Чекка бир қасабанинг кичик турмаси. Камерадаги йигит қошиқ билан полни оҳиста тақиллатади. Бир муддат гўё телеграфда ненидир узатаётгандек овоз беради, ўрнидан туриб, камера бўйлаб юра бошлайди. Камера ўртасида дафъатан тўхтаб, жим қотади. Афтидан ярадор бошини авайлаб ушлаб кўради. Атрофга аланглайди, кейин бақиради.
Й и г и т. Ҳей ким бор? Ким бор?!
Сукут.
Ҳей, жавоб бер, кимдир борми?
Узоқ сукут.
Ҳей, ким бор?!
Бир қизнинг ғоят оҳангдор ва нозик овози эшитилади.
О в о з. Ҳе-ей!
Й и г и т. Кейти, бу сенмисан?
О в о з. Йўқ. Мен Эмилиман.
Й и г и т. Ким дейсан? (Сабрсиз оҳангда) Ҳей, эшитяпсанми?
О в о з. Эмили!
Й и г и т. Қанақа Эмили? Мен ҳеч қандай Эмилини танимайман. Бундан уч йил бурун Салинасда Сэмнинг қаҳвахонасида учратганим… ўша қиз эмасмисан?
О в о з. Йўқ, мен бу ерда ошпаз ўрнидаман. Ошпазман. Салинасда ҳеч қачон бўлмаганман. Мен унинг қаерда эканини ҳам билмайман, ҳатто.
Й и г и т. Ошпазман, дегин.
О в о з. Ҳа.
Й и г и т. Сен нима тайёрлайсан ўзи… бирор егуликми?
О в о з. Нимани буюришса, шуни тайёрлайман. (Сукут) Зерикдингми у ерда?
Й и г и т. Бўридай увилласам дейман. Бўкиришимни эшитяпсанми? Ҳей, ким бор?!
О в о з. Кимни чақиряпсан?
Й и г и т. Кимни ҳам чақирардим, умуман. Ҳаммани эслашга ҳаракат қилдим, кимга хат ёзсам экан, деб, йўқ, ҳеч кимни эслай олмадим.
О в о з. Кейти-чи?
Й и г и т. Ҳеч қандай Кейтини билмайман.
О в о з. “Сен Кейти эмасмисан?” деб ўзинг сўрадинг-ку.
Й и г и т. Чиройли исм-да Кейти. Бу исм менга жуда-жуда ёқади. Аммо бундай исмли қизни ҳеч қачон учратмадим.
О в о з. Мен биламан бундай исмли қизни.
Й и г и т. Наҳотки?! Ўзи қандай у қиз? Баланд бўйлими, кичкинами?
О в о з. Кичкина.
Й и г и т. Ҳей, эшитяпсанми? Ўзинг қанақа қизсан?
О в о з. Қайдан билай мен?
Й и г и т. Ҳеч ким сенга айтмаганми? Бирор кимса гапирмаганми бу хусусда?
О в о з. Нима хусусида?
Й и г и т. Ўзинг биласан-ку? Гапирмаганми?
О в о з. Йўқ, гапирмаган.
Й и г и т. Воҳ, галварслар-э, наҳот шунчалик бўлсалар-а? Овозингдан билиб турибман – сен кетворган қизсан.
О в о з. Балки шундайдир, балки унчалик эмасдир.
Й и г и т. Мен ҳам ҳеч қачон янглишмаганман.
О в о з. Жа, кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам турмада ўтирибсан.
Й и г и т. Энди, бу – янглишмовчилик.
О в о з. Айтишларича, бировни зўрлаганмишсан.
Й и г и т. Бўлмағур гап, уйдирма бу!
О в о з. Бўлмағур гап, аммо худди бўлгандек.
Й и г и т. Тентаклар.
О в о з. Ҳа, омадинг келибди… Қўрқяпсанми?
Й и г и т. Худо ҳаққи, жудаям (Дафъатан) Ҳей, ким бор?!…
О в о з. Нега ҳадеб бақираверасан?
Й и г и т. Сиқилиб кетдим. Бўридай увлагим келяпти. (Чўзиб) Ҳе-ей, жавоб бер, ким бор?..
Ён атрофдаги панжара эшик олдида қиз пайдо бўлади. Одми кўйлакда, соддагина бир қиз.
Қ и з. Мен ҳам жуда зерикдим, жуда.
Й и г и т. (Айланиб унга боқаркан) Наҳотки? Алдамаяпсанми? Зерикарлими сенга ҳам бу ғаддор муҳит?
Қ и з. Менинг ҳам бўридай увлагим келяпти.
Й и г и т. Кимни соғиниб зерикяпсан?
Қ и з. Билмайман.
Й и г и т. Мен ҳам билмайман. Мана бундай кавакка тиқиб қўйганларидан кейин таниш қизларингни ҳамда танишга улгурмаган қизларингни эсласанг, яна-да зерикарли бўларкан.
Қ и з. Тушунарли, нимасини айтасан.
Й и г и т. Оҳ, нақадар аянчли! (Сукут) Сен гўзал қизсан, билсанми ўзинг?
Қ и з. Валдирама!
Й и г и т. Йўқ, валдираётганим йўқ. Гўзалсан, ҳатто аҳмоққа ҳам кўриниб турибди. Сен, эҳтимол, бу ёруғ дунёда энг гўзал қизсан.
Қ и з. Мен мутлақо унақа эмасман, сен буни яхши билиб турибсан.
Й и г и т. Йўқ, сен шундайсан. Мен сендан чиройлироғини ҳали шунча дунё кезиб кўрганим йўқ. Техасда омадим юришиб кетишини билардим.
Қ и з. Омад? Сен ахир турмадасан. Бу ерда сенга тишларини қайраб турганларнинг ҳисоби йўқ.
Й и г и т. Бўлмаган гап. Чиқиб кетаман!
Қ и з. Ким билади, дейсан.
Й и г и т. Йўқ, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Бугундан бошлаб.
Қ и з. Нега энди бугундан бошлаб?
Й и г и т. Яъни, сени кўргандан бошлаб. Энди мен ниманинг қадрига етишим кераклигини биламан. Шу пайтгача ҳаммасига тупурардим, унақасига ҳам, бунақасига ҳам. Чарчадим. (Сукут) Бирор ишнинг калавасини тополмасдан чарчадим, сира қўлга киритолмадим. Ҳозир эса чарчоқни ҳам унутиб қўйдим. (Кутилмаганда) Ҳей, кимдир борми, эшитмаяпсанми?
Қ и з. Э-э, яна кимни чақиряпсан?
Й и г и т. Сени.
Қ и з. Мен шу ердаман-ку.
Й и г и т. Биламан. (Бақирди) Ҳей, эшитяпсанми?
Қ и з. Ҳей, эшитяпман!
Й и г и т. А-ҳа, сенмисан, малагим! (Сукут) Мен сенга уйлансам дейман. Мен сен билан кетишни хоҳлайман. Мен сени Сан-Францискога ўзим билан олиб кетаман. Мен энди тирилдим. Шундай пул ишлай-ки! Уларни эҳтиёт қилиб сарфлашни ўрганаман. Пулимиз ғарам-ғарам бўлади.
Қ и з. Йўғ-э?
Й и г и т. Ҳа-да. Исминг нима эди?
Қ и з. Эмили.
Й и г и т. Буни биламан. Давоми?
Қ и з. Худо ҳаққи рост. Мени шундай аташади. Эмили Смит.
Й и г и т. Сен бу дунёдаги энг ғаройиб қизсан, биласанми?
Қ и з. Нима учун?
Й и г и т. Нима учунлигини билмайману, лекин шундайсан, вассалом. Қаерда туғилгансан?
Қ и з. Матодорда, Техасда.
Й и г и т. Матодоринг қаерда?
Қ и з. Шу ернинг ўзида.
Й и г и т. Ие, бу ер Матодорми?
Қ и з. Ҳа, бу ер Матодор. Сени Вилингдан олиб келишди.
Й и г и т. Қизиқ, мен Вилингда эдимми?
Қ и з. Нима, сен қайси шаҳардалигингни билмаганмидинг?
Й и г и т. Ҳамма шаҳарлар бир гўр. Ҳеч фарқи йўқ бир-биридан. Вилинг бу ердан узоқми?
Қ и з. Ўн олтими, ўн еттими миль нарида. Қаерга олиб кетаётганларини билмасмидинг?
Й и г и т. Ҳушдан кетиб, тахта бўлиб қолсам, қандай қилиб билайин. Кимдир бошимга қўрғошин қувур биланми ёки шунга ўхшаш нарса биланми туширганини илғайман. Нима учун шундай қилдийкин-а?
Қ и з. Зўрлаганинг учун. Улар шунақа дейишди.
Й и г и т. Қип-қизил бўҳтон! (Саросималаниб, ўзига-ўзи) У мендан пул талаб қилди.
Қ и з. Пул?
Й и г и т. Ҳа-да. Омадсизлигимни синдираман, деб бир шалақ қасабадан бошқасига сарсон-саргардон югурсанг-елсанг, бирор меҳрибон учрармикан деб қақшасанг-у, мана сенга. У аёл пул талаб қилса. Мен унга ҳам ҳаёт зерикарли экан, деб ўйлабман.
Қ и з. Эҳтимол, чиндан ҳам шундайдир?
Й и г и т. У шунчаки, у аёл анақалардан…
Қ и з. Шу воқеа бўлмасайди, мен сен билан учрашмас эдим.
Й и г и т. Ким билади дейсан, балки, бу тарафларга йўлим тушарди, балки, шаҳарнинг қаеридадир сени учратардим. Мен сени дарров таниб олардим!
Қ и з. Йўғ-э!
Й и г и т. Гап тамом, вассалом, бир қарашда таниб олардим.
Қ и з. Хўп, кейин-чи?
Й и г и т. Кейин нима бўларди, сен меники бўлардинг.
Қ и з. Ростанми?
Й и г и т. Худо ҳаққи, ҳа, меники бўлардинг!
Қ и з. Сен бу гапларни турмада ўтирганинг учунгина гапиряпсан.
Й и г и т. Мутлақо ундаймас. Бас, нарсаларингни йиғиштириб, мени кут. Биз бу ердан тўппа-тўғри Сан-Францискога қочамиз.
Қ и з. Сен шунчаки ёлғизсан, шундан бари нарса зерикарли туюляпти сенга.
Й и г и т. Мен учун ҳаёт доим зерикарли, бутун умрим зерикарли ўтди, бу дардга дармон йўқ. Лекин биз бирга бўлсак, сен ва мен шундай яшаймизки, ортиғи ортиқ. Сен менга омад келтирасан. Мен биламан.
Қ и з. Нима учун сен ҳамиша омадни қувиб яшашинг керак?
Й и г и т. Мен болаликдан қиморбозман. Меҳнат-пеҳнат деганини билмайман. Мен ё омадни кутишим керак ёки… умуман ҳеч нарсага ярамайман. Охирги йилларда омад менга кулиб боқмади. Икки йил у девордан бу деворга бошимни урдим. Бўлмади. Омадсизликни кўр, шу разил Вилингга тушиб қолибман. Омадсизлик ўзимнинг кўланкамдек доим таъқиб қилади мени. Шунинг учун ҳам бу ердаман, шунинг учун ҳам калламни ёришларига оз қолди. Аниқ, бу ўша даюс чолнинг қўли.
Қ и з. Ўша хотиннинг отасими?
Й и г и т. Йўқ, эри. Агар шунақа қичима аёл менинг хотиним бўлганда, аллақачон жарга ирғитворган бўлардим.
Қ и з. Агар мен сен билан бирга бўлсам, ишларинг юришиб кетади, деб ўйлайсанми?
Й и г и т. Бўлмасам-чи, албатта! Кўча-кўйларда итдай санқиб, бировларга анқайишнинг нимаси яхши? Доим ёнингда кимингдир бўлса, қиш совуғида, ҳаммаёқ гуллаб-яшнаган баҳорда, иссиқ ёзда, бемалол чўмилишинг мумкин, қандай яхши: йилнинг тўрт фаслида, ёмғирда, ҳамма вақт, то ўлгунча одамнинг ёнида юрадиган кимидир бўлиши керак. Узоқ йиллар қадрлай оладиган одаминг бўлса, ёмонлигингни билиб турса-да, сени, барибир, севадиган одаминг бўлса. Биламан, мен яхши одам эмасман, лекин нима қилай, иложим қанча, қўлимдан нимаям келарди. Агар сен мен билан бирга кетсанг, мен яхши одам бўлардим. Тентакликни йиғиштирардим. Биласан-ку, ёнингда пулинг борми, энди сен тентак бўлолмайсан, энди сен сипо бир одамсан, чунки энди сенинг номингдан пулинг гапиради. Менда жарақ-жарақ пул, сен эса дунёда энг гўзал, энг доно қиз бўласан. Биз иккимиз Сан-Франциско бўйлаб қўлтиқлашиб, мағрур сайр қилиб юрамиз. Ҳамма бизга анграйиб қарайди.
Қ и з. Наҳотки анграйиб қарашса?
Й и г и т. Бўлмасам-чи! Мен кийиниб олишга улгурсам бўлди, қўлтиғингдан оламан-да, Кейти, кўрасан ўзинг уларнинг анграйишларини. Чиндан-да қараса қарагудек.
Қ и з. Кейти?!
Й и г и т. Ҳа, энди бу исм сеники. Сен Кейти деб атайдиганим биринчи қиз бўлдинг. Бу исмни сен учун асраб келдим. Ёқадими?
Қ и з. Ёқади.
Й и г и т. Мен қачондан буён бу ердаман?
Қ и з. Ўтган кечадан бери. Эрталабгача ўрнингдан қимирламадинг.
Й и г и т. Соат неча? Тўққиз бўлгандир?
Қ и з. Ўн.
Й и г и т. Бу сассиқ камеранинг калити сенда борми?
Қ и з. Йўқ. Калитни менга ишонишмайди.
Й и г и т. Лекин сен топиб келишинг мумкинми уни?
Қ и з. Йўқ.
Й и г и т. Ҳаракат қилиб кўрсанг-чи!?
Қ и з. Мени калитга яқин йўлатишмайди. Агар турмага аристонлар келса, фақат пишириқ тайёрлайман, супураман, шунга ўхшаш юмушлар.
Й и г и т. Гап бундай, мен бу ердан чиқиб кетишим керак. Бу дўконнинг эгасини танийсанми?
Қ и з. Танийман, лекин сени қўйиб юбормайди. Айтишларича, сени бошқа шаҳарга ўтказишар экан.
Й и г и т. Нега энди?
Қ и з. Қўрқишади.
Й и г и т. Нега қўрқадилар, нимадан?
Қ и з. Тунда бу ерга Вилингдан одамлар келиб, турмага бостириб киришларидан қўрқишади.
Й и г и т. Ана холос! Нима керак ўзи уларга?
Қ и з. Нима кераклигини гўё билмайсан-а?
Й и г и т. Ҳа-а, биламан.
Қ и з. Қўрқяпсанми?
Й и г и т. Албатта, қўрқяпман… Энг даҳшатлиси – нимадан қўрқаётганингни билмаслик! Агар одамлар тентак бўлмаса, баҳслашишинг мумкин. Тентаклар билан баҳслашиб бўлмайди, улар фақат ўзлариникини ушлаб оладилар. Бу ердан кетишимга ёрдам бер!
Қ и з. Қандай қилиб?
Й и г и т. Калит кимда бўлса, ўшани топ, у билан суҳбатлашишни хоҳлаётганимни айт.
Қ и з. У уйга кетган. Ҳаммалари кетган.
Й и г и т. Бундан чиқди, бу ерда бир ўзим эканман-да.
Қ и з. Шундай… агар мени ҳисобга олмаса.
Й и г и т. Нега бундай? Нима учун? Наҳотки бу ерда ҳеч ким қолмаса?
Қ и з. Кечаси ҳамма уйига кетади. Мен ҳам у ёқ-бу ёқни йиғиштириб, кетишим керак эди. Бугун тутилиб қолдим.
Й и г и т. Нега?
Қ и з. Сен билан гаплашай дедим.
Й и г и т. Нима ҳақда?
Қ и з. Билмадим… Оқшом сенга қараб турдим. Сен тушингда гапирдинг. Мен сенга ёқиб қолганимни англадим. Сен ўзингга келганингдан кейин ҳам мени ёқтириб қолишингни сира ўйламаган эдим.
Й и г и т. Наҳотки? Нега?
Қ и з. Билмадим.
Й и г и т. Сен чиндан-да малаксан.
Қ и з. Ҳеч ким мен билан гаплашмаган. Бари шаҳар йигитлари… улар… (Жим бўлади)
Й и г и т. Нима улар? (Сукут) Улар нима, ахир? Гапир, гапир.
Қ и з. Устимдан кулишади.
Й и г и т. Сенинг устингдан-а?! Галварслар! Эҳ, нимани тушунарди улар! Бор, йиғиштириб ортингга қайт. Мен сени Сан-Францискога олиб кетаман. Ёшинг нечада?
Қ и з. Ў, мен аллақачон катта қизман.
Й и г и т. Ёшинг нечада, фақат алдама.
Қ и з. Ўн еттида.
Й и г и т. Майли, ота-онангни олиб кел. Кетиш олдидан никоҳдан ўтамиз.
Қ и з. Улар мени қўйиб юбормайдилар.
Й и г и т. Нима учун?
Қ и з. Билмайман. Лекин қўйиб юборишмайди, аниқ қўйиб юборишмайди.
Й и г и т. Отангга айт, ўжарлик қилмасин. Тушундингми? У фермер эмасми?
Қ и з. Йўқ, ҳеч киммас. Уни қаердадир майиб қилганлари учун нафақа тўлайдилар. Унинг ёнбоши оғрийди. Билмадим, у ерда нима жойлашган.
Й и г и т. Муғомбир у, билдингми? Аммо сени бу ердан барибир олиб кетаман.
Қ и з. Ишлаган пулимни ҳам юлиб олади.
Й и г и т. Ҳаққи йўқ!
Қ и з. Биламан, лекин у тортиб-юлиб олади.
Й и г и т. (Ўзича) Шундайин қасабада туғилганингни қара, яна устига устак гўрсўхта отангдан ўргилдим!
Қ и з. Баъзида унга раҳмим келади.
Й и г и т. Раҳминг келмай қўяқолсин. (Бармоғини маънодор кўтаради) Отанг билан бир нарса қилиб келишиб оларман. Икки-учта илмилиқ сўз топаман унинг учун.
Қ и з. Кўриниб турибди.
Й и г и т. (Дафъатан) Ҳей, кимдир борми?!. Эҳ, агар сен анави калитли меровни олиб келиб, мени бу ердан чиқариб юборганингда эди…
Қ и з. Ахир қўлимдан келмайди-ку!
Й и г и т. Нима учун?
Қ и з. Мен билан бу ерда ҳисоблашишмайди. Ҳаммаси бўлиб оладиганим – кунига эллик цент, баъзи кунлар ўн икки соатлаб ишлайман. Мен билан ҳисоблашишмайди
Й и г и т. Қанча тўлашади дединг?
Қ и з. Эллик цент.
Й и г и т. (Атрофга олазарак қараб) Эшитяпсизми?! Сенга бир боқишлари учун ҳақ тўлашлари керак. Сен нафас олаётган ҳаводан нафас олаётганлари учун тўлашлари керак. Тушунмайман! Тушунмайман, наҳотки бунинг охири бўлмаса! Бу ердан қутқар мени, Кейти. Мен қўрқяпман.
Қ и з. Нима қилишимни билмайман. Дарвозани синдира оларман, балки.
Й и г и т. Кучинг етмайди. Тўқмоқ йўқми бу ерда? Ёки шунга ўхшаган бирор нарса борми?
Қ и з. Фақат супурги бор. Супургини ҳам қулфлаб қўйишгандир.
Й и г и т. Бориб қара-чи, бирор нарса топилмасмикин?
Қ и з. Хўп. (Кетади)
Й и г и т. Ҳей, кимдир борми?! Ҳей, ким бор?! (Сукут) Ҳей, эшитяпсанми? (Сукут) Турмага ўтқаздингми мени?! (Нафрат билан) А-а? Одамни зўрлашми?! Дунёда нимаики эзгулик бўлса, борини зўрлаётганлар, эзиб-топтаётганлар – улар! (Дафъатан) Ҳей, кимдир борми! Ким бор!..
Қ и з. (Қайтаркан) Ҳеч ерда ҳеч нарса йўқ. Ҳаммасини қулфлаб кетишган.
Й и г и т. Эҳтимол, сигарет бордир?
Қ и з. Ҳамма ғаладонларни, ҳамма жовонларни қулфлаб кетишган. Ҳаммасини.
Й и г и т. Жуда чекким келяпти!
Қ и з. Бирор жойдан бирор қути топсам бўлар. Менимча, дорихона ҳали очиқ бўлса керак. Бу ердан бир миль нарида.
Й и г и т. Бир миль?.. Бунча узоқ қолишни истамайман.
Қ и з. Югуриб бориб, югуриб қайтишим мумкин.
Й и г и т. Ер юзида энг ажойиб қизсан сен!
Қ и з. Қанақасидан олайин?
Й и г и т. Қанақаси бўлса ҳам майли – “Честердоилд”, “Кэмел” ёки “Лакки Страйк”, ҳар қанақасиям бўлаверади!
Қ и з. Ҳозир. (Югуришга шайланади)
Й и г и т. Пул-чи, пул?
Қ и з. Менда бироз бор. Чорак доллар яшириб қўйгандим. Бутун йўл бўйлаб югураман. (Кетиш учун қайрилади)
Й и г и т. Тўхта!
Қ и з. (Унга яқинлашади) Нима гап?
Й и г и т. Қўлингни бер. (Қизнинг қўлларини ушлаб, унга кулиб қарайди. Кейин лабларига босади.) Ўлгудек қўрқаман.
Қ и з. Мен ҳам.
Й и г и т. Бу Худо урган қасабага ортиқ ҳеч ким келмайди ва сени тополмайди, деб қўрқаман. Атрофингдаги ҳамма нарсага кўникасан, ҳаммаси билан келишиб кетасан, деб қўрқаман. Ҳеч қачон сен Сан-Францискога боролмайсан, сенга анграйиб қарашларини кўролмайсан, деб қўрқаман.
Қ и з. Ҳа, тўппончани отамдан оламан. Қаерда сақлашини биламан.
Й и г и т. Ол! Сигаретга тупур!.. Бор кучинг билан югур!
Қиз қочиб кетади. Йигит камера ўртасида узоқ муддат жим қолади.
Қ и з. (Ортига қайтиб, йиғламсираб.) Қўрқяпман. Ортиқ сени кўролмайман, деб қўрқяпман. Қайтиб келганимда сен бу ерда бўлмасанг, мен…
Й и г и т. Ҳей, эшитяпсанми!
Қ и з. Шаҳар бўм-бўш. Бир тирик жон йўқ, фақат шамол ҳасратли увуллайди. Мен шу ерда қоламан. Сени олиб кетишларига йўл қўймайман.
Й и г и т. Эшит, Кейти. Менинг айтганимни қил. Тўппончани ол-да, орқага қайт. Эҳтимол, бу тун улар келмаслар. Эҳтимол, умуман келмаслар. Мен тўппончани яшираман, мени чиқариб юборишгач, қаердан олган бўлсанг, яна жойига қўясан. Кейин биз кетамиз, бўл энди, шошил.
Қ и з. Хўп. (Сукут) Мен сенга бир нарса демоқчи эдим…
Й и г и т. Қани, айт…
Қ и з. (Нозли) Агар келганимда сен бу ерда бўлмасанг, тўппонча бор, уларни нима қилишни ўзим биламан!
Й и г и т. Отишни биласанми?
Қ и з. Биламан.
Й и г и т. Довдирама. (Бошмоғини ечади, унинг ичидан пул олади.) Тентак бўлма, эшитяпсанми? Мана бу пул. Саксон доллар. Уни олгин-да, Сан-Францискога жўна. Теваракка қараб, бироз одамбашара бирортасини топ, эшитяпсанми? Келганингда мен бу ерда бўлмасам, тўппончани ташла, тўғри Сан-Францискога бор, менга ваъда бер. Бирорта инсон топилиб қолар.
Қ и з. Мен ҳеч кимни ахтармайман.
Й и г и т. (Тез, изтироб билан) Менинг айтганимни қил! Мен сени Сан-Францискода кутаман. Бошмоғимнинг у пойида ҳам нимадир бор. Мен сени Сан-Францискода топиб оламан.
Қ и з. (Иккиланиб) Сан-Францискода?
Й и г и т. Ҳа, Сан-Францискода. Бу шаҳар жуда бизбоп-да.
Қ и з. Мен доим катта шаҳарга кетишни хоҳлардим. Лекин қандай қилиб бир ўзим ёлғиз бора оламан?
Й и г и т. Лекин энди сен ёлғиз эмассан, эшитяпсанми?
Қ и з. У қандай шаҳар ўзи, бироз гапириб бер.
Й и г и т. (Тез, аввал, ҳатто сабрсизлик билан, сўнгра оҳиста-оҳиста, кулимсираб эслай бошлайди. У сокин ҳикоя қиларкан, қиз йигит томон яқинлашиб боради.) Аввало, у Тинч океани соҳилида, қаёққа қарама – океан. Намхуш туман ва чағалайлар. Ингичка йўлаклар гоҳ баландга, гоҳ пастга шўнғиётгандек кўринади. Ҳар кеча туманлар ичидан сиреналарнинг увлаши таралади. Лекин биз уларнинг ингроғини эшитмаймиз.
Қ и з. У ерда, Сан-Францискода одамлар бошқачами?
Й и г и т. Ҳамма ерда одамлар бир хил. Қачондир, кимнидир севиб қолсалар, ўзгача бўлиб қоладилар. Фақат севги инсонларни ўзгартира олади. Сан-Францискода эса севишганлар кўп. Бори шу.
Қ и з. Ҳеч қаерда сени ҳеч ким менчалик сева олмайди.
Й и г и т. (Атрофга шивирлаб.) Бу сўзларни эшитаркан, инсон ўлимга ҳам тайёр бўлади. Ўлаётиб, барибир, ўзини бахтиёр ҳисоблай олади. Энди шошилишинг керак. Унутма, агар сен қайтиб келганингда, мени бу ерда тополмасанг, билгинки, мен сени Сан-Францискода излаб юрган бўламан.
Қиз йигитга термулади, сўнг тараддудланади, кейин қайрилиб чиқиб кетади. Йигит унинг ортидан таҳликали табассум билан қараб қолади. Дафъатан ўтиради ва қўллари билан юзларини тўсади. Йироқдан автомобилларнинг шовқини эшитилади. Йигит сергакланиб тинглайди, машина эшиклари тарақлаб ёпилади. Ёғоч дарвозага калит солингани эшитилади. Йўлакда қадам товушлари. Вазмин, эҳтиёткор ва бир вақтнинг ўзида ғоят сурбет эркак киради.
Э р к а к. Мен турма бошлиғи эмасман.
Й и г и т. Хўш, хўш? У ҳолда кимсиз?
Э р к а к. Мен эрман.
Й и г и т. Кимнинг эрисиз?
Э р к а к. Кимнинг эри эканимни ўзинг биласан.
Й и г и т. Буни қаранг-а! (Эркакка синчковлик билан тикилади.) Ўтган кеча менинг бошимга урган сиз эмасмисиз?
Э р к а к. Худди ўзиман.
Й и г и т. (Росмана алам билан) Одамларнинг бошига уришга қайси шайтон сизга изн берди?
Э р к а к. Хўш, сенга-чи? Қайси шайтоннинг ишини қилдинг, ит!
Й и г и т. (Бошини ушларкан.) Сиз бошимни яраладингиз. Одамларнинг бошига уришга ҳаққингиз йўқ.
Э р к а к. (Қаттиқ ғазаб билан) Жавоб бер. Қайси шайтоннинг ишини қилдинг?
Й и г и т. Ҳей, қулоқ солинг, панжара ортида бўлганим учунгина бақираверасизми менга? Эрман, дейсиз, кимнинг эри эканингизни биласизми?
Э р к а к. (Тўппончасини олади) Қани, ўчир овозингни!..
Й и г и т. Ҳай, майли отаверинг… (Хотиржам) Бутун бир маросимни бузасиз… Ошноларингиз нима дейди? Уларнинг феълига унча ҳам тўғри келмас, дейман. Ўлган одамни тепгандан не роҳат? (Эркак тўппончасини яширади.) Нима қилишингизни менга айтгани келгансиз. Мен гапирмасам ҳам бўлади. Нима қилмоқчилигингизни биламан. Газеталарни ўқиб тураман. Бунақа фитнали ишлар қандай уюштирилишидан хабардорман. Бутун бир оломон бир кишига ташланади ва ур-сур қилади. Ёки шундай эмасми? Кийимларини йиртиб-юлқиб, сўнг тепа бошлайдилар. Ёки шундай эмасми? Аёллар ва болалар атрофда тўпланиб, мўлтираб томоша қиладилар. Хўш, ундай эмасми? Менга қаранг, сиз бу маросимни бошлашдан аввал ичимдаги баъзи гапларни бир тўкиб солай. Сиз даҳшатли равишда ҳақоратлангансиз. Қандайдир бир бегона сизнинг покиза, бегуноҳ, оқила хотинингизни масхара қилиш учун шаҳрингизга келибди. Сиз унинг адабини бериб қўйишингиз керак, албатта. Сиз оиланинг муқаддас ўчоғини муҳофаза қиласиз, ахир. (Дафъатан) Ҳей, сиз, эшитинг! Мен уни сизнинг хотинингиз эканини мутлақо билмаганман, мен у аёл кимнингдир хотини эканини билмаганман…
Э р к а к. Ёлғон!
Й и г и т. Ёлғон гапирган пайтларим бўлган, лекин ҳозир эмас. Эшитасизми, нима иш ўтганини айтиб берсам?
(Эркак жавоб бермайди.)
Майли, бутун ҳақиқатни сизга айтиб бераман, менга Худонинг ўзи гувоҳ. Мен у билан барда танишдим. У менинг ёнимга келиб ўтирди. Бўш жойлар оғзини очиб ётса-да, у барибир, менинг ёнимга келиб ўтирди. Кимдир радиолага танга ташлади. “Нью-Сан-Антонио” – бир эркакнинг товушини тинглаяпман. Аёл бу қўшиқ ҳақида ҳикоя қиларди, мен бўлсам буфетчи билан гаплашяпти, деб ўйлабман. Йўқ, қарасам, буфетчи унга жавоб бермаяпти. Шундай қилиб мен жавоб бердим, мана шундай танишдик. Мутлақо унақа нарса хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бирга очиқ ҳавога чиқдик. Эшитган биринчи сўзим “Мен шу ерда яшайман”, дегани бўлди.
Э р к а к. Ёлғон гапиряпсан, ит.
Й и г и т. Ахир ҳақиқатни билишни истайсиз-ку.
(Эркак жавоб бермайди.)
Ҳай майли. Шундай, у мени уйга таклиф қилди. Балки, унинг хаёли бошқа бўлган. Балки, бўлмаган. Менга нима! Менга барибир. Балки, унинг кўнгли бир нарса тусар, балки, бошқа нарсадир. Кирсам кирибман-да, деб ўйладим.
Э р к а к. Ёлғон! Итнинг ёлғон гапиришини қара!
Й и г и т. Мен ҳақиқатни айтяпман. Эҳтимол, хотинингиз дўстлари билан шу ердадир? Чақиринг. Менинг унга ҳам, сизга ҳам адоватим йўқ. Чақиринг, ўзингиз сўроқланг. (Сукут) Сиз уни севасизми?
(Эркак жавоб бермайди.)
Ҳа-а, ишлар чатоқ…
Э р к а к. Нима деяпсан?
Й и г и т. Фаҳмимча, бу ҳолат биринчи марта бўлганга ўхшамайди.
Э р к а к. (Шошилиб.) Э-э, ўчир овозингни!
Й и г и т. Ҳей, сиз номусли эр, ўзингиз ҳам биласиз. Доим билгансиз, фақат ошноларингиздан қўрқасиз. Бўлган гап шу. У мендан пул талаб қилди. Мана унга нима керак эди. Агар унга пул берганимда, бу ерда ўтирмаган бўлардим.
Э р к а к. (Оғир) Қанча талаб қилди?
Й и г и т. Қанча, деб сўрамадим ҳам. Мен, шунчаки бу аёл билан танишиб янглишганимни билдирмадим. У, агар пул бермасам, жанжал кўтаришини айтди. Пачакилашиб ўтиришни ёмон кўраман, унинг устига дўқ-пўписаниям ёқтирмайман. Чаппараста қилиб сўкдим. Бир вақт қарасам, худди сўйилган чўчқадай бўкириб, уйдан ташқарига отилди. (Сукут) Энди бориб айтинг, бошқа турмага ўтказсинлар, сиз эса уйингизга бориб керакли нарсаларингизни олинг-да, ташланг бу хотинни. Сиз яхши одамсиз. Фақат ошноларингиздан қўрқасиз, холос.
Эркак яна тўппончасини олади. Даҳшат талвасасида. Йигит томон бир қадам ташлайди ва уч бора ўқ узиб, ташқарига отилади.
Й и г и т. Ҳей, ким бор? (Чўккалаб қолади.)
Қиз югуриб келади, унга қараб ҳайратдан талмовсирайди.
Қ и з. Кўча томон тўла оломон – эркаклар, аёллар болалари билан. Айланиб ўтишга тўғри келди, деразадан тушдим. Тўппончани тополмадим. Ҳамма ёқни титиб чиқдим, барибир топилмади. Сенга нима бўлди?!
Й и г и т. Ҳеч нарса… ҳеч нарса… ҳаммаси жойида… менга қара, Кейти! Бу ердан тез кет. Қандай келган бўлсанг, шундай тез кет – югур! Бор кучинг билан югур, бутун кеча югур. Бошқа шаҳарга қоч, у ердан поездга ўтир. Эшитяпсанми?
Қ и з. Нима бўлди сенга?
Й и г и т. Кет, бу ердан кет! Қайси поезд бўлса-да, ўтириб кет. Сан-Францискога кейин борасан!
Қ и з. (Фарёдини ютиб) Мен сенсиз ҳеч қаерга бормайман.
Й и г и т. Менинг иложим йўқ. Бу ерда нимадир бўлди… (Қизга қарайди.) Мен сени Сан-Францискода топиб оламан, Кейти, чунки мен сени севаман. Бошмоғимнинг наригисида сен учун пул бор. Агар пулинг бўлса, ҳар нарсага қодир бўласан. (Юзтубан йиқилади.)
Қиз унинг ёнида туриб унсиз йиғлайди, кейин чеккага ўтади. Дафъатан йиғидан тўхтайди. Тинглай бошлайди. Оломон шовқини. Икки ўртоғи билан эркак кириб келади. Улар қизни пайқамайдилар.
Э р к а к. Мана у, итнинг боласи!
И к к и н ч и с и. (Кескин) Бас! Эшикни оч, Гарри!
Учинчи эркак камеранинг панжара эшигини ланг очиб юборади.
А ё л. (Шошиб киради.) Қани у? Мен кўрмоқчиман. У ўлдими? (Жасадга қарайди, шу вақт эркаклар майитни ағдарадилар.) Бу ўша. (Сукут) Ҳа, бу худди ўша.
Э р к а к. (Аёлга нафрат билан қарайди, кейин секин жасадга назар ташлайди.) Бас энди. Тугатиш керак.
У ч и н ч и с и. Тўғри айтасан, Жорж. Ёрдам бервор, Гарри.
Жасадни кўтарадилар.
Қ и з. (Шиддатли ҳайқириқ билан.) Шу ерда қолдиринг уни!
Э р к а к. Буниси нима бало?
И к к и н ч и с и. Сен нима қиляпсан бу ерда? Нега ҳамма билан кўчада эмассан?
Қ и з. Уни шу ерда қолдиринг! Йўқол! (Уларга ташланади.)
А ё л. Қаранг-а!.. Сен ўзи нима бало қилмоқчисан?
Қ и з. Қўйворинг! Уни олиб кетишга ҳаққингиз йўқ.
А ё л. Тавба! Нима деяпти бу шарманда?! (Қизнинг юзларига уради, ерга отади.) Бу шаллақини қаранг-а.
Жасадни олиб чиқадилар.
Қ и з. (Энди йиғламасдан, секин ўрнидан туради, атрофга аланглайди ва тўғрига қараб шивирлайди.) Ҳей, ким бор?! Ким бор???
Рус тилидан Рауф Парфи таржимаси