Тўлаганнинг оиласи туш кўришга ихтисослашган. Етмишдаги отасидан бошлаб, етти ёшли боласигача ҳар куни туш кўриб чиқади. “Бугун нима туш кўрдинг?” деб сўраш бу уйда одатга айланган. Ҳатто келган меҳмондан ҳам кўрган тушини сўраш унутилмайди.
Ушбу “дастур”га содиқ бўлган оила аъзолари бугун яна туш кўриб чиқишибди. Биринчи бўлиб сўзни ота бошлади:
– Тушимда, чанқаб келган эканманми, чироғим, чой қўйиб юбор, десам, мана бу келининг сўзимни эшитмаганликка олиб, кувидан уч коса муздай айрон сузиб берди. Учала косани бирин-кетин симириб юборибман.
– Уч коса айронни бекор ичибсиз-да, энди уч кунгача бўрон туриб, совуқ бўларкан!–деди кампир бош чайқаб.— Ичмасангиз бўмасмиди-я?!
– Нима қилай, келининг бергандан кейин ичдим-да?!
– Ҳушёр бўлиш керак эди, тушда аёл душман бўлишини айтгандим-ку!
– Бу қоқвошларга берсанг ҳам ёқмайсан, бермасанг ҳам!– тўнғиллади ташқаридан келини Сиқсима. Ичкаридагилар унинг пичингини эшитмаганликка олишди.
– Сен бугун туш кўрмадингми? — деди чол кампирига ўгрилиб.
– Кўрдим, бир эмас иккита туш кўрдим! – деди кампир керилиб.
– Буви, кўзингиз кўр бўлса, тушни қандай кўрдингиз? — гапга аралашди етти ёшли невараси Серик.
– Гапирма сен! — деди кампир жаҳли чиқиб. — Қаёқда у? Йўқол, кўзимга кўринма!
– Йўқолмасам ҳам кўринмайман, – деди Серик ўтирган жойидан қимирламасдан.
– Нима қиласан бола билан тенглашиб, ундан кўра тушингни гапирсанг-чи, –деди чол бетоқат бўлиб.
– Тушимда уйга кирсам, манов келин тўшагида шир яланғоч ўтирганмиш. Қароғим, отанг кириб қолади, бўксангни ёп дебман…
– Ё баракалло, Худо берибди унда, келинни яланғоч кўрган бўлсанг, яқинда неваралик бўларканмиз-да! – деди чол мамнуният билан.
Кампир “иккинчи тушим”… деганда яна ташқаридан келиннинг каноп йиртилганидай нохуш овози эшитилди:
– Бугун ҳаммаларингнинг тушларингга кириб чиқибманми дейман?! Ўзиям кўринмаган жойим қолмабди. Ниятларингни сезиб турибман, икки сўзнинг бирини “бола”га тақаяпсанлар! Хомтама бўлмаларинг. Осон эканми бола туғиш?! Жон бериб, жон олиб, икки болани туғдимми? Туғдим! Етади, бошқа туғмайман, дедимми, туғмайман! Бола керак бўлса, сиз эна, ўзингиз туғинг! Ана, чолингиз ёнингда қайқайиб ўтирибди. Худди ўзларинг ўн-ўн бештани туғиб, қойиллатиб қўйгандай оғиз кўпиртирасизлар!
Келин тушмагур оғзига келганни қайтармай, шу алпозда роса бобиллади.
Кампир тили танглайига ёпишиб, қарши ҳужумга ўтолмади.
Чол оғзига қум тиқилгандай, бутунлай соқовга айланди.
Тўлагандан ҳам садо чиқмади.
Анчадан кейин кампир ўзига келиб:
– Чироғим, бировнинг тушига бунақа жаҳл қилинмайди, — деди мулойимлик билан. – Бугун ўзи чап томонинг билан тургандай, феълинг бузуқроқ кўринаяпти, бирорта ёмон туш-муш кўрмовдингми, ишқилиб?
– Нима деб ўйловдиларинг?! – деди Сиқсима хонага катта чойнакни кўтариб кириб, хонтахтанинг чеккасига дўқиллатиб қўяр экан. – Сизлар туш кўрганда мен кўролмайманми?! Кўрдим!
– Гапни кўрган тушингдан бошламайсанми, аллақачон эшитиб, таъбирини чақиб, нима бўлишини айтиб берардик, айланай!
– Бўпти, айтсам айтайин. Тушимда худди мана шу ўнгимиздагидай эзмалашиб ўтирган эканмиз. Бир пайт қоп-қора қуюн пайдо бўли, ҳамма ёқни остин-устин қилиб, вайронини чиқариб ташлади!
– Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ! — деди чол қалтираб.
– Субҳон олло, субҳонолло! Девонага етти танга аташ керак, етти танга…— деди кампир капалаги учиб.
– Ишқилиб ўзимиз омон қопмизми? — деди Тўлаган.
– Омон қолишга қопмизу икки бошли аждаҳо учиб келиб, отамнинг белидан ўраб, бўға бошлабди!..
– Айтма, у ёғини айтма!..— деди кампир титраб.
– Бўғиб, кейин юта бошлабди!..
Чол ранги бўздай оқариб, деворга ҳолсиз суяниб қолди.
– Бўлди, ўчир, у ёғини айтма! — деб бўкирди Тўлаган, лекин Сиқсима эрининг гапига эътибор қилмасдан давом этди:
– Отам бояқиш оёқларини бир-икки силкитиб, аждаҳонинг ичига бутунлай кириб кетди.
– Мен шунда қайда эканман? — сўради кампир қалт-қалт титраб.
– Қўрққанимдан додлаб, кўчага отилиб чиқсам, сизни бир қоп-қора, баҳайбат туя курсиллатиб чайнаб ётган экан!
– Шўрим қурсин-а, нима дейди бу?! — деди кампир тиззаларига шапатилаб уриб.
– Шунда сиз “Тўлаган, бўтам, ўладиган бўлде-е-ем!” деб чинқира бошлабсиз. Чинқириқни эшитиб, Тўлаган югуриб келувди, туя уни олдинги оёғи билан бир уриб, муккасидан йиқитиб, устига чиқди-да, чўк тушиб ётиб олди.
– Ўзинг-чи, ўзинг нима қилаётган экансан?! — деди Тўлаган алам билан.
– Ўзим шуларни маза қилиб томоша қилаётган эканман.
– Тилинг кесилгурнинг “маза қилиб” дейишини қара! — деди кампир фиғони чиқиб.—Ҳа балога йўлиққур, шунақаям бехосият туш кўрасанми?! Ҳай, чол, энди нима қиламиз,?!
– Хосиятсиз одамнинг тушиям бехосият бўларкан, – деди чол иягини қашиб.
– Ўзларинг кўрган тушларинг жуда хосиятлимиди?! — тўнғиллади Сиқсима.
– Бош-кўздан садақа, дарров чиқиб, девонага етти танга бериб келинг, чол!
– Қайдам… Бу кофирингнинг тушига жонлиқ сўйиб, қон чиқарилмаса, етти танга билан қутулмасак кераг-ов.
– Ҳей, сен, бугундан бошлаб бундай туш кўришни бас қил! — деди Тўлаган бўғилгидай бўлиб.
– Бас қилмайман!
– Бас қиласан! Бугундан бошлаб, вўпшим, туш кўрмайсан!
– Кўраман!
– Кўрмайсан!
– Кўраман!
Қозоқчадан Меҳмон Исломқулов таржимаси