Тушдан сўнг қуёш баттар қиздира бошлади. Ташналикдан чолнинг томоғи қуриб-қақраб қолаётир. Яқин-орада булоқ ҳам йўқ. Аксига олиб ҳали туёғи қотмаган, кечагина туғилган бузоқча оёқлари майишиб, довдирайди, юришга ярамайди. Бироқ чол уни аяб ўтирмайди, арқонни тортиб судрайди. Ташналик ва очликдан дийдаси қотган, бузоқча ўлиб қолади, деб ҳам ўйламайди, ёвшан босган сўқмоқдан судрагани судраган.
Бу ҳолга Муқа чол бепарво эса-да, Оймўгиз чидолмади. “Мў-мў”лаб бўйнини бурганча бузоғи устига энгашди. Чолнинг аҳволи ҳам ҳозир бузоқчаникидан баттар эди. У қўлини пана қилиб, атрофга разм солди. Саробдан ўзга нарсани фарқлаб бўлмасди. Ахир, бу ўзи туғилиб ўсган жой-ку, ҳеч бўлмаса, ҳозир қаэрдалигини тусмоллар. Ҳов анов қирнинг ортида ўтган йили мол фермаси бор эди. Эҳтимол, ҳозир ҳеч ким қолмаган, ҳамма кўчиб кетгандир. Бироқ булоқ бўлиши керак. Муқага шу топда бир қултум муздай сув катта армон.
Чол бироз тетиклашган бузоқчани олдига солиб, қирга ўрлади. Тепаликка кўтарилганда ферманинг қораси кўринди: узун қўралар, тсемент охурлар… Етти-саккизтача уй. Айримларининг томи, эшик-деразаси кўчириб олинган. “Ҳамма кўчган. Ташлаб кетишган”, ўйлади чол ичида куюниб. Бироқ кутилмаганда чордеворлар орасидан бир ит вовуллаб чиқди. Чўпоннинг ити, қашқирга ўхшайди. Важоҳат билан ириллаб келаётган итни кўриб, Муқанинг қути ўчди. Шу пайт четдаги уйнинг эшиги очилиб, бошига оқ рўмол ташлаган кампир чиқиб бор овози билан итини чақирди. “Хайрият, одам бор экан, — чол боладай суюниб кетди. — Ўзингга шукр, Худойим”. У сигир-бузоққа ҳам қарамай, отининг бошини уй томон бурди. Яқинлаша туриб кампирни танигандай бўлди: “Кўзимга иссиқ кўриняпти…”. Муқа кўзини уқалаб, тикилиброқ қаради. “Ўша… Э, худо, бу Чиноргул-ку! Ўзимизнинг Чиноргул. Ҳалиям шу ерда экан-да…” Хурсанд бўлиб кетган Муқа уйга яқинроқ бориб, отидан туша бошлади.
Чиноргул унга қараб турди. Танимади чамаси, Муқа отини қозиққа боғлагунча миқ этмади. Чол отини боғлаб, яқин келгандагина кампирнинг юзи ёришгандай бўлди: таниди чоғи, чолга пешвоз чиқди. Ич-ичига кириб кетган ҳорғин кўзларида нур учқунлади.
— Муқамисан? Худойим-эй, ўнгимми ё тушимми? — Чиноргул чолнинг қўлидан тутди.
— Омонмисан, Чиноргул? — дея олди Муқа зўрға. Унинг гапиришга ҳоли қолмаганди.
— Ахийри келдингми? Мени ҳам эслайдиган одам бор экан, ҳартугул, — давом этди кампир. — Унутиб юборишгандир, деб юрардим. Худога шукур… минг қатла шукур! Мени излаб кепсан-да.
Улар уйга киришди. Муқа тўрга чиқди. Қаватида ўтирмаса айрилиб қоладигандай Чиноргул Муқанинг ёнига чўкди. Чол тўрт-беш йил бурун Чиноргулнинг ёлғиз ўғли трактор тагида қолиб ўлганини эшитганди. У Чиноргулга оғир бурилиб қараб, кўнгил сўради:
— Қайипбегингдан айрилибсан, Чиноргул. Жойи жаннатда бўлсин. Худо сабр берсин.
— Муқа, Қайипбегимни айтаяпсан-да, ҳа, англаб турибман. Ҳа, қоқбош бўлиб қолдим, Муқа. Ёлғизимдан айрилиб қолдим…
Чолнинг қўлини маҳкам сиқиб ушлаган кўйи Чиноргул ҳўнграб йиғлади.
— Нима деяётганингни эшитаётганим йўқ. Қулоғим том битган. “Қайипбегинг энди йўқ!” Менинг охирги эшитган гапим шу бўлди, шу гап мени бу дунёдан узиб қўйди. Биров билан гаплашмайманам. “Тиқ” этган товуш йўқ. Ўзим эшитмай қўйдим бу дунёнинг товушларини. Эшитгим келмайди. Нимасини эшитаман? Барибир энди Қайипбегимнинг овози ўчди, унинг кулганини, гурсиллаб юришларини энди эшитмайман-ку. Шукр, мени кар қилиб қўйган Эгамга шукр.
Ёлғизлик муштипар кампирни тирикликдан бездирган, чоғи. У анчадан бери юрагини бўшатмаган кўринади…
* * *
Чиноргулнинг эри Қаулен Муқа билан тенгқур эди. Болаликдан дўст эди улар. Бир вақтда уйланишди. Бир пайтда фарзанд кўришди. Тақдир ато этган бахтдан масрур бўлиб юрганларида уруш бошланиб қолди. Фронтга ҳам бирга отланишди. Бошида бир фронтда жанг қилишди. Кейин ажралиб кетишди. Уруш тугашидан бир йил бурун елкасидан яраланган Муқа қайтиб келди. Ёзнинг қоқ ўртаси эди. Туман марказида поэзддан тушиб, от-улов кутишга ҳам сабри чидамай овулга аёв қайтди. Буғдойга ўроқ тушган палла, йўл бўйи аёлларга кўз солиб борди. Данекер билан Чиноргул ўроқ ўриб юришган экан, югуриб пешвоз чиқишди. Данекернинг қувончи чексиз эди — куёвининг бўйнидан маҳкам қучиб олган, сира қўйиб юборгиси келмасди. Бошқа пайт Чиноргул кулиб юборарди, дугонаси ўлгудек соғинган экан!..
Чиноргул ҳам бошини Муқанинг кўксига қўйиб: “Бизнинг Қауленни қайларга ташлаб келдинг? Кимга ташлаб келдинг, Муқа!”, деб йиғлаб юборди. Угина эмас, ўроқчиларнинг бари кўзига ёш олишди. Чиноргул Қауленни узоқ кутди. Уруш тугаб, фронтга кетганлар қайтиб келгандан сўнг ҳам у умидини узмади. Эшикнинг “тиқ” этганига, итининг ҳургани-ю, қадам товушига ҳам умидланиб кўз тикиб ётди. Хат ташувчининг йўлини пойлади. Йўқ. Қаулен қайтмади. Бедарак кетди.
Урушдан сўнг ҳам улар Толтуғанда ёнма-ён яшашди. Чиноргул муомалали, очиқ кўнгил аёл эди. Овулда ҳурмати бор эди. Айниқса, Данекер билан оралари қалин эди, худди опа-сингилдай. Ишда ҳам, уйда ҳам доим бирга.
Ишчанликда Чиноргулга етадигани йўқ эди колхозда. Елиб-югуриб ёлғиз ўғли Қайипбекни одам қилди, элга қўшди. Данекернинг қазосидан уч йилча бурун Қайипбек фермага тракторчи бўлиб ишга жойлашгач, Чиноргул ўғли билан Толтуғандан бу ерга кўчиб келишди. Муқа уни Данекернинг азасида кўргани. Кўз қиймас дугонасининг жанозасида кўз ёшини селдай оқизганлардан бири шу Чиноргул. Ҳаётда ғам кўраверганиданми ё феъли ўзи шунақами, Чиноргул айтиб йиғлаганида дийдаси тош одамларнинг ҳам кўнгли бузилиб, кўзлари намланди.
Толтуғандан кўчиб кетишганидан буён Муқа Чиноргулни кўрмаган эди. Кўрмак тугул, бир оғиз хабар ҳам эшитмаганди. Кўп нарса ўзгариб, унутилиб кетаркан. Кўрган-кечирганларинг ҳам аста-секин хаёлдан кўтариларкан. Муқага қолса-ку унутмасди-я, лекин начора, ҳаёт ҳаммани шу кўйга солиб қўйди-да… Мана, орадан ўн икки йил ўтиб, Чиноргул билан яна дийдорлашиб турибди.
* * *
Чиноргул кўп йиғлади. Кўнглидаги дардини тўкди. Муқа таскин бериб, юпатишга уринди. Ўзининг ҳам кўзлари ёшланди. Сўнг Чиноргул енги билан кўзларини артиб, ўрнидан турди. Обтоба ва дастшўй олиб келиб, чолнинг қўлига сув қуйди, сочиқ тутди. Дастурхон ёзди. Муқа бошидаги бўркини олиб токчага қўйди. Чопонини ечмоқчи бўлиб, белидаги белбоғини бўшатганди, бир ҳовуч ўрик шов этиб кўрпачага тўкилди. Орасида баъзилари эзилиб қопти. “Кўрпачани булғадим-ов”, деб ўрикларни териб олаётганди, хонага Чиноргул кириб келди.
— Худойим-ов, булар ўзингизнинг боғингизнинг ўригими? Ҳалиям мева соларкан-да-а?.. Вой, садағанг кетайин… Худойим берса ризқ адо бўлмасакан-да. Ҳалиям тип-тиниқ, топ-тоза, ҳар қайси чақалоқнинг муштидай, қара! Сап-сариқ, олтин, олтин!
Чиноргул ўрикдан биттасини олиб оғзига солди: “Таъмиям бурунгидай. Бол, бол!
— Муқа, еб кўрдингми ўзинг? Сен тўйгунча еб қайтгандирсан. Эҳ, бир хуморидан чиқайин-а.
Чиноргул ўрикни қувониб чайнади, чиройи очилиб кўзларида нур учқунлади. Муқа бир дона ўрикни олиб дастурхон четига артаётанда Чиноргул:
— Ўрикни артганинг нимаси. Ўрик кир бўлмайди. Данекер икковимиз мазаси кетиб қолади, деб ювмай ердик, — деди.
Муқа ўрикни оғзига солди, ҳеч қандай ўзгача таъм сезмади. Қайтанга оғзининг таъми қочди. Бироқ Чиноргулга сир бермади.
— Ширин экан, — деб қўйди.
— Эсингдами Муқа, Данекер билан келинчак пайтларимиз толнинг соясида кун бўйи ўтириб ёнғоқ чақардик. Шунда Қаулен икковинг: “Сенларни ёнғоқ чақиб ўтирсин, деб олганимиз йўқ”, дея койирдинглар. Бу бизга бирам хуш ёқарди-эй. Кулиб қўярдик. Ўша кезлар жуда бахтлийдик… Ғам нелигини билмасдик. Умр доим шундай — ўйин-кулги билан ўтади, деб ўйларканмиз-да. Э, тақдири қурсин…
Чиноргул кўнглини очиб ўтган-кетганлар ҳақида сўйлар, оғзидаги ўрикни мазасини татиб, ҳузур қилиб чайнарди. У яна бир дона ўрикни оғзига солаётиб:
— Муқа, қолганини белбоғингга тугиб ол, — деди. — Болаларингга оборасан. Уларнинг ҳам оғзи тегсин. Уйланганингни эшитувдим. Қутлуғ бўлсин! Унданам фарзанд кўргандирсан? Ол, тугиб олиб оборгин, ота маконларининг ўриги-ку!
Шундай деб у ичкари хонага кириб, топ-тоза оқ чит олиб чиқди. Ўрикнинг қолгани кўп эмас, шу боис чолнинг кўнглидан: “Бунинг нимасини овулга олиб бораман?”, деган ўй кечди. Бироқ Чиноргулнинг раъйини қайтаргиси келмади.
Муқа у берган читга қолган ўрикни тугиб, чакмонининг чўнтагига солиб қўйди. Бироздан кейин Чиноргул чой келтирди. Ташналикдан танглайи қуриган Муқа терлаб-пишиб чой ичди. Дастурхондаги юмшоқ нон, сариёғдан тотинди. Чанқоғи босилгач ўзини тетикроқ сезди. Чиноргулни гапга солиб, гурунглашиб ўтиргиси келди-ю, кампирнинг кар бўлиб қолгани эсига тушиб, ўй суриб қолди. Яна Чиноргулнинг ўзи гап бошлади:
— Ёлғиз қолдим, Муқа. Ўтган йили сенинг Белжигитинг бутун фермани кўчириб олиб кетди. Мана буёқда, икки қир наридаги қўшни совхоз ерида экин экади. Ўша ерга бориб тураман. Қанд-чойни ҳам шулардан сотиб оламан.
Муқа бош ирғаб, унинг гапларини маъқуллаган бўлди.
— Қайипбекнинг йилини бергандан сўнг келиним қариндошлариникига кетиб қолди. Қайтайин, қол деёлмасам. Қайипбекдан бола ҳам туғмади… Туққанида шу ерда қолармиди, ким билсин? Манглайимга ёзилгани шу экан-да. Не қилай? Йиғлаб-сиқтаб қолавердим. Ташлаб кетдинг, деб қарғаганим йўқ. Оқ фотиҳа бердим. “Кўз очиб кўрган бўсағанг, қулуним, унутиб юборма!”, дедим. У ҳам йиғлаб-сиқтаб хўшлашди. Нима қилсин?
Чиноргул пиёладаги чойидан хўплаб, гапида давом этди:
— Шундай қилиб, ҳаммани кузатиб, Алипсоқ икков қолдик. Уни боя кўрдинг-ку, жўн ит эмас у. Мени ташлаб узоққа кетиб қолса не қилардим? Йиғлаб қолаверардим-да. Бу қоқ бошим неларни кўрмади. Кўнардим, бунгаям… Йўқ, ташлаб кетмас, Худо билади янаям, ҳарқалай ташлаб кетмайди. Мен ўлган куним қирнинг бошига чиқиб, увлаб ётади ҳали…
Муқа дастурхон четини буклаб-ёзиб Чиноргулни унсиз тинглади. Чой ичилиб, ташқарига чиқди. Кун оғиб қолган, ҳавонинг ҳовури босилиб, салқин туша бошлабди.
— Бугун дам ол, эртага барвақт кетарсан. Соя бетга тўшак солиб қўяман, — деди Чиноргул бўшаган самоварни кўтариб чиқаётиб.
Муқа бош силкиб, “маъқул” ишорасини қилди! Оймўгиз бузоғи билан эски қўранинг соясида экан. Бузоғи тотқилаб унинг елинини эмиб ётибди. Муқанинг яқин келганини сезмади ҳам. Оймўгиз бошини буриб қаради. Муқанинг ортидан Чиноргул ҳам улар олдига келди.
— Ўзимизнинг Оқсигир зотидан-ку. Елини тўла сут бўларди-я. Бир соғганда Данекернинг челаги тўлиб, аранг уйга кўтариб кетарди.
Чиноргул Оймўгизнинг сағрисини силади.
— Данекер Оймўгизни соға олибмиди, ўзи? Айтмоқчи, биз Данекернинг қирқига борганимизда шу — биринчи бузоқни туққанди-ку, а. Э, жонивор-э… Елинига қўл чўзиш насиб этмади Данекерга. “Оймўгизим ҳам Оқсигирдан кам бўлмайди, қайтанга ундан сутлироқ бўлади”, дегувчи эди.
Чиноргулнинг майин қўли терисига текканда Оймўгиз бурилиб, унга қараб турди, силаётганда эса безовталанмади ҳам.
Чиноргулнинг кўзи бузоқчага тушди: “Ҳой, арзанда-эй, бунча тирғалмасанг! Ҳеч елиндан айрилгинг келмаяптими? Тортқилаганини қара-чи, узиб олади, чоғи”.
Унинг қўли текканда бузоқча оғзини елиндан бўшатиб, ортга тисарилди. “Бузоқчанинг бўйнини арқон қийиб кетибди-ку, Муқа?! Худойим-эй, энди оёқлаган бузоқчага ҳам шунча жабр қиладими? Бўйнига қил арқон солганинг нимаси?..”
Чиноргул Муқанинг ишидан ранжиб, куйиб-пишиб гапирганча уйга кириб кетди.
Муқа отини ўтлоққа қўйиб юборди. Қўл-оёғини ёзмоқчидай у ёқ-бу ёққа юрди. Бироздан сўнг уй олдидаги тол соясига тўшалган кўрпачага чўзилди. Икки кун сигир ахтариб оёқдан қолган экан, боши ёстиққа тегибоқ кўзи илинди.
Чол соялар узайиб қолганда уйғонди. Ёстиқдан бошини кўтарганда ўзини хийла тетик ҳис этди. Қорни очганини сезди. Чиноргулнинг овқати тайёр экан.
Қўлини ювиб, дастурхон бошига ўтирди. Чиноргул товоқни тўлдириб овқат сузибди, бир эмас, уч-тўртта кишига етгулик.
— Қўй сўйиб сийлашим керак эди, Муқа. Туёқларнинг барини яқинда овулнинг чорвасига қўшиб юбориб эдим. Бориб келишга менда оёқ қайда дейсан, қаричилик. Сенга қўй сўймасам, кимга сўяман. Сендан ортиқ меҳмон борми менда. Худойим-эй, ойлаб, йиллаб йўлингга кўз тутдим… Кўнглимни узмадим. Яхши-ёмон кунларни бирга татиган тенгдошим-ку, нима бўпти, ўлгунимча бир хабар олар, деб юргандим. Худога шукр, ахийри келдинг… Овқатдан ол, Муқа. Йигит кезларингда Қаулен икковинг бир товоқ гўштни кўрдим демасдинглар. Тўймай қолсанглар Данекер икковимиз айбдордай дамимизни ичимизга ютардик. Киши билмас йўқчиликдан нолинардик. Худога шукр, ҳозир иркитга ит қайрилиб қарамайдиган замон-ку. Ол, Муқа. Йигит кезингдагидай бир егин-чи. Ана шундай. Сени кўриб, мен Қауленимни эслайин, қаватингда бирга-бирга нон-тузни бўлиб ўтирибди, деб ўйлайин.
Муқа роса очиққан экан, шунинг учун гўштни иштаҳа билан чайнади. Барибир етмишни қоралаб қўйган чолнинг егани нима бўларди. Икковлашиб товоқни ярим қилишолмади. Овқат устидан бостириб чой ичишди. Сўнг Чиноргул эшик олдидаги сўрига Муқага жой солди.
Идиш-товоқларни ювиб-йиғиштиргач, Чиноргул Муқа ётган сўри четига келиб ўтирди.
— Ухлаб қолдингми, Муқа?
Муқа ухламаганини сездириб қўзғалиб қўйди.
— Киндик қонинг тўкилган ернинг ҳавосидан ҳузур қилаётгандирсан? Сенлар томонда кун иссиқ бўлади, чивин-чиркайлар ҳам ғўж-ғўж дейишади.
Чиноргул рост айтади. Кундузи чивин, оқшом пашша талайди… Муқа унсиз тин олди. Умид билан бир ёстиққа бош қўйгани, талай йил бирга яшаган хотинининг, ота-онасининг қабрлари бошига бориб Қуръон ўқишни кўнглига тукканди, боролмади. Шунданми, дили хижил бўлиб, юраги сиқилди. Ҳартугул Чиноргулнинг эшитмаганиям тузук. Чолнинг жавобини кутиб ўтирмай яна гапираверади.
— Нимасини айтайин, бурноғи йил кўкламда, бировлар директор келармиш, деди. Белжигитнинг шу совхозга директор эканини биламан-ку. Чинини айтсам, юрагим тарс ёрилгудек қувондим. Қайипбегим билан иккови бир йил, тенгдош-да. “Айланайин, Қайипбегим билан бирга ўйнаб-кулган жойларини бир кўргиси келгандир, кўнгил сўрар”, деб ўйладим. Сурувдан қўй сайлатиб обкелтирдим. Болалигида бизнинг Қайипбек иккови қўрга пиширилган това нонни талашиб ейишарди. Шуни эсига солайин, деб Белжигитга деб кулча ҳам пишириб қўйдим.
Бир маҳал: “Директор келди, директор келди”, деб тўпирлашиб, югургилаб қолишди. Ташқарига чиқиб чўзилиб қарасам, қўра ёнида машинасидан тушаётган экан. Танидим. Болаларинг ўзингга тортган, қорувли, бўйчан. Дарров танидим. Машинасидан туша солиб бизнинг уйга қараб юргандай бўлди. Шошилиб, уйга кириб кетдим. Данекер Белжигитни Белжон дегувчи эди. Белжонни уйимнинг бўсағасида кутай, дедим. Қайипбек билан, тепишиб катта бўлган, бағримга боссам Қайипбегимнинг иси келар, деб ўйладим. Кутдим, кутдим, йўқ, келавермади, Ташқари чиқдим. Қарасам, боя югургилаб юрганлар тарқашяпти. Ҳай-ҳайлаб: “Белжон қани?”, деб сўрадим. Кимдир: “Белжони ким? Директорни айтаяптими? У кетиб қолди-ку”, деди. Ичим муз қотгандай бўлди. Уйга судралиб қайтиб кирдим. Бундан ортиқ азоб, хўрлик бўлмас экан, Муқа. Уйга кира-кира ҳўнграб йиғлаб юбордим… Муқа, мен муштипар йиғламай ким йиғласин, ўзинг айт-чи… Кейин билсам у мендан кўнгил сўрагани эмас, фермани кўчириб, мени эса бу ерда ёлғиз ташлаб кетгани келган экан.
Муқа ҳеч қачон бундай ноқулай аҳволга тушмаганди. Безовталаниб кўрпасини елкасига тортиб, ёнбошлади. Чиноргул ҳасратини тўкиб солаётганда чўзилиб ётишга ийманди.
— Толтуғандан кўчиб кетган кезларда кўниколмай, анча пайт сизларни қўмсаб юрдим. Элга элакишиб, аста-секин янги жойга, одамларга кўникдим. Қайипбекни уйлантирдим. Қўл етганча тўй қилдим, овулдагилар ўйнаб-кулди, яхши тилаклар тилашди. Энди ўйлаб қарасам, бу ёлғончи дунёдаги кўрганим ўша кунлар экан. Бир даврон экан-да. Юрагим ёрилгудек қувониб юрардим, бироқ буни ҳам Эгам кўп кўрди…
Қайипбегимдан айрилиб, қовурғам майишганда, негадир сизларни қўмсадим. Данекерни ўйладим, сени ўйладим. Муқага не бўлди, нега келмайди, деб хавотирландим. Ёпирим-ай, эшитмадимикан? Нега эшитмайди? Етти ёт бегона бўлиб кетганида ҳам, еру кўкка етган ҳасрату ноламни гувлаб эсган шамол етказмадимикин? Менинг кўз ёшларим оқ ёмғир бўлиб деразангни чертмадимикин? Етказган чиқар!.. Чертган чиқар!.. Шундаям миқ этмадингми? Қандай чидаб турдинг? Нега кела қолмадинг, Муқа… Нега? Бир кунлик йўл эди-ку. Ё, худо, болангнинг мошинида ғиз этиб келиб-кетсанг бир сут пишгулик вақт кетарди-ку. Мен шўрманглайни юпатиб кетардинг… Майли, мениям қўя тур: яратган Эгамнинг бир бандаси ўлди-кетди.
Хўш, биз, ўзимиз нега бир-биримизни унутиб қўйдик? Нега бегона бўлиб кетдик? Бир-биримизга талпинган, меҳр тўла, кўрмаса туролмайдиган кўнгилларимизга не бўлди? Муқа, уларни қайга кўмдик? Қайда йўқотдик?
Муқа чурқ этмай ер чизиб ўтирар, қанийди бир ёриқ бўлсайди, кириб уятдан кўринмай кетса. У ўзидан ўтганини ўзи биларди. Чиноргулнинг бир нафаслик сукути унга бир йилдай туюлди, Чиноргулнинг гапиришини бетоқат кутди.
— Данекер тирик бўлганида келармиди, келмасмиди — Худо билади. Келарди-ёв. Мени зориқтирмасди, аллақачон келиб, кўзимни ёшлангани қўймасди. Қайдам, у орамиздан бекор кетмаган чоғи, Муқа. Орамиздаги қадр-қимматниям ўзи билан олиб кетган. Бурунгилар хайр-у саховатли одамлар бўлади, дегувчи эди. Данекер ўшалардан бири экан. Бу рост.
Муқанинг кўзларида мунчоқдай ёш йилтиради.
— Майли, энди дамингни ол. Эрта турасан, шекилли, — деди Чиноргул Муқага қараб. — Бўлар-бўлмас гапларни айтиб бошингни қотирдим, а. Сенга айтаман-да. Ҳартугул, ҳасратимни кимгадир тўкишим керак-ку. Шукур, ичимни бўшатдим, енгил тортдим. Энди ухлай қол, Муқа.
Ҳозир ёруғ бўлганда Муқа Чиноргулнинг юзига қарай олмасди. Хайрият, қоронғу, шунгаям шукр қилди.
Чиноргул энкайиб унинг кўрпасини тўғрилади, Муқа кўнглини орзиқтирган бу меҳрибонликдан алланечук бўлиб кетди. Кўз ўнгида аёли Данекер гавдаланди…
* * *
Муқа тўрғайлар товушидан уйғониб кетди. Тонг отиб қолибди. Чиноргулнинг чойи қайнаб ётибди. Муқа илдам кийиниб, ювинди. Чиноргул сўрига дастурхон ёйиб, самоварни олиб келди.
— Оймўгизни соғдим. Увузини ичиб кўр, — деб Чиноргул товоқ тўла увузни ўртага қўйди.
Увуз суюлиб қолибди. “Оймўгизнинг болалаганига бугун уч кун бўпти”, хаёлидан ўтди чолнинг. Аммо увуз жуда мазали. Муқа озроқ ичиб, товоқни Чиноргул томон суриб қўйди.
Жўнаш вақти етди, бироқ Муқа кечагидек овулига тезроқ етиб олишга шошилмасди… У олдинда нималар кутаётганини эмас, ортда қолган кунларини ўйлаб хаёлга толди. Ёшлик чоғлари кўз ўнгида жонлана бошлади. Кеча тунаб қайтган ота макони Толтуған… Чиноргул. “Кузга яқин Толтуғанга бир бориб, ўрикларни суғориб қайтсам, — ўйлади чол. — Неъмат-ку, ахир. Кўкариб турсин. Ота маконимнинг тириклик белгиси. Нобуд бўлмасин… Чиноргулни ҳам, болаларимга айтиб, қишга яқин кўчириб опкетмасак бўлмас. Қандай бўлмасин кўчириб обкетаман…”
Чиноргул ичкаридан унинг чопонини, қамчиси, чит матога тугилган ўрикни олиб чиқди. Иккиси ёнма-ён юриб тўриқ йўрға ёнига келишди. Муқа отини эгарлади. Чиноргул кеча тиккан нўхтани бузоқнинг тумшуғига кийгизмоқчи бўлиб энгашганди, бузоқ Оймўгизнинг бағрига тиқилди, бироқ қочқоқламади. Чиноргул нўхталаётганда танаси дир-дир титраб, тангадай кўзларини ундан узмай қараб турди.
Муқа отига минди. Оймўгиз олдинга тушди. Анча жойгача Чиноргул бузоқчани етаклаб борди. Овул ортидаги қир белига чиқишгач, бузоқчани қўйиб юборди. Муқа билан қўл олишиб хайрлашди.
— Эсон бўл, Муқа. Яна айланиб келасанми, келмайсанми… Эсон бўл… Мени сўрайдиганлар бўлса, Чиноргул ёлғиз экан, дема! Ота маконини, қариндош-уруғлари мозорини ташлаб кетолмас экан, де. Шундай дегин, Муқа!
Чиноргул ўзини қўлга олди. Йиғламади. Фақат товуши қалтираб чиқди.
— Хуш қол, Чиноргул! — деди Муқа ҳам товуши титраб. Яна бир нима демоққа ҳоли келмади. Отини қамчилади. Бироз юргач, қайрилиб ортига қаради, қир бошида Чиноргул ҳали ҳам оқ рўмоли шамолда ҳилпираб, қараб турарди…
Мурод Абдуллаев таржимаси