Икки ҳафта давомида мен ўз хонамдан чиқмай, ўша пайтлар ҳамма томонидан севиб ўқилган китобларга кўмилиб ўтирдим: бу китобларнинг ҳаммаси қандай қилиб халқни йигирма тўрт соат ичида бахтли қилиш санъати ҳақидаги фалсафаларга тўла эди. Шундай қилиб, халқ фаровонлиги “жонкуяр”ларининг бу ерда ёзилган бутун вайсақилигини – камбағалларни қул бўлишга даъват этаётганини ҳам, камбағалларнинг аслида ўз хонумонидан маҳрум бўлган подшоҳлар эканлигига ҳаммани ишонтирмоқчи бўлаётганини ҳам чайнаб, хазм қилиб юбордим. Менинг ўша пайтда ақлдан озиш ёки овсарлик даражасига яқинлашиб қолганим ҳайратланарли кўринмаса керак.
Бирдан ақлимнинг тубида, ҳозиргина кўз югуртириб чиққаним – бувимлар замонидан қолган тавсиялардан юксакроқда турган қандайдир бир ғоянинг туғилаётганини сезиб қолдим.
Ва мен қаттиқ чанқов сезиб, уйдан чиқдим, чунки, бўлмағур китобларни ўқиш, доимо тоза ҳавога ва салқин ичимликларга бўлган эҳтиёжни кучайтади.
Энди қаҳвахонага киришга чоғланганимда, бирдан ёнимда қандайдир гадо пайдо бўлиб, ўзининг, агар магнетизер нигоҳи узум пишишини тезлаштира олганида ва руҳ жисмларни ўрнидан қўзғата олганида, тахтларни ағдаришга қодир нигоҳи билан кўзларимга тикилганича, менга ўз қапоғини чўзди. Шу ондаёқ кимдир қулоғимга шивирлай бошлаганини сездим ва бу овозни дарров танидим, бу– менинг доимий ҳамроҳим– адолат Фариштасининг овози эди. Суқротнинг ўз Фариштаси бўлган экан, нега энди менинг ҳам ўз адолат Фариштам бўлмаслиги керак, нега энди менда ҳам худди Суқротга Лелю ёки эҳтиёткор Байарже имзоси остидаги савдойилик қилиш учун берилган рухсатнома бўлмаслиги керак?
Фақат, менинг Фариштам билан Суқротнинг Фариштаси ўртасидаги фарқ шунда-ки, Суқротнинг Фариштаси унга кўп нарсаларни таъқиқлаб, уни эҳтиёт бўлишга чақириб турган бўлса, менинг Фариштам менга насиҳатлар, маслаҳатлар бериб туради. Боёқиш Суқротнинг Фариштаси Таъқиқловчи Фаришта бўлса, меники Тасдиқловчи Фаришта эди: у Фаолият Фариштаси ёки Кураш Фариштаси эди.
Унинг овози менга шуларни шипшиди:
“Фақат курашиб енгишга қодир одамгина, озодликка муносибдир, фақат ўзининг бошқалар билан тенг эканлигини исбот қила олган одамгина, бошқаларга тенг бўла олади“.
Мен вақтни бекор ўтказмай, гадойга ташландим. Муштим билан бир уриб, кўзини коптокдай шиширдим, унинг бир жуфт тишини уриб синдирар эканман, ўзимнинг ҳам тирноғим синиб кетди: табиатан нимжон бўлганим учун ва бокс билан кам шуғулланганим туфайли қарияни дарров ерга йиқитиш учун ўзимда етарлича куч топа олмадим: шунинг учун ҳам бир қўлим билан унинг ёқасидан, иккинчи қўлим билан томоғидан бўғиб, бошини деворга ура бошладим. Шуни тан олишим лозим-ки, гадойга ташланишдан олдин мен атроф-теваракка бир қур назар ташлаб, бирон-бир полициячининг йўқлигига тўла ишонч ҳосил қилиб олган эдим.
Шундан сўнг, олтмишларга кирган, кучсизланган бу қариянинг қовурғаларини синдиришга қодир кучли тепки билан уни ерга ағнатдим ва ерда ётган йўғон бир калтакни олиб, худди юмшоқ бифштекс тайёрлаш учун гўштни астойдил ураётган ошпазга хос ҳафсала билан уни савалай бошладим.
Қўққисдан, о, мўъжиза! О, ўзининг назариясини амалда синаб кўраётган файласуф бошига ёғилган бахт! – чол ўзини ўнглаб олди, бу қари, тамоман ишдан чиққандай кўринган вужуд мен сира кутмаган бир эпчиллик билан тикланиб, нафрат ва ғазаб тўла нигоҳ билан (бу мен учун яхшилик аломати эди!) менга ташланди, бир зумдаёқ икки кўзимни ҳам уриб шиширди, тўртта тишимни қоқиб олди ва қўлимдаги таёқни олиб, мени хумордан чиққунча дўппослади. Ўзимнинг таъсирчан даволаш усулим билан мен унга ғурурини ва ҳаётини қайтариб берган эдим.
Шунда мен баҳсимиз тугаганини билдириш учун унга ишоралар қила бошладим ва портиклик софист сингари ўрнимдан қониқиш билан туриб, гадойга шундай сўзлар билан мурожаат қилдим: “Жаноб, сиз билан биз тенгмиз, марҳамат қилиб ҳамёнимни мен билан баҳам кўрсангиз, сиздан миннатдор бўлардим ва унутманг-ки, агар сиз ҳақиқатдан ҳам бировларга яхшилик қилишни истасангиз, ошналарингиз сиздан хайрия сўрашганида, мен сизга нисбатан қўллашга мажбур бўлган, ёқимсиз назарияни сиз ҳам дўстларингизга нисбатан қўлланг”. У менинг маслаҳатимга амал қилишга қасам ичди.
М. Бекжон таржимаси