Ушбу асарни очлик эълон қилган, рўза тутадиган
ва иштаҳасизликдан азоб чекадиган барча одамларга бағишлайман.
1999 йилнинг 30 январ куни кундуз соат 2 ларда Ҳоккайдонинг Куширо номли қор босган намчил ўлкаларига қуён овига чиққан гўшт саноати ишчиси ногоҳ пластик материалдан қурилган кулбага дуч келиб қолди. Айни тушлик қилволиш учун жой топилганидан хурсанд ҳолда «Ким бор?» дея овоз берди у. Бошини ичкарига суқаркан, ундаги вазиятни кўриб, юраги чиқиб кетаёзди. Похол устида узала тушиб ётган нарса ўлик тана эди. Совуқдан беркиниш учун ўраниб олган мўмиёни енгил чанг қоплаган ва жасад тарашадай қотиб қолганди. Тарс-тарс ёрилиб кетган терисининг очиқ қолган қисмлари худди тўқ рангдаги чарм этикка ўхшар, кўзлари эса соққаси ичига чўкиб кетгандай қотиб қолган ва қоқ суяк эди. Юзининг пастки қисмида қуюқ соқол осилиб турар, пастки лабида юпқа оқ қуйқа қотиб қолган ва қорни бутунлай ичига кириб кетганди. Тана парчаланиб кетишдан сақланган ва яхшигина қуриб қолган эди. Чамаси, ҳали тирик экан, атайин танани мўмиёланган каби қотиб қолишини осонлаштириш учун у аста-секин оғирлигини камайтириб борган.
Похол устида болтача, тирноқ олгич, бир неча ишлатилган шам, пластмасса идиш, ичида ёндирилган қоғоз парчалари қолган тоғора бетартиб сочилиб ётар, бир четдаги чемодан ичида кийим-кечак бор эди. Шох-шаббалардан ясалган жавонда аллақандай радио ва ўнлаб китоблар кўзга ташланарди. Кулбада на бир идиш ёки овқат қолдиғи ва на егулик билан боғлиқ бирор фаолиятдан асар кўринарди. Дуч келган одамнинг «Нима қилиб юрибди экан бу жойда?» дея ўйлаши табиий эди. Мурда оёқлари орасида битта кундалик дафтар ётарди. Маййит бундай ўлимнинг сабабини тушунтириб бериш учун ўзида куч топган – кундалик дафтар воқеалар силсиласини оқизмай-томизмай ўзида жаъм этганди.
Жасадни ўша куниёқ олиб кетишди. Овчи қуён ўрнига аллакимнинг ўлик танасини кашф этиб, уйига қуруқ қўл билан қайтди.
Кундалик дафтардаги ёзувларга асосланиб, машҳур тиббиёт коллежининг суд-экспертиза мутахассислари ҳамда танани диққат билан кўздан кечирган қизиққон изқуварлар бундай ўлимнинг сабабини очлик натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати дея баҳолашди. Албатта, бунинг учун нечоғлик катта қарор ва сабр-бардош кераклигини тушуниш қийин эмас, бироқ бундай қилишга сабаб бўлган асосий нарса ноаниқлигича қолаверди. Жасад 40 ёшлар атрофидаги эркак кишига тегишли бўлиб, унинг бўйи 173 см, оғирлиги 35 килограмм чиқди. Унинг ўлганига тахминан 100 кунлар бўлганди. Қизиғи, ўликнинг исм-шарифи, касб-кори ёки тириклигидаги ҳолати маълум эмас, буни аниқлаш ҳам жуда мушкуллик туғдирарди. Скелет тузилишидаги турли-туман белгилар, қон гуруҳи, бармоқ излари ва ёзувларига қарамай, милиция идорасидаги мавжуд жиноятчилар ёхуд бедарак йўқолганлар рўйхатида унга ўхшаш бирорта киши топилмади. У ҳеч кимга ўхшамайдиган, ғаройиб киши эди гўё. Бунинг устига ҳеч ким уни ахтармас ва вафот этгани учун биров аза ҳам тутмаётган, бир сўз билан айтганда, мисоли бутун дунё уни унутиб юборганди. Бинобарин, унинг ўзи бундан жуда яхши хабардор эканини тасдиқловчи белгилар мавжуд эди. Мана у кундалик дафтарига кунба-кун битиб кетган батафсил ёзувлар.
Биринчи кун, 7 август 1998 йил
Мен овқат ейишдан воз кечдим. Шаҳардаги кичик қаҳвахонада сўнгги бор егулик едим. Гарчанд бу охирги марта овқатланишим бўлса-да, аввал қанча овқат еган бўлсам, бу гал ҳам шунча еёлдим холос. Тановул қилганим нарса арзон бўлиб, чўнгатимда аллақанча пулим қолиб кетди. Ўз жонимга қасд қилишим учун барча зарур ашъё чемоданимда мавжуд эди, шунга қарамай, ҳар эҳтимолга қарши, яна баъзи нарсаларни олиш учун супермаркетга кириб ўтдим. Шам, шланг, воронка, елимли лента, одеколон, тирноқ олгич, пахта, нам латталар, ошқозон дориси, қалай тоғора ва полиэтилен қопчалар харид қилган бўлдим. Пул кутилмаганда керак бўлиб қолиши мумкин, бироқ ҳозирги лаҳзалар айни фавқулодда ҳолат, шу боис қолган пулимни пинбол ўйнаб тугатиб қўяқолдим.
Ҳеч тинчлик бермаётган режамни амалга ошириш учун Куширодаги намчил ерларни танладим. Бу Куширо ё Хоккайдо билан алоҳида бир боғлиқ жойим борлиги сабабидан эмас, йўқ, талабалик йилларим бир гал шу ерга келганим ва ўлиш учун жуда яхши макон экан, дея ўйлаганим учун шу жойни афзал билдим холос. Велодромдан ўтиб бир соатча чамаси юргач, шу ерда кулба тикишга қарор бердим. Менга керак бўлгани ихчамгина бошпана ва мен уни ён атрофдаги дов-дарахтдан бемалол ясай оламан. Шундай қилиб, бир неча шохларни кесиб олдим ва уларни тўртта дарахт танаси билан ёнма-ён териб чиқдим, сўнг устига уч қават винил қоплама ёпдим. Асосий шаклни қоронғу тушгунча қуриб битказдим. Кейин тездан атрофдаги похол ва қамишларни йиғиб келиб, ерга ёйиб ташладим. Бу ерда катта-катта пашша-чивинлар кўплиги боис олов тутатдим. Кийимларимга тутуннинг ёқимсиз ҳиди ўтириб қолди.
Иккинчи кун, 8 август
Ҳеч қандай ғайритабиий аломат кўринмади. Ерга юпқагина қилиб похол ёзилган ва мен уларни йиғиб, соддагина ўриндиқ тайёрладим. Бундан ташқари, китобларим ва бошқа ашқол-дашқолларим учун жавон ҳам ясаб олдим. Кулбамга яқинроқ жойда унча катта бўлмаган чуқурча қазидим. Терга ботиб кетдим. Тунда роса чанқадим ва жуда кўп сув ичиб юбордим. Бирор ширин таом бўлса ҳам йўқ демасдим.
Учинчи кун, 9 август
Радиода Бахнинг «мусиқий салом»ини тингладим. Хаёлга ғарқ бўларканман, очлигим ҳам қаёққадир ғойиб бўлди-қолди. Балки мусиқа егулик ўрнини босар. Кечқурун ҳожатга чиқдим. Йўғон ичакнинг тозаланиши деганлари шуми?
Тўртинчи кун, 10 август
Очликни умуман сезмаяпман. Айтишларича, инсон сувсиз бир ҳафта, сув билан эса бир ой яшаши мумкин экан. Бир ҳафтада тугай қолса қанийди, бироқ сувсиз анча қийин бўлган бўларди, шу боис ўзим билан бир ярим литр сув олволгандим. Шу сувнинг учдан бири колган эди, лекин сал олдин бехосдан уни тўкиб юбордим. Нима, бу энди тез кунда ўламан, деганими?
Бешинчи кун, 11 август
Эрталабдан бери ёмғир тинмади. Самодан ҳали ўлмай тур, деган садо келгандай бўлди. Қайрилган шохлардан пластик сумкаларнинг оғзини очиб туришда фойдаландим ва уларни тепага кўтарганча томдан тушаётган ёки кулбам ичига оқиб кираётган ёмғирни йиға бошладим. Ёмғир ёққанда худди ўзимни дўмбира ичида тургандай ҳис қиламан. Радио ҳам тинглай олмайман. Ёмғир тинса, томга яна озроқ похол ташлайман. Кун бўйи китоб ўқиб ётдим.
Олтинчи кун, 12 август
Яна ичим келди. Ошқозонимда ҳеч вақо қолмади деб ўйлайман. Кечга томон бошим ва ошқозоним қаттиқ оғриди. Мотсартни эшитарканман, ўзимни бирмунча яхши ҳис этдим.
Туш кўрибман, унда барча эски маъшуқаларим қип яланғоч ҳолда миллий рақс ижро этишаётганмиш. Уларнинг ўртасига тушволиб, бир найзани ерга суқаётган эмишман. Уйғонгач, сунъий мириқиш ҳосил қилдим. Гарчи бир ҳафтадан бери ҳеч нарса тановул қилмасам ҳам бу матоҳим қўзғолганига ҳайронман. Бироқ, сунъий қониқишдан сўнг танам бирданига оғирлашиб қолди.
Саккизинчи кун, 14 август
Вақт худди букилиб қолгандай, жойидан қимирламай турибди. Соатимга қарарканман, сониялар дақиқадай туюлди. Қанийди вақтни ғизиллатиб ўтказадиган соатим бўлганда, дея орзу қилдим. Қачон радио тинглашимни белгилаб олдим: кундуз соат 2 дан 4 гача. ФМ тўлқинида мумтоз куйлар бериладиган дастур бор. Бошловчисининг овози қўнғироқдай. Шу ҳолатимда нимадир қилишим бўлган ягона инсон ўша аёл эди. Ҳеч нарса емасанг-да, севиб қолишинг мумкин экан.
Кўп ухлайдиган бўлиб қолдим. Уйғонсам, бошимнинг ғувиллаши тинчлик бермайди. Иссиқхонам ажиналар ташриф буюрадиган уйга ўхшайди. Кимдир келиб, мени қутқаришини истаяпман. Тез-тез заҳар танг қиладиган бўлиб қолди. Ташқарига чиқиш ҳам бир юмуш. 6-кундан бери аҳлат ташлаганим йўқ.
Ўнинчи кун, 16 август
Ёмғир қуйяпти. Яна тоза ёмғир сувини ичишим мумкин. Ёмғир товуши ёқимсиз. Кўзларимни юмсам, кимнингдир мени кўргани келаётгандай оёқ товушлари эшитилади. Ўйлашимча, ҳали ўлим фариштаси келишига вақт эрта, бироқ, яқинлашаётган омад илоҳаси бўлиши мумкин деган умидим ҳам йўқ эмас. Мен билан гаплашмагунича, у ким бўлса ҳам, эътибор бергим келмаяпти.
Ўн биринчи кун, 17 август
«Янгиликлар»дан эшитдим, Токиодаги ўрта мактабда ўқийдиган учта яқин оғайни биргаликда ўз-ўзини чўктириб юборибди. Сабаби номаълумга ўхшайди. Уларнинг синфдошларидан интервю олишди.
Ўн иккинчи кун, 18 август
Сийдигим қон тусига кирди. Эс-ҳушим жойида, лекин бутун танам бўшашиб кетяпти. Кўп вақтни ўринда ётганча ўтказмоқдаман. Китоб ўқияпман. Бектнинг «Малоне Диэс» асари. Мен батамом унга боғлиқ бўлишим мумкин. Рўза тутмасдан туриб, бу китобнинг мағзини чақиш қийин. Бугун радио эшитганим йўқ.
Ўн учинчи кун, 19 август
Анча озиб қолдим. Юзим ҳам худди мурданики мисол. Соқол олгандим, юзим сал ёришгандай бўлди. Ўз гўштимни еб ҳаётимни сақлаб турибман.
Ўн тўртинчи кун, 20 август
Тайфунми, нима бало? Довул ва жала пластик кулбамни учириб юборади деб ўйладим. Тушга томон шамол жиндай тингандай бўлди, шунинг учун ташқарига чиқиб, шох-шаббалар ёрдамида кулбамни мустаҳкароқ қилишга уриндим. Танам ўзимга бўйсунмай қоляпти, юришга ҳам тоқат йўқ.
Ўн бешинчи кун, 21 август
Ўн беш соатча ухлабман. Радионинг қулоғини бураганимда, тунги бейсбол ўйини берилаётганди. Озроқ тоза ёмғир суви ичдим. Ўрмон ҳиди келарди ундан. Бутун вужудим оғрияпти. Худди ичимдан пичоқ билан гўштим аста қириб чиқилаётгандай. Тушимда нон ғажиётган эмишман.
Ўн олтинчи кун, 22 август
Бугун яна довул турди. Бир неча бор шу яқин атрофда чақмоқ чақди ва назаримда у бошимни тешиб ўтгандай бўлди. Нега чақмоқ кулбамни ёндириб юбормайди? Тунда радио эшитишга қарор қилдим, чунки қоронғида ётганимда қаэрдалигимни унутиб қўяман. Радиодан келаётган ҳар битта овозга жавоб берсам, ўзимни йўқотмайман, шу тариқа икки соат бир зумда ўтиб кетди. Қўлимни атайин радионинг ўчириш тугмасига қўйиб олганман, мабодо кўзим илинса, уни ўчириб қўярман деган умидда. Баъзида эшиттиришлар шунчалик бемаза тус оладики, бу дунёда радио тинглаб ётарканман, ўзимни нақ у дунёда ҳис қиламан.
Ўн еттинчи кун, 23 август
Сийдигимга қон аралашди. Юқори синфда ўқиётганимда, гандбол клубимиз билан машғулот ўтказиш учун лагерга чиққанмиз ва ўшанда ҳаддан ортиқ чарчаганимдан бўлса керак, қон сийгандим, бироқ ундан кейин ҳеч бундай ҳол учрамаган. Балки рўза тутиш спортнинг бир туридир. Оқшом тушаркан, ошқозонимда кескин оғриқ турди. Қорнимни чангаллаганча у ёқдан-бу ёққа ағдарилдим ва радиодан таралаётган қўшиқни тингладим, фақат бу оғриқни баттар кучайтирди.
Ўн саккизинчи кун, 24 август
Орқа-олдимдаги бори ёғ тугаб битди. Юзим парҳез қилатёган боксчиникига ўхшаб қолди. Лекин кўзларим ҳануз чақнаб турарди. Агар бирор киши менга йўлиқса, даҳшатдан қочиб кетган бўларди. Аста-аста туссиз суякка ўхшаб қоляпман. Бирор нарса ейишга истак ҳам қолмади. Худди оч нервларим батамам ишдан чиққанга ўхшайди. Ҳаддан ташқари иштаҳаси йўқ одамлар кабиман. Очлик маълум бир нуқтадан ўтгандан кейин овқат ҳақида ўйлаш ошқозонга жуда оғирлик қиларкан. Мабодо лапша ё гуруч билан гўшт аралашмасини еб олсам, шу заҳоти тараша қотган бўлардим балки. Энди ошқозоним ҳар қандай егуликни бактерия каби бегона жисм сифатида рад этадиган кўринади.
Бу тун ажойиб ойдин кеча бўлди. Мен худи шундай тунда ўлишни истардим. Бироқ, кундуз куни ўлсам керак, деб ўйлайман. Кимдир айтанидай, ҳаёт борар аста чекиниб… Тун ярми ё кундуз. Ёруғ-очиқда ўлсайдим қани.
Ўн тўққизинчи кун, 25 август
Кун бўйи ошқозоним оғриб, бошим лўқиллаб оғриди. Тушдан кейин ғайритабиий меҳмонни қабул қилдим. Тўшагимда қирқоёқ ўрмалай бошлади. Уни ейишга истак қайда. Қачонлардир ота-онаси мў‘жазгина хонага қамаб қўйган ва бирон егулик бермаган болакай ҳақида эшитгандим. Ўша бола атрофида куймалашган ҳашарот ва ҳатто сичқонни ҳам тутиб еган экан. Бегуноҳ гўдакларни хўрлаган катталарни рўза тутишга мажбур қилиш орқали жазолаш лозим.
Йигирманчи кун, 26 август
Қусгим келди, бироқ қайт қилгани ичимда ҳеч вақоям йўқ. Ўйғонганимда қора терга ботиб кетгандим. Тушга томон ошқозонимдаги оғриқ аввалги ҳолатига қайтди.
Ҳалиям вақт бор. Агар келган изимдан ортимга қайтсам, қайтадан ҳаётга қайтишим мумкин. Бир соатча юрганимда ҳам бирор кимни учратиб қолишим мумкин эди. Уят-пуятим қолмади. Мени полиция қидираётгани ёки исмимни янгиликларда айтишаётгани хавотирга солмайди. Ахир рўза тутиш жиноят эмас-ку. Бир ҳафтада аввалгидай 65 кг вазнга етаман ва шубҳасиз яна 20-30 йил яшайман. Қўй-э, яна яшашга даъватми? Гўё ўтмишдагидай, бу дунёга алоқам йўқ. Бу дунё унда яшашни давом эттиришим учун мос эмас экан, у ҳолда нариги дунёга кўчиб ўтаётганим ҳақида унга хабар бердим. Фикримни ўзгартиришга энди жуда кеч.
На бу дунёга бирор хусусий боғлиқлик сезаман. Миямда ўз жонига қасд қилиш фикри билан шундай рўза тутишга тайёргарлик қилдим. Шундай ўлим орқали ўз умримнинг аҳамиятсизлигини акси томонга ўзгартира оламан деб ишонардим. Бу самурайлар дунёсидаги сеппукуларнинг маросимига ўхшайдики, унга кўра, бошқаларнинг муваффақияти учун ердаги тошдай қадр-қимматга эга бўлмаганлар охирги лаҳзаларда бир кишини юқори поғонага кўтариб қўяди. Келинг, ўша ҳис-туйғудан бўлак ўз йўлига эга бўлмаган ва ўз фикрини очиқ-ойдин ифодалашга бирор марта бўлсин имкон берилмаган соддафеълларнинг ҳаётларида ақалли бир бора бошқалар томонидан ҳурмат қилинишига изн берайлик. Сеппуку деганлари шу эмасми? Бу иш дунёдаги барча хўрликларни батамом ўчириб юборади.
Мабодо ўзим сеппукуни амалга оширадиган бўлсам, нақ кулгига қолган бўлардим. Романнавис Мишима Юкио бу маросимга ярим тақлид ва япон жамиятини ярим танқид қилган кўйи ўз-ўзини ичак-чавақдан тозалади ва бунинг натижасида огоҳликка йўл очилиб, шундан бери ҳеч кимга бундай қилишга рухсат берилмади. Мен ҳам Мушима бошидан кечирган қийноққа тушяпман. Фақат мен ўлимнинг бошқача йўлини, яъни рўза тутиб очлик орқали ўлишни танладим.
Ўлишимдан хабар келди, лекин ҳали менга навбат етишига озроқ бор. 7 августда овқат ейишни тўхтатган бўлсам, демак, ўйлашимча, ҳаёт ва ўлимнинг нақ ўртасида турибман. Нега шубҳалана бошладим? Бугун йигирманчи кун, балки улар қирқинчи кунда келишар. Чала ўликман. Шубҳа йўқ, шу сабаб бошим билан ошқозоним оғрияпти. Яхшиси эртадан бошлаб оғриқ пасайишига умид қилай. Тунда ёмғир шивалади.
Йигирма биринчи кун, 27 август
Кеча васиятимни ёзиб қолдирганим учун энди ёзадиган ҳеч нарса қолмади. Ошқозонимдаги оғриқ баттар ёмонлашди. Похол тўшагим намиқиб кетди ва мен уни қуритиш учун қуёшга тутдим. Салгина қимирлашим нафас олишни қийинлаштиряпти ва юрак уришим ёмонлашиб бормоқда. Нам сочиқ билан баданимни артдим. Терламай қўйдим, баданимдан ортиқ ёғ ажралмаётир. Танамдаги моддалар алмашинуви тўхтаган кўринади.
Ўлишимдан аввал бирор киши топиб олса нима қиламан? Рўзамни бузаманми ё уларга ўз қароримни тушунтириб, мени тинч қўйишларини сўрайманми? Бу ерда инсон зотининг мутлақо қораси кўринмайди. Мабодо бирор киши турган жойимни топиб олса, буни Худонинг иродаси деб билган бўлардим, демак тангри менинг яшашимни истаяпти.
Кечқурун ҳашаротларнинг овозини эшитдим, демак бунда ёлғиз эмасман.
Йигирма иккинчи кун, 28 август
Ошқозоним бир гал телевизорда кўрганим ҳабашистонлик қочоқ болаларникига ўхшаб кенгайиб кетди. Ахир нега ҳеч қандай овқат емасам ҳам, у менга озор беряпти? Егулик ҳақида хаёл суришдан ҳам қўрқиб қолдим. Тушимда спагетти еб ўтирган кишининг елкаси оша овқатини тортиб қочаётганмишман, шундан бери қорним кучлироқ безовта қилишни бошлади. Шубҳа йўқки, овқат ҳақидаги заррача ўй ҳам ошқозонимни рефлекс сифатида ҳаракатга келтиради, натижа эса кучли оғриқ билан тугайди.
Йигирма учинчи кун, 29 август
Оғриққа ортиқ чидолмай, бир-икки дори ичиб олдим. Ўлишга ҳаракат қилаётганим бир пайтда дори қабул қилишим бемаъниликдир балки. Кечқурун қулоқларим ичини тозаладим.
Йигирма тўртинчи кун, 30 август
Сувнинг таъми бузилибди. Сув ошқозонимнинг заҳарланишига асос бўладими? Ёз бўлишига қармай, қалтираб кетяпман. Эгнимга жемпер кийиб олдим, барибир совуқ қотяпман. Биргина миям аниқ-тиниқ ишлаяпти. «Илоҳий комедия»нинг «Дўзах» қисмини ўқидим бугун. Диндор бўлмасам-да, лекин дунёдаги кўплаб худоларга ҳурматим баланд, ахир бирорта худо қаэрдадир менга шафқат кўргузиши мумкин. «Дўзах»ни ўқирканман, нариги дунёда биринчи бўлиб кимни учратаркинман, дея ўйлаб қолдим. Ўқиш жонимга текканда, аёл кишининг мулойим овозда «Бугунги кунингиз мароқли ўтдими?» деб саломлашишини эшитиш учун радио қулоғини бурадим. Қанийди ўликлар диёридаги қабулхонада ҳам анна шундай ёқимли овозли аёл ўтирса.
Йигирма бешинчи кун, 31 август
Кун кечаги билан солиштирганда осонроқ кечмоқда. Тишимни тозалаб, соқолимни олдим. Кундузи мени хурсанд қилиб ёмғир қуйиб берди, бундан фойланаиб, барча кийимларимни ташқарига олиб чиқдим ва сочимни, баданимни ёмғирда ювиб олдим. Ишончим комилки, одамлар ўлик тананинг тоза бўлишини афзал билишади.
Йигирма олтинчи кун, 1 сентябр
Қўл-оёғим нормал ҳолатидан икки баравар ичига кириб кетди. Юзим шунчалик озғинлашдики, кафтимга жо бўлгудек. Суякларимни қоплаб турган юпқа қатлам қолди холос. Агар бир ой аввал шу ҳолатимни кўрганимда, аниқки, ўзимни танимаган бўлардим. Оғирлигимнинг ҳам учдан икки қисми йўқ, аммо ҳали танам оғирлигини ҳис этяпман. Қорин ва бош оғриғи етмагандай, қўл-оёғим карахт бўлишни бошлади. Кўзларим хира тортиб, ўқиш қийинлашди. Қўлимга тикилиб, кафтларимдаги «ҳаёт йўли»да горизонтал чуқур чизиқлар ҳосил бўлганини кўрдим. Ўлим элчиларими? Ўлиш ҳақидаги истагимга аҳамият бермай, жисмим яшаш учун курашмоқда. Бу ўзини оғриқларда кўрсатмоқда.
Йигирма еттинчи кун, 2 сентябр
Аллақандай пашша бўйнимни чақиб олди. Мендай қони қочган одамни сўришга шайланган пашша ҳаддан ортиқ очиққан бўлиши табиий. Ҳатто унга нисбатан ғайритабиий равишда меҳрим жўшиб кетди. Бўйним қичишяпган бўлса ҳам, «Худо сени асрасин» деб пичирладим қонимни сўраётган жониворга. Кўнгилчан одамга айландим чамаси.
Йигирма саккизинчи кун, 3 сентябр
Кеча билмасдан радио қўйилган ҳолатда ухлаб қолдим. Балки шунинг учун алғов-далғов тушлар кўриб чиқдимми? Профессионал бейсбол ўйинида аллақандай ҳинд шарҳловичиси алламбало гапларни валақлаётган тренер Нагашима билан ўтирганмиш. «Худойим-эй, Соялар мамлакатида узундан-узун навбат, унда хот-дог ва кола сотилаётибди, агар бориб ундан олсанг, кейинроқ қийналасан. Шунинг учун у дунёда керак бўладиган нарса оч руҳдир. Мен ҳам ўз жонимга қасд қилганимдан кейин анча кутишимга тўғри келди, мана энди бу ёқда шарҳловчилик қилиб юрибман, бироқ… қандоқ қилай… ўлиш ичак-чавоқларни ҳам олиб кетади, шундай эмасми?» Унинг сўзларини қизғин олқишладим.
Кейин манна бундай туш кўрдим. Тўқ қизил рангли поэзд боғ оралаб учиб борармиш, унинг ичида гуллаётган сабзавотларга айланиб қолаётган лилипутлар кетиб борармиш, поэзд деразаларидан бананлар учиб кирармиш. Бошқа бир тушда танамни чўзиб, буклаб, узайтириб, лапша ҳолига келтирилаётган экан.
Миям – ишлаб турган ягона бўлагимдир.
Йигирма тўққизинчи кун, 4 сентябр
Совқотяпман. Кун бўйи адёлга ўралиб ётдим. Қон оёқ ва қўлларимнинг учигача етиб келмаётган кўринади. Агар бир километрча юрсам, велодромга етиб олган бўлардим. Бу нарса ўзим учун ёрдам олишим мумкин бўлган энг охирги имконият эса-да, йўқ, фикримдан қайтмадим. Йўлда кўз юмишни ҳечам хоҳламайман. Ўлмоқ мен учун ягона йўл эканини ўйлаб анча енгил тортдим. Шу ерда ҳам ёта оламан. Танамнинг юқори қисмини осон қимирлатяпман, пастки қисм анча заиф. Етарли машқ қилмаётганимнинг жазоси, деган кулгили ўй ўтди миямдан.
Ўттизинчи кун, 5 сентябр
Қорним ҳали бунчалик эзиб оғримаганди. Дори ичдим. Эрта-индин ўлсам керак. Бугун роппа-роса бир ой бўлди.
Ўттиз биринчи кун, 6 сентябр
Оғриқни сезяпман, ҳали тирикман.
Ўттиз икинчи кун, 7 сентябр
Радио сўлиб бормоқда – ҳамхонам ҳам кучини йўқотяпти. Овозимга ўхшаб қуриллаяпти. Бир ойдан бери овқат емасам ҳам тирикман, лекин бартареясининг кучи тугаса радио чурқ этмай қолади.
Икки жуфт пайпоқ, жемпер ва қишки палто кийганимга қарамай, қалтирашим тўхтамаяпти. Бу ерларга қиш келганга ўхшайди. Бу аҳволда очликдан ўлишимдан аввал музлаб қолсам керак. Ташқарига чиқиб олов ёқишни истасам-да, ўтин йиғишга ҳеч мажолим йўқ – гарчанд бир пиёла чой ичиб олганимда жаннатда бўлган бўлардим.
Ўттиз учинчи кун, 8 сентябр
Қорним бураб-бураб оғрияпти. У худди иссиқ сув пуркаётган гейзерга ўхшаб ҳар дақиқа ҳужум қилмоқда. Балки жисмим ер айланишига мувофиқ ҳаракат қилаётибди. Оғриқ турганда ўйлай ҳам олмай қоламан, у пасайса, шу каби қайдларни ёзиш имкони туғилади. Буддаликка етишган руҳонийлар ҳам маълум вақт бош ва қорин оғриғи ҳамда совуқ қотишдан азоб чеккан бўлиши керак. Уларга-ку эътиқодлари тиргак бўлган, мендай бир эътиқодсиз одамга чидашни ким қўйибди. Қоядан жарга ўзимни ташласам ё ўзимни ўзим оссам, шу заҳоти тил тортмай ўлишим мумкин эди, бироқ, бунинг ўрнига атайин ўлишдан аввал бир ойдан ортиқ муддат ичида азобга гирифтор бўлишдаги ҳар бир ҳолатни ўз бошимдан ўтказишга уринмоқдаман. Буни бемаънилик дея тўхтата олмайман. Ҳатто жарга қулашни истаганимда ҳам уни амалга оширишга ўзимда куч топа олмаган бўларди. Ўзимни осишга арқон қидириш ҳам қўлимдан келмас балки.
Оғриқ босилганда, кунни бемалолгина ўтказа оламан, лекин тунлари зимистонлик яна азоб беради. Радиодан фақатгина чивиннинг ғўнғирлашига ўхшаш товуш келяпти. Ҳали учта шамим бор. Уларни уйқум қочиб кетадиган кечалар учун асраб қўйганман.
Ўттиз тўртинчи кун, 9 сентябр
Ўтган кечасидаги совуқ худди игналарни бутун баданимга санчиб чиқаётгандай аччиқ бўлди. Оғриқ забтига олди. Битта шамни тугатдим. Пулсим жуда тез уряпти. Юрагим ҳароратимни кўтариш учун жаҳд билан бутун танамга қон пуфлаётганини сезяпман. Жисмим яшаб қолишга жон бериб уринмоқда.
Кун бўйи майда ёмғир ёғди. Ёввойи қушларнинг сайрашидан енгил тортаман. Худди биров кулбамга яқин келаётганини сезгандай «Мен бу ердаман» дея овоз чиқараман. Ўйлашимча, мени нариги дунёга олиб кетадиган такси ҳайдовчиси йўлдан адашиб, ортиқ мени ахтаришга тоби қолмаган. Стикс дарёсигача (ўлганлар у орқали нариги дунёга равона бўладиган дарё) пиёда боролмайман. Оёқларим ўзимга бўйсунмай қўйди.
Гарчи ўз ўлимимнинг жараёнини кузатишни истаганим сабабли оч юрган эсам-да, кун уззукун ўлим ҳақида ўйлаш жуда зерикарли. Бироқ эринибгина қушларнинг сайрашига қулоқ тутарканман, миямга рўза тутишни бошлаган кунимдан бошлаб мен ўлганман, деган фикр келди ва ўзимни анча енгил ҳис қилдим. Ўлим қолиб кетган озгина фоиз холос.
Ўттиз бешинчи кун, 10 сентябр
Радио мендан олдин ишлашдан тўхтади, шу сабаб кечалари даҳшатга туша бошладим. Зимистонда йўқолиб кетмоқдаман. Агар қўлимни ёзолсам ёки тилимни чиқаролсам ва ё киприк қоқолсам, демак у ерда эмасман ҳали. Балки ўрнимдаги бошқа кишидир. Тунлари уйғониб кетсам, бу ер нариги дунё бўлса керак деб хаёл қиламан. Қоронғиликда на от, на феъл ва на сифат бор. На ҳозирги, ўтган ва ё келаси замон. Бошимда ғужғон айланаётган хаёллар мавжуд. Ҳамиша ярим шаклда ва муқаддима ҳам хотимасиз. Ўзимни бу ерда эмаслигимни енгиллаштириш учун нимадир ўйлашим керак. Уйғонсам, қайтиб қуёш чиққунгача ухлай олмайман. Ўйлашдан тўхтасам, миям борлигини унутаман ва қўрқувдан овоз чиқара бошлайман. Овозим бўғиқ ва хунук. Зимистон оёғимдан бошлаб аста кўтарилар экан, ўлимни унута оламан. Нур – шифобахш дори, қоронғилик эса заҳардир. Бироқ, тонгни кутишдаги хурсандчилигим жуда қисқа вақтда тугайди ва ҳалиям тириклигим ҳақидаги азоб, чидаб бўлмас оғриқ ўлмаганим юзасидан устимга ёпирилиб келаверади. Албата, тунлари ҳам қорним ва бошим оғрийди. Кундузгидан-да баттар. Балки тундаги азоб ўлим азоби ва кундузги азоб ҳаёт азобидир. Нима бўлганда ҳам, азоб бир пулга қиммат. Ичак-чавоқни тозалаб ташлаш ундан осонроқ. Очликдан ўлиш билан солиштирганда, сеппуку ё осилиш, отилиш ё баланд бинодан ташлаш, заҳар ичиш ё газдан заҳарланиш гўё боғда сайр қилгандай гап. Қаэрдадир ўқигандим, жосуслар доим ўзлари билан калий тсианид олиб юришаркан. Фавқулодда ҳолларда улар шу моддани ичиб жавобгарликдан қутулишармиш. Бу кимнингдир фойдаси учун ўлишни билдиради. Ақали ўлим вақтида биз ўз ўзимиз учун ўла биламиз. Ўз жонига суиқасд қилишнинг турлари кўп, лекин рўза тутиш ўлимнинг алоҳида бир йўлики, бунда киши ўзига-ўзи қарши чиқади ва узоқ вақт давомида ўзи билан курашиб чиқади. Очиғини айтганда, бундай ўлимдан бирор натижа кутиб бўлмайди. Аммо мен 35 кун давомида бундай азобга дош бериб келаётганимдан фахрланаман. Мен бошқа ҳеч ким тақлид қила олмайдиган нимадир қилмоқдаман.
Ўттиз олтинчи кун, 11 сентябр
Нимадир қилмоқчи бўлиб, радиони силикитган эдим, аввал эшитганим опера қўйилаётган экан. Қолдиқ батарея бир оз туриб берди, чамаси бир соатча радио эшитган бўлдим. Бутун жисмим қайта жонлантирилмоқда. Ўлиш учун ўзимда журъат топдим.
Ўттиз еттинчи кун, 12 сентябр
Вақти-вақти билан ёмғир қуяди. Кабутарлар дунёни икки ўлчамда тушунади шекил. Сувли ва сувсиз дунё. Инсонлар эса мияларида турфа дунёларни ярата олишади. Ҳали тирик эканмиз, ўлимдан кейинги ҳаётни ҳам хаёл қила оламиз. Аммо баъзида бундай қилиш шунақанги зерикарли. Айни дамда шунчаки ўлмоқнигина истаяпман, ҳа-ҳа, ҳеч нарсани ўйламасдан ўлмоқни. Мана энди саратонга чалинган мижозлар нега сунъий ўлишни хоҳлашганини тўлиқ тушуна оламан.
Ўттиз саккизинчи кун, 13 сентябр
Батареям ҳали тугамади. Нафас олишим бир оз нотекис. Ўлимни шунчалик яқинда ҳис қиляпманки, қўлимни узатиб унга етгудекман. Кетим, тиззам ва орқамдаги оғриқ ёмонлашди. Руҳ танадан чиқиши учун жуда катта қувват талаб қилинишини англаяпман. Руҳ қувват йиғиш учун гўштимни еб битирмоқда. Танамни тарк этишидан анча аввал бошлаган. Вақтни пасайишга томон санаш фаслига кирдик.
Ўттиз тўққизинчи кун, 14 сентябр
Ҳуснихатим ўзгарди. Қандай ёзиш эсимдан чиқиб бормоқда. Ўлимдан кейинги ҳаёт ёқимлими-йўқми дея қизиқа бошладим.
Қирқинчи кун, 15 сентябр
Бугун ўлишни режалаштирган куним. Ўрнимдан тура олмай қолдим. Рўза орқали Будда қандай яшашни кашф этди, Мусо алайҳиссалом тўлиқ 40 кун шундай қилди ва Худодан ўн буйруқни олди. Исо Масиҳ Шайтони лаъиннинг кирдикорларига қарши туриш учун 40 кун рўза тутди. Рақамларга қарасак, мен бу муқаддас инсонлардан ҳам ошиб кетдим, бироқ, менга ҳеч қандай маърифат тушмади. Мендан фарқли ўлароқ, азиз авлиёлар ҳаддан ортиқ кучли бўлишган, яъни 40 кунлик рўзадан кейин ҳам қавмлари ҳузурига бемалол ўз оёқлари билан юриб боришган. Мен эсам энди юра олмайман. Совуқ мурдага айлангунча кутишдан ортиқ нарса қила олмасман. Гарчи авлиё бўлиш истагим йўқ эса-да, оёқларим қайта юришини хоҳлайман. Ҳозиргача бирон марта бўлсин касал бўлмаганман. Фақат бир марта бейсбол ўйнаб оёғимни синдириб олганимда касалхонада ётишга тўғри келган.
Тўшакка михланиб қолишимни билганим учун, махсус ҳожат жойи тайёрлагандим. Тўшагим тагига етарли катталикдаги қопқоқли воронка қўйиб, уни шланг билан шундай бирлаштирдимки, сув ё бошқа нарса бориб ташқарида кавлаганим чуқурга бориб тушади. Олатим қовжираб ачинарли ҳолга келди. Бир неча томчи сийдикни силкитиб чиқара оляпман холос.
Қирқ биринчи кун, 16 сентябр
Ўтган кеча 40 кунлик рўзага чидаб берган авлиё шарафига шам ёқдим. Жисмонан азобланар, лекин ақлан жуда тетик эдим. Муқаддас кишиларни ўзимга яқин тутдим, Исо Масиҳ ҳам, Будда ҳам менинг дўстларимдай эди гўё.
Қирқ иккинчи кун, 17 сентябр
Оёғим ишлашдан бош тортганига қарамай, миям бинойидай ишлаяпти. Балки унга кўп куч
керакмасдир. Кун бўйи жуда кўп туш кўриб чиқдим.
Қирқ учинчи кун, 18 сентябр
Бугун ажойиб кун бўлди. Эрталабгача бирор марта бўлсин уйғонганим йўқ. Ёруғ кун эди. Ҳануз қалтираётган ва азобланаётган бўлсам-да, бундай белгиларни ҳис қилаётган жисмим кичрайиб бораётганидан юпанч излардим. Терим туршак тусига кириб бўлганди. Ундан ёқимсиз ис тараларди. Бу ўлим иси эканидай таассурот қолдирди. Озроқ одеколон сепиб олдим. Хушбўй ҳид таратиб мурдага айланишдан яхшироқ нарса йўқ бўлса керак.
Эрта тонгда ёмғир қуйиб берди. Эрталаб ва тушдан кейин бавл қилиш асосий машғулотга айланган. Бир томчи бўлса-да ҳалиям сув чиқиб турибди. Ҳар на бўлганда ҳам, ҳушим борлигида мана шу муҳим вазифа ҳақида қайғуришим лозим. Баъзан ҳушимни йўқотиб қўйганимда, сийдик ўз-ўзидан чиқиб кетади. Аста-секин юрагим ҳам тўхтаб, руҳим юксакларга қанот қоқади.
Қирқ тўртинчи кун, 19 сентябр
Қорним ва бошим шу қадар кучли оғридики, аввал ҳеч бунчалик азобланмагандим. Икки бор: тушда ва соат 3 ларда ҳушимдан кетибман. Яхшиси ўлаётганда айтадиган сўзлар ҳақида ўйлайқолай.
Тунда 15-кундагидан қолган шамни ёқдим. Шамнинг тилини кузатиб ётдим. Ўқимаган 3 та китобим қолди. Барибир нариги дунёда энди керак бўлмайди. “Илоҳий комедия”нинг варақларини битталаб йиртиб, тоғоранинг ичида ёқдим.
Қирқ бешинчи кун, 20 сентябр
Ёстиғим олдида куйлаги йиртиқ-ямоқ, юбкалари лойга беланган бир ёш аёл турарди. Уни танимасдим. Ҳайрон бўлмадим. Уни ўликлар диёридан мени олиб кетишга келган дея хаёл қилиб, қўлимни кенг ёзиб ўтиндим: “Қаёққа хоҳласанг олиб кетавер, оғриқ ва совуққа ортиқ чидолмайман.”
“Кетадиган жойнинг ўзи йўқ” деди у эътиборсизлик билан.
“Сен нариги дунёдан келмадингми?”
“Ҳали у ерда бўлмаганман.”
“Демак тирик экансан-да?”
“Бир нарса деёлмайман.”
Гъамгин қиёфада мен томонга қайриларкан, ўзи ҳақида гапира кетди у.
“Бундан анча вақт аввал бошига қалпоқ кийган ва артистларга ўхшаган бир киши мени ўрмонда зўрлаган ва ўлдириб кетган. Энди нариги дунёга олиб кетишса керак деб ўйлаб, роса кутдим, бироқ ҳеч ким келмади ва у ёққа ўзим боришга қарор қилдим. Мурдаларни оқизиб олиб кетадиган дарёгача бориб, қайиққа ўтирдим, бироқ…”
“Демак нариги дунёгача бора олмабсан-да?”
“Мен қайиқдаги ягона йўловчи эдим, шу сабаб капитан мени олиб кетишни истамади. Унга кўра, охират деган нарса йўқ эмиш.”
“Бўлмаган гап!”
“Балки охират ўлаётган инсонлар хотиржам жон таслим қилишлари учун ўйлаб топилган хомхаёлдир. Балки аллақачон вафот этганларни тинчлантирадиган бирор жой мутлақо йўқдир.”
“Унақа эмасдир-ов. Унда ўлганлар нима қилади? Агар мурдалар диёри бўлмаса, у ҳолда бу ўликлар абадият аро кезиб юрадилар деган маънони келтириб чиқармайдими?”
“Бошида мен капитан алдаяпти деб ўйладим. Ундан неча бор нариги дунёга олиб ўтинг мени деб ўтиниб сўрадим, аммо у бундай дунё мавжуд эмас деб ўзиникида маҳкам туриб олди. Дарёда кетиб бораётган бошқа капитан ҳам шу жавобни берди.”
“Хўш, унда нима қиласан энди?”
“Капитан мени бошқа жойларга олиб кетади. Яхши Умид ва Антарктикага, Ўлик денгизга ва Байкал кўлига. Менга муносабати самимий бўлганидан у билан кетяпман.”
“Бу ерга қандай келдинг?”
“Амазонка дарёси орқали.”
“Ҳамроҳинг қани?”
“Ҳов анави ерда турибди.”
У кулбамдан сал наридаги кичик ва лойга ботган яхтага ишора қилди.
Аста ўзимга келиб, атрофимдаги нарса ойдинлаша боргани сари яхта деганим оддий бир қуён эканини англадим. Балки бу кеча охиргисидир.
Қирқ олтинчи кун, 21 сентябр
Тирикман. Чиндан ҳам охират бўлмаса нима қиламан? Агар ўлимдан кейин тунги азоблару оғриқлар давом этадиган бўлса, ҳечам ўлгим йўқ. Ўлим азобдан қутулиш дегани эмасми? Йўқ, бундай дейиш тўғри эмас. Миям ўйлашдан чарчаб кетди. Бунақа хаёллар миямга фақат Худога ишонмаганим учун келяпти. Бирдан жаннатдан ортга қайтарилган ичувчи-алкаш ҳақидаги шеър ёдимга тушиб кетди. Кўзим илинибди, мазали шароблару гўзал аёллар ҳузурида юрган эмишман.
Қирқ еттинч кун, 22 сентябр
Совқотяпман. Айниқса, бавл қилгач, устимдан совуқ сув қуйилгандай бўлади. Қўлларимда куч қолмади. Тўшакда ағдарилганимда, қўлларим роботникига ўхшаб кетяпти. Юрагим қинидан чиқиб кетай-кетай демоқда.
Қирқ саккизинчи кун, 23 сентябр
Дарёда менга яхши капитан йўлиқади деган умидим бор.
Қирқ тўққизинчи кун, 24 сентябр
Руҳим заифлигидан жисмимни тарк этишни эплолмаяпти. Жисмоний азоблардан қутқарақолсанг-чи! Кўксим вайрон бўлмоқда. Кийилавериб, охири улоқтирилган пайпоққа ўхшаб қолгандайман. Ичимда ортиқ ҳеч биров қолмади.
Эллигинчи кун, 25 сентябр
Токиодаги “Луп Лайн”нинг охирги бекати қаэрда? Ўнлаб марта айланиб чиқдим. Бу азобкаш поэзд ҳар бекатда тўхтаб ўтади. Тезроқ охирги бекатга етақолсайдим.
Эллик биринчи кун, 26 сентябр
Тавба, қоқ суяк ва юрак билан ҳам тирик қолиш мумкин экан-да. Октябрга етиб боришни ният қиляпман.
Эллик иккинчи кун, 27 сентябр
Охиратдаги иммигратсия идорасига мактуб ёзишим керак: руҳим икки ё уч кунда етиб келади. Илтимос, тегишли тарзда бу хабарни қабул этинг.
Эллик учинчи кун, 28 сентябр
Тўйиб кетдим-ку. Алвидо.
Эллик тўртинчи кун, 29 сентябр
Охират бошқарувчиси ортиқ у ерда эмас. У дунё саҳрога дўндими? Руҳлар ҳам саҳрода зериккан бўларди, шу сабаб мен қайиққа ўтиришни истайман. Аммо бир тийин ҳам пулим йўқ.
Эллик бешинчи кун, 30 сентябр
Ҳалиям тириклигимни ўйлаб, кулгидан ўзимни аранг тўхтатиб қолдим. Гиннеснинг рекордлар китобига киришга арзийман.
Эллик олтинчи кун, 1 октябр
Кўнглим айнияпти. Кўксимда оғриқ. Қусолсам анча енгил тортган бўлардим. Шубҳасиз, шундай қилсам, қалбимни ҳам ташқарига отиб чиқаришим тайин.
Эллик еттинчи кун, 2 октябр
Азоб ичра ўлолмаяпман.
Эллик саккизинчи кун, 3 октябр
Кўнгил айниш. Тез орада қайиққа чиқишни хоҳлайман.
Эллик тўққизинчи кун, 4 октябр
Радиодан келаётган кулги товушини эшитяпман.
Олтмишинчи кун, 5 октябр
Кимдир олдимга келди.
Олтмиш биринчи кун, 6 октябр
Атрофимда одам гавжум. Дарё менга томон оқмоқда.
Олтмиш иккинчи кун, 7 октябр
Ассалом, ёруғлик!
Инглизчадан Аъзам Обидов таржима қилди