Умар Сайфиддин. Зайтун ва нон (ҳикоя)

Агар бермаса Маъбад
Нима қила олади Маҳмуд?
(Халқ мақоли)

Бу ёш, оппоқ, соғлом хотин худди золим ошиғининг зулмига дучор бўлган илгариги замон жорияларига ўхшар эди… Ўнгиб кетган чит кўйлаги далва-далва йиртилган. Қуюқ, жингалак, тилладай сочлари мармар каби оппоқ елкаларига тўкилган, жаллодини кутувчи бир маъсум каби ғуссага чўмган ҳолда, чирик панжарали кунжакдан кўчага боқарди. Зайнаб Комил касалхонасига борувчи бу йўл бўм-бўш эди. Қўшни деворлар устидан ошган, баҳор чечаклари билан безанган қалин шохчалар бузуқ тош йўлга нозик тўр каби кўланкалар ёймиш. Бўғотлардаги синиқ черепицалар орасидаги уяларида инсоний сафолатни сезмаган бахтиёр чумчуқлар бошқа бир байрам завқини сўраётган каби чирқиллашар, учишар, севинчларидан териларига сиғмасдилар. Ёш, оппоқ, соғлом хотин бирдан:
— А… — деб ҳайқирди. Сонларини титроқ бир ҳаракат билан жуфтлаштирди. Тиззаларини тираб кўтарилди. Сўнгра тирсакларини дераза четига таяди. Шу йўсинда, тик турган жойида бирданига жонланган ҳайкал каби нафис қиёфа касб этди.
— Собира! Собира! — деб қичқирди.
Қўчадан ўтиб кетаётган икки олифта хотин дарров тўхтади. Узун бўйлиги бир оз шошиб, овоз келган тарафга қаради. Қора қошларини кериб, уй панжарасига боқди. Нозик ипак чоршофи* остидан шакли кўриниб турган, зардўзи қўл сумкасини силкитиб туриб сўради:
— Ким у?
— Мен.
— Сен кимсан. Ҳей?
— Ножия!
Зар тикилган сумкасини ҳовучларига олиб, асабий равишда сиқди. Бурчак томонга яхшироқ қайрилди. Такрор сўради:
— Қайси Ножия?
— Бахтиёр афандининг қизи!
— Қайси Бахтиёр афандининг?
— Кассир Бахтиёр афандининг.
— Нима?
— Шундай…
Бир лаҳза шундай тўхтаб қолди. Бу уйининг учган-тушган хароба кўринишига ва устки шувоқларига боқди. Синиқ дераза ойналари ўрнига газета қоғозлари ёпиштирилган эди.
— Ҳей, бу ерда нима қилиб юрибсан?
— Ҳеч.
— Ҳеч деганинг нимаси?
— Уйимиз шу!
— Уйингизми?
— Шундай.
Узун бўйли хотиннинг ёнидаги ҳам ҳайрон эди. Бир-бирларига боқдилар. Бир ҳазил гап эшитган сингари кулимсирадилар. Узун бўйли хотин панжарага қараб деди:
— Ёлгончисан! Эшикни оч, кўрай-чи… Мен сенинг бу ерда нима қилиб юрганингни биламан, — деди.
Устига маҳалла болалари бўр билан қуш суратлари солган эски эшик ёнига яқинлашди.

* * *

Собира билан Ножия болаликда ўртоқ эдилар. Болқон қоч-қочи бошланган замон худди шу ерда бирисининг отаси қози, бирисиники кассир эди. Қочган чоғда бир-бирларини йўқотдилар. Ҳозир орадан олти йил ўтгач, яна бир-бирларига дуч келдилар. Фақат Собира Ножиянинг усти-бошини кўргач:
— Бу нима аҳвол, қиз? Сени қутурган ит таладими? — деб қичқирди. Ножия ҳам унинг қора ипак чоршофига, очиқ бўйнидаги йирик зумрад тошли платина тақинчоғига, қўлидаги катта зардўзи сумкага қараб, ҳайрон қолди. Ўз аҳволига қараб сиқилиб:
— Фақирлик! — деб қўйди.
Собира кўзларини атрофга югуртирди. Шувоқлари тўкилган бўлмалар, шувоқсиз, яланғоч шип бу уйга оғилхонадан ҳам хароброқ эски бир кулба тусини берган эди. Ёнидаги хотинга қайрилиб:
— Қандай, жуда гўзал эмасми? — деди.
— Мошоллоҳ…
Бу хотин ўзидан бир оз катта, лекин яна ҳам олифтароқ, яна ҳам таннозроқ бир хотин эди. Оқ сариқ қиёфасида чаркасларга ўхшаган бир ғурур бор эди. Мунчалик хароб бир уйга киришни ўзига эп кўрмагандай эшикдан мўралаб, ичкари кирмади. Ҳайрон қоларлик бир жимлик ичида уч хотин қайта-қайта бир-бирларига тикилдилар. Собира, ўз ичида ғайри ихтиёрий бир марҳамат овози сезгандай, шафқатли бир оҳангда деди:
— Эсиз Ножия, эсиз!.. Онанг қаерда?
— Ўлди.
— Отанг-чи?
— У ҳам ўлган…
— Аканг-чи?
— У ҳам ўлган…
— Бу ерда нега ўтирибсан?
— Бу уй эримнинг уйи.
— Эрингга қарашли уйми?
— Шундай.
— Эринг ким бўлиб ишлайди?
— Ғишт терувчи уста эди. Лекин ҳозир аскар…
— Қаерда?
— Шу ерда. Ҳайдарпошшода. Ишчи батальонда.
Яна жим қолдилар. Бояқиш аёл, бу олифта хонимларни уй ичкарисига чақиришга тортинди. Лекин Собира бойларга, киборларга хос тавозе билан кулиб:
— Ичкари кирайлик, сен билан гаплашайлик, — деди, — эсиз Ножия, эсиз… Ўртоқжон сен жуда толесиз экансан-ку.
— Марҳамат этинг.
Собира ёнидаги ўртоғига қайрилди:
— Кел, бир оз ўтирайлик. Кўрдингми бу қизни…
Шунчалик гўзал бир хотинни ҳеч учратганмисан? Худо ҳақи жуда севимли. Сочларини кўр… Бу жингалаклар табиий! Ҳеч сунъийлик йўқ, диққат эт, худо ҳақи… Жиддий хотин кулимсиради ва:
— Мошоллоҳ, мошоллоҳ… — деди.
Тор, паст, қоронғи, зах даҳлиздан ўтдилар. Ичкари уйга киргач, қашшоқликнинг барча хунук манзараси бу икки хотиннинг этини жунжиктириб юборди. Бирор ерда ўтиролмадилар, ўтиргудай жой ҳам йўқ эди. Ножия ҳам ўзини йўқотиб қўйди. Гўё бу қашшоқлик ўз жинояти каби ерга қарар, уялар, сиқилар ва қизарар эди. Бурчакдаги йиртиқ бўйра устига бир неча кўрпа тахланганди. Бўйра четида бир газлик Лама сандиғи турарди. Каттагина бир кўза, ёнида карточка билан бериладиган қора нон, яшил бир сопол косада зайтун турарди. Хум турган пардасиз дераза олдидаги тахта сўрича устига нафис эски бир кигиз тўшалган эди. Ножия:
— Ўтиринг! Тоза! — деб шу жойни кўрсатди.
Икки хотин тахта сўрига ўтирдилар. Ўртоғи пастак шипга, оқланмаган деворларга боқаркан, Собира болаликдаги дугонаси билан гаплаша бошлади:
— Қани, ёнимга кел, сени тузукроқ кўрайин.
— Кел ёнимга!
Ножия ҳам сўричага ўтирди.
— Нима бўлди сенга бунчалик?
— Тақдир, насиба шу экан-да!
…Секин-секин ҳикоя қила бошлади. Отаси Саланикда касал бўлиб, Истанбулга келган ойдаёқ вафот этган. Онаси билан Ускудорда бир уй топиб, бошларини суқишлари билан яна хасталикка йўлиққан. Онаси зотилжам касалидан ўлган. Ножия ёлғиз қолгач, уй эгаси бўлмиш тул хотин унга раҳми келиб, бозор бошидаги бўйдоқлар ётоғидан куёв топиб берган. Тўрт йилдан бери шу эри билан яшайди. Бу одам боёқиш яхши-ю, лекин жуда камбағал эди. Урушдан аввал кунига бир мажидия олиб қурилишларда ишларди. Аскарга кетгач, Ножияга ўттиз қуруш ойлик тайинланди. Рухсат билан уйга келган оқшомлар баъзан аскарий қозончада шўрва ҳам келтирарди.
— Худога шукур, тирикчилик ўтиб турибди!
Бу гапни эшитган Собира жўшди:
— Шу аҳволингга шукур этиб ўтирибсанми ҳали?
— Алҳамдулиллоҳ!
— Ўртоқжон, сен жинни бўлибсан! Кеча-кундуз қора нон… Қаттиқ зайтун… Сўнгра шу ҳолинггаям шукур деб тавба ҳам қил!..
Бирдан, оқ-сариқ келган катта хотинга қайрилди ва:
— Кўрдингми, Фусун хоним, худонинг қандай яхши бандалари бор, — деди.
Икковлари ҳам Ножияга ҳайронлик билан кўз югуртирдилар. Очлик, қашшоқлик ичида бу ранг, бу гўзаллик, бу вужуд қандай қилиб сўлмасдан, ўзини сақлаган? Ўзлари эса бой турмушда, ширин емаклар, шаробларга сероб ҳолда, қонсизлик касалидан қутула олмайдилар.
Ножия бир оз уялиброқ сўрашга журъат этди:
— Сенинг отанг қаерда?
Собира:
— Билмайман. Ташқариларда, аллақаерларда юради! — деди.
Ножия олифта хотиннинг кўзларига тикилди:
— Онанг-чи?
— У ҳам бирга…
— Сен-чи?
— Менми? Узун ҳикоя. Аввало, бир офицер билан турмуш қурдим. Сўнг ажралишиб кетдим.
— Энди ким билан турибсан?
— Қариндошларим билан.
Бироқ Ножия, Собиранинг Истанбулда қариндошлари, айниқса бой қариндошлари борлигини билмас эди. Зотан у ҳам ўзи каби румелиялик* эди. Лекин ортиқча суриштириб ўтирмади. Жим қолди. Икки хотин унинг гўзаллигига ҳайрон қолишар, қуюқ сочларини силашарди. Собира чидаб туролмади. Чит кўйлак остида силкиллаб турган баданларини ушлаб, бўйнидан ўпди. Ножия хижолат тортди. Икки хотин бахт-толеининг бу гўзал вужудга рўпара келмаганига ачинишар, хунук-хунук бой хотинлардан баҳс этишарди. Собира деди:
— Рафиқани ўйлаб кўр, Фусун! Худди ялмоғиз кампирдай… Кўшкларда, автомобилларда! Инсон унинг юзига қарашга қўрқади. Энди мана бу Ножияга боқ! Ажабо, агар Жамил бундай бир хотинни тушнда кўрса нима қиларкин?
— Кўзларига ишонмас!
— Валлоҳи ишонмайди…
Собира, ўз ёнида қизариб, терлаб, бойликнинг наъшаси қаршисида тамоман ўзини йўқотиб турган Ножиядан:
— Ростини гапир, ойига фақат ўттиз қуруш билан кун кечирасанми? — деб сўради.
— Ўтган йил аскарларга кийим тикар эдим. Бу йил тополмадим.
— Вой боёқиш!
— Ишонмайман. Қандай яшайсан?
— Шундай!
— Жоним, қандай яшайсан? Ўттиз қуруш билан кичкина бир саъва ҳам кун кечиролмайди.
— Эрим ҳар ҳафта ҳеч узмасдан ярим кило зайтун келтириб туради. Мен ҳам иқтисод қилиб тураман.
Бунга Собира билан Фусун ишонишмади. Уйларидаги хизматчиларнинг қора нон емаганларини хотирлаб, қаттиқ-қаттиқ кулишарди.
Фусун:
— Нима десам экан, дунё шунақа! — деб бошини қимирлатди. — Демак бу нон ҳам кўнгилга урар экан. Валлоҳи биз бобикка бердик емади. Аччиғи келди. Ғазабланиб, шу қадар вовилладики… қутурдими деб ҳисобладик…
Собира асабий бир ҳаракат билан:
— Мен сени бу ерда қолдирмайман, валлоҳи, Ножия! — деб қичқирди, — қани, тур ўрнингдан.
— Қаёққа?
— Бизникига кетамиз.
— Вой, қандай бўларкин?
— Қандай бўларди, шундай!
— Эримдан рухсат олмасдан…
— Юравер, жиннилик қилма, бир кеча бизда қол. Егин, ичгин сўнгра кўргин-чи, бу ерга қайтгинг келармикин?
— Э… э…
— Юра қол, юр деяпман-ку.
Уйдан чиқиб, рухсатсиз бир ерга кетишга Ножиянинг ақли бовар қилмас эди. Воқеан эри бу кеча келмас эди. Лекин қандай бўларкин. Икки хотин унга ачинишмоқда, тўрт йилдан бери кулбасида иссиқ овқат пишмаганини эшитгач, жуда таъсирланиб, нима қилишларини билмас эдилар. Ўзлари бугун извош билан Кадикуюндан бу ерга бир ошпаз хотинни қидириб келганлар, лекин бу хотиннинг уйини тополмаганлар. Уйдаги ош пиширувчи хизматчилари билан чиқишмас эканлар. Шунинг учун уни бўшатиб юбормоқчи бўлганлар. Фусун бу оқшомги емаклардан гап бошлади. Пиширтирган тотли овқатлардан сўзлади. Шаробдан, шампанскоедан баҳс очдилар. Ножия, болаликдаги дугонасининг ҳар овқатда қирқ лиралик шампански ичишини эшитаркан, қулоқларига ишонмас эди, ширинликлар, ёғлик сомсалар, қоврилган гўштлар ҳикоясидан оғзидан сўлакайлари оққудай бўлди. Уларнинг гапларидан кейин ўз бахтсизлиги, қашшоқлиги кўз ўнгида яна ортиқроқ кучаяр, ўз фалокатини яхшироқ тушунарди. Ичида: «Ўтиб кетадиган бир меҳмонлик! Нима бўларди? Бориб, тўйиб-тўйиб бир овқат еб келаман!» дерди. Қочқин вақтидан бери бир неча йил бўлдики, ширинликка, сомсага юраги эзилади. Ҳатто, зайтундан, сирдан бошқа ҳамма нарсанинг таъмини эсдан чиқаргандай эди. Емак қайғусининг чидаб бўлмас тутқаноқ дарди уни эсанкиратди. Бу кеча Собираларникига бормоқчи бўлди. Фақат усти-боши жуда увада эди. Хижолат торта-торта узр сўради, Фусун билан Собира бир-бирларига боқдилар. Собира:
— Ножияни олиб, Дўғончиликка, Муаззиз хоннм ёнига борамиз. Уни чиройли қилиб кийдирамиз. Муаззиз ҳам дуркун хотин. Куйлаклари, чоршофи Ножияга жуда тўғри келади! — деди Фусун.
— Валлоҳи, яхши фикр айтдинг. У телбани ҳам бугун олиб кетамиз, — деб жавоб қайтарди.
Ўринларидан турдилар. Ножия эрталабдан бери ҳеч нарса емаган эди. Сўнг даражада очиққанидан қора нон билан зайтунни ҳам меъдаси кўтармас эди. Тўрт йилдан бери боёқиш оч қола бериб, овқатдан ҳам кўнгли совуган эди. Ножиянинг меъдаси овқат, ошпаз, ширинлик, сомса тўғрисидаги гапларни эшитгач, яна хийла ғалаёнга келди. Ортиқ бир нарса ўйламас: «Оҳ, бу кеча, ким билсин, нималар ейман?» дер эди. Кутмаганда уйига келган бу бахтиёр дугонасининг қандай бой бўлганини муҳокама этмас, овқат фикри димоғига ёқимли ҳидларни келтириб, оғирлашарди. Ғайри ихтиёрий равишда кўз ўнгига оқ дастурхон солинган бир стол келар, бу хаёлий стол устида қоврилган гўштлар, компотлар, паловлар, морожнийлар кўргандай бўлар эди. Овқат хулёси билан орзиқиб, тамомила боши қотган эди. Хотинлар ўрнидан тургач, у ҳам мажҳул бир севинч билан қоматини тиклади, кўрпа орасидан эски, ямоқли, кенг бир қора жун чоршоф чиқарди. Уялиб-уялиб кийди. Собира унга тикилар ва дер эди:
— Худо ҳақи, Фусун, бир марта унга боқ! Бу жулдурлар ичида ҳам у худди маликадек кўринмаётирми?
Эшикдан чиққандан сўнг кўп юрмадилар, кичик кўча олдида уларни бир извош кутиб турмоқда эди. Извошга чиққач, Собира извошчига:
— Дўғончиликка ҳайда! — деди.
Ножия уларнинг рўпарасига ўтирди. Йўлда ҳамон ўйин-кулгидан, кийимдан, модадан гаплашдилар. Лекин Ножия уларнинг гапларига кўп қулоқ солмас, бу оқшом мазали овқатлар ейишини хаёл қилиб борарди, хотинлар эса ҳамон унинг гўзаллигига боқишар, қўлларини ушлашарди.
Фусун:
— Ножия хонимнинг қўллари ҳам бузилмаган, — деди, — худди ҳар кун сут билан ювгандай…
Ҳақиқатан Ножиянинг панжалари, қўллари ниҳоят даражада гўзал эди. Ҳар оқшом маҳалла булоғидан оққан совуқ сув билан ювинарди. Совун жуда қиммат бўлгани учун кирланишдан қўрқар, қора қишда ҳам совуқ сув билан таҳорат оларди. Оққа бўялган каттагина бир уй қаршисида извошни тўхтатдилар. Бу уй маҳалланинг эски, тахталик, бўялмаган уйлари ўртасига меҳмонга келган бегона бир қўноққа ўхшарди. Эшикни оппоқ фартук тутган бир қиз очди. Собира сўради:
— Хоним уйдами, Элеп?
— Уйда.
— Югур, бизни хабар қил!.
— Марҳамат…
Мармар тўшалган бир ҳовлига кирдилар. Хизматчи қиз югуриб юқори чиқди. Улар зинапоялардан чиқаётганда телба сингари бир хотин уларни қарши олди:
— Оҳ, хонимлар! Нечук шамол учирди…
Аввал, Фусунга чирмашди, сўнг Собирани қучоқлади. Ўпишдилар.
— Қандай шамол учирганини ўзинг бил, кўрайликчи!
— Билмадим… Бу кеча шу ерда қоласизми?
— Йўқ…
Бу, анчагина пардозли, анча ёши ўтган, аммо жуда гўзал, ҳорғин бир хотин эди. Катта кўзларига қуюқ сурма қўйганди. Ножияга боқди. Сўнгра кўзларини қисиб, меҳмонлардан сўради:
— Бу яширинча келган хоним ким?
— Яширинча эмас, ўз усти-боши…
— Ҳазиллашмасанг-чи!
Собира онт ичишга мажбур бўлди:
— Худо ҳақи, яширинган эмас! Сендан кўйлак, юбка, чоршоф, туфли олишга келдик. Бу кеча бизда меҳмон бўлади!
— Ёлғон, ёлғон!..
— Худо ҳақи дедим-ку…
Хотин, қип-қизарган Ножияга боқар, ишонмас эди. Худди эркак сифат:
— Қандай чиройли, вой-вой! — деб қичқирди.
Ҳаммалари Ножияни қайта-қайта томоша қилдилар.
Фусун:
— Аввал кийинсин, шундан сўнг сиз уни бир томоша қилинг! — деди.

* * *

Кенг бир ётоқхонада, катта ойнали жавон қаршисида уч хотин Ножияни ечинтирдилар. Уни яланғоч ҳолда кўргач, телба бўлаёздилар. Уй эгаси Муаззиз, кўзларини сонларига урар ва:
— Ё рабби, эркак бўлганимда эди! — деб ҳайқирарди.
Нозик, оппоқ ипакдан жуда қиммат баҳо бир кўйлак кийдирдилар. Пайпоқларини кийдирар экан, оёқларининг, тиззаларининг оқлиги, гўзаллиги уларни қизғантирарди… Сочларини тузатдилар. Бу тилла ранг, жингалак, кўркам сочлар шу қадар қуюқ эдики, улама соч қўйишга сира ҳожат йўқ эди. Сўнг ўша ерда ўтиришиб, ўз асарларига ҳайрон қолган санъаткорлар сингари ўзлари ясантирган вужудни томоша этдилар. Ножия ҳеч нарса сўзламас, кулимсирар, гўзаллиги учун сўзланган сўзларни бир оз муболағали ҳисоблар: «Ажабо, тўғрими?» дегандай кўз қири билан ойнадаги аксига боқарди.
Хизматчи қиз кумуш патнусда чой келтирди. Кичик бир манқал ёнига мовий ипак қопланган курсиларни тортиб ўтирдилар. Ножияни қам рўпараларига ўтиргиздилар. Зарланган сигараларни ёндирдилар. Фақат эркакларга доир гаплашдилар. Ножия уларнинг гапларини эшитиб, соф бир хотин мантиқи билан ич-ичида: «Эҳтимол булар бузуқ хотинлар бўлса керак…» дер, лекин булар нақадар бой! Кийганлари ипак, ўтирганлари ипак. Оёғи остидаги, юмшоқлигини сезиб турган гулдор қизил гилам ҳам қеч шубҳасиз ипакли эди. Ким билади, овқатлари қандай… Кумуш патнус устидаги олтин нақшли қантдонга тикилар, эрталабдан бери ҳеч бир нарса тотимаган, рўза тутган бир одам каби кўзига кабоблар, паловлар, ширинликлар, сомсалар кўринарди. Яна уни қиқичоқ тута бошлади. Яхшики, у ҳам бу оқшом шундай иссиқ, шу ёғлиқ овқатлардан еяжак эди. Ҳиқичоқдан безовталанар, гўё бу ғайри ихтиёрий ҳол буюк бир айб каби хижолат тортарди. Ҳиқичоқни тўхтатишга уринаркан, гўё қулоқлари янги очилгандай Собира ва ўртоқларининг сўзларини эшитди. Бири шундай деди:
— Ризо бу аёлга бир кеча учун минг лира беради!
Муаззиз унинг гапини рад этди:
— Бермайди! У ифлос фақат катталик қилади, аммо пулга келганда номард.
— Миловичга ўн минг лира берибди!
— У бошқа…
— Нечун бошқа?
— Ўчакишгандир балки…
— Эҳе, Ҳожи Иброҳим кўрса нима қиларкин?
— Ундан қўрқаман. Пул бермайди-ю, аммо дарров уй-жой ҳозирлашга тушади.
Ножия, гап ўзи тўғрисида бўлаётганини тушунгач, юраги ўйнамоққа бошлади. Эҳтимол уни бу кеча бировга тортиқ қиларлар.
Ғайри ихтиёрий равишда ўрнидан туриб, ечинмоқ, яна ўз эски-тускиларини киймоқ, югура-югура уйига қочмоқ истади. Қимирлади. Ёнидагилар унга ҳам бир сигара чектиришга уриндилар.
— Чекмайман, валлоҳи! — деди. Мажбур этдилар. Ипак кийимлар ичида у шу қадар роҳат этган эдики, қўлидаги пушти тўр ипак таъриф этиб бўлмас бир лаззат билан баданига тегмоқда эди. «Бир кеча қолсам нима бўлади? Дарров бировнинг қучоғига отмаслар… Бу оқшом бир оз иссиқ овқат ейман! Эртага эрталаб ёнларидан қочаман!» деб ўйлади. Меъдаси худди юрак сингари типирчиламоқда эди. Яна уларнинг сўзлари қулоғига кирмай қолди, тўрт йилдан бери ҳасратини тортган гўштларни, ширинликларни хотирлади. Қорни ниҳоят даражада очиқиб кетган эди. Агар бу ердан туриб қочса, уйида нима ҳам еяр эди. Уйидаги сандиқ устида турган яшил сопол коса унинг қўз олдига келди. Унинг ичидаги қора зайтунлар гўё бир азоб қуроли эди. Қоп-қора нонни чайнаётгандай бир он тишларини ғижирлатди. Ютинди. Нима бўлса бўлсин, бу кеча булар билан қоладиган бўлди. Ичида: «емак учун… емак учун..» дер, хавф остида қолажак номусини ақлига келтирмоқ истамасди. Собира, Фусун, Муаззиз қилмоқчи бўлган ишларини ундан яширмас, уни бир неча бекларга кўрсатиб, ҳаммасини ҳам телба қилажакларини сўзлардилар. Муаззиз:
— Ҳозирдаёқ извошга тушинг. Соат тўртдаги кемага етинг! Модага чиқиб ёшлар ўртасида айланишинг! Албатта бирортасига дуч келасиз, — деди.
Ўринларидан турдилар. Чоршофларини ёпиндилар. Ножияга ҳам қора ипакдан бир чоршоф кийдирдилар. Қўлига зар ҳошияли чиройли бир бахмал сумка бердилар. Сўнгра узоқ ўпишмоққа бошладилар. Муаззиз Ножияни ҳам ўпди. Эшикка чиққунча ҳаммаларини кузатди. Бир оз қисилишиб, Ножияни ўрталарига олиб ўтирдилар. Қувватли отлар извошни бўм-бўш йўлдан учириб олиб бормоқда эди. Ножия яна овқат хаёлларига берилди. Собира билан Фусуннинг гаплашганлари қулоғига эшитилиб турса ҳам тушунмади. Ҳайдарпошшода денгиз қирғоғидан ўтаётган чоқларида атрофига хира назар билан боқди. Қодиқуюни ҳеч кўрмаган эди. Ускудорда, ўз маҳалласидаги хароб уйларга ўрганган кўзлари озода, паркетли кўчаларга, тош иморатларга ажабланиб боқаркан, ўзини бегона мамлакатда юрган деб гумон этарди. Йўлда ғоят олифта кийинган эркаклар уларга таъзим қилардилар. Ниҳоят, извош бир майдонда тўхтади.
Бу ер обод бир жой эди. Одатдаги бир сайилгоҳ сингари ғала-ғовурли эди. Атрофда баланд дарахтлар ўсганди. Дарахтлар орқасидан чексиз денгиз сатҳи кўринмоқда эди. Тўхтаб турган извошлар ҳам кўп эди. Хотинлар билан эркаклар аралаш кезмоқда, гаплашмоқда, кулмоқда эдилар. Ножия атрофига боқаркан, бирдан Собиранинг бир одам билан гаплашганинн эшитди. Бошини ўгирди. Бу одам катта мўйловли, нозик, оқ-сариқ бир йигит эди. Оқ шим ва ложувард бир жекет кийганди.
— Худо ҳақи, бу ким? — деб сўради. Собира кулди:
— Билмайман! Ёнимизга тушиб келди.
Ножия қулоқ солди. Йигитнинг кўзларига кўзлари тўғри келгач, худди ҳурккандай юзини Фусун турган томонга ўгирди. Бу хотин ўзини ғоят жиддий тутмоқда, йигитни кўрмагандай турмоқда эди.
— Худо ҳақи, сўзла, бу ким?
— Бир инсон-да ахир…
— Фаришта-ку…
— Нима деб ўйладинг?
— Азизим, Собира, мен билан таништир.
— Эркаклар билан гаплашмайди, жоним. У бизга махсус…
— Худо ҳақи, ўтинаман.
— Бу кеча бизга кела қол.
— Уйингиз ғала-ғовур. Биласанми, мен энди ортиқ ичмайман. Сиз ҳали ўйнайсиз. Кейинги кема билан келдим. Қорним ҳам тўқ. Ўртангизда мен томошабин бўлиб қоламан.
— Хўп, майли, томошабин бўлиб қол.
— Ўлжа тушадими?
— Ҳали сен ўлжа тушадими деб, бу пари қизни олиб кетмоқчимисан?
— Собира, ўжарлик қилма. Бизникилар бир ҳафтадан бери Буюкотада… Уйда ҳеч ким йўқ. Бундай қулай фурсат топилавермайди. Шу аёлни менга тақдим эт; бир неча кун сенинг давлатинг кўланкасида кайфу сафо сурайин…
Жуда секин гаплашмоқда эдилар. Лекин Ножия юрак уришининг товуши билан баравар икковининг сўзларини ҳам аниқ эшитарди:
— Менинг давлатим кўланкасида кайфу сафо сурар экансан, менга нима берасан?
— Сен айт! Нима истасанг берай!
— Йўқ, айтмайман!
— Ҳозир сенга юз лира бераман.
— Яна ош! Яна ош!
— Юз йигирма.
— Эски бозордамисан, ёҳу! Қурушма-қуруш ошиб ўтиришнинг нима ҳожати бор?
— Юз эллик, Собира!
— Ош, ош! Кўз олдингга у қарри Миловични келтиргин-да, сўнг диққат билан, истаганинг бу қизга бир қарагин. Ош, азизим, бир оз.
— Икки юз.
— Унга нима беражаксан?
— Сен аралашма.
— Гапир, гапир.
— Валлоҳи, Собира, мен умримда бундақа гўзални кўрмадим. Балки ўйнаш қиларман, ёки оларман.
— Кет йўқол бу ердан, уч йилдан бери ҳар кўрганингни ўйнаш қилмоқчи бўласан. Эсингда борми, мени ҳам олти ойгача лақиллатиб юрдинг.
— Аммо бу жуда ҳам чиройли экан!
Ножия, ўз тепасидан савдолашаётганларини англади. Жони койиди, извошдан тушиб қочмоқ фикрига келди. Лекин қаерга кетади? Очлигидан мадори қуриган эди. Уйини хотирлади. Тишларини қисди. Яна овқат ҳидларини сезаётгандай бўлди. Собира билан гаплашган йигит уларни бирга айланишга таклиф этди. Фусун рози бўлди. Извошдан тушдилар. Собира ҳайрон қоларли бир шошилиш билан орқага қайрилиб:
— Болаликда мактаб ўртоғим, Ножия хоним! — деди, Ножияга эса:
— Генерал отасининг пулларини шопириб-совуриб юрган Фасиҳ Бек, — деб маҳоват қилди. Ўзини йўқотиб қуйган Ножия кулимсиради. Сайр этиб юрган одамлар ичига аралашиб, булар ҳам айлана бошладилар. Енгил ипак кўйлакли хотинлар, ёшлар ҳадеб уларга қарашарди.
Сайр этиш анча давом этди.
Ножиянинг қорни шу қадар очиқиб кетдики… қорни ғижимлаб оғрий бошлади. Кўзлари олдида қоп-қора кўлкалар учди. Қуёш дарахтлар орқасига беркинмоқда, денгиз тепаси кўкиш, пушти, қизнл булутлар билан тўлди. Одамлар ичидан баъзан велосипедли болалар ҳам ўтиб турарди. Собира:
— Юринг энди, болалар, кетайлик, — деди. — Чарчадим. Бу кеча зиёфатимиз ҳам бор. Бизни кутадилар. Фусун сўради:
— Фасиҳ Бек ҳам борадими?
— Ўзидан сўра. Бормайди.
Фасиҳ жавоб берди:
— Мени кечирасиз, хоним.
— Фасиҳ! — деди Собира, — бу кеча бизда ғала-ғовур кўп. Ножия шовқин-суронга ўрганмаган. Бу кеча сенда меҳмон бўлиб қола қолсин!
— Бош устига, марҳамат қилсинлар!
Ножия жавоб бермади. Чарчаганидан дармони қуриб қимирлашга ҳоли йўқ, заиф бир арвоҳ каби эди. Фақат кулимсирарди. Собирага қолса, чолғи, ўйин, ичкилик, тўполон ичида эҳтимол, емоқ вақти узаяжак, балки ярим кечагача овқат ейиш учун ўтирилмас. Ҳолбуки, бу йигитнинг уйи танҳо. Вақт ҳам аллама ҳал бўлиб қолди. Буларнинг қўлидан қочиш, қутулиш эҳтимоли ҳам қолмади. У билан бирга кетиш дурустроқ бўлармикин? — деди у ва ичида «Ҳозир бориб овқат егани ўтирамиз. Қорнимни тўйдираман! Сўнгра бирор баҳона топилар, балки тонгга қадар таслим бўлмасман. Кейин қочиб кетарман!» деб ўйлади. Фасиҳнинг извоши бу майдоннинг четида турарди. Собира ва Фусун билан хайрлашдилар. Йигит дарров уни қўлтиқлаб олди. Извошга чиқдилар. Лампалари ёқилган дўконлар орасидан ўта бошладилар. Йигит унинг фавқулодда гўзаллиги ҳақида гап очиб:
— Худоё тавба! Сиз қаерда туғилгансиз? Қаерда катта бўлгансиз? Қандай латофат! — деб, кулгили саволлар берди. Ўзини унга тақдим этгани учун Собирага икки юз лира берган бу йигитнинг бойлигини ўйлаган Ножия бу оқшом қандай дастурхон ёнида ўтиришини кўз олдига келтиришга уринарди. Олти йўл оғзидан, Боғдод проспектидан бор бўйича от чоптириб ўтдилар. Фасиҳ бек аёлнинг ўйчанлигини ҳам жуда нафосатли топиб, ундан сўради:
— Нималарни ўйлаётирсиз, худо ҳақи… Бирорга ғамингиз борми?
— Ҳеч, афандим.
— Нега бу қадар хаёл сурасиз?
— Ҳеч, афандим!
Йигитга қайрилиб: «Ҳозир тўғри дастурхон ёнига ўтирамиз! Хўпми?» дегуси келарди. Ўнг тарафида ботган қуёшнинг қизил шуъласи ҳамон ўчмаган эди. Арғувонзордан ўтдилар. Извош тўхтаганда оғир бир уйқудан уйғонгандай сесканди. Фасиҳ ерга сакраб тушиб, унга қўлини узатди.
— Марҳамат қилинг…
Пастга тушиб, темир панжарали бир дарвоза олдига келишди. Ичкарида, дарахтзор, қоронғи бир йўлнинг охирида бир бино кўланкаси кўринарди. Дарвозадан киргач, Фасиҳ:
— Ислом, Ислом! — деб чақирди.
Узоқдан бир арнавут* товуши келди.
— Афандим?
— Югур, залнинг чироқларини ёқ!
Буларни қарши олувчи, узун бўйли, боғбон кийимидаги бир одам эди!
— Бош устига афандим!
Фасиҳ Ножияга ўгирилиб деди:
— Уйда боғбондан бошқа ҳеч ким йўқ. Хотиржам бўл, ҳеч тортинма, азизим!
— Ўзингни эркин тут энди…
— Хўш…
Кенг тош зинапоялардан чиқдилар. Даҳлизнинг, залнинг чироқлари ёқилган эди. Ножия умрида кўрмагани бу ҳашамат ва безакларга оғзи очилиб қолди. Залдаги ажойиб нарсаларни кўргач, қорни очлигини ҳам унутиб қўя ёзди. Гиламлар, деворлардаги суратлар, вазалар, қиммат баҳо пардалар, ўртадаги чиройли стол… барчасига айрим-айрим кўз тикди. Залдаги ҳамма нарсани томоша қилиб тамомлагач, яна қорни очлигини сезди. Табиий, емак хонаси ҳам шу сингари безатилган бўлиши керак. Ким билсин қандай овқатлар бор экан. Гўшт ва сомсаларнинг ҳидлари димоғига урилгандай туюлди. Фасиҳ булбулдай сайрамоқда эди. Ножия тушунмайдиган бир қанча нарсалар сўзлар, унга абадий ишқлардан, ҳатто, уйланишдан, туғилажак болалардан, чексиз бахтлардан баҳс этарди.

* * *

Қанча вақт ўтди, Ножиянинг хабари бўлмади. Фасиҳ:
— Юринг энди, азизим юқори чиқайлик! — деди. Фикрида овқатдан бошқа нарса бўлмаган Ножия, ғайри ихтиёрий равишда сўради:
— Қаерга?
— Ётоқ бўлмамизга, азизим!
— Лекин…
— Нима дейсиз, жонгинам?
Ножия зўр хижолат ичида:
— Бир оз нарса есак… — дея олди. Фасиҳ:
— Вой, деб қичқирди, — қандай эшак эканман? Гўзаллигингиз мени шоширди. Қорнингиз очми-тўқлигини сўрамадим. Худо ҳақи, афв этасиз. Мен Истанбулдан тўйиб келган эдим. Тўхтанг, ҳозир бир нарса топамиз.
Ўрнидан туриб, очиқ деразадан бошини чиқарди-да:
— Ислом, Ислом!— деб чақирди.
— Афандим.
— Кел бу ёққа, ҳой, тез деяпман.
— Афандим!
— Югур, ейдиган бирор нарса топ!
Ножия емак тўғрисидаги бу гапга диққат билан қулоқ солди.
— Нима қилайин, афандим?
— Нима қилсанг шуни қил?
— Ярим кеча бўлди, афандим, ҳозир ҳамма жой беркилди.
— Ҳей, бошимни оғритма деяпман, бор, нимаики топсанг дарров емакхонага келтир.
— Афандим, ҳозир ҳамма жой ёпиқ…
— Гапни чўзма деяпман-ку!.. Нима топсанг топ!
Арнавут кетгач, Фасиҳ яна Ножияга ўгирилди. Чиройли қўлини ушлади, ўпмоққа, силамоққа бошлади.
— Бу хатони кечир, азизим. Эрталаб ресторандан келтирамиз. Менинг ақлимга келмабди. Афв эт.
— Астағфуруллоҳ…
— Ҳақиқатан эшаклик қилдим.
— Астрағфуруллоҳ…
— Шундай бўлди: емак тўғрисида ҳеч ўйламадим. Сизни кўргандан кейин эсимни йўқотдим, валлоҳи…
Ичкари кираётган арнавутнинг оёқ шарпаси эшитилди. Ножия Фасиҳ сўзлаган гапларни энди эшитмас, фақат оёқ товушини эшитгандай бўлар эди. Арнавут эшик ташқарисидан деди:
— Емак тайёрдир, бегим, марҳамат этинг!
Ўринларидан турдилар. Даҳлиздаги стол ёнидан айланиб ўтдилар. Фасиҳ бир эшик олдида тўхтади.
— Марҳамат этинг, хоним! — деди.
Ножия дарров ичкари кирди. Кирган уйи кенг, мукаммал бир емак зали эди. Буфетларнинг биллурларида акс этган чироқ шуълалари порламоқда эди, каттакон тўрт бурчак стол чеккасига қарама-қарши икки курси қўйилганди. Фақат бир курси олдида бир товоқ турарди.
— Марҳамат этинг, хоним!
Фасиҳ Ножияни курсига ўтқизди. Ножиянинг кўзлари товоқ ичидаги нарсага тушгач, бирдан бетоқат бўлиб, шовқин кўтарди:
— А!..
Товоқ ичидаги: қоп-қора зайтун доналари эди. Унинг ёнида, тўрт йилдан бери кўнглига урган қора нон парчалари турарди. Қўллари билан столга таянди. Бошини қўллари устига қўйди. Йиғламоққа бошлади. Овози борича ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади. Фасиҳ, бир лаҳза ичидаги бу ўзгаришдан ҳеч нарса тушунмади. «Нима бўлди?» дея олмас, Ножиянинг орқага ташланган рўмоли остидан кўринган оппоқ елкасига тикилар, қора нон билан товоқ ичидаги зайтунларни кўрмас эди.
Арнавут уйдаги итга бериладиган қора нондан бошқа бир нарса топмаган эди. Оқшом лўяларни ҳам тамомлаган, ҳеч қолмаган эди.
Буҳрон шиддатланди, Ножиянинг кўз ёшлари қўлларини ҳўл қилди. Фасиҳ тўхтовсиз:
— Нима бўлди, жоним? Нима бўлди? — дер эди.
Ёш хотин:
— Ҳеч! — деб ўрнидан турди. Тўғри эшик томонга юрди. Фасиҳ унинг йўлини тўсмоқчи бўлди.
— Худо хайр берсин, мени чиқариб юборинг. Бўлмаса иш ёмон бўлади! — деб бақирди хотин. Чиройли мовий кўзлари бақрайиб кетган эди. Йигит чекинди. Ёш хотиннинг уй эшигидан чиқиб кетишига қараб қолди. Боқчанинг қумларига босилган қадам овозини эшитаркан:
— Қандай асабий хотин! Қизиқ бир муаммо… — деди.

* * *

Ножия қоронғилик ичида кетмоқда эди. Бир овқат учун бу кеча номусини қурбон этаёзди. Уни фақат бир тақдим этганлари учун икки юз лира берилди. Сўнгра, бу жаннат каби муҳташам саройлар сингари безантирилган уйнинг олтинли, кумушли, биллурли емакхонасида яна унинг рўпарасига зайтун, нон чиқди. Юрди, юрди. Энди йиғлашдан тўхтади. Унинг қалби гўё тошга айланган, кўксида унинг оғирлигини сезмоқда эди. Катта кўчадан кичкина бир кўчага қайрилди. Бу — бир тепалик эди. Яна жадалроқ юрди. Қаерга кетаётганини билмас эди. Сўнгра яна катта кўчага чиқди. Узоқдан тўлқинларнинг овозини эшитди. Қоронғилик ичида яна ҳам қорароқ кўринган дарахтлар шамолда ғувуллашарди. Денгиз тўлқинларининг овози келган томонга юрди. Худди денгиз ўртасига қараб бир кўланка узанган эди. Шу кўланка тепасидан юрди, юрди. Бир бино олдидан ўтди, яна юрди. Салқин бир шабада юзларига урилмоқда эди. Бояги кўланкали йўл тамом бўлган эди, тўхтади. Қоп-қоронғи денгизга боқди, боқди, боқди.
Ўзини денгизга ташлашдан бошқа чора йўқ эди. Жаннатга кетса ҳам, қашшоқликдан биратўласи қутула олмас эди. Лекин ўзини денгизга отишга етарли қувват тополмади. Турган ерига йиқилди. Қаршисида катта бир юлдуз каби порлаб турган фонарга кўзларини тикди. Тикилган сари бу ёруғлик кўзлари ичида буюклашар, олтин товоқ каби қизиллашар, гўё кўзларига кирган ёқимли, майин нур тошга айланган, музлаган қалбини аста-аста иситиб, эритмоқда эди.

Туркчадан М. Даврон таржимаси
_____________
* Чоршоф — турк хотинлари паранжи ўрнида бошига ёпиниб юрадиган либос.
* Румелия — Туркиянинг Европадаги қисми.
* Арнавут — албаниялик.