ўтказардик десам ёлғон бўлмайди. Доим ё у ер – ё бу еримиз кўкарган, шилинган, ё томоғига суяк тиқилган… Хуллас, жароҳат жойини тикканларида ҳам, оёғини бинт билан ўрашганида ҳам қизнинг қўлидан тутиб турдим.
– Сиз шу ерда кутиб туринг, – дедим кейин, – мен бориб гаплашай-чи, сизга бирор машина беришса, уйингизга етиб олардингиз.
– Тез қайтинг, – деди у.
Худди шундай деди, айнан шу сўзларни айтди.
Кўчага чиқдим. Қараб турсам, Турк машинасини буряпти, ҳозиргина йўловчи туширган бўлса керак. Унга қаратиб ҳуштак чалгандим, булбулнинг чуриллашини эслатувчи овоздан машина зудлик билан ортига қайтди.
– Ие, Толиби илм, ўзингмисан? – сўради Турк. Бир нима бўлмадими? Ҳуштагингни бир чақирим наридан билса бўлади-я.
– Кўп гап сотма, аравакаш, – дедим. – Ишинг йўрғани чоптириш, ҳозир йўловчингни келтираман.
– Жиддий айтяпсанми? – деди у. – Ҳақини ким тўлайди? Йўловчи сеникими, муллажирингни чўзиб қўй.
Машинага яқин бориб, унга ҳовучимдаги тангаларни узатдим.
– Ушла мановини, қурумсоқ, – дедим.
– Тўлашга пулинг бор экан, – деди у қўлидаги пулга тикилиб. – Бўпти, бу сафар сенга ишонсам бўлади.
Мен қизни олиб келгани қайтдим. Бу сафар уни ичкаридан кўтариб чиқишнинг ҳожати қолмаганди. Жароҳатланмаган оёғига туфлисини кийгизишган, аравачага ўтқазиб чиқаверишдаги йўлакка келтириб қўйишганди. Ўша ердан таксигача қўлимда кўтариб олдим. Туркнинг ҳайратдан оғзи ланг очилиб қолди, ҳатто орқа эшикни очиш учун дик этиб ўрнидан турди ҳам. Қизни орқа ўриндиққа ўтказиб, ўзим ёнига чўкдим, қиз эса ҳалиям қўлимдан тутиб кетарди.
– Қаерга борамиз, ойимқиз? – дея сўради Турк. Худога шукр, қизнинг юқори доираданлигини, бундайлар билан қўрс муомала қилинмаслигини вақтида фаҳмлаб қолди. Бошқа пайтлар доим қовун тушириб юрарди, ярамас.
Қиз манзилни айтди. Айтяпти-ю, кўзини мендан узмайди.
– Мана, бўлди, – дедим қизга, – унча ваҳимали эмас, тўғрими?
– Тўғри, – дея маъқуллади қиз. – Сизга қандай миннатдорлик билдиришни ҳам билмайман. Шунча яхшилик қилдингиз.
Нима ҳам дердим. Зўрға ютиндим, томоғим эса куйиб боряпти. Бундай аҳволга тушмаганман. Ўша онда қиз менга янаям яқин келиб қолгандики, биласизми, ичимдаги ҳамма ярамас нарсалар эриб йўқ бўлиб кетди. Сизга буни қандай тушунтирсам экан? Ҳозирги ҳолат жуда афиф ва дилбар эди, ҳаётда бундан яхшиси бўлмайди. Ҳаммаси ғалати, тўғри эмасми – қон, чуқур жароҳат, шифохона, лекин буларнинг бари бўлиб ўтди. Бу хаёл ҳам, туш ҳам эмас, чин ҳақиқат эди.
Бирозгина аввал қўзғалган эдик, зум ўтмай ланг очиқ чўян дарвозадан ўтиб, калта тўшама йўлак бўйлаб кетиб боряпмиз. Унинг охиридаги зинапоя уйга – катта ва ҳашаматли, ойналарининг ўзи саноқсиз бўлган қўрғонга олиб чиқарди. Ўша заҳоти эшиклар очилди, эшик олдида сочлари оқарган бўлса ҳам ясан-тусан қилиб олган аёл, унинг кетида қора кўйлак устидан оппоқ фартук тақиб олган хизматкор хотин кўринди.
– Вой, худойим! – деди аёл бирдан васвасага тушиб, – нима бўлди? Худо ҳаққи, сенга нима қилди, айтсанг-чи!
– Қумлоқда синиқ шишани босиб, товонимни кесиб олдим, – деди ­қиз. – Агар бу киши бўлмаганида нима қилардим, билмадим. Аввал шифохонага элтдилар, кейин уйга ҳам келтириб қўйдилар.
– Жонгинам мени! – деди қизнинг онаси, унга қўл чўзиб, бағрига босаркан. Кейин қизнинг елкалари ортидан разм солди, мени диққат билан бошдан-оёқ кўздан кечиргач:
– Сиздан жуда миннатдормиз, – деди. – Жулия, бориб ҳамёнимни келтиринг.
– Ойижон! – қичқирди қиз.
Лекин бари ўтиб бўлганди, совун кўпигидай бари ёрилди-қўйди. Туфлиси ва пайпоғининг иккинчи пойи ҳали ҳам чўнтагимда эди. Ўшани чиқариб онасининг қўлига тутқаздиму ортга ўгирилдим. Зинапоядан тушиб, машинага ўтирар эканман, Туркка ўшқирдим:
– Газни бос, оғайни!
У дарҳол машинани ўкиртириб жўнади. Ортимиздан аллакимнинг қичқирган овози келди:
– Йўқ! Қайтинг! Илтимос, қайтинг орқага! – қичқирарди қиз.
Нима наф? Кўзимнинг олдидаги пардани йиртиб отишди. Ўзимни қизнинг онаси назарида кўргандим. Албатта, қўл ҳамёнга чўзилади-да. Ҳар қандай ўргимчак уясини бирпасда бузиб ташласа бўлади, узунроқ таёқ оласиз, бўлди. Нари кетишингиз билан ўргимчак яширинган тешигидан қайта чиқиб, қайтадан тўр тўқийди. Ахир биз ўргимчак эмасмиз. Эҳтимол қора одамдирмиз, аммо бурнимиз тагидагини назарга илишга ақлимиз етади.
Калтак еган боладек ўтирардим. Ўлай агар, кўп жанжалларни кўрганман, оёқ тагида қолган вақтларим ҳам бўлган, бироқ бирор марта ҳозиргидек оёқдан қолмагандим. Ўзингиз тасаввур қилиб турган бўлсангиз керак, мени шундай урдиларки, лом-мим деёлмай қолдим.
Кейин нима бўлганини эслолмайман. Бир вақт қарасам аллақайси майхонадамиз. Вақт алламаҳал. Ёнимда Турк, яна ўзим танимаган йигитлар. Қараб турсам, Турк минғирлаб ҳикоя қиляпти. Эмишки, Толиби илм қумлоқда бир қизчани ўрабди, қўғирчоқ, ҳайронлар қоласан, ҳақиқий ­ойимча. Турк ёлғон айтмайди, бунақаларнинг фарқига боради. Фақат Толиби илм ойимча билан иссиқ қум устида ўйнашишга улгурдими-йўқми, шуниси қизиқ, шуни билгиси келяпти…
Хуллас, қаншарини тагига қўйвордим. Турк ҳам жавоб қайтарди, бошқаси аралашганди, уни ҳам бегона қилмадим. Бирпасда исковучлар етиб келишди, мен ўшалардан бирини ҳам тарсиллатиб солдим, ортимдан резина таёқ билан савалай кетишди. Ўгирилиб яна айлантириб мушт туширдим.
Мана, полиция бўлинмасининг алоҳида катагида ўзимни офтобда тоб­лаб ётибман. Маст эмасман, йўқ. Кўнглим озиб кетяпти, холос. Қўлимга ўриндиқни олиб эшикка ташлангим, тарақлатиб уриб шовқин солгим бор. Майли, резина калтак билан мени яна саваласинлар. Жуда-жуда хоҳлайман шуни. Негаки, тушунинг, ичимдагиларни чиқаролмайман, кимгадир айтиб енгил бўлолмайман. Бу қурум умрбод ичимда қолади. Аввал-бошдан бундан наф чиқмаслигини сезгандим, ё ўша ойимча ё мен бўлак том остида дунёга келмоғимиз зарур эди. Энди унутишга қанча уринмай кўксимда бир нима ачишиб, ёндириб, изиллаб оғриқ бераверади. Буни кимга айтиб бера олардим, ким тушунарди ичимдагини? Ким ҳам ишонарди, ҳамдардим бўларди?!

Рус тилидан Алишер Файзуллаев таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 8-сон