Шиничи Юки. Хазонрезги боғ (ҳикоя)

1

Боғ билан овуна бошлаганида Каяманинг ёши олтмишга кирганди. Ўшандан бери орадан ўн йил вақт ўтди… Олтмишга тўлганида, ўн йил умр кўраман деб у сира ўйламаганди, нари борса яна икки, уч йил яшарман деганди, энди, мана, кўриб турганингиздек, ўзига эрмак ҳам топиб олди. Ҳозир ёши етмишда… Боғ, у умид қилган ўша тушунтириш мушкул бўлган қувончни ҳадя этиши учун камида яна ўн йил вақт керак бўлишини у бошиданоқ билганди ва шунга қарамай, Каяма бор пулини икки юз цубо* ер сотиб олишга сарфлаганди. Ишдан бўшаши олдидан қўлига теккан пулнинг ҳам таги кўриниб қолганди.
Бурунги Мусасино текислиги қиёфаси ҳануз сақланиб қолган ўша Тамагава сойи яқинидаги ўрмон четидан уй қурди-да, ўзини бутунлай табиат ҳукмига топширди-қўйди – ёзда дарахтлар салқинидан баҳраманд бўлиб, кузда эса – барглар уюми ичида яшай бошлади. Боғдан қушлар аримасди, ёзда эса илонлар пайдо бўларди. Агар боғбон бўлиш иштиёқи туғилмаганда, шамол ҳамон дарахтлардан узилиб тушаётган баргларни тўзитиб, учириб, уларга ўз ҳукмини ўтказиб юраверган бўларди, бу — энди унинг иккала фарзанди бир вақт-нинг ўзида оила қуриб, уйни ташлаб кетишганидан сўнг бир йил ўтгандаги гап.
Хотини вафот этганида Каяма эллик икки ёшда эди. Иккала фарзанди – қизи ва ўғли оила қуриш учун унинг розилигини сўрашди. Ўшандан бери улар Каяманинг уйига қадам ранжида қилишмади. Баъзан Каямани ваҳима босарди: наҳотки у қари вайсақига айланиб қолаётган бўлса? Балки бу узоқ ва машаққатли умр давомида турмуш йўлдошисиз қалбингни тилка-пора қилувчи ўша ғалатилик тўпланиб бораркан-да? – дея ўзини-ўзи юпатмоқчи бўларди. Аммо бундан фақат тушкунликка тушгани қоларди, холос. Ўғли уйланиш ниятида эканини айтганида, Каяма қилар ишни қилиб қўйиб, энди мендан розилик сўраганига ўлайми, деб хавотирланган эди, йўқ, ўғли билан гаплашиб олганидан сўнг дарҳол розилигини берди. Қизида ҳам деярли шундай бўлганди. Тўғрироғи, у кўнгилчанлик қилганди.
Фарзандлари ўз оилалари билан барча қулайликларга эга замонавий уйда яшашарди ва отасининг алмисоқдан қолган эски уйига келишга унчалик ҳушлари йўқ эди. Бу даврнинг урф-одатлари Каямани қанчалик изтиробга солса, ўз ёлғизлиги, ҳаммадан ажралиб бир четда қолиб кетганини ҳис этиш шунчалик кучайиб бораверади. Иккита фарзанди тўртта бўлганини ўйлаб суюнса, энди бир йўла тўртталасидан ҳам жудо бўлгандек туюлмоқда эди… Каямага иккинчи бор уйланишдан кўра, фарзандлари келажагини таъминлаш муҳимроқ эди. Балки ўзини ёлғиз ҳис этгани учун ҳам уни ўз ёнига чорлайдиган дўсти ана шу боғ бўлишини хоҳлагандир.
“…Боғ яратдингми, энди, бунёд этганларингни сўнгги нигоҳинг билан вужудингга сингдириб, бу дунёни тарк этишинг қолади, холос. У дунёга олиб кетишинг мумкин бўлган ягона илинж – бу сўнгги лаҳзаларингда кўз олдингда гавдаланганлари бўлади, холос,”— бот-бот шивирларди Каяма ўзини нимагадир ишонтирмоқчи бўлиб, ҳолбуки, у дунё ўзи қанақа, деган саволга дурустроқ жавоб бўлмаса-да, рости у бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб ҳам кўрмаганди. Фақат мужмалгина қилиб, нариги дунё деб қўя қоларди. Каяма икки-уч йиллик умрим қолган бўлса керак дея бошида боғ яратишга ҳали астойдил ёки катта бир орзудек қарамай келарди.

2

Куз эшик қоқиши билан Каяманикига боғбон ва тош сотувчи кириб келди. Боғбоннинг исми Судо бўлиб, уни Каяманинг ўзи чақиртирганди, сотувчи эса кутилмаганда ўзи келиб қолди. У чоққина юк машинасида Окутитибу тоғидан тош таширди. Тош керак бўлган уй ёки боғ эгаларини ўзи қидириб топарди-да, юк машинасидаги тошни ўн икки ёки ўн уч минг иенга пулларди. Машинани одатда унинг йигирма ёшли ўғли ҳайдарди, савдогар эса унинг ёнида ўтирарди. Баъзан унга буюртмани олдиндан беришарди, лекин кўпроқ саккизта, тўққизта йирик тош юкланган машинасида яқинда қурилган уйларни унинг ўзи қидириб топарди.
Савдогар Каяманинг уйига худди шундай тасодиф билан келиб қолганди. Боғнинг кўлами унинг диққатини ўзига тортганди. “Аввал тошларимни бир кўрсангиз-чи”,— деди у. Сотуви юзи қизил, кўзлари қисиқ, тишлари эса оппоқ, бурнининг тагида қўнғиз мўйлови бор киши эди. Бу сифатларсиз унинг ташқи кўриниши эътиборни тортмаса-да, лекин ҳалол ва очиқ кўнгил эканини юзи шундоқ айтиб турарди. “Майли, кўрсам кўра қолай”, — кўнглидан кечирди Каяма, натижада эса бир эмас, бир неча юк машина тош сотиб олди. Унга содда, очиқ кўнгил савдогардан кўра кўпроқ унинг камтарин, бунинг устига меҳнатсевар ўғли ҳам ёқиб қолганди.
Каяма баъзан тош сотиб олишдан бош тортар ё бўлмаса молнинг баҳосини туширишни сўрарди. “Устоз, жа савдолашишнинг ҳадисини олибсиз-ку”, – жиддий қиёфада тегажоғлик билан дерди савдогар ва молини Каяма айтган нархга бериб юборарди. Эҳтимол, у Каяманинг бир вақтлар мактабда ўқитувчи бўлганини боғбондан эшитган бўлса керак.
– Бундай катта боғ учун, — савдогар иккала қўлини икки ёққа кенг ёзди, – ўн мошин тош керак бўлишини устознинг ўзлари жуда яхши билса керак. Йўлкаларга камида юзта тош плита зарур бўлади. Кейинроқ, аминманки, сизга яна йирик тош ҳам керак бўлиб қолади.
– Лекин менга боғ учун 50 цубо ер ажратилган… Сиз айтаётган ўша йирик тошнинг катталиги қандай ўзи?
Савдогар яна иккала қўлини икки тарафга ёйиб:
– Мана бундай ва бундан икки баравар катта ва йўғон. Ҳаво рангида. Бир донаси бир мошинга жой бўлади, – деди.
“Қизиқ, боғбон Судо буни қаерга жойларкин?” – деб ўйлади Каяма ва шу заҳотиёқ хаёлига бир фикр келди, эҳтимол, бу мовий тош бутун бошли боғ манзарасини мукаммал ҳолга етказар.
– Пулим камроқ эди. Шу тош билан якунлаб қўя қолсак дегандим. Тош ростдакам мовийми ўзи?
– Мовий бўлганда қандоқ! Мен уни яқинда топдим, ҳали ҳеч ким кўрмаган, ўғлимдан бошқа. Бунақасини умрингда икки ё уч марта учратишинг мумкин. Бир чақага қиммат тошни пуллаяпти, иши ҳам хўп сердаромад экан-да, деб ўйласангиз керак, чамамда. Баъзан шундай ҳам бўладики, уч кун тилинг осилиб ишлайсан-у, бор-йўғи биттагина шартнома имзолайсан, у ҳам харажатингни қоплайдими-йўқми, худо билади. Тошни Токиога етказиш учун яна уч кун сарфлайсан; бир кунинг тоғдан бир-бирига мос тушадиган тошни топишга кетса, иккинчи кунинг уни мошинга юклайсан, учинчи кун эса уни ташиш керак бўлади. Ёқилғи сотиб олиш керак, мошиннинг бузилиб қолиши бор, агар ёрдамчинг уқувли бўлмаса, топганингдан ҳам айрилиш ҳеч гапмас. Шундай пайтлар бўладики, уйга икки қўлингни бурнингга тиқиб қайтасан, устига-устак яна қарз ҳам бўласан, иш ҳақи тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Яна ишчиларга қуйиб беришинг ҳам керак. Ахир, улар ёш йигитлар бўлса. Тоғу тошлар менинг жон-дилим. Бу мовий ранглиси мени нимаси биландир ўзига мафтун этган. Ўйлайманки, сизнинг боғингизга у узукка кўз қўйгандек ярашиб тушади. Агар пули бўлганида ҳам барибир уни менга сотарди, деб ўйлайсизми? — Ҳаяжондан ва усиз ҳам савдогарнинг қип-қизил юзи худди тонгги шафақдек ловуллаб ёниб борарди.
Каяма бирдан юрагининг тез-тез ураётганини ҳис этди.
“…Мовий тошни у дунёга олиб кетаманми? Нима уни бошимга ёстиқ қилармидим?..”
Тахминан бир ҳафтача ўтгач, савдогар юк машинасида ўша мовий рангли тошни олиб келди. Пешона терини арта туриб, ҳаяжонланиб деди:
– Роппа-роса беш юз каммэ** бўлади!
Бу харсангни мошиндан тушириб, энди бу ёғига судраб олиб кириш боғбоннинг зиммасидаги иш эди. Беш киши дарҳол пишанг билан қуролланиб, секин-аста тошни силжита-силжита, боғнинг ичкарисига олиб киришди. Юмшоқ ер ҳам тошнинг оғирлигидан инграб юборгудек бўлди. Савдогар ҳам ечиниб, ўғли билан бирга ишчилар ёнида ивирсир эди.
– Эҳтиёт бўлинглар, тирналмасин, – баланд овозда огоҳлантирди Каяма. Бу огоҳлантиришдан кўра кўпроқ аврашга ўхшаб кетарди. Одатда Каяма деярли пичирлаб сўзларди, ҳозир эса овозининг кутилмаганда бундай кучли чиққанидан ўзи ҳам ҳайрон қолди. “Тамом, энди бу тош, менимча, ўзимга қабр тоши бўлади,”—дилидан ўтказди у.
– Яхши тош. Ажойиб тош.—Каяма савдогарнинг елкасидан уриб қўйди, бироқ қараса, бу савдогар эмас, унинг ўғли экан. Ўғли унга жавобан мулойимгина жилмайди-да, елка қисиб қўя қолди. Савдогар шундоқ ҳам қисилган кўзларини бадтар қисиб деди:
– Бундай тошда кундузи ётиб ухласа ҳам бўлади.
“Балки, – дея маъқуллагандек самимийлик билан бошини силкитди Каяма. – Кундузи ухлаш яхши, лекин, ундан ҳам яхшиси болаларни бу ерга чақириб, тош устида ўтириб кўк чой ичишга нима етсин! – Кутилмаганда унинг қалби қувончга тўлиб кетди, лекин шу лаҳзадаёқ унинг ўрнини дилгирлик эгаллади:– Бунча гўл бўлмасам…”
Харсангни боғнинг ўртасига олиб борганларида қош қорайиб қолганди. “Тошга сув керакка ўхшайди,”— ўйлади Каяма ва ёғоч пақирни ёшгина ишчига берди-да, қудуқдан бир неча пақир сув олиб келишни буюрди. Сув сепилгандан кейин силлиқ тош бирдан оч-кўк тусга кириб, яшнаб кетди… Каяманинг кўз олдида худди улкан денгиз ястаниб ётгандек бўлди. Савдогарнинг кўзлари бир оз намланди, у юзини Каямага яқинлаштирди-да:
–Қулоқ солинг-а. Водийдаги тоғ сойининг жилдирашини эшитаяпсизми?
– Эшитаяпман, шекилли. Менинг вафотимдан сўнг ҳам бу овоз янада баландроқ жарангласа қанийди. – Каяма нам тортган тошнинг сиртини силади. Савдогарнинг ёноқларидан ёш думалади.
– Тошни кўргим келиб қолса, яна келаман. Бир оз муддатга бўлса-да, орқа эшикдан киришга рухсат берарсиз, ахир?
– Ҳа, албатта, бизга йўқ демассиз, ҳарқалай… – журъатсизгина қўшиб қўйди савдогарнинг ўғли.

3

Икки-уч кун ўтгач, Судо хуш хабар олиб келди:
– Аобадайда улкан боғ сотиляпти. Бунга бир нечта ҳаваскор боғбон талабгор экан, шунинг учун олмоқчи бўлсангиз, бу масалани икки-уч кун ичида ҳал қилиш керак. Деярли сувтекин, бунинг устига, менимча у ерда учта юк мошинга ортса бўладиган қадимдан қолган ажойиб асл тошлар бор, ҳозир бунақасини олиб келишмаяпти, қидирсангиз ҳам ҳеч ердан тополмайсиз. Бу тошлар Курамадан, Косюдан, Тикубадан келтирилган. Очиғини айтсам, бир жойдан териб келинган тошларнинг қизиғи ҳам йўқ. Бу тошларни Сизнинг тошингиз ёнига қўйса борми, зўр бўларди-да. Бунга нима дейсиз?
Каяма боғ эгасини, боғнинг сотилиш сабабини обдон сўраб-суриштирди.
– Бу данғиллама уй қандайдир банк хўжайининики экан. Ҳаво ҳужуми вақтида ёниб кетибди. Ўн йил ўтибдики, уй қайта тикланмабди, шунинг учун уйнинг эгаси бева аёл боғни сотмоқчимиш. У ерда беш, йўғ-е, етти минг цубо ер бор. Аёл ерни тошларсиз, дарахтларсиз алоҳида сотмоқчи. У ерда сизга бемалол етиб ортадиган, йўлкага ётқизилган бир талай тош плиталар бор. Кавласа, бундан ҳам кўпроқ чиқиши мумкин. Уй ёниб кул бўлган. Лекин тошга бало ҳам урмаган, хуллас, бу ўша сиз излаган нарса.
– Яхши, эртага мен билан бирга бора оласизми?
– Албатта. Ҳозироқ у ерга бориб, огоҳлантириб қўяман.
Фарзандлари Каямадан оила қуришлари учун розилик сўраганларида тезда рози бўлиб қўя қолганидек, боғбон Судога ҳам худди шундай тезгина кўниб қўя қолгани ҳақида ўйлади. Ўғли, қизи уйни ташлаб кетишди, лекин энди бу ердан Курамадан, Косюдан, Тикубадан ва Окутитибадан оқиб келаётган тоғ сойининг кўпгина қадимги тошлари жой олганди… Каяма, уни чулғаб бораётган ўзига нотаниш бир ҳаяжонни ҳис этди ва бу ҳаяжон шу ондаёқ уни совуқ бўшлиқ қаърига тортиб кетаётгандек туюлди… Боғбончилик билан шуғуллангандан бери энди биринчи маротаба унинг юрагига қора шарпанинг дахл қилиши эди.

4

Каяманинг уйидан Аобадайгача – ўттиз дақиқалик йўл. Салқин кузнинг этни жунжиктирувчи эрта тонгида Каяма уйқудан туриб, унинг кундалик хурсандчилиги ва юпанчига айланиб қолган мовий тошга сув сепарди. Тош бамисоли одамнинг жуссадор гавдасига ўхшарди. Чўзилиб ётган одам гавдасига. Каяма дарахтдан томган ёмғир томчиларини шимиб олаётган тошнинг янада мовийроқ тусга кирганини кўриб, юраги сирқиради. Ерпарчин этилган танадан сойнинг жилдирашимас, балки илоҳий садо эшитилаётгандек туюларди унга.
“… Тошни ўзим билан у дунёга олиб кетсаммикан? Унга тинчгина бошимни қўйиб ётардим…” – Аввал ҳам унинг хаёлидан кечган бу сўзлар яна қайта жонланди. Шу пайт орқа эшикдан Судо кириб келди.
– Бу янги тош, албатта, яхши, лекин, тошнинг яна бир гўзаллиги шундаки, у қанчадан-қанча йилларни писанд қилмай, уни ортда қолдириб бизгача етиб келганида. Шундай қилиб, сизни кузатиб қўйишга тайёрман.
Каяма нонушта қилмай, у билан бирга чиқди.
Улар Аобадай боғига киришлари билан Каяма у ерни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолди. Бу ерда беш эмас, ўн минг цуболик ер бор эди. Ясама тепалик ортида баҳайбат дарахтлар ўсиб ётарди. Тош ва дарахтлар, чамаси, ҳатто харажатга ҳам қарамай, ҳар томондан ташиб келтирилганди… Каяма ҳалиям ўша қадимги Япониянинг руҳи кезиб юрган бу боғни узоқ айланди ва бу жойда яшаганларнинг бари урушгача ҳеч нимага зориқмай кун кечирган эгасини эслатиб турарди. Шу билан бирга, боғда юракни зирқиратувчи нимадир бор эди – Каяма гап нимада эканини чуқур англаб турарди. Бу ўн минг цубо ер ҳали-ҳануз ўша уруш ёнғини билан курашиб, куйиб ёнмоқда эди гўё.
– Қурбонлар бўлганмиди? – Каяма Судодан сўради.
– Миш-мишларга қараганда, ёнғин пайти уйда фақат беш нафар аёл бўлган экан, биронтаси ҳам омон қолишмаган дейишади.
Каяма индамай олға юриб кетди. Ҳатто кўз югуртириб ҳам улгуриб бўлмайдиган, улкан боғнинг у ер-бу ерида дарахтлар ва тошларни ортишга шай турган юк машиналари турарди, ишчилар ва боғбонлар эса гўё серташвиш чумолилар каби бетиним ишлашарди.
Судо Каямани орқа эшикка олиб борди-да, тошларни унга кўрсатди. Буни кўриб Каяманинг кўзлари чақнаб кетди, дам-бадам ҳаяжонли хўрсиниб қўярди. Сўнг Судо Каямани пастак ғаровзор ёқалаб чўзилган соядор сўқмоқдан бошлаб кетди.
Каяманинг кўзи эски чойхонага тушди. Кўҳна шийпонча азбаройи шарти кетиб, парти қолганидан йиқилай деб турганди. Учта ёш ишчи баракни қандай бузса, уни ҳам худди шу тахлит жон-жаҳдлари билан бузар эдилар. Уларга қолса, барини бир зумда йўқ қилиб ташлашса. Каяма ишчиларнинг жонланиб кетган юзларига боқдию юраги яна бир тутам бўлди. “ Бу уйга юз йилдан кўп бўлгандир-ов”. – хаёлидан ўтказди у.
Улар чойхонадан пастга қараб кетган энсиз сўқмоқдан боришаётганда, боғбон дабдурустдан Каямага ўгирилди-да, ҳаяжонини босолмай қичқириб: “Мана, шу ер!” дея бир гала ишчиларни кўрсатди. Унинг овозини эшитиб, ишчилар бир тўхтаб олдилар-да, кейин яна ишларини бамайлихотир давом эттиравердилар. Чирик барглар қоришиб кетган тупроқ остидан қора тош тўшамалар чиқиб келарди. Қазиб олинган элликтача тош тўшама уюми худди осмондан ёғилаётган қуёш нуридан ҳурккандек бир четда писибгина ётарди.
– Эшитяпсизми? – сўради Каяма Судодан.
– Нимани?
– Эшитмаётган бўлсангиз, майли…
“Ёнғинда ҳалок бўлган аёллар, ҳар куни бўлмаса-да, барибир, тез-тез мана шу тош тўшамаларни босиб ўтганлар!” – деб ўйлади Каяма. У олисдан бўлса-да, уларнинг оёқ товушларини ҳозир ҳам эшитиб турганини Судога қандай айтсин… Боғбоннинг унинг устидан кулгани қолади. Бу тўшамалар боққа терилса-чи, бу овозларни ўшанда ҳам эшита олармикан?..”
Каяма қўлларини чалиштириб, боғни битта-битта одимлаб айлана бошлади ва қалбида яна ўша қора сояни ҳис этди.

5

Кўп ўтмай Судо яна хушхабар олиб келди.
– Сал нарида яна битта сотиладиган боғ бор. Бунга нима дейсиз?
Каяма бошида рад этмоқчи бўлди:
– Мен ҳовлимнинг барини боққа айлантирмоқчи эмасман. Мен ўрмончани ва ундаги дарахтларни сақлаб қолиб, манзарали тошлар тердирмоқчиман, холос.
– Биламан, биламан. Тошлар билан уйғун бўлиши учун яна бош-қа дарахтлар ҳам экилса яхши бўларди. Азалиями***, сершох қарағайми, яна шунга ўхшашларни… Сув бўйига олхўри эксангиз борми, яйраб ўсади…
– Бу ерда буларнинг баридан борми?
– Бўлмасам-чи.
Маълум бўлишича, Судо бу дарахтлар тилини яхши тушунаркан, чунки урушнинг бошида бу ерга уларни ўзи ташиб келтирганмиш. Дарахтларнинг бари ажойиб, дерди у. Унинг гапларига қараганда у ерда яна бешта улкан, қучоғинг тўладиган манзарали дарахтлар, анорлар бор эмиш, хуллас, ҳаммаси зўр дейишади.
Уйининг ёнгинасида шундай боғ бор экани Каяманинг хаёлига ҳам келмаганди.
– Боғни сотиш уларга нима учун керак бўлдийкин?
– Ер-мулк эгаси яқинда оламдан ўтган, бевасига эса дарахтларнинг кераги йўқ, у, менга майсазор ва ҳовузча бўлса бўлди, деяпти.
… Демак, менинг боғимда ўша, бурунги тош тўшамалар ва дарахтлар жўровоз қўшиқ айтар, экан-да. Ўлганларга нимаики азиз бўлган бўлса, барини шу ердан – менинг боғимдан топишади ва менинг овунчоғимга айланишади…” Каяма енгил шамол айлантириб-айлантириб ерга тушираётган баргларнинг шитирлашига қулоқ тутди. Тошлар ердаги барглар билан ўйнашгандек бўлиб, қандайдир сокин бир куйни яратишарди. Бирдан куйнинг ичидан унга: “Хазонрезги боғи” деган овоз эшитилди. Куннинг азбаройи тиниқлиги ва очиқлигидан овоз худди ғойибдан келаётганга ўхшарди.
“Хазонрезги боғи… Номи ёмон эмас”, – хаёлидан ўтказди Каяма ва Судога деди:
– Яхши. Бу боғни сотиб олганим бўлсин.
Судо вафот этганида Каяманинг ёши олтмишда эди. Боғбон вафотидан етти кун ўтгач, у Судонинг уйи орқасидан кичкина боғчага кирди. У ерда қари оқ олхўри ўсарди, Каяма унинг нархини тушириб бериш учун бошқа боғбон – Судонинг оғайнисидан илтимос қилди ва бу дарахтни уйига элтиб беришини сўради.
“…Мана, ўлганлар учун азиз бўлган яна бир нарса қўшилди…” Каяма олхўрини қандай олиб келишларини томоша қилатуриб, Судонинг унга нариги боғдан олиб келган дарахтини эслади.
…Катта юк аравасига ортилган дарахт илдизлари оғир ва бесўнақай эди. Уларни посангилаш учун аравача олдига тош осиб қўйишганди. Аравачани учта ёш йигит судраб борарди, кичик Судо эса байрам тантаналаридагидек дабдаба билан олдинда юриб, аста-секин тепаликка кўтариларди. Унинг кўзлари порлаб турарди. Аравача Каяманинг уйига кириб бориши билан бирдан эгилиб қолди.
“Эҳтиёт бўлинглар!”—қичқирди кимдир, лекин Судо аллақачон араванинг олдига ўтиб олганди. Ҳеч нарса бўлмагандай у: “Аввал тошни туширинглар,” – дея ёш ишчиларга буйруқ берди.” Мана бу “эҳтиёт бўлинглар” деб жар солишу беҳуда шовқин-сурондан унинг юзи норози тус олганди.
Тошлари туширилиши билан уларнинг оғирлигидан қутулган араванинг олд томони бирдан тепага қараб сакраб кетиб, устидаги дарахтлар кишнаётган отдек тиккайиб қолди. Судонинг эпчил ва чаққон ҳаракатларидан Каяма ҳайратда эди.
“Мақтанмоқчи эмасман-у, лекин шу пайтгача биронта ерим жароҳатланмаган. Балки, бўйимнинг пастлигидан шундайдир. Масалан, ҳаваскор-спортчиларни олинг, доим бир балога гирифтор бўлиб юришади. Менимча, фақат машқ қилиш билан иш битмайди.”
Дард шундай одамнинг ҳам бошига етибди-да! Унинг бошига дард эмас, сакэ етди. Каяманинг хаёлидан анави тош билан савдо қилувчи қизил юзли одам ҳам ичкиликка муккасидан кетган эди, деган фикр ўтди. Судонинг вафотидан сўнг савдогар иккови апоқ-чапоқ бўлиб қолганди. “Тошни кўргим келиб қолса, яна келаман. Бир зумга бўлса-да, орқа эшикдан кириб, уни кўришимга рухсат берарсиз?”—деб сўраган киши ҳалигача қорасини кўрсатгани йўқ.

6

Орадан беш йил ўтди. Мовий тош боққа бинойидек ўрнашиб кетди. “Агар унга қулоқ тутсангиз, сойнинг шилдирашини эшитасиз”, – дерди савдогар. Қулоғингизга нимадир чалинса, билингки, бу ўша, ўз ватанининг сойини қўмсаган тошнинг нидоси бўлади.
Бироқ, бу мовий тошга ўз ватанини кўриш бошқа насиб этмади. Ёмғирли, изғиринли кунларни унутмаган тошнинг сирти осмоннинг мовий рангини ҳам ўзига сингдириб олганди, унинг сон-саноқсиз ажинларида эса сабза рангли йўсин ўсарди. Сершох дарахт тагидаги ҳурпайган нозик новдалар тошни мулойимлик билан оғушларига олиб турардилар. Ёмғирдан сўнг гавдага ўхшаш тошнинг кўкрагидаги чуқурчага сув тўпланиб қоларди. Қаерлардандир баъзан болалари билан гала-гала бўлиб учиб келган чаққон чумчуқлар бўйинларини чўзиб, шу сувдан ичар, чанқоқларини қондиришар ва қанот қоқиб питирлашарди. Агар сув қуриб қолгудек бўлса, Каяманинг ўзи қудуқдан сув олиб уни тўлдириб қўйишни канда қилмасди. Чуқурчага барглар тўлиб қолса, Каяма уни ҳам олиб ташларди. Жониворга яқинлик ҳиссидан қариянинг юраги илирди. Табиат қандай яратган бўлса, барчаси ўша зайлда яшашда давом этарди. Бу қонунларнинг зуғумидан Каяма ҳам борган сари сўлиб борарди. У қаддини аввалгидай ростлолмай қолди, елкалари, бели тинмай оғрирди, кўзлари нурсизланиб, унга ажал кўланкаси жойлашиб олганди.
Аъзои-бадани тинимсиз қақшарди, бу, айниқса, кун бўйи уйидан чиқмай, диққинафас қолиб кетганида, ҳаракатсизлик, уни бутунлай домига олганида кўпроқ рўй берарди. Шунда киртайган кўзларининг олдини туман босиб, жимирлаб кетарди. Бундай пайтларда боғнинг оҳанрабоси уни ўзига тортгани-тортган эди.
У, оддий кундалик ташвишлардан қутулгач, анча йиллардан бери тўплаб келаётган эски китобларини варақлашга тушарди. Баъзан ҳуснихат билан овунарди. Қора тушга ботириб олган чўткани оппоқ қоғоз устига олиб келганида, завқдан юраги тўлиқиб кетарди. Бироқ, қанчалик истамасин, бу кунларни осойишта ўтказган кунларим деб айтолмасди, негаки, ёлғизлик, ажал кўланкаси ҳатто у ёзган иероглифларида ҳам ўзини намоён этиб турарди.
Сўнгги пайтларда Каяма тошдан чиқаётган овозни тез-тез эшитадиган бўлиб қолганди. У ёнидан ўтаётган ҳар бир тош тўшама унга оҳиста акс садо бераётгандек туюларди.
“Балки бу ёниб кетган ўша бешта аёлнинг қадам товушларидир?” –Каяма шундай ўйладию бирдан юраги шув этиб кетди. Йўқ, адашмаяпти, бу уларнинг одимлари.

7

Бир куни кечаси ёш бир аёл тунги кўйлакда тош тўшамалардан юриб Каяманинг хонаси олдига келди.
– Ким у? – сўради Каяма. Жавоб ўрнига аёл орқасини ўгириб олди. У бели таранг тортилмаган кимонода эди. Аёл оҳиста, сирғалгандек кўздан ғойиб бўла бошлади. Унинг Каямани чақиришга келгани кундек равшан эди. Аёлни йўқотишдан қўрққан Каяма оёқяланг унинг орқасидан тезда боққа югурди.
У аёл босиб ўтган тўшамалар устидан бора туриб, йўл-йўлакай, наҳотки, арвоҳларда ҳам оёқ бўлса, дея пичирлади ўзича, ҳарҳолда, буларнинг бари туш бўлмаса кераг-ов. Тўшамалардан оёғига ўтган иссиқ уни ҳайрон қолдирди. Балки бу иссиқ аёлнинг оёқларидан чиққандир?..
Каяманинг боғида Аобадий боғидан келтирилган саксонтача тош тўшама ёйиқ елпиғич шаклида учта йўлкага ётқизилганди. Каяма оқ кўланкани кўздан қочириб қўйди. Ўзига келиб қараганди, унинг мовий тош олдида турганини кўрди. Унга томон бир одим босди ва ҳовуздан балиқни чақиргандек, кафтини кафтига урди, шунда тош қаъридан унга акс садо эшитилди ва кетма-кет яна бошқа тошлар ҳам овоз бера бошлашди.
Каяма Судонинг ҳалок бўлган аёллар бешта эди деган гапини эслади. “Балки бу ўша бештадан биридир? – ҳаяжонланиб ўйлади ва кўз олдида қулаб тушаётган омборга ўхшаш яна ўша чойхона намоён бўлди. – Ўша уйга балки бешта аёлдан бири боргандир?.. Айнан ўша, бугун пайдо бўлгани?.”
– Эшитяпсизми?
– Нимани?
– Агар эшитмаётган бўлсангиз, майли… — Каяма Судо билан бўлган суҳбатни эслади. Бугун ўлганига ўн йилдан ошган хотини унинг орқасидан келгани эҳтимолдан йироқ. Йўқ, бу аёлнинг қомати бутунлай бошқача эди – бу ёш қиз бўлса керак. Шубҳа-гумонлар Каямани тинч қўймаётганди.
Каяма етмишга кирди. Энди куннинг ярмини айвонда шезлонгга**** ётиб, баъзан мудраш билан паришонликда ўтказарди. У тез-тез қани энди бу дунёни мана шундай тинч ва осойишта, азобсиз тарк этсам дея хаёл қиларди. 200 цубо ерни эгаллаб ётган боғ ўша-ўша ўзининг ҳурпайган кўкаламзори билан унинг ҳамон кўнглини кўтариб келаётган бўлса-да, лекин юрагининг туб-тубида қандайдир хавотир ётарди. Энди бу туйғу уни тарк этмаслигини Каяма яхши тушунарди.
Каяма рўзғор тўрвасини олиб, тиқилиб кетган автомобиллари билан қулоқни қоматга келтирувчи шовқин-суронли кўчага чиқди-да, бир-бир босиб аста дўконга кирди. Харидорлар орасидан ўзи тенги эркакларга дуч келиб, тескари қаради. Бу кексалар бунчаям бечора бўлиб кўринмаса, дея хаёлидан ўтказди. Уларга на ҳашаматли мебел, на ноёб, қимматбаҳо жиҳоз керак. Деярли бўм-бўш рўзғор тўрвасини кўтариб олган етмиш ёшли қария — бундай мутаносиблик сенда на фақат ачиниш ҳиссини уйғотади, бу ҳатто кулгингни ҳам қистатади.
Унинг иштаҳаси яхши эмасди. Агар, боғ икки баравар ўсиб, катталашган бўлса, Каяманинг ўзи икки бараварга нозиклашиб кетганди. Сумкага ҳар доимгидек рўйхати унча узун бўлмаган ўша-ўша бир хил озиқ-овқатлар; нон, ёғ, тухум, мевалар ва кўкат солинарди. У шуларнинг ўзи унга кифоя деб ўйларди ёки бўлмаса ташвишлардан қочиб, наридан-бери овқатланарди.
Асл япон ошхонаси таомларидан у камдан-кам ҳолларда тановул қиларди, нафсини тийиб, озига қаноатланиб қўя қоларди, чунки оз еди нимаю, кўп еди нима, унга бунинг аҳамияти бўлмай қолганди. Кунига уч маҳал бир хил овқат ерди, кейин икки маҳалга ўтди, охирги пайтларда бир маҳал дастурхонга ўтирадиган бўлди. У кўпроқ сув ичарди, сув пиццанинг ўрнини босарди. Каяма дўконга ҳам ҳар куни чиқмасди, шу боис кўпроқ моғор ҳиди анқий бошлаган нондан ерди.
У қуёш ботиши билан ухлагани ётарди. Ухлаш олдидан эса кечки газета ва китобларни варақларди. Уйқу элитиши билан китобни ёпарди-да, қани энди шу тахлит тинчгина оёқ-қўлингни чўзиб, у дунёга равона бўлсанг, дея орзу қиларди. У кўпинча қоронғи хонада кўзларини чақчайтириб тонг отишини кутиб ётарди: нафас олишга қийналганидан аъзои-баданини тер босиб, кўз юмушга ҳам қўрқиб қолганди.
Бу йил ҳам оппоқ кимонодаги ўша аёл боғ йўлкасидаги тош тўшамалардан юриб, яна унинг ёнига кела бошлади. У бу ерга тез-тез келадиган бўлиб қолганди, аёл ҳар келганида Каяма унинг кетидан боғ томонга ошиқарди. Каяма юрагидаги товуш аёлни чақираётганини эшитиб, юрагини ҳовучлаб, унинг изидан борарди, бирон нимадан уялмагунча бундай қатъиятсизликдан ўзини тўхтатолмасди… Оппоқ либосли бу аёл доим ғойиб бўлиб қоларди. Ҳар сафар бир жойда – ўша мовий рангли тош ортида кўздан йўқоларди …
Каяманинг юзида томчи думалади. Йўқ, бу кўзёши эмасди. Унинг кўзида унар-унмасга оқавермайдиган намни сиқиб чиқарадиган нотаниш бир оғриқ турганди. Худди сакэ***** енгган Судо каби тош савдогари вафот этибди-да, деган ўй кечди унинг дилидан.
“…Агар ҳаёт бўлсанг, нега келмайсан? Сени, ўғлингни шундай соғиндимки…”
Кумуш рангли балиқ қоронғида ҳовуз юзини бир шапиллатди-да, ўзи кўтарган тўлқин ичига кириб ғойиб бўлди. Тўлқин кенгайиб бораверди. У ерда, чуқурликда балиқлар эркин, озод сузар эдилар. Оппоқ бўлиб кўринаётган аёлнинг ҳаяжонга солувчи эҳтиросини ўзидан нари қилолмаган Каяманинг бундан мажоли қуриб, серрайиб қотиб қолганди. У ўзини тош устида юз йилдан бери худди мана шундай қимирламай ўтиргандай ҳис этмоқда эди…

8

Бир вақт қараса, Каяманинг ўғли рўпарасида турибди..
– Тош ташувчининг ўғли-чи, у қани?
– Нима дедингиз?
– Йўқ, ҳеч нима, ўзим шунчаки… Қачон келдинг?
– Анча бўлди. Ота, нима, тобингиз йўқми?
– Шунчалик ташвишланар экансан, ҳар замонда бир келиб, ҳолимдан хабар олсанг бўларди. Бу ерга ўзи йилда неча марта келасан?
– Тўрт марта, шекилли…
– Шу етарли деб ўйлайсанми?
– Баъзан шунақа бўлиб қоладики…
– Хотининг тузукми?
– Юрибди.
Каяма ғарибона кечки овқатини ҳозиргина еб олганди.
– Сал эртароқ келганингда бирга овқатланардик.
– Бошқа сафар.
– Бошқа сафар…Ўша бошқа сафаринг насиб қилишига ишонасанми ўзинг?
– Бўлмаса-чи.
– Бошқа сафар… Эндиги бошқа сафар мен бўлмайман…
Каяма ўғли ҳозир нима ҳақда ўйлаяпти-ю, бунга қандай жавоб беришини кутарди.
– … Унинг ёши анчага бориб қолди… Анчага.
– Мен дунёда бундай гапларни эшитиш учун яшамадим.
– Унга нима керак?.. Бунча маъюс кўринади. Ҳозир нимани истаса, бари муҳайё бўлиши мумкин.
– Ҳа, мен ҳам қачонлардир нималарнидир орзу қилганман. Энди етмишга кирдим… Шундай бўлса-да, сенга атаганим бор.
– Кўнглингда бирон-бир орзу борми? – сўради Каяма.
– Қайдам. Нимани ҳам орзу қилардим.
– Пул керакмасми сенга?
– Пул қанча бўлса ҳам зарар қилмайди.
– Мен айнан шу ҳақда сен билан гаплашмоқчиман. Тўғри, менда ҳозир пул йўқ, лекин бошқа нарса бор. Яқинда мен сенга мана буни тайёрлаб қўйгандим.
Китоб жавони тортмасидан Каяма пергамент қоғозли конвертни олди-да, уни ўғлининг тиззасига қўйди.
– Бу нима?— сўради ўғли.
– Очсанг – кўрасан. Сўрашнинг ҳожати йўқ.
Ўғли конвертга кўз қирини ташлади-да, дарров уни Каямага қайтариб берди.
– Керакмасми?
– Пул доим керак, лекин буни ололмайман.
– У ерда нима ёзилганини кўрдингми ўзи?
– Бу автомобил ҳалокатида содир бўладиган бахтсиз ҳодисадан суғурта.
– Агар менга бирон кори ҳол юз берса, бу пул яна ўн мартага кўпаяди. Ўзинг биласан, йўловчилар орасидаги ўлим хавфининг энг юқори кўрсаткичи – бу айнан болалар ва етмиш ёшлилар орасида учрайди – бадали 500.000 иен, суғурта эса 5 миллион.
– Айтдим-ку, ололмайман деб.
– Балки кўчага чиққанимда, бехосдан қоқилиб, йиқилиб тушарман? Қарабсанки, мен машинанинг тагидаман. Шундай бўлиши мумкин-ку, ахир?!
– Бас қилинг, бундай нарса билан ҳазиллашмайдилар!
Ўғлининг юзи қизариб кетди. Унинг хижолат тортганини кўрган Каяма, уни бундай ақлсиз ишни қилишга ундаган ёқимли бир оғриқни ҳис этди. Бу ақлсизликмиди ёки ўйлаб қилинган ишми, энди унга ҳаммаси барибир эди.
– Менинг гапим – гап. Шундай бўлгач, бу ҳужжатларни олиб қўй. Бари бир бундан қочиб қутулолмайман.
… Бирдан Каяманинг кўз олдида улкан ташландиқ боғ намоён бўлди; тиниб-тинчимас боғбонлар, тош кавлаётган ишчилар, энди бу қиёфалар унга бегона, ёт шарпалардек кўринарди.
“Ким билади, балки, менинг боғим ҳам худди шундай қаровсиз аҳволга тушиб қолар. Унинг ўрнига одамлар яшайдиган уй ёки кўп қаватли бино қуришар, эҳтимол…”
Каяма босиқ хириллаган овозда гап бошлади:
– Балки, боғдаги тошларни сен ўзинг териб олиб сотарсан! Уларни бу ерга олиб келишганига ўн йил бўлди, лекин уларнинг ўзи беш минг ёшда. Бу тошларнинг жони бор. Мен энди ўламан, кейин дарахтлар ҳам нобуд бўлса керак. Токионинг ҳавосини ҳаво деб бўлмайди.
Ўғли отасининг гапларидан нохуш ҳайратлангандек бўлди. Шу пайт унинг орқасидан ҳалиги номаълум оқ кўланка ўтгандек бўлди.
– Ўша аёл!
– Нима деяпсиз?
– Тошни сотиш ҳақида ўйлашим билан шу аёл пайдо бўлади…
– Нима деяпсиз, қанақа аёл?
– Ўша аёл! У бу ерда боғдаги тошларни соғинганидагина пайдо бўлади. Бу оқ кимонодаги ўша аёл.. Қачонлардир Аобадайдаги данғиллама уйда ёшгина аёл яшаган. Фалокатни қарангки, уруш бошланиб, аёл уйи билан бирга ёниб кетган. Ўша тошлар унинг боғидан келтирилган. Афтидан, у, ҳар куни шу тўшамаларни босиб ҳовуз ёнига борган ва ўтириб хаёлга чўмган. Сўнгра яна шу тўшамаларни босиб, орқасига қайтган ва эски чорбоғига чиқиб, чой дамлаган…
Каяма шу сўзларни шивирлабгина гапирди-да, кўзини юмди. Қоронғилик тобора яқинлашиб, қувонч борган сари уни қуршаб борарди, ёки қоронғиликка ўрганиб қолиб, ёруғликни аранг ажратаётган кўзлари энди илиқликни ҳис эта бошлаганди…

Русчадан Дилдора Алиева таржимаси
__________
* Цубо -3,3 кв.м. майдон ўлчовчи.
** Каммэ – оғирлик ўлчови, 3,75 кг.
*** Азалия – манзарали ўсимлик.
**** Шезлонг – ўриндиғи узун оромкурси.
***** Сакэ – ароқ.