Ё, тавба, мен уни танидим, унинг ўзи, худди ўзи. Дастлаб унга ўхшатдим. Овозини эшитгандан сўнг: “Ўша-ку”, — дедим. Яна ҳам бунга амин бўлиш учун Мамбетуллонинг қулоғига шивирлаб: “Бу одам ким эди, исми эсимга келмаяпти?” — деб сўрадим.
— Бу киши Илёс-ку, қўйдек маъраб қўшиқ куйлайдиган тенор. Ансамблдан кетганидан кейин қайсидир бир жойларда дарс бериб юрди, ҳозир нафақада…
Халқ артистининг олтмиш йиллигига бағишланган мажлис ва концертдан чиқиб, театрнинг юқори қаватидаги фойеда “швед столи” услубида ёйилган дастурхонга қўл узатдик. Озгина тамадди қилиб олгандан сўнг, тўйни давом эттиришга киришдим.
— Зиёфатнинг биринчи бўлимида сўз навбати етмаганларга микрофон бўш, — деб эълон қилишим биланоқ хоҳловчилар келиб навбатга тура бошлади. Бир қанча журнал-газеталарнинг муҳаррирлари эсдалик совғаларини беришди. Уларнинг кетидан қуда-андалар, дўстлари саҳнага келишди. Кимлардир қўшиқ куйлади. Навбатдаги қўшиқ куйлангандан сўнг у келди.
Бошида эски, ҳар-ҳар жойининг жуни тушган, лекин ўз вақтида яхшигина қамари теридан тикилгани яққол кўриниб турган попоғини қўлтиғига қисиб, аллақандай бир андишада:
— Мен ҳам Мамбетулло дўстимни табриклаб қўшиқ куйласам бўлармикин? — деди ва менга саволомуз назар ташлади. — Дўстимнинг рафиқасига бағишлаб русча қўшиқ куйламоқчиман…
— Жуда ажойиб бўларди, — дедим.
У созандаларни кутиб турмасдан, рус халқ қўшиқларидан бирини бошлаб юборди. Қўшиқчи тез-тез куйлаб юрган бўлса керак, лозим оҳангни бехато топди. Қўшиқчилар буни “тональность” дейишади. Созандасиз куйлаганда, баъзилар оҳангда янглишиб, авжида овози етмай қолади. Бунинг эса… овози ҳалиям ширали экан, жудаям ёқимли чиқди.
Зиёфат охиригача мен уни узоқдан кузатиш билан овора бўлдим. “Ё, тавба, — дедим ўзимга-ўзим, — одам деганиям шунчалик ўзгарадими, бундан ўттиз йил илгари кўрганимда тўлишган, кўрган одам ҳайратлангудек хушрўй йигит эди. У Мамбетуллони дўстим деди, демак тенгқур эканмиз-да, деб ўйладим. Аммо, унинг бу кўринишини бугунги юбилярга қиёслаб бўлмасди. Афт-ангорини ҳалқумигача майда ажин босган, юзи озғин, қаримсиқ. Ичкиликка ружу қўйган чоғи кўзларининг нури қочган, кулган вақтида ҳам чиройи очилмасди. Оғзинингми, кўзинингми бир бурчаклари акс ҳаракатланарди. Бўйинбоғининг тугуни босилиб, фақатгина бўйинбоғ деган номи қолган, холос, ички кийимидан уялди чоғи, зиёфат охиригача пальтони ечмади.
Булбулдек куйлаб юрган пайтлари унинг алоҳида ўрни бор эди. Зиёфатга келганларнинг кўпчилиги билан бирга ишлашган. Бугун уларнинг айримлари катта амалдор ёки обрўли нуроний бўлиб, ҳурмат-иззатда. Уларнинг баъзилари билан эски танишлардай саломлашиб кўришиб эди, улар лабларининг бир бурчаги билан салгина жилмайиб қуйган бўлишди-да, ўзларини ундан узоқроққа олишга ҳаракат қилишди. Пардаси кетиб, юзи очилиб, кўчага чиқиб кетган одамларни ичкилик қанчалик енгмасин, улар маълум даражада руҳшунос бўлишади, ҳар кимга аланглаб, син солиб кимдан нима чиқади, ким қандай қабул қилади — ўрганиб бўлади-да.
Ё, қудратингдан! Яратган эгам, инсонни дастлаб шундай чиройли қилиб яратса, унга ҳамма ҳавас билан қараса, берилган истеъдод орқали бошқаларнинг ҳавасини келтиргудек эъзоз инъом қилса — бандасига бундан ортиқ яна нима керак!? Албатта, “бундан бошқа нарсалар жуда кўп-ку”, де¬йишади уларнинг айримлари.
* * *
1962 йилнинг ёзи эди. Университетнинг биринчи босқичини тамомлаб, дам олиш учун поездда уйга қайтдик. Вагондаги жо¬йим пастда экан. Қаршимда яхши кийинган, сочини бир тарафга айириб, орқага қайирган, чиройли бир йигитча ётадиган жойининг бош тарафига скрипканинг футляри билан сиртига қоп кийгизилган дуторни қўяётган экан.
— Жойингни манави қизга бер, йигитсан-ку!.. — деб менга пўнғиллади.
Қиз боланинг иккинчи қаватга ўрмалаб юргани ярашмайди деб, ўзим ҳам шундай қилмоқчи бўлиб тургандим. Бунинг ақл ўргатгани эса менга оғир ботди.
Мен юқорига чиқиб олдим. Қарасам, қолган уччаласиям бир жойдан шекилли, менга ўгирилиб ҳам қарашгани йўқ. Ўзлари билан ўзлари бўлишиб, хо-холашни бошлаб юборишди. Поезд ўрнидан қўзғалди. Сўнг аста-секин кучайиб, ўзининг тарақ-туруғини бошлади. Шовқин сал пасайгандек бўлди. Ўртадаги кичкина стол¬га дастурхон ёйилиб, овқатлана бошлашди. Бояги менга пўнғиллаган бола буларнинг сардори шекилли, ҳаммаси унга яхши муомалада бўлишга ҳаракат қилишаяпти, у худди катта кишилардек сал керилиб, ҳаммасига ақл ўргатади. Менга эса бормисан ё йўқмисан дейишмайди. “Булар билан Хўжайлига қадар келиша олсам эди” дейман ичимда. Бир пайт икки қиз, икки бола кулиб кириб келишди. Улар эрталабдан буён кўришиб юрган бўлсалар ҳам, қайтадан шовқин-сурон кўтариб, кучоқлашиб саломлашишди. Ўша пайт, келганларнинг биттаси мени кўриб, “Ия!” дегандек ҳайрон бўлди, қолганлари ҳам қайрилиб, балони кўргандек қарашди. Буларга қўшилганлар ҳам ҳалиги “гердайган” йигитчани мақтаб, у нима деса шуни маъқуллаб ўтиришди.
— Ие, бу болани чойга чақирмаймизми?, — деди қизларнинг бири кутилмаганда.
Мен иккинчи қаватда пастга тушишга баҳона тополмай, чўзилиб ётибман. Қизнинг таклифидан сўнг дарров “гердайга픬га назар ташладим, у мен тарафга бир олайиб қаради-да, бўзариб ўтира берди. Буларнинг гапларига қараганда, ҳалиги ўртоғи консерваторияда ўқийдиганга ўхшайди. Аввалданоқ ҳамма унинг айтганини бажариб, кўкрагини кўтариб юборган, шекилли, акс ҳолда одам бунақа тантиқ бўлиши мумкин эмас, ёки катталардан биттасининг боласидир, дея ўйладим. Агар унинг ўзи чақирмаса пастга тушганимдан наф йўқ. Бу орада темир йўл ходимлари шапкасини кийган бир киши “кимга чой?” деб иккинчи бор қайтиб ўтиб, “ошхона саккизинчи вагонда” деб яна биттаси гапириб ўтиб кетди. Айни дамда бу иккаласиям менга зарур. У жойга бориш учун пастдагиларни ўрнидан силжишига мажбур қилишимга тўғри келади. Қизларнинг бири келиши биланоқ, “бизлар қўшиқ куйлаб, мусиқа тинглашга келдик”, деганди. Озгинадан сўнг олифта дўстимиз футлярдан скрипкани чиқариб, қорақалпоқча бир мусиқани чалди. Бир-иккита мусиқадан сўнг, дастаси суяк билан ўйиб нақш туширилган, ўрикдан ясалган дуторни қопидан чиқарди. “Илёс, қўшиқ айтиб бер”, деди қизлардан бири ноз билан. Шундай қилиб, янги ўртоғимизнинг исмини ҳам билиб олдик. Хаёлимда консерватория деганига ҳар кимни ҳам олавермаса керак. Албатта, шундай овозинг бўлса, қизлар излаб келиб, эркаланиб гапиради-да! Овоздан Худо берган экан-да, — деган ўй ўтди.
Куй-қўшиқ авжга чиқди. Мен ҳам ётган жойимдан туриб кетганимни сезмай қолибман, эшик олдида одамлар тўпланиб қолган, чой ташийдиганларга йўл йўқ. Тингловчиларнинг кўплигини ҳар қўшиқдан сўнг чалинган қарсаклардан сўнг билса ҳам бўлади.
Шу тобда эгнида у-бу солинган халтачаси бор, ўрта ёшлардаги, ўнг қўли йўқ бир киши одамлар орасидан ўтиб кириб келди. Унинг ташқи кўриниши, устидаги кийимларидан оддийгина қишлоқ одами эканлиги кўриниб турар эди. У ҳаммага салом бериб, бошини эгиб қўйди. Четда ўтирган йигит билан қиз унга жой берди. У ўтириб бўлгандан сўнг, Илёсга қаради-да, “чал, чалавер, мусиқа тинглашга келдим”, деди. Унинг ташрифи ҳам, ўзи ҳам чамаси, созандага унчалик маъқул бўлмади. Сўрашмади ҳам.
Илёс чалаётган мусиқасини тугатиб, дуторни тиззасининг устига қўйиб ўтирди.
— “Нама боши”ни чал, — деди бир қўли йўқ одам.
Илёс эшитмаган одам сингари ўтираверди. Унинг бу ўтиришидан “Сен мусиқанинг фарқини қаердан ҳам билардинг” демоқчилигини пайқаш қийин эмас эди.
— Билсанг чал!, — деди ўртоқларидан бири сабри чидамай. Илёс аста дуторни қўлига олиб, чалишга шайланди. “У энди чалади, деб ўйладим мен, чунки, бу хулқ-атвори билан “билмас экан” деган гапни кўтара олмайди”. Худди айтганимдай бўлди. Мусиқа чалишни бошлаб юборди. Ҳамма бир қулоққа айланиб жим ўтирибди. Бир қўлли киши ҳам диққат билан тинг¬лаб ўтирибди, икки кўзини созандадан узмайди. Халқ мусиқаси чин дилдан бўлмагани билан, яхши ижро этилди. Ҳамма қарсак чалиб юборди. Илёс: “қалай, қўлимдан келармикин” дегандек, ёнидаги кишига бир қараб қўйди.
— Кўз тегмасин, бўлади, — деди бир қўлли одам, — мусиқани тўлиғича чалдинг. Аммо, даст қоқишингда озгина камчилик бор экан.
Ҳамма бир қўллига қаради. Илёс киноя¬ли кулиб қўйди.
— Бармоқлар билан пастга чертиш, кўрсаткич бармоқ билан пастга, бош бармоқ билан юқорига даст тортишда камчиликларинг бор, бир-икки маротаба кўрсанг, ўрганиб кетасан.
— Балки, ўзингиз кўрсатиб берарсиз, — деди Илёс ҳали ҳам менсимагандек.
— Сен менинг чаладиган ўнг қўлим йўқ эканлигини била туриб айтаяпсанми?, — деди у бирданига қизариб. — Обкел, дуторни!?
Бир қўлли одам шундай гапирдики, овозида ўзига бўлган ишонч, қатъий буйруқ сезиларди. Илёс бирдан довдираб қолди, довдираб эмас, балки, лаҳзада ювош тортиб қолди.
— Кел, ўрин алмашамиз, — деди ҳалиги киши овозини ўзгартирмасдан ва дуторни чап қўлига олиб, Илёсни ўзининг ўнг тарафига ўтказди. У чап қўли билан дуторнинг дас¬тасини ушлаб, қопқоқ тарафини Илёснинг олдига қўйди.
— Бошқатдан ҳалиги мусиқани чаламиз, — деди у Илёсга, — мен пардасини босаман, сен чертасан.
Улар иккови “Нама боши”ни чала бошлади. Бир қўлли кишида ўша вақтда пайдо бўлган ўзгаришларни кўрсангиз эди, буни сўз билан тасвирлаб бўлмаса керак.
…Орадан ўн уч йил ўтди. Ҳамма ерда иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг ўттиз йиллиги нишонланаётган пайт. Ҳар куни уруш қатнашчилари билан учрашувлар, кун ора мажлислар дегандек.
Байрамдан икки кун аввал уйимизга отамнинг жияни Уббиниёз оға, ёнида ўзидан ҳам савлатли бир киши билан кириб келди. Икковининг ҳам кўкраклари орден-медалларга тўла, кайфиятлари аъло, кўзлари чақнаб турибди. Шаҳар ҳарбий комиссариати уруш қатнашчиларига эсдалик медал берган, сўнгра, табиийки, медални “ювишган” экан.
— Бугун жиянимнинг уйига табриклашга бораман, бир чақчақлашиб ўтирамиз десам, ўзлари келибди-ку, — деди отам уларга пешвоз чиқиб.
— Ҳали икки кун бор, сизнинг уйингиздан бошлайлик деб келавердик.
Улар ғовур-ғовур қилишиб, меҳмонхонага ўтишди.
— Қани, Султонжон қаерда? — деди Уббиниёз оға ҳалиям кўтаринки кайфиятда, — неварани чақир буёққа. Болангни ётқизиб, қўлини ҳалоллаган куни келолмагандим.
Шу пайт ташқаридан югуриб келган Султон меҳмонлар билан икки қўллаб саломлашиб бўлиб, уларга қараб туриб олди. Отам неварасини суннат қилдириб, меҳмон чақирганимизга ҳали кўп бўлмаган эди. Келганларнинг ҳаммаси болага пул тутқазиб, ёмон ўргатиб қўйишган.
— Қани, Султонжон, бери кел, — деди Уббиниёз оға, — манави менинг тўрт йил немислар билан олишганим учун берилган ўрдинни, ҳарбий комиссарнинг қўлидан ҳозиргина олдик. Шуни сенинг кўкрагингга таққани келдим. Худойим, катта бўлиб, элимизнинг ботири бўлгайсан!
— Ия, оға ўзингизда тураверса бўларди-ку, — дедим мен хижолат чекиб.
— Ўзимда, мана, тўлиб ётибди-ку, бу сенинг болангга мендан эсдалик бўлсин. Тоғавачча катта бўлганида бизни бир эслаб юрсин-да…
Унинг чин кўнгилдан ҳадя қилаётган, бу кутилмаган совғасини олмай илож йўқ эди. Меҳмоннинг кайфияти бизга ҳам юқди. Султонга ҳамма қутлуғ бўлсин айтаяпти. Уббиниёз оға билан бирга келган киши чап қўлини чўнтагига солиб пул чиқарди-да, Султонга берди. Ўша вақтдагина у кишининг ўнг қўли йўқ эканлигини бошқалар ҳам пайқашди.
Уббиниёз оға чой ичиб ўтириб, меҳмонни таништирди.
— Сапаримбет билан тенгқурмиз, мучалдош. Москва жангида қўлини снаряд юлиб кетиб, урушгани, госпиталда ётгани, ҳаммасини қўшиб ҳисобласак, бир йилга тўлар-тўлмасдан элга қайтиб келган. Мен ўқишни битириб, Нукусга ишга жойлашганимдан сўнг, ота-онамни Шўмонойдан кўчириб келдим. Икки йил ўтмай уйландим. Тўйимиз арафасида Уббиниёз оғам Чўртонбойнинг соҳилидан бир тележка ўтин обкеб бериб, зиёфат тарқагунича янгам билан уйда бўлди. Келаси йили, “мен ҳам тоғамнинг ёнига яқин турай” деб, Нукуснинг “Бойтерак овул”идан икки хонали уй олиб, кўчиб келганди… — Келсак, ўша атрофда биздан бошқа бешта фронтовик бор экан, — гапини давом эттирди у. — Ўшаларнинг орасида шу Сапаримбет билан яқин бўлиб қолдик. Учрашувга чақирсалар ҳам биргаликда борамиз, қариндош-уруғлар чақирса ҳам бирга бориб, бир-биримизнинг қуда-андаларимизни ҳам билиб олдик.
— Аммо, бу Шўмонойга қараб кетса, бизни олиб кетмайди, билмадим нима балоси бор экан, — деди Сапаримбет оға.
— Ия, Уббиниёз оға, у ёқдаги янгам билан бутунлай хайрлашган эдингиз, шекилли, — дедим ҳазил-чини аралаш.
— Эй, бола, буни ким айтди сенга? Қўй бу гапингни, — деди сал жилмайиб, — Сапаримбетнинг ҳам биздан яшириниб кетадиган жойлари бор. Бунинг эс-ҳуши концерт. Артист деса, учишга қаноти йўқ. Мактабдаги учрашувларда ҳам концерт кўраман деб, охиригача ўтиради. Бизларнинг сабримиз чидамай, кетиб қоламиз.
— Концерт бўлгандаям, кўпи билан бир ёки икки хушовоз бахши чиқади. Қолганларининг ҳаммаси шунчаки тинғир-тинғир.
Сапаримбет оғанинг бу гапларидан концертлардан кўнгли тўлмаслигини сезиш қийин эмасди. “Мен борсам, қўшиқ эшитишга, мусиқа тинглашга бораман. Ҳозир бахшининг қўшиқларини аёллар айтадиган бўлиб кетган. Айтганда ҳам дутор эмас, оркестр билан айтади. Айтишида камчилик йўқ, мусиқа ҳам мароми билан куйланади, аммо бахши-бахшида”, — деди у.
Таомдан сўнг меҳмонлар рухсат сўрашди. Уларни кузатиб қўйишга чиқдим.
— Сапаримбет оға, — дедим у кишини қўлтиқлаб туриб, — 1962 йил Тошкент-дан қайтаётганда эсингиздами… вагонда, консерватория талабаси Илёс деган болага дутор чалишни ўргатганингиз эсингиздами?
— Вой-бў, — деди у узоқ ўйланиб, — эсимда бўлганда қандоқ, урушдан келгандан буён ҳеч қаерга чиқиб кўрмагандим. Бир ойга яқин элдан ташқарида юриб, овулни соғиниб келаётсам, дутор чалиб, қўшиқ куйлаётганларни эшитиб, чидаб тура олмадим. Созанда бола экан, ҳавас қилиб борганимни билмай қолибман. Лекин, йигит ўта такаббур экан, истар-истамас қабул қилди. “Таниган жойда бўй қадрли, танимаган жойда тўн қадрли” деганидек, кийимларим ҳам эски, ўзим ҳам ярим жон бўлгандан кейин ёқтирмади.
Ўша кундан бошлаб Сапаримбет оға билан баъзи-баъзида учрашиб турдик. Ке-йин билсам, у ёшлигидан дутор, ғижжак чалиб бахшиларнинг этагидан тутган экан. Чимбой атрофида ҳалигача Қурбонниёз бахшининг номи эсга олинади. Етмишинчи йиллари адабиётимизнинг ёрқин намояндаларидан бири, истеъдодли шоир Давлен Айтмуратовнинг “Қорақалпоғистон” деб номланадиган, “Муҳаллес” мусиқасига мослаштириб ёзган қўшиғида… “Эҳ, Қурбонниёз бахшининг меҳр билан чалган созин-ей” деб, юртимизнинг энг атоқли нарсалари ёнига унинг ҳам созини қўшиб улуғланган сатрини ўқигандим. Бу киши ўша бахшига шогирд бўлиб, кейинчалик, унинг ёнида ғижжак чалиб юрган экан.
— Урушдан аввалги йилларнинг бирида, Тўрткўлда бахшилар танлови бўлди. Чимбой ҳокимияти Қурбонниёз оға бошчилигида, уч-тўрт одамни танловга жўнатди. Аравадаги отимиз битта, ўзиям ориққина экан, йўлда икки-уч жойда тунаб, етиб борсак, танлов бошланиб кетибди. Қурбониёз оғам чанг босган юзини чала ювиб, ўртага чиқиб кетди. У замонда, аслида қай замонда бўлса ҳам унинг овозидек жаранглаган, баланд пардали овоз ҳеч кимда йўқ эди. Даврани қойил қолдириб биринчи ўринни олди. Эртасига созандалар танлови бўлди. Мени ғижжак чалишга ёзиб қўйган экан, Қурбонниёз дуторчи созандалар гуруҳига ёздирди. “Бошингни баланд тут, кўкрагингни кўтар. Бу дунёни унутиб, куйнинг ичига кириб кет, бола, кечадан буён кузатиб юрибман, келганлар ичида сендан ўтадигани йўқ”, деб мени осмонга чиқарди. “Ҳеч кимга қарама, кўзинг чопиб бораётган отдан бошқасини кўрмасин, дастлаб “Қора йўрға”ни, кейин “Нор ийдирган”ни чал, ёки “Тўрғай” мусиқасини чаласанми?”, деб сўрайди. Миям ғувиллаб, қулоғим ҳеч нарсани эшитмасди. Дастлаб қўрқиб турувдим, Қурбониёз оғанинг гапларидан кейин, мени қўйиб юбор, деб турган Бойчиборга ўхшатдим, ўзимни. О, укам, шундай қилиб, ё Худо деб, ўртага чиқиб кетдим.
Тушдан сўнг танловнинг якуний қарори қабул қилинди. Ҳайъат аъзолари тортишиб, бақиришиб ётибди. Икки кўзимиз ўшаларда. Бир пайтлари Қоражон бахши деган киши, уни Бердақ шоирнинг ўғли дедими, укаси дедими, билмадим, жаҳли тез экан, ўртага чиқиб кетди.
— Эй, йигитлар, инсоф дегани борми ўзи сизларда, у болага қандай қилиб, меҳнатини кўриб туриб иккинчи ўринни берасиз?, — деди жаҳли чиқиб. Сўнг билсак, гап мен ҳақимда экан. Нега икки биринчи ўринни ҳам Чимбой олади? Ҳамма гап шунда экан. Шундай қилиб, созандалар танловида иккита биринчи ўрин берилди.
* * *
Бу икки ёшуллининг қариб, бандаликни бажо келтургунига қадар ўзаро муносабатини, дўстлигини кўриб жуда хурсанд бўлар эдим. Бизнинг Уббиниёз оғамиз ёшлигидан етим қолиб, мактаб кўрмаган, ўзининг исмини ҳам ёза олмасди. Лекин, қалби уйғоқ, кўнгли сергак дегандек, эшитганини унутмай, кўрганини эсдан чиқармайдиган, халқ удумларини яхши биладиган, ҳазил-мутойибага мойил киши эди. Сапаримбет оға эса, ижодга нисбатан истеъдод учқунлари бор, зийрак, унда замонавийлик сезилиб турар эди. У уч қиз орасидаги бир ўғлини кичкина вақтидан бошлаб дуторчилар тўгарагига топширди. Топширганда ҳам, ўзи обориб, боласи чиққунча синфнинг эшигида кутиб ўтирар эди. Ёлғиз юрмасин деб, унинг ёнига қўшнисининг ўғлини ҳам қўшиб қўйди. Болалар дуторни тез ўрганиб олишди. Сўнг иккаласи ҳам мусиқа билим юртининг созандалик бўлимига кириб ўқиди. “Ҳар кимнинг бир танаси бор, ҳўкиз бўлади-ёв деган таъмаси бор” деганларидек, ўша бола талаба бўлгандан сўнг ҳам яхши созанда қилиш учун ўзини фидо қилиб юрди. Боласининг энг яхши созанда бўлишини орзу қилар эди. Бошқа ўқув, бошқа иш кўзига ҳам кўринмади. Шундай кунларнинг бирида, қўшни уйнинг боласи катта мутахассисларнинг синовидан ўтиб, республика миқёсидаги концертларга таклиф қилинди. Унинг ўғли эса билим юрти даражасидан кўтарила олмади.
Ёши саксонларга келганда Уббиниёз оғамиз тўшак тортиб ётиб қолди. Мангу боқий дунёга кампири ўзидан аввал кетган чол беҳуда ётиб қолмагай, бу дардни кўтаришнинг қанчалик оғирлигини бошидан ўтказган киши билади. Сапаримбет оға тез-тез келиб, дўстига бор меҳрини бериб кетар эди.
Бир сафар Уббиниёз оғани кўришга борганимда, Сапаримбет билан бирга ўтирдик. “Билмаган заҳар ичибди” деганларидек, созандаликка ўқиган боласи ҳақда сўрабман.
— Бизга ўзи Худойим, аввал бошидан бу нарсадан насиба бермаган экан, укам. Акс ҳолда, ўн икки мучамдан бири, айнан ўнг қўлимга ўқ тегармиди? Бу ҳам камдек ўғлимнинг насибаси эса бошқа касбдан экан…
Нимагаям сўрадим, деб тилимни тишладим. Бироз ўтгач, тасалли бердим.
— Табиатнинг, биологиянинг бир қонуни бор экан, одамнинг хулқ-атвори, Худо берган истеъдоди, кўпинча, бир насл сакраб ўтаркан. Мен буни ўзимнинг тажрибамдан ҳам биламан, — дедим Сапаримбет оғанинг кўнглини олиш учун, — масалан, менинг эмас, боламнинг хулқ-атвори, гапириши, ҳаракатлари отамнинг худди ўзи. Туққан боласи мен у даражада ўхшамайман. Иншооллоҳ, сизнинг невараларингизнинг бири сизнинг созандалик ҳунарингизни такрорлашига ишонаман.
…Ўғли билим юртидан сўнг университетни тамомлаб, ихтисослиги бўйича бир вазирликнинг иқтисод бўлимини бошқариб кетди. Энди унинг ҳамма умиди невараларидан эди. Аммо, тақдир уни бу кунларга етказмади. Невараларининг олди мактабга борган йили омонатини топширди.
…Мен Илёсни кечаги зиёфатда кўрганимдан сўнг тун бўйи санъат ва асл санъаткор қисмати ҳамда бугун сизга ҳикоя қилган воқеалар ҳақида ўйладим.
Қорақалпоқчадан Соҳибжамол Есемуротова таржимаси