1
… Уч ҳафта муқаддам мана шу хачирни олмоқчи бўлганимда мол бозоридаги даллолларнинг жағи-жағига тегмай: “бу хачир ундоқ-бундоқ, нор туядек бақувват, кучли” деб роса кўпиртириб мақташган, унинг оғзини очиб, тишларигача кўрсатган эди. Қарасам, мақтаганчалик бор экан. Устига юкланган шунча оғир юкни писанд этмай кўтарган ҳолда, худди дор устида юргандек йўрғалаб бормоқда эди. Осмондаги қуёшнинг куйдирувчи иссиғи ҳам унга кор қилмасди. Туман бозоридан чиққандан буён уч соат давомида бир хил суръат билан бораётган хачир ўз эгасининг аҳволини тушунса эди, қадамини бироз секинлатган бўларди. Хуллас, нима бўлганда ҳам, ҳайвон, барибир, ҳайвон-да! Роса қизиган тандирни эслатадиган июн ойларининг куйдирувчи тафти борган сари ҳолимни хароблаштирарди. Дўзах азоби ҳам бундан баттар бўлмасди! Резина таглик пойабзалим, қизиган қум билан тўлиб, оёғларимни кабоб қилмоқда эди. Адашиб, учиб ўтмоқчи бўлган қушларнинг қанотларни ҳам куйдириб кулга айлантириб юборгудек даражада қизиган қуруқ қумлик ҳавоси қуёш тиғи билан қўшилиб, бадандаги қолган сув захирасини ҳам раҳмсизлик билан симирарди. Оғзим қуриб, тилим танглайимга ёпишиб, нафасларимни қиса бошлагандагина бор кучимни тўплаб югурардим-да, хачирнинг ортидан етиб олиб, арқонга боғлаб қўйган сувдонни ечиб, бир-икки қултум сув ичардим. Ичган сувим, худди саватда сув тўхтамагандек, бирпасдаёқ терга айланиб, чўл ҳавосига сингиб кетарди. Сархуш одамдек гандираклаб кетаётиб, уйим томон қарардим. Бироқ, зўрға очилаётган кўзларимга уй, маҳалла эмас, балки қум барханлари орасида селдек тошиб ўркачланаётган саробдан ўзга ҳеч нарса кўринмасди. Йўловчиларнинг эшаклари қолдирган издан бошқа белги бўлмаган, отлиқ йўловчига ярим кунлик ҳисобланадиган бу йўл тугайдигандек эмас эди.
Хуллас, гапнинг пўскалласини айтадиган бўлсам, бу жаҳаннам йўлидан фақат пул топиш орзуси билангина кетмоқда эдим. Сархил моллар тижоратини бошлаганимдан бери икки йил ўтиб кетибди, дастмоям ҳам ҳарҳолда беш-олти ҳиссага ортиб ёмон бўлмади. Бироқ, ҳар нарсанинг каттаси қудратли бўлганидек, янги моллар билан тўлиб турадиган катта дўкони бор савдогарлар бозорни эгаллаб бўлди. Мен учун бирдан-бир йўл — мана шундай гўр азобини тортиб, олис дала-қишлоқларга бориб чорбозорчилик қилиш қолган эди. Маишатим ҳукумат хизматчилариникидан кам эмас. Шундай бўлса-да пул деган сабилнинг меҳри иссиқ нарса экан-да. Қанча кўп бўлса ҳам ортиқчалик қилмайди-да!
Маҳалла деган ном ростдан ҳам бекор қўйилмаганга ўхшайди. Кафтдек сояга зор бўлиб, таваккал қилган сафаримнинг пушаймонини қилгач бир бекатдан ўтишимгаёқ ниҳоят кўз олдимда тўнкариб қўйилган қозонга ўхшаб кетадиган бўстон намоён бўлди. Тепаликда туриб қараганда бу “қозон” жуда кенг, жуда ҳам чиройли бўлиб кўринарди. Қорайиб турган тераклар йўл-йўл белбоғларни ҳосил қилган, қичи1 эндигина чечаклаган бўлса керак, маҳалланинг у ер-бу ерида сочма ҳолда ўсиб ётарди. Ҳали ўроқ тегмаган буғдойзорлар эса, қуёш нурида олтиндек товланарди. Мўл ҳосилдорликдан дарак берадиган макажўхориларнинг қорамтир яшил япроқлари оқариб турган тепаликлардан равшан кўринарди. Тупроқнинг четига ёйилган, уста рассомнинг қўлидан чиққандай кўринадиган бу ҳолат оқбош тоғларнинг бағригача чўзиларди.
Қароргоҳнинг рухсорини кўриш баробарида. оёқларим бирдан кучланиб, белимга ҳам мадор кирди, пастликка қараб чўзилган тор, қия йўлдан сакрагудек юриб, маҳалла томон отилдим.
Саратоннинг сув қочирадиган иссиғи хачирга ҳам ўз таъсирини кўрсатганга ўхшайди чоғи, у ёнбағирдан тушибоқ, илк бор дуч келган жойи қари дарахт тубига келиб, чўпларнинг орасида йиғилиб қолган сувдан қонгунча ичиб олди-да, чимларнинг учини чирт-чирт узиб кавшай бошлади.
Бечора жониворга ичим ачиб кетди. “Майли, дам олволсин” дедим ва юганини бўшатдим. Мен ҳам эски тегирмондан шариллаб оқаётган муздек сувдан роҳатланиб ичиб, бош-кўзимни ювиб, майсазорга ёнбошладим. “Оҳ, мана шу яшил момиқ тўшакда қўлингни ёстиқ қилиб ётиб, қушларнинг нағмасини эшитган ҳолда бир мизғиб олсанг-а?” — деб ўйлардим. Қолаверса, кўзим ҳам чарчоқ аралаш кучли уйқуга тортарди.
Кейин нима бўлгани, ухлаган ёки ухламаганимни билмайман. Дадамнинг: “Ўрнингдан тур, бу ерда ухлама” деган овозини эшитиб, сергакландим. Кўзимни очсам, атрофда ҳеч кўринмасди. Ўрнимдан турдим. Эсимда, мен ҳали бола вақтимда дадам ҳам бир кичик чорбозорчи эди. Бироқ, дастмояси доим икки-уч ҳиссага ортай деганда, бирор фалокатга гирифтор бўларди-да, дастмоясидан қуруқ қолишдан ҳам бошқа кўплаб қийинчиликларга учрарди. Фалакнинг гардиши ўнгига айланишга бошладими, ҳарҳолда улар яна гўё “ўриб олинган беда қопда ҳам гуллагандек” ишлари яна юришиб кетган. Ип-игна бўладими, тароқ бўладими, бир нарсаларни сотиб, турмушимизни юргизардилар. Ишлари анча яхши бўлганда ўзлари ҳам кексайиб қолдилар. Мен ўрта мактабни тамомлаб олийгоҳга кириш имтиҳонидан ўтолмагандим, “мушукка ўйин, сичқонга қийин” дегандек, отам роса кулдилар. Ва менга қараб: “Ўқисанг-ку яхши бўларди, албатта, ўқиганга не етсин, аммо бўлмагач, энди кўнглингни чўктириб, бекор юрганча менинг касбимни қўлингга ол, ўғлим. Озми-кўпми нон бўлса ажаб эмас, ахир қулдек ишлаб, бекдек яша, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган”, — дедилар ва бошланишига озгина дастмоя билан, терилари ярқираб кетган қўл ноғорасини менга тутқазиб қўйдилар, сўнг вазминлик билан: “Фурсатни ғанимат билиб, уни қўлдан берма, тижоратда ҳалол бўл, инсофли бўл, ялқовликни тарк эт”, — дегандилар.
Ҳаш-паш дегунча қуёш ғарбга оғди, куннинг забтига олган иссиқ азобидан уйқу билан паноҳланадиган маҳалла аста-секин уйғонмоқда эди. Салқинни қўлдан бермаслик учун ўримга шошилаётганларнинг тарақ-туруқлари, шовқин-суронлари эшитилмоқда эди. Мен барибир, кўк чой ичиб ўтириб, дўкон очадиган бойлардан бўлмаганим учун, кўча оралашни бошлашим лозим эди. Махсус ясалган сандиқларимнинг қулфларини очиб қўйдим, яшилликлар, тиниқ роҳатбахш сув, салқин ҳавони кўзи қиёлмаётган хачиримнинг сағрисини силаб, енгил урдим-да, қўл ноғорамни даранглатганимча, учраган кўчанинг бир бошидан кириб кетдим.
2
Данг… данг… данг… данг…
Ноғорамнинг эчки терисидан қопланган юзи иссиқнинг тафтидан таранглашиб кетибди, овози ҳам жуда соз, янгроқ чиқаётганди. Агар қулоғи оғир бўлмасаёқ, мен кетаётган кўча бўйидан икки юз қадам келадиган уйларда яшайдиган кишилар ҳам бу маҳаллага бир саржин молчининг етиб келганидан осонгина хабар топишарди. Тулумдай тўмпайиб, қорни оғирлашиб қолган бўлса керак, хачиримнинг оёғи секинлаб қолганди. Ҳадеганда уч-тўрт дарвоза олдидан ўтиб кетдим. Шу пайт кимнингдир:
— Укажон, бироз тўхтаб туринг, — кўчанинг ўнг томонидан қалин тахталар билан ясалган дарвоза шарпа билан очилиб, қирқ беш ёшлар чамасидаги бир аёл бошини чиқарди, — сизда сархил рўмоллардан борми? Зангори ранглигидан бўлса янада яхши бўларди, мен шунақасини ёқтираман.
Хачирим худди инсон забонидан билиб оладигандек бир четда шартта тўхтади. Биринчи харидор бўлгувчига дарҳол жавоб бердим:
— Ассалому алайкум, холажон, хилма-хил рўмоллар ичида зангори ранглигидан ҳам, қизилидан ҳам, қайси ранги лозим бўлса албатта, ҳаммасидан бор.
Бугунги илк савдойим анча жонли чиққандай кўринарди. Катта дарвоза, устида кўриниб турган токлар, хашакларини кавшаб бўлган молларнинг, онасидан ажратилган бузоқларнинг мўрашлари, қўй-қўзиларининг маърашлари бу уйдагиларнинг анча бадавлат оила эканлигидан дарак берарди. Давлатмандлар билан савдо қиладиган бўлсанг, албатта, баҳода қийин келишиларди, бироқ бирор сўмнинг баҳридан кечсанггина. мардлигинг намоён бўларди-да, бирор нарсани кўпроқ сота олардинг.
Газлама, рўмол, дастрўмол дегандек нарсалар жойланган сандиқни бир пастдёқ ерга тушириб оғзини очиб юбордим. Худди сеҳргарлардек, ола яшил рўмолларни бирининг ортидан бирини суғуриб, бояги аёлнинг қўлига тутқазавердим. Унинг кўзи рангдан-рангга кўчиб, олазарак бўлмоқда эди. Ўсма қўйган қошларининг кўтарилиб тушишидан зангори ранг рўмолларгина эмас балки, ранг-баранг матолар ҳам унинг кўнглига ёқаётганлиги чиройидан шундоқ билиниб турарди.
У ҳаворанг рўмолдан бирини қўлига ола туриб сўради.
— Буларнинг нархи қанчадан, укам, агар нархига келишсак, қизимга ҳам бирини оламан!
Баҳосини айтувдим, у юмалоққинадан келган кўзларини катта очиб бир рўмолга, бир кўзимга аланглаб қараган кўйи:
— Қишлоқининг кўзига тупроқ сочаман дейсизми, укам. Агар билсангиз, қишлоқи бўлсак ҳам оқ-қорани анча яхши фарқ қиламиз, буни сиз ҳам билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди, укам, — деди аёл.
Рўмолнинг баҳоси катта нархни тортмайди, сотиб оладиган ва сотиладиган баҳонинг оралиғидан менга қоладигани чой пулига яраша бир нарса эди. Агар шаҳарда тижорат қилаётган бўлсам, баҳоси билан тортишадиган бундай аёлларга йўлиққанимдаёқ: “қиммат десангиз бошқа дўкондан олинг” — деб қўяқолардим. Аммо: “Зиёнига сотсам ҳам майли, биринчи савдодан қайтмай”, — дедим-да, унинг айтган баҳосига кўнмоқчи бўлдим. Шундай қилиб, аёлнинг чиройи ёмғирдан кейинги ҳаводек очилиб кетди. У рўмолнинг ҳар хилидан икки-учтасини қўлига олгандан кейин ниманидир ўйлаб қолгандек ҳовлига қараб:
— Оппоқ қизим, буёққа чиққин-чи, — деб бақирди.
— Мана ҳозир чиқаяпман.
Оз ўтмай, дарвозадан ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги бир қиз онасининг ортидан етишиб олмоқчи бўлиб эргашган қўзичоқдек югуриб чиқди. У онасининг қўлидаги рўмолга диққат билан қараб туриб сўради:
— Нима гап, ойижон, яна рўмол олмоқчи бўлибсиз-да!
— Рўмолларнинг қайси рангдагисини хоҳлайсан, қизим, сени ўзи танлаб олсин дедим.
Қиз рўмолларни бир-бир қараб чиққандан кейин:
— Қандай бўлса бўлаверади, аслида олмасак ҳам бўларди, рўмолларим шундоғам ошиб-тошиб ётибди-ку! — деб қўйди. Лекин барибир қиз бола рангларга кўпроқ ошиқ бўлгани учун, қоғоз бўлса ҳам уларнинг диққатини жалб қилмай қолмасди. Қиз сандиқдаги матоларни кўришни истагида менга қараганида, унинг чиройини аниқ кўришга муяссар бўлдим.
У ҳаддан зиёд гўзал эди. Камондек тортилган қошлари, оҳуникидек кўзлари, қизил гул ғунчасидек лаблари, жилваланиб турган чиройини бир кўрган одам унинг қумга қуршалган бундай саҳрои қабирда туғилганлигига ишонгиси келмасди. Эгнидаги кўйлаги сунъий толалик нафис матодан тикилган бўлса-да, хушбичим қадди-бастига ғоятда ярашганди. Билакдек келадиган бир ўрим қора чилвир сочлари энгашган чоғида, тўпиғи устида дайди шабада эпкинида тўлғанарди.
Ростини айтсам, шаҳарлик бўлганимга, кўп ерларни оралаб чиққанимга қарамай, бундай пари пайкарни ҳаётимда биринчи марта учратишим эди.
— Бойвачча, манови молнинг…
— Ҳой укам, тижоратчи деган одам бундай анқаймайди-да, қизим сиздан молнинг нархини сўраяпти!
Она-бола икковининг қайта сўраган саволлари мени зўрға ҳушимга келтириб, хаёл оғушидан халос этди.
Қиз рўмолларни бошига ўраб кўрарди, матоларни бўйига ўлчаб, онасининг матоларга қўйган баҳосини эшитарди. Ҳар бир ранг билан учрашганида, у гўзалликнинг ўзгача бир кўриниши сифатида намоён бўларди. “Одамнинг ёмони” эмас, “кийимнинг ёмони” деган мажозий гап унча дуруст бўлмаса керак, чунки эски кийим кийган билан ҳам, олтин ўз қимматини йўқотмагандек, бу қиз ҳам барибир гўзаллигича қоларди.
Шу аснода, отнинг туёқ товуши ҳамманинг назарини бир томонга қаратди. Келаётган баланд бўйли, кенг яғринли бақувват тўриқ тулпорга минган гавдали, шоп мўйловли бир киши эди. У ялтираб турган жабдуқлар билан безалган эгар устида шунчалик мағрур ўтирардики, бир қарашда от билан бир жон-бир тан бўлиб кетгандек кўринарди. У ёнимизга ҳайбат билан етиб келиб, чапдастлик билан отнинг юганини қаттиқ тортди, бўйнини тик тутиб келаётган ўйноқи тулпор бирдан тормозланган машинадек, шартта тўхтади. Танти суворий ўзига мос тушган мўйлабини силаб қўйиб, чап қўли билан отининг юганини тутган кўйи олдимда турган бояги икковидан:
— Нима қилаяпсизлар икковинглар бу ерда? — деб сўради ва отдан тушиб бошини аста чайқади, — хотин зоти борки, латта-путтага кўзи тўймайди-да.
Унинг одати шундайми ёки бирор ишдан хафа бўлганми, ҳарқалай рўйхуш бермас, қовоғини ҳам унчалик очмасди. Унинг сўзига биринчи бўлиб қизи жавоб берди:
— Дада, қаранг-а, бу кишида яхши кийимликлар бор экан.
Келган одам бу гўзал қизнинг дадаси экан. У сандиқларимга истар-истамас қараб қўйди-да:
— Якшанба куни олганинглар етмасмиди, — деди аёлига бурилиб. Аёли анча гапдон бўлса керак, ҳозиржавоблик билан дона-дона қилиб деди:
— Ўзимга бир нарса олишга уринаётганим йўқ, қизимизни ўйлаб савдо қилаётганимни наҳотки кўрмаётган бўлсангиз!
— Шундай бўлса ҳам… айтаман-да…
— Қизингизнинг ҳозир айни чиройли кийиниб юрадиган вақти, — деди аёл қизининг сочини бамайлихотир тузата туриб, — кимнинг қизи экан деса, биринчи бўлиб фалончи афандининг қизи дейишади одамлар, ундан кейин Ханифахоннинг қизи дейдилар. Хўш, бу сизга обрў эмасми, дадаси?!
— Ўргилдим, бундай обрўдан. Қулоғимга роса лағмон оса бошладингиз-ку, хоним! Энди мени аҳмоқ эшак қилиб, сўнг қорамолдек офтобда қолай демоқчисиз чоғи?…
Қизнинг отаси отини дарвоза ёнидаги қари тут дарахтининг бир шохига боғлаб қўйиб, қамчисини этигининг қўнжига жойлаштирди-да, ҳовлига кириб кетди. Савдо ҳам шу билан тугади. Қанча мол сотдим, қанча пул топдим, ҳисоблашга ҳафсалам бўлмади. Ҳисоблаганда ҳам барибир адашишимга кўзим етиб турарди. Сандиқларимни эндигина боғлаб турувдим ҳамки, қизнинг отаси мени уйга кириб, чанқов босди қилиб кетишга таклиф қилди. Бу таклиф бошқача айтганда самарқандча мулозамат бўлса-да, қабул қилмоқчи эдим, чунки, бир қарашдаёқ юрагимга оташ солиб, алғов-далғов қилиб ташлаган ва сийрати кўз олдимдан кетмайдиган бўлиб қолган бояги қизни яна бир бор кўришни жуда орзу қилардим. Аммо журъат этолмадим, узр айтиб, тавозе билан рад этган ҳолда, сандиқларимни хачирга ортиб, йўлимга равона бўлдим.
Қўл ноғорамни чалардим-у, беихтиёр ортимга ўгирилиб қарардим. Қизнинг қўнғироқнинг овозидек жарангдор талаффузи, жозибали кулиб турган кўзлари кўз олдимдан бир сония ҳам нари кетмасди.
Тўғрисини айтсам, бирга ўқиган ёки тенгдошларимнинг чин муҳаббат ва илиқ оилавий турмушининг исботи бўлмиш фарзандларига кўзим тушганда, кўнглим бир тутам бўладиган, турмушимда қандайдир бир бўшлиқни ҳис қиладиган бўлиб қолгандим. Ёшим ҳам йигирма иккига кирди, худди дадам айтгандек, учар қанот бўлиб қолганимни яъни, энди мустақил ҳаёт, оила ҳақида ўйлайдиган фурсат етиб келганини англардим.
Дадамнинг турмушим учун қайғуриши, албатта, ўринсиз эмас, онам эса анча илгари оламдан ўтиб кетган, бирор қиз билан аҳдлашгандан кейин дадамга маслаҳат солишим, шунинг билан бошимни икки қилиб, уларни хотиржам қилишим зарур эди. Баъзида атрофимда юрган қизларни ҳам ўйлаб кўрардим. Бироқ, дастрўмол, ип-игна ҳарид қилиш баҳонасида кечгача кўзимдан нари кетмайдиган бу қизлар менга бўшанг, ахлоқий суюқ бўлиб туюларди. Кўчадан ўтганда, ҳовлимизга бир назар ташламагунча кўнгли жойига тушмайдиган ҳар хил қизлар энсамни қотирарди, охири: “Пул бўлса чангалда шўрва, дегандай, қани ҳозирча пул топиб турай-чи, насибамни худонинг ўзи етказар”, — деган қарорга келгандим.
Бугунги кунда бирор хосият борми, ишқилиб, тақдиримга битилган қизнинг ўша эканлигига ишониб қолдим. Унинг фақат мен учунгина яратилганига чинакамига ишона бошладим. Агар адашмаётган бўлсам, у дилбарга ҳам, маликаларга ҳам ўхшамасди. Шаҳло кўзлари баайни бир зилол чашмадек, унинг пок ички дунёсини, содда ғуборсиз қалбини равшан кўрсатиб турарди. Менга таниш йўллардан юриб, сандиқ юкланган хачир сиғадиган тор жин кўчаларни оралаб борардим. Қўлимдаги ноғорани ўхтин-ўхтин даранглатиб қўяман. Харидор чорлаб қилинадиган чораларнинг ҳар қандай бошқа йўллари хаёлимга ҳам келмасди. Худди бозорга шошилаётган ўткинчи йўловчидек, бошини қуйи солиб кетаётган хачирга оралаб қамчи уриб қўяман. Тижорат ва фойданинг калламдаги салмоғи тўсатдан енгиллаб қолгандек туюлади. Шу сабабданмикин, молларим унчалик харидор тополмади. Фақат ғарбга ёнбошлаган қуёш юзини сийпаб ўтган қора булутлар тўккан бир нафаслик ёмғирдан кейин, ҳўл бўлиб кетган ниҳолларни юмшатиш машаққатидан қутулган деҳқонлар тракторларини ҳайдаб, уйларига қайта бошлагандилар.
Қуёш қум барханлари орасига чўкаётганди.
3
Салқин эсган шабада қишлоқ кўчаларини турфа гулларнинг анбар исларига тўлдирди. Офтобда қоқлангандек сўлғин тортган дарахт япроқлари бора-бора жонланиб, енгил шивирлашга, кечки шафақ ёғдусига юзланиб ярқирай бошлади. Ҳолсизликдан тилини осилтириб, нам ариқ бўйларида тугилиб ётган итлар, кўксини ҳўл ерга босиб, мудраётган товуқлар ўз тирикчиликларини бошлаб юборишган, тоғ ёнбағирларидан қайтган ҳўкизларни, миниб олган болалар ўзларича мақом куйлаб, шовқин солиб келишарди. Уйқудан уйғониб бўсағага чиққан ярим яланғоч гўдаклар ноғорамнинг ажойиб овозига ҳавас қилишдими, ортимдан эргашиб анча жойгача боришарди. Тўхтаган жойимда атрофимни ўраб олиб, олди-соттини қизитиб беришарди.
— Оғайни, биринчи рақамли батарея борми?
Майин, аммо жарангли овоз хаёлимни бўлиб ташлади. Ортимга бурилиб қарадим. Кўчанинг ўртасигача шох ёйган ёнғоқ дарахтига ёндош эшик олдида қўлтиқтаёқ таяниб олган, чап оёғини кўлмакдаги турнадек бироз кўтарволган бир йигит турарди, ёши мендан кўп фарқланиб кетмайдиган, бўйдор, туташ қошли хушрўй бу йигитнинг кайфияти чоғ кўринарди. Тинимсиз ҳаракатланиб турадиган кўзлари, қалин лаби устидаги ҳали устара кўрмаган қоп-қора мўйлаби унга ўзгача салобат бағишларди. Қўпол тикилган бодом дўпписи, кўп ювилаверганидан ўнгиб кетган зангори туслик кийими унинг яшаш тарзидан яққол дарак берарди.
— Батарея борликка борку-я, — дедим мен пешонамни силаб қўйиб ўкинган оҳангда, — сандиқнинг энг остига тахланган-да.
У ярқираб кетган қўлтиқтаёғини судраган кўйи ёнимга келди-да, ёлборган оҳангда деди:
— Қандай бўлмасин, менга тўрт дона батарея сотсангиз, радио эшитмасам худди кар одамдек бўлиб қоларканман, олисга борай десам яна…
— Ҳай, сандиқларнинг ҳаммасини тушириб, сўнг оладиган гап-да!
— Сизга ёрдамлашиб юборайми?
У, бир соатимга, бир осмонга қараётганимдан йўлга шошилаётганлигимни билди, шекилли, бирор ишни эсига олгандек бирданига хурсанд бўлиб кетди:
— Яхши қилдингиз-да, оғайни, — деди у бир қўлини елкамга қўйиб туриб, — назаримда, шаҳарга кетмоқчи бўлсангиз керак, барибир вақт алламаҳал бўлиб қолди, қоронғига қолиб юргандан кўра, бугунги кеча меникида меҳмон бўлинг, суҳбатлашамиз, сизни зериктирмасликка ҳаракат қиламан. Бунча моллар билан кечқурун йўл юришнинг ўзи бўлмайди. Бунинг устига ёлғиз экансиз?!..
Чўлоқ йигитнинг гапи менга сариёғдек ёқди, ҳақиқатан ҳам камида уч-тўрт соатлик чўл йўлининг азоби ёдимда эди. Аслида-ку, ўйлаганимдай бўлганда эди, чўл йўлига тушиш учун бояги қизнинг эшиги олдидан ўтмоқчи, ноғорамни борича даранглатмоқчи, иш ўнгидан келиб қолса, уни яна бир марта кўриб олмоқчийдим. Ҳеч бўлмаганда, унинг дарвозасига яна бир марта келсам, ёдимда сақлаб қолардим.
Бироқ, курраи замин ўз ўқида айланишини тезлатгандек, оқшом ҳам ниҳоятда илдамлаб қистаб келарди, қиз бола кўз боғлаганда кўча-кўйда чиқмайди-да. Мен йигитнинг самимий таклифига рози бўлдим. Унинг чаққонлиги ўйламаган ердан чиқди. Ҳачирни биримиз етаклаб, биримиз ҳайдаганча, нотаниш ҳовлига минг бир машаққат билан зўрға киритдик.
4
Қуёш абадий давом этиб келаётган кунлик сафарини ниҳоялаб, рухсорини яширган эса-да, лекин кечги шафақ ҳали тамомила сўнмаганди. Ишкомга чирмашган токларнинг қуюқ барглари орасидан алвондек қизариб кетган осмон жимирлаётган дона-дона юлдузлардек кўринарди. Шафақ шуъласи билан юриб турган узум доналари шу қадар рангланиб, жилоланиб кетган эдики, кишига мармардек ясалган нафис санъат буюмини яшил барглар орасига олиб қўйгандек туйғу берарди.
Унчалик катта бўлмаган бу ҳовлининг саранжомлантирилиши кишида озодалик ҳиссини уйғотарди, ток ариқларининг атрофлари жуда эпчиллик ҳамда бағоят санъаткорликда ишланган панжара билан қуршалган, уй деворлари билан туташиб турадиган супа оқ рангда бўёқ берилган, ҳовли ҳам чиннидай топ-тоза супурилгандики, кўрган ҳар қандай кишининг кўзини яшнатиб, ҳавасини келтирарди. Кечки салқин, оромбахш ҳаво кўнгилни кўтариб, дил ғуборларини ёзарди.
— Бизнинг бу ерларга ҳали электр деган нарса етиб келмади, — деди ўзини таништириб улгурган Ҳакимжон фонар чироққа ўт ёқаётиб, — қани, ҳурматли меҳмон, супага ўтинг-чи, мен тезда чой дамлайман.
Қўлма-қўл тутишиб, сандиқларни жойлаштириб, хачирни оғилхонага кирғазиб қўйдик, стол устидаги радиога ҳам забон кирганди. Мен супадаги гулли кигизда ўтираётиб, ўтин ёраётган Ҳакимжондан сўрадим:
— Ота-онангиз кўринмайдиларми, оғайни, — мен ҳам унинг айтганидек “оғайни” деб хитоб қилдим, — бу уйда ёлғиз яшамасангиз керак?
Ҳакимжон кўп ўнғайсизлик келтираётган қўлтиқтаёғини судраб. ўчоққа човгум осгач, жавоб берди:
— Дадам раҳматлик барвақт қазо қилганлар, онам борлар, ёшлари ҳам бир ерга бориб қолди. Аммо қўшни қишлоқдан ер олиб, ёлғиз ўзлари қарайдилар. Мен онамга қайтинг, кучимиз етмайдиган ишга уринмайлик, ойижон, тирикчиликни мен ўзим эплайман дедим, унамадилар.
— Демак, бу гапга қараганда, бугун келмасаканлар-да?
— Шундай. Ойим мени деб қилаётганларини биламан. Қаттиқроқ турсам, яна кўнгиллари оғриб қолармикин, деб қўрқаман.
— Ҳа, бундай денг, қанча ер олганлар улар?
— Йигирма беш сотихча ер олганлар, қайтариб берайлик десам, деҳқон одам ердан айрилса бўлмайди, дейдилар. Қайтанга ўзларига машаққат орттириб олдилар. Ҳеч ким ёрдам бермайди, ерга қараш-тараш, экин ва ҳоказоларнинг ҳаммасига якка ўзлари жон куйдирадилар.
Ўзингиз кўриб тургандек, мен бу аҳволда, уларга фойдам тегмайди. Масаланинг мана шу томони мени эзади.
Ҳакимжон мис чойнакда чой дамлаб келди. Суви қочиб қолган мойли кулча билан чой ича бошладик. У чойини пуфлаб туриб, онасини таърифлаб берди. Қоронғи тушиб, ҳаво салқинлашган сари, қандайдир бир ёқимли хуш ҳид димоғимга урила бошлади, сезги аъзоларимнинг адашишидан гумон қилиб, кўксим тўлгунча нафас олдим. Сезгиларим адашмаганди. У хуш ҳид боғ томондан енгил эсган ўйноқи шабадага эргашиб борган сари кучаярди. Зум ўтмай, ҳовли Франциянинг машҳур атри билан ювилгандек, маст этгувчи ифор билан тўлди.
Ҳакимжон кўкрак қафасимнинг дам-бадам кўтарилиб тушаётганлигига диққат қилган бўлса керак:
— Қандай, димоғингизга хуш ҳид урилаяптими? — деб сўради у маъноли кулиб қўйиб. Шошилиб сўрадим:
— Бу қандай хуш ҳид бўлди, оғайни, жуда ҳам ёқимлик-ку?
У пиёлани тўлдириб, бир парча нонни ташлаб қўйгандан кейин:
— Ҳозирча чой ичатурайлик, бироздан сўнг айтиб бераман, — деди.
— Чойни яхшилаб ичволдим, қани, бўлмаса айтинг-чи, бу асли ниманинг ҳиди?
Ҳакимжон тоқатсизланаётганлигимни тушунди шекилли, дастурхонни йиғиштириб қўйиб, фонар чироғини қўлига олди-да, ортидан юришимни боши билан имо қилди.
Биз боғ эшигидан кириб келдик, у чироқни баланд кўтариб, боғнинг “тўр” тарафига ишора қилди. Мен ҳайронлигимдан бақириб юборишимга сал қолди.
Кичкина боғ эртакларда тасвирланган хаёлий дунёдек бағоят кўркам, ривоятларда талқинланган боғи эрамдай чиройли бегуноҳ бандалар учун бунёд этилган жаннатдек гўзал эди. Ерда ҳам, бўшлиқда ҳам, сопол кўзаларда ҳам ранг-баранг гуллар очилиб кетган, гул япроқларида капалак шабнамнинг марварид томчилари симобдек ялтирарди, тонг қуёшининг илк нурларини тўйгунча симириш илинжида тайёрланиб турган ғунчалар ҳаётий кучларини намоён қилишарди. Чироғ ёруғида шунчалар жилоланган гулларнинг қуёш ёғдусида нечоғлик жозиба билан чақнашини тасаввур қилиш мумкин эди.
— Мана шуларнинг ҳаммаси атиргул, — деди гулларига ҳавас ва ифтихор билан қараб туриб Ҳакимжон, — тушунаяпсизми, ҳаммаси атиргул, мана бу сариқ, мана бу қизил, бунисини маҳалла атиргули деймиз, буни…
У чироқни гулларга яқинлаштириб туриб таништира бошлади.
Гул деган неъматни мен ҳам кўп кўрганман, бироқ умримда бундай сархил атиргулларни кўрмагандим. Ҳар бир янги номни эшитганда, бошимни қимирлатиб, маъқуллашдан ўзга чорам йўқ эди.
Ҳакимжон гуллар орасидан йўл очиб, мени боғ марказига бошлаб бориб, нақшли сопол кўзага олинган бир туп гулни таърифлай бошлади. У сўзлаётиб, япроқларни авайлаб силарди, очилган ҳар бир дона гулни баргидан авайлаб тутиб, бурнига яқин олиб бориб, ҳидлаб ҳузурланарди, туриб-туриб оҳ тортарди.
— Кўраяпсизми, бу навни, алоҳида парвариш билан етиштирдим. Бир туп гулнинг шохида тўрт рангда гул очилади. Мана қаранг, қизили бирми, оқ рангдагиси иккими…
Бу бир туп гулни ростдан ҳам гулларнинг шоҳи дейиш мумкин.
Майли рангининг хилма-хиллигида бўлсин, бошқа атир гуллардан алоҳида ажралиб турарди, шохчалари ҳам қора ва баланд эди.
“Номи ҳам нотаниш, бир томони тоққа, бир томони қумликка туташиб турган бу саҳро ҳақиқатан ҳам гўзаллик дунёси экан” дея хаёлимдан ўтказдим ва сўрадим:
— Бу навни нима деб номладингиз?
— Қалбигул, — деб жавоб берди у ҳаяжонланиб,
— Қалбигул дедингизми, яхши исм экан, бироқ ўз исмингиз билан атасангиз ҳам бўларкан…
Ҳакимжон бирдам тўхтаб туриб деди:
— Сизга қандай тушунтирсам экан? Лекин бу гулга шу номдан ўзгаси бекор, оғайни!
— Нима учун?
— Юринг, — деди у қўлимдан тутиб ҳовли томонга тортиб, — узун йўл юриб чарчаб ҳам қолгандирсиз, ётиб гаплашармиз.
Мен хачирга қараб чиққунча Ҳакимжон супага ўрин ростлаб бўлибди. Юпқа кўрпани оёғимизга ташлаб, ёнма-ён қўйилган ёстиққа бош қўйдик.
5
Дала оқшоми кўпинча салқин ва сукунатли кечар экан. Бир кунлик тирикчиликнинг оворагарчилиги билан барча жонзодлар ҳолсизланган бўлса керак, атроф ортиқча товушлардан анча холи эди. Ҳамон қўриқчилик қилаётганларга ҳамроҳ бўлган итларнинг сергакларигина гоҳ чўзиб увулласа гоҳ онда-сонда вовуллаб қўярди. Бу сукунатни қаерлардандир пайдо бўлган қўнғизнинг ғўнғиллаб келиб ўзини фонарга уришлари бузарди холос.
Тасаввуримда, ўша нозанин қизнинг ҳовлиси ҳам шу ерга яқин ерда бўлгандек туюларди, у балки шу дақиқаларда беғамгина уйқуга кетгандир, балки ширин тушлар кўраётгандир, уни ўйлаётганимни кошки билса эди-я?! Ҳакимжоннинг овози ширин хаёлларимни узиб қўйди.
— Мана бу анқиётган ҳидларни, сезаяпсизми, бояги тўрт рангдаги гулимнинг ислари, — ҳовли деворлари бўйлаб ўсган теракларнинг япроқлари енгил шивирларди. Шабада олиб келган атир ҳидлари гупиллаб урила бошлади, — қалбигулнинг ифорлари!
У ётган еридан туриб ўтирди. Кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олди.
— Ҳай, — деди у хурсанд ҳолда, — нималарни деяпман, сиз гулларнинг ҳидлари орасидан бу алоҳида, бошқаларга мутлақо ўхшамаган ҳидни фарқ этолмайсиз-да! Бунинг учун кишида ўзгача сезги бўлиши керак, оғайни!
Унинг гапи тўғри эди, мен ҳовлига тўлиб кетган хуш ҳидлардан сархуш бўлаётгандим, аммо Ҳакимжон таърифлаган ҳидни фарқлашга ростдан ҳам ожиз эдим.
Мен ҳам ёстиққа суяниб ўтириб, унинг фавқулоддаги иқтидорига ҳайрон бўлган ҳолда сўрадим:
— Қалбигулнинг ҳиди ростдан ҳам ўзгачами, сиз унинг ҳидини ростдан фарқлай оласизми?
— Ёлғон гапириб нима қиламан, минг хил гуллар орасидан ҳам, қалбигул ҳидини, ҳеч бир адашмай фарқлайман.
— Қандай қилиб?
— Буни фақат ўзим биламан.
Ҳакимжоннинг топишмоқ тусини олган сўзларини эшитган сари қизиқишим ҳам ортиб борарди. Бунинг тагида қандайдир бир муҳим сир борлигини сезар эдим.
— Боя сиздан ҳалиги гулга нима учун қалбигул деб ном қўйганингизни сўрагандим, ҳозир икковимизнинг ҳам уйқумиз қочибди. Қани эшитиб кўрайлик?
Ҳакимжон бироз иккилангандай бўлиб қолди-да:
— Майли, сизга гапириб берақолай. Маҳалламиздагиларнинг ҳаммаси бу сирдан деярли хабардор, — деди менга юзланиб.
У чопонини ёпиниб олганидан кейин ҳикоясини бошлади.
— У бир қизнинг исми эди. Мен яхши кўрадиган ва лекин васлига етолмаётган қизнинг исми.
— Васлига етолмаётган дейсизми?
— Азбаройи худо, сўзим тугагунча луқма ташламай туринг, дедим-ку. Яна такрор айтаман, бу бир қизнинг исми. Қалбигул бошланғич мактабдан бошлаб, то тўлиқ ўрта мактабгача бирга ўқиган сабоқдошим эди. У ҳам мана шу маҳаллада туради, болалигимизданоқ бирга ўйнаб, катта бўлганимиз учунми, ишқилиб, ёшимиз улғайган сари бир-биримизни кўрмасак туролмайдиган, кўришганда айтишга гап тополмайдиган бўлиб қолгандик, тез-тез учрашиб турардик. Кўнгил сиримизни, дил изҳоримизни қилардик. Аммо булар узоққа бормади. Бир куни Қалбигул мени йўқлаб келибди, ўнгиб кетган чиройидан нохуш аломатлар акс этиб турарди. Унинг айтишича, уларнинг уйига шаҳардан совчилар келишмоқчи экан.
— Обло-о, — деб юбордим мен яна ўзимни тутиб туролмай сабрсизлик қилиб, — нимага шу пайтгача қудалашмагансизлар, олдинроқ ҳаракат қилсанглар бўлмасмиди?!
— Мен сизга луқма ташламанг дегандим-ку, — деди у мени яна огоҳлантириб, — Қалбигул ҳақидаги гапни эшитганимдан кейин оёғи куйган товуқдек бўлиб қолдим-да, дарҳол онамга маслаҳат солдим, онам менга жуда қаттиқ куюнадилар, аммо ўша вақтда улар ҳадеганда фикримга қўшилиб кетмадилар. “У бой одамларнинг қизи, унинг устига сен бир етим ўғил, қўлинг етмаган ерга осилмайлик”, — деб ўз сўзларида қатъий турдилар, охирида ёлборишларимга чидаб туролмай, у-бу тайёргарлик кўриб, совчиликка бордилар.
— Мана, энди дуруст қилипсизлар, оғайни!
У менга ҳўмрайгандек қаради ва гапида давом этди.
— Яхши қилишга-ку қилдик-а, лекин Қалбигулнинг ота-онаси совчиларни остонадаёқ қайтариб юборибди. Онам бечора йиғламоқдан бери бўлиб, қайтиб келиб, аламига чидолмай, анча кунларгача кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолдилар, қазо қилганларига талай йиллар бўлган дадамга қайта аза очдилар.
— Улар нима учун рад қилишибди?
— Нима учун рад қиларди, — у энди саволларимга вазминлик билан жавоб бера бошлаганди, — улар бой, биз камбағал-да! Бунинг устига мен ярим жон эмасми!
— Бу ўхшамаган гап, бой ҳам, камбағал ҳам худонинг бандаси, бир-бирингларни яхши кўрганларингдан кейин, шунинг ўзи етмайдими? Хуллас, охири нима бўлди? Шаҳардан совчилар келишибдими, уларга узатишибдими қизини?
— Нима бўларди, совчилар ҳам келишибдимиш, Қалбигул ўзи унамабди, онасининг маъқул дегиси бор экан. Бироқ, дадаси Қалбигулнинг раъйига қарабди. У қизини жуда яхши кўргани учун: “Қизимни қишлоқдан ташқарига чиқармайман”, — деб унамабди, совчиларнинг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушиб кетибди.
— Бу қачон бўлган воқеа?
— Ўтган йилнинг эрта баҳоридаги иш.
— Кейин сизлар нима қилдинглар?
— Улар Қалбигулни кўча-кўйга ҳам чиқармайдиган бўлишибди, ошиқ-маъшуқлар олдида ҳар қандай тўсқинлик ҳам ўз ролини йўқотаркан, яна ойда бирор марта бўлса-да, учрашиб турдик.
— Ҳозир ҳам шундайми?
— Шундай.
— Бундай ҳол энди қачонгача давом этади?
— Буни худо билади…
Юрагим ачиша бошлади, илк муҳаббатнинг оташида ўртаниб, висол орзусида қийналаётган бу бир жуфт севишганларнинг тақдирига ичим оғриди. Бояги гўзалга кўзим тушгандан бошлаб кўп ўтган бўлса, ярим кун ўтгандир, бироқ уни бир дақиқа ҳам ёдимдан чиқаролмадим-ку? Бу жудоликнинг азоби, яхши кўрган қизнинг висолига етиш кишини қай кўйларга солмайди дейсиз?!
Ҳакимжон мен шаҳарда таниган йигитларнинг ҳеч қайсисига ўхшамасди, чиройи ҳам бинойидек, суҳбати дилга ёқимли, оқ кўнгил инсон эди. Агар қўлингдан келса, мана шундай йигитлар билан дўст бўлишинг учун ҳар нарсангни қурбон қилсанг арзийди. Ҳакимжоннинг кечмишлари юрагимнинг чуқур қатламида ҳисдошлик ўтини алангалата бошлади.
— Оғайни, тўйлик учун қанча пул керак, тортинмай айтаверинг, сизники, бизники деган гап бўлиши мумкин эмас. Сизлар муродингларга етсанглар, менга шунинг ўзи бас.
Унинг бошини чайқаб туриб, қаҳ-қаҳлаб кулиб юборганидан ҳеч нарсани тушунолмай, довдираб қолдим:
— Гапимга ишонмаяпсанми? — Унга қандай қилиб сенлаб хитоб қилганлигимни ҳам билмай қолдим. — Тижоратчиларнинг ҳаммасини пул, мол-дунёга муккасидан кетган, деб ўйлаган бўлсанг, хато қиласан, дўстим, мол десанг ана турибди, бирор қизнинг сепидан ҳам ошади ҳали.
Мақсадимни жиддий талаффузда баён қилсам ҳам, у яна қаҳ-қаҳлаб кулаверди, охирида бундай деди:
— Яхши олийҳимматлигингга раҳмат, оғайнигарчиликка яраркансан, лекин ҳозир мен ҳам бойиб қолдим.
Унинг “бойиб қолдим” деганини сира тушунолмадим. Атрофига қараб, кўрингудек бисотларига қанчалик диққат билан кўз ташласам-да бойлигининг аломатини кўрмасдим.
— Ҳайрон бўлма, дўстим, менинг бойлигим ўша боғда, ундан бошқаси мана шу ерда!
У қўли билан кўксини уриб қўйди ва яна деди:
— Гапимнинг давомига қулоқ сол, дедим-ку, Қалбигулнинг ота-онаси мени камбағал кўрганлигидан хафа бўлишнинг ҳожати йўқ, сиёсат яхшилангандан кейин деҳқонларнинг кўкрагига шамол тегди. Улар ўзларига яроқли нарсага эга бўлди. Мен мана шу ҳолим билан нимаям қилолардим? Онам совчиликдан қайтиб келгандан кейин, мени мана шундай майиб қилиб қўйган нуқсонни юз минг бора қарғадим, хаёлдан кун бўйи бош кўтаролмадим. Томоғимдан овқат ҳам ўтмади, умидсизлик илкида ақлимдан озай деганда, кўзим дадамдан қолган бир сопол кўзадаги гулга тушди, ҳар бир япроғидан умид нурини кўргандек бўлдим. Қалбигул ўз вақтида бу гулни жуда ёқтирарди, баҳорнинг бошларида очиладиган бу гулни унга тақдим қилсам, гўё бутун оламни ҳадя этгандек хурсанд бўлиб кетди. Шунинг билан бу бир туп гулни эъзозлаб, парвариш қилиш ниятига келдим. Маҳалламизга келган бир боғбондан пайванд қилиш сирларини тўлиқ ўрганиб олдим. У катта шаҳарларга борганда янги навларнинг навдаларини олиб келди, китоб билан ҳам дўст бўлиб қолдим. Мана кўринг, охири қилган меҳнатим беҳудага кетмади, жуда кўп янги навларни етиштирдим, бояги сархил атиргул ҳамма навларнинг онаси, Қалбигулнинг назари тушган гул, шу боис унга қалбигул деб ном қўйганман.
— Гулларингни сотасанми?
Саволимнинг бироз қўполроқ бўлганлигини ҳис қилдим, аммо, Ҳакимжон бундан ҳайрон бўлмади, тўғри жавоб берди:
— Сотмайман, ишқилиб кишиларнинг ҳожатини чиқараман, бояги қалбигулга баъзилар беш юз юван баҳо қўйишди, биласанми, ҳозир маҳалламиздагилар ҳам гул ўстиришга қизиқадиган бўлиб қолишди, бойликнинг даражасини пул, от-сигирлар билан эмас, гулларнинг салмоғи, сони билан ўлчайдиган бўлганлар.
Мен бугун маҳалла оралаётиб, кўзга кўринарлик ҳовлиларнинг биридаги атиргулларни кўрганимни ёдимга келтирдим ва ундан сўрадим:
— Бу иш яхши бўлибди, бироқ, сизларнинг тўй масалангларни ҳал қилиш керак-да!
— Шошилма, бу ҳам ҳал бўлади, — жавоб берди Ҳакимжон ишонч билан.
Борган сари қуюқлашаётган гул ҳиди таъсир қилдими ёки тун яримлаб қолгани учунми уйқу боса бошлади. Бояги гўзал қизни кўз олдимга келтиришга тиришиб, уни тушимда кўришга ишониб, аста кўзимни юмдим.
6
Биров ҳовли эшигини енгил тақиллатиши биланоқ икковимиз баравар уйғониб кетдик, шошилиб кийиниб бўлгандан кейин, Ҳакимжон бориб эшикни очди.
— Киринглар, киринглар, — деди у қизғинлик билан.
Эр-аёл бўлиб ўнтача киши ҳовлига кириб келди-да, хоҳлаган ерлардан ўрин олишди. Ҳакимжон уларга такаллуфлар қилгач, боққа кириб кетди.
Қуёш эндигина кўтарилган, даста-даста нур тол барглари орасидан шўнғиб кириб, узум новдаларини ва япроқларини ёритмоқда эди. Мен бу жамоатнинг нима учун қоқ саҳарда бу ерга келишганларини тахмин этиб улгургунча, Ҳакимжон янги очилган бир даста атиргулни олиб чиқди. Жамоат дурр этиб ўринларидан туришиб, унинг қўлига термилишди.
— Мана бу гул ёшларга муносиб, буниси катта ёшдаги аёлларга, бу гул эса катта ёшдаги кишиларга ярашади…
Ҳакимжон ҳар бир кишига биттадан гулни тарқатиб берди. Улар гулни худди мукофот олишаётган қаҳрамонлардек эҳтиром билан қабул қилиб олишди. Ёши улуғлари гулни қулоқларига қистириб олдилар, эркаклар эса, кўкрак чўнтакларига жойлардилар.
Ҳайитлик олган болалардек мамнун бўлган кишилар Ҳакимжонга қайта-қайта ташаккур билдириб, чиқиб кетишди.
— Булар қаердан келган одамлар, гул тақиб нима қилади, — сўрадим уларни узатиб кирган Ҳакимжондан.
У тушунтириб берди:
— Ҳайрон бўлаяпсанми, оғайни, бугун бу маҳаллада тўй бор-да?
— Тўй! — дедим мен яна ҳайрон бўлиб, — тўй бўлса, сендан гул сўрайдиган одат ҳам борми?
— Илгари бундай одат йўқ эди, ҳамма одам қориннинг ғами билан юрганда, гул эсига келармиди? Ҳозир деҳқонларнинг қорни тўйди, уст-боши янгиланди, шунинг билан тўйга биттадан гул тақиб борадиган одат пайдо бўлди, бояги кирганлар ўз уйида гул ўстиришга улгурмаганлар, уларга бирор сопол кўзадан гул етиштириб беришим керак ҳали!
— Ҳа, бундай дегин, бу жуда яхши одат бўлибди, лекин машаққат тортиб етиштирган гулни сендан бекорга олиб кетишса бўлармикин?
— Нимага бўлмас экан, молингга харидор чиқмаса, ичинг ачимайдими?
— Албатта ачийди. “Харидоринг бўлмаса, зеболигингдан не наф” деган гап бежиз айтилмаган-да, лекин…
— Бора-бора тушуниб қоласан, оғайни, дунёда қурбинг етгунча бир иш қилиб, бошқаларнинг ҳожатини чиқармоқдан ортиқ хурсандчилик бўлмаса керак.
— Ҳакимжон болам, одамлар тўйга кетишмоқда, сен ҳали қўзғолмабсан-ку?
Эшикдан гапириб кириб келган эллик ёшлар чамасидаги аёл мени кўриб, ҳайронлик аломатларидаги назарини ўғлига қаратди, Ҳакимжон онасига кимлигимни тушунтиргандан кейин, у ўғлини койиганича бориб, бир кўрпачани кўтариб келди-да, унамаганимга қарамай, тагимга тўшади.
Ҳакимжоннинг онаси кўп эзилган, чекка-чекка сочлари пахтадек оқариб бўлган бўлса ҳам, чеҳраси ҳали ортиқча ажин босмаган аёл экан, унинг ташаббуси ва Ҳакимжоннинг зўри билан тўйга мен ҳам бормоқчи бўлдим. Айтишларича, тўй сабабчиси бўлган йигит Ҳакимжоннинг яқин дўсти экан.
— Бу аҳволда борсанг, мусофирлигинг аён бўлиб қолади, — деди у пиёланинг оғзидек катталикда очилган бир дона атиргулни қўлимга тутқазиб, — тўй қилмаган йигитлар, одатда, гулни қўлида кўтариб олади.
Икковимиз тўй бўлаётган майдонга кириб келганимизда, супаларда чордона қуриб ўтиришган меҳмонлар маслаҳатлашгандек ўринларидан туришиб, давранинг тўрини бўшатишди ва югуриб тушиб, Ҳакимжонни қўлтиқлаганча юқорига олиб чиқишди. Мен ҳам бориб Ҳакимжоннинг ёнига ўтирдим.
Дарҳақиқат, бу ҳовли ҳам атиргулларнинг анвойи хуш исларига тўлганди. Дастлаб нотаниш кишилар томонидан кўрсатилган улкан иззат-ҳурмат туфайли хижолат тортиб бошимни қуйи солиб ўтирдим. Орага чўккан бир зумлик жимлик бузилиб, кулги, ҳазил-мутойиба авж ола бошлаганда, суянчиқ бўйлаб ўтиришган меҳмонлар қаторига бир-бир, кўз ташлай бошладим. Баъзи меҳмонларнинг кўкрак чўнтагига биттадан гул қистирилиб турарди. Йигитлар қўлларида ўйнаб ўтирган гулни баъзан-баъзан мазза қилиб ҳидлаб қўйишарди. Фақат даврага биздан кейинроқ кирган ва тўғри келган ерга ўтирган бир кишининг на қўлида, на кўкрагида гул кўринмасди. Мен унга бир қарашдаёқ таниш шоп мўйловини, чеҳрасини таниб қолдим. У юрагимга оташ солган ўша нозаниннинг отаси эди. Унинг қандайдир бир ерлари қизига ҳам жуда ўхшаб кетадиган бу киши нимадандир тортингандай, индамай ўтирарди, Ҳакимжондан қўл ювиш бошланиб, дастурхон солинди, Ҳакимжон хуш келибсизлар деб такаллуф қилгач, тўй аҳли томонидан ўхшатиб тайёрланиб, даврага тортилган паловга қўл узатишди.
Мен ошдан ола туриб, қизнинг отасини кузатдим, у Ҳакимжоннинг кўксида чақнаб турган қип-қизил атиргулга тез-тез қараб қўярди, гул ҳиди билан тўлган ҳовли ҳавосини очкўзлик билан симирарди ва Ҳакимжоннинг кишининг ичагини узиб юборгудек гулдуратадиган ҳазил-мутойибаларга аралашгиси келарди-ю, қандайдир бир дард билан қийналаётгандек ёхуд нимадандир ҳадиксираётгандек бошини осилтириб ўтирарди.
Меҳмонлар тарқалиша бошлади, саҳарда Ҳакимжондан гул сўраган жамоатнинг бири уйининг яқинлигига қарамай, икковимизни ўз аравасига чиқариб, олиб бориб қўяман деб туриб олди, ноилож аравага ўтириб Ҳакимжонникига қайтиб келдик.
7
Нимагадир гўзалликлар билан тўлган бу қишлоқдан айрилгим келмади. Эндигина танишган, лекин эски қадрдонлардек бўлиб кетган оғайнимдан айрилишга кўзим қиймаётганидан яна бошқа бир яширин куч қудрати мени бу ердан кетмасликка ундаётгандай бўларди. Қайнота, қайнона бўлгувчининг кўзидан ўт чиқариб юборадиган пул-молларим ғуруримни ошириб, иродамга умид бағишларди. Бу ердан кетиб қолганимда эса, ихтиёримдаги олтин калит ўз ролини йўқотадигандек, энг муҳими, фурсатни қўлдан бой бериб қўйиб, сўнг умр бўйи ўзимни пушаймонда қоладигандек ҳис қилардим.
Ўйлаб-ўйлаб, охири сотилмай қолган молларимни хачирга юкладим-да, Ҳакимжонга кечқурун қайтиб келишимни айтиб, яна маҳалла оралашга чиқдим.
Бугун тижорат ва фойда деган нарсалар ёдимдан тамомила кўтарилган эди. Ноғорамни харидор жалб қилиш учун эмас, балки бояги қизнинг эшитиши учун чалмоқда эдим. Йўлнинг икки тарафидаги ҳар бир дарвозага тиламчидек термулиб ўтардим.
Қуёш найза бўйига келган чоғ бўлгани учун ҳам, бугунги ҳаво кечагидан ҳам баттар қизиб кетганди. Эрталабда кўк гумбазнинг у ер-бу ерида сузиб юрган оппоқ увада булутлар офтоб тафтида куйиб тугагандек, қаерларгадир ғойиб бўлган, йўлдан адашиб қолгандек туриб-туриб эсиб қўядиган дайди шамоллар ҳам мўридан отилиб чиққан ёлқиндек ўт тафтини олиб келарди.
Хаёлимда маҳалланинг барча кўча-кўйларини кам деганда бир-икки марта айланиб бўлдим, деб ўйлайман. Бироқ, мени ўзига оҳанрабодек жалб қилаётган бояги ҳовли худди афсоналарда бир афсун билан ғойиб бўлувчи сирли шаҳарлардек ҳеч ерда кўринмасди. Дарвозаларнинг деярли кўплари бир-биридан фарқ қилмагани учунми ёки хотирам панд бердими, ҳамма уринишларим беҳуда кетаётганди. Энди бу ахтаришларга чек қўяман, деб ўз-ўзимга айтардим-у, аммо яна ич-ичимдан гўдаклардек мунғаярдим. “Фалончининг уйи қаерда” деб сўраш ҳам ноқулай эди. Майли, айтайлик ўша ҳовлини сўрадим ҳам дейлик, у гўзал қизнинг исмини, билмасанг бундан нима наф?
Худди шу пайтда калламда пайдо бўлган бир англаб бўлмас ҳис-туйғу менга “сўл томонга қара” дегандек бўлди. Сўл тарафга қарадим. Қалин ёғоч дарвоза қанотлари ёпиғлик, алдамчидек тик турарди. Сиртдан ясалган йўғон ҳалқалар лақмалигимни айбга буюриб, чақчайган кўзлардек ғалати кўринарди. Эрталаб нонуштага берилган ем-хашакларни кавшаб бўлган сигирнинг чўзиб мўраши нишонимдан адашмаганлигимни тасдиқларди.
Мен келган жойимда тўхтадим-да, умидлик кўзларимни дарвозага тикиб ноғорамни даранглатишда давом этдим. Аммо қанча қилмай, уринишлар бекор кетарди.
Орадан бир қанча дақиқалар ўтиб кетди, ҳовлида бузоқ ва қўйларнинг мўраётган сигир билан умумий жўрлигидан ўзга ҳеч қандай садо эшитилмасди, нотаниш овоздан чўчий бошлаган товуқлар ҳам аксига олгандай, бирор товушни эшитишга имкон бермасди.
Ниҳоят, бир-бир қадам босиб, дарвозага яқинлашдим-да, аста ичкарига қараб, очишга ҳаракат қилдим, дарвоза очилмагач, унинг тирқишидан аста ичкарига назар ташлашга мажбур бўлдим.
— Кимсан, бу ерда нимага мўралаб юрибсан?
Тўсатдан эшитилган овоздан юрагим ёрилгудек чўчиган кўйи ортимга бурилувдим, шоп мўйловли уй эгасини кўрдим. У отнинг тизгинини тортган ҳолда ўқрайиб турарди. Кўз қорачиғлари еб юборадиган алфозда қотиб қолганди.
— М-м-мен… мен… сиз-ларни яна бирор нарса олармикин деб…
У, отидан дик этиб ерга тушди ва қамчисини ўйнатиб туриб:
— Кўзинг қаерда, дарвозанинг қулфланганлигини кўрмадингми, — деди менга яқинлашаётиб, — қани айт, нимани кўзлаяпсан, мақсадинг нима?!
Томоғимга бир нарса тиқилиб қолгандек, дудуқлаб қолдим.
— Но… нотўғри ўйлаб қолманг, ҳеч нарса… ҳеч нарса…
У менга яқин келди-да, кўзимга тикилиб туриб:
— Ҳеч нарса, ёлғон гапирма, баччағар, мол баҳона-ю, дийдор ғанимат билиб, қизимни йўлдан урмоқчи бўлаяпсан, шекилли, шундайми?
— Йўқ… йўқ… йўқ.
Дарвозага ортимни қилиб турган кўйи, чекинишга ҳам иложим қолмаган эди.
— Гапимни яхшилаб эшитиб ол, қизимни пойлаб юрганингни билиб турибман, кечаги қарашингнинг бошқача эканлигини мени сезмади дейсанми?
— Йўқ… йўқ…
Оғзимдан “йўқ-йўқ” дегандан ўзга гап чиқмасди, “йўқ” деганим ёлғон бўлса-да, бундан ўзга чорам ҳам йўқ эди.
— Тез йўқол бу ердан, нимага анқайиб турибсан, яна қизимни пойлаб юрадиган бўлсанг, ўзингдан кўр! Иккала оёғингни чопиб ташлайман…
Хачиримни етаклаганча, шошиб-пишиб йўлга тушдим.
У чорраҳадан қайрилгунимча назоратини қилча бўшаштирмади.
“Мана, кўтаролмасанг, осилтириб ол, деганлари шу бўлади, ярим кун терлаб-пишиб топган дарвоза тагидан ҳақорат билан ҳайдалдим. Бу аламни энди қаерга сиғдираман, энди бу остонага қандай қилиб қадам қўйиш мумкин”, — дедим ўз-ўзимга зарда билан.
Аммо, қулф турган дарвозадан нимагаям мўраладим? Бундай иш кимни ҳам гумонга солмайди? Агар бошқа биров менинг ҳам дарвозамдан мана шундай мўраласа, нима дердим?
Энг ёмони, унинг қизини кўраманми, деб мўралаётганимни сезган эди. Бироқ, сандиқ-сандиқларда ранг-баранг моли бўлган мендек бир келишган тижоратчи йигитнинг қизини кўриш умидида мўралаётганлигимга хурсанд бўлмай, аксинча, енгилтаклик билан кутиб олганлигини тушунмоқ қийин эди.
8
Ўйламаган ерда юз берган, ёмон тушга ўхшаб кетадиган бу воқеа ҳаддан зиёда аламзада қилиб юборгани учунмикин, фикрим бир ерга жамланмасди на кулишни на йиғлашни билмасдим. Бояги охирлашган ваҳимали жараённи эслаш худди қиёматни кўз олдимга келтиргандек қўрқинчли эди.
Энди бу маҳаллада тураверишнинг ҳожати ҳам қолмагандек бўлганди. Ичимда: “Умрим бўйи бу томонларни елкамнинг чуқури кўрсин” деб хўрсиндим ва “эшакка кучинг етмаса тўқимини ур” дегандек, итоатлик жонивор хачиримнинг сағрисига зарб билан бир қамчи урдим. Хачир илк маротаба менга эътироз билдириб чакчайиб қўйди-да, ювошлаб, думини липанглатиб йўрғалашга тушди. Яна кўп ўтмай, асабийлашиб, нўхтасини қаттиқ силкидим. Чунки, бу маҳалладан айрилиш менга осонмаслигига кўзим етганди. Кўз олдимда пайдо бўлган хаёлий тасаввурда, мени маҳлиё қилган ўша гўзал тасодифий пайдо бўлган тушунмовчилик учун, мендан ялиниб-ёлбориб узр сўрагандек қиларди. Орқамдан Ҳакимжоннинг ҳассасини тўқиллатган овози эшитилгандек бўларди-да, у озгина кўнгилсизлик туфайли аҳдимдан қайтганимга мендан ранжир эди, ожизлигим, юраксизлигим учун айбларди.
Нима учун кўнглимдаги дардни ўзим билан бирга олиб кетмоқчи бўлаяпман? Нега ўзим ишонган киши билан ўртоқлашмайман, шундай қилсам балки орзуйимга йўл очилармиди, деб ҳам ўйлайман!
Бу ердан бугун кетмасам ҳам, эртага кетсам ҳам бўлаверарди, бунинг устига Ҳакимжонга ваъда бериб қўйган эмасмидим? Ойсиз оқшомнинг сурури ҳам бошқача қўрқинчли эди, ўйлаб-ўйлаб охири хачиримни бошқа йўлга бошладим-да, бирдан-бир таниш уйни кўзлаб ортимга қайтдим.
— Оғайни, йўлингга қараб кўзим тешилаёзди., — деди эшик олдида кутиб турган Ҳакимжон мени кўрибоқ, — тижоратинг қандай, сандиқларинг бўшаб қолгандир?
У икки-уч қадам юрди-да, олдимга келиб, хачиримнинг жиловини олиб ҳовлига тортди. У чироғ ёруғида юзимга зеҳн солди, индамаганимни кўриб оғзини очганча қолди:
— Ҳой оғайни, қовоғингдан қор ёғилиб турибди-ку, назаримда бозоринг унча яхши бўлмаганга ўхшайди шекилли?
Ҳакимжоннинг кўзидан кўзимни олиб қочдим, бўлмаса, кўнглим бузилиб, йиғлаб юборишим, чаноғимга сиғмай қолган кўз ёшларимни селдек тўкиб юборишим мумкин эди.
Оёқларига мадор киргандек тетиклашиб кетган Ҳакимжон бошқача хурсанд кўринар, юмилмай қолган лабларидан қандайдир ҳаяжон билиниб турарди. У хачирни боғлаб қўйгандан кейин мени тортган кўйи супага ўтиришга таклиф этди-да, кулиб туриб деди.
— Намунча чиройингни оч, худди хантал чайнагандек, юзингни буриштирмасанг, тижорат деган нарса бугун оқмаса, эртага оқадиган нарса, хурсандлигимга ўртоқлашишни хоҳламайсанми ё?!
Ҳакимжоннинг хурсандлиги менинг кўнгилсизлигимни босолмаслигига ишонардим. “Мен Ҳакимжон олийгоҳнинг сиртқи бўлимига қабул қилингандир ёки даладаги ҳосиллар хирмонни тўлдирадиган даражада баракали чиқиб қолгандир”, — деб ўйлардим ичимда.
Бироқ, у кўкрагига яқинда узилган бир дона гулни тақиб олганди. Мана шу гулнинг ўзиёқ унинг шодлигининг сирини тушунтириб бериш учун етарли эди. Мен Ҳакимжоннинг онаси узатган чой тўла пиёлани қўлимга олдим. Ҳамма фикр-хаёлимда ҳукмрон бўлаётган ғашликларни бир дақиқа бўлса-да, унутишга тиришиб:
— Қани айтгин-чи, нимага шунча хурсандсан, — деб сўрадим боғдан чиқиб келаётган Ҳакимжондан.
Овозим худди электрон чолғунинг овозидек титраётганлиги ўзимга билиниб турарди, шундай бўлса-да, унинг хурсандчилигининг сабабини билишим, мавриди келса, икки оғиз яхши гап қилиб кўнглини кўтариб қўйишим керак эди.
Турмуш дегани мана шундай дунёда ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, бир кун хурсандчилик бўлса, бир кун хафачилик деган гап. Сен ғам уммонида тўлқинлар билан олишиб юрганингда, бошқаларнинг хурсандчилигини тўлиқ ҳис этолмайсан, бошқалар хурсандчиликнинг тахтида яйраб юрганида эса, сенинг азобларингга ҳамдардлашиш ҳеч кимнинг ёдига келмайди, бу сезгининг хатоси эмас, балки маънавий интилишнинг адашишдир.
Ҳакимжон ҳаяжонини босиб олгандан кейингина бояги саволимга жавоб берди:
— Дўстим, ниҳоят, кутилмаганда Қалбигулдан хабар келди, ота-онаси шаштларидан тушиб, юмшаб қолишибди, розилик билдиришибди, энди бу қулай имкониятни қўлдан бермаслик керак!
— Нима сабабдан юмшаб қолишибди? Бирданига бойиб кетган бўлсанг керак-да, балки.
— Нимасини айтасан, дўстим, бойиб кетиш бизга насиб қилса кошки эди, мана ўзинг кўриб турибсан, турмушимизда қилча ўзгариш йўқ.
— У ҳолда улар нима деб?…
— Ҳозирча тушунтириб беролмайман, ишқилиб, инсофга келиб қолганга ўхшашади, қандай бўлмасин, бугун қизнинг уйига тоғора олиб боришимиз керак, сен ҳам хизматда бирга бўларсан, деб ўйлайман.
Бу ҳақиқатан хурсанд бўлишга арзийдиган воқеа ҳисобланарди, Ҳакимжон неча йил ва неча ойни мана шу умид орзусида ўтказмадими? Қалбигулнинг висоли уни ҳазилкам умидвор қилмадими? Унинг кўнгли таскин топса, юрагимдаги жароҳат, албатта, енгиллаб қоларди.
— Тоғора тайёрлашга қанча нарса кетади, керак нарсаларни айтавер, ана, анави сандиқда бор, етмаса яна бир илож қилармиз, — дедим унга табиий равишда.
— Атаганинг бўлса майли, бўлмаса ўзимиздан ҳам унча-мунча нарса топилиб қолар, — деди у рози бўлган ҳолда, — яна хали тоғора олиб боришга ҳам бирга борарсан?
— Менми?
Ҳақимжонга ҳаётимда бундай ишга сира бош қўшиб кўрмаганимни айтувдим, у яна кулиб туриб деди:
— Ҳарҳолда бундай ишларни кўриб қўйганинг ёмон бўлмасди, зеро, бу иш сенинг бошингда ҳам албатта бор гап. У пайтда бу ёрдаминг мендан қайтади.
Ҳакимжоннинг айтгани дуруст эди, қўл қўлни ювса, қўл келиб юзини ювади эмасми? Боз устига, яхши кўрган қизим мана шу маҳаллада, ерлик кишининг “йўл бошловчи” бўлиши билан балки ишим ўнгига тортиб қолар.
Ҳакимжоннинг айтишича, унинг онаси тоғора олиб боришдан бош тортибди, у ўтган сафар борганда юз берган кўнгилсизликларни айтиб: “Ўғлинг бўлса урчоқдек, қизлар келар қурчоқдек дегандек, Ҳакимжондек ҳеч кимдан кам бўлмаган ўғлим бор, кўнглим тўқ. Мен ўғлимга осмондаги ойни олиб бераман десам ҳам қўлимдан келади. Ўтган сафар уларнинг остонасига иккинчи қадам босмайман, деб қасам ичганман, энг аввал улар қилган муомалалари учун узр сўрашлари лозим, ундан кейин қасамимни бузишим мумкин”, — деб тошдай қаттиқ туриб олибди. Ҳакимжон онаси билан кенгашиб бўлгунча фурсат кутиб турармиди? У охири онасининг розилигини олиб, билан мени ва узоқ қариндоши бўлган бир аёлни бу ишга белгилабди.
Ниҳоят, бу савобли ишга мен ҳам рози бўлдим. Гап орасида Ҳакимжоннинг қариндоши ҳам келиб қолди. Тоғарага керак бўлган нарсаларни солиб, дастурхонга ўраган кўйи унга кўтартириб қўйдим-да, умримда биринчи марта элчиликка қадам қўйдим.
9
Қош қорайиб жамики мавжудотни ўз қўйнига олган. Ҳаво ҳали салқин бўлса-да, ўзимни анча димиққандек ҳис қилардим. Оқ терак япроқларининг енгил шивирлашлари худди миямга сичқон кириб олиб асабларимнинг бўш ерларини қитирлатиб ғажиётгандек ёмон таъсир қиларди. Фақат толеи ўнгидан келган, йиллаб парвариш қилган, умид гули чечаклаётган Ҳакимжоннинг хурсандлигига шерик бўлишим асабларимга тасалли бергандай туюларди.
Бояги аёл майда қадамлар билан ортимдан келарди. Мен ўзимни унутган ҳолда туганмас хаёллар билан банд эдим. Ҳакимжоннинг сабру қаноати, умидворлиги кўнгил жомига мадад малҳамларини тугарди. Бу йўлда ҳар қандай кўнгилсизликларга бардош беришга, Ҳакимжондан ўрнак олишга қатъий бел боғлашга аҳд қилгандим.
— Укажон, Қалбигулларнинг дарвозасидан ўтиб кетдингиз!
У кўрсатган томонга қарадим. Таниш катта дарвоза, ташқи ҳалқалар, дарвозанинг икки тарафидаги дарахтлар…
Ер силкиниб, осмон чирпирагандек бўлди, тўсатдан пайдо бўлган шиддатли бўрон умид шаъмимни ўчириб, ақлимдан жудо қилди. Бутун жисмимни совуқ тер қоплаб, кўз олдимни зулмат чулғаб олди…
Дарвоза очилди. Ўзимга келсам, бояги шоп мўйловли киши тол шийпонга осилган катта газ чироқнинг ёруғи билан нурафшон бўлиб турган ҳовлида турибди.
Тавба, нима ишлар бўлаяпти ўзи дунёда, наҳотки, ўша мени ақлимдан жудо айлаб, пароканда қилган нозанин қиз — Қалбигул бўлса-я?
Шу онларда ердаманми ёки осмондаманми, ухлаётган бўлсам тушимми ёки ўнгимми, азбаройи ҳаммаси ноаниқ эди. Шу тобда бутун жисмимдаги қон бирданига бошимга тепиб, чеккаларимни кўпиртирган, юрагимни музга айлантиргандек қотиб қолганди…
— Хуш келибсизлар, меҳмонлар, қани супага ўтинглар!
Ҳакимжоннинг қариндоши тирсагимга туртиб қўйгандан кейингина, худди ақлимдан озган савдойидек унга қараб чақчайиб қолдим.
Вақтнинг ўтишини ҳисобга олиш ҳам хаёлдан кўтарилиб кетганидан бўлса керак, бир чоғда чўғдек гиламлар солинган, кўзни қамаштиргудек кўрпачалар тўшалган супада ўтирибман, қаршимда мезбон турибди. Бояги аёлнинг қайта-қайта огоҳлантириши билан аччиқ дамланган чойдан бир пиёла ичгандан кейингина ўзимни қўлга олиб, фикримни бир ерга жамлай бошладим. Ҳақиқат деган нарса бунчалар шафқатсиз бўлмаса? Энди бу ҳақиқатни тушга айлантириб қиёслаш ва унинг туш бўлиб қолишини умид қилиш ортиқча эди. Тун борган сари қуюқлашарди, ширин хаёлларни энди бир умрлик сир тутиб, уни то гўргача олиб кетиш, “қўл синса енг ичида” дегандек, тошаётган кўз ёшларни ичимга ютишим керак эди.
Чойдан кейин, ақлимни тамоман қўлимга олдим-да, пойгакда ҳанузгача ҳўмрайган ҳолда қараб турган уй эгасига ер тагидан қараб оғиз очдим:
— Энди… энди… Қалбигул гулдек улғайибди, энди қиз бола дегани энди…
Уй эгасининг кўзлари катталашиб охири чекига етганда ўйламаган ердан бақириб кетди?
— Бекор гапларни қўйиб ковушларингни тўғирласаларинг яхши бўлармикин, чой ҳам ичилиб бўлди. Омин оллоҳу акбар…
Мезбоннинг алфозидан, агар ҳозироқ йўқолмайдиган бўлсак, бизни ҳайдаб чиқармоқчилиги аниқ кўриниб турарди. Бироқ натижасиз қайтгандан кейин, Ҳакимжонга нима деб жавоб берилади?
Мен шу пайтда бутун сир-асроримни қалбимнинг қаърига яширган ҳолда Ҳакимжонга охиргача яхшилик қилиш қарорига келган эсам-да, лекин калламда юз бераётган аломатлардан “Ҳакимжон буларнинг ниятини хато тушуниб қолмаганмикин” деган ўй ҳам бирдай чарх урарди. Шундай бўлганда ҳам, мезбоннинг келганларга бундай қўпол муомала қилиши ақлдан эмасди. Мен гарчи асаблар етарлича таранглашганлигига қарамай, мезбонга қарата вазминлик билан дедим:
— Муҳтарам афанди ака, сиз биздан ташрифимиз сабабини сўрамай қувиб солгандай қилганингизни тушунолмадик… ҳеч бўлмаса, икки оғиз гапимизни эшитарсиз? Биз қутлуғ хонадонингизга фақат яхши ниятда фарзанди аржумандингиз бўлмиш қизингизнинг қўлини сўрагани қадам ранжида қилгандик…
— Қизимиз бошқа бировга фотиҳа қилиниб қўйилган, хафа бўлсангиз ҳам айтиб қўйишни лозим кўраман, укам, ҳаммамиз мусулмон одамлар эканмиз, — деди уй эгаси ўша-ўша ўзгармас алфозда, — пешиндан кейин ҳовлимизга бекорга мўраламаган экансиз, ўша чоғдаёқ кўнглимга шундай гумон келувди. Гумоним тўғри чиқди. Мол-дунёйингизга кўп ишониб кетганга ўхшайсиз, укам, пулим бўлгандан кейин, сўраган заҳотиёқ ҳар қандай одам қизини қўшқўллаб беради, деб ўйлаган бўлсангиз керак?! Кечирасиз, биз деҳқон бўлсак ҳам мол-дунёга кўзимиз тўқ. Боя айтдик-ку, қизимиз бошқа бировга фотиҳа қилиб қўйганимизга икки йил бўлиб қолди, бундан кейин дарвозамизни мўралаб юрманг, бўлмаса маҳалламизга иккинчи қадам босмайдиган қилиб юбораман, мен бир сўзлик одамман, айтганимни қиламан, буни ёдингизда сақланг, билдингизми?!..
Унинг гапини эшитиб, яна бироз гангиб қолдим-да, кўз олдим бирдан лоп этиб ёришиб кетди. У, мени Қалбигул билан тўй қилиш ниятида келибди, деб нотўғри ўйлаб қолган экан. У…. “Фотиҳа қилинган” деганда айнан худди шу Ҳакимжонни кўзда тутган бўлиши мумкин эди.
Шу орада тўсин ортидан Қалбигулнинг чиройи ялт-юлт қилиб кўриниб қолди, сўнгра онаси билан дастурхонга ишора қилди ва қулоғига нималарнидир пичирлади. Мен фурсатни ғанимат билиб уй эгасининг кўзга қараб туриб:
— Оғайнимиз Ҳакимжон жуда олижаноб яхши йигит, — дейишимгаёқ, уй эгаси югуриб келди-да, қўлимни маҳкам тутиб деди:
— Укажон, бояги гапларимни кўнглингизга олмаслигингизни ўтиниб сўрайман, мен сиздан иккала дунёда рози бўлиб кетай, ҳаҳ, менинг нокаслигимни қара-я… “Қош қўяман деб, кўз чиқарган”га ўхшаган иш бўлиб кетди. Узр, минг бора узр…
Мен унинг гапини бўлдим:
— Йигит билан қизда гап йўқ, биз энди ҳар қайсингизнинг бир оғиз розилигингизга қараймиз, тўй деган умр савдоси, “етти ўлчаб, бир кес” деганидек, тузукроқ ўйланиб, бир нарса десангизлар бўлармикин дейман-да?
— Узоқ гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, қизимизни икки қўллаб узатганимиз-узатган.
— Бу сафаргиси ҳали ишнинг бошланиши, — дедим мен дастурхонни қўйишга ишора қилиб, — тўй олди-берди харажатлари масаласини маслаҳат чойида кенгашиб ҳал қилсак, тўй вақти тўғрисида кейин бир нарса дермиз.
Уй эгалари бир-бирининг гапини тортиб олиб сўзлай бошладилар:
— Энди ҳар бирингизга менинг биргина талабим бор, Ҳакимжонга бу нарса тўғри келармикин билмадим…
— Биз етказамиз, айтаверинг.
Қалбигулнинг дадаси хижолат бўлган қиёфада бошини силаб қўйди-да, деди:
— Қизимизни жуда ардоқлаб вояга етказганимиз учун айниқса, менинг ғоят суюклигимдир, бирдам кўрмасам кўзимдан учади, ҳаммангизга маъқул келса, Ҳакимжондан бир нарсани сўрамоқчийдим, балки уни мендан аямас.
У сўзлаган сари ҳаяжонланарди. Узун камондек қора қошлари остидаги нур ёғиб турадиган кўзлари ўзгарган, қорачиғларидан сачраётган хурсандчилик учқунлари кишига бир хил хотиржамлик туйғусини берарди.
— Қани айтинг-чи, ака, товуқ сутидан бошқа нарса бўлса ҳам бунинг иложи бўлиб, ҳожатингизни чиқарар, — дедим мен ишонч билан. У сўзида давом этди:
— Эшитишимга қараганда, куёв ўғлимизнинг сопол кўзада ўстирилган номи тилларда достон бўлган эъзозли бир атиргули бор экан, шу атиргулни менга ҳадя этса ёки бир шохини кўкартириб берса, қизимни кўрган кўзда кўрсам дейман…
10
Дадамни андишадан халос этиш мақсадида бир парча хат йўллаб, бу ерда яна ўн кунча туриб қолишимни уқтириб қўйдим ва тўй ҳозирлиги учун шошиб-пишиб хизмат қилаётганлар қаторига қўшилдим. Ҳакимжоннинг ҳурмати ҳам катта, дўстлари ҳам кўп экан. Шундай бўлса-да, Ҳакимжон билан Қалбигулнинг бошини бириктириб қўйиш йўлида озгина хизматим бўлишидан ўзимни бағоят бахтли ҳис қилардим.
Элчилик вазифаси муваффақиятли адо этилган кундан бир ҳафта ўтиб, маҳалла тарихида жуда кўп мўйсафидларнинг гувоҳлигида ўтган улкан бир тўй бўлиб ўтди, тақдим қилинган бир донадан гулни тақиб олганлар бутун маҳаллани хуш ҳидларга тўлдирдилар, чиройли безалган аравага жойлаштирилган сархил атиргул қиз узатувчилар томондан Қалбигулнинг ҳовлисига олиб бориб, алоҳида ясалган супага ўрнаштирилди…
Келин кўрардан кейин шаҳарга қайтмоқчи бўлдим. “Овора бўлманглар, тез орада яна келаман” — деган гапларимга қарамай, Ҳакимжон, Қалбигул ва янги дўстларим маҳалланинг четигача кузатиб чиқишди. Улар билан хайрлашаётганимда, ажойиб дўстликнинг ёдгорлиги бўлган менга ҳадя этилган оқ атиргул япроқларида кўзимдан тўкилган марварид шодалари эрталабки қуёш нурида чақнамоқда эди. Йўқ, чақнаётгани марварид эмас, балки шодлик ёши, умид чашмаси, чин дўстликнинг қадрига ета билган қалб табассуми, ҳаёт маъносини тушунган дил иқрори эди.
Қум саҳрода кетаётиб орқамга қайрилиб қараб, келгуси турмушимнинг бешиги бўлмиш маҳалла томонга қўл силкитиб туриб дедим:
— Эҳ, ажойиб маскан, мен сенинг бағрингга яна қайтаман!
Уйғур тилидан Ҳабибулла Зайниддин таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон