“…Турклар оз сўзлаб, кўп иш қиладилар.”
Мақтул Ибраҳим Паша*.
Босния беги билан Семендире* бегининг аскарлари мана неча ҳафтадир “Яйча”ни* ўраб олган, қўмондонларининг келишини кутардилар. Тинмас ёмғирларнинг, бўронларнинг ура-ура йўсинлатган кулранг девори буюк қалъа қувватига ишонарди. На эшигида, на устида биров кўринарди. Бурчакларида ҳилпираган байроқлар бўлмаса бўм-бош бир қоя деб саналиши мумкин эди.
Икки отим нарида қурилган оқ чодирларнинг олдидаги ерга тўшалган қора тери ёпинчиқларда ўтирган ёш войводалар, кекса бир аскарнинг гапириб бераётларини тинглашарди. Ҳаво худди ёз тонгидай гўзал эди. Атрофда навбатчи гуруҳлар узун найзалари билан чавгон ўйнаётгандай югиришар, ёруғликдан асабланган отлар кўкка сапчиб тўрт оёқлаб олдинга чопишарди. Гўё, бутун ҳарбий лагерда тўрт кундир қуёшни кўрсатмаган ҳўл тутуннинг ҳибсга олган нашъаси бирикиб, жонлангандай эди. Мошгуруч қалин мўйловларини бурнининг учига қараб, икки қўли билан буккан кекса зобит:
– Менинг катта отам бу ерда шаҳид бўлди, деди.
– Ўтган сафар ўраб олингани маҳалми?
– Қанақасига ўтган сафар бўлсин?
– Ёш боламисизлар-ей? Мен олтмишга кирдим. Катта отам неча ёшда бўлиши керак?
Суҳбатни тинглаганлар кулишди:
– Ҳарҳолда сендан катта бўлиши керак, дедилар.
– Табиийки анча катта. Ҳаммага маълумки аскар кеч уйланади. Эҳтимол менга ўхшаб қирқидан кейин уйлангандир. Мен юзини кўрмадим. Фақат ҳикоясини эшитдим. Бу қалъанинг қўмондони эмиш…
– “Яйчанингми”?, деб ҳайрон бўлдилар.
– Ҳа, албатта?
Ўнг тарафида ўтирган йирик, қорамағиз йигит сўради:
– Бўлмаса нимага шаҳид бўлди, деяпсан?
– Бошқа нима деяй?
– “Отилди, ўлдиъ де.
– Нима учун?..
Қорамағиз йигит тилининг учига келган сўзни айтмади. Ютинди. Қуролдошларининг ёнида совуқ бир гап айтгиси келмади. Насроний бўлиб ўлган кишига “Шаҳид бўлди” дейиладими? Кекса зобитнинг атрофида оёқларини қовуштириб ўтирган йўлдошлари, нариги войводалар, “нима учун, нима учун?” деб юзига боқар эдилар. Жим турса бу сукунат янада оғирлашар, ўзи яна ҳам мушкул вазиятда қолиши мумкин эди. Қизарди. Ўйламасдан оғзидан чиқариб юборган эътирозига пушаймон бўлди. Аммо ортиқ ҳеч бир қочиш йўли йўқ эди. Сиқилган ҳолда:
– Отангнинг оти нима эди, деди.
– Сунгур…
– Вой.. Туркмийди?
– Ҳа, бутун сулоласи билан…
– Насронийларнинг гўшинида аскармиди?
– Йўқ, бизнинг қўшинимизда.
– У ҳолда қандай қилиб “Яйча”да қўмондон бўлибди?
– “Яйча” бизнинг қаламиз эди ахир.
Ёш, жасур, қаҳрамон войводалар ҳайрон бўлиб қолдилар. Булар том маънода ҳарб одамлари эди. Фақат олган буйруқлари билан қиладиган ишларини билар эдилар. Санъатлари ичида шунчалар ғарқ бўлган эдиларки, содир бўлаётган воқеаларга ҳеч аҳаммият бермасдилар. Узоқ, яқин тарихни эмас, ҳатто ўзларининг қилган ишларини билмас, вайрон этган қасабаларнинг, яғмо қилган шаҳарларнинг исмларини ҳам унутардилар. Унутмаган нарсалари истиқболга оид бўлиб: “Қизил олмага”* борилажак эди. Бу ҳужумлар, бу муҳосараларнинг ҳаммаси у ерга йўл оши учун эди. У ер дунёдаги жаннат эди! Бутун дунёнинг зафари, шони, саодати, ғанимати у ерда эди. Кекса зобит қалин мўйловларига қаради. Бироз ўйланиб туриб кейин бошини чайқади. Қалин томирлари кўринган қилли, буғдойранг қўлини қалъага қараб узатди:
– Бу ер икки йил бизда қолди.
– Қачон?, – деб сўрадилар.
– Фотиҳ Ғозий* замонида…
Кекса зобит ёш жангчиларга бу икки саналик ҳокимият ҳақида гапира бошлади. Бобоси билан келган Туркманлар қалъа ичидаги инсонларнинг жонларини бағишлаган эдилар. На жонларига, на молларига тегилган эди. Ҳатто улар асир олинмаган эдилар. Маҳаллий кишининг ҳокимлардан фарқи йўқ эди. Шу даражадаки бир ёрту куни* бозор майдонида тўполон қилган сарҳўш насронийни урганлари учун икки сарсари кишининг калласи кесилган эди. Далаларида, тижоратларида ишлаган Яйчаликларни худди “адолат” қутиртирган эди. Халқидан амин бўлган Усмонлиларнинг ҳаммаси жума куни жомеъга тўпланиб намоз ўқир эдилар. Кўрган яхшиликларининг интиқомини олмоқчи бўлган маҳаллийлар тўпланиб жомеъни босишади. Сунгур Алп билан одамларини бир онда ўлдирадилар. Бурчакларда қолганларни эса асир этадилар. Ана шунақа….
– Мана етмиш йил бўлибтики “Яйча” яна уларда…, – деб ҳикоясини битирган қария қаддини тиклади. Қъолларини тиззасига тираб бирдан ҳайқирди:
– Аммо бу сафар қалъани мутлақо оламиз.
– Мутлақо…
– Аввало беклар келишсин бир.
– Фурсат келиб қолса бекларни ҳам кутмаймиз.
-…
– Бир ҳужум.
– Аммо ҳали аскар келади…
– …
Қария бундан олдинги қуршовда ҳам қатнашган эди. У сафаргиси қанчалар қўрқинч фалокат эди. Фарҳод Бейни тузоққа тушириб қирқ байроқ билан бирга бошини олган жангчи попни топиш учун Вурюзен*, Манастир*, Семендире беклари майдонга отилган эдилар. Ҳусрав Бей, Синан Бей, Бали Бей-Фран Трийбан конту машҳур жангчи Кристоф ўн олти минг киши билан ёрдамга келгунча Яйчани қуршовга олган эдилар. Қария бирдан жим қолди. Юзини буриштирди:
– Оҳ бечора Жем…, – деди. Кўзлари ёшга тўлди.
– …
– Дунёда бу Жемнинг тушган аҳволи қадар юрагимни парчалаган бошқа бир алам йўқ. Қанчалар жасур, қанчалар қувватли, қанчалар баҳодир йигит эди! Зобит йиғларди. Ўтирганлар сўрашди:
– Ҳозир қаерда?
– ….
– Ўлдими?
– Кошки ўлса эди…
– Нима бўлди бўлмаса?
– Ярим ўлик бўлиб қолди.
– ?
– Ҳа ярим ўлик. Бир аскар учун ҳаётда бўлиб туриб уришолмаслик “ярим ўлик” деганидир. Жем уруш учун яратилган эди. Ўтган сафарги қуршовда бир куни яна худди шу ерда ўртоқларимиз билан суҳбатлашиб ўтиргандик. Жем дедики: “Менинг юрагим сиқиляпди. Уришмоқчиман.” Сўнгра “Қани келинглар, душманнинг бош жангчисини яккама-якка уришга чақирай. Қабул қилса кўнгилхушлик қиламиз.”, деди. Мен, мақсадимиз ўз кучимизни, қувватимизни кўрсатиш эмаслигини айтдим. Мақсадимиз ҳаммамиз бирга бўлиб қалъани олиш эди. Фикридан қайтаришга ҳаракат қилдим. Гапимга қулоқ солмади. Ўрнимиздан туриб орқасидан бордик. Қалъага яқинлашганда Жем отини ўйнатиб ”Ичларингдан ўзига ишонган бор бўлса мана майдон…Яккама-якка уришамиз.”, деб ҳайқирди. Қалъадан “бор, бор” деб бақирдилар. Бироз кейин қалъанинг эшиги очилиб, бир отлиқ чиқди. Бу мудофаачиларнинг бошлиғи “Блас Шери” эди. Бошдан оёг зирҳ кийган эди. Оти ҳам зирҳли эди. Жем қиличини чиқармаган, қўлида айзасини тебратарди. Бир-бирларига ҳужум қила бошладилар.
– Блас Шери нима билан ҳужум қиларди?
– Қилич..
– Найзага қарши қилич бўладими?
– У пайт биз ҳам бунга ҳайрон бўлдик. Бу одам ғоят йирик, ғоят қувватли бир жангчи эди. Аммо Жем ундан ҳам йирик, янада ёш ва чаққон эди.
– Жемнинг зирҳи йўқмиди?
– Бор эди аммо фақат кўкрак қисмида. Икки соатгача бир-бирларини яралаёлмадилар. Отлари чарчади. Қалъанинг тўсиқлари томошабинлар билан тўлган эди. Бизнинг аскарлар ҳам тизилиб узоқдан бу ҳаяжонли курашни томоша қилардилар. Баробарга қолишадиганди. Су пайт қандай содир бўлди, кўролмай қолдик. “Қарс” деган овоз эшитилди ва Жемнинг найзаси синди. Қличини қинидан суғуришга фурсат тополмади. Блас Шери тиззасига қиличини шундай айлантириб солди-ки…
– Оҳ қандай сўзлайин. Шу онда чап оёғи этиги билан бирга ерга тушди. Биз унга қараб югирдик. Отининг бошини ушлаб уни пастга туширдик. Блас Шери ”Урра, урра” деб уни олқишлаган қалъага кирди. Жем бечоранинг юзи сап-сариқ эди. Ердаги узилган оёғига қарар: ”Худо ҳаққи мени ўлдиринглар!”, – дерди. Қучоғимизда чодирга олиб келдик… Жарроҳ шовиллаб оққан қонни тўхтатди.
Қария йиғлаб Жемнинг эски қаҳрамонликларини айтиб берди. Бунақа мард зобитни ҳали гўшин кўрмаган эди. Энди эса бечора ким билади Онадўлининг* қайси шаҳарида, қўлтиқ таёқлари билан кезиб, чегаранинг ҳаёли билан оҳ чекаётгандир. Бир жангчи учун жангдан узоқ яшаш қадар аччиқ алам йўқ. Ўлмоқ,ёш чоғида ногирон қолишидан яхши эди. Ўлган жангчи шон-шараф ичида абадий истироҳатга ўтар, қўлсиз, оёқсиз қолган қаҳрамон эса ҳарб ҳасрати ичида ҳаёти бўйича бир жаҳаннам азоби билан тўлғонарди. Кекса зобит жасур Жемнинг ногирон қолганидан кейинги умидсизлигини, ҳирсини, ололмаган интиқомининг руҳида очган ярани аччиқ-аччиқ англатди. Тинглаганларнинг ичидан бири тезлда ўрнидан турди. Чодирнинг орқасида турган аскарларга:
– Менинг отим билан найзамни олиб келинглар…, – деб ҳайқирди.
Бу Қосим Войвода эди!…
Ўтирганлар:
– Нима қиласан?, – деб сўрашди.
“Ҳеч нарса” дегандай елкасини учирди. Қўллари орқасида, олдинга қараб юра бошлади. Ҳар жангда, ҳар ҳужумда қўшиннинг бошларида бўлган бу қисқа бўйли, озғин ёш йигит жуда кам гапирар, фақат эшитарди. Кийимидан қуввати унчалик билинмасди. Заиф бўлгани учун зирҳи вужудига катта келар, баланд довулғасидан ингичка мўйловли нозик юзи кичкинагина кўринарди. Оти келиши билан устига сакраб, найзасини қўлига олди. Жиякли қора ёпинчиқларда ўтирганлар ҳам ўринларидан турдилар. Қария йўлдошларига:
– Яккама-якка уришишга кетяпди, – деди. Зирҳини кийсайди кошки…
Ўртоқлари: “Қосим, зирҳингни кий!”, – дедилар. У ҳеч жавоб бермай яна елкасини силтади. Майдонга қараб отини чоптирди. Қалъанинг эшигига борганда яккама-якка курашиш учун бир жангчи истади.
Қалъадан ҳеч ким жавоб бермади.
Войводалар, зобитлар, яёв ҳолда томоша учун орқасидан югурган эдилар. Қосим белидан қиличини чиқариб узоққа отди. Отидан сакраб тушди, отининг сонига найзаси билан урди. От қароргоҳга қараб чопди.
– Ҳай, ўша сизни қўрқоқлар!, – деб ҳайқирди. Мана отимдан тушдим. Қиличимни отдим. Орқамда зирҳим, қўлимда қалқоним йўқ. Ичингизда мен билан яккама-якка курашадиган эркак йўқми?
Қалъанинг тўсиқларидан қараб турганлар:
– Кимни ҳоҳлайсан?, – дедилар.
– Блас Шерини…
– У бу ерда йўқ….
– Ундан ҳам устун биронтасини хоҳлайман!…
– Ундай бўлса кут!
– …
Қалъанинг олдида Қосим Войвода оғир темир найзасини ерга қадади. Юмалоқ соясини эзиб кутар, сабрсизланарди. Йўлдошлари узоқдан унга боқардилар. Қилган иши ҳам аҳмоқлик эди. Чунки, қиличсиз, қалқонсиз, отсиз, зирҳсиз ҳеч жанг қилиб бўладими? Аммо унга гап уқтиришнинг имкони йўқ, чунки жуда қайсар эди. Қарор берган нарсасидан қаршисида ўлим кўрса ҳам қайтмасди. Қалъа эшигининг ғижирлаши эшитилди. Қора зирҳли от устида қора зирҳли бир дев кўринди. Ёнида оғир бир қилич осилган, қўлида қалин бир найза тутарди. Бу дев, Жан Ҳоборданский эди. Душман қўшинида унинг қадар қувватли, унинг қадар ҳайбатли, унинг қадар йирик жангчи ҳали йўқ эди. Яккама-якка курашларда ҳеч кимса унинг қаршисига чиқа олмасди. Отини жиловлади ва уни Қосим Войводанинг устига қараб солди. Бу отсиз, қиличсиз, зирҳсиз Туркни отига эздирмоқчи бўлди. Қосим бирдан найзасини суғуриб орқасига тисарилди. Ҳоборданскийнинг оти устига келар экан эгилди. От эса унинг устидан сакради. Ҳоборданский отини орқага қайтариб устига қараб такрор ҳайдар экан Қосим Войвода ўрнидан сакраб турди ва найзаси билан униг кўкрагига шундай санчдики…бир онда бу ҳарб деви зирҳларини шаққиллаб ерга думалади. Қалқони бир тарафга, найзаси бир тарафга учди. Бу йиқилишнинг даҳшатидан ҳурккан от шаталоқ отиб қочди. Қосим Войвода ерда ётган қўтосга ташланган чаққон қоплон боласидай рақибининг утсига ташланди. Дубулғасини тепасидан ушлади. Узоқдан:”Яша, яша!” дея бақирган йўлдошлари:
– Калласини кес, калласини кес!.. – дейишарди.
Қосим жавоб бермади яна елкасини силтади. Ҳоборданскийнинг темир зирҳли кенг елкасини ўнг тиззаси билан бостириб, қалин қўлларини орқага букди… Жигарини мўлжаллаб бир нечта мушт туширди. Ҳар мушт тушишида найза зарбаси билан кўкрак суяклари эзилган беҳуш Ҳоборданский “Аҳ, аҳ” деб инграрди. Оғзидан тарновдан келгандай қуюқ қон отиларди. Инграши кесилиши билан Қосим Войвода ҳеч нарса қилмагандай совуққонлик билан ўрнидан турди. Ердан қиличини, найзасини олди. Ўртогларига қараб юра бошлади. Қалъадан чиққанлар Ҳоборданскийнинг жасадига қараб югурдилар. Кекса зобит:
– Ҳай Қосим! Нимага бу одамнинг калласини кесмадинг?, – деб елкасини силади.
Нариги Войводалар ҳам атрофини ўрадилар:
– Нимага кесмадинг-а, нимага кесмадинг?, – дер эдилар.
Қосим кулимсиради. Қарияга қаради. Тамбал лабларини зўрға қимирлатиб:
– Йигит майдонида ўлишга у лойиқмики… – деди.
Сўнгра ўртоқларига бурилиб илова қилди:
– Ортиқ яшаган муддатича қўли қурол тутолмайди. Уни ётоққа кўмдим. Дунёда ётоқдан янада азобли бир мозор борми?
Ҳақиқатан Жан Ҳоборданский бошқа жанг қилолмади. Йиллаб ётоқда тўлғонди….Ўрнидан турган замон у эски мудҳиш, қувватли жангчи эмас, ҳаста, мағрур бир сиёсатчи эди. Истамбулга душман тарафидан илк маротаба у элчи бўлиб келди. Вазирларнинг анчагина юрагини сиқди. Ниҳоят…йигит майдонида ҳам ўлмади. Султон Сулаймоннинг Венгрияга қирол таъйин қилган Яношни ўлдирмоқ учун бир кун яширинча Будапештга кирмоқчи бўлганида ушланди ва қопга солиниб Туна дарёсига улоқтирилди…
Турк тилидан Замира Ҳамидова таржимаси
____________
* Мақтул Ибраҳим Паша – Машҳур турк генерали
* Семендире – Сербиядаги шаҳар.
* Яйча – Босниядаги машҳур қалъа.
* “Қизил олма” – Усмонлилар тарафидан Рим ва Австрияга берилган ном.
* Фотиҳ Ғозий – Фотиҳ Султон Муҳаммад, ВИИ. Усмонли подишоҳи.
* Ёрту куни – Насронийларнинг Ҳаз. Исо билан боғлиқ байрамлари.
* Вурюзен – Сербиядаги тарихий ер.
* Манастир – Македонядаги шаҳар.
* Онадўли – Туркиянинг Осиё қитъасида жойлашган қисми.