Унинг шаҳар касалхонасига бош шифокор бўлган йиллари шаҳар жанубидан қуриб олган тўрт хонали уйи фарзандлари каттайган сайин қўшиб қуравериб, улкан саройга айланган эди. Уй ортидаги томорқаси кичраявериб, товуқхонага тақалиб қолди. Шаҳар марказидаги тўрт қаватли, бетон деворли уйнинг кичик ҳужраларига кўникмай юрган онаси, мана шу уй битгунича бориб-келаверар, баъзан қўниб қоларди. Ҳозир уйнинг кунчиқар томонида катта, томорқанинг ярмига соя ташлаган кекса клён дарахти бор.
– Бу онамнинг ҳассаси эди, баҳорда санчилиб қолган экан, куртак очиб кетибди, – дейди Шинназар Насирович ҳазил-чин аралаш.
Онаси эса: “Яхши кўриб эккан эдим, ўрис дарахт эканми, манглайим-ов” деб қўярди. Қандай бўлса-да, бу жуда баҳайбат, анов-манов эмас, нақ ўн икки қанотли ўтовнинг ўрнини эгаллаган гавжум (“гужум” сўзининг негизи бўлса керак) дарахт бўлди. Остига қурилган супа ёзда гўё жаннатнинг ўзи.
Бу “ҳасса”ни қадаб кетган онаси вафот этган йили туғилган ўғлини уйлантириб, Шинназар Насировичнинг ўзи ҳам неварали бўлди. Гавдаси оғирлашиб, оёғи кўзлаган жойига зўрға боради, эрталаб-кечқурун кийиниб-ечиниши қийинлашди, хуллас қарилик ўзини билдира бошлади.
Шифокор дегани умрининг охиригача шифокор экан-да. Бошқаларни билмадим-у, шу дўстимиз кексайганда ҳам ишини ташлай олмади. “Жарроҳ дегани куну тун тайёр машина, чақиришса, ярим тунда ҳам чопиб кетаверасан, телефонимизни ўчириб қўйишга ёки маъракада ўтирган жойимизда санавиацияга хабар қилмасликка ҳаққимиз йўқ”, деган гапни унинг оғзидан кўп эшитганмиз. Ярим тундами, тонгдами, қўшнилари, яқин кўчадаги одамлар бу кишидан тортиниб ўтирмасдан, эшигини тақиллатаверади.
Дам олиш куни эди. Уйига пешиндан сўнг, касалхонанинг “Тез ёрдам” машинасида келди. Тушлик қилмади. Уйига келиб ҳам овқатланишга ҳоли йўқдай сезди ўзини. Оёқ кийимини ечди-да, супага ёнбошлади. “Одам меҳнатдан чарчамайди, бировнинг қўпол муносабатидан, келишмовчиликдан чарчайди”, дейишади олимлар. Мен эса меҳнатдан чарчаяпман, – дея ўйлади у. – Бугунги операция оғир бўлди. Тиккан жойимизнинг териси етмай, ёнбошдан олиб ямадик”.
У шу кўйи “ҳасса”нинг дим ҳавода ҳам шамол чақириб турган япроқлари шивирини эшитиб ётди. “Бу бир мевали дарахт ёки тут бўлармиди, бир элни обод қиларди, – деб ўйлади жарроҳ. – Йўқ, тут бўлганида остига супа қуриш у ёқда турсин, пишиқчиликда ёнидан ўтганлар ширасига тойиб йиқиларди. Бояқиш, тоза оғоч экан. Атрофдаги қоратолдан бошлаб ўриккача ширинча босганида бунга ҳеч таъсир қилмайди. Қурт-қусмурсқадан овлоқ, асл дарахт. Онаизоримдан қолган ёдгорлик”.
Шу орада макиён товуқнинг аччиқ товуши эшитилди. Шинназар Насирович гавдасини кўтариб, томорқанинг овоз чиққан томонига тикилди. Тим қора катта макиён бўйин парлари ҳурпайган ҳолда тикрайиб турарди. Бўйнини чўзиб, душманига беаёв ҳужум қилишга тайёр, узиб-узиб аччиқ қийқириб қўяди. Икки кўзи анов жойда буни писанд қилмагандай, гоҳ қўш оёқда аста сакраб, гоҳ қўзғалмай думини ликиллатаётган, атрофида айланаётган ҳаккада. У ҳам ўзига ишонгандай, ёрдам кутиб ён-атрофга қарамайди. Шу орада гавдасини ёнлама қилиб, орқасида пайт пойлаётган ҳаккага яна қийқириб қўйди.
“Ё тавба, буларга нима етишмайди?” дея ўйлади жарроҳ. Энди ҳакка сал яқинлашганди, товуқ унга важоҳат билан ташланди. Бу сафар танасининг барча парлари тикрайиб, шар ҳолига келди, шу ҳолича рақибига талпинди. Ҳакка эса бир-икки марта қўшоёқлаб сакради-да, орқага чекинди. Шу пайт, (энди “она” деяверайлик) она макиённинг қанотлари остига яширинган ёлғиз жўжа кўриниб қолди. Унга энди иккинчи ҳакка учиб келиб ташланмоқчи эди, она товуқ унга ҳам ҳамла қилиб, жўжасини бағрига яширишга улгурди.
– Ҳай, қаноти қирқилгур ёвузлар, йўқолинг, қани, – деб қўлларини шарп-шарп урган аёл товушидан ҳаккалар ҳуркиб ҳавога кўтарилишди-ю, клённинг қалин япроқлари орасига яширинишди. – Вой, она бўлгани қурсин бу дунёда, жониворим-ай, агар инсон бўлганингда куюкдан ўлардинг бу пайтгача, жонинг тош экан.
Элтисининг (ҳурматли жарроҳимизнинг ота-онасини уруғлари, танишлари эъзозлаб “махсум оға”, “элти ая” дейишган) бу сўзларига ҳайрон қолди. Унинг қарашларидан “бу нима деганинг” деяётганини сезган аёли (кампири, деб айтиб ҳали ўрганмаганмиз) давом этди:
– Бу жонивор ўн беш тухум босиб, шундан ўн бир жўжа чиқарган эди, учтасини палағда қилди, бошқаларини эргаштириб юриб, энди ўстирган пайтда, мана шу лаънати ҳаккалар чор-атрофидан ўраб, жўжаларини олиб кетиб бўлишди. Энди эса яккаю ягонасини мўлжаллашмоқда…
“Вой онажонимай, – у оғир хўрсиниб, совуқ дам олди. – Вой, меҳрибонгина каъбам-ай, фақат “болам-болам” деб ўтиб кетдинг-ку! Мана бу қушлар меҳрни сендан ўргандимикан? Ё барча она бўладиган жонли махлуқларнинг юраги бир тупроқдан қориладими? Ай, чивин жонимнинг қўрғони бўламан, деб турли бало-қазолардан омон олиб чиққан қаҳрамоним. Мен сени Ерназар Олакўзнинг онасидан кам кўрмайман, сен ботир эдинг-ку”.
У “кўрмайман” деган сўзни хаёлидан ўтказиб, янада теран ўйга чўмди. “Кўрмайманми, кўрмадимми? Бу сўзни тириклигида айтганмидим? Ё ҳозир мардлигим тутяптими?”
Бу пайт ёнбошидан ағдарилиб, чалқанча ётганича Кердер овулини, Кегайлига кетиладиган арава йўлнинг мой тупроқларини кечган онасининг: “Бу ёққа кел, катта йўлда ўйнама” дея чақирган йилларини эслади. Уйдан сал нарироққа ёйилган товуқларни йилғинлар орасидан шоқол олиб кетиб, онаси товуқнинг тухумини олиб кел, деса катакка кириб, қайтиб чиқолмай йиғлаганлари кўз олдида худди кечагидек намоён бўлди.
– Келин чой олиб келсинми? – деган элтисининг овози уни ўзига келтирди, бироқ, у “керак эмас” дегандек қўлини бир силкиб, ўнг томонига ағдарилди-да, яна бояги дунёга шўнғиди…
Онаси бояқиш, узун бўйлик, қорувли аёл эди. Гавдаси фақат устихону теридан иборат бўлса-да, ўзи чўрткесар, дадил одимли, овул одамлари сўзи билан айтганда “қайтмас заифа” эди. Одамлар ундан ҳадиксирар, сиртидан не гап айтишса-да, юзма-юз кела олишмас, кўплар безор эди. Безор бўлишганини кейин, ўзи ўрта ёшларга келганда тушуниб етди. “Воҳ, онажоним-ов, фарзандингга бунчалик меҳрли бўлавериб нима қилардинг?..” Бундай ўйларга онаси кексая бошлаган, айниқса вафот этган дамларда кўп бериладиган бўлди.
“Халқимизда “Қушга олдирган тулкидан не наф?” деган нақл бор, – дея ўйлади жарроҳ. – Чиндан ҳам, жуни йилтиллаган, қорни тўқ тулки анов-манов қушга олдирадими? Очлик, етар-етмас замонда ёлғиз бола боққан сўққабош онанинг шўри қурсин…”
Супада бир томонлаб ётган, ҳозиргина Худога шукр, дард кўрмаган қўллари билан бир бандани ўлимдан олиб қолган, билими билан танилиб, бугун кимсан – Шинназар Насирович бўлган оқсоқол, у пайтларда бола эди. Мактабга борган йили отасининг уйдан чиқиб кетганига уч йилча бўлганди. Бу пайтда ёшгина онаси эри гўё урушдан келмай қолгандек, куюниб юрарди. Бурунги феълига “тирик куюк” қўшилиб, биратўла ўзгариб кетди. “Бундан кўра, урушга кетиб ўлгани яхши эди, бошимни кўтариб, мен ҳам халққа қадрли бўлиб юрардим”, деганди ўша йиллари. Шинназар синфда энг пачоғи эди. Овулдан бирга қатнайдиганларнинг кўпи каттариб кетган болалар, ўқитувчи барчани бўйига қараб тизганда у энг охирида турарди.
Болалар ўрганишавериб, ким кучли, ким чатоқ, ким мусофир, айрилиша бошлашди. Кимнинг орқасида ким бор, кимнинг ота-онаси қандай одамлар, буларни ҳам билишади. Ўқишдан қайтиб келаётиб йўл бўйи ўйнаб келишади, бора-бора курашишади, сўнгра тўполонга айланади, ғолиб бўлиш учун номусга тегадиган сўзлар айтишиб бир-бирини камситишади. Кун келиб, унга нисбатан “отаси ташлаб кетган тирик етим”, деган гап ҳам айтила бошлади. Ёш юрак, бундай сўзларни қабул қилмаслик учун жон талвасасида олишарди. “Кўк ит енгадими, кўп итми?” деганларидек, ажраштирадигандан кўра мушт кўтарадиганлари кўпайиб кетди. Умрида биринчи марта бурни қонаб, кўзи кўкарди. Буни кўрган онани сал бўлмаса жин ураёзди. “Ким урди? Айт, қайси итнинг боласи урди?” Шинназар индамади. Она, айт, деб дўқ урди. Бола йиғлаб юборди, бироқ айтмади. Онаси қўшни қиз Ўрингулга ўшқирди, унинг пўписасидан қўрққан қиз: “Раҳмон дўкончининг боласи” деганини билмай қолди. Жанжалнинг зўри ана шундан сўнг бошланди. Онаси Шинназарни судраб дўкончининг уйига етиб келди.
– Болангни чақир!
– Нима қиласан уни?
– Чақир, нима қилишимни кўрасан!
Шинназар юлқиниб қочмоқчи бўлди. Онасининг: “Ҳой, шумшук, тур шу ерда”, деганидан сўнг бир жойда қотиб қолди. Онаси ичкарига талпинди, дўкончи унинг йўлини тўсди, онаси юлқиниб уйга кирмоқчи бўлиб (шу кўриниши бояги она товуққа ўхшарди), дўкончини итариб юборди. Раҳмон дўкончи ҳам бир қоп жўхорини кифтига қоқиб соладиган, овулдаги тўқ яшайдиган, ўркўкрак йигит эди. Аёлнинг қўлларидан судраб, анча жойга олиб борди-да, у ҳам кўксидан итариб юборди. Она орқасига ёнбошлаб йиқилди. Шинназар ўкириб йиғлаб юборди. Онаси дарров ўрнидан турди-да, устидаги чангни ҳам қоқмасдан яна дўкончига ташланди. Шу орада тўпланиб қолган қўшнилар онани чеккага тортишди.
– Дўконингга ўт қўяман! Ўзингни қовурдоқ қиламан!
Онасининг шу сўзлари ёшлигидан қулоғига муҳрланиб қолганди. Уларни яна кўп эслагани ёдида.
Она сўзидан қайтмади. “Сен мени заифа деб, суяйдигани йўқ, деб босқиладинг, дўконингга ўт қўяман, дедимми, ўт қўяман!” Одамларнинг ҳай-ҳайига қарамасдан, шу сўзларини такрорлайверди. Аввалига, қўлидан нима келарди, деб турган дўкончи энди хавотирга туша бошлади. Қўшнилардан бири: “Қўй, нима Худо урибди” деса, “Мен бу хотиндан қўрқаман, у куюкдан нима қилишини билмай юрибди”, деди бошқаси.
Қўшнилар маслаҳатлашди, “дўкон ёниб кетса, ер сийпалаб қолармиз” деб энг яқин тенгқури Болтанни чақиришди. Онаси уни кўришдан, бояги жанжал жанжалми, баттар қутуриб кетди.
– Сен нега келдинг? Менга қарашга юзинг борми сенинг? Сен эмасми, менинг эримни эргаштириб юрт кезган, икки-уч йиллаб қимор ўйнаб уйдан бездирган? Сўнгра уни уруғдош-қариндош синглинг билан Туркманистонга қочириб юбориб, сен ҳам ҳали ер босиб юрибсанми? Ўзинг ҳам болаларингни чирқиратиб, ташлаб кетсанг бўлади-ку? Имонсиз сенинг…
Бобоси “халқ душмани” сифатида қамалиб, бедарак йўқолди. Отаси Насриддин эса бобосидан қолган озгина “дунё” ва эл орасидаги обрўси билан унчалик қийналмай ўсди. Уруш арафасида уйланиб, Шинназар туғилди. Қариндошлари уни Қозоқдарё томонлардаги тўқайларда мол боқтириб, урушдан олиб қолишди. Уруш тугагач, овулга мол-ҳолли бўлиб келди. Бевошроқ йигит эди. Базмчи, овга чиқиб, қиморга берилиб кетди. Бир-икки кунлаб уйга келмай қолган кунлари хотини уйга киритмай, тез-тез жанжал кўтариларди. Бир сафар, шу Балтан билан қимор ўйнаб ўтирган жойига қўлида болта билан кириб келди. Қўярда-қўймай, олдига солиб олиб келди. Ўшандан кейин турмуш бузилди, йигит ор қилдими, ё ўзи илгаридан тараддуд кўриб юрганми, овулдаги бир оғайнисининг қизи билан қочиб кетди…
Ўша йили онаси кўк эшакка кўч-кўронини ортиб, ўртасига Шинназарни ўтқазди-да, Амударёнинг қибла – кунботаридаги Қўнғирот деган юртнинг “Қонликўл”, “Дўнгалак кўл” атрофларига кўчиб кетди. Боргани билан уй-жойи йўқ, ҳар кимнинг хизматини қилиб, бировларнинг ҳужрасида яшади. Боласи мактабдан келаётганида олдига чиқиб турарди. Тўполонидан, бировни уриб ёки калтак еганидан баттар, унинг номусига тегиб, камситилишидан қўрқарди. Қалби ўксиб, боши эгилиб ўсмасин, деб боласи учун адолар бўларди. Шу сабабли тез-тез яшаш жойини ўзгартиришарди. Ўзининг феъли ҳам тик, кўпинча боласи учун талашиб-тортишиб, боши жанжалдан чиқмасди.
“Дўнгалак кўл” деган жойда ҳам икки марта мактабини ўзгартирди, кўпинча шу боласи учун ёмонотлиғ бўлиб, бир-икки жойга кўчди. Шинназар оқсоқол у пайтларда ёш бола бўлгани учун, ҳозир у йилларни эслаганида, овулларни аниқ билмайди, билгани – олтинчи синфдан яна ўқиши бўлиниб, Шўманайдан Хўжайлидаги “Иван ёп” атрофларига кўчиб келишганидан кейинги воқеалар.
У Шўманайда бизнинг синфга келиб қўшилди. Сариқдан келган, сочларининг толаси йириклигидан, пешонадан икки томонга айрилиб, орқага қайрилавермайдиган, оғзининг катталиги, тишларининг сийраклиги ҳам ўзига ярашган, кулганда қисиладиган кўзлари чиройли ва ёқимли, сўзга ҳам анча чечан, чала етимлиги, аниқ яшайдиган уйи йўқлиги ҳам феъл-атворидан билинмайдиган, барча билан тез тил топишиб кетадиган бола экан.
Шўманайдан кетишининг сабаби менинг ҳам эсимда. Шинназарнинг қулоқларини қимирлатадиган маҳорати бор экан. Иккала қулоғини теппа-тенг қилиб ҳам, алоҳида-алоҳида ҳам қимирлатаверади. Кўриб ичагинг қотиб куласан. У бу ҳунарини синфдошларига кўрсатиб қўйди. Бу бирпасда мактабга тарқалиб кетди. Энди уни барча “қулоғини қимирлатадиган бола” деб кўрсатадиган бўлди. Танаффусга чиқишди дегунча, “қулоғингни қимирлат” дея ортидан болалар эргашар, у эса қочиб синфга яширинарди. Бир юқори синфнинг девдай болалари уни ушлаб олиб: “Қани, кўрсат” деб туриб олишибди. Қўшиқчига ёқасидан олиб, қани, айт, десанг, айта олмаганидек, унинг ҳам ўша пайтда илҳоми келмай қолганми, хуллас, қулоғини ҳеч қимирлата олмабди. Унга ишонмаган болалар аввалига бақиришган, баъзилари “қани, бўл” деб қулоғига чертган, охири нега айтганни қилмайсан, деб ура бошлашибди, сўнгра ўртага олиб, бир-бирига итариб, Шинназарни тўпдай ўйнашибди. Синфдош болаларнинг эса ажратишга кучи етмабди. Ўшандан кейин уни биз қайтиб кўрмадик…
Супада ётган Шинназар Насирович ўзидан-ўзи “пиқ” этиб кулди. Ўрта мактабни битказган йили қайси бир ҳужжати чала бўлиб, ўқишга кета олмай, Хўжайлидаги мой заводига ишга кирган эди. Бир куни, пешин пайти онаси излаб келса, боласи ишда йўқ. Ёнидагилар ошхонага боришади, нари-бери излашади, топишолмайди. Бирдан шовқин кўтарилиб, цех бошлиғи, инженери ҳар томонга излатиб одам юборишади. Онаси жанжал кўтариб, барчани оёққа турғазади. Боласи йўқ! Шу орада чигит омбори бошлиғи онани чақириб, ёғли из қолдирган ботинкани қувиб кетишади. Из омбор ортидаги нарвонга бориб йўқолган эди. Қарашса, Шинназар омборнинг тепасига чиқиб, китоб ўқиб ўтирган экан. “Самарқанддаги тиббиёт институтига кетаман деб, “химия”дан тайёрланаётган эдим” дермиш. Оқсоқол шуни эслаб кулганди…
Вой-бўй, онаси Самарқандга, институтга ўқишга кирганидан сўнг ҳам ҳеч индамай изидан бориб, беш йил бирга бўлди. Уйланганидан кейин то тўрт-бешта неварали бўлгунча ҳам ундан узоқлаб кетмаган, тун ярмигача у келмай кўзи уйқуга илинган эмас. Бировлар, бу йигитнинг онаси чатоқ, деса, баъзилари она дегани ҳам шунчалик меҳрибон бўладими, деб ҳайрон қоларди. Боласи қайси жойда ишласа онасини ҳамма танирди. “Она, энди мени излайверма”, деб қанча ёлворса-да, тингламасди, ёлғизини ҳатто келинига ҳам ишонмас, худди ўзи ёнида бўлмаса, боласига нимадир бўладигандек, “мен уни бировга қандай ишонай”, деган ўй доим қалбида, энди бу фикридан уни ҳеч ким қайтара олмас эди…
У хотинининг бояги: “Вой, она бўлгани қурсин бу дунёда, жонворим-ай, агар инсон бўлганингда куюкдан ўладиган пайтинг бўлганди, жонинг тош экан”, деганини эслади.
Ўрнидан турди-да, қиблага юзини буриб, онасининг руҳига Қуръон тиловат қила бошлади…
“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 12-сон