Кампир титроқ қўллари билан шиша косадан ясама тишларини олиб, бир силкитиб оғзига солди. Кўнгил суҳбат истайди, аммо ҳамма уйқуда.
“Тонг оқаряпти… тун қўйнидан мовий булутлар сузиб чиқаяпти… Улар боққа чўкканда оёқда оғриқ туради. Буни ёшлар билмайди, аммо йиллар ўтавериб одатланиб қоларкансан киши, кўнгил булут келиб тонг отишини сезаркан. Бундан қўрқиш ўринсиз. Буни кексалик дейдилар, кексалик – янги кунни соатсиз қарши олиш дегани. Ҳар тонг шундай ўтади. Юмшоқ шиппакларимни оёққа илиб уйни айланаман. Чакиллаб томаётган жўмракларни ёпаман, сув ичишсин деб идишларнинг қопқоғини очаман, пишлоқнинг сувини тўкаман. Менинг оёқ товушим ҳеч кимни уйғотиб юбормайди. Гиламлардан, поллардан шундай юраманки, сас чиқмайди, ҳатто тошда юрсам ҳам овоз эшитилмайди. Кунни қарши олиш учун мен керак бўлардим. Агар мен бўлмасам, тонгни ким қарши олади? Ўрнимдан туришим билан қўлимга кўзгу оламан”.
Кампир кўзгуни олди. У кичкина, синиқ кўзгу эди; кўзгу орқасига чизилган суратда ёноғига катта хол қўйган пушти кўйлакли малика шаҳзода (нималарга қодира-а, Эгам?) билан рақс тушарди. Маликанинг кўйлаги чиройли, ёқасининг попуклари оҳорли. Атрофида заранг дарахти, қарангки, яшиллик ўртасида каттакон қора доғ. Худди дарахт шохлари куйдирилгандек. Кимдир паришонхотирлик билан сигарет ўчирган. Яқиндагина сандиқдан олган эди-я. Сандиқда кашталар ҳам бор эди. Нақшинкор кашталарига ҳам доғ теккан бўлса-я… Сандиқ доғлари қурсин.
Ҳозир мана бу шаҳзоданинг енгидаги нақшинкор безакларни қаердан топиш мумкин? Айтишларича, ҳозир қўл меҳнатига ҳақ ҳам тўланмасмиш, бунақа нарсаларни тикишга вақт ҳам йўқ эмиш. “Илгари кунлар узундек туюларди, вақтни бекор ўтказмасдик, кашта тикардик. Мен буларни тикиш учун неча кун меҳнат қилганман, пардаларга ҳам безак берганман. Акромнинг онасига кашталарим маъқул келган эди. Балки, кўзгуни у бергандир. Кўрмана учун олтин соат”.
Кампир кўзгуга разм солиб, тимдаланган қип-қизил яраларни кўздан кечирди. У ҳар куни эрталаб ясама тишларни оғзига солиб, кечқурун олар, лабидаги яралар эса кундан-кунга кўпайиб ғашини келтирарди. Кампирга ўзининг оғзи худди бировникидек туюларди. Чунки бир бурда нонни ҳам қийналиб чайнар, шу боис ҳам ясама тишларига боғланиб қолган эди. Юзидаги ажинларга кўникканидан уларга парво қилмай лабини секингина пайпаслади, сўнг ҳайратомуз маҳорат билан тишларини оғзига солди.
“О-о-о-о-оҳ” деди, яраларидан сўлак томди. Тишлар қарсиллади, қимирлади ва ниҳоят, жойига ўрнашди. Оғзидан оққан сўлакни кўйлаги этагига артди. Кўзгуни жойига қўйди. Ҳали қиладиган ишлари кўп эди.
“Мен ҳеч ухлолмайман, балки жуда кам ухласам керак. Атиги икки соат. Уйқум енгил бўлгани учун ўзимни ухламагандек ҳис қиламан. Эшик калити тиқирласа ҳам туриб чироқни ёқаман. Чироқ бош томонимда туради. Кўпинча кечалари ёлғиз қоламан. Ётоқдаги шифтга тикиламан, диван устига ташланган ёпинчиқнинг гулларига назар соламан. Жавондаги игна-ипларни, соч тўғноғичларини, тугмаларни, зиракларни, тўлов қоғозларини тартибга соламан. Баъзида калит топиб оламан, шунда уни оппоқ конвертга солиб, устига “калит” деб ёзиб қўяман. Ҳамма уйқуга кетса-да, мен ухлолмайман. Чироқлар ўчирилади. Йў-ўқ, уларнинг ишларига аралашганим учун эмас, уларга қўшилмаслигим, бир оғиз сўз сўрамаслигим, кутганимни айтмаслигим уларга малол келади. Менга жаҳл қилишади. Ҳамма нарса менсиз ҳал этилади. Назаримда, сандиққа ташлаб қўйилган кашталарга ўхшайман. Яна уларни ўзимча ҳар кун қоқиб-силкаман.
Айвончага чиққанимда қўшни айвончалардаги қарияларга кўзим тушади. Бу пайтда улар ҳам уйғоқ бўлишади. Яширинча кулишамиз. Чунки баланд овозда ҳол сўраш айб ҳисобланади. Маҳаллани хавотирга солиши яхши эмас-да! Биз кексалар кам куламиз, тонгни қарши оламиз, айвончаларнинг бир четида ийманибгина ўтирамиз, ҳеч кимга юк бўлмаймиз. Ёшлар эса тонг ҳавосига эътиборсиз. Қанча умр кўрдик, айтишга осон. Лекин ўлим бизни алдамайди. Шунча йил яшасак-да, ҳали ҳам ҳаёт одатдагидек, бир хил давом этади…”
Айвонча эшиги ёпилганда хона ўзгача тусга кирди. Тутқичлари юлинган, жилосини йўқотган, бўёқлари шилинган жавонлар мунғайиб кўринди. Фақат сандиқ устига ёпилган пушти адёл, гулли ёпинчиқ уйга ҳаёт бағишлагандек туюларди. Кампир ёпинчиқни тўғрилаган бўлди, пешбандининг чўнтагидаги калитлар шодасини олди. Энг катта калитни ажратиб диван ёнидаги жавонни очди. Жавондан апельсин, нейлон тўрвага солинган тузсиз нон, тортмадан сочиқча олди. Майда қадамлар билан чайқала-чайқала эшик томон юрди, даҳлизга кўз ташлади. Ҳамма уйқуда. Аста эшик қулфини тортди, дадил қадамлар билан хона ўртасига келди, ҳеч ким уйғонмаганидан ҳайратланиб, этаги узун, тўп ўйнаётган кучукчалар сурати туширилган тунги кўйлагини ечиб, уй кийимини кийди. Енгил нафас олди. Энди уйғонишгандир.
Кампир ошхонага кирди, эҳтиёт шарт жўмракларни буради, сув солинган идишнинг қопқоғини очиш яна эсларидан чиқибди, инқиллаганча пишлоқ солинган лагандаги сувни тўкди. Кўча эшиги олдига келганда тиззасини зўрға букиб, эшик орасида сиқилиб қолган газетага қўл чўзди. Бир қўлида лаган, бир қўлида газета билан хонасига кела бошлади. Амаллаб диванга ўтиргач, чарчаганини ҳис қилди. Газета саҳифаларига кўз югуртирди: “Қандай хабарлар бор экан?” “Тўр безакли кўйлак ва лама этикда гўзал оқшомда эди… қизиқиш билан таъқиб қилинмоқда… Анқара гуруҳида кўринди… хафа эмиш ва ҳар оқшом бошқа клубда таскин топармиш, дейишмоқда…” Пишлоққа санчқи урди, пишлоқ эзилиб кетди.
“Бўғзим ҳам торайган. Луқма ютолмайман десам, устимдан кулишади. Уйқусизлигимга ҳам инонишмайди. Балки, шунинг учун ҳам ҳушёрдирман, бедордирман. Лекин бўш ўтирмайман, бунга уларни ишонтиришим қийин. Ҳа, апельсин яхши мева, аммо жуда нордон. Ёшлигимда ота-онам нордон апельсин ейишимга қўйишмасди. Янгамизнинг уйи Адада эди. Лимон дарахти шунақаям кўп эдики… Ҳар кун мактабдан қайтаётиб апельсин ердик. Ёз оқшомлари Акром ҳам келарди. Бизнинг давримизда учрашув деган нарса йўқ эди, десам ишонишмайди. Ҳаммамиз битта хонада яшардик. Унаштирилдим. Кейин нимадир бўлди-ю, Акром касалга чалинди, йўқ, вафот этди, ҳа, вафот этди. Хасталанди дея уйдагилар унаштирувни бузишди. Аммо Акром кўп йиллардан кейин вафот этди. Кимгадир уйланибди, деб эшитдим. У баланд бўйли, келишган йигит эди, ҳар бир қадамини ўйлаб босарди. Энг яхшиси – шаҳзодаларга қўлда тикилган кашталарни сотиш. Улар тўр безакли либослар кийишади. Никоҳ кўйлагим тўр уқали оппоқ эди. Ҳозир айтсам, ишонишмайди. Ўтган кун мени чўмилтиришди. Яхшилаб ювинглар, артинглар, дедим. Улар эса: “Ўзингиз қорайиб кетгансиз, танангизда кир йўқ”, – дейишди. Ёшлигимда оппоққина, нозиккина эдим, ҳозиргидек буришиқ-тиртиқ эмасдим. Ҳатто туққанимдан кейин ҳам қорним силлиқ, оппоқлигича қолганди. Ҳар бир аёл ўз эрини яхши кўради. Жумладан, мен ҳам… Дарвоқе, умримда пулдан қийналмадим. Ҳаммаси яхши ўтди. Болаларим менинг йўқлигимни ҳис қилишади, албатта, худди чолимнинг йўқлигини ҳис қилгандек. Баъзан негадир чуқур ўйга толаман. Ҳозир рўмолимни силкитишга ҳам ҳолим йўқ. Адада тушган суратларимда оёқларим бирам гўзал экан-а… У замонлар жавонларни истаган хонага кўчирардим, шу зайлда бугунгача етиб келибман. Энди юзларимнинг акси эртага ҳам ўзгармайди, чунки аллақачон ажинлар ғижимлаб улгурган, мен таниган-билган одамлар ҳам худди шу аҳволда. Кексайдим, қартайдим, бундан энди чўчимайман. Бундан асло жирканмайман ҳам”.
Эрталаб келини – икки боланинг шошқалоқ онаси болаларни ювиб-тараб, едириб-ичириб мактабга кузатиб қўяди. Эпчил оёқлар машинага югуради. Кампир шовқинга чидолмагани учун ҳам соат бонгини эшитиши биланоқ эшигини ёпади. Ошхонадан пақир-пуқур қайнаётган чойгум овози эшитилади, жавонлар очилиб-ёпилади, иситилган нон ҳиди димоққа уради, санчқилар, пичоқлар шақир-шуқур қилади. Бу нима ғалаён! Буларни қўя турайлик. Жавонлар ҳаммаси бирданига очилмаса, нонуштага дастурхон шошилмай ёзилса, эрталаб пишлоқ ейилса бўлмас эканми? Сумкалар кечадан тайёрлаб қўйилса, қаламлар ҳам унутилмайди. Аслида, шошмоққа ҳам на ҳожат?
Турк тилидан Пошшажон Кенжаева таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон