Қиш кунларидан бири. Кундуз соат тўрт бўлганига қарамай, қош қорая бошлади. Қор қалин ёғарди. Майда-майда қор зарралари узун хипчиндек шамол аралаш юзга жиз-жиз урилади. Кўчани олти дюйм қалинликдаги совуқ ва юмшоқ оппок гилам қоплаганди; файтон ва пиёдалар уни топтаб ташлашганди. Қор қоплаган Бауэри-стрит бўйлаб ёқаларини кўтариб олган, шляпаларини қошларигача бостириб олган кишилар санғиб юришарди.
Ифлос бўлиб кетган тўрт қаватли бино олдида бир тўда одамлар йиғила бошлади. Аввалига икки-учтаси яқинлашди; бироз бўлсада қизиш мақсадида оёқларини бир-бирига уриб тахта эшик олдида изғиша бошладилар. Улар хатто ичкарига киришга уриниб ҳам кўришмайди, фақатгина ғамгин безовталаниб у ёқдан бу ёққа тентираб юришар, қўлларини чўнтакка тиққанча пиёдалар ва ёниб турган чироқларни зимдан кузатишар эди. Уларнинг орасида кўзлари киртайиб кетган оппоқ соқолли мўйсафидлар ҳам, кўринишидан ёш, лекин касалланганлар ҳам, ўрта ёшдагилар ҳам бор эди.
Эшик олдидаги оломон кўпая боргани сари паст товушдаги ғала-ғовур ҳам кучая борди. Бу суҳбат эмас, балки тўхтовсиз норозиликлар эди. Норози овозлар, сўкишлар эшитила бошлади.
– Сал тез ҳаракат қилишса бўлармиди.
– Анави миршабни бақрайишини қара.
– Нима, ҳозир ёз деб ўйлашяптими?
– Пирда – Шимолий қутбда ҳам бундан кўра иссиқроқ.
Изғирин қаттиқроқ савалай боргани сари одамлар бир-бирига зичроқ ёпишишади. Биров жаҳл ҳам, дўқ пўписа ҳам қилмайди. Бирон ҳазил ёки мулойим сўзни ҳам эшитмайсиз, фақатгина оғир кутиш.
Шу пайт кўчада автомобил ўтиб кетди, унинг ичидаги йўловчи ялпайиб ўтирарди.
– Буни ялпайиб кетишини қара! – деди кимдир эшик тагидан.
– Унга совуқ таъсир ҳам қилмайди-да!
– Ҳой, ҳой! – яна кимдир қичқириб югурди, бироқ автомобил аллақачон кетиб бўлган, ичидаги йўловчи уни эшитмасди.
Аста-секин кеч туша бошлади. Ўткинчи пиёдалар уйларига шошишар, оломон эса ҳали ҳам эшик тагида ҳеч қаёққа силжимай турарди.
– Эшикни очишадими ўзи ё йўқми? – жанжал чиқармоқчидай хирилдоқ овоз янгради.
Ҳаракатга келган оломон ёпиқ эшик томон силжий бошлади: барчанинг нигоҳи эшикка қадалганди. Оломоннинг кўзида тилсиз жониворларникидай маъюслик: эшик тутқичи буралиб очилармикин? Улар оғирликларини гоҳ у, гоҳ бу оёқларига ташлашар, совуқдан кўзлари қисилган, нималардир деб тўнғиллашар, сўкинишар эди. Уларнинг барчалари кутишар, қор эса ҳамон бўралаб ёғар, савалар эди.
Бино ичида чироқ ёнди ва эшик тепасидаги ойнада унинг хира шуъласи пайдо бўлди. Оломон бирдан жонланди. Қор янада қалин ёғар, эскирган шляпаларда, озғин елкаларда тўпланар эди, биров уни қоқиб туширмасди ҳам. Эшик олдида тўпланиб турган одамлар чиқарган буғдан қор эрир, шляпадан бурун ва юзга томчиларди, аммо бундай тиқилинчда қўлингни кўтариб юзингни артолмайсан. Оломон чети сийраклигидан у ерда қор эримасди. Орага суқила олмаганлар қунишиб чеккада туришарди.
Ниҳоят, зулфиннинг ғичирлагани эшитилди. Оломон ҳушёр тортди. Кимдир бақирди: ,, Ҳой, эшикни итарманглар”. Эшик очилди. Бир дақиқалик тиқилинч ва ур-сурдан сўнг, ҳамма жимгина, хўмрайганча ичкарига интила бошлади, оломон зумда сийраклашди. Одамлар оқим олиб кетаётган ёғочдек бино ичига ғойиб бўлишар, салкиган шяпа ва жиққа ҳўл бўлган палтодаги совқотган, ҳолдан тойганлар бу нохуш тусдаги бино эшигига ёппасига селдай ёпирилишарди.
Роппа-роса олтида ҳар бир ўтган-кетганнинг юзидан кечки овқат кутиб турган уйига шошаётганлигини пайқаш мумкин эди.
– Сизда бирон егулик топиладими? – сўради кимдир оппоқ соқолли эшик қоровулидан.
– Йўк, фақат каравот топилади.
Бугун эшик тагида кутиб турганларнинг барчаси тунаш учун жой топишди.
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси