Жаби афандининг ақли-ҳуши бирдан жойига келиб қолди! Чиқариладиган кун, тўрт йилдан бери бу кичкинагина уйчада қамалиб ётганига ишонгиси келмас, жиннихона хизматчисидан қайта-қайта: «Докторнинг айтгани ростми?» деб сўрар эди. Тушунчасида ҳақиқатан тўрт йиллик бир узилиш бор эди. Дастлабки кун, эрталаб уйғонгандан сўнг, оқшомдан қолган, чойшап сингари кенг «Сабоҳ» газетасида босилган «Бундан сўнг Европада қатьиян уруш эҳтимоли йўқлигига доир» деб ёзилган ғоят олимона мақолани диққат билан ўқиганини «тун каби» хотирлар эди. Сўнг, юзини ювгани кетаётганда садафли шашка қутисининг даҳлизга тушиб ётганини кўрди, шу онда бошига қон қуйилди, овози борича бақириб, сўкиниб қичқира бошлади.
Шундан кейин нима қилди, нима бўлди, қандай қилиб бу ерга келиб қолди? — Билмас эди… умрида биринчи марта кўргани сариқ деворли, пастак қуббали, тош тўшалган йўлакда темир панжарали эшикнинг очилишини кутаркан, фақат шуларнигина ўйлар, боғчадан ошиб кириб ҳавони титратган гўзал бир ашулани тинглар, эгнига янги кийган ғижимланган кийимларидан оғир бир рутубат ҳиди анқиб турганини сезарди.
Мармар остонадан ўтгач, кўзлари қамашди. Нақадар тез баҳор келибди. Бир жойда туриб, атрофига қаради. Тикка йўл бўм-бўш эди. Пастда, эҳтимол Генуядан қолмиш ғоят йўғон тош устун ёнидаги каштан дарахтлари шамолда ҳилпираган япроқларини жиннихонанинг баланд панжараларига, чумчуқлар ўйнашиб юрган кўримсиз томларга эгмоқда. Бу жойда у узоқ турмади. «Қани, юр жоним…» деган каби кулимсираган бош хизматчи кетидан юрди. Девор ичидаги яшил боғчаси, атрофни қуршаган алвон рангли гуллари билан худди шаҳарнинг ўртасида бурунги замонлардан қолган кўшкни эслатувчи бир бинога кирди. Тор, эгри, эски эшиклардан ўтди. Ичидаги янги стол, чарм қопланган креслолардан қатъи назар, ўнгиб кетган пардалари, вассачўп шипи ва оҳак билан оқланган деворлари ҳамон ҳақиқий туркча кўринишини сақлаган салқин уй ичида ёш доктор гўё уни кутиб ўтирарди. Эшикдан кўринар-кўринмас, стол устидаги пала-партиш ўралган бир тугунни кўрсатиб:
— Мана афандим, бу ҳам сизнинг бўхчангиз… — деди. — Эҳтиёт бўлинг, энди сира шашка ўйнаманг, фикрингизни чарчатманг. Айниқса ҳеч аччиқланманг!
— Одам ўзи аччиқланмайди, аччиқлантирадилар!
— Ҳар қандай бўлганда ҳам…
— Хўп.
Жаби афанди олдинга қадам босди. Бўхчасини олди. Энди чиқиб кетмоқчи эди, доктор қўлидаги занжирли соатни осилтириб туриб:
— Хўш, бу ёққа қаранг, — деди, — сизни олиб келган вақтда, ёнингиздаги пулларни фалон ўғлингиз олиб кетган эди. Сўнгра ён чўнтагингиздан мана буларни топдик. Ҳозир, албатта, ҳеч пулингиз йўқ.
— Табиий…
— Сизга бир неча лира қарз бераман. Бу нарсалар бизда гаров ўрнида қолсин. Эртага уйингиздан лирани келтириб, соатингизни оларсиз.
Жаби афандининг кўнгли оғриди. Лекин тезроқ ташқарига чиқиб кетиш учун, иззати-нафсни огритувчи бу гапни чўзиб ўтирмади.
— Жуда соз… — деди. Фақат доктор узатган қоғоз парчасини кўргач:
— Бу нима? — деб ҳайрон бўлди.
— Лира.
— Қандай лира?
— Одатдаги лира-ку, ахир…
Жаби афанди: «Ажабо, ақлим жойидами-йўқми билмоқ учун шундай қилаётирмикан?» деб шубҳаланди. Кулди. Лекин доктор ҳам озмунча айёрлардан эмас эди. Уни ишонтирмоққа уринди. Уч йилдан бери юз етмиш беш миллион қоғоз пул босилганини; ўртада олтин, кумуш, никель тугул, ҳатто эски мис чақалар ҳам қолмаганини англатди. Жаби афанди бу сўзларни жиддий ҳисоблаб, жанжаллашишга киришса, ўзи ҳам ўзининг телба бўлганига қаноат ҳосил этар эди. Кулар, бошини қимирлатиб, «жуда соз, жуда соз!» дер эди.
Юз етмиш беш миллион лира… уч йил ичида! Мумкин бўлган нарсами? Бу, бизнинг, тахминан, ўн беш йиллик бюджетимиздир. Докторга қараб:
«Қанчалик синамоқчи бўлсанг ҳам адашмайман…» дегандай қайта-қайта кулди. Гапни қисқа қилмоқ учун, узатилган тўқ пушти рангли туркча қоғоз пулни олди. Киссасига солди. Ташқарига чиқди. Очиқ ҳавода яна унинг ақли эски фаолиятини бошлади. Тош кўча топ-тоза эди. «Демак, бу ердаги маъмурият миллий анъанани бузибди!» деди. Фақат… Бахайр! Диққат этди: Пошоқописидан эсган шиддатли шамол тепаликни яламоқда эди. Фавқулодда топ-тозаликнинг сабабини кашф этгани учун кулимсиради.
Бу кўринмас илоҳий шипирги остида, бундай баланд бир жойда хашак-хушак эмас, каттакон ходалар бўлса ҳам турмасдан, пастга қараб учиб кетар эди.
Ким билсин, ичида неча кунлар беҳуд ва карахт бўлиб ётган бинонинг ҳайбатли оғзи томонга қайрилди. Шиллиқ қурт мўйловларига ўхшаб икки томонга тарвақайлаган ингичка, калта таёқларга биттадан Усмонли байроғи тикилганди. Бу жой, дарвоза пештоқи устидаги янги зарланган муборак ёзувлари билан худди жимжит бир ибодатхонага, чексиз риёзат даргоҳи бўлмиш бир дарвишхонага ўхшаб кетарди. Шу он эсига чўнтагидаги туркча қоғоз пул келди… «Ўша ёқда бирортасидан сўрарман» деди. Сўнгра ўз-ўзича кулди.
«Ростдан ҳам жинними ман? Бу пулнинг ўтишига ишониб юрибман!» деб ўйлади. Тепаликдан, бўхчасини қўлтиғига қисгани ҳолда, секин-секин туша бошлади. Ўзини ҳар қанча зўрласа ҳам, эрталаб ерга тушиб ётган шашка қутисини кўргандан кейин, нима бўлганини ҳеч бир эсига келтира олмас эди. Демак, ортиқ ғазабланганидан, эси оғиб, карахт бўлиб қолган. Бу карахтликдан фойдаланган ўғли фалончи, уни «жинни» деб кўтариб олиб келиб, шу жиннихонага тиқиб қўя қолган. Аммо тез фурсатда яна эс-ҳушини топиб, ўзига келган. Тўрт йил, фалон-писмадон деган гаплар — мутлақо докторнинг уйдирмасидан иборат. «Балки бир ҳафта қадар ўзимга келмагандирман. Қон тарқамай тутиб турган. Оҳ хунрезлар, мен сизга кўрсатажакман!» дер эди. Бирдан қараса, Отбозорига келиб қолибди… Тўхтади. Атрофини вайроналиклар қуршаган ифлос бир майдончанинг ўртасида бир неча сигир, бир-икки от, эшак, эчки каби ҳайвонлар турарди. Аммо бу қадар эрта!.. Олувчи-сотувчиларнинг ўртасига бурилди. Сўнгра юзини қуёш томон кўтарди. Қуёш тутилмаган, чеҳраси очиқ… Нурларини порлатиб сочмоқда эди. Лекин нима учун бу ерга тўпланган одамларнинг чеҳралари сарғайган, мис рангига кирган? Кескин бир товуш қулоғини зингиллатиб юборди:
— Саккиз юз лира… Саккиз юз лира… Тағин борми?
Жаби афанди йиртиқ кўк мовут чопонли, қизил белбоғли, узун бўйли, қора-қура даллолнинг қарамоғидаги қизил рангга бўялган вайрон косиблар қаҳвахонасини бир қур кўздан кечирди. Бу хароба, майдон ўртасида йиқиқ бир уй каби турарди. Бу қаҳвахонанинг мавқеи қар қандай бўлганда ҳам саккиз юз лирага арзимас эди. Ҳафтада бир, жума кунлари ишлайдиган бир қаҳвахона ойда қанча даромад бериши мумкин?
— Саккиз юз ўн.
— Саккиз юз ўн беш…
…Аммо, ўзи жуда лофчи экан-э? Юрди. Даллолга яқин келди. Унинг ёнида тўрт-беш одам бор эди.
— Жуда қиммат эмасми, оғайни? — деди.
Сергап даллол дарров жавоб қайтарди:
— Нега қиммат бўлсин? Кунда олти литр сут беради.
Жаби афанди ҳайрон бўлиб қолди. Қаҳвахона олдида заиф бузоқчаси билан ориқ бир сигир бор эди. Ажабо, шунданми баҳс этаётир?
— Кунда олти литр сутни ким бераётир?
— Худди мана шу сигир.
— Саккиз юз ўн беш лирага-я?
— Нима деб ўйладинг?
Жаби афанди жавоб бермади. Бугун эҳтимол жинниларнинг кўчага чиққан кунидир. Унинг жиннихона тарафдан келганини кўргач, ишонармикан деб синамоқ учун ҳазиллашаётибдилар деб ҳисоблади. Кулди.
— Алдоқчисан! Тушингни сувга айт! — деди.
Нари кетди. Унинг орқасидан ҳазил давом этди, сигир «саккиз юз ўн беш лирадан» даражама-даража саккиз юз элликка чиқди, тўққиз юзга кўтарилди. Бир инсон билан бундай расмий бир майдонда ким ошди савдоси очиб, беандиша калака этиш ҳақиқатан тарбияга тўғри келмайди. Бу ерга тўпланган одамларнинг ҳаммаси атайлаб уни масхара қилиш учун иттифоқ тузганга ўхшайдилар.
Жаби афанди нима сўраса калака қиладилар, афтларини ҳеч ўзгартирмасдан, жиддий каби, яғир бир эшак учун юз тўқсон лира, боласиз бир эчки учун саксон беш лира сўрар эдилар. Ким билади, агар отларнинг баҳосини сўрагудай бўлса, кеча минг дейишар экан! «Лоҳавла…» ўқиб, нари кетди. Илгаридан бери кўп марта олдидан ўтиб юрган мачитга кўзлари тушди. Ажабо, куйиб кетганмиди? Йиқилганмиди? Атрофидан қиёфаси паришон, пала-партиш одамлар ўтмоқда эди. Яна бир крахмалланган кўйлакли олифтага ҳам дуч келди. «Намли ер, намли ер…» дер эди. Дўконларда сарғайган заиф хотинларнинг, бош яланг ярим яланғоч касал болаларнинг мудраб ўтирганларини кўргач, ўз-ўзидан: «Ажабо, буларнинг эрлари, оталари жомиъга кетганмикин?» деб сўради. Ҳолбуки, намоз вақтига ҳали кўп бор эди. Шарбатчи, ҳолвачи дўконлари бўш эди. Нонвойхоналар берк эди. Жаби афанди кўп вақтдан бери Ускудор томонга ўтмаган эди. Ускудордаги илгариги мўл-кўлчилик, ободончилик, арзончиликларни хотирлади. «Ажабо, нима бўлди? Юз йилда ҳам мамлакат бу қадар ўзгармас!» деб ажабланди. Бир баққол олдида, йиртиқ, кир кўйлакли, боши ўралган бнр қизчанинг, ўз чўнтагидаги қоғозга ўхшаш, бир қоғоз пулни майдалатганини кўрди. Диққат этди. Ўз чўнтагидаги пулни чиқариб, текшириб қаради. Худди ўшандай эди. Демак, бу пул ҳам ўтар экан. Майдалатмоқ учун баққолдан бирор нарса олмоқчи бўлди. Четлари чувалган бир сават ичидаги қуриган олхўрига кўз ташлади:
— Бунинг килоси неча пулдан?
— Тўқсон саккиз ярим қуруш…
Баққолга чақчайиб қаради. Бу олтмиш ёшлардаги, кўса, хунук бир ҳожи эди.
— Ҳазиллашма! — деди.
— Ҳазили нимаси? Тўғри сўзлаётибман.
— Сен жинни бўлибсан…
— Тарбиясиз, адабсиз, ҳаёсиз, шарманда! Сени қараю! Жинни ўзинг-ку!
Жаби афанди жиннилик мавзуи юзасидан жанжал чиқарадиган бир вазиятда эмас эди. «Балчиққа тош отсанг ўзингга сачрайди…» мақолини ғудуллаб, телба каби узоқлашди. Одамларнинг жиддиятсизлигидан, орсизлигидан, юзсизлигидан унинг ақли шошиб қолди: ҳеч нарсани тушунмас эди. Олдига янги сув сепилган токзор қаҳвахонанинг ёнидан ўтаркан, бир пиёла шакарсиз қаҳва ичгиси келди. Ичкари боқди. Сариқ соқолли, узун кўйлакли бир бек билан ким эканлнклари номаълум, қиёфатлари қоришиқ бир қанча киши, очиқ дераза ёнидаги сўрида ўтиришарди. Орзумни бажарайин деди. Эшикдан кирди. Ўтирганларга айрим-айрим салом бергандан сўнгра бир бурчакка бориб ўтирди. Ёнига келган болага:
— Бир қантсиз қаҳва! Ўғлим… — деди.
— Нахутлик қаҳвами, тоза қаҳвами, амаки?
— Бу нима деганинг? Нахутлик қаҳва ҳам бўладими?
— Бўлади, албатта…
— Қандай бўлади?
— Чўнтагига унча ишонмаганлар нахутлик ичади…
— Қаҳванинг ўзи ўн пул бўлса, нахути неча пул бўларди?
— Ўн пулга қаҳва келармиди?
— Қаҳва неча пул? — деб сўради.
— Ўн қуруш.
— Ўн қурушми?
— Шундай.
— Нахут-чи?
— Беш…
— !..
Дераза ёнида ўтирганлар ўз гапларини тўхтатиб, унинг қаҳвани суриштирганига қулоқ солиб, кулишар эдилар. Улардан биттаси: «Эски жомлар стаканга айланди» деди.
Ис босган қоп-қора шипга осилган қафаслардаги саъвалар овозларининг борича сайрамоқда эдилар. Жаби афандининг фаол муҳокамаси бирдан сўнгандай бўлди. Ажабо, унинг бўлар-бўлмас нарсаларга ишониб-ишонмаслигини синамоқ учун жиннихона идораси денгиз бўйига қадар бир тажриба тартиботи ўрнаштирганми? Бундай бўлиши ҳеч мумкин эмас. Зеҳнини югуртирарди. Ичида: «Яхшилик бўлар, иншоолло…» дер, ташида эса:
— Тоза бир қаҳва келтир, ундай бўлса… — деб кулди.
Қаршисидаги, миллий санъаткор, машҳур рассом Хулусий афандининг қўли билан ясалган Домека, Валистин урушларининг, Ғози Этам пошшонинг расмларига кўз тикар, ақли карахт бўлгандай, ҳеч нарса тушунмасди. Бола келтирган қаҳвадан бир неча ютум ичгандан сўнг, ўзига келди. Дераза ёнида ўтирганларнинг гаплари қулоғига эшитилди:
«— Қейинги ой ичида инглизлар олти юз минг киши йўқотганлар.
«— Французлар ҳам шунга яқин.
«— Ўтган йил итальянлар ҳам ярим миллиондан зиёда одамни жаннатга жўнатдилар.
«— Серблар билан руминлар…
«— Руслар қадар кўп бўлмас-эй!.. Айниқса ихтилолдан сўнгра йигирма беш миллиондан зиёда одам ўлган…»
Жаби афанди ўз қулоғига ишонмай, диққат билан тинглар эди. Аввал, Европада тўфон бўлибди деб ҳисоблади. Кейин, суҳбатдошларнинг мунозараларидан дунё уруши бўлганини тушунди. Бу мунозарачилар, ҳеч шубҳасиз, телба эдилар. Айниқса: «Бу уруш ҳали йигирма йил чўзилади, ҳали хотинлар аскарга олингани йўқ!» деб гаплашган сари, соқоллик кишининг мовий кўзлари ҳеч ўзгармас эди. Ўттиз чоқли давлат бир-бирига уруш эълон қилиб, ҳеч тинмасдан, дам олмасдан, бўғизлаша билармиди? Ёки жиннихона бўшаб қолганми? Ҳамма ёлғончилик қилмоқда. Жаби афанди Отбозорида дуч келган ноқулай муомалага дуч келмаслик учун буларга ҳеч нарса демади.
Қаҳванинг пулини тўлади. Бола ғаладондан йирик майда бир тутам қоғоз келтирди.
— Лиранинг майдаси…
Жаби афанди боқди. Сариқ, пушти ранг, қовоқ ранг, напормон кир-чир қоғозлар… Мажидия, чоракилик, юзликлар… Дераза ёнида бўлмағур сафсаталар сотишиб ўтирган тентакларни кулдирмаслик учун товушини чиқармади. Ўзини кўчага отди. «Бир газета олиб, ўқиб кўрайчи…» деди.
Бир оз юрди. Аҳмадияга борадиган уч йўл оғзидаги мачитнинг асфальтли майдончасида маҳалла болалари пилдироқ айлантирмоқда эдилар. Китобчи эронликнинг ёнига келиб тўхтади.
— Менга бир Сабоҳ газетаси бер, — деди. Газетага бир кўз югуртириб чиқиб, дунёда бўлаётган бутун воқиаларни бир нафасда англамоқчи эди.
— Сабоҳ йўқ.
— Ундай бўлса, Иқдом газетасини бер.
— У ҳам қолмади.
— Паёмми… Фалонми, нима бўлса бер, жоним.
Эронликнинг узатган газетаси уни бутунлай эсанкиратди. Бу қоғоз варақасининг газетага ўхшамаслиги учун нима қилиш мумкин бўлса, ҳаммаси қилинган, ҳатто ундан ҳам ошиб тушган эди. Хабарлар сарлавҳанинг устига ёзилмиш. Бош мақола саккиз сантиметрдан ошмас эди. Тикилди, тикилди. «Яхшиликкадир, иншоолло, хўш, бу қанча?» деди. Баҳоси қирқ пул эканини эшитгач, эътироз билдирмоқ истади.
Қора сочли эронлик:
— Тоғдан келганга ўхшайсан. Ўн пулга газета борми?.. — деб таъна қилса ҳам яна жавоб қайтармади. Юриб туриб ўқигани бу газета аҳлини бутунлай остин-устун қилиб ташлади. Энг авжига чиққан Шиносий давридан кейин модаси ўтиб кетди деб ҳисоблагани Наргис услуби қай вақт, қандай жонланиб қолган? Япония, Америка, Либерия, Хитой кабилар Германия билан қандай уруша биладилар? Ажабо, ёки география бутунлай ўзгариб қолганми? Ёки бу ҳазилми, нима? Жаби афанди шуларни тушунмоқ истади. Лекин муваффақ бўлмади. Унинг тушунчаси худди пружинаси синган соат каби таққа тўхтаб қолди. Бўғзига нафаси қисилганда қийналган одамларга хос асабийлик билан газетани ғижимлади. Ерга ирғитди. Кейин, гапдонликка тушиб, дўконларнинг ёнларида тура-тура ёйиладиган, кийиладиган нарсаларнинг баҳолариии сўрай-сўрай манзил йўлини тутди. Ёғнинг килоси саккиз юз ўттиз, гуручники юз эллик уч, шакарники икки юз тўқсон ярим, қаҳваники етти юз олтмиш икки қуруш эди! Этикдўзлар болаларнииг кичкина этигига ўн саккиз лира сўрамоқда эдилар.
Арава пароход портининг худди рўпарасига келганда, Жаби афанди тўхтади. Аҳлининг соғлом эмаслигини самимий равишда ҳис этди. Қўлини бошига кўтарди. Зеҳнининг энг сўнгги шуъласи билан ўз тушунчасини ойдинлатмоқ истади. Фақат… Ҳар нарсанинг баҳоси ўн минг процент ошган эди. Қулоғи шундай эшитмоқда, кўзи шундай кўрмоқда эди. Энди ўзига қандай қилиб «Ақллиман!» дея олади? Соябонсиз, арқонсиз, командасиз қолган хароб кеманинг ёриқ трубасидан кўзларини олди. Ширкат манзилгоҳида тайёр турган кемага боқди. Беш пуллик қаҳва ўн қурушга чиққан бўлса, эллик пуллик билет ҳеч бўлмаганда бир лирадан ортиққа чиққандир. Киссасида Стамбулга ўтишга етарли ақча йўқ эди. Чиққани тўғрисида уйга хабар бериш учун телеграф у ёқда турсин, йигирма пуллик бир мактуб жўнатиш учун ҳозир шубҳасиз ярим лира лозим эди. Уйдан ақча келгунча нима ейди, нима ичади, қаерда ётади! Агар уйига борганда ҳам, бундай аҳволда қандай кун кечира олади? Ўн беш кишини боқиш учун энг ками ойда минг лира керак! Бутун молларини сотса атиги олти ой яшай биларди. Кейин-чи? Кейин качкул тақиб, тиланчилик қилиб юриш зарур бўлади. Ёш тўла кўзлари олдида, эркаксиз, оч Анатолия қишлоқлари, экинсиз далалар, вайрон такялар, йиқиқ карвонсаройлар гавдаланди… «Мен ҳақиқатан жинни эканман! Нималарни ўйлаганимни қара-я!» деди. Қўлтиғидаги бўхчани ерга отди.
Ғижимланган фасини икки қўли билан ушлаб бостирди. Бирдан орқасига қайтди. Бир соат илгари чиқиб келган жойга қараб жон ҳолатда ҳалпиллаб югура бошлади.
Эски жиннихонанинг ёш доктори, деразалари сариқ гуллар билан қуршалган тип-тинч уй ичида хаёл суриб чиқаркан, Жаби афандига ўзини уриб олишига сал қолди.
— !!!
— Мени яна ўз бўлмамга киргизиб қўйинг!
Доктор орқага тисарилди. Терга пишиб, ҳансираб турган, ўз ихтиёри билан келган чоли тушмагурга диққат билан кўз югуртирди.
— Сиз яхши бўлдингиз, дада! — деди.
— Майли, афандим. Мени яна ичкари тиқинг, худо хайр берсин…
— Нима учун, жоним?
Жаби афанди дуо ўқиган каби қўлларини тепага кўтарди. Бўйнини, чапга қийшайган эгри бурнини осилтириб туриб, деди:
— Мени ичкарига тиқинг, худо хайр берсин! Ёки менинг ақлим жойига келмаган, ёки бутун дунё телба бўлган!
Ҳақиқатан, унинг қон босган, косасидан ирғиб чиққан йирик йилтираган кўзлари хунук, кўп қайғули ва дарғазаб боқмоқда эди!..
Туркчадан М. Даврон таржимаси