Розия Тужжор. Ҳам олма, ҳам юлдуз (ҳикоя)

Икки томонида баланд арча дарахтлари қад кўтарган тошлоқ йўлдан ҳорғин кетиб борарди. Ўнг томонда кўпқаватли бетон уйлар терилиб кетган бўлиб, улар тугаган жойда бир тоғ кўринарди. Тоғ худди чалқанча тушганича оғзини очиб осмонга юзланиб ётган оёқлари узун аёлга ўхшарди. Қўшни аёллар қўлларидаги бўш саватлар билан гўшт, нон ва сут излаб чопишган ёки узундан узун навбатларга турган чоғларида ўзаро гап сотишиб, уни “ухлаётган гўзал” деб аташарди.
Бозорчага етганида болалар тўп ўйнашаётган жойда тўхтади. Кун ботар чоғидаги ғира-шираликда болаларнинг чеҳралари кўринмасди. Аммо уларнинг қичқириқлари овози араваси олдида турган аравачининг овозини ўзига сингдириб юборарди. Арава серсув қизил олмаларга тўла эди. Аравачи қичқирди. Аммо “олма” деган сўз эшитиларди.
Аёл тўп кетидан югураётган болаларга қаради. Тўп қизил олмага ўхшар, уларнинг оёқлари остида ғилдирарди. Қадамларини тезлаштирди ва аравага етиб борди. Битта… учта… бешта… Ухлаётган гўзалга қараркан олмаларни бирма бир олар ва целлофан халтачага соларди. Унга қаради: осмонга қараб ухлаб ётар ва оғзида қуёш олмаси турарди. Уйга етиб олгунига қадар шамол унинг халати этакларини уёқ бу ёққа тортарди. Мод уйда, ҳар доимгидай қоронғухонасида ( қоронғухона – фотоплёнкалардаги суратларни юзага чиқариш хонаси(тарж.). эканлиги аниқ эди.
Зиналардан юқорига кўтарилди. Шиша эшикдан ўтди.
Лифтнинг тугмасини босди. Квартиранинг эшиги қаршисига етганидан сўнг калидлар шодасини чиқарди. Ичкарига кириб эшикни ёпганидан сўнг Моднинг овози чиқди:
– Чироқни ёқма!
– Салом!
Қўлидаги бир целлофан халтача олма билан ошхона томонга ўтди. Ошхонанинг ярим қоронғу ғира-ширалигида қамишдан тўқилган саватни олди. Ичидаги нарсаларни бўшатди. Олмалар бирма бир саватга тўкилдилар. Сув кранининг жўмрагини очди. Идишлар турадиган мебелдан чироғ ёруғида нур зарраларини ўзида парча-парча қиладиган хрустал идишни қидирди. Деразадан узоқ-узоқларга қаради. Қуёш қизил олма эди, ухлаётган гўзалнинг юзи эса қоронғулик тўри остида кўринмай кетган эди.
Ювилган олмаларни устидаги сув томчилари тушиб кетмасидан олдин идишга терди. Оҳиста-оҳиста қадам ташлаб меҳмонхонанинг ўртасига келди. Идишни столнинг ўртасига қўйди-да қоронғухона томон юрди. Елкаси билан унинг ёғоч деворига суянди-да эшикни икки марта тақиллатди. Мод икки томонга суриладиган эшикни очди. У қизил нур остида ўтирганича қисқичлар билан осиб қўйилган суратларга қарарди. Шохлари тарвақайлаб кетган дарахт, турли жойлар ва манзараларнинг суратлари.
Стол томонга қайтди. Шафоф сув томчилари юзасида ялтираб турган энг катта олмани олди ва у томон узатди. Мод унга бир қараб ҳам қўймади. У ўрнидан турганича сув томиб турган суратларни у ёқда бу ёққа оларди. Меҳмонхонанинг деразаси томон қайтди. Парданинг бир чеккасини четга сурди. У ўша ерда – қоронғулик тўрининг нариги томонида осмонга қараб чўзилиб ётарди. Агар парда четга сурилганида эди…
Нафасининг иссиғидан дераза ойнасини туман қоплади.
Телефоннинг жиринглаган овозини эшитиши билан гўшакни
кўтарди. Дугонаси эди: “Нега ҳалиям у ердасан?” Бармоқларини тишлади: “Оҳ… туғилган кун байрамига чақирилган эдику!”
Гўшакни қўйиб қоронғу томон югурди.
– Бизни туғилган кун байрамига чақиришган эди!
Бориши керак эди. Рангбаранг пуфаклар, шоколадли тортлар, заррин қоғозлар, ёнган шамлар бор жойга, ёруғлик билан тўлиб-тошган жойга бориши керак эди.
Столга суянди. Олмалардан бири ғилдираб кетиб ерга тушди.
– Ўзим кетаверайми?! Сен бормайсанми?! Яъни ўзим?!
Кийимлар осилган шкаф томон борди. Кийимлари орасидан кўкрагида кумушранг юлдузлари бор қора кўйлагини олди. Пардоз-андоз столи олдида ўтириб фақатгина кўзларига сурма суртди. Сочларини юқорига тўплади-да бир шода марваридни унга ўради. Бўйнига тақиладиган маржонининг ипларини боғлаётган қўллари қалтиради.
– Мод… Мод!
Келди.
– Маржонимни боғлашвор!
Мод қўлларининг унинг сочлари билан туташуви ва…
меҳмонхонанинг полига ёғилган шаррос ёмғир.
– Оҳ… Йўқ!
Қаттиқ шамол деразанинг икки табақасини ҳам очиб юборди-да яна қайтариб бир-бирига урди. Мод деразани ёпишга югурди.
– Қандай қилиб териб оламан энди?
Ерда сочилиб ётган маржон доналари ярқираб нур сочардилар.
– Менам афсусдаман, азизам!
Буни Мод айтдими?!
Бир оздан сўнг бошида шолрўмоли ва эгнида қора мантоси билан ҳовлида турарди. Ҳовлида тўп ўйнаётган болалар ҳам,
қўлида олма тутган одам ҳам йўқ эди. Фақатгина ўша узоқларда чўзилиб ётган тош аёл бор эди.
“Мен бир байрамга боряпман”.
Қўллари билан ўзини қучоқлаб олди-да тун бағрида югуриб кетди. Бир сал наридаги кўпқаватли уйнинг зиналаридан кўтарилди. Шиша эшикдан ўтиб, лифтнинг тугмасини босди. Бир неча дақиқадан сўнг шодиёна овози келаётган квартиранинг қаршисида тўхтади. Эшикнинг қўнғироғини босиши билан гул олмаганлиги эсига келди. Эшик очилди. Дугонаси эди. Юз- кўзларини пардоз-андоз қилиб олган, сочларига бигуди ўраган, этаклари эса доғ эди. Унинг орқа томонида бир тўда бола заррин қоғозлар, қизил, сариқ ва бинафшаранг пуфаклар ҳамда қоғоздан ясалган юлдузлар орасида сакраб-сакраб ўйнашарди. Ошхонанинг ярим очиқ эшигидан олдига этак тутилган юзида ниқоби бор бир эркак қўлида бир идишни тутганича ўнгга ва чапга бориб-келарди:
– Тортни кесайми? Ликопчаларни келтирайми?
Меваларнинг пўчоқларини босиб ўтди. Пуфакларни ёраётган болаларнинг қий-чувидан кўзларини юмиб олди. Болаларни ўз атрофида йиғиши ва уларга тортни бўлиб бериши керак эди. Тортни шундай бўлиш керакки, барчага етсин. Дугонаси билан эри меҳмонхонага кириб келишган, юзларида ниқоб тутганларича рақсга тушишарди. Қизариб кетган оғизлари очилиб қолган, болалар эса уларнинг атрофини ўраб олганларича шодон кулишар, қий-чув солганларича сакрашарди. Шамлар ағдарилди. Пуфаклар ёрилар, болалар бир-бирларининг оёқларини босиб олишарди. Улардан бири бошига қоғоздан ясалган тож кийиб олди.
Тортни кесиши керак эди. Аммо қўллари қаттиқ қалтирарди. Болалар тортга ҳужум қилишди. Оҳ… қандай байрам… ҳақиқий бир шодиёна! Қўлини пешонасига қўйди ва аста-секин орқасига тисланди. Эшикни очди-да ташқарига югурди.
Юзига нам ҳаво урилганидан кейин ёмғир ёғаётганини сезди. Олдинига аста-секин, сўнгра эса тез-тез шағал йўлдан кета бошлади. Совуқ ва оғир кўпқаватли уй сариқ кўзлари билан унга қарарди. У эса ҳалиям ўша ерда эди. Совуқ ва оғир чўзилганича булутлар томонга қарарди. Ёмғир тезлашган эди.
Шошмасдан олдинга қараб кетарди. Қоғоздан ясалган тожи ғижим бўлган, халатининг этаги эса оғирлашиб қолганди. Тепага қараб кўтарилиш йўли ёна ва нафасни сиқувчи эди. Тўхтади. Орқасига қаради. Ёруғ деразаларнинг барчаси сариқ, фақатгина бир дераза қизил рангда эди. Юзини бурди. У ерга бориши, У каби чалқанча тушиб ётганича унда ҳам олма, ҳам юлдуз бўлган осмонга қараши керак эди.
ПАРВОЗ
Кунботар токларнинг елкасига қўнган. Ковушларимни ечиб, оёқларимни сув салқинлигига топширдим. Кунботар елкам ёйида иккита қанот ўстирган бўлиб, балким бир соатлардан кейин оҳиста буғланганича ложувард сувда йўқ бўлиб кетса керак.
Дарахтлар ортига яширинган дарахтлар тепасидан қишлоқни кўрса бўладиган бир оралиқ топдим. Сув шивирлаб қўшиқ айтар, мен эса гоҳ кўнгил бериб, гоҳ кўнгил совуб у билан бирлашаман-да бирга-бирга кетаман. Тошларнинг устидан ва остидан, ҳайҳайлаганча ва ҳарсиллаганча бирга кетамиз, бирга югурамиз ва бирга келамиз. Қаердан… қаергача?
Бу ердан ер ости дарёсининг у томонигача. Юқори маҳаллагача. Узоқдаги харобаларгача. Қишлоқ қабристонигача. Чароғон узумзорларгача. Сўнгра айланамиз: қишлоқнинг атрофини, тегирмонниг атрофини, боши эгик лойқа сувли дарёлар аторфини ва сут буғдойи бошоқлари омбори атрофини. Қайтганимдан сўнг сенинг оёқларинг изи тушган ва бугун кечаси яна бир бор сени кўргани келмоқчи бўлган ўша тупроқни етти марта тавоф қилганимга, етти марта қайтиб келганимга, етти марта кўрганимга ва етти мата ўпганимга амин бўламан.
Узоқдан тутун устунлари кўринади. Кунботарнинг симобий ранги унда шовқин уйғотган етти баланд устун. Етти устун сувда чайилган гуручлар ва сенинг келишинг шарофатига сўйилган қўйларнинг гўшти солинадиган бир неча пудлик қозонларнинг борлигидан дарак беради. Сен бир соатдан кейин келасан. Шамол ҳам палов сузилган лаганларнинг ҳамда ёмон кўзларни оловда куйдирадиган исириқларнинг ҳидини олиб келади. Худди ҳозир ҳам чолғучилар чалган куйнинг, шунингдек, оёқяланг ва кўзлари чақнаган ҳолда уларнинг ортидан югурганларича уларга жўр бўлиб қўшиқ айтаётган болаларнинг овозини олиб келаётгандай.
Шодлик бир йўловчидир. У уйдан бу уйга, у маҳалладан бу маҳаллага ўтиб юради. Унинг учун ҳеч қандай девор, ҳеч қандай эшик зулфини ва ҳеч қандай занжир йўқ. Бунда ҳамма бир- бирини топа олади ва отини айтиб чақира олади. Худди сен яхши кўрганингдек.
Бир болакай қишлоқдаги энг баланд ёнғоқ дарахтининг тепасига чиқиб олганича, ҳар доимги одатга кўра, қишлоққа кириб келаётган биринчи йўловчини кўриши билан жар солиб, қишлоқ аҳлини бундан хабардор этади. Ундан салгина нарида баланд бир шохда худди фазода чизилган қоп-қора сўроқ белогисига ўхшаган бир қарға қўниб турибди. Уни кўриб кўнглим айнийди. Оғир, оғир.
Айтгандай, нега бу ерда турибман? Балким узоқ муддатли ваҳима ва қарама-қаршилик мени бу ерларга етаклаб келгандир. Балким…
Кунботар токларнинг елкасидан учиб кетади. Менинг қанотларим ўз тусини йўқотади. Қишлоқ алангалар, ранбаранг фонуслар ва тўрсимон чироқлар ёруғида чарақлайди. Сувга тушган тош тўлқинлар устига тўлқинлар, айланалар устига айланалар солади. Мен эса орқамдаги ўрмоннинг қоронғу бурчагида, қаршимдаги дарахтларнинг шовқин-суронида ва оқаётган сувнинг шивирлаб қўшиқ айтишида ўша кунни эсга оламан.
Мен борман ва отам. Машина, энг катта тезлик. Ҳаракат ва қочиш. Шаҳар ва шовқин-сурондан қочиш. Илонизи йўл ва дарахтларнинг бир-бирига ёпишиши. Яшил рангдаги узун бир чизиқ ва дарё тоқида нурнинг акси. Ўрмон, ҳамма ёқ яшил. Қоялар юзасига ўйиб туширилган. Вақт чизиғи синган. Ғам чегарасининг у томонига отиб юбориш. Барчаси шодлик ва руҳнинг чўзилиши.
Ногаҳон ёруғлик чакмонига ўралган баланд бўйли одамнинг қоматига ўхшаб кетадиган узун бир нур устуни тушади. Кескин берилган тормоз. Айланиш ва яна айланиш. Баланд бир овоз. Тошга урилиш. Тўсатдан тўхташи. Нафаснинг ҳам. Қўрқувданми ёки тинчланганликдан? Менинг оғзим очилиб қолган. Қичқириқсиз. Отам қўлини юзига босди.
Қарайман. Бир дарахтни кўраман. Тик ўсган. Унда кўзгунинг катта-кичик бўлаклари, сеҳрли бодомлар, минг кўзли гуллар… Ишонмайман. Аммо бу ҳақиқат. Дарахтда кўзгу бор, кўзгуда эса ариқ, майсазор, ўрмон, булут ва шу томонга келаётган одам кўринади.
– Ҳеч нарса қилмадими?
Отам бошларини ҳайрат аломати билан сарак-сарак қилади:
– Ишонгинг келмайди!
Бояги одам орқасига бурилади ва дарахтга қарайди. Ғурур ва шукуҳ билан:
– Кўрганингиздек, бор.
Дарахт осмондир ва дарахт дарё, дарахт қушдир ва яна дарахт…
Ўша одам сенсан.

* * *

Қишлоқ уйғоқ. Тун елкаларига қўнган бўлсада, уйғоқлиги ярақлашларини ўша чироқлар, алангалар ва юлдузлар ёруғида кўрди. Қарғанинг сўроқ белгисига ўхшаб кетадиган шарпаси ҳам йўқолган. Болакайнинг қомати ҳам. Аммо аниқ келасан. Биламанки келасан.

* * *

Баҳор бўлганда келамиз. Яна ўшандагидай мен борман ва отам ҳамда гуллар ва майсаларнинг ерга ва тоққа ёғаётган ёмғири. Қишлоқ беҳушдир, майда-майда ёғаётган кулранг ёмғирлар оғушида. Ҳануз дарахт сеҳрли бодомлари билан мағрур ва тик турганича қараб турибди, унинг нигоҳида эса булут, йўл ва ёғаётган ёмғир. Энди ойналар унинг танасидан ўтиб, шохларга етган.
Дарахтнинг кафтларида аланга. Сен эса ҳалиям унга томоша қилиш билан бандсан. Отанг сенга қарайди ва салом овози эшитилади:
– Салом, эски дўстим. Яна бизни ва қишлоғимизни эслаб қолибсизда? Хуш келибсиз!
– Нур сотадиган кишига салом!
– Мен қишлоқнинг муаллимиман.
Отам жилмаяди:
– Айтдимку нур сотасиз деб.
– Бизнинг қишлоғимизга хуш келибсиз!
– Қишлоқларинг осойишта экан. Шаҳарга қараганда анчагина тинч ва жоннинг ҳузури. Бир неча кун қишлоғингизнинг меҳмони бўлсак бўладими?
Бу қишлоқда ҳар бир йўловчи учун жой топилади.
Сенга қўшилиб борамиз. Сенинг табассуминг эса юзларингга қўшилиб кетган. Ўтиб кетаётиб барча уйларнинг руҳиятига сингиб кетасан. Қишлоқнинг барча аҳолисининг қувончлари ва қайғулари сенга таниш:
– Карбалойи, салом! Эшитдим: мушкулинг осон бўлибди.
Муборак бўлсин!
– Авс Ражаб, худо сенга қувват берсин! Ишингнинг ярми битиб қолибдику!
– Бувижон, Рустамингдан қандай хабар бор? Яқин орада хат ёздими?
– Ғуломали, сумканг билан китобинг қани? Мактабинг йўқми сенинг?
Келамиз ва қоламиз. Руҳиятингнинг чек-чегараси йўқ.
Денгиздан сачраган бир томчи сувни кўраман.
Ҳеч қанча вақт ўтмай отам билан бир нарса тўғрисида гаплашасан. Кўнглингдан кечган бир нарса тўғрисида. Ва отам…
– Сизнинг бирлаштиришингизни маъқуллайман.
Маъқуллайман.
Ҳаммаси тезда юз беради. Ҳатто менинг дейишим ҳам…:
– Мен ҳам.

* * *

Тун нигоҳи остида ноғора ва қўшноғораларнинг овози баландроқ ва янада баландроқ эшитилади. Ўзи билан бирга болаларнинг шовқини ва аёлларнинг шовур-шувирини олиб келади. Улар қўлларида фонус тутганларича тепаликдан юқорига ўрлайдилар.
– Ҳой, қаердасан келин? Қаердасан?
Бир бош узум сувнинг ўртасига тушади ва оҳ чекади.
Қўлларимни оғзимга кўзача қилиб бақираман:
– Мен бу ердаман… Бу ерда.
Фонуслар яқинроқ келадилар. Улардан таралаётган ёғду юзимни кавлайди. Энаганинг шубҳа-гумонга тўла овози эшитилади:
– Қаерда туриб олдинг? Яна ҳамма уни кутиб олишга бораётган бир пайтда-я?!
Қишлоқ этагига бош қўйган йўл чизиғига қарайман:
– Бораман, ҳозироқ. Фонусларингни нари олинглар. Худо ҳаққи.
– Ҳар доим ҳаммадан ажралиб юрасан, қизгина!
Улар кетадилар. Мен эса юзимни юваман: узумзорлардан ўтиб келадиган ва ҳушидан айрилган ўша сув билан; дарёга қуйиладиган ўша сув билан; ўша дарахтнинг ёнидан ўтадиган ўша дарёга; …. ўша дарахтнинг…

* * *

Ишқ дарахтининг ёнида турибман: оқ кўйлакда. Тўлқинларга бўлиб ташлайман ва кўнгил боғлайман. Минг бўлакка бўлиниб кетаман ва яна бирлашаман. Одамлар елкама-елка бўлиб, қизил, сариқ ва мовий дастрўмолларини ҳавода елпийдилар. Ноғора, қўшноғора ва яқинларнинг табрик овозлари, тутаётган исириқ ва ёнаётган ўтинларнинг ҳидлари, қизил учқунлар ҳамда руҳимизни бир-бирига пайванд этадиган меҳрибон хутба овози.
– Кўряпсанми? Бу ерда нафас олса бўлади: яшаш учун ва ҳатто ўлиш учун ҳам. Ҳеч қаер бу ер эмас. Қишлоқ… Қишлоқ. Ерда минг илдизи, осмонда минг шохи бор.
Куламан.
– Бу ер сенинг туғилган жойинг. Меникичи?
– Туғилган жой шундай бир жойки, уни севиш мумкин. Севги эса кўлмак сувнинг устидан ўтиб кетадиган ёрқин бир жимирлашдир.
– Ёки шамол кўлидаги қоқи ўт.
– Баркалла! Ёки қоқи ўт…
Одамлар аста-секин тарқалишади: қизил табассум ва тер томчилари билан. Дарахт ёнида эсдалик учун суратга тушамиз ва у ердан узоқлашамиз. Одамлар йўлдан қишлоққа қайтишади. Биз эса ўртадан кесиб ўтган тўғри йўл билан ўрмонга борамиз. Дарахтлар елимларининг ҳиди, ҳаво намлиги ва номсиз гулларнинг ҳайратли нигоҳлари. Бир дарахтнинг орқасидан кичкина бир шайтонча пойлайди. Унга қарата тош отасан.
– Ҳей! Дуо ва тортишув учун ҳам вақт ажратиш керак эканлигини бизга эслатгани келдингми…? Чучварани хом санабсан! Бу орзуйингнинг оғир юки то абад елкангда қолиб кетади! То абад.
Шайтонча бир чийиллаб қўяди-да дарахтлар ортида йўқолади. Ер замбуруғлар билан тўла; ва лою балчиқ билан ҳам. Бир неча қадам олдинга юрасан ва мен сенинг ортингдан. Ҳамширалик халатимнинг оқ этаги ҳилпирайди ва мен унинг ифлос бўлишидан хавотирдаман. Калламдан ўтаётган фикрни ўқийсан:
– Қўявер! Ҳамширалик халатингнинг оқ этагини қўявер. Қўрқма, унга бир парча ҳам доғ қўнмайди. Бирор парча ҳам. Сенга ёқса, халоссан.
Этагимдаги тўрлар ва юлдузларнинг яқинигача келаётган тиғларнинг панжаларига қарайман. Улар гуллайдилар ва гулларини оёқларим остига тўкадилар.
Йўлнинг қолганини юрмаймиз. Парвоз қиламиз. Шайтонча ўрмон тубида зор-зор йиғлайди ва йўқолади.

* * *

Қишлоқнинг қалби кутиш азобидан шишиб кетган. Келиш вақтинг яқин қолган. Ариқ куйлайди ва дарёга қуйилади. Дарё бир қишда юраги яллиғланган ва бутун бошли уч кун эс-ҳушидан айрилган ўша дарёдир. Бутун бошли уч кун.
Дарё наъра тортади, йиғлайди, кулади, қўлини белига қўйганича қай нарсани кўрса йиқитади ва ўзи билан бирга олиб кетади.
Қишлоқ саросимада, одамлар ҳам. Сен эса ҳар доимгидек олдинда борасан. Оёқларингда этик, эгнингда қора чарм пальто. Кўприк бузилган, бирор бир йўл йўқ. Мактаб у томонда. Болалар бу томонда.
Қишлоқ аёлларидан сўрадингки, ўтлардан узун тўр, дарёнинг узунлигига тенг келадиган бир тўр тўқишсин. Энди эса эркаклар уни елкаларига ташлаб олишганча тортиб кетишмоқда.
Кўприк аёлларнинг узун кокили каби тирикдир. Ҳансираб нафас олганича кичик балиққа минади. Сувни ёради. Бошқа одамлар ҳам сенга қўшилиб кўприкни дарёнинг қирғоғига улайдилар.
Сув ўкиради, Сен ва бошқа одамлар ҳам. Ғалаба сизлар томонда: болалар қўлларида китоб тутганларича секин-аста кўприк томон келаётганларида, мактаб томонга ўтишнинг имкони бўлганда. Кўзларда ёшнинг гуллаши томоша қилса бўладиганлик манзара.
Ноғора ва қўшноғораларнинг овози тинган. Бир болакай ёнғоқ дарахти тепасида жар солади. Йўл бурилишида иккита заъфаронранг параллел чизиқ ғимирлайди. Ковушларимни кияман ва шошилганча тепаликдан пастга тушаман. Ялтироқ қурт оёқларим остида ялтираб нур сочади. Қишлоққа яқинлашаман. Баланд тутун устунлари энди нурли олов ҳалқаларига айланган бўлиб, қозонлардан чиқаётган буғлар паловни дамлаш учун ёпиб қўйилган латталар остида шишиб кетган.
Уйга бораман. Жим-жит. Худди картина ичидаги расмдек. Кечаси ҳеч ким бу ерда қолмаган. Ҳамма йўл бўйидаги қишлоқ майдонига кетган. Ҳатто сени бир неча дақиқа олдинроқ кўриш улар учун муҳим. Самовар атрофини мовийранг бир буғ ўраб олган: бир неча дақиқадан сўнг томчиларга айланиб яна самовар жомига қайтиб тушадиган буғ. Худди қишлоқ аҳолиси учун ёмғир бўлиб, қишлоқ заминида мактаб, масжид ва шифохона гулларни, экинзорларда эса кичик ва олтинранг буғдой донларини ўстирганинг каби.
Уйдан чиқиб келаман. Осмонга қарайман. Ойнинг мисранг гардиши аста-секин юқорилаб келади. Кунботардан эсаётган шамол ўзи билан бирга узумнинг ҳидини олиб келади, оч чиябўриларнинг увиллашини ҳам. Ойнинг мисранг гардиши кўнгилга ғулғула солганча қишлоқ ўртасида туради.
Сен олдинда борасан, қишлоқ одамлари сенга эргашган. Бир чиябўри увиллайди, бошқа чиябўрилар ҳам. Кўзгудор дарахт уларни тоғнинг ўнқир-чўнқир жойларида қандай қилиб нобуд қилганларингни кўрган.
Уйдан йўл бошигача боришга йўл йўқ. Келишингга ҳам. Чақнаган чақмоқ эсимга солади: энди кетиш керак. Бу ерда бажаришим керак бўлган ишлар тамом бўлди. Бундан буёнига бу ерда қолиш тамом бўлиш маъносидадир.
– Илтимос, қолгин.
Икки бармоғингни бир-биридан айро қиласан ва уларнинг орасидан жаннатни менга кўрсатасан.
– Қара, мана бундай шаклдаги жой. Аммо… бундан анча катта. Ечилиши керак бўлган боғичлари билан бирга.
– Кўнгиллари кенг одамлар боришлари керак. Шундай эмасми? Аммо нега?
Агар шунга лойиқ бўлсалар, жавоб беришлари керак.
Билардим: сени чақираётган ўша овоз шунчалик баланд бўлиб, бизнинг овозимизни эшитишинггга йўл қўймайди:
– Илтимос, қолгин. Қол!
Менга бир дастрўмол берасан: унутилган гулларга тўла.
– Бировга дастрўмол совға қилишмайди, деб айтишади.
Айрилиққа сабаб бўларкан.
– Аммо баъзида керак ҳам: қисқа муддатларга, кўнгил боғланишларини унутиш учун.
Бир бош узум билан кетар экансан, узумзорларни айланаман ва сабрли бўлганлигимга йиғлайман.

* * *

Яна бир марта болакайнинг жар солган овозини эшитаман, аёлларнинг ва болаларнинг шовқинини ҳам. Аммо мен узоқ муддатлардан кейин биринчи учрашувимиз қишлоқнинг ҳайратли нигоҳлари остида амалга ошишини истамайман.
Ўрмондан ишқ дарахти томон борадиган тўғридан кесиб ўтувчи йўлни танлайман.
Шайтонча йўлнинг ўртасида, бир дарахтнинг ортидан пойлайди:
– Қайтгин! У ерда ҳеч нарсанинг сенга кўзи учиб ўтиргани йўқ, ранж-аламдан бошқа. Қайт!
Эшитишни истамайман…
Ўрмондан чиқиб келаман. Ишқ дарахти қаршимда бўй чўзади. Ой нури унинг кўзгуларида акс этади.
Қараб қоламан. Бир соат ўтади. Қишлоқ осмонида рангбаранг фонуслар ғужғон ўйнашади, ой ва юлдузлар ҳам.
Тақиллаган овоз эшитилади. Қулоқларимни динг қиламан. Борган сари яқинлашади. Бир шарпа пайдо бўлади. Олдинроқ ва яна олдинроқ келади. Энди уни яхшироқ кўришим мумкин бўлади: қўлтиғида таёқ қистириб олган, эгнида тупроқ рангидаги кўйлаги бўлган қалин соқолли одамни.
Эй худойим! Бу сенсан! Аммо бор-йўғи биттагина оёғинг бор. иккинчи оёғинг… У оёғинг бир парча таёқ бўлиб, кўзгунинг синган бўлаклари унга ёпишган.
Тиззамга қулайман: ой ва юлдуз сенинг аршингга етказаман деб устун қўйган пайтда.

Форс тилидан Шокиржон Олимов таржимаси

Ҳикоя матни Розия Тужжорнинг Тошкентда нашр этилган “Ҳам олма,ҳам юлдуз” (2010 й.) китобидан олинди.

Розия Тужжор ҳозирги замон Эрон адабиётининг йирик намояндаларидан биридир. Асосан ҳикоя жанрида қалам тебратиб келаётган адибанинг бир неча ҳикоялар тўплами дунё юзини кўрган, айрим ҳикоялари эса турли тилларга таржима қилинган. Розия Тужжор ўзига хос услубда ёзади. Унинг ёзганлари фалсафий мушоҳадалар билан бойлиги, тил ва услуб гўзаллиги ва ижтимоий муаммоларнинг ўртага қўйилиши жиҳатидан бошқа ёзувчиларнинг асарларидан ажралиб туради. Розия Тужжор шарқона тафаккур билан дунёга қарайдиган сюрреалист ёзувчидир. У кўпроқ қаҳрамонларининг руҳий кечинмалари ва ботиний ҳолатларини моҳирона тасвирлашга интилади.