Уильям Фолкнер. Қора мусиқа (ҳикоя)

I

Бу қисматнинг арзандаси, худо сийлаган банда Уилфред Мижлстоннинг бошдан кечирганлари. Бир парчагина эту суякдан иборат бўлган бу шўринг қурғур доим соатлар ва қўнғироқларнинг қисталанг забтида яшар, эллик олти йилдан бери кўримсиз тош кўчалардан қатнагани қатнаган, увоқ ва бечораҳол, дилдираган бу одамчанинг турқи-таровати кўча магазинларининг хира ойналарида акс этгани этган ва лекин на бирон эркак ва на бирон хотин унинг орқасидан қайрилиб қараган эмасди. Кейин нима бўлдию бир зум унинг юлдузи балқиб кўтарилди — бир зумлик бу балқиш Мижлстоннинг ўзига бир умрга татиди — кўтарилди-ю, бир замонлар ҳазрати Илёснинг бошидан ўтгандай, уни ҳам ўзи йўқотиб қўйган ернинг англаб бўлмас шафақгун кўкларига кўтариб кетди.
Мен уни «Универсал» нефть компаниясининг пўлатдан қурилган докларида, чайқалиб турган танкердан катта бўлмаган Ринкон деган шаҳарчада учратганман. Бу ерда бир қатор уйлар тушган ва бир қатор пальмалар ўсган биттагина кўча бор. Кўча тупроғи яланг оёқларнинг қийшиқ изларига тўла, унинг бетида кундузлари кўланкалар кўлкаланиб ётади, тунлари эса йирик ярқироқ юлдузлар шуълалар сочади.
— У Штатлардан келган,— деб айтишарди менга.— Бу ерда йигирма беш йилдан бери яшайди. Шунча вақт ўтса ҳам, зиғирча ўзгаргани йўқ. Испанчасига лоақал ўнтагина сўзни билмайди. Рост, фақат кийимлари тўзиб кетди, холос.
Кўринишдан уни жуда қари деб ҳам бўлмасди, вақт уни шафқатсиз пийпалаб ўтмагандай эди. Шу ерлик халқнинг ичида йигирма беш йилдан бери ҳаёт кечириб, унинг тилида бир оғиз ҳам гапиролмас, эндиликда шу ҳасратда ўтиб кетадиганга ўхшарди, чамаси! У ҳеч ерда ишламасди: жуда маъсум, ҳаддан ташқари маъсум одамча эди. Жорж Эйд масалларидаги 1890 йилги пресвитер маскарадига дайди либосида чиққан ҳисобчига ўхшаш, афтидан, жуда ғариб, паррихта ва бахтиёр зот.
Ҳа, ғоят бахтиёр ва ғоят қашшоқ.
— Балки ҳақиқатан ҳам камбағалдир, эҳтимол, ўзини фақат камбағал қилиб кўрсатаётгандир. Лекин энди ахир, уни ҳеч нарса қилолмайдилар. Унга буни янги келган пайтларидаёқ айтганмиз. «Бу қандай юриш, — деганмиз унга, — ишлат пулларингни, маза қилиб, роҳат-фароғатда кун кечир. Сувлар оқиб, излар босилиб кетгандир аллақачон». Агар мен таваккалига олиб ўғирлик қилсаму кейин то ўла-ўлгунимча шу лаҳад оғзида қийналиб ўтадиган бўлсам, уларни нима қилишни ўзим билардим!
— «Уларни» деганингиз нима?
— Пуллар. У пул ўғирлаган, кейин жуфтакни ростлаб қолган. Бўлмаса бу ерга келиб, нима қилиб, йигирма беш йилдан бери яшаб юрибди! Куннинг ботишини томоша қилиб юрмагандир, ахир?
— Бой-бадавлат одамга турқи ўхшамайди, — дедим.
— Рост айтасиз. Унда давлат нима қилсин! Лекин афт-башарасини бир қаранг! Бунақа одам ўғирликни ҳам эплаб қилолмайди. Ўғирлаганда ҳам, кейин нима қилишини билмайди. Гапингиз тўғрига ўхшайди. Оёғини қўлига олиб қочган-да, бўйнига тавқи лаънатдан ўзга нарсани осиб келган эмас. У қочиб келган ерда эса биров маза қилиб, пулларни совуриб ётибди, тағин ҳафтада икки маротаба черков хорида овозини баланд қўйиб ашула ҳам айтади, денг.
— Нима, кўпинча шундай бўладими? — деб сўрадим.
— Ҳа, худди мана шундай, тусини ел есин буларнинг. Жуда ҳам битиб кетган разил махлуқ ўзини қуруққа олиб қочади, бошқаси — аҳмоқларнинг энг аҳмоғи эса, гарчи умрида қўлига икки ярим минг ушламаган бўлса ҳам, анов разилга чўғ устидан писта олиб бериб туради. Икки ярим минг-а! Анов аллакимнинг чўнтагига кирса, бу озмунча пулми! Лекин барини йиғиштириб, минг чақирим нарига оёқ жуфтлашга тўғри келса ва бунинг йўлкираларини ҳам ўз ёнидан тўласа, қанчага ҳам етади дейсиз шунча пул?
— Қанча вақтга етади? — деб сўрадим.
— Кўпмас, икки йилга. Уф-ф! Ундан кейин мен… — У тилини тишлаб қолди ва менга олайиб тикилди. Ҳолбуки, ўртамизда турган кофе ва ноннинг пулини мен тўлаган эдим.
— Сиз ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз жуда? Пинкертонмисиз?
— Э, йўғ-э, сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Икки ярим минг долларга қанча вақт яшайди, шуни билмоқчийдим.
— Ким айтди сизга, унинг икки ярим минг доллари бор деб? Мен шунчаки омади гап деб айтдим, холос. Унинг ҳатто икки юз эллик доллари ҳам ҳеч қачон бўлган эмас. Агар бўлганда ҳам, яхшилаб беркитиб қуйган, ҳали бирон жойда чириб ётган чиқар. Бу ерга тилини осилтириб келди-ю, оғирлиги бўйнимизга тушди, бизнинг меъдамизга теккач, мексикаликлар ҳузурига юкиниб борди. Одам ҳам шундай бўладими, ўғирлик пул устида шунчалар титраб-қақшаб ўтирса-я, яна анов исқирт мексикаликларга сиғинди бўлиб юрса-я! Ваҳоланки, оқ одамларга ўхшаб яшаса бўлади-ку.
— Э, балки, ҳеч қандай пул-мул ўғирламагандир? — дедим.
— Унда бу ерда нима қилиб юрибди?
— Мисол учун, унда мен ҳам юрибман-ку бу ерда.
— Сиз ҳам балки қочиб келгандирсиз, мен не билай?
— Ҳамма гап шунда, билмайсиз,— дедим.
Билишни ҳам истамайман. Менинг нима ишим бор. Ҳар кимнинг ташвиши ўзига етарли. Бошқаларни билмайман-у, лекин мен уларнинг ишларига бурнимни тиқмоқчи эмасман. Лекин ишончим комилки, одам, айниқса, оқ танли одамнинг худо билади, нима баҳонаси бўлиши мумкин… у… Ҳозир энди ҳеч қандай баҳонанинг ўзи ҳам қолмаган бўлса керак. Лекин оқ танли одам умрининг қолган-қутган кунларини ўтказиш учун бу ерга келган деб мени ишонтирмай қўя қолинг.
— Нима, сиз ўғирлик — бирдан бир сабаб деб ўйлайсизми?
У менга нафратомуз ва ҳатто ижирғаниб қаради.
— Мабодо, энага керак эмасми ўзларига? Одамларни яхшилаб билиб олмагунингизча энагасиз юришингиз мумкин эмас. Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир кимса, ҳатто черковда ҳаммадан кўра баландроқ овозда ашула айтса ҳам, агар қўлга тушмаслигига ишонса, албатта, қўймайди, ўмаришга ҳаракат қилади. Сиз шуни ҳам тушунмасангиз, яхшиси, тезроқ уйингизга жўнаб қолинг, ойижонингизнинг этагига беркиниб ётинг.
Мен кўчанинг нариги бетидаги Мижлстонни кузатиб ўтирардим. У дарахтлар тагида чанг-тўзонда ўйнаётган бир тўда қип-яланғоч болакайлар олдида турар, ўзи жуда афтодаҳол, кийимлари тўзиган, устига тик газламасидан худди қопдек осилиб турган яғир шим илган эди.
— Нима бўлганда ҳам, — дедим мен, — бу нарсаларнинг бари уни сира ташвишга солмайди чоғи.
— Уними? Э бирон нимадан ташвишланиш ҳатто етти ухлаб тушига ҳам кирмайди. Ақли етмайди бунга.
Ғоят қашшоқ ва ғоят бахтиёр. Ниҳоят, вақти-соати етиб у билан бирга нон ва кофе баҳам кўриб, яқиндан танишишга муяссар бўлдим. Йўқ, ундоқ эмас! Мен ҳалиги биринчи ҳамсуҳбатимга ўхшаган унинг шўрпешона ватандошлари ҳаётда кўп эзилган, тўзган, доим соч-соқоллари ўсиб юрадиган, қачон қараманг, кафе ва барларни тўлдириб ўтириб, тишлари инжудай оппоқ, қорамағиз, назокатли, ўйчан ерли кишилар орасида шовқин-сурон кўтариб, оқ танлиларнинг афзаллиги, бошларига тушган турли ноҳақлик ва хафагарчиликлардан вағирлашиб сўзлашадиган кимсалардан андак ҳоли қолишим билан ўзим уни биргаликда нонушта қилишга таклиф қилдим. Бунга уни бир амаллаб кўндирдим. Мижлстон белгиланган вақтда келди. Устида ўша кир-чир шим, лекин бус-бутун дазмолланган оқ кўйлак кийган эди. Ва ҳатто соқоллари ҳам қиртишлаб олинганди. Меҳмоним қадрини ерга урмай, ялтоқланмай ўтирди. Финжонни қўлига олганда эса, унинг бармоқдари қалтираётганига кўзим тушди,— уни жуда қийналиб оғзига олиб борди. Менинг назаримни пайқаб, биринчи марта менга бошини кўтариб қаради. Шунда унинг кўзлари нақадар қартайиб қолганлигини сездим.
— Икки кун бўлди туз тотмаганимга, — деди узр сўраган каби.
— Икки кун дейсизми?
— Иқлим бу ерда иссиқ. Кун иссиқ бўлса, одамга кўп нарса керакмас. Оч бўлсанг, қушдай енгил юрасан. Бу ерга дастлаб келган пайтларим овқат важидан анча қийналганман. Лекин уйда денг, овқат ейишни жонимдан ҳам яхши кўрардим.
— Тушунарли,— дедим.
Унинг шунча йўқ дейишига қарамай гўнгг келтиришларини сўрадим. Этни охиригача — қолдирмай еди.
— Буни қарангки,— деди у.— Йигирма беш йилдан бери бунчалик маза қилиб овқатланмаган эдим. Одамнинг ёши ўтиб қолгандан кейин эски одатлардан қутулиши қийин бўларкан. Ҳа, сэр. Уйдан чиқиб кетганимдан бери бир марта ҳам тузукроқ овқатланмовдим.
— Энди уйга қайтиб бормайсизми? — сўрадим мен.
— Менга шу ер маъқул. Бу ерда яшаш осон. Ҳеч қандай ташвиш йўқ. Эрталабдан кечгача нима қилсанг, ихтиёринг ўзингда (мен олдин архитектор қўлида чизмакашлик қилганман). Йўқ, орқага қайтиб нима ҳам қилдим.
У юзимга қаради. Чеҳраси сергак ва ўйчан бўлиб қолди, болалар бирор сирни айтиб бермоқчи ёки ҳикоя қилмоқчи бўлсалар, шундай қиёфага кирадилар.
— Менинг қаерда ётиб юришим хаёлингизга ҳам келмайди.
— Рост айтасиз. Ўзингиз айтиб бера қолинг.
— Чордоқда ётаман. Ҳов анави барнинг орқасида. Компанияга қарашли уй. Бошқарувчи мистер Уидрингтоннинг хотини миссис Уидрингтон ўша ерда ётиб юришимга ижозат берган. Баланд, тинч жой, фақат каламушлар югургилаб юришади. Лекин бировнинг уйи бўлгандан кейин нима ҳам дердинг. Асли уй ҳам деб бўлмайди. Уни каламушхона деяверинг… Аммо қизиғи бунда ҳам эмас.— У мендан кўзларини узмай турарди.— Буни ҳеч қачон тополмайсиз.
— Ҳатто уриниб ҳам кўрмайман,— дедим мен.
У ҳамон мендан кўзини узмасди.
— Сизга ҳозир ётадиган тўшагимни гапириб бермоқчийдим.
— Тўшак дейсизми? — қайталаб сўрадим мен.
— Боя айтдим-ку, тополмайсиз деб.
— Нима ҳам қилардик,— дедим мен.— Сиз ютдингиз.
— Мен бир ўрам толнинг устида ётаман.
— Нима?
— Тол дейман.
Унинг чеҳраси очиқ, осуда, овозида қувонч билан бамайлихотир сўйлар эди.
— Кечаси бўлганда, толни ёзиб ётаман, эрталаб яна ўраб бурчакка қўяман. Уй ҳам саранжом денг. Яхши-а, тўғрими? На чойшаб керак ва на кир ювиш. Бу ердан бошқа жойга кўчмоқчи бўлсанг, ўринни тахлайсану соябондай кўлтиғингга қистириб жўнаб қоласан, вассалом.
— Оилангиз борми? — сўрадим мен.
— Йўқ.
— У ёқда, уйингизда-чи?
Мижлстон жуда хотиржам кўринарди. Ўзини стол устида бир нарсаларни кўраётгандай қилиб ҳам кўрсатмасди. У бир зум ўйлахшб қолган бўлсада, лекин кўзларини хаёл тумани қоплагани йўқ.
— У ёқда, уйда хотиним бор. Унга бу ернинг об-ҳавоси унчалар тўғри келмаса ҳам керак. Бу жойни у ёқтирмаган бўларди. Лекин у яхши яшайди. Мен суғурта пулини доим ўз вақтида тўлаб турганман. Анча пул ўтказганман — ҳафтасига етмиш беш доллар оладиган чизмакаш шунча кўп пул суғуртага тўлаши мумкинлигига ишонмаган бўлардингиз. Суғуртанинг қандайлигини билганингизда тоза ҳайрон қолардингиз-да. Хотиним эса пулни тежаб қолишга ёрдам берарди; у жуда яхши хотин. Энди пулларнинг ҳаммаси унга қолди. Қандини урсин, у шунга арзийди. Ундан кейин, менга пулнинг нима кераги бор дейсиз?
— Уйга қайтиш ниятингиз йўқ экан-да?
— Йўқ,— деди у.
У мендан кўзларини узмас, кўзларида яна бир нарсани бўйнига олишга тайёр турган болаларда бўладиган ғалати ифода ғилтиллаб кўринди.
— Мен бир иш қилиб қўйганман. Тушундингизми?
— Тушундим.
— Йўқ! Сиз ўйлагандан кўра бутунлай бошқа нарса. Ановлар ўйлаб юрганидан кўра ҳам бошқа. — У ўз ватандошлари томонга имо қилди. — Умрим бино бўлиб мен пул ўғирлаган эмасман. Мартага ҳам доим шундай дердим,— Марта менинг хотиним, миссис Мижлстон,— пулни шундоғам ишлаб топиш қийин эмас, шундай бўлгач, бошингни хавф остига қўйишнинг нима ҳожати бор? Ишла, вассалом! Биз ахир қийналиб яшаётганимиз йўқ-ку, дердим унга. Албатта, биздан анча яхши тураётган одамлар ҳам бор. Лекин ҳар кимники ўзига. Жўжа бўлиб туғилган экансан, барибир ҳеч қачон бургут бўлиб қолмайсан, охири товуқ бўласан, холос. Ана шундай дердим унга. Хотиним менга кўмаклашарди, биз яхши яшардик. Суғуртамиз қандайлигини сизга айтсам, сиз ишонмаган бўлардингиз. Йўқ, хотиним ҳеч нарсага муҳтож бўлгани йўқ. Нима деб ўйласангиз ўйланг-у, лекин бу ёғига сира шак-шубҳа қилманг.
— Мен ҳам ҳеч нарсадан шубҳаланаётганим йўқ,— дедим.
— Кейин мен бир иш қилиб қўйдим. Шундай, сэр.
— Нима қилиб қўйган эдингиз? Менга айтиб беролмайсизми?
— Бир иш қилиб қўйдим. Шундай ишки, бундайи оддий одамларнинг бошларига аҳён-аҳёндагина тушиши мумкин.
— Ҳар ҳолда нима бўлган эди?
У башарамга қаради.
— Айтиб беришдан қўрқмайман. Ҳеч қачон қўрққан эмасман. Фақат ановлар,— у яна бошини қимирлатиб нарироқда ўтирган юртдошларига имо қилди,— барибир ҳеч нимани тушунмаган бўлардилар. Улар гап нима устида бораётганини билмайдилар. Сиз эса, бошқача одамсиз. Сиз тушунасиз.
У мендан кўзларини узмасди.
— Мен умримда бир марта фан бўлганман.
— Ким?
— Фан. Эсингиздами, эски китобларда ҳикоя қилинади, улар қизил май ичишни яхши кўрадилар. Румо ёки Юноннинг бой сенаторлари эса кўнгил ҳуши учун қадимги узумзорни ва ёхуд эскидан қолган чангалзорни бузиб, ўрнига чорбоғ қурмоқчи бўлишади, чангалзор ва эски токзорлар эса худонинг суйган жойи бўлади, бойваччалар эса полициянинг кўзидан узоқроқда бўлишни ёқтирадилар, аммо эри бор хотинлар у ерларда қип-яланғоч бўлиб диркиллаб ўйноқлаб юришлари худога унчалик хуш келмайди, ана шунда, ўрмон худоси… ҳаҳ, оти нимайди?
— Пан,— дедим мен.
— Худди ўзи. Пан. У ҳалигиндақа одамларни қўрқитиш учун ғалати махлуқларни юборган… ярим така…
— Э-э, фавнлар,— дедим мен.
— Худди ўзи. Фанлар. Мен бир марта ана шундай фан бўлганман. Мени болаликдан художўй қилиб тарбиялашган, оғзимга бир томчи ҳам олмаганман, чекмаганман, умидим борки, дўзахга ҳам тушмайман. Лекин, ана Инжилда айтиладики, бундай махлуқларни тўқиб чиқаришган, ўзи йўқ. Ким нима деб ўйлашини билмайман-у, лекин ўзимга келганда, гапнинг очиғи, буни тўқима, бўлмағур гап, деёлмайман. Мен бошимдан шундай бир нарсани кечирдимки, бунақаси оддий одамнинг пешонасига ҳар куни ҳам тушавермайди. Ҳаётимда бир маротаба мен фан бўлганман.

II

Мижлстон чизмакаш бўлиб ишлайдиган устахонада миссис Ван Дайминг чорбоғининг ғаройиб лойиҳаларини муҳокама қилишар, турли чизмалар ва нусхаларини тайёрлашарди. Чорбоғ тушадиган ерда ўтлоқ ва ўрмон, жанубий ёнбағрида эса токзорлар бор эди. «Жуда яхши жойлар,— дейишарди устахонада,— лекин у ерда туриш уларга барибир буюрмайди».
— Нега энди? — деб сўрадим Мижлстондан.
— У ерда ғаройиб ишлар бўлиб тураркан. Мисол учун, анча илгари Янги Англиядан бир одам келиб бу ерларда ўрнашганлиги, токзорларга яхшилаб қараганлиги ҳақида ҳикоя қилиб беришган эди, чамаси, узум сотаман, деб ўйлаган бўлса керак. Балки мураббо ва шинии пиширмоқчи бўлгандир, ким билади. У яхши ҳосил етиштирган, лекин денг, ҳосилни йиғиб ололмаган.
— Нима учун?
— Оёғи синган. Унинг ерларида эчкилар билан битта қари така ўтлаб юраркан. Ана шу такани токзордан сира ҳайдаб чиқаролмас экан. Нималар қилиб кўрмаган дейсиз, лекин ҳеч иложини тополмаган. Кейин у узум узгани кирганда, така уни сузиб йиқитибди, ўшанда унинг оёғи синган экан. Кўклам чиқиши билан кўчиб кетиб қолибди.
Тағин бир италиялик ҳақида айтиб беришган эди, у ўрмоннинг нариги ёғида турган экан. У ҳам май соламан деб узум етиштираркан. Аввал ишлари роса юришибди. Омади чопиб, майи талаш бўлиб кетибди. Шунда у майга сув билан спирт қўшадиган одат чиқарибди, тоза бойибди. Олдин майни от аравада элтиб сотиб юрибди. Ўрмон ичидан ўзи йўл ҳам солган экан. Лекин пули кўпайгандан кейин юк машина сотиб олибди. Кейин майга янаям кўпроқ сув ва спирт қўшаверибди, пули олдингисидан ҳам кўпайиб кетибди. Шундан сўнг аввалгисидан ҳам каттароқ машина сотиб олибди. Бир куни кечқурун узум ортиб келаётса, қаттиқ шамол турибди-да, шундан кейин у қайтиб келмабди. Хотини уни тонг отганда топибди. Машина йўлдан ағдарилиб кетиб, тагида қолиб ўлган экан.
— Бунга ернинг нима дахли бор? — сўрадим.
— Э, мен эшитган гапларимни айтиб беряпман-да. Ўша ернинг одамлари, ҳамма бало жойнинг ўзида, деб ўйлашаркан. Тўғри, улар ҳаммаси қишлоқнинг жоҳил ва оми одамлари, балки шунинг учун ҳам, ажабмаски, шундай деб ўйлаб юрган бўлсалар. Лекин ўша жойда уларнинг биронтаси ҳам туришни истамас экан, шунинг учун ҳам, мистер Ван Дайминг ерни арзонгинага сотиб олган. Рафиқаси учун олган. Эрмакка. Ҳали чизмалар ҳам тайёр бўлмасдан хотини бир поезд одамни ерини кўрсатгани олиб борибди. У ерда эса ҳали ҳатто қоровулхона ҳам йўқ эди, йўл ҳам тушмаган эди, ҳеч нарса йўқ, фақат ўтлоқда одам бўйи баравар майса-ўланлар ўсиб ётар, адир ёнбағрида эса токзорлар чакалак бўлиб кетганди. Парк-авенюда турадиган бойваччаларга хотин тушунтира кетибди: мана бу ерда меҳмонлар турадиган худди Колизейга ўхшаган қўра бўлади, бу ерда эса, худди Акрополга ўхшаган гараж қурилади: токзорларни бошдан-оёқ қўпориб ташлайман, ёнбағирликда тепадан пастга қараб ўриндикдар тушиб келади — очиқ театр шу ерда бўлади, театрда биз ўз пьесаларимизни ўйнаймиз. Ўтлоқ ўрнида кўл бўлади, кўлда моторли рим кемачаси сузади, унда ёстиғу кўрпачалару ҳаммаси бўлади, бемалол ётиб айш қиламиз.
— Мистер Ван Дайминг нима деди?
— Индамай турган бўлса керак. Номигагина эр. Бир сафар у хотинига шундай деб қолди: «Шошма-чи, Мэтти…» Хотини эса устахонада тўппа-тўғри ҳаммамизнинг олдимизда шартта эрига ўтирилиб қаради-да, бобиллаб берди: «Мен сенга Мэтти эмасман!»
Мижлстон индамай қолди. Кейин яна тилга кирди.
— Хотини Парк-авенюда туғилган аслзодалардан эмасди. Ҳатто уэст-честерлик ҳам эмас. У Покипсида туғилган. Қизлик чоғида унинг исми шарифи Лампкин эди. Ана энди ўзингиз топиб олинг! У Ван Дайминглар хонадонига мансуб олмосу жавоҳирларни тақиб газетага суратга тушганида, сурат тагига миссис Ван Дайминг бир пайтлар Покипсида яшаган мисс Матильда Лампкиннинг худди ўзи деб ёзилмаган эди. Йўқ, сэр. Ҳатто газеталар ҳам буни эслашга журъат қилмаган эдилар. Афтидан, мистер Ван Даймингни ҳам бунга юраги бетламасди, мабодо, устахонада бўлганидек, унда-мунда тилдан адашиб қолмаса. Ўшанда ҳам хотини шартта бетгачопарлик қилганди: «Мен сенга Мэтти эмасман!» Шўрлик эри турган жойида қотиб қолди, тили танглайига ёпишди, ўзи кичкинагина увоқ одам денг,— менга сизга ўхшайди деб айтишарди. Аъло навли сигарасини қўлқопига аста-аста урганича, юзида юз қолмаган, кулмоқчи бўлган, лекин кулишини ҳам билмаган бир алфозда турибди денг.
Улар олдин уйни қуриб битказишди. Қулинг ўргилсин уй бўлди ўзиям — Ван Даймингнинг ўзи лойиҳасини чизган эди-да! Бу сафар у боплаб адабини берган шекилли, хотинига миқ этолмади. Мэтти-пэтти деб ўтирмаган бўлса керак. Хотини ҳам, «Мени ундай деб чақирма, тилингни тий!» деб айтишга юрак бетламаган шекилли. Балки у уй қуришдан бошқа ишларга аралашмасликка хотинига сўз бергандир. Уй чиндан ҳам жуда чиройли чиқди. У адирнинг тепасида ўрмон четида жойлашган эди. Уйнинг бир қисми оғочдан қурилганди. Уй бу ерга шунчалар мос тушган эдики, худди бир асрдан бери ана шу жойда турганга ўхшарди. Йирик хари оғочлар бўлиши керак бўлган жойлари йирик харилардан, ғишт билан териладиган ерлари ташиб келтирилган ғиштдан, баъзи жойлари эса тахта қопламалик қилиб қурилган эди. Уй ўз жойига тушганди. Кўзга ташланиб турмасди. Менинг нима демоқчи бўлганимни тушуняпсизми?
— Тушуняпман. Афтидан, тушуняпман.
— Лекин Ван Дайминг бошқа ҳеч нарсага мутлақо аралашмади, на хотини айтган кўлларга ва на Акрополларга.
У менга қаттиқ тикилди.
— Баъзан мен ўйлаб қолардимки…
— Нимани?
— Боя айтдим-ку, биз у билан жуда ўхшаш эдик, бўйимиз ҳам бир…
У мендан кўзларини узмасди.
— Шундан денг, назаримда, биз у билан юракдан очиқчасига суҳбатлашсак бўлаверадигандек туюларди, гарчи у аъло костюмлари, акциялари, темир йўллари бўлган Ван Дайминг, мен эсам, ҳафтасига етмиш беш доллар оладиган бруклинлик оддий чизмакаш, ёши ҳам ўтиб қолган бир одам эдим. Шу денг, мен истаган пайтда унга юрагимдаги бор гапларимни тўкиб солишим, у эса ўз дард-ҳасратларини мен билан ўртоқлашиши мумкиндай туюларди. Шунинг учун ҳам мен баъзан ўйлаб қолардимки…
У менга синовчан, қаттиқ разм солиб қаради.
— Эркаклар хотинларга қараганда фаросатлироқ бўладилар. Улар нимага бурун суқмаслик кераклигини яхшироқ билишади. Улар худога ишонадиларми йўқми, бундан қатьий назар. Майли, гарчи умуман ҳеч нарсага ишонмасалар ҳам.
У менга жуда синчиклаб қараб ўтирарди. Кейин худди бирваракай қатъий бир қарорга келган кишидай, деди:
— Сизга буларнинг ҳаммаси аҳмоқлик бўлиб кўринади.
— Э, нималар деяпсиз. Асло ундай эмас!
У менга синчковланиб қараб турарди. Кейин кўзларини четга бурди.
— Шундай кўринади. Фақат сизнинг вақтингизни оляпман, холос.
— Ундай эмас деяпман-ку. Чин сўзим! Ростдан ҳам, бу воқеани жуда эшитгим келяпти. Дунёда одамлар ҳамма нарсани билиб бўлдилар, деган гапга ишонмайман.
У кўзларини мендан узмасди.
— Дунё ҳозиргидай бўлиши учун миллион йил керак бўлди, дейишади, деб давом этдим мен.— Одам боласи эса, етмиш йил ичида дунёга келиб, қариб-чириб, омонатини ҳам топшириб улгуради. У ҳаммасига жиндай шубҳа билан қарайдиган даражада. Ахир қачон шунча нарсани билиб улгуради дейсиз?
— Рост,— деди у,— тўғри нарсани тўғри дейиш керак.
— Хўп, сиз баъзан нималарни ўйлар эдингиз?
— Ўйлардимки, агар мен бўлмаганимда, ановлар уни танлаган бўлишарди. Хўш, ўша Ван Даймингни менинг ўрнимга танлаган бўлишарди.
— Улар дейсизми?
Биз бир-биримизга жуда жиддий ва жуда хотиржам қараб турардик.
— Мен Янги Англиялик йигитга такани ва италияликка қарши бўрон юборганларни айтяпман.
— Э, шундай демайсизми. Бундан чиқди, уларнинг қўлларига сиз тушиб қолмаганингизда, улар мистер Ван Даймингни танлар эканлар-да. Сиз уларга нега керак бўлиб қолдингиз?
— Ана шуни сизга ҳикоя қилиб бермоқчиман-да. Бу ишга қандай дучор бўлганимни. Лекин мени танлаганларидан мутлақо хабарим йўқ эди. Бунинг устига мени оддий одамлар қисматига камдан-кам тушадиган ишга танлашган экан. Ҳаммаси мистер Картер (архитектор, менинг бошлиғим) Ван Дайминг хонимдан ишни тезлатиш ҳақида буйруқ олгандан кейин бошланди. Мен боя айтиб бердим шекилли, уйни қуришгани ва турли-туман меҳмонлар келиб, энди ҳар турли Колизейлару Акрополларни қандай қураётганларини томоша қилишганларини. Ана шунда биз ҳам буйруқ олдик. Хоним тепа ёнбағрида узумзор ўрнида қуриладиган очиқ театрнинг эскизларини тезроқ тайёрлаб беришни талаб қиларди. Меҳмонлар Акрополлар ва Колизейларни қандай қуришаётганини бемалол ўтириб томоша қилишсин, деб ўйлаган шекилли. Хоним шу мақсадда токларни ҳам қўпортира бошлаганди. Шундан кейин мистер Картер чизмаларнинг нусхаларини папкага солди-да, икки кунга чиқиб келинг деб, мени жўнатиб юборди.
— Ўша жой қаердайди ўзи?
— Билмайман. Узоқда, тоғлар ичида. Ўша тоғларда одамлар жуда сийрак яшашади. У ерда ҳаво кўм-кўк мовий, салқин, шамол эсиб туради. Қарағайлар шамолда гувиллайди, худди арғанун чалган каби, лекин, албатта, арғанун сасларидай созланган эмас. Созланмаган кўйи гувиллашарди ўша қарағайлар. Лекин ана шу ернинг аниқ қаердалигини рости, билмайман. Мистер Картернинг ўзи чипта олдирган ва бекатда сизни одам кутиб олади деганди.
Албатта, мен дарров Мартага қўнғироқ қилдим, уйга тайёргарлик кўргани жўнадим. Келсам, кўчалик костюмларим яхшилаб дазмолланган, туфлиларим ярақлайди денг. Лекин буларнинг унча ҳожати ҳам йўқ эди, қиладиган ишим нусхаларни беришу қайтиш. Лекин Марта, у ерда қандай одамлар йиғилишини ўзинг айтган эдинг-ку, деди. «Шундай борсанг, улардан сира ҳам қолишмайсан,— деди у менга.— Майли, улар бой-бадавлат бўлсинлар, уларни газеталарда ёзишсин. Лекин сенинг улардан кам жойинг йўқ». Кўркам костюмда, папкани қўлтиғимга қистириб поездга ўтираётганимда унинг менга айтган охирги сўзлари шулар эди: «Уларни газеталарда ёзишса ҳам, барибир, сенинг улардан қолишадиган жойинг йўқ». Ана шундан ҳаммаси бошланди.
— Нима бошланди? Саёҳатингизми?
— Йўғ-эй. Анов. Поезд анча йўл босиб қўйди. Атроф кета кетгунча далалар. Мен ўшанда танлаб олинганимни етти ухлаб хаёлимга ҳам келтирмагандим. Вагонда шундоқ ўтирибман денг, папка эзилмасин деб, тиззамга қўйиб олганман. Ҳатто муз солинган сув ичиб келайин деб, ўрнимдан турганимда ҳам, мен танлаб қўйилганлигимни билмасдим. Папкани ҳам қўлимдан қўймай, муздай сувни қоғоз стаканчадан ичиб турибман денг. Ойнага қарайман, томоша қиламан. Йўл ёқалаб оппоқ девор узундан-узоқ чўзилиб кетган, уларнинг нариги ёғида моллар ўтламоқда. Поезд шитоб билан елиб борарди, буларнинг қандай моллар эканлигини ҳам билолмай қолдим.
Мен яна бир стакан қуйиб, ҳўплаяпман, йўл ёқасига тикиламан, сигирларга қарайман, бирдан оёқ остим қаттиқ силкиниб кетди. Йўл ёқаси, деворлар чархпалак бўлиб суза бошлади. Ана шунда мен уни кўрдим. Кўришим билан гўё бошимда бир нарса портлагандай бўлди. Биласизми, нимани кўрдим?
У мендан кўзларини узмасди.
— Башара! Девор оша ҳавода муаллақ осилиб турибди-ю, менга тикилади. Одамзод башарасига ўхшамайди, нега десангиз, шохи бор, лекин така шохи эмас, аммо соқоли ҳам бор денг. У менга тикилиб қарайди, оғзи катта очилган, худди ҳозир менга бир нима дейдигандай. Ана шунда калламда бир нарса портлаб кетгандай бўлди.
— Кейин-чи? Кейин нима бўлди?
— Менинг гапларимни эшитяпсиз-у, ичингизда ўйлаётган бўлсангиз керак: «Деворнинг орқасида такани кўрибди» деб. Биламан. Мен ҳам сиздан ишонинг деб сўраганим йўқ. Биров ишонадими бунга, ишонмайдими, йигирма беш йилдан бери бу мени сира қизиқтирмайди. Садқайи сар. Ана шуниси муҳим.
— Албатта,— дедим мен.— Ҳар ҳолда ундан кейин нима бўлди?
— Кейин кўзимни очсам, ерда ётибман, юзим жиққа ҳўл, оғзим, томоғимга худди ўт тушгандек. Аллақандай бир кимса оғзимга шиша тутиб турибди (кузатувчилардан ташқари улар яна икки киши эди). Мен десангиз, ўрнимдан туриб ўтирмоқчи бўламан. «Бу шишадаги виски экан», дейман. «Қўйинг-э, оғайни, нима деяпсиз,— дейди анави кимса, сизга ўхшаган одамга виски бериб бўладими! Башарангизга бир қарашда онадан туғилиб оғзингизга бир томчи олмаганлигингизни аниқ айтиб бериш мумкин. Тўғрими?» Мен унинг гапини тасдиқладим. «Албатта ҳеч ичмагансиз. Ҳа.— дейди у,— кўринишдан унча бақувватга ҳам ўхшамайсиз: бурилишда бир силкинган эди, дарров ағанаб тушдингиз. Бошингизни қаттиқ уриб олган кўринасиз. Ҳозир қандай, сал тузук бўлиб қолдими? Қани-чи, яна бир ҳўплаб юборинг, бир оз тетик тортасиз».— «Менимча, бу вискига ўхшайди», дейман яна мен…
— Ростданам вискимиди?
— Билмайман. Эсимдан чиққан. Ўшанда билган бўлсам керак, яна бир маротаба ҳўплаганимдан кейин. Лекин бунинг ҳеч аҳамияти йўқ. Анов бусиз ҳам ўз ишини бошлаб юборган эди.
— Вискими?
— Йўқ, Анови. Вискидан ҳам кучлироқ бўлган анови. Мен эмас, худди ўша анови шиша оғзидан ароқ тортаётгандай эди. Бояги киши ҳам шишани ёруққа солиб кўрди-да: «Ҳақиқатан ҳам, виски эмас, сувдай тортасиз-а,— деди.— Ҳечқиси йўқ, нималигини кейин билиб оласиз».
Кейин охири поезд мен тушадиган бекатга келиб тўхтади, бу ерда ҳамма нарса мовий экан — осмон ҳам кўк, тоғлар ҳам мовий. Мени арава кутиб турган экан: бояги икки киши вагондан тушишимга кўмаклашиб юборишди, папкамни қўлимга тутқазишди, мен бўлсам, қаққайиб турганча: «Қани ҳайда!» дейман. Қаранг-а, «Қани ҳайда!» дебман, ҳалиги икки киши менга худди сизга ўхшаб қараб қолишди.
— Анграйиб қолишдими?
— Ҳа. Ишонмасангиз, ишонманг. Мен фақат улардан илтимос қилдим, тўхтаб туринглар, мен сибизға сотиб олай…
— Сибизға?
— Ўша ерда дўконча бор экан. Дўкончаю станция-ю ва яна тоғлар денг, араванинг тагида хира туссиз тупроқ ва тағин кўкимтир совуқ, лекин қуёш йўқ эди. Кейин биз…
— Сибизға нима бўлди? — сўрадим мен.
— Сотиб олдим, дўкончадан олдим… тунукадан ишланган, тешикчалари ҳам бор. Қандай чалишга ҳеч ақлим етмаса бўладими денг. Шунда денг, палкани арава ичига қараб улоқтирдим-у: «Қани ҳайда!» дедим. Ҳа-ҳа, худди шундай дедим. Бояги икки кишининг биттаси папкани аравадан олиб, қўлимга тутқазди денп «Ҳей, оғайни, бунинг ичида қимматли ҳеч нарса йўқми?» Мен папкани олиб яна арава ичига итқитаман-да: «Ҳайда!» деб қичқираман.
Биз ҳаммамиз араванинг ўриндиғида ўтирибмиз, мен ўртадаман. Ашулани баланд қўйиб кетяпмиз. Совуқ эди, биз эса дарё бўйлаб кетяпмизу ашула айтамиз денг, кейин тегирмон олдига келиб тўхтадик. Бояги кишиларнинг бири у ерга кириб кетди, мен бўлсам ечина бошладим…
— Ечина бошладингиз?
— Ҳа-да, устимдаги пўрим костюмни ечдим. Ечиб индамай-синдамай тўғри чанг кўчага қараб отдим.
— Совуқ эмасмиди?
— Совуқ. Совуқ ҳам гапми. Ечинганимдан кейин дарров билинди. Кейин бояги бири кўза кўтариб келди, кейин ҳаммамиз ичдик…
— Кўзадаги нима эди?
— Билмасам. Эсимда бўлсайкан. Лекин, афтидан, виски эмасди, йўқ. Худди сувга ўхшаган туссиз нарса эди.
— Ҳидидан билиб бўлмасмиди?
— Мен ҳид билмайман. Шифокорлар ҳид билмайдиганларни нима деб аташларини ҳам билмайман. Баъзи бир ҳидларни болалигимданоқ ажрата олмасдим. Айтишларича, мен йигирма беш йил шунинг учун ҳам бу ерда чидаб яшаб юрган эмишман.
Шундай қилиб денг, ичиб олганимиздан кейин мен кўприк панжараси олдига бордим. Сакрашдан олдин сувда ўз аксимни кўрдим. Ўшанда билдим — ҳамма нарса рўй бериб бўлганлигини. Танам одамларнинг таналарига ўхшарди. Башарам эса худди поездда кетаётганимда бошим портлаганда қандай бўлса, худди ўшандай — шох ўсиб чиққан, соқолим осилган эди.
Мен аравага қайтиб келдим, биз яна кўзачадан тортдик ва ашулани ванг қилиб қўйдик, улар кўйлак, шимларингизни кийиб олинг деб илтимос қилишди. Сўнг биз йўлга тушдик. Ашулани баланд қўйиб кетяпмиз.
Рўпарамда уй кўринди, мен аравадан тушдим. «Яхшиси, бу ерда тушма,— дейишди ҳалиги иккови.— Бу ер қўра, улар ҳўкиз боқишади занжирда». Лекин мен барибир тушдим, қўлимда денг, костюм, нимча, папка, тунука сибизға денг.

III

Мижлстон индамай қолди. Кейин менга жуда жиддий ва жуда хотиржам кўз ташлади.
— Хўш,— дедим мен.— Ундан кейин нима бўлди?
— Мен сизга ишонмасангиз ишонманг дедим-ку. Тўғрими? У қўлини қўлтиғига тиқди.— Бунақа гапга ишониб бўладими. Лекин сиз жон-жон деб қулоқ солдингиз, шунинг учун сизга ҳозир бир нарсани кўрсатаман.
У қўйнидан дағал ҳамён чиқарди. Ҳамён ҳаддан ташқари беўхшов қилиб тикилган, эскириб кетганидан чирк бойлаганди. У ҳамённи очди. Лекин ичидагини олмасдан олдин яна менга қаради.
— Сиз ҳеч риоя қила оласизми?
— Риоя дейсизми?
— Худди шундай. Одамлар буни ўз кўзим билан кўрганман деб сўйлай бошлаганларида. Ахир, иккита одам битта нарсани бутунлай бошқача-бошқача кўришлари мумкин. Ҳатто битта одамнинг ўзи турлича кўриши мумкин — ҳаммаси қаердан қандай қарашга боғлиқ.
— Тушунарли,— дедим мен.— Риоя. Ҳа, албатта.
У ҳамёндан букланган газета қийтиғини чиқарди. Газета парчаси аллақачонлар сарғайиб кетган, букланиб сийқаланган четлари кир мато билан елимлаб қўйилганди. Мижлстон эҳтиёткорлик билан шошилмасдан қийқимни очди-да, менинг олдимга ёзиб қўйди.
— Фақат қўлингизга олманг,— деди.— У жуда эскириб кетган,— менда эса бошқа нусхаси йўқ.
Мен газета парчасига кўз ташладим — ҳарфларнинг ранги ўчган, қоғози ейилиб кетган, йигирма беш йил бурун чиққан…

ВИРГИНИЯ ТОҒЛАРИДАГИ САВДОЙИ КИБОР ХОНИМГА УНИНГ ЎЗ БОҒИДА БЎЛГАН ҲУЖУМ

Нью-Йорклик миссис Карлтон Ван Дайминг ўз чорбоғида ярим яланғоч телба ва қутурган буқа ҳужумига учради. Жинни ғойиб бўлди. Миссис Ван Дайминг оғир аҳволда. Шундан кейин суратлар, ўша жойнинг харитаси берилган, миссис Ван Дайминг Нью-Йоркдаги меъмори олдидан вакил келишини кутаётгани ва тушлик чоғида шу одамнинг қўлидан чизмаларни олиш учун чиққани ҳикоя қилинган эди. Ҳикоя миссис Ван Дайминг тилидан ёзилган эди:
«Мен кутубхонага бордим, шаҳардан келган вакилни шу ерга олиб киринглар деб айтиб қўйгандим, лекин кутубхонада ҳеч зоғ йўқ эди. Мен хизматкорни чақираймикин дедим-да, яна балки вакил дарвоза олдида тургандир, ўзим чиқиб қарай қолай дедим, бу ернинг одамлари то уй эгаларининг бири чиқмагунча, остона ҳатлаб ичкари кирмайди. Мен дарвозага қараб юрдим. Лекин у ерда ҳам ҳеч ким йўқ эди.
Ташқарига чиқиб қарадим. Эшик олди ёруғ бўлса ҳам, мен аввал ҳеч нарсани кўрмадим. Мен уйга қайтиб кириб кетмоқчи бўлдим, лекин хизматкор арава станциядан келди деб аниқ айтгани учун, вакил эски токзорлар қўпорилиб, театр учун жой очилаётган ерга ўтгандир деб ўйладим. Тоғ ёнбағрига яқинлашиб қолганимда нимадандир орқамга ўгирилиб қарашга мажбур бўлдим. Мен билан ёп-ёруғ дарвоза ўртасида аллақандай бир одам бир оёғида ҳаккалаб шимини ечишга уринарди. Юрагим орқамга тортиб кетди.
Мен эримни ёрдамга чақира бошладим. Қичқирганимни биламан, ҳалиги одам шимини шартта ечиб менга ташланди, унинг бир қўлида қандайдир япасқи нарса, иккинчи қўлида пичоқ бор эди (дарвоза олдидаги чироқнинг шуъласида пичоқнинг узун учи ваҳимали ялтираб кетди). Мен ўрмонга қараб қочдим.
Қаерга қочиб бораётганимни ўзим ҳам билмасдим. Кучим борича чопаётганимни биламан, холос. Кейин мен эски токзордан чиқиб қолдим, буни қарангки, мен уйдан тамомила тескари томонга қараб қочган эканман. Ҳалиги одам орқамдан қувиб келарди, бирдан кутилмаганда, у ғалати товушлар чиқара бошлади — худди ёш бола сибизға чалаётгандек эди. Лекин мен тезда бу товуш оғзига тишлаб олган пичоқ орасидан чиқаётганлигини фаҳмладим.
Бирдан мени алланима қувлаб етди ва буталарни даҳшатли равишда патирлатиб ёнимдан ғувиллаб ўтиб кетди. У шундоқ ёнгинамдан ўтганлиги учун ваҳимали махлуқнинг чўғ бўлиб ёнган кўзлари ва шохларига кўзим тушди. Шунда ие, бу Карлтон Ван Даймингнинг наслдор бўрдоқи буқаси-ку, деб танидим, буқа шунчалар даҳшатли эдики, Ван Дайминг уни занжирда сақларди. Буқа ечилиб кетган эди. У ёнимдан учиб ўтиб, нарига шаталоқлаб кетди, мен энди у томонга қочолмасдим, орқага қайтай десам, йўлимни ҳалиги жинни пичоғи билан тўсиб олган. Мен нима қилишимни билмай қолдим» қўрққанимдан дарахтга суяниб олганча ёрдамга чақира бошладим…»
— Ҳўкиз қандай қилиб ечилиб кетган экан?— сўрадим мен.
Мен ўқирканман, у худди мактаб муаллими унинг иншосини текшираётгандай мендан кўзларини узмасди.
Мен болалигимдан полиция газетасини сотардим, шунинг эвазига ҳар турли мукофотлар беришарди. Менга ажойиб бир асбоб тегди, у билан истаган қулфингизни очиш мумкин эди. Мен уни чўнтагимда худди тумордек олиб юраман, лекин сира ишлатмайман. Ўша кеча шу асбоб ҳам ёнимда эди.
У стол ва газетага қаради.
— Ахир одамлар ўзлари кўрган нарсаларни ҳикоя қиладилар, бўлган бўлмаганлиги — бу бошқа гап. Улар қандоқ ишонган бўлсалар, сиз ҳам шундай ишонаверинг. Лекин бу газетада у чопиш осон бўлсин деб, туфлисини ечиб ташлагани, мен туфлига қоқилиб йиқилиб тушай деганим, у чопиб бораркан, ичида бир нарса худди юк ташувчи отдай ғўрт-ғўрт қилгани ва у қадамини секинлата бошлаганда, мен сибизғага зўр берганим ва у яна тирақайлаб қочгани ҳақида ёзилмаган.
Мен орқада қолиб кета бошладим. Қўлимда папка, бир қўлимда сибизға, ҳеч унга етиб ололмасдим. Машқим пастлиги ва бунинг устига кўп югурганлигим билинди. Кейин мен папкани итқитиб юбордим-у у турган жойга чопиб келдим, ҳалиги буқа унга тегмайди-ю, атрофида гир айланиб чопгани-чопган денг — даҳшатли шовқин-тўполон денг яна. У бўлса орқаси билан дарахтга тираниб олганча, худди бировни уйғотиб юборишдан чўчигандай: «Карлтон, Карлтон» деб пичирлагани-пичирлаган.
Газетада бу ёғи шундай ҳикоя қилинарди:
«…Мен дарахтга ёпишганча турибман, буқа ана-мана дегунча мени кўриб қолиши мумкин. Шунинг учун мен овозимни чиқармай қўйдим. Аммо шунда анови одам ёнимга келди, биринчи марта уни яқиндан кўрдим. Олдимга келгач, қандайдир бир зум ичида мен ҳам даҳшатга тушиб, ҳам қувониб, ўйладим: мистер Ван Дайминг! «Карлтон!» деб чақирдим.
Жавоб йўқ. У энгашган эди яна унинг пичоғини кўрдим. «Карлтон!» деб қичқирдим мен. У эса ғўлдирайди: «Оҳ қуриб кетсин, ҳеч бўлмаяпти»,— у шундай деб ёмон пичоғини нимадир қилмоқчи бўлаверади.
«Карлтон! — қичқирдим мен.— Жинни бўлибсан!»
У бошини кўтарди. Мен у эрим эмаслигини кўрдим, ҳам телба, савдойи, ҳам буқа таъқибига дучор бўлганлигимни тушундим. Шунда у яна пичоғини оғзига олиб борди ва унга қараб уфлай бошлади, қўрқинчли, чинқироқ овоз эшитилди. Мен ҳушимдан кетдим».

IV

Ана шу холос. Газетада бундан ташқари телбанинг беиз ғойиб бўлгани, миссис Ван Дайминг шифокор назоратида даволанаётгани, уни барча меҳмонлар ҳамда мол-мулк билан биргаликда Нью-Йоркка қайтариб олиб келиш учун махсус поезд буюрилгани хабар қилинган эди: мистер Ван Дайминг эса мухбирларга қисқагина айтган сўзида чорбоғни қуришдан воз кечгани, уни сотиб юборажагини билдирган эди.
Мен газета парчасини худди Мижлстоннинг ўзидай ғоятда эҳтиёткорлик билан буклаб қўйдим.
— Демак, бор гап шуми?— дедим.
— Ҳа, шу. Эртасига эрталаб кун ёришганда ўрмонда уйғониб кетдим. Каердалигимни ҳам, қандай қилиб ухлаб қолганлигимни дарров эслолмадим. Нима қилиб қўйганлигимни ҳам билмасдим. Бунинг нимасига ҳайрон қоласиз! Лекин, ҳар қалай, одамнинг умридан бир куни йўқоладию буни билмаслиги мумкинми. Нима деб ўйлайсиз?
— Ҳа,— дедим мен,— гапингиз тўғри бўлса керак.
— Мени кўплар гуноҳга ботган банда деб билишади, лекин худонинг назарида ундай эмаслигимга ақлим етади. Баъзи одамлар худонинг ишларини худонинг ўзидан кўпроқ биламан деб ўйлашади, лекин улар нималар дейишмасин, ҳатто ҳар қандай инсу жинслар ва ҳатто иблиснинг ўзи ҳам худонинг кўз ўнгида улар айтганчалик гуноҳкор эмаслар. Нима дейсиз?
Ҳамён столда очиқ ҳолда ётарди. Лекин Мижлстон газетани ҳануз олиб қўйгани йўқ.
Ниҳоят у кўзларини бир четга олиб қочди ва чеҳрасида яна болаларча тортинчоқ бир ифода пайдо бўлди. У ҳамёнга қўлини солди-да, худди олдингидек, дарров ола қолмади.
— Ҳолбуки, бу ҳали ҳаммаси эмас,— деди у қўлини ҳануз ҳамёндан олмасдан, кўзларини ерга тикканча: мўйлари сийрак кўримсиз юзи маъсум ва осуда эди.
Болалигимда жуда кўп ўқирдим. Сиз-чи? Сиз кўп ўқийсизми?
— Ҳа, оз эмас.
Лекин у менинг гапимни эшитмасди.
Мен қароқчилар, ковбойлар ҳақида китоблар ўқир ва ўзимни уларнинг энг зўр бошлиғи деб тасаввур қилардим, ваҳоланки, мен-ку ўзим океанни ҳам фақат Кони-Айлендда, дарахтларни эса Вашингтон-скверда кўрганман. Лекин мен худди ҳар бир ёш бола каби ўқир ва ишонардимки, ҳамон мен ёруғ дунёга келган эканман, ҳаёт мени камситиб қўймайди ва ўшанда… Ўшанда эрталаб кийингани уйга борсам, Марта менга айтади денг: «Ван Даймингларни газеталарда ёзишса ҳам, сенинг улардан ҳеч қолишадиган жойинг йўқ. Газеталарда ёзишга арзийдиган одамларнинг ҳамма-ҳаммасини на Парк-авеню ва на бутун Бруклинга сиғдириб бўлади». Ана шундай деди.
У қўлини ҳамёндан олди. Қўлида кичкинагина ранги ўчиб сарғайиб кетган газета қийқими бор эди: қийқимни у менга берди.

СИРЛИ ЙЎҚОЛИШ ЖИНОЯТ БЎЛИШИ ҲАМ МУМКИН

Нью-йорклик меъмор Уилфред Миглстон миллионернинг чорбоғида ғойиб бўлди.

ПОЛИЦИЯ ВА КЎНГИЛЛИЛАР ВИРГИНИЯ ТОҒЛАРИДА ЖИННИ ТОМОНИДАН ЎЛДИРИЛГАН ДЕБ ТАХМИН ҚИЛИНАЁТГАН МЕЪМОРНИНГ ЖАСАДИНИ ҚИДИРМОҚДАЛАР

Миссис Ван Даймингга бўлган ғалати ҳужум билан боғлиқ бўлса керак.

ЕРЛИ КИШИЛАР ТАҲЛИКАДА …

Виргиния штати, 8 апрель…
6 апрель куни мистер Карлтон Ван Дайминг чорбоғига олиб борадиган йўлда Нью-Йорклик меъмор Уилфред Миглстон сирли равишда ғойиб бўлди. Ёши 56 да. Унинг қўлида ноёб чизмалар бор эди, чизмалар бугун эрталаб Ван Дайминг ерларидан топилди, шундай қилиб биринчи ашёвий далил қўлга киритилди. Полиция бошлиғи Элмер Харрис ўзи бу иш билан шуғулланмоқда: ҳозир у Нью-Йоркдан келадиган бир қанча изқуварларни кутмоқда. Криминалистлар ёрдамида у жиноятни тезликда тафтиш қилишни ваъда қилмоқда.

УНИНГ ҲАЁТИДАГИ ЭНГ МУШКУЛ ИШ

«Одам йўқолишининг сабабларини очсам, — деб айтди Харрис,— миссис Ван Даймингга ўша куни юз берган ҳужум ҳам маълум бўлади:
Мижлстоннинг хотини қолди, миссис Марта Миглстон, унинг яшаш жойи — Бруклин, кўча…
У менинг юзимга тикилиб турарди.
— Лекин мана шу ишларнинг ҳаммасида битта хатолик ҳам рўй берган — деди у.
— Ҳа, деб жавоб бердим мен, — сизнинг исми-шарифингизни нотўғри ёзишибди.
— Мен буни кўрмасангиз керак деб ўйловдим. Лекин гап бундамас.
У қўлида яна бир газета парчасини ушлаб турди-да, сўнг менга узатди. Бу ҳам олдинги парчаларга ўхшар, улардай сарғайиб, ўчган эди. Сиёҳи қуриган қатор бир текис ҳарфларга тикиларканман, одамларнинг аввалги қилмиш-қидирмишлари, ҳирсу харослари рангсиз бўз тупроқ узра лоақал бир из ҳам қолдирмасдан, худди эски элакдан ўтиб кетгандай ғойиб бўлганлигини ўйлардим.
— Мана, ўқиб кўринг. Фақат мен бошқа хатолик ҳақида ўйлар эдим. Лекин у пайтлар ким билибди дейсиз?..
Мен ўқир, унинг сўзлари қулоғимга элас-элас чалинарди. Бу қидириш ҳақида эълонлар бериладиган жойда босилган хат эди.

Янги Орлеан, Луизиана,
10 апрель…
«Нью-Йорк таймс» газетасининг бош муҳарририга,

Ҳурматли сэр!
Газетангизнинг 8 апрель сонида бир одамнинг исми шарифи нотўғри ёзилган. Унинг исми шарифи Миглстон эмас, Мижлстон. Ҳар бир америкалик оила учун матбуот яхшилик ва ёки кулфат келтириши мумкин, магарким, сиз газетанинг жойларда ва пойтахтда чиқадиган сонларига тузатиш берсангиз, бошим осмонга етган бўлурди. Матбуот — жуда зўр куч ва сиз ҳар куни газеталарда чиқиб юрмайдиган одамларнинг ҳам исми шарифларини нотўғри ёзишга сира ҳаққингиз йўқ, ўша одамлар бошқалардан сира қолишмайдилар.
Олдиндан миннатдорчилигимни билдираман.

Салом билан
Ошна.

— Тушунарли,— дедим мен.— Сиз уни тузатгансиз.
— Ҳа. Лекин хато бутунлай бошқа нарсада. «Нью-Йорк таймс»га хатни мен хотинимни деб юбордим. Не қилса-да, аёл киши, биласиз-ку. Унга номи бузиб ёзилганидан кўра умуман газетада исми-шарифини кўрмаслик афзал.
— Унга-я?
— Менинг хотинимга дейман, Мартага. Фақат билмадим, у мен юборганларимни олдими-йўқми. Мана, худди мана шунда хато бўлди.
— Мен унчалик тушунолмаяпман. Балки ўзингиз тушунтириб берарсиз?
— Тушунтираяпман-ку, ахир. Ҳалиги йўқолиш ҳақидаги хабар чиққан газетадан иккита бор эди менда, лекин мен хатимни босиб чиқаришларини кутдим. Кейии уларни битта қилиб ўрадим-да, конвертга солиб, унинг номига жўнатдим. «Ошна» деб ёзиб қўйдим. Аммо у конвертни олдими-йўқми, билолмадим. Ана сизга хато.
— Хато?
— Худди ўзи. Хотиним бошқа жойга кўчган эди. Унга суғурта пулини тўлашлари биланоқ у Парк-авенюга кўчиб ўтган. Мен бу ерга келганимдан сўнг буни газетадан ўқиб билдим. Газетада миссис Марта Мижлстон Бешинчи авенюдаги «Мейсон Пейот» фирмасида ишлайдиган ёш бир йигитга турмушга чиққанлиги ҳақида хабар берилган эди. Бироқ қачон кўчиб ўтганлиги у ерда айтилмаган. Шунинг учун олганми, олмаганми, билолмадим.
— Тушунарли,— дедим мен.
У газета қийқимларини дағал матодан тикилган ҳамёнига яхшилаб жойлаштирди.
— Шундай, сэр. Хотинлар ўз номи билан хотинлар. Айрим ҳолларда уларни эркалаб қўйиш керак. Улар шунга арзийдилар, ахир, уларнинг турмушлари жуда ҳам ширин эмас. Газетага хатни ўзим учун юборганим йўқ. Менга барибир эмасми исми-шарифимни қандай ёзишгани? Оддий одамнинг чекига камдан-кам тушадиган нарсани кўриш насиб этган кишининг исм билан нима иши бор дейсиз?

Иброҳим Ғафуров таржимаси