Иштирок этувчилар:
Рўдакий – ёш, IV пардада – қари.
Маж – унинг тенгқури, IV пардада – қари.
Балъамий – 48 ёшда.
Нигина – 18 ёшда.
Бону – Балъамийнинг хотини, 43 ёшда.
Амир Наср – ёш.
Устод, сарой шоирлари сардори – 40 ёшда, IV пардада жуда қари.
Саҳл бинни Мансур – сипоҳсолор, 45 ёшда, IV пардада жуда қари.
Суламий – фақиҳ, дин-шариат ақидалари донишманди, 40 ёшда, IV пардада жуда қари.
Шаҳид, Муродий, Фароловий – форсигўй шоирлар.
Шакурий, Орифий – ёш шоирлар.
Акбар – 30 ёшда, IV пардада қари.
Жунайд – висоқбоши (кичик саркарда), 30 ёшда, IV пардада қари.
Ойтош – кичик саркарда, 30 ёшда, IV пардада қари.
Нуҳ – ёш шаҳзода.
Нуҳ – сомоний амири, ёш.
Қари деҳқон.
Биринчи деҳқон.
Иккинчи деҳқон.
Учинчи деҳқон.
Саркардалар, сарой аҳли, Бухоро шоирлари, асир деҳқонлар, хорижий элчилар, қуллар (сарбозлар), султон саройининг икки дарвозабони, вазир мулозими, ҳабаший қул, мулла, амалдор.
БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Бухородаги Сомонийлар саройи дарвозасининг олд томони.
Муродий, Шаҳид ва Фароловий дарвоза томон яқинлашиб келади.
Муродий. Аларни Устод хожайи бузургнинг илтимоси билан Самарқанддан сўратиб олдирган эканлар.
Фароловий. Менинг фаразимча, хожайи бузург аларни саройга чақириб олмоқчилар. Шундай эмасми, мавлоно Муродий?
Муродий. Шояд. Сир эмасдурки, хожайи бузург дарий тили ва дарий шеърининг мухлисидурлар.
Фароловий. Қани кошки, алар Бухорода қолсалар. Менинг мулоҳазам бўйича, Устод – саройнинг “малик уш-шуароси” ҳаёт экан, Рўдакийнинг сарой доирасидан маскан олмоғига йўл бермайдилар. Нечукким, “гадо душмани – гадо” дебдурлар. Шундай эмасми, мавлоно Шаҳид?
Муродий. Сарой шоирлари сардорини шуаронинг устоди эмас, бахиллар устоди, ҳасадчилар пири ва арабийпарастлар шайхи десак, тўғри бўлгуси.
Шаҳид. Ҳақ гапни гапирдингиз, мавлоно Муродий. Ҳой, Фароловий жаноблари, бу ярамаслардан сўранг-чи, шуаро мушоираси бўладурму ё йўқ?
Фароловий (дарвозабонларга). Аҳли шеър ташриф буюрдиларми? Бугун шуаро мушоираси бўладурми?
Дарвозабон. Биз қайдан билайлик!
Муродий. Мана устод ҳам келдилар.
Шаҳид (қараб қолиб). Ҳа, ҳар қачонгидек, ҳужра-ю хонақоҳнинг тупроғ яловчиси Суламий билан ҳамроҳдурлар.
Сарой шоирлари сардори, Суламий ва Балъамий кириб келади.
Устод (улуғворлик билан). Хўш, азизлар, не хабарлар?
Муродий. Шуаро мажлисига келган эдик.
Устод. Шуаро мушоирасида бугун фақат арабча ашъор ўқилғуси.
Шаҳид. Биз ҳам арабийни биладурмиз.
Суламий (тасбеҳ ўгириб). Билмоқ билан билмоқнинг фарқи бордур. Зиндиқлар ҳам, кофир қарматийлар ҳам биладурлар они, аммо…
Шаҳид (дарғазаб). Нима дедилар, хожам? Биз зиндиқлар, қарматийлар билан баробар бўлдукми?
Суламий. Оллоҳ сақлагай, камина бу маънода гапирмадим. Айтмоқчи эдимки, араб лисонини билмоқ кофий эмас, бу лисон ихлос ҳам талаб этгусидур. Зеро, бу каломи шариф – Қуръон ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалам лисонидур.
Устод. Сизлар арабий ашъор ўқимайдурсизлар. Форсий-дарий ашъори эрса, навбатдаги мушоирада ўқилгусидур.
Муродий. Биз Рўдакий ҳазратлари ашъорини тингламоқ учун қадам ранжида қилган эдик.
Фароловий. Балли, алар бугун шуаро мажлисига ташриф буюрғуси.
Устод. Келармиш? Рўдакий?
Муродий. Балли.
Устод. У Самарқандга қайтмоқчи эди-ку!
Шаҳид (киноя билан). Начора, у тоғлик қайсар Устоднинг ҳакимона пандига қулоқ осмай, Бухорода қолибдур ва густоҳлик билан шуаро мажлисида ҳозир бўлиб, хожайи бузург – Балъамий аъло ҳазратлари билан учрашмоқ ниятида эмиш.
Устод. Хожайи бузург билан?.. Сиз қайдан билурсиз?
Муродий. Аларнинг ўзларидин. Камина бугун саҳаргоҳ пайти аларни Мажи хаттот кулбасида зиёрат қилган эдим.
Фароловий. Хожайи бузург! Балъамий!
Балъамий (Устодга). Не хабар, хожа? Айтурларки, Рўдакий Бухорода эмиш, сиз они кўрдингизму?
Устод. Ҳа, хожайи бузург, кўрдим, суҳбат қилдим.
Балъамий. Қандай киши экан? Сизнингча, биз они қабул этсак, муносиб бўлурму? Баъзи кишиларнинг қавлига кўра, у йўниб пардозланмаган қишлоқий эмиш, улуғлар мажлиси одобини билмас эмиш.
Устод. Каромат қилдингиз, хожайи бузург. Гапу сўз сўзламоқ, хулқу атворда бир саҳройининг ўзгинаси. Бухоро шуароси мажлисида иштирок этса, бу гўё товуслар даврасига ногаҳон кириб қолган туядек бўлур эрди. Таъби ҳам хом, завқи норасо, алфози дағал. (Истеҳзо билан кулиб) Бунга илова шуки, бу шоир ўзини Дабусия аҳолисининг додхоҳи – адолат муборизи деб ҳисоблайдур экан.
Балъамий. Дабусия аҳолисининг?
Устод. Ҳа, унингча, подшоҳимнинг вазирлари бу вилоят аҳолисига жабру зулм қилаётурлар эмиш!
Балъамий андишага тушиб дарвозадан киради, унинг ортидан шоирлар ҳам эргашадилар. Сарой шоирлари бошлиғи қадамини секинлатиб, дарвозабонларга мурожаат қилади.
Ҳў, Яздондод, аҳволу кайфиятинг қалай?
Дарвозабон. Саломат бўлғайлар, Хожам.
Устод. Агар Рўдакий исмли шоир келса, сизлар они киритмагайсизлар.
Биринчи дарвозабон. Рўдакий? Бизга бундай фармон бўлган эмас.
Устод. Хожайи бузург шундоқ фармон қилдилар. Ул шахс Хожайи бузургни ранжитибди. (Ҳамёнидан бир неча танга олиб, дарвозабонларга улашади). Ҳайит яқинлашмоқда, бу ҳайитликка хамир учидан патир.
Биринчи дарвозабон. Саломат бўлинг, хожа, асло кам бўлманг. Биз хизматингизга ҳозирмиз.
Устод дарвозага кириб кетади. Рўдакий ва Маж келишади.
Рўдакий. Ахийри у исмини айтди, исми Нигина экан. Нигина – кўз, узукнинг кўзи. Кеча сизнинг болохонангиз айвонидан вазир боғига назар ташлаган эдим, боғда яна ўша қиз пайдо бўлди. Тут дарахтига чиқди. Тут терар эди-ю, ёқимли, аммо ғамгин бир ғазални хиргойи қилиб айтур эрди. Мен шавқу завқ билан тинглаган бўлсам керак, ғазал ўша дамдаёқ ёд бўлиб қолди. Матлаи будур:
Маро зи ҳасрату ғам як дамо чудойи нест,
Нишотро зи азал бо ман ошнойи нест…
Маж: Азалдин айш-шодлик ила ошно эмасмен. Баҳ-баҳ! Буни қайси бир толесиз шоир айткан экандур?
Ҳар иккиси дарвозадан кирмоқчи бўлишади.
Иккинчи дарвозабон. Тўхтанг! Сизлар ким бўласизлар?
Маж. Мен Мажи хаттот бўламен, бу киши ошнам шоир Рўдакий.
Биринчи дарвозабон. Биз сизларни танимаймиз.
Рўдакий. Мен шоирдурман. Шуаро мушоирасига келибдурман.
Иккинчи дарвозабон. Ҳар пайшанба куни Бухоро шоирлари саройга ташриф буюришади, аммо аларнинг орасида биз сизларни бирор дафъа ҳам кўрмадик.
Биринчи дарвозабон (шоирнинг оддий либос ва этигига таажжуб билан боқиб). Шоир эмишлар! Яна шотир-новвой бўлиб чиқманг? (Қаҳ-қаҳлаб кулади).
Маж (қизишиб). Нега куласан, нохалаф?
Рўдакий. Гап бу дарвозабонларда эмасдур, Маж. Мен беиштибоҳ мулоҳаза қилурменким, бу ҳам сарой шуароси сардорининг ўйину ҳийласидур. (Маъноли қилиб)
Дар ба рўям бубаст ногаҳ дасте,
Соҳиби даст нигоҳ буд паси дар.
Келинг, кетдик.
Парда.
Иккинчи кўриниш
Вазирнинг ҳовлиси. Бону эшик олдида Нигина билан бирга сипоҳсолор Саҳл бинни Мансурни кутиб олади. Сипоҳсолорнинг кетидан Жунайд кириб, бир томонда тик туради.
Саҳл. Ассалому алайкум.
Бону. Ваалайкум ассалом, сипоҳсолор. Келингиз.
Саҳл эҳтирос билан Нигинага қарайди.
Борғил, Нигина.
Нигина уйга кириб кетиб ғойиб бўлади.
Саҳл. Мени муборакбод этинг, Бону. Амирим юз минг динор эвазига менга Дабусия вилояти хирожини бағишладилар. Ҳозир мен хазинага юз минг динор нақдинани топшириб келдим. Хирож йиғиш эртадан бошланади. Менинг хирож тўпловчи вакилим Жунайддир. Канизакни менга тортиқ қилинг. Хирожнинг ярми сизники бўлади. Жунайд эртадан бошлаб халталаб олтину кумуш, хирмонлаб ғалла ва мато олиб келиб, сизнинг омборингизга тўкади.
Бону. Буюргайлар, ўтирсинлар.
Саҳл (ўтиради). Менинг толейимга вазир Балъамий, сизнинг фуқаропарвар эрингиз шаҳарда йўқдирлар. Бўлмаса, албатта, хирожнинг сотилишига монелик қилур эдилар.
Бону. Фақат юз минг? Нақадар арзон?
Саҳл. Қуллари хирожни ундириш йўлини биладур. Агар икки юз минг динордин кам ундирсам, отим Саҳл бинни Мансур бўлмағай. Хўш, манинг шартимга розимидурсиз?
Бону (четга қараб). Вилоятнинг ярим хирожи. Аммо хирожнинг ҳаммасини бермагунча осонлик билан рози бўлмайман. (Саҳлга) Нигина бир мамлакат хирожига арзийдур. Қаҳат бўлган бир вилоят хирожи нима? Яна хирожнинг ярми эмиш!
Саҳл. Менинг зорим бору зўрим йўқ, меҳрибон Бону. Сиздан нима кетди? Мен ҳам даргоҳингизнинг бир қулимен. Ахир, ўзингиз доимо мени “дўстим, отам давронидан қолган ёдгорлик” деб эъзозлайсиз-ку!
Бону. Дарҳақиқат, сизни кўрсам гўё отамни кўргандек бўладурмен.
Саҳл. Мен ўз вақтида раҳматли отангизнинг фармонлари билан қилич чопиб, вилоятлар олдим. Отангиз каминани Хуросон ҳокими лавозимига тайин этмоқчи эдилар…
Бону. Мен бу муддаони тунов куни амирга арз қилдим. “Хуросон ҳукуматини сипоҳсолорга топширинг”, дедим, қабул этмадилар.
Саҳл. Бизнинг бу ёш амиримиз, сизнинг жиянингиз каминанинг қадрини билмайдурлар. Олиймақом эрингиз ҳам менга яхши назар билан боқмайдурлар. Ҳар доим мени амирга қоралаб юрадурлар. Шундай, жилла бўлмаса, сиз менинг қадримга етарсиз, Бону?
Бону. Нигинани бахш этайми?
Саҳл. Бу айни муддао – сизнинг лутфингизу меҳрибончилигингиз бўлур эди.
Ҳабаший қул (киради). Шоирлар ташриф этмоқчи.
Бону (Саҳлга қарата). Яна сўзлашурмиз. Шитоб қилмоқ, шошилмоққа ҳаракат йўқтур. (Қулга) Айт, киришсин.
Рўдакий ва Маж киради.
Бону. Ҳа-а, Мажи хаттот!.. Нечун кўринмайсен? Мен сенга “Калила ва Димна”ни бериб, бир нусха китобат қилмоқни буюрмоқчи эрдим.
Маж. Жон-дилим билан, меҳрибон Бону. Кейинги пайтларда мен иш билан беҳад банд эрдим. Бу шоир дўстимнинг девонини китобат қилмоқ ила машғул эрдим.
Бону. Бу шахс шоирмилар?
Маж. Рўдакийи Самарқандийдурлар.
Бону. Ҳа, эшитганмен. Баъзи шеърларини ўқиганмен ҳам. (Рўдакийга) Бизнинг даргоҳимизга шоирлар кўп ташриф буюришади. Ҳузуримизда ашъорларини ўқишади, нега сиз келмайсиз?
Рўдакий. Мен баъзи бегонапарвар бухороликлар каби, Бонунинг латиф таъблари арабий ашъорини ёқтириб, дарий шеъриятини хуш кўрмас, деган андиша билан қадам ранжида қилмас эрдим.
Бону. Мен арабийни яхши билмаймен. Шоирлар ҳузуримда дарий тилида шеърхонлик қилурлар. Марҳамат этинг. (Ўтирмоққа таклиф этади).
Рўдакий. Меҳрибон Бону, мен сизга ушбу девонимни туҳфа қилиб олиб келгандурмен. (Китобни узатади).
Маж. Ягона китоб! Беназир! Китобат қилган эса – ушбу қулингиз.
Бону (шоирга). Сизнинг марҳаматингиз беҳад зиёддур. Мен девонингизни амир ва вазирга кўргазурмен. (Саҳлга) Сипоҳсолор, майлингиз борми, бу девонни бироз ўқисак?
Саҳл (таъна оҳангида). Ихтиёрингиз.
Бону (китобни варақлайди, ичидан қоғоз чиқади). Бу недур?
Рўдакий. Бу шу бугун битилган янги ғазалдур.
Бону. Менинг кўзим хира бўлибдур, ёзувни равшан кўра олмасмен. (Қулга) Нигинани чақир.
Нигина келади.
Кел. Буни ўқиғил! Кўрайлик-чи, шоир бугун қандай ғазал битибдур?
Нигина (қоғозга қараб):
Гирифт хоҳам зулфайин анбарини туро…
Сенинг анбарин икки зулфингни қўлга олайин,
Бўсалар билан чеҳранг бетига нақшлар солайин.
Рўдакий (давом этади. Бонуга қараб ўқиса-да, аслида Нигина учун ўқийди).
Бир қатла бўлса-да, сен қадам босган ер тупроғин
Сажда этиб, кўзимга сурма қилиб қолайин.
Сенинг мактубинг севинчига минг бўса берайин,
Агар муҳрида онинг узугинг изин билайин.
Қўлим бир лаҳза тутмаса агар этагинг, буюр:
Уни ҳинд тиғи билан кессинлар, рози бўлайин.
Бону. Баҳ-баҳ! Жуда соз, ёқимли. (Саҳлга) Қалай? Маъқулингиз бўлдиму?
Саҳл. Мен шеърни хуш кўрмаймен. Шеърдан ҳам, шоирлардан ҳам безормен.
Рўдакий. Ҳа, “ҳўкиз гул истамас, гул қадрин булбул билур”, деганлар.
Маж, кейин Нигина ва сўнг Бону ўзларини тутолмай кулиб юборадилар.
Саҳл (хижолатда). Гарчи одобдин йироқдур, аммо чиройли масал айтдинг, шоир. (Туради). Менга ижозат бергайсиз, Бону. Аммо мен билмоқ истар эдим… Умидвор бўлайми ё йўқ? Дабусия хирожининг ярми – сизники!
Рўдакий (мароқ билан). Дабусия хирожи?
Бону. Ҳа. Сипоҳсолор у вилоятнинг бу йилги хирожини сотиб олганлар.
Рўдакий. Сотиб олганлар? Қайси хирожни? Ахир, Дабусияда бу йил қурғоқчилик. Оч-яланғоч аҳоли Кўҳак – Зарафшон дарёсидан ариғ очиб, сувсизлик офатидан қутулмоқчи. Мен Бухорога йўл олар эканмен, у навоҳийдан ўтдим ва ўз кўзим билан кўрдимки…
Саҳл. Аҳолининг очу тўқлиги билан менинг ишим йўқтур. Хирожни ундурмоғим даркор. Мен хазинага юз минг динор нақдина топширганмен.
Рўдакий. Халқ хирож тўламоққа қодир эмас, сиз қандай ундирасиз?
Саҳл. Қандай? Ҳа-ҳа!.. Жунайд, сен шоирга айтиб бер, хирожни қандай ундирасен!
Жунайд. “Зам қилу кам қил” усули билан.
Рўдакий. Нима?
Жунайд. Чунончи, сизга ўн дирҳам хирож ёзган бўлсинлар, мен бунинг устига яна ўн дирҳам зам этамен; сиз йиғи-сиғи қиласиз, шунда мен беш дирҳам кам қиламен; кейин сиз ўн беш дирҳам тўлашга кўнасизу устига яна мени дуо қилурсиз.
Саҳл (хушнудлик билан кулади). Агар бўйин товласа, нима қиласен?
Жунайд. Қотиб қолган бўйинни пайканд юмшатгай.
Рўдакий. Пайканд?
Жунайд. Балли, қарздорларни ҳайдаб бориб, қалъа қуришда ишлатамен.
Рўдакий. Даҳшат, даҳшат! Бухоронинг барча улуғлари арвоҳига қасам ичаменки, сиз, сипоҳсолор, худобехабар киши экансиз!
Саҳл (Бонуга). Айтдим-ку, мен шоирлардан ҳам, уларнинг суҳбатларидан ҳам безормен. (Кетади).
Парда
Учинчи кўриниш
Вазир боғининг бир бурчаги. Нигина Рўдакийнинг “Ба тоғи ҳинди” байтини ўқимоқда.
Нигина.
Қўлим бир лаҳза тутмаса агар этагини буюр:
Уни ҳинд тиғи билан кессинлар, рози бўлойин.
Айланиб, гулларни искайди. Ариқда бетини ювади. Рўдакий пайдо бўлади.
Рўдакий.
Юзингу зулфингни кўриб қизил гул,
Бой берибди рангу ҳидин буткул.
Сув гулранг бўлади юз ювганингда,
Анбар тарқалади тарасанг кокул.
Нигина (шошилиб ҳаяжонда қолади). Кетингиз!.. Яхши эмастур…
Рўдакий. Нигина, мен бу фурсатга кўпдан бери орзуманд эдим.
Нигина. Бу қандай жасорат!
Рўдакий. Бону ҳузурларида ўқиган ғазалим сизнинг шаънингизга айтилган эди, пайқаган бўлсангиз керак?
Нигина. Йўқ, пайқаганим йўқ… кетингиз!
Рўдакий. Бағри тош, мени қувламанг.
Висолинг бўлмаса бўлмас на сабру на тоқат, на дил,
Ишқингда йўқдир менда на аҳду иродат, на дил.
Нигина. Худоё тавба!
Рўдакий. Қуёшим, менга нурингни тарат. Сенсиз на кундузим бору на ҳаётим.
Бе рўйи ту хуршеди жаҳрисўз мобод…
Сенинг юзинг бўлмаса, хуршиди заҳрисўз бўлмасин,
Сенсизин ул даме чироғи оламафрўз бўлмасин.
Сенинг васлингга ҳеч ким мендек бадомўз бўлмасин,
Қайси кун сени кўрмасам, ўшал кун ўз бўлмасин.
Нигина (орқасини ўгириб хомуш қолади-ю, кейин бирданига шеър билан жавоб беради).
Мендан висол таманно қилма ҳаргиз,
Они қалбингга ошно қилма ҳаргиз.
Висолим тушингда ҳам кўрмагайсен,
Кечгил, бу хаёл бино қилма ҳаргиз.
Рўдакий (ҳайратда. Унинг орқасидан бориб сочини ушлайди).
Зулфингни тутсам узун тун бўлғуси ҳосил,
Ечсам ўрамларин яна бўлғуси чигил.
Агар торларин чигилин ечсам бирма-бир,
Тароз мушкини таратгай ҳар тола-ю қил.
Нигина.
Кўрмак тилагинг эрди, ушалди тилак,
Мақсаду муродига етгандин юрак.
Яна не тиларсен, густоҳлик қилмагил,
Чеҳрамда не кўрдинг, ондин бергил дарак.
Рўдакий.
Латофатда юзинг дарё, лабинг маржон,
Зулфинг анбар, оғзинг садаф, тиш дурсимон.
Қошинг қайиқ, пешонанг ажини мавж,
Бақбақангдир бало қаъри, кўзинг тўфон.
Нигина. Энди бас қилсак. Сизнинг бадиҳагўйликда маҳоратингиз менга собит бўлди.
Рўдакий. Менга ҳам у ёқимли ғазалнинг яратувчиси энди маълум бўлди: “Маро зи ҳасрату ғам як даме жудойи нест”…
Нигина. Сиз энди ғазал битишимни билган биринчи кимсасиз. Мен ғазал ёзишимни ҳаммадан сир тутамен. Ҳа, канизакдан шеър тўқишни эмас, хизмат қилишни талаб этадилар-да, ахир. Шеърни эса сиздан талаб қилишур.
Рўдакий. Эвоҳ, мен фақат энди ким учун шеър битганимни билдим. Менга ғойибдан ким илҳом йўллаганини аниқладим. Мен Маж болохонасидан туриб боғда сизни биринчи дафъа кўрганимда, ғойибдан бир овоз келиб айтур эрди: “Эй шоир, бу паризод сенинг иқболинг, сенинг тақдирингдур”. Менга айтинг-чи, кимнинг фарзандисиз? Қайси бўстоннинг гулисиз?
Нигина. Мен… Нигинаман. Ўзгалар бармоғи узугининг нигини – кўзи. Мен тили бор қўғирчоқмен. Мен буюммен. Мени ўғирлашлари, сотиб олишлари, сотиб юборишлари мумкин.
Рўдакий. Жаҳон хазиналарини бир жойга тўпласалар ҳам, сизнинг қимматингизга тенг келмайди, баҳо бўлолмайди, сиз бебаҳо хазинасиз.
Нигина. Шояд ушбу боисдандур, Довудхон қароқчи ушбу “хазина”ни ўғирлади. Тўққиз ёшда эканмен, Абеварддан, ота-онам уйидан мени олиб қочди. Билмадим, заргар отам, муштипар онам ҳаёт эканмилар ё… Қизиғи шундаки, мен озгина бўлса ҳам билиму донишда фазилат ҳосил қилганим учун ушбу одам қароқчисидан миннатдормен. Чунки у мени устодлар қўлида ўқитди, ҳунар ўргатди. Булар менинг қиммату баҳоимни оширди. Уч йил муқаддам мени Бухорога олиб келиб, Бонуга сотди… Энди борингиз, яна бирор кимса кўриб қолмасин. (Узоқлашади).
Рўдакий. Мен сизни яна кўраменми ё йўқ?
Нигина. Агар истасангиз, кўрасиз.
Рўдакий. Қачон? Қаерда?
Нигина. Билмадим, ўзингиз топиб олурсиз. (Кетади).
Парда
Тўртинчи кўриниш
Сарой. Амир Наср, Балъамий, сарой шоирлари сардори, Суламий.
Балъамий (Рўдакий девонини ўқимоқда).
Замона панди озодвор дод маро…
Замона менга жуда қиммат насиҳат этди,
Агар билсанг, замон тўла насиҳат эрур.
Деди: “Ўздан баландроқни кўриб ғам ема,
Кўп киши бор, сен бўлишни орзу қилур”.
Наср. Баҳ-баҳ! Жуда соз айтган экан.
Балъамий. Худо ҳақи, бу маънони дарий тилида бундан яхшироқ тушунтирмоқ ва юксакроқ баён этмоқ амри маҳолдир.
Суламий. Яхши сўзладилар, хожайи бузургим, аммо банда ҳам унинг ашъорларини мутолаа қилибдурмен ва арз этмоғим лозимки, унинг ашъорида мавжудотнинг фақат ташқи жиҳатлари ҳақида баҳс этилди; бироқ илоҳий қудрат ва расулу набий ҳақида бирон калима сўз юритилмади…
Балъамий. Ҳар сўзнинг ўз ўрни бор. Оллоҳу расулининг номи тасбиҳ эмаски, бўлар-бўлмасга уни ўгираверсанг.
Наср (сарой шоирлари сардорига). Сиз нима дейсиз, Устод?
Устод. Бу қулингизнинг назарича, Рўдакий шеърларининг кўпи бир даража силлиқ эмас, пардозланмай қолганга ўхшайди, амирим. Тили дағал, маъноси эса енгил-елпи…
Сўзи шартта кесилади. Чунки шу вақтда Рўдакий, Маҳмуд Муродий, Фароловий ва Маж кириб келадилар. Рўдакий сарой шоирлари сардорининг сўнгги сўзларини эшитади.
Балъамий. Сиз Рўдакиймисиз?
Рўдакий ярим таъзим қилади.
Наср. Сиз ёш экансиз! Биз сизни юксакроқ, жаҳонгашта, яхши-ёмонни кўрган киши деб гумон қилар эканмиз.
Рўдакий. Подшоҳим ҳам навқирондурлар. (Сарой шоирлари сардорига киноя қилиб). Баъзи кишилар ёши улғайган сари фақат соқолларини ўстириб узайтирадилар, баъзилар ақлни.
Наср ва Балъамий завқ билан куладилар.
Балъамий (сарой шоирлари сардорига). Сўзингиз тугалланмай қолди, Устод, нима демоқчи эдингиз?
Устод (Рўдакийнинг сўзидан мулзам бўлгани учун бир қадар ҳаяжонланиб гапиради). Подшоҳнинг умрлари узоқ бўлгай, бу ёш шоирнинг шеърлари, ҳарқалай, ёмон эмас, аммо банданинг назарида, ашъори бирмунча равонлик ва равшанликдан холидир. Шоир авом халқ ва қишлоқиларнинг сўзу калималарини кўп истеъмол қиладур…
Балъамий. Сиз асабийсиз, Устод. Сиз ҳам, Суламий.
Устод (тавозе билан). Хожайи бузург араб лисони ва араб шеъриятининг балоғат ва фасоҳатига шак билан қарайдилар, деб гумон қилмасин…
Балъамий. Йўқ, мен сизнинг она тилимизни севиш-севмаслигингизга шак билан қараймен!
Рўдакий. Яхши арабий ашъорини мен ҳам севаман; арабларнинг шундай забардаст шоирлари борки, алар, алҳақ, бадиий сўзни киритиб ташлаганлар, аммо менга ўз она тилимиз яқинроқ ва дарий сўзлари ёқимлироқдир.
Устод. Ёқимлилик билан ёқимлиликнинг тафовути бордур. Форсий-дарий тилида шеър битувчи шундай шоирлар ҳам борки, аларни олий мартабали ва диди юксак кишилар хуш кўрадилар.
Балъамий. Аммо, азиз Устод, шундай бўлса-да, бизнинг халқимиз бундай ашъорни яхши тушунмайди ва ёқтирмайди ҳам.
Рўдакий. Қайси бири авло: хос кишиларнинг ёқтириши ва омманинг ёқтирмаслигими ёки уларнинг ҳар иккисига манзур бўлишми?
Устод. Менга биринчиси маъқулдир.
Балъамий. Ашъор илоҳиёт ва расулу наби мадҳи ва шарафини ифодаламоғи даркор.
Рўдакий. Шу билан бирга гўзаллар ҳусни-латофати, базму разм, қалбнинг шоду хуррамлиги, гулу булбул, баҳор нафосати, май ва об ҳам ўз ифодасини топмоғи лозим.
Муродий. Буларнинг барчасини мамлакатимиз шоирлари ўз она тилимизда – форсий дарий тилида яхшироқ ва гўзалроқ куйлашлари мумкин.
Устод. Ҳар ҳолда назмда авом алфозини, саҳройилар, кўча-кўй, бозор аҳли сўзларини истеъмол этиш мумкин эмас.
Рўдакий. Ҳа, араб дастурхони қолдиғини кутганлар бизнинг беминнат жайдари нонимизни хуш кўрмайдилар-да!
Балъамий. Алҳақ, шундай. Дуруст сўзладингиз.
Наср. Айтурларким, араб шеъриятининг алфози аввалбошида авом халқ алфози эркан; шеъриятда бу сўзу алфоз гўзалроқ ва равонроқ бўлубдур. Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эрон аҳолиси шоирларимиз ашъорини ўз она тилида кўпроқ ўқиса ва тингласалар, бу билан аларнинг бизга ва бизнинг давлату салтанатимизга меҳру муҳаббати ортгай. Бизнинг даргоҳимизга ташриф буюрган айрим араб зодагону арбоблари таъна билан айтурларким: “Бизнинг фалон-фалон улуғ шоирларимиз бор, сизлардан ким бор?” Шояд шоирларимиз бизни бу таъналардан халос этсалар. (Бироз хомушликдан кейин) Сизнинг устодингиз кимдур?
Рўдакий. Менинг устодим бадиҳагўй – халқ шоири эди, оти Сурҳақ, ўз қишлоғим Панжруднинг чўпони; ундан кейин менинг устодим Хуросон, Эрон ва Мовароуннаҳрнинг барча забардаст шоирларидурлар.
Наср. Қани, биз учун бирон шеър ўқисангиз.
Рўдакий. Бош устига. Нима хусусда шеър эшитмоқчисиз, амирим?
Наср. Ўзингиз яхши билурсиз. Чунончи, баҳор ҳақида, лолалар, гул фасли ҳақида… бирон нимангиз бор-ку?
Рўдакий.
Омад баҳори ҳуррам бо рангу бўйи тиб,
Бо сад ҳазорнакҳату оройиши ажиб…
Келди ажойиб, чиройли баҳор,
Қанча гўзаллик десанг унда бор.
Ажабмас қари бундан яшарса,
Жаҳри ўзига топмиш ёш нигор.
Салак ўзига лашкар тузубдур,
Булут аскару шамоли сардор.
Довулчаси раъд, шартловчи яшин,
Бундай ҳайбатли лашкар қайда бор?
Мотамлиларча йиғлайди булут…
Наср (шавқ билан такрорлайди). “Оне абр бин, ки гиряд чун марди сўгвор” – “Мотамлиларча йиғлайди булут”…
Рўдакий.
Нолишда раъди ошиққа ўхшар,
Қуёш ҳар замон кўриниб қолур.
Гўё қўрғондан мўралар нигор.
Қаҳри неча кун касалманд эди,
Гул ҳиди қилди доруни тайёр.
Сочмоқда ёмғир хушбўй томчилар.
Оқ тўнни ечди ер юзидан қор.
Қор ўрнини гул эгаллаб олди,
Қақраган ариқ бўлди обшор.
Узоқдан лола айлар табассум,
Қип-қизил гўё хина қўйган ёр.
Наср. “Чун панжайи арўсимба хино шуда хазиб” – “Қип-қизил гўё хино қўйган ёр”.
Рўдакий.
Галма-гал ҳар дам куй куйлашади,
Гул узра булбул куйлар, ёр-ёр.
Май ичиб энди бўлдинг шодмон,
Олур насиба ўз ёридан, ёр.
Танлаб соқийни, най ичиб куйла,
Куйламоқдадур булбул билан сор.
Наср. “Каз кишт сор нолаю аз боғ андалиб” – “Куйламоқдадур булбул билан сор!”
Соз, жуда соз. Ахсант, офарин!.. Яхши сўз ва яхши шоир биз учун қадрли-қимматлидур. (Узугини бармоғидан олиб, шоирга инъом қилади). Бу биздан сизга бир ёдгорлик. Бизнинг хизматимизга келинг, сарой шуароси даврасидан ўрин олинг. (Девонни варақлайди). Хати чиройли экан. Девоннинг котиби кимдур?
Рўдакий. Мажи хаттот.
Маж (таъзим бажо келтиради). Ягона деса арзигулик девон, амирим. Девон эмас , маънолар хазинаси. Сўз эмас, дурру гавҳарлар.
Саҳл бинни Мансур кириб бир жойда кутиб туради.
Наср (Рўдакийга). Биздан талаб-истагингиз борми? Айтинг, биз меҳру эҳсонни дариғ тутмаймиз.
Рўдакий (кўзи Саҳлга тушади). Олий марҳаматингиз мени сўзламоққа даъват этиб, дадиллик бағишлади. Истардимки, подшоҳим лутфу карам қилиб бу йил Дабусия аҳолисини хирождан озод этсалар.
Наср (ҳайратланади). Нима? Хирождан озод этайлик?
Рўдакий. Мен ўз кўзим билан кўрдим: қурғоқчилик ва қаҳат ул вилоят аҳолисини қаттиқ азоб-уқубатга гирифтор этган…
Балъамий (амирга). Ҳақ гапирдилар. Бу талабни мен ҳам подшоҳимга арз қилган эдим.
Рўдакий. Аҳоли хирожни тўлашга ожиздур, улар подшоҳимизнинг адолатидан умидвор. У воҳадан ўтиб борарканман, менинг шоирлигим ва Бухорога кетаётганимни билган кишилар, зори-тавалло қилиб, арзи ҳолларини олий даргоҳларига етказишимни ўтиниб илтимос қилиб қолдилар.
Наср (хушнудсиз). Яна Дабусия?.. Дабусия масаласи сипоҳсолорнинг ихтиёрида.
Саҳл. Подшоҳим, бу шоир гапирган гаплар сафсата, асли-асоси йўқ. Дабусия аҳли муғомбирдурлар: ўзларини муҳтожу бенаво қилиб кўрсатадилар, бу билан подшолик хирожини ўз зиммаларидан соқит қилмоқчи ёки камайтирмоқчи бўладилар.
Наср (Рўдакийга). Сиз уларнинг арзи ҳолини етказиш – додхоҳлик қилишни чакки ўз зиммангизга олгансиз, шоир. Биз бу вилоятдан хирож олиш ихтиёрини сипоҳсолорга топширганмиз. Биз ўз фармонимизни ўзгартира олмаймиз.
Ўрнидан туриб бошқа бир хона эшигига кириб кетади. Балъамий ҳам унинг ортидан юриб боради.
Саҳл (Рўдакийга). Сен шернинг думи билан ўйнама, шоир. Эҳтиёт бўл!.. (Чиқиб кетади).
Парда
ИККИНЧИ ПАРДА
Бешинчи кўриниш
Дала. Сув ёқаси. Отларнинг оёқ дупури эшитилади. Рўдакий ва Маж кириб келадилар.
Рўдакий. Келинг, Маж, бу ерда бироз дам олайлик.
Маж. Ажиб хушҳаво жой экан.
Рўдакий. Мен Бухорога кетаётиб шу ердан ўтган эдим, халқ ушбу ариқни қазир эди. Ўша кезларда ташналикдан жонинг ҳалқумингга келса ҳам, бир томчи сув тополмасдинг, киши. Дарҳақиқат, инсоннинг қўли яратувчидир: чўлларни фаровон боғ-бўстонга айлантиради… лекин нега бу ерда одамлар кўринмаётир?..
Бошқа томондан бир неча отнинг дупур-дупури ва турли овозлар эшитилади: “Тезроқ, қадам босинглар!”, “Ҳей, қаерга боряпсан? Йўл бу ерда!”, “Ўғри! Муттаҳам! Шундай урайинки, парча-парча бўлиб кетасан!”, “Висоқбоши! Шу ерда озгина дам олсак-чи, отлар ҳам чарчаб кетди”. Жунайд бир неча қилич яланғочлаган сарбоз билан бир гуруҳ оёқяланг, эгни-боши йиртилиб кетган деҳқонни ҳайдаб киради. Бу бандиларнинг қўли арқон билан орқасига боғланган ва арқоннинг учи сарбознинг қўлида.
Мўйсафид деҳқон. Мана бизнинг ариғимиз! Бизнинг сувимиз. (Жунайд ва сарбозларга йиғлаб) Илоҳим, бизнинг меҳнату машаққатимиз уволига қолинглар. Илоҳим, ситамгарлар бир томчи сувга зор бўлиб, юрак-жигари куйиб ўлсин!
Рўдакий. Ватанимдан – Самарқанднинг Панжрўдидан. (Мўйсафидга) Уста амаки?.. Мени танидингизми?
Мўйсафид деҳқон (таъна оҳангида). Танидим, сен шоир Пўдакийсан. Ўтган йили ариқ қазиётганда шу ерда сени кўриб арзи ҳол қилган эдик. Сен “арзи ҳолингизни подшога етказаман”, деган эдинг. Энди сен сарой шоирисан, подшонинг маҳрамисан. Албатта, киши амиру вазирлар билан ҳамнишин бўлгандан кейин ваъдаси эсидан чиқади, бечора кишиларнинг арзи-доди қулоғига бориб етмайди.
Рўдакий. Мен сизларнинг арзингизни амирга етказган эдим. (Жунайдга) Нима ҳодиса, висоқбоши?
Жунайд. Булар хирож тўлашдан бўйин товлашди.
Деҳқонлар ғавғо қилишади.
Биринчи деҳқон. Томоша қил. Биз ушбу қўлларимиз билан тоғ-тош кесиб, биёбоннинг сийнасини чок этиб, шу ариқни очдик, ўзинг кўрган эдинг!
Иккинчи деҳқон. Бизга ҳеч ким ёрдам бермади!
Учинчи деҳқон. Бир неча бор Бухорога бориб, кўмаклашинг, ариқ очайлик, қақраб кетдик, деб арз қилдик. Бизга айтишди: “Ариқни ўз кучингиз билан очинг, биз сизларни уч йил хирождан озод қиламиз”. Энди эса ариғимиз учун ҳам хирож солишади…
Биринчи деҳқон. Ахир, сув яқиндагина келди, бор-йўғимиз ариқ қазишга сарф бўлиб кетди, биз хирожни қаердан оламиз?
Мўйсафид деҳқон. Сен шоирсан, ҳақпарастсан, агар қўлингдан келса, бизнинг додимизга етгин.
Рўдакий (Жунайдга). Буларни қаерга олиб кетаётирсиз?
Жунайд. Пайкандга. Сипоҳсолорнинг фармони билан булар у ерда қалъа қуриш ишида қарзларини узгунча ишлашади.
Маж (қўли боғланган кимсани кўрсатиб). Бу киши кимдур?
Жунайд. Билмайман. Кимлигини айтайми? Йўлда қаердандир пайдо бўлиб, буларнинг орасига кириб олди, кейин бир маҳал исён кўтариб, бу одамларни қочириб юбормоқчи бўлди, сипоҳсолорнинг икки қўлини уриб қонталаш қилди.
Мўйсафид деҳқон. Қўрқмас, адолатпараст, мард экан!
Рўдакий. Буларни озод этинг! Озод этинг!
Жунайд. Менинг фармонфармойим сипоҳсолордурлар.
Рўдакий. Озод этинг!
Маж. Сен билан сарой шоири гаплашяпти, ярамас нохалаф!
Жунайд. Мен шоир-поирни билмаймен. (Рўдакийга) Сиз катталигингизни бошқа ерда қилинг, хожа. Менинг бошлиғим – фармонфармойим сипоҳсолор Саҳл бинни Мансурдурлар.
Рўдакий. Менинг ўзим сипоҳсолор билан гаплашамен!
Жунайд. Гаплашсангиз гаплашаверасиз, мен сипоҳсолорнинг ушбу амрларини аллақачон олганман. (Бандиларга) Юринглар!
Рўдакий (Жунайдга). Сабр қилинг, бироз тўхтанг! Буларнинг қарзи қанча?
Жунайд. Бир минг юз динор.
Рўдакий (чўнтагига қўл солади, сиқилади; бандиларнинг илтижоли қарашларидан эзилади. Гўё мадад сўраб Мажнинг елкасига қўлини қўяди ва бирдан кўзи бармоғидаги узукка тушади. Узугини олиб Жунайд томон узатади). Мана! Олинг!
Маж (қўрқув билан). Абуабдулло!.. Сиз нима қилаётирсиз? Амирнинг узуги!.. Балоларга қоласиз!..
Рўдакий (Жунайдга). Олинг! Узукнинг нархи буларнинг қарзидан зиёдадир. Олинг!
Жунайд (узукни олиб тикилади). Ҳазил қилманг, хожа. (Қайтариб беради).
Рўдакий. Ҳазилнинг ўрни эмас! Олинг! Ҳаммаларини озод этинг!
Жунайд иккиланади.
Рўдакий (аламидан фарёд чеккандек). Гарчи сиз ситамгарсиз, бераҳмсиз, аммо сизни ҳам она туққан-ку! Агар вужудингизда инсонийликдан бир зарра ҳам қолган бўлса, олингу бу кулфаткашларни озод этинг!
Жунайд (узукни олади). Хайр, буни сипоҳсолорга топшираман. (Деҳқонларга) Ҳаммангиз озодсиз! (Сарбозга қўли боғлиқ кишини кўрсатиб) Унинг қўлларини еч! Қўйиб юбор, кетсин!
У кишининг қўлларини ечадилар. Жунайд сарбозлар билан бирга кетади. Деҳқонлар Рўдакийни ўртага оладилар.
Мўйсафид деҳқон. Илоҳим, юз ёшга киргин! Мурод-мақсадингга етгин! Биз бу яхшилигингни унутмаймиз.
Биринчи деҳқон. Келинг энди, иним, бугун меҳмонимиз бўлинг, бирга нон-туз енг.
Иккинчи деҳқон. Бизнинг қишлоғимиз узоқ эмас, мана шу тепаликнинг ортида.
Рўдакий. Агар фурсатимиз бўлганда, жон-дилимиз билан борардик. Биз тезда Бухорога етиб боришимиз лозим. Сизлар борингиз. Насиб бўлса, яна бир-биримиз билан кўришурмиз.
Мўйсафид деҳқон. Илоҳим, насиб этсин. Саломат бўл, иним, хайр, оқ йўл!
Ҳамма кетади, “исёнчи” кимса қолади.
Рўдакий. Сиз нега кетмайсиз?
Исёнчи кимса хомуш.
Сиз кимсиз?
Кимса. Мен шундай бир кимсаменким, сиздан икки дунё қарздорман.
Рўдакий. Агар қарз демоқдан мақсад ундан озод бўлиш бўлса, мен қарзингиздан кечдим.
Кимса. Фалакнинг гардиши билан сиз мени икки марта ажалдан қутқариб қолдингиз.
Рўдакий (ҳайрон бўлиб). Икки марта?
Кимса. Балки… Бу етти йил муқаддам бўлган эди… Ҳаммаси кўз олдимда: Самарқанд жанги, даҳшатли муҳораба, ғоратгарлик Шаҳид бўлган амир амакисини енгиб, унинг қулларини банди қилди. Ҳаммаларини қилич домидан ўтказишга фармон берди. Шоирлар, олимлар амир зиёратига келган эдилар, шунда амир сиздан сўраган эди: “Эй шоир, менга айт-чи, ким марддир ва мардлик нимадир?” Сиз шеър билан жавоб қайтариб айтган эдингиз:
Гар ба сари нафси худ амири, марди!..
Ўз нафсини мағлуб этолган марддир!
Ғийбатдан узоқ-узоқ кетолган марддир!
Номард тепиб ўтар йиқилганларни,
Ожиз кишилар қўлини тутолган марддир!
Амир бу шеърни тинглаб, андишага ғарқ бўлди. Кейин ҳожибга буюриб: “Бу бандиларни озод қилгин!” деди. Озод бўлган бандилар қаторида мен ҳам бор эдим.
Рўдакий. Сиз кимсиз? Касбингиз нима?
Кимса. Мен Акбар Марвазиймен…
Маж. Акбар Марвазий!
Кимса. Собиқ сарбоз, зиндондан қочган, уйсиз-кимсасиз, фармонлардан бўйин товлаган саркаш! Мазҳабим исмоилийлик, сизларнинг қавлингиз билан айтганда, қарматий. Қарматийлар пешвоси Муҳаммад Наҳабандий менга ҳодий ва мен унинг пайравимен. Биз ҳақиқат излаймиз! Адолат истаймиз! Ҳозирги кунда ўнлаб кишилар бизнинг томонимизга ўтмоқда, эрта-индин, пичоқ бориб суякка қадалгандан кейин, юзлаб, минглаб кишилар бизнинг томонимизга ўтишади. Сиз бу ерда бир қишлоқнинг асирларини озод этдингиз. Ваҳоланки, саркардалар, амалдорлар, вазиру амирларнинг навкарлари шаҳару қишлоқларда пилтани тул хотинлар чироғидану луқмани етимлар оғзидан тортиб олмоқдалар. Бу бенаволарни ким қутқаради? Ким?.. Кечиргайсиз, мен сизларни йўлдан тўхтатиб қолдим, ўзим ҳам шерикларимдан орқада қолдим, саломат бўлинглар. (Кетади).
Рўдакий (мот бўлгандек ҳайратда). Пилтани тул хотиннинг чироғидан… Луқмани етимнинг оғзидан…
Парда
Олтинчи кўриниш
Ойдин. Вазир боғининг бир чети. Рўдакий интизорликда. Нигина келади.
Рўдакий. Бу сизми, эй олий зеболик? Наҳотки, сиз яна мен билан бирга бўлсангиз? Агар ўнгим бўлса, маълум бўлдики, парвардигор беҳишт саодатини кишига шу дунёда ҳам ато қилар экан ва агар бу туш бўлса, кечиринг, қиёматга қадар мен уйғонмай ухлаб қолайин.
Нигина. Кошки эди, туш бўлса! Зеро, сиз айтган саодатга киши фақат тушида эриша олади, холос.
Рўдакий. Сизни билмадим-у, аммо дийдорингизни кўрмоқ мен учун саодатдур. Нигина, не бўлди, паришон кўринасиз?
Нигина. Шодмен… хусусан, киши маҳбуби дийдорини охирги марта кўришга муяссар бўлса, жуда шодланади, ахир.
Рўдакий. Охирги? Нечук охирги?
Нигина (сўзлашга тараддудланиб). Негаки… ҳа, шундай… йўқ-йўқ, ҳеч гап йўқ… Айтгандек, Самарқандга яхши саёҳат қилдингизми?.. қариндош-уруғларингизни кўрдингизми?.. Шод-хушнуд бўлиб қайтдингизми?
Рўдакий. Шод-хушнуд бўлиб қайтдим, сиз томон шитобан интилдим. Нигина, “охирги дийдор” деганингизнинг маъноси нима? Нега гапни яширасиз?
Нигина (ноилож). Мен… асира эдим, аммо ор-номусли асира. Энди худойим асирликни ҳам кўп кўрди. Мени орсиз-номуссиз асирага айлантирмоқчилар, сўнгги инсонийлик шарафимни, усиз ҳаёт – ҳаёт эмас, ўлимдир, фано елига совурмоқчилар… Бизнинг уйимиз шифтига қалдирғоч ин қўйиб, болаларини учирма қилган эди… Мен бир куни уларнинг охирги учиши – палапон бўлишини томоша қилардим, бир маҳал қарасам, йиғлаяпман экан. Улар-ку пат-қанот чиқариб, кейин учиб кетдилар, аммо мен… мен лоақал бир марта бўлса ҳам ўз майлим билан парвоз қилолмадим, пат-қанотимни қирқиб қўйдилар… Қаерга қарама, ҳаммасида тузоқ, сайёд, қафасни кўрасен.
Нигина сўзлаётганда, боғ билан кўчани ажратиб турувчи деворнинг ортидан от миниб, қўлида қамчин тутган сарой шоирлари сардори кўринади. У ўтиб кетиб ғойиб бўлади.
Рўдакий. Нигина, нималар деяпсиз? Сайёд ким? Ким сизга тузоқ қўймоқчи?
Нигина. Олтинпараст, мол-дунёга ҳирс қўйган Бону мени сипоҳсолорга сотди. (Йиғлайди).
Рўдакий. Ё раббий!.. Ҳали қадам ёр висоли кўчасига етмай, ёр дийдори лаззатидан баҳра топмай, фалак бизга айрилиқнинг заҳар қўшган май қадаҳини тутиб ичирмоқда…
Нигина. Кимдир биз томонга келаётир. Мен тамом бўлдим!
Айланиб юрган Балъамий буларнинг устига келиб қолади.
Балъамий. Ҳой, Нигина?.. Бу эркак кимдур?.. Рўдакий?
Рўдакий. Балли, бу менмен. Хожайи бузург, мен бу қизнинг ошиғимен, ул ҳам мени севадир.
Балъамий (тутила-тутила). Беҳуда, беҳуда… Бу ишқнинг ҳосили бахтсизлик ва муродсизликдан бўлак нарса эмас.
Рўдакий. Нима?.. Хожайи бузург!
Балъамий. Балли, агар бу қиз наҳангнинг оғзида бўлганда ҳам олиш осонроқ бўларди, аммо у… Бонунинг панжасида. Мана Бонунинг ўзи ҳам шу ерга келаётир, сиз боринг, Рўдакий, тезроқ.
Рўдакий кетади, Бону ҳозир бўлади.
Бону. Нигина? Сенми? Мен сени қачондан бери излаяпман, ҳеч қаерда йўқсен! Нега ҳаяжондасен? Нима воқеа содир бўлди?
Балъамий (кулиб). У боғнинг қоронғилигида менга дуч келиб, қўл-оёғини йўқотиб қўйди. (Нигинага) Ёки сен мени қароқчи Довудхон деб гумон қилдингми?
Нигина (ўзини тутиб олиб Балъамийга таъзим қилади). Маъзур тутинг, мен сизни таниёлмадим.
Бону. Бор, уйга бор!
Нигина кетади.
Ухлашдан олдин айлангани чиққанмидингиз?
Балъамий. Балли, Бону, канизагингизнинг хулқу атвори ҳақида бирор нима сезганмидингиз?..
Бону. Гумонимча, бу ақлсиз Рўдакийга кўнгил қўйган.
Балъамий. Менинг гумонимча ҳам шундай. Аммо нега ақлсиз дейсиз. Нима, Рўдакий унинг севгисига муносиб эмасми?
Бону. Бу билан сиз нима демоқчи бўласиз?
Балъамий. Рўдакий ҳам унга ошиқдур. Бону, Саҳл бинни Мансур канизакка муҳтож эмас. Агар сиз лутфу марҳамат қилиб, қизни шоирга хотинликка берсангиз, ҳар ҳолда хайрли бир иш қилган бўлур эдингиз.
Бону. “Хайрли”? Мен амирни деярли рози қилган эдим, аммо сиз орага тушиб, ишни буздингиз.
Балъамий. Сипоҳсолор сизга канизакнинг ҳақини бериб тугатдими ё йўқми?
Бону. Ярмини берди. У ҳали Дабусия хирожини ундириб олиб, тамом қилганича йўқ.
Балъамий. У амирнинг фармони билан Абусолиҳ исёнини бостириш учун бир неча кундан кейин лашкар тортиб Нишопурга жўнайди.
Бону. Биламен.
Балъамий. У ердан қачон қайтади, тирик қайтадими-йўқми, худо билади.
Бону. У қайтиб келгунча мен Нигинани омонатда сақлаймен. Биз сипоҳсолор билан шунга қарор қилдик.
Балъамий (истеҳзо билан). Қиз аллақачон сипоҳсолорники бўлдими? Унинг омонат моли бўлдими?
Бону (Балъамийнинг истеҳзоси иззат-нафсига тегиб). Бўлса-бўлмаса, сизга нима? Нигина ўзим сотиб олган қул – зархарид, уни нима қилсам, ихтиёр ўзимда; яхшиси, сиз менинг ишимга аралашманг. (Кетади).
Балъамий. Ҳа, бу мамлакатда хотини “Менинг ишимга аралашманг” дегувчи ягона эр мен бўлсам керак.
Парда
Еттинчи кўриниш
Сарой. Саҳл бинни Мансур ва сарой шоирлари сардори – Устод кириб келадилар.
Устод. Эшитдимки, сиз ишқи мазраига ҳою-ҳавас уруғини сепган экансиз, аммо нега шудгорни қўриқламайсиз, уни топташяпти-ку?
Саҳл. Мен билан рамзу киноясиз гаплашсангиз. Нима бўлибди, ўзи?
Устод. Мен вазирнинг боғида канизак Нигинанинг бир йигит билан ўпишиб-қучоқлашиб турганини ўз кўзим билан кўрдим.
Саҳл. Нигина? Қачон? Ким билан? Абулҳафси Кабир мозорига қасам ичамен, агар ёлғон гапирсангиз, мана шу дудама ханжар билан сизни…
Устод. Мен ҳеч қачон кизбу ёлғон сўзнинг бирор ҳарфи билан тилимни булғаган эмасмен, мен сизнинг дўстингизмен. Кеча кечқурун саройдан қайтаётиб, иттифоқо вазир боғининг девори устидан қарасам, Рўдакий билан қизни кўриб қолдим, иккаласи берилиб суҳбат қилишарди. Ошиқ-маъшуқлар одатан ўпишиб-қучоқлашади-да, мен…
Саҳл. Бас, бўлди! Валлоҳу биллоҳ, мана шу ханжар билан ҳар иккисининг қорнини ёриб ташлаймен! Сиз билиб кўринг-чи, Рўдакий амир билан Ҳиротга жўнайдими ёки Бухорода қоладими? Агар қоладиган бўлса, мен ҳам Нишопурга кетмаймен, майли, мени амир дорга осиб юборсин. Мен қўзичоқнинг бу бўрига ем бўлишини истамаймен.
Жунайд киради.
Жунайд. Ассалому алайкум. Сипоҳсолор, мен Пайканддан келдим. У ерда уч минг қарздор қалъа қуришда ишламоқда. Аммо мен Дабусия қарздорларини у ерга ҳайдаб олиб кетолмадим: шоир Рўдакий менга монелик қилди. У йўлда бизга дуч келиб қолиб, мана шу узукни бериб, ҳаммаларини озод қилгин, деб амр этди. Мен сарой шоири ва подшоҳ надимининг сўзини рад этолмадим.
Саҳл (узукка тикилиб қараб). Буни бирор киши кўрдими-йўқми?
Жунайд. Мен билан бирга бўлган тўрт нафар қулдан бошқа ҳеч ким кўргани йўқ.
Саҳл. Боргин, кейин сўзлашурмиз.
Жунайд чиқиб кетади.
Устод. Бу подшоҳим Рўдакийга инъом қилган ўша узук.
Саҳл. Бунинг қиммати беш минг динордан кам эмас. Хожа, сиз биласиз ва Худо. Дамингизни чиқарманг, минг динор сизники.
Устод. Гапирманг! Рақибингизга қарши иш тутмоқ учун буни сизга Оллоҳим юборган. Бу узук сизнинг ханжарингиздан қотилроқдур! Сиздек давлатманд кишига беш минг динорнинг нима қиммати бор?
Саҳл. Яъни… узукни амирга кўрсатайми?
Устод. Албатта! Кўрсатасиз-у кейин Рўдакийнинг ҳол-аҳволини фош қиласиз. Амир унинг қадаҳига ғазабнинг ҳалок этувчи заҳрини қуяди ва лутфу марҳаматнинг болини сиз татийсиз. Қўзичоқ ҳам бирйўла бўрининг чангалидан халос бўлади.
Даҳлизда кулги ва шовқин-сурон. Ойтош шаҳзода Нуҳ билан ўйинчоқ қиличда қиличбозлик қилиб киришади ва уларнинг ортидан амир ҳамда қўлида тасбеҳ тутган Суламий кўриниш беради, улар бу манзарани завқу шавқ билан томоша қилади.
Суламий. Шаҳзода ҳали гўдак бўлсалар ҳам, аларнинг зарбаларидан туғма шижоат ва қувват ҳисси сезилиб турадур. Иншооллоҳ, жаҳонгир бўлгусидурлар!
Наср (Суламий ва Ойтошга). Биз сизларнинг ҳар иккингизни шаҳзодага муаллим қилиб тайинладик. Сен, Ойтош, унга қиличу ўқ-ёй илмини ўргатурсен; сиз, Суламий, охирату имон илмини. Борингиз, шаҳзода билан машғул бўлингиз.
Ойтош ва Суламий шаҳзода Нуҳ билан бирга чиқиб кетишади.
Сипоҳсолор! Эртага биз Ҳиротга жўнаймиз, сиз Нишопурга лашкар тортасиз. Абусолиҳ, осий қарматийни мағлуб этиб босганингиздан кейин бизнинг ҳузуримизга – Ҳиротга боргайсиз. Диндан тойган у ярамас, малъун тоифага раҳм-шафқат қилманг. Фитна ва фасод ўтини қилич суви билан ўчириб ташланг!
Саҳл. Фармонбардорингизмен. Бу бошиму таним подшоҳимга фидо, валинеъматим, соҳибдавлатим. Агар бу танимда юз бошу юз жоним бўлганда ҳам ҳаммасини дариғсиз соҳибдавлатимга нисор этур эдим. Бу қулингиз яхшиликнинг қадр-қимматига етади, бевафолик қилмайди. Баъзи кўрнамакларга ўхшаб оёқяланг, авбош итоатсизларга, тожу тахтга ёмонлик соғинувчи ярамасларга ён босиб, уларни ҳимоя қилмайди.
Наср. Сиз кимдан ва нимадан киноя қилаётирсиз, сипоҳсолор?
Саҳл. Саҳройи қаламкашлардан, шеър битгувчи кулоллардан, зарбоф кийган таъби гадолардан, наслу насабсиз маснаднишин амалдорлардан, подшоҳим. Сиз биттасини саҳродан олиб келиб, сарой шоири қилдингиз, энди у босар-тусарини билмай қолди. Закоту хирожга ҳам аралашмоқда. Фуқарога амиру вазир тилидан сўзламоқда. Буйруқ бериб ҳукм қилмоқда.
Устод. Худонинг сояси бўлмиш подшоҳимизга ва осмонга туташ бу даргоҳга ўзининг нолойиқ сўз ва номуносиб хатти-ҳаракатлари билан иснод келтирмоқда.
Наср. Сизлар Рўдакийни назарда тутаяпсизларми? Очиқроқ гапиринг-чи, у нима иш қилибди, ўзи?
Саҳл. Подшоҳим Пайканд яқинида қалъа қуришни менга амр қилган эдилар, токим у қалъа девор кўчманчилар йўлини тўсиб, уларнинг обод воҳаларига бостириб кириб, талон-торож қилишларига йўл бермагай. Бу олий амрга мувофиқ мен висоқбоши Жунайдга ўғрилар, безорилар, йўлтўсар-қароқчиларни тутиб олиб, уларни Пайкандга ҳайдаб бориб, у ерда қалъа қуришда ишлатиш вазифасини топширган эдим. Жунайд Дабусиянинг бир гуруҳ ўғри ва безориларини банди қилиб ҳайдаб кетаётганида, йўлида Рўдакий учрабди ва подшоҳнинг номидан фармон бериб: “Ҳаммани озод қил!” депти. У яна: “Қалъанинг ҳожати йўқ, бу хомхаёл ва амиру вазирнинг фуқарога зулмидур. Амир андишасизлик қилиб ушбу фармонни берган эди ва энди у бу аҳду ниятидан қайтди”, депти. Жунайд ўғрилар, безорилар тоифасини қўйиб юборишга мажбур бўлибди.
Сукут.
Наср. Гарчи сизнинг эътиборингиз, сипоҳсолор, биз учун баланд ва юксакдур. Аммо бу айтган гапларингиз эътиборга муносиб кўринмайдур. Яхшилаб текширинг, эҳтимол, Рўдакийга қарши иғво уюштиришгандир. Ҳасадчи ва бахил кишилар кўпдур. Улар бу закий ва моҳир шоирни бирор балога гирифтор қилмоқчи бўлишгандир. Сиз Рўдакийга нисбатан айтган бу сўзлару хатти-ҳаракатлар шундай улкан хиёнат, азим гуноҳдирки, у гуноҳкорни тўппа-тўғри дор остига судраб боради. Рўдакий бундай хатти-ҳаракатларни содир этишига ишонгим келмайди.
Саҳл. Подшоҳим, ундай бўлса, мен ёлғон сўзлабман-да?
Наср. Шоҳид-гувоҳ керак.
Саҳл. Шоҳид Жунайд ва қуллардир.
Наср. Улар сизнинг қулларингиз, сиз нимаики айтсангиз, улар шунга гувоҳлик берадилар.
Устод. Жунайд ҳалигина Пайканддан қайтиб, бу гапларнинг ҳаммасини менинг ҳузуримда сипоҳсолорга нақл қилиб берди, мен ўз қулоғим билан эшитдим.
Наср. Сиз ҳасадчисиз, Рўдакийни кўрарга кўзингиз йўқ… Худога қасам бўлсин, агар айтганларингиз ёлғон бўлиб чиқса, мен сизларнинг мансабу хизматларингизга ҳам риоя қилмаймен. Бизнинг қаҳру ғазабимиздан ҳазар қилингиз.
Саҳл. Рўдакий хоиндур.
Наср. Далил келтиринг!
Саҳл. Танидингизми? Ушбу далилдир. (Узукни чиқариб амирга беради).
Наср. Узук? Биз буни Рўдакийга ҳадя қилган эдик.
Саҳл (заҳарханда билан). Подшоҳим, албатта, шоир олий ҳадяни азиз ва табаррук тутғуси деб, унга комил ишонч билан қараганлар. Худо сақласин! Рўдакий Дабусияда бир неча ўғри, безори-ю муттаҳамни қутқариш учун бу узукни Жунайдга порага берган. Жунайд келтириб менга топширди.
Устод. Куфрони неъмат – неъматга кўрнамаклик. Подшоҳ ҳадяси, олий марҳамат нишонини бу тахлит хор этиш ва хўрлик тупроғига ташлаш – фақат кўрнамак одамларнинг қўлидан келадур.
Наср (кайфияти ўзгариб). Нега буни бизга аввалроқ кўрсатмадингиз?
Саҳл. Мен аввал подшоҳимнинг ўзимга нисбатан ишончи, сўзларимга муносабатини билмоқчи эдим.
Наср (хижолат ва ғазабда). Рўдакийга ўғри-ю безориларни қутқаришдан не наф?
Устод. Шоядки, уларнинг орасида ўзининг собиқ дўстларини кўрган бўлса? Ё балки шуҳратпарастлик важҳидан шундай қилгандир, токим халқ уни ҳалиму мулойим, сахий десин, Ҳотами Той дея алқасин.
Сарой мулозими (кириб). Шоир Рўдакий хизматингизга келибдур.
Рўдакий киради, таъзим бажо келтиради. Сўнг Балъамий ҳам кўриниш беради.
Наср. Не хабарлар бор, шоир?
Рўдакий. Кеча Самарқанддан қайтдим. (Саҳлни кўриб ўзгаради). Менинг арзим бор, подшоҳим.
Наср. Нима арз?
Рўдакий. Карам қилингиз, подшоҳим, ситамдийдалар додига етингиз, сипоҳсолор Дабусияда ҳақсиз хирож ундирмоқда. Унинг қуллари тул хотинлар чироғидан пилик ва етимлар оғзидан луқмани тортиб олмоқдалар. Мен талон-торож этилган қишлоқлар ва хонавайрон бўлган фуқарони кўрдим. Оч-яланғоч аҳолини подага ўхшаб Пайкандга ҳайдадилар. Фарқи шундаки, пода яйловга ҳайдалади, бу бенаволар эса золимнинг зулми билан ноҳақ текин меҳнатга ва жаҳаннам ўтидан ҳам кучлироқ бўлган ўтга ҳайдаладилар!
Наср (мулоҳаза қилиб). Биз бармоқларингизда узукни кўрмаётирмиз. У қаерда? Ё магар ҳадямизни эҳтиёт қилиб сандиқда сақлайсизми?
Рўдакий. Узук… ўзим билан эмас. Подшоҳим, жафокаш халқ…
Наср. Узук қани?
Рўдакий. Узук… ёнимда эмас. Ноҳақ хирож…
Наср. Шундай қилиб… узук! Ҳозироқ айтинг, сиз подшолик ҳадясини қайси қиморбозга ютқазиб қўйдингиз? Ё қайси бир ярамасга пора тарзида бердингиз?
Рўдакий. Ҳа, шундай. Нақд пулим йўқ эди, адолатсизлик билан банди қилинган кишиларни озод этсин деб уни сипоҳсолорнинг навкарига бердим.
Саҳл. Бу шоир менга бўҳтон қилаётир. Мен шу олий даргоҳда ўттиз йилдан бери хизмат қилурмен; бобокалонларим ва шаҳид кетган оталаримнинг фармони билан қилич чопдим, вилоятлар олдим. Худо ва халойиқ шоҳид, мен ҳеч қачон эзилганларга ситам қилганим йўқ; хосу омма, сипоҳу фуқаро ҳамиша мендан розидурлар ва дуога қўл очадурлар.
Наср (Рўдакийни кўрсатиб). Зиндон қилинг бу тузтепқурни!
Қуллар ҳозир бўлиб Рўдакийни олиб кетмоқчи бўладилар.
Балъамий. Подшоҳим, тааммул. Мен унинг гуноҳини сиздан сўраймен.
Наср (қулларга). Олиб кетинг.
Рўдакийни олиб кетадилар.
Балъамий. Каминанинг ёлғиз сизга муҳим бир арзи бор эди.
Наср Саҳл ва сарой шоирлари сардорига имо қилади, улар чиқиб кетишади.
Подшоҳим, шоир пок ният ва раҳм-шафқат юзасидан иш тутган, ё сиз бунга шубҳа қиласизми? Мабодо гуноҳ иш қилган бўлса ҳам, унинг гуноҳи сипоҳсолор гуноҳининг юздан бирига тенг келмайди. Подшоҳим мендан бемаслаҳат Дабусия хирожини Саҳлга топширганлар, мен бўлганимда бунга розилик бермас эдим. Рўдакий фуқаронинг талону торож бўлгани ҳақида айтган бу сўзлар эса ҳақиқатга яқиндур; ахир, мен ҳам бу талабни подшоҳимга арз қилган эдим.
Наср. Нима, сиз истайсизки, биз кечагина саройга келган бир шахснинг инояти билан сипоҳсолорни муттаҳамга чиқарайликми? Ахир, у эртага Нишопурга лашкар тортади, бизнинг маккор душманимизни даф этишга боради.
Балъамий. Мен сизга Саҳлни ҳозироқ жазоланг демоқчи эмасман, мен шоир жазо-ю уқубатга лойиқ эмас демоқчиман. Бундай адолатсизлик, алалхусус, Ҳирот сафари арафаси ва Абусолиҳга қарши хатарли жанг олдидан андишадан йироқдур. Мамлакатнинг энг яхши шоири зиндонда. Бу қандай бадномлик!
Наср. У бизга нисбатан хиёнат қилди. Биз хиёнатчини ҳеч қачон афв этмаймиз.
Балъамий. Бегоналарнинг таънасини эсланг, подшоҳим. Халифанинг вакиллари, араб шоирлари яна саройга ташриф буюришади. Мен аминмен: Рўдакий сўзамоллик ва шеъргуфторликда улардан мағлуб бўлмагай, у бизнинг обрў ва сарбаландлигимиз боиси ўлғай.
Наср (бўшашиб). Ахир, бу саҳройи халқни исёну дағдағага ташвиқ этади.
Балъамий. Бунинг чораси шуки, бундан сўнг сиз унинг саройдан узоқлашувига йўл берманг ва ўзингизнинг ҳузурингизда олиб қолинг, токим у халқ билан яқинлашсин. Ҳиротга уни ўзингиз билан бирга олиб боринг.
Наср (сукутдан сўнг). Айтинг, уни озод этишсин.
Парда
УЧИНЧИ ПАРДА
Саккизинчи кўриниш
Ҳирот яқинидаги дарё соҳилида жойлашган амирнинг лашкаргоҳи. Атроф кўм-кўк. Саркардалар ва қуллар (сарбозлар) у ёқдан-буёққа юрадилар. Рўдакий чодирида ўтириб шеър битмоқда.
Рўдакий (ёзган шеърини ўқийди).
… Дилам чу арзане, ишқи ту кўҳе…
Дилим тариқдек, ишқинг эрур тоғ,
Тоғ остида сой неки, тариқ бўлса,
Келгилу Рўдакий аҳволина боқ,
Жонсизга жон бўл, тани турар тоқ.
Балъамий келади, у хаёлу андишага ғарқ бўлган. Рўдакий уни кўриб, чодиридан чиқади.
Хожайи бузург, биз бу диёрда қачонгача сарсари-дайди бўлиб юрамиз? Ахир, ватандин йироқ тушганимизга уч йил бўлди.
Балъамий. Бухорони соғингансиз, шундайми?
Рўдакий. Агар қаноту патим бўлганда, учиб борардим. На қилайки, амир рухсат бермаётирлар.
Балъамий. Ҳа, амирнинг ўзи Бухорога азимат қилмаса, на сиз қайта оласиз, на ўзгалар… Бу ерда амирнинг узоқ қолиши Бухорога катта хавф-хатар туғдиради. Мен Бонудан нома олдим…
Рўдакий. Бонудан? Нигина тўғрисида бирон нарса ёзганмилар ё йўқ?
Балъамий. Нигинадан ҳам минг марта муҳим нарсалар бор. Амирнинг Бухоро зиндонида ётган иниси бошқа амирзодалар билан алоқа боғлаб, фитна-ю фасод пайига тушибди. Мамлакат, халқнинг моли-жони хатарда.
Рўдакий (ҳаяжонланади). Сиз амирни огоҳлантирдингизми?
Балъамий. Ҳа. Аммо у ишонмаётир… “Аслу асоссиз овоза”, дейди. Амирнинг бошида Ҳирот ҳавоси, қалбида Ҳиротнинг ишқи, у бу гўзал ва хуррам диёрдан кетгиси келмаётир… Етиб келган баъзи хабарларга кўра, кўчманчилар зимдан ҳаракат қилиб, бирдан хуруж ила бутун Мовароуннаҳрни Бухоро билан бирга босиб олишмоқчи экан.
Рўдакий. Шундай бўлгач, нима қилмоқ даркор, хожайи бузург?
Балъамий. Ақлий далиллар амир олдида ожизлик қилмоқда, энди қўлни бошқа чора-ю тадбирга чўзмоқ керак. Сиз амирнинг табиатини биласиз, Рўдакий, у сизни хуш кўради. Сиз бирон чора топинг, ҳунар ва санъатингизни ишга солинг, токи бу заминдан силжиса.
Рўдакий. Модомики, шундай тадбиркор вазир бу ишда ожиз бўлсалар, менинг қўлимдан не ҳам келур?
Балъамий. Шундай бир иш қилингки, амирнинг ватанга қайтиш хоҳишу ҳиссиёти ва бошида Бухоро ҳавоси жўш урсин. Ахир, сиз шоирсиз, созанда ва ҳофизсиз, сиз кишилар қалб торини чертасиз.
Орага сукунат чўкади. Рўдакий ўй-хаёлда.
Эвоҳ, мен қайси бир оқар сувни, қайси бир бўстонни кўрсам, ундан Бухоронинг Мўлиён ариғи ҳиди димоғимга уради.
Рўдакий (шавқланади). Бўйи Мўлиён… Бўйи Мўлиён… Ояд ҳаме…
Илҳомланиб, айланиб юриб шеър тўқийди. Чодирига кириб ёза бошлайди. Ов либосида Наср саркардалар (уларнинг қаторида Саҳл бинни Мансур ҳам бор), сарой аҳли ва ўқ-ёйчилар билан бирга кириб келади. Ҳаммалари шаробдан хушкайф.
Наср. Хожайи бузург, шикорга борамиз! Сиз тайёрмисиз?
Балъамий. Подшоҳим, қайтиш маслаҳатини қилиб олсак. Ҳиротда бундан зиёд туриш дуруст бўлмас.
Наср. Бухоро қочиб кетмайди. Ёзда бу ердан кўра яхшироқ мақомгоҳ тополмайсиз.
Балъамий. Сиз ҳар сафар бир фаслни иккинчисига улайсиз: ёз келса, “кузда кетамиз” дейсиз, куз келса, “баҳорда қайтамиз”. Ахир, бухоролик бу уч минг кишининг ватани ва бола-чақаси иштиёқи билан юраги қон бўлди.
Саркардалар, сарой аҳли, навкарлар вазирнинг сўзларини қувватлайдилар.
– Рост айтасиз.
– Бағримиз қон бўлди, ўзга тоқат қолмади.
– Кошки тезроқ ватанга қайтсак.
Наср (Балъамийга). Қўйинг, йигитлик давлатидан бироз дилимизни хушнуд қилайлик. Нега ташвиш тортасиз? Мамлакат тинч, душманлар забун, саодат ҳамроҳимиз бўлса. Бир маккор душманимиз Абусолиҳ бўлса, сипоҳсолорнинг қон тўкувчи қиличи унинг ишини ҳам саранжомлади. Менга бундан сўнг Бухородан сўз очманг.
Рўдакий ёзган шеърини қўлида тутиб чодирдан чиқади.
Рўдакий. Подшоҳим, мен янги бир шеър тўқидим. Агар олий рухсатлари бўлса…
Наср. Ўқи!
Рўдакий. “Қайтиш қўшиғи”.
Амир атрофидагилар (ҳаяжонда). “Қайтиш қўшиғи”?
Рўдакий. Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме…
Мўлиённинг ҳиди бу ёнга келур,
Ёр ёдида дил фиғонга келур.
Амир атрофидагилар (шовқин-сурон қилишади). Бухоро!.. Бухоро!.. Эй Бухоро, Ҳамиша хуррам бўл, Бухоро!…
Балъамий. Подшоҳим, Бухоро кутмоқда!
Наср (изтиробда). Менинг отим қаерда? Отларни эгарла! Бухорога! Бухорога кетдик…
Шитоб билан юриб кетади, қолганлар унинг ортидан эргашади. Отларнинг дупир-дупири баландлашади.
Парда
Тўққизинчи кўриниш
Вазир чорбоғининг бир чеккаси. Нигина келади.
Нигина. Наҳотки, келмаса? Ахир, Ҳиротдан қайтишганига уч кун бўлди-ку! Эй интизорлик, нақадар оғирсан, жон олгувчисан. Юрагимни тоғ бўлиб сиқасен. Наҳотки, келмаса? Ёки мени унутдими? Ўзгага кўнгил қўйдими? Йўқ, йўқ. Қалбимдан нари кетинг, эй шубҳа-ю гумонлар: ахир, унинг йўллаган мактуби ёнимда-ку… (Енгининг ичидан мактубни чиқариб олади). Узоқ диёрдан туриб мени эслаб, менга бағишлаб шундай ғазал битган киши мени унутиши мумкин эмас. (Ўқийди).
Ҳар бод ки аз сўйи Бухоро ба ман ояд
Бо бўйи гуу кушку насими суман ояд…
Бухородан эсган ҳар сабо бирла чаман келгуси,
Хуш ҳидин таратиб, гулу мушку суман келгуси.
Ҳар кеча кўз тикамен Яманга, сени кўрай деб,
Зеро, Суҳайлий Суҳайлга маскан Яман келгуси.
Ким билан сўзлашмайин, мен истаю истамасам,
Аввалги сўзим исмингдур бўлиб гулшан келгуси.
Рўдакий келади.
Рўдакий. Нигина! Яратувчи сизни кўрмоқ бахтини насиб этди. Бу бахту саодат шукронасини не билан бажо келтирсам экан? Уч йил сизсиз, сиздан йироқда! Фироқ тунининг охири бўлмаса керак деб гумон қилар эдим.
Нигина. Азизим, сиз уч йил дейсиз, аммо бу мен учун бутун умрга тенг мангулик эди. Агар ҳаётим бардавом бўлса, билингки, дийдорингиз менга иккинчи умр бағишлабдур.
Рўдакий. Нозаниним, айтинг-чи, фироқ кунларида ҳаётингиз нечук кечди?
Нигина. Сизнинг ёдингиз бирла кечди.
Рўдакий. Менинг ҳам. Тўғри, сизнинг ёдингиз худди елдек ҳижрон ўтини янада ёлқинтиради. Аммо шунга қарамай, у ҳам роҳат, ҳам жон бағишларди, куйиб кул бўлишга қўймас эди.
Нигина. Худди шу вазифани мен учун йўллаган мактубларингиз бажарди. Агар жон бағишловчи мактубларингиз бўлмаса, бешак, ғам мени ҳалок этар эди. Бухородан сиз томон эсган сабо Ҳиротдан менга умид гули ҳидини элтиб қайтарди. (Маҳзун). Аммо, азизим, бахтиқоралиқ бўлиб сизлар билан сипоҳсолор ҳам Бухорога қайтибди.
Рўдакий. Ҳа, шундай. Лекин токим мен ҳаёт эканман, у сизни ололмағай.
Нигина. Сиз мени қутқарасиз? Қандай қилиб? Мен, ахир, у сотиб олган буюммен-ку.
Рўдакий. Умидворман, хожайи бузург бизга мадад бергуси. Агар мадад бермасалар ёки бунинг иложини тополмасалар, у тақдирда мен охирги чорага қўл узатурман. Мана, хожайи бузургнинг ўзлари ҳам келаётир.
Балъамий кириб келади. У паришонҳол.
Балъамий. Рўдакий! Қасида не бўлди? Битдингизми?
Рўдакий. Қасида, гўрдами, Хожайи бузург. Юрагимга ҳеч нарса сиғмаётир, хожам.
Нигина (Балъамий қаршисида тиз чўкиб). Ҳазрат, менга раҳм қилинг, мени қутқаринг.
Балъамий. Тур. Уйга кир. Бону сени излаётган эди.
Нигина йиғлаб кетиб қолади.
Афсус. Умидим сиздан эди, Рўдакий. (Асабий оҳангда) Амир Нишопурни фатҳ этиш муносабати билан тантанавор зиёфат уюштирмоқчи. Унда халифанинг вакили ва хорижий мамлакатнинг элчилари иштирок этгуси. Амир янги қасидага мунтазир. Қасида бошдан-охир Сомонийлар давлати, подшоҳимизнинг улуғворлигини тавсиф этади, бунга илова сифатида Бухоронинг Бағдоддан қолишмаслигини ифодалаши лозим. Ўн икки шоирни қалам-қоғоз билан банд этдим, аммо натижа чиқмаётир. Рўдакий, сиздан ўтиниб сўраймен, Ҳиротда қилганингиздек, бирор ҳунар-мўъжиза кўрсатинг.
Рўдакий. Бугун икки инсоннинг, икки севишганнинг, икки бегуноҳнинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлади. Сиз бўлсангиз қасида ғамидасиз. Мен лаънат дейман қасидага!
Балъамий. Мен қандай қилиб қасида ғамида бўлмайин, эртага мамлакатимиз шоирларининг шаъни, фузаломиз шарафи имтиҳондан ўтгуси.
Рўдакий. Ёруғ дунё кўзимга қоронғи, қалбим хазинаси талонда, Нигина исмидан ўзга хотирамни барча маънилару хаёллар тарк этган бўлса, не қилайин, сиз мендан яна шеър талаб этурсиз! Хожайи бузург, ахир, Бону Нигинани…
Балъамий. Билурман, айтмоқнинг ҳожати йўқдур.
Рўдакий. Ахир, Бону сизнинг аёлингиздур, сизнинг у кишига ҳукмингиз раводур.
Балъамий. Бу мамлакатда ҳукмим икки кишига ўтмайдур: бири – амирга, иккинчиси – Бонуга.
Рўдакий. Хожайи бузург…
Балъамий. Ҳа, мен ҳокиммен ва маҳкум, забардастмен ва итоаткор, эрмен ва қул. Нигина аввал Бонуга тегишли эди, энди Саҳл бинни Мансурга. Мендан ҳар не ишга мадад сўранг, ҳозирмен, аммо бу ишда ожиз.
Рўдакий (маъюс, аламзада).
Лаб тар макун ба об, ки талх аст дар қадаҳ…
Сув-ла ҳўллама дудоғинг, аччиқдур қадаҳда,
Қўлинг тортғил кабобдан заҳарга эгиздур ул.
Қуруқ оғзу ўтли жигар билан четлаб ўтгил,
Олам гулистонин шу тарз тарк қил, бўлмагил қул.
Сизни мардона киши деб тан олурлар, сиз юнону арабу ажам маърифатини эгаллагансиз, бу фалокатли расму қоидалар итоаткори эмассиз. Ўзингиз айтгандек, одамийлик, мурувват ва адолатни касб қилиб олгансиз, аммо энди… ўзингизни “итоаткор”, дейсиз, “қул” дейсиз! Сиз икки гуноҳсиз жафокашга мадад беришга ожизсиз.
Балъамий (ўйланиб). Рўдакий! Сизнинг мушкулингизга мадад берувчи ягона тадбир шулки, Нигина шу бугун тунда қочади. Уни ўзингиз қочириб юборасиз. У қишлоқларнинг бирида, бирон кампирнинг уйида паноҳ топади. Икки-уч ойдан кейин можаро пасайгач, қизнинг ҳузурига борасиз ва никоҳлаб оласиз. Сипоҳсолорнинг канизак эвазига берган олтину молини қайтариб олишдан ўзга чораси қолмайди, вассалом.
Рўдакий. Мен уни қандай қилиб қочирамен?
Балъамий. Бирон довюрак чапани киши керак, токим сизга мадад берсин. Дўстларингиз орасида шундай киши йўқми?
Рўдакий (ўйлаб қолиб). Бор, Акбар Марвазий.
Балъамий. Кейинроқ келинг, қизни қандай қочириш режасини айтиб бераман.
Парда
Ўнинчи кўриниш
Сарой. Тантанали зиёфат. Наср курсида ўтирибди. Бир томонида Бағдод халифаси вакиллари, иккинчи томонида Фарангистон, Хитой, Киев, Кошғар, Ҳиндистон элчилари. Ҳар бир элчи ўз миллий либосида. Сарой аҳли, саркардалар ва шоирлар. Токчалар ва дастурхонлар устига анвойи гуллар билан гулдонлар қўйилган. Созандалар жўр бўлмоқда. Кейин бир араб шоири чанг, руд, барбат ва най чалмоқда, ҳофизлар овози жўр бўлмоқда. Сўнг бир араб шоири араб тилида сўз бошлайди.
Араб шоири (Наср ва Балъамийга қарата). Дуруст, сиз ўз шоирингизнинг янги қасидасини ваъда қилган эдингиз, қани у қасида? Тенги йўқ ажам шоири қайдадур?
Балъамий (ҳаяжонланиб). У… бироз нохуш эрди, келадур.
Наср (Балъамийга ғазаб билан). Сиз нима қилиб қўйдингиз? Қани Рўдакий? Қани қасида?
Балъамий (сиқилган ҳолда). Бўлади… андак сабр қилайлик.
Наср. Қасида борми-йўқми?
Балъамий. Ҳм… Ҳа, бор… ҳозир, шу дамда…
Рўдакий кириб келади. Балъамий шод бўлиб, унинг олдига боради.
Келдингизми? (Паст овоз билан) Нигинанинг иши нима бўлди?
Рўдакий. Кузатиб қўйдим. Нўшдорингиздан кейин сипоҳсолор қотиб ухлаб ётибди. Менинг Нигинам нажот топди. Мен бу яхшилигингизни ҳеч қачон…
Балъамий. Қасидани ёздингизми?
Рўдакий. Маъзур тутгайсиз, хожайи бузург, шу пайтгача бир лаҳза ҳам бўш вақтим бўлгани йўқ.
Балъамий. Ёзмадингизми? Ахир, ваъда бергандингиз-ку! Мен бундай ваъдасиз эканингизни билмаган эканман. Сиз мени шарманда қилдингиз!
Рўдакий. Хожайи бузург, тинчланинг. Қасида… бўлади, бор!
Балъамий. Бор! Қани? Қаерда?
Рўдакий. Мана бу ерда (кўксига ишора қилиб). Юринг.
Балъамий ва Рўдакий зиёфат бўлаётган жойга келадилар. Шоир амир ва меҳмонларга таъзим қилади.
Наср. Шоир, шароб ичингиз (қадаҳ тутади).
Рўдакий. Подшоҳимнинг саломатликлари учун (ичади).
Наср. Бағдодлик бу меҳмоннинг сўзларига қараганда (халифа вакилига ишора қилади), буюк араб шуароси, чунончи, Жарир, Тойи, Хассон базму зиёфат мавридида бадиҳа билан шеър тўқиб айтишур эрканлар. Қўлга қоғозу қалам олиб халифанинг кўз олдида қасида битар эканлар. Биз азиз меҳмонга бундай дедик: “Араб шоирларига таҳсин бўлғай! Бизнинг шоирларимиз бу усулда шеър битмаганлар, чунки биз буюрмаганмиз, аммо агар буюрсак – бажаргусидурлар”. Аё, сиз бизнинг айтганимизни ўринлата олурмисиз?
Қул ўша заҳотиёқ баркашда қоғоз, сиёҳдон ва қалам олиб келади. Рўдакий баркашни оҳиста суриб қўяди. Чуқур ўй билан бироз айланиб, зиёфатда ўтирганларни кўзда кечиради. Амир ва барча меҳмонлар унга тикилиб қарашади.
Рўдакий (бадиҳа йўли билан ёддан шеър тўқиб ўқийди).
Шундай гўзал мажлис тузди шаҳриёр,
Унда анвойи гуллар алвони бор.
Жаннатнинг ноз-неъмати муҳайёдир,
Раёҳин анда фаровон, тахт тайёр.
(созандаларга қарата)
Исо барбати, Фаводий гилами,
Мадакнир чанги, найчи-ю чобук ёр.
Саркардалар қаторига Балъамий келиб ўтиради.
Бир томонда амирлару Балъамий,
Қари деҳқон Солиҳ, гўзаллар-нигор.
Қулбача шоирга қадаҳ тутади.
Май тутади хуштавозе ғулом
Сарвқомат гўзаллар бўлиб дастёр.
Биллур қадаҳни қўлида тутиб:
Биллур қадаҳда кўрарман шаробни
Дерсен: илму ҳикматда гар бошласа суҳбат,
Дерсен: илму ҳикматда Луқмонча бор.
Одобга ақду ҳикмат эш бўлгандек,
Ақлу ҳикматга эш-одоб даркор.
Илму ҳикматда гўё ул бир тоғдир,
Сайём тоғи тенглашолмай, қилур ор.
Душмани гар аждардур, найзаси
Маҳв этиб бир зумда келтирур тор-мор.
Улуғдир безавол Рустамнинг номи,
Шоҳ ила бўлғуси яна барқарор
Чину ҳинду ажамдан келган меҳмон
Топар иззат-икром, ардоқлар Бухоро.
Бугунги Бухоро гўё Бағдоддур,
Пойтахти пуршавкату улуғвор.
Мадҳ этмоққа аён этдим қудратим
Яна кўп сўз, маъно кутар – умидвор.
Шеърда бўлсам Жарир Тоию Хассон,
Лек шоҳ мадҳига боз урурман қарздор.
Мажлис аҳли (ғала-ғовур кўтарилади. Ўтирганларнинг кўпи оёққа туради). Таҳсин, офарин! Сўзамоллигу шеър тўқишни қотириб юбордингиз!
Ҳинд элчиси. Балли, балли, балли!
Хитой элчиси. Жуда соз, жуда соз!
Киев элчиси. Бухоро ўзининг ушбу шоири билан фахр қилишга ҳақлидур.
Фарангистон элчиси. Даргоҳида шундай шоири, хос вассофи-қасиданависи бўлган подшо улуғ ва бахтиёр подшодур.
Наср (халифа вакилига шоирни кўрсатиб). Қалай, қандай?
Халифа вакили. Беназир! Мўъжиза! Ҳеч қачон бундай шоирни кўрган эмасман.
Балъамий. Подшоҳим. Бу асрда на арабу ва на ажамда Рўдакий билан тенглаша оладурғон шоир йўқдур.
Устод (Рўдакийга). Сўзамоллик майдонида – мушоирада сиз ғолиб чиқдингиз, мен сизга тан бердим!
Наср. Бизнинг ҳузуримизда сўз ва сўз устасининг қадр-қиммати юксакдир. Биз шоирга қирқ минг дирҳам ато қилурмиз. Рўдакий, шу бугундан бошлаб сиз сарой шоирлари сардорисиз! Сарпо келтирингиз! Олтин-кумуш сочингиз!
Шовқин-сурон ва мажлис аҳлининг таҳсину офарин садолари остида Рўдакийга хилъат – фахрли чопон кийгизиб, бошидан халтачалаб олтин-кумуш сочишади. Эшикдан Маж кириб келади, ҳаяжон ва паришонлик билан бир четда мунтазир бўлиб туради.
Наср (курсидан туради). Хожайи бузург, меҳмонларни сайру томошага даъват этингиз.
Балъамий. Азиз меҳмонлар, лутфан ташриф буюргайсиз, от чопару найзабозликни томоша этингиз.
Ҳамма чиқиб кетади. Маж Рўдакийнинг орқасидан етиб келиб, уни тўхтатади. Саҳнада фақат иккиси қолишади.
Рўдакий (Мажнинг вазиятидан хавотирга тушиб). Нима хабар, Маж?
Маж қўли билан юзини бекитади.
Нигина қўлга тушди, шундайми?
Маж тасдиқ аломати билан бошини қимирлатади, гапиришга мажоли етмайди.
Ҳазиллашасиз!… Кейинги вақтларда сиз хийла шўх бўлгансиз. Маж!.. Айтинг, ҳазил қилдим, денг! Эй худойим! Кошки сиз мен билан бир дафъа ҳазил қилсангиз эди?.. Ахир, тезроқ гапиринг! Қачон? Қаерда? Сизга ким айтди?
Маж. Акбар Марвазий айтди. У ҳали-ҳозиргина яширинча менинг уйимга келди. Сипоҳсолорнинг қуллари даштда ҳар икковини қўлга туширишибди. Нигина ханжар билан ўзини ҳалок этибдур. Акбарни боғлаб олиб, судраб кетишибди, аммо йўлда у ўзини жарликка ташлаб қочибдур.
Рўдакий. Кошки ер ёрилиб, қаърига тортса, қора тупроқ мени маҳв этса.
Оҳ бу шум замона жабридин оҳ-уҳ,
Бир шодлик кетидан юз ғаму андуҳ.
Парда
ТЎРТИНЧИ ПАРДА
Ўн биринчи кўриниш
Рўдакийнинг Бухородаги ҳовлиси. Айвон. Хонтахтанинг устида бир нечта китоб, тарқоқ қоғоз варақлари ва сиёҳдон. Нарироқда иккинчи хонтахта. Унда кексайган Маж китобат билан машғул. Кўчадан жарчининг шовқинли овози: “Мусулмонлар, кимда-ким кофир қарматийларни билса-ю уларни маълум қилмаса, ўзи зиндон қилинади, молу мулки подшоҳликка ўтқазилади”.
Маж. Яна бошланди! Бу ур-йиқит қачон тугайди?
Орифий ва Шакурий кириб, салом берадилар.
Шакурий. Устод уйдамилар?
Маж уй томонни кўрсатиб, қўли билан лабини тўсиб, баланд гапирмасликка ишора қилади.
Шакурий. Замонанинг Заҳҳоки қарматийлар қонини тўкмоқчи.
Маж. Қарматийларни ўлдириб тугатганлари йўқми?
Шакурий. Кимнинг афт-ангори бу хоин саркардалар ва дин шариат соҳибларига маъқул бўлмаса, у кишини қарматий деб ҳисоблашади.
Орифий (ўз-ўзича мисра тўқийди). “Хоин саркардалару бедин дин соҳиблари”.
Шакурий (уй томонни кўрсатиб). Устоднинг кайфияти қандай?..
Маж. Эрталабдан бери уйдан чиқмайдурлар. Ортиқ ғамгин. Ахир, шунча ёр-дўстлари қирилиб нобуд бўлиб кетди.
Орифий. Қонга ташна Заҳҳоку бу йиртқичлар тўдаси…
Шакурий (Рўдакийнинг хонтахтасидаги варақлардан ўқийди).
Димнадин сўрдилар, недур бу бонгнинг маъноси?
Толону яғмо, ваҳм солган кимнинг замонаси?
Манзум – шеърий “Калила ва Димна”. Устоднинг чидаму ҳафсаласига қойилмен. Шундай алғов-далғов бир замонда ҳам қўлларига қалам оладилар, шеър битадилар.
Маж. Худо у кишига куч-қувват бағишласа, бирор ойдан кейин “Калила ва Димна”ни шеърга айлантириб тугатгайлар.
Орифий.
Ва бу йиртқичлар тўдаси
Фаредун мулкин бўлиб ҳукмрони-ю эгаси.
Шакурий (Мажнинг дафтарини кўриб). Уни китобат қилмоқни бошлаб юборибсиз, шекилли? Мусаввар китоб. Бу ажойиб расму суратларни ким нақш этди?
Маж. Чин наққоши.
Шакурий. Баҳ-баҳ! Орифий, шеър битишни тўхтатинг-да, бу ажойиботни томоша қилинг. Бу йўлбарс ҳозир китоб саҳифасидан чиқиб, сизу менга ҳамла қилиб, ёриб ташламоқчи. (Мажга) Қайси Чин наққоши?
Маж. Наққош деманг, иккинчи Моний деб атанг!
Шакурий. Бу ўша наққошки, бу ярамас амир…
Маж (қўрқиб). Секинроқ, Шакурий!
Шакурий. Ярамасдур! Бу хоин саркардалар ва бу худобехабар дину шариатфурушлар фитнаси билан ўз отасини тахтдан ағдариб ташлади; донишманд Балъамийнинг ўрнига бу аблаҳ зоҳид Суламийни ўтқизди.
Орифий. Хайр, майли, бу қадар эзма бўлманг, Шакурий. (Мажга) Хўш, у қайси “иккинчи Моний” экан?
Маж. Уни Нуҳнинг қаллиғи – Чин хоқонининг қизи ўзи билан бирга Бухорога ҳамроҳ қилиб келган эди. Рўдакий саройда юрган кезлари бу наққошга “Калила ва Димна”ни ҳикоя қилиб берган эди, завқ-шавққа тўлган наққош бир ҳафта давомида ишлаб, жонзотлар сурати билан китобга зийнат берди.
Орифий. Ажойиб ишу ҳодисалар. Ижод қилгувчи Ҳиндистон халқи, шеър ёзувчи – Бухоро шоири, зийнатловчи – Чин наққоши. Дарҳақиқат, илму ҳунар на дину мазҳаб, на насабу миллат ва на сарҳадларни, ҳеч қайсини тан олмайди, фақат инсонни тан олади. Ҳиндуни форсга қариндош этади, хитой – ҳиндуга биродар.
Уйдан қариган Рўдакий чиқиб келади. Ёш шоирлар таъзим бажо келтирадилар.
Рўдакий. Ўтирингиз. (Мажга) Мен яқиндагина Нигина билан учрашдим. Мудраб қолган эканман, у тушимга кирди. Айнан ўша кундагидек қиёфада…
Кўчада шовқин-сурон, тўполон. Садолар: “Ушланг! Уринг! Бу ярамас қарматию исмоилийларнинг қони сиз учун ҳалолдир!”
Шакурий ва Орифий югуриб кўчага чиқадилар ва тезда қайтиб кирадилар.
Шакурий (изтиробда). Фароловийни олиб кетдилар.
Рўдакий дарду алам билан бошини қуйи эгади.
Орифий. Нима қилмоқ керак, устод? Агар шундай давом этаверса, эрта-индин сизни ҳам, бизни ҳам…
Рўдакий. Ҳақдин ноумид бўлмангиз, ҳақ ўз ўрнини топғуси. (Қутичадан қўлёзма варақларни олиб) Шеърларингни ўқидим, Шакурий. Рост айтамен, яхши шеърлар. Сен панду ҳикматга нисбатан ҳажвда ўткирроқсен. Чунончи, Орифий қасидага нисбатан ғазалда устароқ бўлганидек. (Маъюслик билан) Шаҳид ва Муродий дунёдан ўтгандан кейин мен хийла маъюс бўлиб қолган эдим. Энди ҳар қачонким, менинг ҳузуримга бирон ёш шоир яхши бир шеъри билан келиб қолса, ўзимда йўқ шод бўламен. Мана иккинчи Шаҳид ё иккинчи Муродий етишди дейман! Иншооллоҳ, бизнинг шоирларимиз улуғ ижодий ишларни амалга ошириб, мўъжизалар кўрсатгайлар. Жаҳри дарий тилидаги шеъриятни севиб, ардоқлаб қолажак. Сўзнинг қадрига етингиз. Шоир ҳам деҳқонга монанддир: у жаҳонга яхшилик ва тўғрилик уруғини сепади. (Қалб ҳаяжони ва изтиробини босолмай, ҳайқириқ билан) Ўз шеърларингиз билан тош қалбларни юмшатингиз, совуқ мажлисларни қизитингиз! Йўқсилларга мадад берингиз, ситамгарларни сарнигун этингиз!
Акбар Марвазий кириб келади. Иссиқ-совуқ, яхши-ёмонни кўрган бу жанговар шахс хийла қариган бўлса ҳам ҳамон бақувват кўринади.
Акбар. Ассалому алайкум!
Маж. Акбар? Акбар Марвазий?
Акбар нотаниш ёшлардан хавфсираб, салласининг пеши билан юзини беркитади. Маж ўрнидан туриб, Акбарнинг олдига бориб, у билан қучоқлашиб кўришади.
Бу ёшлардан хавфсираманг, Акбар, булар шогирдларимиз ва садоқатли дўстларимиздурлар. Шунча йиллар давомида қаерда эдингиз? Қаердан келаётирсиз? Марҳамат, ўтирингиз.
Акбар Марвазий. Фурсатим йўқ, хожа. (Хавфсираб эшик томонга қарайди). Бир мулла изимга тушди, айғоқчи бўлса керак, деб хавфсирайман. Саргузаштларим узундан-узоқ, хожа. Мен Хуросонда эрдим. Тўрт ғалаён, уч қатла зиндондан қочмоқ, амир ва ҳоким лашкари билан олти марта жанг… Сўзнинг қисқаси, мен халқ учун адолат истадим. Яҳё Сомоний Бухорога лашкар тортиб келмоқда, мен у билан биргамен. Шаҳарга эса у билан яширин кириб келдим. Шу бугун тунда ғалаён кўтарилади. Ё ўлим, ё нажот. Шаҳарда кўп лашкарим бор… Ҳа, шундай. Темирчи, мисгар, мешкоб, новвой, отбоқар-сайис, ўтинчи – ҳаммаси менинг лашкаримдур. Хожа! Сиз, ҳар эҳтимолга қарши, бугун шаҳардан ташқарига чиқиб кетинг. Алғов-далғов чоғи ҳаётингиз хатарда қолмасин.
Тўсатдан ҳовлига саройнинг катта лавозимига чиққан, қариб қолган Жунайд бошчилигида қуролланган сарбозлар ва мулла бостириб киришади.
Мулла. Ана, исёнчи Акбар!
Акбар сакраб ўрнидан туради, чакмони тагидан боғлаб олган қиличига қўл узатади…
Жунайд. Ҳа, эски “ошнам”!.. Мени танидингми?
Акбар. Танидим. Кучук эдинг, энди қари ит бўлибсен. Ҳали ҳам Саҳл бинни Мансурнинг итялоғи бўлсанг керак?
Жунайд. Ўғри! Қароқчи! Мен ажалингман! Икки қатла қўлимдан қутулиб қолдинг. Энди бу дафъа қутулолмайсен! Таслим бўл, ярамас.
Акбар. Сенгами! Зинҳор! Эшитганинг борми, шер итга таслим бўлганми?
Жунайд (қулларга). Бу малъунни олингиз!
Акбарга ҳамла қилишади, ўртада қиличбозлик бўлади.
Рўдакий (орага кириб). Қўл тортингиз! (Жунайдга) Менинг уйимда адолатсизлик қилишингизга йўл бермаймен! Акбар менинг меҳмоним ва паноҳимдур. Ҳозироқ уйимдан чиқиб кетинг!
Жунайд (истеҳзо билан). Бундай оҳангда гапиришга қандай журъат қилдингиз? Ҳамон ўзингизни сарой шоири деб ҳисоблаяпсизми? Сиз аллақачон саройдан қувилгансиз, азиз хожам. Давру давронингиз ўтиб кетди. Сизга пушту паноҳ бўлган амир зиндонда ётибди. Ҳомийингиз Балъамий бўлса, жонини ўйлаб, қочиб қолди. Энди давру даврон бизники. Нуҳ – подшоҳимиз, Саҳл бинни Мансур саркардамиздур. Сиз тугагансиз, хожа, сизда қуруқ жасад қолган, холос.
Акбар (қилични ўпиб, Рўдакийнинг оёғи остига қўяди). Афв этинг, хожам. Худо шоҳидим, ҳузурингизга соф қалб билан келган эдим. Сиз мени афв этсангиз, бас, шунда мен на дордан қўрқамен, на жаллоднинг тиғидан.
Рўдакий. Сиз бегуноҳсиз, Акбар.
Жунайд (Рўдакийга). Энди каминага исёнчилар билан алоқадорлигингиз тамомила равшан бўлди. Шаҳарни қўриқлаш вазифаси зиммамга юклатилган эди. Бинобарин, мен сизни сарой маҳкамасига олиб бормоғим лозим. Сиз амирнинг ўзига жавоб берурсиз.
Маж (гавдаси билан шоирни тўсади, Жунайдга қарата). Шарм эт, адолатсиз! Худодан қўрқ!
Орифий. Агар шундай бўлса бизни ҳам бирга олиб боринг.
Шакурий. Аввал бизни ўлдиринг, кейин устодни олиб кетинг!
Рўдакий. Қўйингиз, мен ўзим борамен! Мен додхоҳмен, адолат талаб этгувчимен. Мен бу адолатсизликларга қарши амирнинг кўзини очамен! (Жунайдга) Олиб боринг мени, мен тайёрмен.
Жунайд Рўдакий ва Акбарни олдига солиб, олиб чиқиб кетади.
Парда
Ўн иккинчи кўриниш
Сарой. Амир Нуҳ, Саҳл бинни Мансур, вазир Суламий, Жунайд, устод – сарой шоирларининг собиқ сардори, сарой аҳли. Ўртада Рўдакий турибди. Эшик орқасидан, саройга туташ айвондан халқнинг ғала-ғовур садолари эшитилиб турибди.
Ойтош. Халқ борган сари кўпаймоқда. “Рўдакийни озод этмагунча, биз кетмаймиз!” деб ғовға солмоқда.
Саҳл (ғазабда Жунайдга Рўдакийни кўрсатиб). Нега сен уни куппа-кундуз куни раста-ю бозор айлантириб олиб келдинг? Ҳеч кимса кўрмаслиги учун кечаси олиб келиш лозим эди!
Нуҳ. Халқнинг Рўдакийда нима иши бор экан? Рўдакий бизнинг битта қулимиздур, биз уни қандай жазоласак, ҳақимиз бор.
Собиқ Устод. Тавба қилинг, Рўдакий, тавба қилинг. Подшоҳим гуноҳингизни кечиргайлар.
Рўдакий хомуш.
Нуҳ (Рўдакийга). Сен исёнчиларни қўллайсенми? Итоатсизлар, оёқяланг безорилар тарафини оласенми?!
Суламий. Подшоҳимнинг душманлари билан дўстлик қиласенми?
Саҳл. Бу киши аввалдан ҳам қарматийларнинг хайрихоҳи эди!
Суламий. Зотига тортади, подшоҳим. Аччиқ дарахтни шакаробу бол билан парвариш қилсалар ҳам барибир меваси аччиқ бўлади.
Нуҳ (Рўдакийга). Сен бир саҳройи эдинг, бир қишлоқи гадо эдинг. Сомонийлар хонадони сени шундай баланд мартабага етказди, энди сен яхшиликка ёмонлик қиласенми?
Собиқ Устод. Ахир, тавба қилинг, ер ўпинг.
Рўдакий. Амирим, сомонийларнинг менга нисбатан лутфу марҳамати улуғдир. Мен бу улуғ хонадон неъматига ташаккур қилишга вожибмен. Аммо бу бахтиқаро кишилар, бало домига тушганлар, хору забун бўлиб, қатлу торожга маҳкум этилган кишиларки, сиз уларни қарматий, итоатсиз, мазҳаби бузуқ деб атайсиз. Аслида гуноҳсиздурлар! Худо шоҳид, гуноҳсиздурлар. Агар алардин кимнингдур гуноҳи бўлса (амир атрофидагиларга ишора қилиб), гуноҳи шуларнинг бўйнидадур. Чунки уларнинг оғирдан-оғир хирож солиши ва шафқатсизлик билан мол-мулкини мусодара қилиши оқибатида пичоқ халқнинг суягига бориб тақалди!
Ҳозир бўлганлар ғавғо солишади.
Ойтош. Тилингни тий, шоир, густоҳлигинг ҳаддан ошди!
Рўдакий. Сизнинг қаршингизда ҳақ сўз – густоҳлик-андишасизликдир. Халойиқ адолат талаб этиб жон бермоқда, қиёмат қойим бўлмоқда. Халойиқнинг мардлиги ва қаҳрамонлиги олдида менинг густоҳлигим ҳеч гап эмас.
Суламий. Эй Худойим, саройнинг битта қули подшоҳи аъзамнинг бетига қараб шундай сўзларни айтса-ю, яна жазосиз қолса. Кошки мен кўр, кар бўлсайдим. Буни кўрмаган ва эшитмаган бўлардим!
Нуҳ (дарғазаб бўлиб ўрнидан туради. Рўдакий ҳақида фармон беришга шайланади. Аммо шу аснода майдондан халқнинг ғала-ғовури эшитилади. Амир деразадан ташқарига қарайди, сиқилади, иккиланиб қолади. Суламийга мурожаат қилиб сўрайди). Сизнинг раъйингиз недур, вазир!
Суламий (чўзиб гапиради). Подшоҳим адлу инсофда улуғдурлар, фазлу донишда – мукаммал. Подшоҳимнинг ҳар бир сўзлари дарвешларга нажот, ғамгинларга фароғат, бахтсизларга озодликдур. Кимки, бу ҳақиқатни инкор этса, малъун ва ярамасдур…
Нуҳ (тоқатсизланиб). Қисқа қилинг!
Суламий. Шоир Рўдакий неъматга нисбатан нонкўрлик қилишни ўзига шиор қилиб олди, у бу олий даргоҳни қоралайди. У бир шеърида: “Чи нишинини ба даргаҳаш ҳамвор, Ки ҳама кори ў на ҳамвор аст”, дейди. Яъни подшоҳимнинг барча ишлари бир текис эмас, носавоб ва саҳву хатодир. Яна айтурки: “Унинг билими яхши эмас, чеҳраси ҳам”. Эшитдингизми?.. “Зишткирдору хубдадор аст”, яъни “дийдори яхши бўлса-да, кирдори тубандур” ва…
Нуҳ. Бас, етади!
Майдонда халқ ғавғоси.
Саҳл. Халқ ҳайиқмайдиган бўлиб қолибдур, амирим. Халқнинг кўзини қўрқитиб қўйиш лозим.
Нуҳ. Халқни тарқатиб юборинг!
Ойтош югуриб чиқиб кетади.
Рўдакий: Тўхтанг!.. Гуноҳсизлар қонидан қўрқинг!.. (Амирга)
Гар тоғ ба даст ори, мардум нотавон кушт!
Дар пеши худованд бади нест фаромушт!..
Ўлдирмоқчун бировларни қўлингга тиғ тутма,
Ёмонлиқни унутмас худо, буни унутма!..
Нуҳ. Бу хоиннинг сазоси…
Собиқ Устод (қўрқув ва даҳшат билан). Подшоҳим, раҳм қилинг! Адолат қилинг! Шоирга ситамни раво кўрманг!..
Саҳл (Собиқ Устодга). Сизга нима бўлди? Бир вақтлар Рўдакийни кўрарга кўзингиз йўқ эди. Унинг ортидан ғийбату бўҳтон тарқатиб юрардингиз!
Собиқ Устод. Мен пушаймонмен, юз марта пушаймонмен. Мен кўр эканмен. Рўдакий мислсиз, тенгсиздур! Мен тугал иқрор этаменки, у шоирлар соҳибқирони – подшоси экан! Улуғ устод экан! Ахир, форс шеърияти пойдеворини қурган ҳам, дарий тилидаги шеъриятни салтанат тахтига олиб чиққан ҳам шу Рўдакийдир!…
Нуҳ. Бу кўрнамакни… (Майдондаги халқнинг ғавғосини эшитиб яна иккиланиб қолади).
Суламий. Зиндон қилмоқ даркор!
Саҳл. Яхшиси, бошини дорга осмоқ!
Собиқ Устод (йиғлаган ҳолда). Подшоҳим, адолат қилинг.
Саҳл. Хоинларга жазо бериш айни адолатдир.
Нуҳ. Саҳл бинни Мансур! Биз гуноҳкорни сизга топширдик. Қандай жазо лозим бўлса, шундай қилинг.
Саҳл (Рўдакийга яқинроқ бориб). Энди сен менинг қўлимдасен. Мен узоқ йиллар шу соатни интизор бўлиб кутар эдим.
Рўдакий. Сен, Саҳл, шоир ҳазар қиладиган ҳар қандай ярамас нарсадан ҳам ярамасроқ ва разилроқдурсен.
Саҳл. Сен ҳали бу сўзларингга ҳам жавоб берғусидурсен. Сен бугун Саҳл бинни Мансурнинг кимлигини, унинг ўчи нималигини билиб оласен. Мен бугун “ҳўкиз ва булбул”, Дабусия хирожи, “тул хотинлар чироғи пилиги”ни сенга кўрсатиб қўямен. Нигинанинг қасосини сендан олурмен, ҳаёт-мамотинг энди қўлимдадур.
Рўдакий. Менинг ҳаётимни мендан олмоқ истайсен? (Истеҳзо билан кулади). Кечикдинг, Саҳл, ғафлатда қолдинг! Ҳаётим аллақачонлар шеърларимга, китобларимга кўчиб ўтган. Сен энди нимани ололасен? Шоирнинг ҳаётини, унинг қисматини подшоҳлар ҳам ўз ҳукмларига тобеъ қилолмайдилар, сенга ўхшаш қонхўр жаллодларга йўл бўлсин.
Саҳл (ғазабланиб). Олинг уни!
Саҳлнинг ишорати билан дарборлар Рўдакийга ёпишиб, судраб-судраб бошқа хонага олиб чиқиб кетадилар. Собиқ Устод ерга йиқилиб, дарборларнинг этагидан ушлаб, дод солади, бироқ улар бунга эътибор бермай, ўтиб кетадилар. Шоирни олиб кирган хонадан жигарни эзувчи қисқа бир нола – фиғон чиқади. Бироздан кейин дарборлар орқалари билан юриб хонадан чиқадилар ва Рўдакий қонга булғанган дастрўмол билан кўзларини беркитиб олиб, каловланиб-каловланиб чиқиб келади.
Рўдакий (дард билан). Бошимдаги кўзимни кўр қилдилар. Худойим, энди қалбим кўзини очғил, уни мунаввар қилғил.
Саҳл, Суламий, дарборлар ўз жиноятларидан даҳшатга тушиб, юриб келаётган Рўдакийдан қўрқиб, ваҳм қилиб, орқалари билан тисарилиб деворга туташиб қоладилар.
Парда
Ўн учинчи кўриниш
Рўдакийнинг ҳовлиси. Айвонда Рўдакий, Маж (хонтахта олдида), Орифий, Шакурий, Собиқ Устод.
Рўдакий. Ёздингизми, Маж?
Маж. Ёздим.
Рўдакий. Яна бир неча байт айтамен, шу билан достон тугалланади… Нима десам экан?.. “Калила ва Димна” – ҳаётнинг билимномасидур. Мен жаҳонни ўзгача кўрамен. Бошим кўзини босиб олдилар, қалбимнинг кўзи очилди. Мен мунавварроқ кўрадиган бўлиб қолдим. Ҳа, қуёшнинг дийдорини кўрмоқ учун қоронғи тунни сабр-бардош билан ўтказмоқ керак. Жаҳон ҳомиладур. У янги турмуш, янги режалар туққуси. Шод бўлиб, умидвор бўлиб яшамоқ даркор. Ҳаёт раҳмсиздур, қаттиққўлдур. Аммо у устоддур, мураббийдур…
Навкарлари ҳамроҳлигида амалдор кириб келади.
Амалдор (Мажга). Вазирнинг фармони билан мен мусодара…
Маж (нафрат билан секингина). Тинчланинг! Мусодара қилинг, аммо халақит берманг!
Амалдорнинг навкарлари шоир уйидаги буюмларни йиғиштириб, олиб чиқиб кета бошлайдилар. Орифий ва Шакурий шоирнинг китобларини талон-торож қилишдан сақлаб қоладилар.
Рўдакий. Барча мамлакатларнинг оқиллари ҳамма тилларда ҳаётни ўрганиб, уни азиз тутиб, ҳаёт билимини зарра-зарра жам этиб, дарахтларнинг барг ва пўстлоқларига битганлар. Чармга, тошларга нақш этганлар ва ниҳоят китобат қилганлар. Токим кишилар ўрганиб чиқсунлар, ўгит олсунлар деб. Мен ҳаёт билимини, турмуш ўгитини шарафлаймен.
Ёзинг, Маж!
То жаҳон буд аз сари мардум фароз…
Одамдан юқори тураркан олам,
Билим оширмоққа муҳтождур одам.
Ақлли кишилар ҳар қайси тилда
Ҳар қандай замонда, ҳар қайси хилда
Билимларни тўплаб, ҳурмат этдилар,
Тошларга нақш этиб, битиб кетдилар:
“Одамлар қалбининг чироғи билим,
Ёмондан сақланиш яроғи билим.
Ҳар киши олмаса ҳаётдан таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”.
Мана шу билан менинг достоним поёнига етди… Маж… Улар…. Мусодара қилдиларми?
Маж. Ҳамма нарсани олиб кетдилар, ҳеч нарса қолмади.
Рўдакий (қаттиқ тоқатсизланиб). Нима? Китобларниямми?
Маж. Китобларингиз қолди, ҳаммаси олдингизда.
Рўдакий (китобларни пайпаслаб ушлаб, тинчланади, кулади). Эшак мунчоқни олиб кетибди, дурлар қолибдур. Йўқ! Бу жаҳолат! Сувга чизилган нақш! Мен бечора эмасмен (китобларни пайпаслаб ушлайди). Бу менинг тўплаган бойлигим, безавол хазинам! Рўдакий ғазалиёти. Рўдакий қасидалари. Рўдакий рубоийлари. Рўдакий “Панднома”си. Рўдакийнинг “Калила ва Димна”си. Бу менинг ному нишонимдур. Менинг мангу ҳаётимдур. Мен буларнинг ҳаммасини кишиларга, мени севган ва севувчи кишиларга армуғон этамен. Мен кимсасизменми? Йўқ. Жафокаш халқим бор, унинг қалби менинг уйим, маконим. Ҳасса келтиринг, мен ўз маконимга – халқимга борамен!..
Парда
Тожик тилидан Натан Маллаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 3-сон