I
Энди Жефферсонда душанба ҳафтанинг бошқа кунларидан ҳеч нимаси билан фарқ қилмайди. Кўчаларга тош ётқизилган, телефон ҳамда электр компаниялари кундан-кунга соя-салқин дарахтлар – эманлар, акаслар, заранглар, қайрағочларни таг-тубидан қирқиб – ўрнига тўлғин, шаффоф, туссиз узум бошлари осилган темир устунлар ўрнатишади; бизда ҳам шаҳар кирхонаси бор, душанба куни эрталабдан бўёқлари ялтираган автомобиллар шаҳарни айланиб юради; бир ҳафта давомида тўпланиб қолган кир кийим-кечакларга тўлган ҳолда ён-верингдан худди шарпадек ўтади, автомобилларнинг карнайлари жиртак чалиб ғат-ғут қилади, асфальт устида худди ипак мато шариллатиб йиртилаётгандек шиналарнинг шариллаши эшитилади; одатда оқ танлиларнинг кийимларини ювадиган негр хотин-қизлар либос-анжомларни автомобилларда ташишади.
Аммо бундан ўн беш йил бурун душанба куни эрталаблари сокин салқин чанг-чунг кўчалар негр аёлларга тўлиб кетарди, улар ўзларининг шол рўмол танғилган бақувват бошларида катталиги бир той пахтадек келадиган чойшаб тугунларни кўтариб, уларга қўлларини теккизмай оқ танлиларнинг ошхоналари остонасидан то негрлар маҳалласидаги ҳужралари олдида ўрнатилган қорайиб кетган қозонгача элтардилар
Нэнси боши тепасига кир солинган тугунни ўрнатиб, тугуннинг устига қора похол шляпасини жойлаштирар, бу шляпа қишин-ёзин унинг бошидан сира тушмасди. Унинг бўйи баланд, товоқдек сумрайган юзининг ёноқлари бўртиб чиққан, ёноқлари остида юзи чуқурчадай бўлиб турар – жағларида бирталай тишлари етишмасди. Баъзида биз унга кўчада то ўтлоққача эргашиб борар, бошидаги тугунни чаққон кўтариб боришини томоша қилардик; энг тепага ўрналган шляпаси ҳеч қачон қимир этмас, қийшаймас ва ҳатто жарга тушиб, ундан юқорига чиқаётганда ёки четанлар орасидан ўтаётганда ҳам қимирламасди. У чўкка тушиб туйнукдан судралиб, бошини адл тутиб ўтганларида ҳам тугун бошида маҳкам турар, худди калласи узра ҳаво тўлдирилган пуфак шар сузиб кетаётгандек кўринарди, кейин яна иккала оёғида тик турар ва йўлига кетаверарди.
Гоҳида кир кийимларни олиб кетгани кир ювувчи аёлларнинг эрлари келишарди, лекин Иисус ҳеч қачон Нэнси учун бундай қилмасди, ҳали отамиз уни бизникига киритмай қўйгандан анча илгари, ҳатто Дилси асал бўлиб ётиб қолганида Нэнси унинг ўрнига бизникига келиб кир-чирларни ювиб, ош-овқатга қараганда ҳам, ҳеч қачон бундай қилмасди.
Ҳар куни эрталаб Нэнсининг уйига югуриб бориб, уни тезроқ келиб нонушта тайёрлашга чақирардик. Биз жар ёқасида тўхтаб турардик, чунки отамиз бизга Иисус билан гаплашгани ижозат бермасди. Иисус башарасида чуқур тиғ изи чандиқ бўлиб қолган чорпаҳил негр киши эди, биз жар ёқасида туриб Нэнсининг уйига майда тошларни отар, ниҳоят, у қип-яланғоч ҳолда эшикда кўринарди.
– Бу нима қилиқ, тош отиш! – дерди Нэнси. – Нима керак сиз шумтакаларга?
– Отам сени дарров келиб нонушта тайёрласин деди, – бидирларди Кэдди. – Отам нонушта ярим соатга кечикди, деяпти, сен тез бораркансан.
– Нонуштасиз туролмас экансизлар-да, а! – дерди Нэнси. – Ухлагани қўймайсизлар.
– Нима бало, мастмисан, – дерди Жейсон. – Отам сени маст деяпти. Сен мастмисан, Нэнси?
– Ким айтди шуни? – дерди Нэнси. – Уйқуни ҳаром қиласизлар. Нонушта қилмай туролмайсизларми?
Биз яна бир қанча тошлар отиб, сўнг уйга қайтардик. Ниҳоят, Нэнси уйимизга етиб келганда, мен мактабга аллақачон кечиккан бўлардим. Биз Нэнси қамоққа олингунча буларнинг ҳаммаси унинг виски ичганидан деб ўйлардик. Нэнсини қамоққа олиб кетишаётганда, йўлда уларга жаноб Стовел дуч келиб қолди – бу киши банкда кассир ва баптистлар черковининг оқсоқоли бўлиб ишларди. Нэнси уни кўрган заҳоти лаби лабига тегмай шақиллай кетди:
– Сиз қачон менга ҳақимни берасиз, жаноб? Қачон менга пулимни тўлайсиз, жаноб? Меникига уч марта бордингиз, ҳалиям ҳақимни тўламайсиз…
Жаноб Стовел уни қаттиқ урди, Нэнси ерга йиқилди, аммо шунда ҳам унинг жағи тинмасди:
– Сиз қачон ҳақимни берасиз, жаноб? Меникига уч марта бордингиз, мен шу пайтгача…
Шунда жаноб Стовел уни товони билан юзига қараб тепди, шериф уни нари сурди, Нэнси эса ерда ағаниб ётганча куларди. У бошини кўтариб бурилди-да, қон аралаш тушган тишини тупуриб ташлади, сўнг деди:
– Менга уч марта борди-ю, бир цент ҳам тўламади.
Ўша куни ҳамманинг оғзида Нэнси билан жаноб Стовел бўлди, кечаси эса қамоқхона ёнидан ўтганлар Нэнсининг қўшиқ айтгани ва додлаганини эшитишди. Пастдан унинг дераза панжараларини чангаллаган қўллари кўринарди, қамоқ девори олдида анча одамлар тўпланди. Ҳаммалари унинг бақираётганини томоша қилиб туришарди, назоратчи унинг оғзини юмишга, тинчитишга уринарди. Аммо у оғзини юммас, кечаси билан додлаб бақириб чиқди; тонг қоронғисида назоратчи юқорида нимадир тарақлаб, чийиллаётгани, деворни тирнаётганини эшитиб қолди: у юқори қаватга чиқиб, Нэнси дераза панжарасига ўзини осганини кўрди. У кейин гап вискида эмас, кокаинда деб юрди: агар негр бурнига тўйиб кокаин тортмаса, ҳеч қачон ўзини ўлдирмайди, деди. У кокаин тортгандан кейин негрга ҳам ўхшамай қолади.
Назоратчи Нэнсини сиртмоқдан чиқариб, ҳушига келтирди, кейин хумордан чиққунча калтаклади. Нэнси кўйлагини арқон қилиб, ҳаммасини жойига қўйиб ўзини осган экан. Уни қамоққа олиб кетишаётганда, эгнида фақат кўйлаги бор экан, қўлини бойлашга бошқа нарса топилмаган, кейин у қўлларини дераза токчасидан тортиб ололмаган. Ана шунда назоратчи юқорида бўлаётган шовқинни эшитиб, югуриб чиққану Нэнси панжарада қип-яланғоч осилиб турганини кўрган.
Дилси бетоб бўлиб қолиб, ўз кулбасида кўрпа-ёстиқ қилиб ётганди, Нэнси бизникига келиб ош-овқат тайёрларди, биз шунда унинг қорни устида фартуғи дўмпайиб турганини пайқаганмиз. Бу Иисусни отамиз бизникига келтирмай қўйганидан илгарироқ бўлганди. Иисус ошхонада плита ёнида ўтирар, унинг қоп-қора юзидаги чандиқ худди кир чизимчага ўхшаб кўринарди. У бизга Нэнсининг кўйлаги тагида тарвузи бор, деди. Ваҳоланки, қиш пайти эди.
– Қишда тарвузни қаердан олдинг? – сўраб қолди Кэдди.
– Мен олганим йўқ, – жавоб берди Иисус. – Бу менинг совғам эмас. Менданми, мендан эмасми, барибир бир кун уни сўйиб ташлайман.
– Нега болалар олдида бундай гапиряпсан? – деди Нэнси. – Нега ишга бормай ўтирибсан? Нима, жаноб Жейсон сенинг бу ерда ўтириб болалар олдида валдираётганингни эшитсинми?
– Нимани валдираяпти? У нимани валдираяпти, Нэнси? – сўради Кэдди.
– Мен оқ танли одамнинг ошхонасига кирмаслигим керак, – деди Иисус. – Менинг ошхонамга эса оқ танли одам кирса бўлаверади. У уйимга кириб келаверади, мен кирма деёлмайман. Оқ одам менинг уйимга кирдими, тамом, энди у менинг уйим эмас. Мен унга кирма деёлмайман, майли, лекин у мени ўз уйимдан ҳайдаб чиқаролмайди. Йўқ, бу унинг қўлидан келмайди.
Дилси ҳалиям тузалгани йўқ. Отамиз бизнинг уйимизга Иисус келишини тақиқлаб қўйди. Дилси ҳалигача касал ётарди. Узоқ оғриб ётди. Бир куни кечки овқатдан сўнг кабинетда ўтиргандик.
– Нима, Нэнси ишини тугатдими? – сўраб қолди ойим. – Шу вақтгача аллақачон идиш-товоқни ювиб қўйса бўларди.
– Квентин бориб қарасин, – деди отамиз. – Квентин, бориб қара-чи, Нэнси ишини тугатдими, йўқми? Айт унга, уйига кетаверсин.
Мен ошхонага йўл олдим. Нэнси ишини битирган экан. Идиш-товоқ йиғиштирилган, ўчоқда ўт ўчирилган. Нэнси ўчган плита олдида курсида ўтирган экан. У менга қаради.
– Ойим ишингни қилиб бўлдингми, йўқми, деб сўраяпти, – дедим мен.
– Ҳа, – деди Нэнси; у менга қаради. – Ишимни бўлдим. – У яна менга қаради.
– Нима қилди, Нэнси? – сўрадим. – Сенга нима бўлди?
– Мен қора хотинман, холос, – деди Нэнси. – Лекин бу менинг айбим эмас-ку.
У бошида похол шляпаси билан ўти ўчган плита ёнида ўтирар ва кўзини мендан узмасди. Мен кабинетга қайтиб келдим. Плита ўчгани учун бўлсамикин, ошхона ошхонага ўхшамасди, ахир, одатда ошхона иссиққина бўлади, ҳамманинг димоғи чоғ, ҳамма нима биландир банд. Ҳозир эса плита ўчган, идиш-товоқ йиғиштириб қўйилган, бунақа пайтда ҳеч ким овқат ейишни ўйламайди.
– Нима, ишини қилиб бўлибдими? – сўради ойим.
– Ҳа, ойи, – дедим.
– Ўзи нима қиляпти? – сўради ойим.
– Ҳеч нима. Ўтирибди.
– Бориб қарай-чи, – деди отам.
– У Иисусни кутаётгандир, уйга кузатиб қўяди деб, – деди Кэдди.
– Иисус кетиб бўлган, – дедим.
Нэнси бир куни эрталаб уйқудан кўзимни очсам, ёнимда Иисус йўқ, деб ҳикоя қилиб берганди.
– Мени ташлаб кетди, – деди Нэнси. – Менимча, Мемфисга кетган. Полициядан қочиб юрибди, шекилли.
– Ундан қутулганингга худога шукр қил, – деди отамиз. – Шояд ўша ерда қолиб кетса.
– Нэнси қоронғидан қўрқади, – деди Жейсон.
– Сен ҳам қўрқасан, – деди Кэдди.
– Ҳечам-да, – деди Жейсон.
– Қўрқоқ! – деди Кэдди.
– Ҳечам-да, – деди Жейсон.
– Кэндейси! – хитоб қилди ойим.
Отам кириб қолди.
– Мен Нэнсини бироз кузатиб қўяман, – деди у. – У Иисус қайтиб келди деяпти.
– Уни кўрибдими? – сўради ойим.
– Йўқ. Битта негр айтибди, уни шаҳарда кўришибди. Мен тез келаман.
– Нэнсини кузатиб келгунингча мен ёлғиз ўтираманми? – деди ойим. – Уни қўриқлайсану мени қўриқламайсанми?
– Мен тез қайтаман, – деди отам.
– Ўша негр шу ерларда изғиб юрибди, сен болаларни ёлғиз қолдирасанми?
– Мен ҳам бораман, – деди Кэдди. – Майлими, ота?
– Болаларингни бошига урадими у? – деди отам.
– Мен ҳам бораман, – деди Жейсон.
– Жейсон! – деди ойим. Унинг овозига қараганда, отамга гапираётгани аниқ эди. Ўзича шундай демоқчи эди: кун бўйи мени қандай қилиб қаттиқ хафа қилишни ўйлаб юрди, мен барибир билардим у бир нарсани ўйлаб топишини. Мен жимгина ўтирардим, биз отам иккимиз билардикки, агарда ойим мени сезиб қолса, албатта, отамнинг сен ойинг билан қол, деб айтишини хоҳларди. Шунинг учун отам ҳатто менга қарамасди. Мен тўнғич фарзанд эдим. Мен тўққизга, Кэдди – еттига, Жейсон – бешга киргандик.
– Аҳмоқлик! – деди отам. – Биз тезда қайтиб келамиз.
Нэнси шляпасини кийиб тайёр бўлиб турарди. Биз тор кўчага чиқдик.
– Иисус доим менга яхши муомала қилган, – деди Нэнси. – Икки доллар пул ишлаб топса, доим бир долларини менга берган.
Биз тор кўчадан юриб борардик.
– Фақат тор кўчадан ўтиб олсак, бас, – деди Нэнси, – у ёғига ўзим кетавераман.
Тор кўча доим қоронғи бўларди.
– Барча авлиёлар куни Жейсон мана бу ерда қўрқувди, – деди Кэдди.
– Ҳечам-да, қўрқмаганман.
– Холаси Рэйчел уни тартибга сололмайдими? – сўради отам.
Рэйчел хола қариб-қартайиб қолган эди. У Нэнсига яқин кулбада турарди. Унинг сочлари оқарган, энди ишламасди, уззукун остонага чиқиб ўтирар, тамаки чекарди. Айтишларича, Иисус унинг ўғли эди. Баъзан у ҳа, шунақа, дерди, баъзан менинг ҳеч кимим эмас, деб бош тортарди.
– Йўқ, сен қўрқдинг, – дерди Кэдди. – Сен Фронидан ҳам баттар қўрқдинг. Негрдан ҳам баттар.
– Ҳеч ким уни ҳеч нарса қилолмайди, – дерди Нэнси. – Мен унинг девини уйғотиб юборган эмишман. Энди унинг кўнгли жойига тушмайди, токи…
– Бўпти, майли, – деди отам, – у кетиб қолди-ку. Энди қўрқмасанг ҳам бўлади. Фақат оқ танлилар билан гап-сўзга қолиб юрмасанг бўлди.
– Нега гап-сўзга қоларкан? – сўради Кэдди. – Қанақа оқ танли одамлар?
– У кетмаган, – деди Нэнси. – Юрагим сезиб турибди, у шу ерда. Мана шу тор кўчада. Ҳар бир сўзимизни эшитяпти. Бир жойга беркиниб, пойлаяпти. Мен уни кўрганим йўқ, энди фақат қўлида пичоқ кўтариб келганини кўрсам керак. Пичоқни чизимчага бойлаб елкасига кўйлаги тагидан осиб юради. Кўрсам, ажабланмайман.
– Мен ҳечам қўрққаним йўқ, – деди Жейсон.
– Агар сен ўзингни тутиб юрганингда, ҳеч нарса бўлмас эди, – деди отам. – Аммо энди кеч. У ҳозир Сент-Луисда бўлса керак, ўзига аллақачон бошқа хотин топиб олган, сени эсидан ҳам чиқаргандир.
– Шунақа бўлса агар, – деди Нэнси, – мен буни билмаганим маъқул. Бўлмаса, мен уни шундоқ қўймайман, билдингизми! Қани, уни бир қучоқлаганини кўрай-чи, қўлларини чопиб ташлайман! Калласини оламан, ўша хотиннинг қорнини ёраман, мен…
– Жим-м! – деди отам.
– Кимнинг қорнини, Нэнси? – сўради Кэдди.
– Мен ҳечам қўрққаним йўқ, – деди Жейсон. – Хоҳлайсанми, мен тор кўчадан бир ўзим ўтаман?
– Қанақасига! – деди Кэдди. – Биз бўлмасак, тирақайлаб қочасан!
II
Дилси ҳалиям касал ётарди ва биз ҳар оқшом Нэнсини уйига кузатиб қўярдик. Ниҳоят, ойимнинг тоқати тоқ бўлди.
– Қачонгача бу шундай давом этади? Мен ҳар куни кечқурун ҳеч ким йўқ уйда бир ўзим қолавераманми, сен қўрқоқ негр хотинни кузатиб кетаверасанми?
Нэнсига ошхонада тўшак тўшаб беришди. Бир куни кечаси биз аллақандай товушдан уйғониб кетдик, товуш пиллапоя тагидаги қоронғиликдан келар, дам куйга, дам йиғига ўхшарди. Ойимнинг хонаси ёруғ эди, биз отам йўлакка чиққанини эшитдик, кейин у четки зинага ўтди, биз ҳам Кэдди билан йўлакка қараб чопдик. Пол муздек совуқ эди. Оёқларимизнинг бармоқлари совуқдан чангак бўлиб қолди, биз товушларга қулоқ тутиб турдик. Бу товуш куйга ҳам ўхшар, куй ҳам деб бўлмас – негрларнинг ишларини баъзан англаб етолмайсан киши.
Кейин товуш ўчди, отам пиллапоядан пастга тушаётганини эшитдик, биз ҳам зина панжараси олдига келиб тўхтадик. Кейин яна ўша овоз энди зинадан оҳиста эшитила бошлади, биз деворга яқин зина устида Нэнсининг кўзларини кўрдик. Унинг кўзлари худди мушукникидек ёниб турар, худди девор олдида катта мушук яшириниб бизга тикилиб тургандек эди. Биз бир неча зинани босиб пастга тушганимизда, у овоз чиқаришни бас қилди ва биз шу ерда то отамиз қўлида тўппонча билан ошхонадан чиқиб келмагунча туравердик. Отам Нэнси билан бирга пастга тушди, кейин улар орқага қайтиб Нэнсининг тўшагини олиб келишди.
Тўшакни биз ётадиган болалар хонасига жойлаштиришди. Ойимнинг хонасида чироқ ўчгандан кейин, яна Нэнсининг кўзи йилтирай бошлади.
– Нэнси! – пичирлади Кэдди. – Сен ухлаганинг йўқми, Нэнси?
Нэнси нимадир деб пичирлади, мен яхши эшитмадим. Пичирлаган товуш қоронғида қаердан келаётганлигини билиб бўлмасди, худди номаълум ёқдан ўз-ўзидан чиқаётгандек эди, Нэнси ҳам у ерда йўқдай эди, кўзлари ёниб турганлигининг сабаби шунда эдики, ҳали зинада турганимизда мен жуда диққат билан унга тикилган эдим, шундан улар менинг қорачиқларимда ўрнашиб қолганди, қуёшга тик қараб, сўнг кўзингни юмсанг, ана шундай бўлади.
– Худойим! – хўрсинди Нэнси. – Худойим!
– У ерда Иисусни кўрдингми? – пичирлади Кэдди. – У ошхонага кирмоқчи бўлдими?
– Худойим, – деди Нэнси. У: “Худооойййимм”, – деди, пичирлаш шу билан шам пилигидай ё гугурт алангасидай сўнди.
– Сен бизни кўряпсанми, Нэнси, – шивирлади Кэдди. – Сен ҳам бизнинг кўзларимизни кўряпсанми?
– Мен бир қора хотинман, холос, – деди Нэнси. – Худойим билади, худойим билади…
– Ошхонада нима бўлди? – шивирлади Кэдди. – Нима, кирмоқчи бўлдими?
– Худойим билади, худойим билади, – деди Нэнси. Биз унинг кўзига қараб турардик.
Дилси соғайиб кетди. У қозон-товоққа қарай бошлади.
– Сен яна бирон кун ётсанг бўларди, – деди отамиз.
– Нима кераги бор? – деди Дилси. – Яна бир кун ётсанг, бу ернинг чанги осмонга чиқиб кетади. Қани, бу ерни бўшатинглар-чи, мен бир ошхонани тартибга келтирай.
Кечки таомни ҳам Дилси пиширди. Кечқурун қош қорайганда ошхонага Нэнси келди.
– Қаердан биласан унинг қайтиб келганини? – сўради Дилси. – Сен, ахир, уни кўрганинг йўқ-ку?
– Иисус – қора ялоқ, – деди Жейсон.
– Кўнглим сезяпти, – деди Нэнси, – у жарда яшириниб юрибди, кўнглим сезяпти.
– Ҳозир-а? – сўради Дилси. – Ҳозир у ўша ердами?
– Дилси ҳам қора, – деди Жейсон.
– Бирон нарса еб олсанг бўларди, – деди Дилси.
– Кўнглим тиламаяпти, – деди Нэнси.
– Мен эса қора эмасман, – деди Жейсон.
– Қаҳва ичгин, – деди Дилси. У Нэнсига идишда қаҳва қуйиб берди. – Сенингча, у ҳалиям ўша ердами? Сен қаердан биласан?
– Биламан, – деди Нэнси. – Ўша ерда пойлаб турибди. Шунча вақт у билан бекорга яшаганим йўқ. Мен доим унинг нима қилишини биламан, ўзи билмаганда ҳам, мен билиб тураман.
– Қаҳвангни ичиб ол, – деди Дилси.
Нэнси қаҳвани оғзига олиб борди-да, уни пуфлади. Оғзи худди резинкадай чўзилди, қаҳвани пуфлаганда гўё бутун қизиллиги ўчиб кетгандай лаблари оқариб қолди.
– Мен қора эмасман, – деди Жейсон. – Сен қорамисан, Нэнси?
– Мени худо урган, – деди Нэнси. – Тез кунда мендан ҳеч нима қолмайди. Тез орада қайдан келган бўлсам, ўша ерга кетаман.
III
У қаҳвасини ҳўплай бошлади. Қаҳва идишни икки қўлининг кафтида тутаркан, уни ича туриб, яна ўша товушни чиқаришга тушди.
Товуш қаҳва идишга ўтиб, ичидаги қаҳва чайқаларди ва Нэнсининг қўлига, этагига тўкиларди. Унинг кўзлари биздан узилмасди; у қаҳва идишни кафтлари орасига олиб, иккала қўлини тиззасига тираб, қаҳва тўла идиш оша бизга қараганча ўша товушни чиқарарди.
– Нэнсига қара, – деди Жейсон. – Дилси келгани учун Нэнси бизга овқат пиширмаяпти.
– Жим ўтирсанг-а, – деди Дилси.
Нэнси қаҳва идишни икки қўллаб ушлаб, бизга қараб ҳалиги товушни пуркар, худди бир эмас, иккита Нэнси борга ўхшарди: бири бизга қарар, иккинчиси товуш чиқарарди.
– Нега жаноб Жейсон телефонда шерифга айтиб қўйишини истамаяпсан? – сўради Дилси.
Нэнси қаҳва идишни катта қора қўлларида тутганча, жимиб қолди. У қаҳвани лабига олиб бориб ҳўпламоқчи бўлди, лекин қаҳва чайқалиб қўли ва тиззасига тўкилди-ю, у идишни четга қўйди. Жейсон ундан кўзини узмасди.
– Оғзимдан ўтмаяпти, – деди Нэнси. – Ютмоқчи бўлсам, томоғимга тиқилиб қоляпти.
– Менинг хонамга бор, – деди Дилси. – Фрони жой солиб беради, мен ҳам ҳозир бораман.
– У қандайдир қора-қуралардан қўрқиб ўтирармиди? – деди Нэнси.
– Мен қора эмасман, – деди Жейсон. – Дилси, мен қорамасман, тўғрими?
– Шунақага ўхшайди, – деди Дилси. У Нэнсига қараб қолганди. – Шунақага ўхшайди. Қани, нима қилмоқчисан ўзи?
Нэнси бизга кўз югуртирарди. У қимир этмас, аммо кўзлари худди ҳаммасини кўрмай қолишдан қўрққандек, жуда тез аланг-жаланг қиларди, у бизга қарар, учаламизга бирдан қарарди.
– Сизнинг хонангизда ётиб қолганим эсингиздами? – деди у.
У биз эрта тонгда уйғониб ўйнагани ўтирганимизни ҳикоя қилиб бера бошлади. Биз то отамиз уйқудан тургунча Нэнсининг тўшаги устида ўйнаган эдик, кейин Нэнси пастга тушиб нонушта тайёрлаганди.
– Ойингиздан сўранг, мен бугун ҳам сизлар билан ётиб қолай, – деди Нэнси. – Менга тўшакнинг ҳам кераги йўқ. Биз яна бирга ўйнаймиз.
Кэдди ойимга борди. Жейсон ҳам унга қўшилди.
– Мен қаланғи-қасанғи қоралар уйимизда ётиб қолишларига йўл қўёлмайман, – деди ойимиз.
Жейсон йиғлади. Агар шундай йиғлайверсанг, уч кунгача ширинлик емайсан, деди ойимиз. Шунда Жейсон агар Дилси шоколад торт қилиб берса, бошқа йиғламайман деди. Отамиз ҳам шу ерда эди.
– Нега ҳеч нарса қилмай қараб ўтирибсан? – деди ойим. – Полиция нима қилиб юрибди?
– Нега Нэнси Иисусдан қўрқади? – сўради Кэдди. – Ойи, сиз ҳам отамдан қўрқасизми?
– Полициянинг қўлидан нима келади? – эътироз билдирди отам. – Нэнсининг ўзи кўрмаган бўлса, уни қаердан қидириш керак?
– Унинг нимасидан қўрқади?
– Нэнси у шу ерда, мен биламан, дейди. Ҳатто бугун ҳам шу ерда юрганмиш.
– Ахир, биз бекорга солиқ тўламасак керак, – деди ойим, – сен ҳар хил қора-қура хотинларни кузатиб юрасан, мен эса ҳувиллаган уйда ёлғиз қоламан, шу ҳам иш бўлдими?
– Мен сени қўйнимга пичоқ яшириб таъқиб қилаётганим йўқ-ку, ахир, – деди отам.
– Дилси шоколад торт қилиб берса, мен йиғламайман, – деди Жейсон.
Ойим бизга чиқишга рухсат берди. Отам, билмадим, Жейсон шоколад торт оладими-йўқми, лекин ҳозироқ бу ердан жўнаб қолмаса, Жейсоннинг бошқа нарса олиши тайин, деб пўписа қилди. Биз ошхонага йўл олдик. Шу ерда Кэдди Нэнсига деди:
– Отам сени уйига борсин деди, эшикни беркитиб ўтирсин, ҳеч ким тегмайди деди. Сенга ким тегади, Нэнси? Иисусми? У сендан хафа бўлганми?
Нэнси ҳалиям қаҳва идишни тиззалари орасида икки қўллаб тутиб турар, тирсакларини тиззасига тираган эди. У қаҳва идишга кўзини тиккан эди.
– Нима қилиб Иисуснинг жаҳлини чиқардинг? – сўради Кэдди.
Нэнси қаҳва идишни тушириб юборди. Идиш синмади, фақат қаҳва тўкилди, Нэнси эса ҳамон қўлини ҳовуч қилиб турарди, худди қаҳва идишни тутгандай. Шунда у яна оҳиста бояги товушни чиқара бошлади. Куйга ўхшаб-ўхшамайди. Биз унга қараб турардик.
– Бўлди, бас! – деди Дилси. – Етар энди. Мунақа бўшашиш керак эмас. Шу ерда ўтира тур, мен бориб Вершдан илтимос қиламан, сени уйга кузатиб қўяди.
Дилси чиқди. Икки кўзимиз Нэнсида эди. Унинг елкалари силкинарди, аммо энди индамасди. Кўзимизни ундан узмасдик.
– Иисус сени нима қилмоқчи? – сўради Кэдди. – Ахир, у кетган-ку.
Нэнси бизга қаради.
– Мен сизлар билан ётганимда роса хурсанд бўлгандим, а?
– Ҳечам-да, – деди Жейсон. – Мен ҳеч хурсанд бўлмаганман.
– Сен ухлаб қолувдинг, – деди Кэдди.
– Бизга қўшилганинг йўқ.
– Ҳозир меникига борайлик, яна бирга ўйнаймиз, – деди Нэнси.
– Ойим рухсат бермайди, – дедим. – Вақт кеч бўлиб қолди.
– Сиз эса унга айтиб ўтирманг, – деди Нэнси. – Эртага айтасиз. У хафа бўлмайди.
– Ойим рухсат бермайди, – дедим.
– Унга ҳозир айтманг, – деди Нэнси. – Унинг жонига тегманг.
– Ойим борманглар, деган эмас, – деди Кэдди.
– Биз сўрамовдик-ку? – дедим мен.
– Агар ҳозир борсанглар, мен айтиб бераман, – деди Жейсон.
– Биз бирга ўйнаймиз, – деди Нэнси. – Менинг уйимгача борамиз. Ойингизнинг жаҳли чиқмайди. Ахир, мен шунча вақтдан бери сизникида ишлайман. Ойингиз ва отангиз уришмайди.
– Мен бораман, мен қўрқмайман, – деди Кэдди. – Жейсон қўрқади, у ойимга айтиб беради.
– Мен қўрқмайман, – деди Жейсон.
– Йўқ, сен қўрқасан. Ойимга айтиб берасан.
– Айтмайман, – деди Жейсон. – Мен қўрқмайман.
– Жейсон мен боримда қўрқмайди, – деди Нэнси. – Тўғрими, Жейсон?
– Жейсон ойимга айтади, – деди Кэдди.
Тор кўча қоронғи эди. Биз орқа эшикдан ўтлоққа чиқдик.
– Агар эшик орқасидан бир нима чиқиб қолса, Жейсон додларди.
– Ҳечам додламасдим! – деди Жейсон.
Биз юриб кетдик. Нэнси баланд овозда гапирарди.
– Нега бундай овозингни баланд қилиб гапиряпсан, Нэнси? – сўради Кэдди.
– Ким? Менми? – сўради Нэнси. – Қаранг-а, нималар дейишяпти бу Квентин, Кэдди билан Жейсон, гўё мен бақириб гапираётган эмишман.
– Сен худди бу ерда бешинчи бир одам ҳам бордай қилиб гапиряпсан, – деди Кэдди. – Худди отам ҳам биз билан бирга бораётгандай.
– Ким бақириб гапиряпти? Менми, жаноб Жейсон? – деди Нэнси.
– Нэнси укамиз Жейсонни “жаноб” деди, – сўйлади Кэдди.
– Қаранглар, қандай гаплашишяпти, бу Кэдди, Квентин, Жейсон, – деди Нэнси.
– Биз ҳечам гаплашаётганимиз йўқ, – деди Кэдди. – Сен бир ўзинг гаплашяпсан, худди отам…
– Жим, – деди Нэнси. – Жим, жаноб Жейсон.
– Нэнси яна Жейсонни “жаноб” деди…
– Жим! – деди Нэнси.
Биз жардан ва четан орасидан ўтарканмиз, у тинимсиз бақириб гапириб борди, у ҳар доим бошида тугун билан шу четан орасидан ўтарди. Ниҳоят, биз уйга келдик. Биз жадал юрдик. У эшикни очди. Уйда лампа чироқ ҳиди анқирди, Нэнсининг ўзидан тарқаётган ҳид эса худди пиликнинг исига ўхшарди, худди янада кучлироқ ис таратиш учун улар бир-бирларини кутиб тургандай эди. Нэнси чироқни ёқди, эшикни ёпди, тамбалади. Шундан сўнг у бақириб гапиришни бас қилди ва бизга қаради.
– Энди нима қиламиз? – деди Кэдди.
– Ўзингиз нимани хоҳлайсизлар? – деди Нэнси.
– Ўзинг ўйнаймиз девдинг.
Нэнсининг уйида нимадир унча яхши эмасди, бу тарқалаётган ҳиддан бўлса керак. Буни ҳатто Жейсон ҳам сезди.
– Мен бу ерда қолишни истамайман, – деди у. – Мен уйга кетаман.
– Майли, бор, кетсанг, кетавер, – деди Кэдди.
– Бир ўзим кетмайман, – деди Жейсон.
– Мана ҳозир биз ўйнаймиз, – деди Нэнси.
– Нима ўйин? – сўради Кэдди.
Нэнси эшик олдида турганди. Унинг кўзлари бизда эди, лекин кўзлари ҳеч нарсани кўрмаётгандек, бўм-бўш эди.
– Сиз нима ўйинни хоҳлайсиз? – сўради Нэнси.
– Бизга эртак айтиб бер, – деди Кэдди. – Сен эртак айтишни биласанми?
– Биламан, – деди Нэнси.
– Унда, айт, – деди Кэдди.
Биз Нэнсига қараб турган эдик.
– Сен ҳеч қанақа эртакни билмайсан-ку, – деди Кэдди.
– Йўқ, биламан, – деди Нэнси. – Мана, ҳозир сизларга айтиб бераман.
У бориб ўчоқ олдидаги курсига ўтирди. Ўчоқда ҳали сўнмаган чўғлар бор экан, у чўғларни аланга олдирди. Ўт олдиришга ҳожат бўлмади. Нэнси оловни каттайтирди. Кейин эртак айта бошлади. У шундай сўйлар ва қарардики, худди кўзи ҳам, овози ҳам уники эмас, бошқа бегона бировникидай, ўзи ҳам худди бу ерда эмасдай эди. У қайдадир бошқа бир ерда, гўё ниманидир кутарди. У бу ерда уй ичида эмас, балки қаердадир ташқарида, қоронғилик ичида эди. Унинг овози шу ерда эди, танаси, вужуди шу ерда эди, анов бошида катта шардай тугун билан четан орасидан қилт этмай ўтадиган Нэнси эса ҳавол ҳамда вазнсизга ўхшарди. Шу вазнсиз пуфакдек вужудгина ва фақат шугина шу ерда эди.
–…Мана, ниҳоят, қиролича ёмон одам яшириниб турган жар ёқасига етиб келди. У жар ичига тушди-да, шундай деди: “Ишқилиб, мен жардан ўтиб олсам эди…”
– Қандай жар? – сўради Кэдди. – Бизнинг жарга ўхшаганми? У нега жарга тушди?
– Уйга етиб олиш учун, – деди Нэнси. – Уйга етиб олиш учун жарга тушиш керак эди.
– Нима қиларди у уйига бориб? – сўради Кэдди.
IV
Нэнси биздан кўз узмасди. У эртакни тўхтатди. Унинг кўзи бизда эди. Жейсоннинг оёқлари иштони ичидан чиқиб турарди. У кичкина бўлгани учун калта иштон кийиб юрарди.
– Бу ёмон эртак, – деди у. – Мен уйга кетаман.
– Рост, уйга кетайлик, – деди Кэдди ва полдан турди. – Бизни кутиб қолишгандир, қидиришаётгандир. – У эшикка қараб юрди.
– Йўқ, – деди Нэнси. – Очма.
У ўрнидан сакраб туриб, олдинга чопиб борди. Эшикка, ёғоч тамбага у қўл урмади.
– Нега? – деб сўради Кэдди.
– Юр, яна бирпас чироқ олдида ўтирайлик, – деди Нэнси. – Ўйнаймиз. Кетишга ҳали эрта.
– Биз қололмаймиз, – деди Кэдди. – Мабодо, жуда қизиқ ўйин бўлса, бошқа гап.
У Нэнси билан ўчоқ олдига қайтди.
– Мен уйга кетаман, – деди Жейсон. – Мен ҳаммасини айтиб бераман.
– Мен бошқа бир эртакниям биламан, – деди Нэнси.
У Кэддига қараб турар, лекин кўзлари косасидан чиқиб кетаётганга ўхшарди, чўпни бурун учида тутиб турмоқчи бўлиб, унга пастдан юқорига қараганда, шундай бўлади. Нэнси Кэддига тепадан пастга қараётгандай эди, шундай эса-да кўзлари косасидан чиқиб кетаётгандай кўринарди.
– Эшитгим келмаяпти, – деди Жейсон. – Оёғимни тапиллатаман.
– Бу яхши эртак, – деди Нэнси. – Олдингидан анча яхши.
– Нима ҳақда? – сўради Кэдди.
Нэнси чироқ олдида турарди. У чироқ шишасига қўлини тутди. Чироқ ёруғида қўли узун ва қора бўлиб кўринди.
– Қизиб турган шишани ушладинг, – деди Кэдди. – Қўлинг куймадими?
Нэнси қўлига қаради.Уни секин шишадан олди. У Кэддига қараб турар ва қўлини шундай айлантирардики, худди қўли чизимчага осилганга ўхшарди.
– Яхшиси, бошқа бир нарса қилайлик, – деди Кэдди.
– Мен уйга кетаман, – деди Жейсон.
– Менинг жўхорим бор, – деди Нэнси. У Кэддига, кейин менга, кейин Жейсонга, кейин яна Кэддига қаради. – Кел, жўхорини қовурамиз.
– Мен жўхорини яхши кўрмайман, – деди Жейсон. – Мен попукларни яхши кўраман.
Нэнси Жейсонга қаради.
– Сен товани дастасидан ушлаб турасан.
Нэнси ҳалиям қўлини айлантирарди. Қўли узун ва қоп-қора, худди суяги йўқдай эди.
– Майли, – деди Жейсон. – Агар товани ушлаб турадиган бўлсам, мен қоламан. Кэдди товани ушлаб туролмайди. Агар Кэдди товани ушлаб турса, мен уйга кетаман.
Нэнси оловни кўтарди.
– Қара, Нэнси тўғри оловни ушлаяпти, – деди Кэдди. – Сенга нима бўлди, Нэнси?
– Жўхорим бор, – деди Нэнси. – Озгина бўлса ҳам, бор.
У каравот тагидан товани олди. Тованинг дастаси синган эди. Жейсон йиғлаб юборди.
– Ҳеч нарса қилиб бўлмайди, – деди у.
– Барибир уйга кетадиган вақт бўлди, – деди Кэдди. – Квентин, кетдик.
– Тўхтанглар, – деди Нэнси. – Тўхтанглар. Мен уни ҳозир тузатаман. Сен менга ёрдамлашмайсанми?
– Жўхори егим келмай қолди, – деди Кэдди. – Жуда кеч қолдик.
– Унда, сен менга ёрдам қил, Жейсон, – деди Нэнси. – Сен менга ёрдам берасан, тўғрими?
– Йўқ, – деди Жейсон. – Уйга кетаман.
– Керакмас, – деди Нэнси, – керакмас. Қараб тур, мана, менинг нима қилишимни. Мен ҳозир товани тузатаман, кейин Жейсон уни ушлаб туриб жўхорини қовуради.
У бир бўлак сим топди-да, тованинг дастасини маҳкамлади.
– Яхши ушламайди, – деди Кэдди.
– Яхши бўлади, – деди Нэнси. – Мана кўрасан. Энди менга жўхори пўстини арчишга ёрдамлашинглар.
Жўхори ҳам каравот остида экан. Биз уни арчиб, товага сола бошладик. Нэнси эса Жейсонга товани олов устида тутиб туришга кўмаклашди.
– У бодрамаяпти, – деди Жейсон. – Мен уйга кетаман.
– Шошма, – деди Нэнси. – Ҳозир ёрила бошлайди. Жуда қизиқ бўлади.
Нэнси оловга яқин ўтирарди. Чироқнинг пилиги ҳаддан ортиқ кўп кўтарилган экан, у лопиллаб тутай бошлади.
– Уни пасайтириб қўйсанг бўлмайдими? – деб сўрадим.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Нэнси. – Мен кейин қурумини тозалайман. Қара: ҳозир ёрила бошлайди.
– Ёриладиганга ўхшамайди, – деди Кэдди. – Барибир уйга кетишимиз керак. Хавотир олишади.
– Йўқ, – деди Нэнси. – Ҳозир ёрилади. Дилси мен билан бирга кетганингизни айтади. Мен шунча вақт уйингизда ишладим. Мен билан келганингизга хафа бўлишмайди. Шошманг. Ана ҳозир ёрила бошлайди.
Шу вақт Жейсоннинг кўзига тутун кириб ачиштирди-да у йиғлашга тушди. У товани олов ичига тушириб юборди. Нэнси латтани ҳўллаб Жейсоннинг юзини артди, у эса йиғидан тўхтамасди.
– Қани, бўлди, – деди Нэнси. – Бўлди қил.
Аммо у бас қилмасди.
Кэдди товани оловдан олди.
– Ҳаммаси куйиб кетибди, – деди у. – Яна жўхори керак, Нэнси.
– Сен ҳаммасини солувдингми? – сўради Нэнси.
– Ҳа, – деди Кэдди.
Нэнси унга қаради. Кейин товани олиб куйган жўхориларни этагига тўкиб, доналарини узун қора бармоқлари билан тера бошлади. Биз кўзимизни ундан узмасдик.
– Бошқа жўхори йўқми? – сўради Кэдди.
– Бор, – деди Нэнси. – Бор. Қара, ҳаммаси куйиб кетмабди. Шуни фақат…
– Уйга кетаман, – деди Жейсон. – Ҳаммасини айтиб бераман.
– Тишш! – деди Кэдди.
Қулоқ солдик. Нэнси бошини эшик томонга бурди, кўзлари чироқнинг қизғиш шуъласи билан тўлди.
– Кимдир келяпти, – деди Кэдди.
Шунда Нэнси ўчоқ олдида ўтириб, узун қўлларини икки тиззаси орасига осилтириб оҳистагина яна бояги товушни чиқара бошлади, кейин бутун юзидан тер қуйилиб оқди; тер ёноқларидан оқиб, иягида айланар, ҳар бир томчида ўчоқдаги ўтнинг олов нуқтаси аксланарди.
– У йиғлаётгани йўқ, – дедим.
– Мен йиғлаётганим йўқ, – деди Нэнси: унинг кўзлари юмилганди. – Мен йиғлаётганим йўқ. Ким келаётган экан?
– Билмадим, – деди Кэдди; у эшик олдига бориб ташқарига қаради. – Ана энди уйга кетамиз. Отам келди.
– Ҳаммасини айтиб бераман, – деди Жейсон. – Мен келмоқчи эмасдим, сизлар мажбур қилдингиз.
Нэнсининг юзидан ҳамон томчилар оқарди. У курсида ўтирган кўйи ўгирилди.
– Менга қаранглар, унга айтинглар… Айтинглар биз ўйнаймиз деб. Айтсанглар, мен сизларга эрталабгача ўзим қарайман. Илтимос қилинглар, мен сизлар билан борай, тунни сизларникида ўтказай, полда бўлса ҳам ётай. Айтинг, менга тўшакнинг ҳам кераги йўқ. Биз ўйнаймиз. Эсингиздами, ўтган сафар роса маза қилганмиз?
– Мен маза қилмаганман, – деди Жейсон. – Мени қаттиқ ушлаб оғритдинг. Сен кўзимга тутун ҳайдадинг.
V
Отам кириб келди. У бизга боқди. Нэнси ўтирган еридан турмади.
– Унга айтинглар, – илтижо қилди у.
– Мен келмоқчи эмасдим, – деди Жейсон, – Кэдди эса мени мажбур қилди.
Отам ўчоқ ёнига борди. Нэнси бошини кўтарди.
– Ахир, сен Рэйчел холангнинг олдига бориб, ўша ерда ётиб қолсанг бўлмайдими? – сўради отам. Нэнси икки қўлини тиззалари орасида осилтириб, унга қараб турарди. – Ановинг бу ерда эмас, – деди отам. – Мен кўрган бўлардим. Бу ерда ҳеч ким йўқ, тирик жоннинг ўзи кўринмайди.
– У жарда, – деди Нэнси. – Жарга беркинган.
– Бўлмағур гап, – деди отам. У Нэнсига боқди. – У жарда эканлигини қаердан биласан?
– Менга башорат бўлди, – деди Нэнси.
– Қанақа башорат?
– Шунақа. Кирганимда стол устида экан. Чўчқанинг қонига беланган суяк гўшти. Стол устида чироқ ёнида турувди. У ўша ерда. Сиз манови эшикдан чиқишингиз билан мен адойи тамом бўламан.
– Адойи тамом нимаси, Нэнси? – сўради Кэдди.
– Мен чақимчи эмасман, – деди Жейсон.
– Беҳуда гап! – деди отам.
– У ўша ерда, – дерди Нэнси. – Ҳозир ойнадан қараб турибди, сиз кетишингизни кутяпти. Адойи тамом бўламан.
– Беҳуда гап! – деди отам. – Уйни беркит. Биз сени Рэйчел холаникига кузатиб қўямиз.
– Бефойда! – дерди Нэнси. Отамга у бошқа қарамасди, отам унинг узун қора беҳол қўлларига қарарди. – Чўзиб ўтиришдан нима фойда!
– Энди нима қилмоқчисан ўзи? – сўради отам.
– Билмадим, – деди Нэнси. – Нима ҳам қила олардим? Яна бироз чўзиш мумкин. Нима фойдаси бор! Афтидан, пешонамга шундай ёзилганга ўхшайди. Ёзилганини оламан.
– Нимани оласан? Сенга нима ёзилган? – сўради Кэдди.
– Булар ҳаммаси беҳуда, – деди отам. – Ҳаммаларингизга ухлайдиган вақт бўлди.
– Мен хоҳламадим, Кэдди мени мажбур қилди, – деди Жейсон.
– Рэйчел холангникига бор, – деди отам.
– Нима фойдаси бор! – деди Нэнси. У ўчоқ олдида тирсакларини тиззасига тираб, узун қўлларини тиззалари орасида осилтириб ўтирарди. – Ҳатто сизнинг ошхонангизда ўтирганимда ҳам, жоним омонда эмас. Мабодо, мен сизнинг болаларингиз билан бир хонада ётганимда ҳам, барибир эрталаб мени қонимга беланган ҳолда топган бўлишарди ва …
– Жим-м! – деди отам. – Эшикни ёп, чироқни ўчир ва ухлагани ёт.
– Мен қоронғидан қўрқаман, – деди Нэнси. – Мен бу иш қоронғида рўй беришини хоҳламайман.
– Нима, сен чироқни ёқиб тун бўйи ўтириб чиқмоқчимисан? – сўради отам.
Шунда бирдан Нэнси ўчоқ олдида ўтириб, узун қўлларини тиззалари орасида осилтирганча, яна ўша товушни чиқара бошлади.
– Эй, қуриб кетмайдими, – деди отам. – Қани, уйга жўнанглар, болалар! Ухлайдиган вақт бўлди.
– Сиз кетишингиз билан мени қуритишади, – деди Нэнси. – Эртага мен ўлган бўламан. Мен тобутимга пул топиб қўйганман, жаноб Лавледига топширганман…
Жаноб Лавледи негрлардан суғурта пули йиғиб юрадиган бўйи пастроқ, исқирт бир одам эди, шанба кунлари эрталабдан у барча кулбаларни айланиб чиқар ва негрлар унга ўн беш центдан бадал топширишарди. У хотини билан қўноқхонада турарди. Бир куни эрталаб хотини ўзини ўлдириб қўйди. Уларнинг битта қизчаси бор эди. Хотини ўзини ўлдириб қўйгандан кейин жаноб Лавледи боласини олиб кетиб қолди. Бироз вақтлардан сўнг у қайтиб келди. Шанба кунлари тонг чоғлари биз унинг тор кўчаларда айланиб юрганини кўрардик.
– Абас, – деди отам. – Эртага эртаминан сен ошхонамизга бор.
– Борганча борарман. Борганда нима кўрарман, ёлғиз худойимга аён.
VI
Биз Нэнсининг уйидан чиқдик; у ҳалиям ўчоқ олдида ўтирарди.
– Эшикни ёп, – деди отам, – тамбани қўй. – Нэнси қимирламади. У бизга боқмади. Биз кетдик, у ўчоқ олдида қолди; эшик ланг очиқ, чироқ ёниб турарди.
– У нима дейди, ота? – сўради Кэдди. – Нима рўй бериши керак?
– Ҳеч нима, – деди отам. Жейсон унинг елкасида ўтирар, шунинг учун ҳаммамиздан баланд кўринарди. Биз жарга тушиб бордик; мен индамай ҳар ёққа аланг-жаланг қарардим. Лекин ой шуъласи соялар билан чаплашган ерларда ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.
– Агар Иисус бу ерга беркиниб олган бўлса, у бизни кўриб турибди, тўғрими? – деди Кэдди.
– Бу ерда у йўқ, – деди отам. – У аллақачон кетиб қолган.
– Сен мени мажбур қилдинг, – деди Жейсон ўзи ўтирган чўққидан; осмон саҳнида отамнинг иккита боши борга ўхшаб кўринар – бири кичкина, иккинчиси катта эди. – Мен эса бормайман дедим.
Биз сўқмоқдан юриб жардан чиқдик. Бу ердан ҳамон Нэнсининг эшиги ланг очиқ уйи кўриниб турарди, аммо Нэнсининг ўзи кўринмасди – балки ўчоқ олдида эшикни кенг очиб қўйиб ўтиргандир, чунки у кутавериб чарчаганди.
– Мен чарчадим, – деди у биз кетар пайтимиз орқамиздан. – Оҳ, жуда чарчадим. Мен бор-йўғи бир қора хотинман. Бу менинг айбим эмас.
Аммо ҳали унинг товуши эшитилиб турарди, нега деганда, биз нақ жардан чиққанимизда, у яна ўша товушни чиқара бошлади – товуш куйга ўхшаб-ўхшамасди.
– Энди кийимларимизни ким ювиб беради? – деб сўрадим мен.
– Мен қора эмасман, – деди Жейсон ўз чўққисида ўтириб, у отамнинг елкасида силкиниб борарди.
– Сен баттарроқсан, – деди Кэдди, – сен чақимчисан. Олдингдан бирон нарса чиқиб қолса, сен қорадан ҳам баттар қўрқардинг.
– Ҳечам-да, – деди Жейсон.
– Сен бўкириб йиғлаб юборардинг, – деди Кэдди.
– Кэдди! – деди отам.
– Ҳечам йиғламасдим, – деди Жейсон.
– Қўрқоқ! – деди Кэдди.
– Кэндейси! – деди отам.
Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 10-сон