«Яна бир юлдуз милтираб-милтираб кўздан йўқолди».
Яна бир ёрқин ном асримизнинг биринчи чорагида Россияда туғилиб ўсган буюк ёзувчилар сафидан мангуликка йўл олди. Бу ном ўз Ватанида қанчалик машҳур бўлса, хорижда ҳам шунчалик севимли эди.
Шуниси қизиқки, йиллар ҳам турлича келади – ҳосилдор ёки бебарака. Шундай омадли йиллар келадики, улуғлар туғилаверади, Яна шундай йиллар бўладики – омадсиз! Россия жанубидаги яйдоқ кенгликлар, ерлар эгасидан сўраб кўринг: У сизга йиллар ҳеч қачон бири иккинчисига ўхшамаслигини айтади. Агар ёз қуруқ келса, ёмғир ёғмаса, жазирама келса, ҳаммаси куйиб кетади. Россиянинг қора ва тўқ мағиз тупроғи тошдай қаттиқ қобиқлар билан қопланган. Унда ҳатто ўртача ҳосилга ҳам умид йўқ, кузда эса машаққат билан ерга уруғ сочилади.
Баъзан омадсиз йиллар қаторлашиб келади – биринчи ёз, кейингиси, учинчиси, бешинчиси. Шунда чинакамига хонавайронлик бошланади. Мамлакатни очарчилик, қаҳатчилик ва умидсизлик қамраб олади. Ниҳоят, кутилган яхши йил кириб келади, мўл-мўл ёмғир ёғади. Ер қувватланади, кучга тўлиб, мислсиз ҳосил беради. Далага уруғ сочсанг бўлди, қарабсанки, бир неча ҳафтадан сўнг юз карра ортиқ ҳосил сеники. Шунда бу ҳосилни йиғиб-териб олиш учун Россиянинг турли бурчакларидан кўнгилли ишловчиларни чақириб келишга тўғри келади.
Мамлакатдаги барча омборхоналар, улардаги дон-дун, ғалла сақланадиган жойлар тўлиб-тошиб кетади. Ҳатто қаерга қўйишни билмай қоладиган даражада ортиқча буғдой тоғлари кўтарилади. Хуллас, мўл-кўлчилик бахтли ер эгасининг барча омадсиз йиллардаги йўқотишларини бемалол ундириб беради.
Россия адабиётининг турли йиллардаги юксалишларини юқорида тилган олинган манзара, ҳолатга менгзаш мумкин. Бизда унинг тарихи ҳали унчалик узун эмас. У бугунга қадар бор-йўғи икки юзинчи йилликка бориб тақалади. Шунга қарамасдан, ҳар қандай тадқиқотчи бу тарих йилларини қисқа вақт ичида ўрганса ҳам кам ҳосилли ва айни чоғда ноёб ҳосилдорлик ўртасидаги зиддиятлардан ҳайратга тушмай иложи йўқ. Бир-бирига бевосита ўтмишдош ёки 1825 йилнинг ортидан келаётган йиллар даҳо ёзувчилар туғилиши учун атайин яратилгандай. Тургенев, Достоевский, Толстой, Некрасов, Гончаров, Салтиков-Шчедрин ва Крестовская хоним – тенгқурлар ўша даврда дунёга келишган, бир-биридан беш олти ёш фарқ қилади.
Санаб ўтилган биринчи учта ном Францияда машҳур, қолган тўрттаси ҳали етарли даражада маълум эмас. Бироқ Россияда бу номларни бирлаштириб айтишга шу қадар ўрганишганки, биронтаси айтилмай қолса, бутун бошли сафни тасаввур қилиш мушкул. Чунки бу адиблар адабий ҳаётимиздаги барча даврларда бирдек характерли, уларни тўкис қамраб туради. Ҳар бирида ўзига хос ёзув услуби бўлса-да, уларни яхлит умумийлик, ягона ва қадрдон ҳаво бирлаштиради. Ўйлайманки, буни тушуниш осон. Улар бир даврда, бир маданий-ижтимоий муҳитда ўсиб-улғайишди.
Айни пайтда уларнинг адабий фаолияти тугаллангандай кўринаётгандир. Негаки, Тургенев, Достоевский, Некрасовлар бу дунёни тарк этишди. Гончаров ва Крестовскаялар яқин йиллар ичида арзирли асарлар яратишмади. Толстой адабиётдан юз ўгиргандай, фақат эртаклар, фалсафий мақолалар ёзмоқда.
Фақат Шчедрин ҳаётининг сўнгги дамигача ижодий қудрат ва яратувчанлик ҳиссини ўзида сақлаб қолди. Ҳолбуки, у анчадан буён оғир касалликдан азобланарди. Ўлимгина унинг заҳарханда ва кинояли овозини ўчирди, тиндирди. Эҳтимол, давримиздаги эркин фикрни ҳимоя қилишга чоғланган, худбин кайфиятларни қамчилаган ягона тил бўлгандир, чунки бундай кайфият ва ҳолатлар рус жамияти ва адабиётини шитоб билан қамраб олаётган эди.
Чуқур ва бўлишиб бўлмайдиган қайғу – бутун Россияга Салтиковнинг вафот этганлиги ҳақидаги хабар ёйилди. Унинг тобути ортидан улкан оломон оқиб, минглаб гулчамбарлар силкиниб-силкиниб боради. Бу гулчамбарлар Россиянинг энг олис гўшаларидан юборилган, ҳаммаси улуғ адибнинг қадри қай даражада бўлганлигини белгилайди, гувоҳлик беради. Унинг ўрни нақадар билинаётганини сездириб ўтди.
Шчедрин чиндан ҳам сафдошлари орасида ўзининг алоҳида ўрнига эга. У бир ўзи Россияда жуда кўп учрайдиган ҳолатларни ўзига сингдирди – танқидий фикрларнинг эркин ёлқинлари. Унинг кўплаб асарлари француз тилига ўгирилган бўлса-да, Францияда уни Тургенев, Толстой, Достоевскийлардай кутиб олишмади. Чет элликларнинг ўз ватанида ўта машҳур бу адибга бундай совуққонлик билан қарашлари боисини, ўйлайманки, иккита асосий сабаби бор. Энг аввало, бу – асарларининг жанри.
Шчедрин турли-туман бадиий хусусиятларни ўзида ифодалади, жамлади. У ижодини шеър ёзишдан бошлади. Унинг «Жаноб Головлёвлар» романи шуни тасдиқладики, унда, шубҳасиз, катта романчиликка замин бор эди: Тирик ва ўтли тасаввурлар, персонажларни бутунича илғаб олиш, характерлар таҳлилидаги катта аниқлик. Шунинг баробарида Салтиковнинг ҳақиқий жанри – фантастика билан суғорилган Рабле монанд сатира бўлиб қолди. Бу жанр бошқа жанрларга қараганда ўзи туғилиб ўсган тупроққа чуқурроқ боғланган эди. Кўз ёшлар ҳамма жойда ҳам бир хил тўкилади, аммо ҳар бир халқ ўз юзи билан кулади. Шунинг учун ҳам Рабле, аввало, французлар учун жуда тушунарлидир.
Россияда Франция адабиётининг бор гўзаллик ва латофатини ўта нозиклик, ҳайрихоҳлик билан қабул қилишди. Кўп ҳолларда Франция адибининг ўзига хослиги бизда аввалроқ, ёрқинроқ кўринган, тан олинган. Хўш, нима бўпти! Ҳатто Россияда Раблени тўғри тушунадиган одамни топиш қийин кечади.
Шчедринни чет элликлар осонлик билан тушуниб ололмаётганлигининг яна бир сабаби – адибнинг тили. Буни унинг ўзи уқтириб ўтганидек, ўзгача, алоҳида «эзоп» тилидир. У бу тилдан фойдаланишга мажбур эди. Шуни унутмаслик лозимки, Шчедрин рус цензурасининг темир исканжалари мавжуд даврда ижод қилди. У ёзув столига ўтириб, қўлига қалам олиб, ёзишга киришса, ўша ондаёқ кўз олдига цензуранинг қизил қалами унинг қўлёзмалари устидан қандай югураётгани келарди.
Узоқ ҳаётий тажрибалар Шчедринга бу даҳшатли қалам тиғидан қандай қилиб сақланишни, ақл билан иш тутиб, ўзини асраш йўлларини ўргатди. Адиб оддий, халқона заҳарханда фожиавий кулгини шу қадар енгил, самимий қориштириб юборардики, шу кулги остидан унинг қайсар фикр, туйғулари қалқиб чиқар, бу фикрларни яширин, пардалаб беришни ҳам уддаларди. У фикрини очиқдан- очиқ айтмасдан туриб ҳам уни тушуниб олишларига ундарди.
Ёзувчи ҳар қанча эпчил ва уддабурон бўлмасин, бундай ёзиш услубига китобхон тайёр бўлмаса, бу қаламнинг кучи бўлмайди. Россияда эса сатрлар аро ўқиб олишлари нечоғ ҳайратли! Омма ва севимли адиб ўртасида кўз илғамас, сирлидан-сирли бир-бирини англаш ришталари боғлангандай эди.
Шчедриннинг ёзиш услуби энг яхши ҳикояларидан ҳисобланмиш «Оғриқли ер» мисолида кўринади. Бу – ўғли томонидан жазоланган изқувар тарихи. Нима иш қилаётганини деярли тушунмайдиган изқуварни тасаввур қилинг. Камбағал, қўрқоқ, болалигидан бошқалар олдида белини букиб, эгилиб юргувчи, шу муҳтожлик туфайли махфий полиция хизматига кирган изқувар биринчи иш кунидан бошлаб, бошлиқлар буйруғини кўр-кўрона бажаришга маҳкумлигини ҳис этади. Унга изқувар бўлишни буюришди, бу вазифани қаршилик кўрсатмай, тиришқоқлик, итоаткорлик билан қабул қилди, бошлиғининг ҳар бир топшириғини бажарди. Аслида, у бешафқат эмас эди, аксинча, юрагининг туб-тубидаги меҳр шу қадар кўп эдики, ундаги назокатдан ҳайратланасиз.
У шуғулланаётган жирканч иш ўзида ҳам нохушлик уйғотади, кўнглини айнитади. Бироқ у бу ишга, бўйсунишга шундай киришиб кетган эдики, бора-бора бундай кўнгил айнашларни мутлақо ихтиёрсиз ҳаракат қабилида қабул қилар; буни ўзининг заиф томони деб билар, айни пайтда, уларни енгиш ва босиб ўтишга бор кучи билан интиларди: «Қодир худо, агар ҳар бир бўйсунувчи бошлиғининг буйруқларини муҳокама қиладиган бўлса, нималар қилмаймиз, қаерларга бориб келмаймиз!»
Кунларнинг бирида у ўзи каби қашшоқ, етим, итоаткор ва ҳуркак қизни учратиб қолади. Унга уйланади, ўзларича – бировга ҳеч нарса билдирмай, кўрсатмай, жимгина яшай бошлашди. Фақат уларни ҳамиша бир даҳшатли ҳис таъқиб этарди: аллақандай хавф ва ёвуз куч кутилмаганда кириб келади-ю, уларни парчалаб ташлайди гўё.
Эр-хотин интиқлик билан кўп йиллар фарзанд кутишди. Ниҳоят, ўғил туғилди. Бу бола отанинг борлиғига айланди, уни кўз қорачиғидай асрашга киришди. Шуниси ғалатики, ота боласига боғланиб боргани сайин унда ўз ишига нисбатан нафрат ўсиб борди. Шунга қарамай, у ўз ишини сидқидилдан адо этибгина қолмай, фаоллашди. Ҳар бир ишни айтилганидан, кутилганидан ҳам зиёда бажарардики, бу ўзини ҳам хайрон қолдирарди. Бир сафар ўта хавфли жиноятчи ортидан тушиб, уни қўлга туширди. Бунинг учун катта пул мукофотига эга бўлди. Аввалдан йиғиб юрган маблағига қўшиб, битта қилиб тугиб қўйди. Бу пайтга келиб, ўз ишига нафрати шу қадар ошдики, мана шу кутилмаганда келган пулдан фойдаланиб, нафақага чиқиб, ўзини бутунлай оиласига бағишламоққа қарор қилди. Ўғли ва хотинини олиб, олис вилоятлардан бирига йўл олди, катта, қуюқ ям-яшил боғ орасидаги кичкина уйда яшай бошлашди.
Бу ерда улар хотиржам, ҳурмат-эҳтиромда эдилар. Ота ёлғиз ўғлига юрагида яшириниб ётган энг азиз туйғулари, меҳрини тутар, унинг ҳаёти билан яшар, бўйига қараб бўйи, кўнглига қараб кўнгли ўсарди. Фарзандини ўйлар экан, қалби ғурур ва юксак орзуларга тўлиб кетар, бундай ҳислар аввал унда туғилмаганини, бўлмаганини, бундай бахт унинг болалиги ва ҳаётига насиб этмаганини билар, қалбан туярди. У ўғлининг ўқимишли инсон бўлиб етишини истарди, йўли ҳамиша ойдин бўлса, дерди. Ўғли ҳар ким ҳам эзиб ташлаши мумкин бўлган чувалчанг бўлиб қолмаслигини уқтирарди. Зеро, бунинг нималигини у бошидан ўтказган эди.
Баъзан изқуварга оғир ўтмишининг хотиралари қайтиб келар, жирканч, манфур ҳиссиётлардан кўнгли беҳузурланарди. Шунда у бот-бот ўзини-ўзи оқламоқчидай: «Нима учун мен ўзимни айблашим керак? Агар у кўп одамларнинг ўлимига сабабчи кўр-кўрона ишлатилган қуролга айланган бўлса, – айб унга қўйилмайди. Бу одамлар ҳукуматга қарши фитна уюштиришган. Унинг бошлиғи фитначилар ортидан кузатишни буюрган. У фақат ўз ишини бажарди, холос. Уларнинг сирларини очиб, бу ҳақда ҳукуматга хабар бериб турди, бошига тушган ташвишга унинг алоқаси йўқ, буёғи – бошлиқларнинг иши», – дерди.
Аммо бундай қув ўйлар, мулоҳазалар уни зил-замбил хаёллардан, қўрқинчли хавфдан асраб қололмасди. Бир кун келиб, ўғли барисидан хабардор бўлиб қолишидан қўрқарди.
Кунларнинг бирида у тасодифан эски хизматдошларидан бирини учратиб қолади. Уйига таклиф қилмаса-да, таниши сўраб олгандай меҳмондорчиликка боради. Меҳмон ичиб олгач, ўтмишини эслай бошлайди: «Ёдингдами, отагинам, 1871 йил бизга қандай омад келтирганини? Эсласам, кулгим қистайди. Эҳ, биз уларни шундай тутиб олдикки!…
Изқуварнинг улғайиб қолган ўғли беғубор кўзларини катта-катта очиб, тинглайди, қарашлари қатъий ва қизиқувчан. Ўзини йўқотиб қўйган ота боласини қандай қилиб турғизиб юборишни ёки бу аҳмоқнинг овозини ўчириб қўйишни билмайди; юраги чидаб бўлмас уят ва даҳшатли умидсизликка тўлиб кетади.
Бироқ бу сафар бола ҳеч нарсани англамади. Лекин йиллар ўтиб, бола балоғатга етди. Онасига тортди йигит – меҳрибон, нозиктаъб ва юввош, анчайин ғамғин ва хаёлпараст, бироқ ўта қобилиятли. У меҳр ва эътибор оғушида эркин ўсди, отасини жуда яхши кўради, илмли бўлмоқчи. Ўн етти ёшга тўлгач, Петербург университетида ўқишни давом эттириш истаги борлигини отасига айтади. Ўғлининг сўзини синдиролмаган ота бунга рози бўлишга бўлади-ю, юраги яширин қўрқув, катта хавф бостириб келаётганини сезади.
Чиндан ҳам муқаррар ҳалокат кўп куттирмади – портлади. Отасининг номи Петербургда ҳалиям нафрат ва қўрқинч ичида тилга олинар, уни бутунлай унутишмаган эди. Ёш йигит университетга ўқишга киради, озгина вақт ўтар-ўтмас у собиқ изқуварнинг ўғли эканлиги очилиб қолади; ўртоқлари ичида отаси сотган одамларнинг болалари ҳам ўқирди.
Қиш кунларининг бири. Бечора истеъфодаги изқувар бамайлихотир ўз бурчагида мудраб ўтирар, ўғлининг келажагини орзуларди. Шу пайт ўғли қаршисида пайдо бўлди. Кутилмаганда, ҳеч кимни огоҳлантирмасдан, ҳеч кимга билдирмасдан Петербургдан қайтиб келган ўғилнинг биринчи саволи:
– Эшитганларим ростми, ота?! – дея сўради. Нима рўй беришини англаб етиш учун боласининг гарангсиб турган юзига қарашнинг ўзи кифоя эди.
«Мана, – менинг ҳакамим!» деб ўйлади у ўғлининг титраб турган беғубор туйғулари қаршисида. У ўзини оқлашга ўтди; узоқ йиллар хаёлида, юрагида етилиб турган ўйлари, исботларини баён эта бошлади. У бу азобли лаҳзалар бир куни албатта келишини ҳис этиб яшар, ўзини шунга тайёрлаб яшаётган эди.
Бироқ биронта сўзи ўғлига заррачаям таъсир этмади. Бу ўғлининг юзидан беихтиёр қалқиб чиқаётган енгиб бўлмас нафратдан кўриниб турар эди. Шунда бахтсиз ота сўзлашдан тўхтаб, ўкириб-ўкириб йиғлади. Ўғил отасини ортиқча айблашга журъат этолмади.
Энди ўғил нима қилади, бундан кейин қандай яшайди? Университетга қайтолмаслиги аниқ – дўстларининг ҳақоратларини кўтаролмайди. Улардан бири хат йўллаб, қайтишга ундайди: «Ҳали ҳаммаси жойига тушиб кетади, – деб ёзади у. – Болалар отасининг жиноятлари учун жавоб беришмайди, аммо сеникига ўхшаш отанинг фарзанди бўлиш бахтсизлик келтирса, ундан юз ўгиришади – тамом-вассалом. Ўзинг тушунасан, изқувар отанг билан муносабатларинг яхши бўлиб қолар экан, сенга ўз-ўзидан ҳеч ким ишонмайди. Сен уни тарк этсанг, алоқангни бутунлай узсанг, қучоқ очиб кутиб оламиз».
Ўз отасидан воз кечмоқ! Ахир, унинг отаси шу қадар самимий, меҳрли, садоқатли, энг оғири – айбдор ҳамки, шу туфайли қанчадан-қанча болалар отасиз қолди! Бизнинг қаҳрамонимиз ҳеч қачон бундай қилолмайди. Бошқа томондан қараганда, фикрдош, маслакдош дўстларининг нафрати, совуқ қарашларини бир умрга енгиб ўтолмайди.
Бахтиқаро йигит бу мушкул вазиятдан чиқишнинг ягона йўлини танлайди: ўз юрагига ўзи ўқ отади. Отасига бир неча совуқ видо сўзларини ёзиб қолдиради-да, бу дунёни тарк этади. Собиқ изқувар бутунлай ёлғизланиб қолади. Унинг айби туфайли ўғли қўйган бу қалтис қадам оғриқли ерини ўртаб юборади.
Шчедрин бизга ана шундай қайғули воқеанинг саҳифаларини бир-бир очиб берди. Буни бутун Россияга сўзлаб бериш учун озмунча уринмади, озмунча тер тўкмади. У асарини мен айтиб берганимдан бошқачароқ тарзда баён этишга мажбур эди. Бу йўлда бор имкониятларини ишга солди. Адиб бутун ҳикоя давомида «изқувар» ва «махфий полиция» сўзларини қўлламайди. Бош қаҳрамоннинг иши ҳақида мавҳум ва сирли гапиради. Бироқ туб моҳиятини англаб етишда рус китобхони, ҳатто чаласавод одам ҳам адашиб кетиши мумкин эмас. Китобхон ҳикоя изқувар тарихидан олинганлигини тезда билиб олади. Отанинг иши сирли жиноятларга боғланганлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Тасаввур қилинг, бу ҳикоя француз тилига ҳеч қандай изоҳларсиз, бошланғич тушунчаларсиз таржима қилинган. Бундай ҳолатда ўнта имконият биттасига қарши курашади – китобхон ҳеч нарсани тушуниб етолмайди.
Жюль Леметр ўзининг « Театр таассуротлари» да Луи Лежандр томонидан француз саҳнаси учун Шекспирнинг «Йўқ жойдан чиққан “Ғавғо» пьесаси хусусида ҳайратланиб ёзишича, аниқ фикрлайдиган кишилар ҳамиша ўзларини Шекспирга мослаб олишлари тўғри ишдир. Мен-ку, Леметрнинг Шекспирга нисбатан айтган фикри, муносабати билан келишолмайман, лекин ишонаманки, шундай ижодкорлар борки, билсангиз, ундайлар кўплаб топилади, уларнинг фикрлари, айни пайтда, китобхонлар қизиқишлари ҳам чет элликларга Леметр тили билан айтганда, «аниқ фикрлайдиган одамлар томонидан қайта кўриб чиқилмаса ва изоҳлаб берилмаса», етиб бориши мушкул.
Шчедрин, шубҳасиз, ана шундай адиблар сирасига киради. Унинг ҳикоялари, сатира ва эртакларини ўқиб, мени ҳаяжонга солганларининг биронтаси француз тилига кўнгилдагидек таржима этилганини кўрмадим, тополмадим. Биронта француз таржимони уни биз каби тушуниб, бутунича юртдошларига етказолса, ўзимни бахтли ҳисоблардим. Негаки, Шчедриннинг бунга ҳаққи бор, арзийди. Чунки у умри давомида бу мамлакатга катта эҳтиром кўзи билан қаради, маълум маънода ўзининг маънавий ватани деб билди. Россияга кириб келган француз адабиёти ва ғоялари адибнинг қобилияти юксалиб, сиёсий қарашларининг ўсишига кучли таъсир кўрсатди. Шчедрин ўз адабий фаолиятини бошлаган кезлар (1847) барча ёш рус зиёлилари Францияга ҳавас қилишарди.
Бу ҳақда адиб ўзининг «Хорижда» номли мақоласида фикрларини тазарру ёки таржимаи ҳол сифатида баён этади: «Бу пайтда мен эндигина мактаб партасини тарк этган, Белинский мақолалари руҳида тарбияланган эдим. Табиийки, ғарбликларга ёндошдим. Фақат (ўша даврда адабиётда ягона нуфузли ҳисобланган) немис фалсафасига кўра ҳолатларни оммабоплаштириш билан шуғулланган кўп сонли хорижликлар сингари Францияга беихтиёр ёпишиб олган тўгаракларга кириб кетмадим. Яъни, Луи Филипп ва Гизоси бор Францияга эмас, балки Сен-Симон, Каабе, Фурье, Луи Блан, айниқса, Жорж Сандли Францияга интилдим. У томонлардан биз томонларга инсониятга бўлган ишонч қуйилиб келди, ул шуълалардан англадикки, «олтин аср» ортда қолиб кетмаган, аксинча, олдимизда… Бир сўз билан айтганда, барча эзгуликлар, орзу-истаклар, меҳр-муҳаббатли туйғулар – ўшал ёқдан кириб келди.
Россияда, айнан Петербургда ҳам биз мавжуд эдик, холос. Ўша давр ибораси билан айтганда, – «яшардик». Бироқ биз руҳан ва маънан Франция билан бирга эдик… Гизо ва Дюшатель ва Тьер – бизга ҳам душмандай (тўғри, Л.В.Дуббельт ундан-да хавфлироқ) эди. Улар одамларнинг ютуқларидан куйиб кетар, омадсизликларидан қувонардилар. Сайлов ислоҳотлари фойдасига хизмат қилувчи тарғиботлар, бу ўринда Гизонинг баландпарвоз нутқлари, феврал зиёфатлари кеча бўлиб ўтгандай хотирамда жонланади».
Салтиков 1826 йилда бой ер эгаси оиласида туғилди, отасининг бир неча минг деҳқонлари бор эди.
Кўп ҳолларда ўғилларга айнан онадан интеллектуал ва маънавий фазилатлар ўтади – машҳур кишиларга ажойиб оналар насиб этган. Бу борада Салтиковнинг қисмати Тургеневнинг қисматига ўхшаш. Иккаласининг онаси ҳам кучли, иродали, айни пайтда, болаларни қаттиққўллик билан тутувчи оналар сирасига кирган. Болаларни азоблаган, улар юрагида уйғонган аламли хотиралар адиблар асарларига сингиб борган. Тургеневнинг онаси қанчалик талабчан, қаттиққўл, ҳатто хаёлпараст, ҳамма унга бўйсунган бўлмасин, у бебаҳо фазилатларга эга бўлган. Бу аёл аниқликни яхши кўрган, оқсуяклик хислатларини сақлаб қолган.
Салтиковнинг онаси эса «бой хотин», амалиётчи, аммо маънан қашшоқ эди. Бойиб боргани сари тежамкорлиги зиқналикка айланиб кетган, бу – оиласи ва деҳқонлари учун оғир ҳаёт яратиб берди. У ҳар қандай қулайлик ва фаровонликни турмуш тарзидан чиқариб ташлади, ҳаётининг мазмуни фақат бойлик йиғиш бўлиб қолди.
Адибнинг болалик ва ўсмирлик йилларида крепостнойлик ҳуқуқи юқори чўққига кўтарилган бўлиб, асарларида бу аянчли тизим хотиралари муҳим ўрин эгаллаганлигига ажабланмаса ҳам бўлади. Тургенев ва бошқа кўплаб ёзувчилар ўз асарларида эзилган деҳқонлар ҳаётини ёрқин бўёқларда кўрсатишган бир даврда Салтиков крепостнойлик ҳуқуқининг олий табақа синфига олиб кирган фожиавий ва таҳқирли таъсирларини кўп ва хўб ёзди. Шу нуқтаи назардан унинг «Жаноб Головлёвлар» асари алоҳида аҳамиятга эга.
Шунингдек, «Ругон – Маккарлар» романи « бир оиланинг табиий ва ижтимоий тарихи» тагсарлавҳаси остида кўз олдимизда уч авлод ер эгаларининг ахлоқий таназзуллари, ҳалокати, меросхўрлик қонуниятлари, носоғлом куч таъсирлари, кўринишларини чизиб беради.
Бу роман хусусида сўз кетганда, мен унинг Золя асарларига ўхшашлик томонлари ва жиҳатларини четлаб ўтолмайман. Золя асарларининг символизми ҳақида кўп айтилди. Унинг ҳар бир асарида нимадир жонсиз, айни чоғда юнон трагедияларидаги каби маълум маънода асарни тўлдирувчи пишиқ образлар, рамзлар учрайди. Буни «Аббат Муре жинояти»даги – боғ, «Жерминал»даги – мина, «Орзу»даги – собор яққол дадилдир. Айниқса, «нимадир» асар қаҳрамонлари билан шу қадар нозик боғланганки, ҳайратга тушасиз. Яъни, ўша «нимадир» олдиндан қаҳрамонларнинг яшаш тарзи, қочиб бўлмас ва тузатилмас ҳолатларини кўрсатиб беради.
Рус адибида ҳам шундай символизм яшайди. Бу – Головлёво; Головлёвлар оиласининг мероси – қўрғон. У асардаги қалтис ва мудҳиш кучга эга. Бу қадимий уй кенг, ҳашаматли, тунд. Унинг қаттиқ-қаттиқ тошлари атрофдаги деҳқонларнинг ғариб кулбаларини эзғилаб ташлайди. Айнан шу қўрғон – крепостнойлик тизими ифодаси.
Головлёвлар оиласидаги ҳар бир аъзони ўз домига тортувчи бу қўрғон тавқи лаънатга учраган. Қулларнинг машаққатли меҳнати эвазига Головлёвлар бойлигига бойлик қўшилиб; ерлари кенгайгандан кенгайиб боради. Бироқ буларнинг ҳаммаси нима учун керак? Бу лаънатланган уйнинг тўрт деворлари ичида бир авлоднинг ортидан иккинчиси аянчли тарзда ҳалокатга йўлиқиб, йўқликка йўл олади.
«Ишларимиз жуда яхши! Головлёво ҳаммамизни еб битиради! Ҳеч ким бундан қочиб қутолмайди!» –Бу бахтсиз оиланинг энг сўнгги насли, авлоди Анниньканинг изтиробли хитоблари. У сон-саноқсиз боболари, амакилари, қариндошларини санай бошлайди. Улар Головлёвони бир-биридан тортиб олишган, шу ерда умрларининг охирги кунларини кечиришган. Кимдир ўз жонига қасд қилиб, кимдир оқ безгакдан, кимдир ақлдан озиб, бу дунёни тарк этишган.
Бу бетакрор роман Салтиков ижодида муҳим ўрин эгаллайди. Унинг бошқа асарларида мансабдорларнинг ахлоқий, урф-одат жиҳатларига катта урғу берилган. Адибнинг ҳаётий тажрибасидан келиб чиқсак, унга руснинг улкан буйруқбозлик, қоғозбозлик машинасидаги энг майда қисм, бўлакларигача жуда таниш.
Шчедрин Царскосельское лицейида таҳсил олди. Бундай ўқув юртлари машҳур шахсларнинг хотираси, номи билан узвий боғланган. Инчунун, улуғ Пушкин номи асрагувчи даҳо саналади. Буни ҳар бир тарбияланувчи қалбида ғурур билан ҳис этиб туради, шоир руҳи ва шеъриятининг баландлиги ҳар қадамда сезилади. Тарбияланувчилар орасида шеър ёзиб кўрмаганлари жуда кам. Салтиковни ҳам бу ҳолат четлаб ўтмади. Лицейни битирган йили у кичик ҳажмдаги лирик тўпламини босмадан чиқарди. Бу шеърлар лицей даврида ёзилган, оддий, ўртача даражада эди. Муҳими, у тез фурсат ичида лирик шеърият қисмати эмаслигини англаб етди. Онасининг талабига кўра ички ишлар вазирлигида кичик амалдор вазифасида ишлаган пайтларида ҳам унинг адабиётга бўлган иштиёқи сўнмади, аксинча, ўзига хос асарлари дунёга келди.
Шчедрин тахаллусини илк бора адиб 1848 йилда чоп этилган «Чалкаш иш» ҳикоясида қўллади ва ундан бир умр айрилмади. Бу тахаллусда улуғ сўз санъаткорининг руҳи сақланиб қолган. Россияда катта шуҳрат қозонган бу ҳикоя кичик амалдорларнинг қайғули тақдирини баён этади. У айни матбуотга темир чеклашлар ўрнатилган пайтда майдонга чиқди.
«Францияда ҳаракатлар бошланиши билан, – деб хотирлайди Салтиков, – бизда ҳам силжишлар кўзга ташланди: рус адабиётидаги хавфли, зарарли деб ҳисобланган жиҳатларни кўриб чиқиш мақсадида махфий қўмита таъсис этилди». Қўмита «Чалкаш иш»нинг муаллифини тезда илғаб олди. Оқибатда, адиб Вяткага сургун қилинди. Бу шаҳар Сибир чегарасида жойлашган. Шу ерда уни адабий муваффақиятлар кутиб турарди. Орадан етти йил ўтиб, –1855 йил Николай вафотидан сўнг Александр II нинг тахтни эгаллаши Шчедринни Петербургга қайтиб келишига имкон яратди.
У ғазабга учраган бўлса-да, Вяткада ҳам кичик амалдор вазифасида ишлади. Узоқ вилоятдаги бу мажбурий хизмат ёқимли бўлмаса-да, ўз изини қолдирди. Адиб барча даҳшатларни очиқ кўз билан, юзма-юз кўрди. Буйруқбозлик ва қоғозбозлик тизимининг шафқатсизлигини юрагидан, бошидан ўтказди.. Булар вилоятларда бутунлай яланғоч, рўй-рост кўриниб турар, энг аянчлиси – Петербургдагилар ҳар қандай қулайлик ва фаровонлик вилоятлар учун шарт эмас деб ҳисоблашар, бу масалага шу тахлит ёндашар эдилар.
Пойтахтга қайтгач, Салтиков қизғин ижодга шўнғиб кетди. «Губерна очерклари» номли асарини нашр эттирди. Бу асар уни биринчи рақамли рус адиблари сафига қўшди.
Шчедриннинг сатирик асарлари орасида «Бир шаҳар тарихи» бетартиб, шовқинли рус империяси қиёфасини яққол очиб беролган асардир. Шубҳасиз, бу асар бугунги ва келгуси авлодларда ҳам қизиқиш уйғотади. Асар қаҳрамонлари китобхонга сатирик илҳом бахш этади, бу илҳом енгилмас кучдир. Бунда адибнинг барча ишоралари тушунарли ва қадрлидир.
Унинг бошқа асарларига нисбатан бундай деб бўлмайди. Салтиковнинг деярли ҳар бир сатрига шунча йиллар ўтиб ҳам ҳатто Россияда изоҳ талаб этилади. Шу боисдан унинг машҳурлиги азият чекмоқда. Образлардаги ўзгарувчан бошқарув сатирик адибнинг фикрларига санчилиб туради.
Бироқ унинг номи ҳаммавақт Россия билган нафақат улуғ памфлетчи, балки фуқаро сифатида ҳам яшаб қолади. Бу шундай фуқароки, қалами билан, сўзи билан эркин фикрни бўғувчи ситамгарларга шафқат қилмаган, тинчлик бермаган.
Шчедрин ўз даврини ҳис этиб, унга ҳамиша ҳамқадам умр кечирди. Герцен топиб айтганидек: «Кимки ўз даври руҳи билан нафас олган бўлса, билингки, у барча даврлар учун ҳам яшаган».
1889 йил, июн, Париж
Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 1-сон.