Ролан Барт. Структурализм фаолият сифатида

Структурализм нима? Бу мактаб ҳам эмас, ҳатто оқим (ҳар ҳолда ҳозирча) ҳам эмас[1]дирки, бу истилоҳ остида бирлашаётган муаллифлар ўзларининг бир умумий ғоя ёки умумий кураш йўли ўзаро боғланаётганликларини  мутлақо ҳис қилмайдилар. Ҳар ҳолда бу ерда сўз қўллаш амалиёти ҳақида фикр юритилади: структура эски атама (анатомистик ва грамматик келиб чиқишига кўра)[2] бўлиб, ҳозирги вақтда кўп эътибор топган: унга барча ижтимоий билимлар интилмоқда ва бу сўзнинг истифода қилиниши ўзга бир фарқли хусусият касб этмай – мундарижага муносабатдаги баҳсда[3] унга юкланган  тушунчалар вазифа, шакл, белгилар ва моҳият ўзига хослиги билан фарқланмайди; бугун бу сўз умум қўлланилишида, ундан нимани хоҳлашса, шуни талаб қилмоқдалар ва унга эришмоқдалар; хусусан, улар кўҳна детерминистик[4] сабаб-оқибат схемасини ниқоблашга уринмоқдалар. Эҳтимол, структурализмнинг бошқа тафаккур усулларидан фарқини тушунишга яқинлашиш учун шундай жуфтликлар сираси сифатида белгиланаётган – белгиланган[5] ва синхрония – диахрония[6]га эътибор қаратиш лозимдир; биринчи жуфтликка шунинг учун эътибор бериш керакки, у Соссюр[7]дан келиб чиққан лингвистик моделга таянади ва яна шунинг учунки, нарсаларнинг ҳозирги ҳолатида тилшунослик илми иқтисод билан бир қаторда структура ҳақидаги фанни тўла қамраб олишга эришган; иккинчи жуфтликка янада ҳал қилувчи ҳолат сифатида эътибор қаратиш лозим, чунки у тарихнинг маълум тушунчасини шундай вазиятда тақозо қиладики, бунда синхрониядаги қайсидир ғоя (Соссюрда бу ғоя амалиёт тушунчаси сифатида берилишига қарамай) вақтнинг муайян иммобилизация[8]сини оқлайди, диахрония ғояси бўлса, тарихий жараён шаклларининг мутлақ изчиллигига интилади. Англашимизча, структурализмнинг нутқий белгисини истилоҳларнинг тизимли истефодасида қўлламай ҳам уни моҳият тушунчаси билан боғликликда кўриш мумкин, у қайсидир ҳодисанинг мутлақо бир муайян белгиси бўлиб (пародоксал бўлмай) хизмат қилмайди, кузатиб кўрсангиз, ким белгиланаётган – белгиланган ва синхрония – диахрония иборасини қўллаётган бўлса, бундай одамларда структуралистик қараш   шаклланганлигини тушунасиз.

Шу ҳолатда методологик қараш сифатида фойдаланилаётган интеллектуал метаязык[9] (метатил) тушунчаси нисбатан тўғридир. Қайсики, структурализм мактаб сифатида ҳам, оқим сифатида ҳам ҳали шаклланмаган экан, уни имкон борича бошқа босқичда априорик[10] (тахминий бўлса ҳам) бир хил илмий тафаккурга йўналтиришга, масалан, рефлексив тил даражасида кенгроқ тавсиф беришга (дефиния[11] бўлмаса-да) ҳеч қандай асос йўқ. Ҳар ҳолда, тасаввур қилиш мумкинки, шундай ёзувчилар, рассомлар, мусиқачилар бўладики, уларнинг нигоҳида структура воситасидаги амалиёт[12]  (у ҳақдаги фикргина эмас) инсон фаолиятининг алоҳида тури бўлиб кўринади; таҳлилчи ва ижодкорларни бир умумий белги остида бирлаштираётган одам ўзи истифода қиладиган ғоялар ва унинг тили билан эмас, ўз тасаввурининг характери билан ёки тўғрироғи, тасаввур қобилияти, бошқача сўз билан айтганда, структурани қайси усулда тафаккур ва қабул қилишига кўра, унга структурал (фаолиятдаги – тарж.) инсон номини бериш мумкин.

Ўз ўрнида қайд этиш лозимки, ўзининг барча истифода қилувчиларига муносабатида структурализм принципиал равишда фаолият бўлиб юзага чиқади, тартибга солинган изчил  белгили тафаккур амалиётлари: структурал фаолият ҳақида ўз вақтида сюрреалистик[13] фаолият (худди сюрреализм, тахминимизча, структур адабиёт ҳақида биринчи тажрибаларни бердики, бу масалага қайтилса арзийди)да кузатилганидек гапириш мумкин. Бундай амалиётларга мурожаат этишдан аввал унинг мақсади ҳақида бир неча сўз айтиш лозим.

Ҳар қандай структурал фаолиятнинг мақсади рефлексив ёки поэтик бўлишидан қатъи назар, “объект”ни шундай қайта яратиш олишки, бундай қурилмада ушбу объектнинг функционал қоидалари акс этсин. Шундай қилиб, структура бу, моҳиятан, предметнинг аксланиши бўлиб, бундай аксланиш муайян мақсадга йўналтирилган бўлади, предмет моделида кўзга ташланмаган ҳеч нарса ёки, агар мумкин бўлса, моделлаштирилаётган предметнинг тасаввур қилинмаган ҳеч бир жабҳаси қолмаслиги керак. Структурал (фаолиятдаги) инсон борлиқни (бурунги ҳолатда) олади, уни тақсимлаб, сўнгра қисмларни қайта йиғади; биринчи қарашда бу жўн нарса (негадир структурал фаолият “сезимсиз, қизиқарсиз ва фойдасиз” ва ҳ.к.) бўлиб кўриниши мумкин. Бошқа нуқтаи назардан қаралганда, бу жўнлик ҳал қилувчи моҳият касб этади ёки  бу икки объект – структурал фаолиятнинг икки қутби ўртасида янги, бутунлай тасаввур қилинмаган бошқа бир нарса туғилади. Модел бу предметга қўшилаётган интеллектдирки, бундай қўшимча унинг ўзи инсон, унинг тарихи, вазияти, эрки  ва  ҳатто табиат унинг ақли билан кечган қарама-қаршилик маъносида антропологик моҳиятга эгадир. Шундай қилиб, нима учун структура ҳақида сўз юритганда фаолият сифатида гапириш мумкинлигини кўрамиз: яратилиш (фитрат) ва акс эттирилиш (инъикос) бу ерда дунёнинг биринчи “изи”гина эмас, балки дунёнинг шундай ҳақиқий қурилмаси бўлиб қоладики, у бошланғич (ҳолат)га ўхшайди, лекин ундан нусха олмайди, уни интеллигибел (ақлга мувофиқ) қилади. Мана шунинг учун структурализм ўзининг моҳият эътибори билан  моделлаштирувчи фаолият ва худди шу муносабатда, қатъиян айтганда, бир томондан, илмий структурализм билан, бошқа томондан эса, адабиётдаги ва, умуман, санъатдаги структурализм ўртасида ҳеч қандай техник фарқ йўқ деб тасдиқлаш мумкин, чунки уларнинг иккиси ҳам субстанциялар ўртасидаги ўхшашликка (масалан, реалистик санъат деб аталган) эмас, мимесисга, яъни функцияларнинг аналогияси (Леви-Строс сомология деб атаган) ҳодисасига муносабатда бўлади. Қачонки, Трубецкой[14] вариациялар тизимининг шаклларида фонетик объектни қайта яратса, Жорж Дюмезиль[15]  функционал мифологияни ишлаб чиққан бўлса, Пропп[16] халқ эртакларининг инварианти[17]ни олдиндан тақсимланган бутун славян эртакларини структурлаштириш йўли билан қайта лойиҳалаштирса, Клод Леви-Строс[18]  тотемистик қарашларнинг гомологик мавжудлигини аниқласа, Ж.Г.Гранже[19]  бўлса, иқтисодий фикрлашнинг формал қоидаларини, ёки Ж.К.Гарден[20] тарихга қадар ўтган бронза предметларининг дифференциал белгиларини, Ж.-П.Ришар[21] Малларме[22] шеърларига хос бўлган оҳангдорликни аниқласа – буларнинг ҳаммаси моҳият эътибори билан Мондриан[23], Булез[24] ёки Бютор[25]  бажарган фаолиятни, яъни қайсидир объектни тартибли манифестация (композиция деб номлангани каби) ёрдамида, сўнгра муайян бирликларнинг бирлашмаси сифатида қайта яратилганидир. Шундай факт ҳам йўқ эмаски, моделлаштириш фаолиятига эга бўлган бошланғич объект қандайдир йиғилган шакл­даги борлиқ сифатида (тил, жамият ёки асарга йўналтирилган структурал таҳлил жараёнида муайян ўринга эга) ёки, аксинча, ташкиллаштирилмаган шаклда (структурал композициянинг бу ҳолати) тасаввур қилинади. Шундай ҳолат ҳам йўқ эмаски, бу бошланғич объект социал ёки тасаввур қилинаётган борлиқдан олинади, нусха олинаётган объект табиати санъатни белгиламайди (реализмнинг ҳар қандай кўриниши ҳақидаги қатъий фикрни), нима инсон орқали қайта яратилаётган бўлса айнан ўша нарса: яратиш ҳар қандай ижоднинг моҳияти бўла олади. Кузатишимизча, структурал фаолиятнинг қандай мақсади бевосита муайян бир техника билан боғланган бўлса, структурализм таҳлил ва ижоднинг бошқа усулларидан шундай сезиларли равишда фарқ қилади: объект вазифаларни аниқ қилиш учун ва, шундай айтиш мумкин бўлса, босиб ўтилган йўлнинг ўзи мақсад бўлиб қолади; мана нима учун структурал фаолият ёки структурал ижод ҳақида бундай гапириш мумкин.

Структурал фаолият икки специфик амалиёт – тақсим ва монтажни ўз ичига олади. Моделлаштирилаётган фаолиятнинг бошланғич объектини қисмларга ажратиш, демак, унда ҳаракатланаётган фрагментларни,   уларнинг ўзаро жойланишини аниқлаш қандайдир маъно туғдиради; бу фрагмент ўз ҳолича маъно англатмайди, лекин унинг конфигурациясига тегишли кичик бир ўзгариш бутуннинг ўзгаришини келтириб чиқаради; Мондирианнинг квадрати, Пуссернинг қатори, Бютернинг “Мобил”идаги банд, Леви-Стросдаги “мифема”, фонологлардаги фонема, айрим адабий танқидчилардаги “мавзу” – буларнинг ҳаммаси моҳиятни белгилайдиган бирликлар (уларнинг ички структураси ва ҳажми қандай бўлишидан қатъи назар шу ўринда мутлақо фарқли) ўз чегараларида нутқнинг бошқа фаол бирликларидан нима фарқласа (лекин бу энди монтажнинг муаммоси), шунингдек,  бошқа  бир  виртузиал бирликлардан  нималарни фарқласа ва нималар билан биргаликда  у  муайян  класс (тилшунослар парадигма деб атаётган)ни ифодаласа шундай. Парадигма тушунчаси, маълум бўлишича, структуралистик қараш нима эканини аниқлаштириш учун муҳим: парадигма – имкон қадар минимал объектлар (бирликлар) йиғиндисидирки, нимани актуал маъно қилмоқчи бўлсак, ундан шундай объект ёки бирликни талаб этамиз. Парадигматик объект шу билан характерланадики, у ўз синфидаги бошқа объектлар билан ўхшаш ёки ноўхшашлик асосида боғланади: битта парадигманинг икки бирлиги ўзаро ўхшашликка эга бўлиши керак, шунинг учунки, мутлақо ўзаро фарқ қилиши керак; биз француз тилида бир ва ўша маънони poisson ва poison сўзларига юкламайлик, шунинг учунки, s  ва  z  бир вақтнинг ўзида ҳам умумий (фаолият), ҳам фарқли белги ҳисоблансин[26].

Таъкидлаш зарурки, Мондрианнинг квадратлари ўз квадрат шаклига ўхшаш бўлгани ҳолда ранг ва нисбат жиҳатидан фарқли бўлсин; шундайки, Америка автомобиллари (Бюторнинг “Мобил”ида) доим бир хил усулда баҳоланган, лекин ҳар сафар русум (марка) ва ранги билан фарқланган; Эдип ҳақидаги мифнинг эпизодлари доим бир хил баҳоланса-да, турлича талқин қилинган в.ҳ., баён қилинган барча дискурс ва асар типлари интеллигибел[27]  характерга эга. Тақсимлаш амалиёти, шундай қилиб, моделнинг бирламчи, бўлакланган ҳолатига олиб боради, лекин бу жараёнда структур бирликлар тартибсиз хаотик тарзда эмас, ҳатто ўз тақсимланишига ва ҳар бир композицион бирликни континиум[28]га киритишга қадар виртуал кўпликда бутун ҳақида тасаввур берувчи унга мос бирликлар йиғиндиси, аммо жуда кам фарқ қилувчи, ҳаракатланувчи олий тамойилга бўйсуниши керак.

Бирликлар белгилангач, структурал ёндошувчи (киши) ўзаро туташтирув қоидасини аниқлаши ва унга татбиқ қила олиши керак; шу вақтдан бошлаб талаб қилинаётган амалиёт монтаж қилинаётган фаолиятга айланади. Маълумки, турли санъатлар ва дискурснинг турли типлари синтаксиси[29] (ўзаро алоқадорлиги) ўта ҳар хил бўлса-да, структурал ниятда яратилган асарда ҳар бир жиҳатлар ўзаро тенг меъёрда тақсимланади; шундай қилиб, уларнинг ўзаро мослиги структурал ниятга боғлиқ ҳолда формал характер касб этган айрим регуляр чекланишларга бўйсуниши орқали структурализмга кам аҳамият бериш ярамайди, чунки бу моделлаштириш жараёнининг иккинчи босқичида тасодифларга қарши ўзига хос кураш ўйналади. Мана шунинг учун рекуррентлик ўлчовлари[30] демиургик рол[31] ўйнайди: бир хил бирлик ва комбинацияларнинг маромли суратда такрорланиши натижасида асар гўё тугалланган, бошқача сўз билан айтганда, яхлит, маъновий қисмларга бўлинмайдиган бадиий бутунлик касб этади; бу комбинаторика[32]  қоидаларини тилшунослар шакллар деб атайди, яхши бўлардики, сўзнинг қатъий маъноси сақланса: шундай қилиб, шакл бу бирликлар ўртасидаги аралашмага муносабатда соф тасодифийлик натижаси бўлиб кўринмайди; санъат асари инсонни тасодифлар ҳукмронлигидан қандай қилиб бўлса ҳам олиб чиқиб кетади. Айтилганлар шундай тушунишга имкон берадики, бир томондан, нега нефигуриатив асарлар[33] сўзнинг ўз аниқ маъносига кўра асар ҳисобланадию, инсон тафаккури (аслиятдан олинган) нусхалар ва намуналарнинг ноаналогик тартибда ташкиллаштирилган қурилмалар мантиғига бўйсунади; иккинчи томондан, нима учун бу асарлар уларда ҳеч қандай шаклни фарқламаганлар кўзига хаотик (тасодифий) ва арзимас бўлиб кўринади. Худди Хрушчев мавҳум полотно олдида туриб[34], шубҳасиз, унда тартибсиз эшакнинг думига осилган ниқоблардан бошқа ҳеч нарсани кўрмай адашгани каби, лекин у биладики, санъат ўз жинсига кўра тасодифлар устидан ғалабадир (у ҳар қандай қоида – биз уларни амалиётга қабул қиламизми ёки йўқлигидан қатъи назар – бизни ўргатишга яроқлилигини назаридан четда қолдирган).

Шундай тарзда қурилган модел бизга дунёни у аввалдан қай ҳолда берилган бўлса, шундай шаклда қайтарадики, структурализмнинг моҳияти худди мана шунда. Ҳаммадан аввал у объектнинг реал борлиққа ва рационалликка қарам бўлмаган янги категориясини яратади, лекин функционал жабҳада бир қатор ҳозирги кунда ривожланаётган информатика базасида илмий изланишлар комплексини ҳосил қилади. Ва бу жараён шу жиҳатдан муҳимки, у ўзининг кенг фаолияти билан чуқур инсоний амалиётларни қамраб олади, унинг ёрдамида одамлар нарсаларни моҳиятга айлантириб қабул қиладилар. Бу ерда бирор янгилик борми? Ҳа, қайсидир даражада; дунёда ҳар доим, ҳамма вақт нима унга топширилган бўлса, (инсон) ҳамма нарсанинг моҳиятини илиб олишга интилган ва ҳамма жойда унинг ўзи яратади; янгилик шундай тафаккур (ёки шундай “поэтика”) фактининг юзага чиқишига, булар ўрганилаётган объектни яхлит ҳолида қандай яратилган бўлса, шундай қимматда ва ҳолида тушунишига боғлиқ. Ўртада шуни таъкидлаш ҳам керакки, структурализмнинг объекти сонсиз маънолар йиғиндисини ташувчи инсон эмас, балки маънолар ишлаб чиқувчи инсондир, худди инсоният белгиларнинг маъно-моҳиятини тушунишга интилиши билан эмас, фақатгина шундай тарихан мумкин бўлган ўзгарувчан маънолар актини амалга оширишга интилгани каби. Homo significans[35] – структурализм излаётган ягона янги инсон бўла олади.

Гегел сўзларига кўра[36], қадимги юнонлар табиатнинг табиийлигидан ҳайратландилар, унга секинлик билан қулоқ солдилар, булоқлар, тоғлар, момақалдироқ нималигини тушунишга интилдилар, лекин бу нарсалар уларга нима ҳақда гапираётганини тушунмай, ўз маъбудларидан бири Пан[37]  исмини бериб, ўсимликлик ва космик дунёда маънонинг таъсирли трепети[38] ни ўзларида ҳис қилдилар. Ўша вақтдан бери табиат ўзгариб, ижтимоийлашди: инсонга нима берилган бўлса, ҳаммаси – биз саёҳат қилаётган ўрмон ва дарёларгача азалдан инсоний ибтидо билан суғорилган. Бу социал (ижтимоий, содда қилиб айтганда, маданий) табиатга юзланганда структурал (фаолиятдаги) инсон қадимги юнондан ҳеч қандай фарқ қилмайди: у ҳам маданиятнинг табиий овозига қулоқ солади, ундан ҳар доим муқим, тугал, “ҳақиқий” маъноларни эшитади, инсоният деб аталган бу улкан машина шовқини (тебраниши) остида доимий равишда янги мазмун яратадики, бу унинг инсоний қиёфасини белгилайди. Ва шунинг учун ҳам мазмун ишлаб чиқариш функцияси унинг кўзи олдида ўша маъно-мазмуннинг ўзидан муҳимроқ, шунга кўра, ҳар қандай конкрет яратиққа кўра бу функция экстенсив[39], структурализм бу жараёнда фаолиятдан бегона (бўлиб кўринади), асар яратиш ҳодисаси устунлик қилади: додекафоник композиция[40] ёки Леви-Стросс таҳлили шу маънода объектдирки, қандай қилиб яратилганига (тайёрланганига) кўра: унинг ҳозирда мавжудлиги аввалдан яратилганликка кўра анъанавий ва бу предметнинг ўтмишда яратилгани туфайли муҳимдир. Ижодкор ёки таҳлилчи аввал босиб ўтилган маъноли йўлни ўзлаштиради; унга кўрсатиш керакки, унинг вазифаси Гегел сўзлари билан айтганда, бу экстенсив, у – manteia[41]; қадимги мутахассис каби ўша мазмуннинг ўрнини кўрсатади, лекин ўзини айтмайди. Ва шунинг учун ҳам, адабиёт ўзига хос табиатдирки, у рационал талқинга мойил, ўз навбатида, дунёга киргач, мазмунни ўз йўлини дунёда орттирилган тасодифлардан холи қилиб, унинг йўлида гапиради ҳам сукут сақлайди, у билан бирга яна қайта яратади; истеъмолчи инсон учун бу ўзига хос доимий саволнинг жавобидирки, адабиёт – жавобни осонлаштирувчи ва саволга жавоб берувчидир.

Структурал (фаолиятдаги) инсон бугунги кунда унга ирреализм[42]  ёғдираётган танқидни қайдай қабул қилади? Ахир шаклнинг ўзи бу дунё­нинг ўзида мавжуд эмасми, шаклга шунча масъуллик бериш шартми? Брехтнинг ўзига инқилобий (руҳ) бергани учун марксизмдан қарздорлиги[43] ҳакиқатми? Бу инқилобийликни яратишда Брехт бир неча саҳналарни марксча дунёқараш асосида ишлаган, масалан, ёритгич чироқлар алоҳида усул билан жойлаштирилган, актёрларга бошқа костюмлар кийгизилган. Структурализм дунёдан унинг тарихини ажратмайди: у тарихни фақат мазмун билан  боғлашга ҳаракат қилмайди (бу минг марта бажарилган иш), лекин нафақат моддий шакллар, балки интеллигибел, нафақат ғоявий, балки эстетик жиҳатлар билан таъминлайди. Ва шунинг учун ҳам интеллигибеллик ҳақидаги ҳар қандай фикр бу интеллигибелликнинг ўзи билан боғланиш ҳодисаси бўла олади, структурал (фаолиятдаги) инсон абадий яшашга кам қизиқади: у биладики, структурализм бу ҳам дунёни ифода қилишнинг шаклларидан бири, у билан бирга ўзгаради ва шунинг учун ҳам структурал инсон ўзининг бутун фаолиятида янгича сўзлашга сафарбар қилиб эришган хулосаларининг яроқлилигини (ҳақиқатга мослигини эмас) текширади, унга яна шу нарса равшанки, тарихга янги тил билан ёндашиш, уни шу тилда гапиртиришга эришиш билан у ўз вазифасини уддалаган ҳисоблайди.

1963, “Lettres Nouvelles”[44] 

Таржима ва изоҳлар муаллифи: Ҳамидулла Болтабоев,

филология фанлари доктори, профессор

«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 9-сон

_________________

[1] …мактаб ҳам эмас – структурализм Р.Бартнинг мақоласи эълон қилинган 1963 йилда ҳали мактаб сифатида шаклланмаган эди. Кейинроқ рус назариётчиси Г.Н.Поспеловнинг (Теория литературы. М.: Высшая школа, 1978) тан олиб ёзишича, у мактаб сифатида Р.Якобсон ва Ю.Лотман ишлари орқали шаклланди. Айниқса, Ю.Лотманнинг Тарту университетидаги фаолияти натижасида структурализм академик мактабга айлангани рус адабиётшунослари ишларида эътироф этилади (қаранг: Академические школы в литературоведении. М., 1971 ) …оқим ҳам эмас – айрим манбаларда (мас., Терри Иглтон. Теория литературы. Введение. М., 2010. С.120-158) структурализм адабий оқим сифатида кўрсатилган.

[2] Анатомистик (жонли организмнинг ички тузилиши) ва грамматистик (морфологик, яъни ички тузилишнинг ифода шакли) келиб чиқиши ҳақида гапираркан, Р.Барт ушбу манбага ишора қилади: Sens et Usage du terme  Structure. La Haye: Mouton & Co., 1962.

[3] Муаллиф назарда тутган баҳс материалларидан айримлари ушбу манбада эълон қилинган: Структурализм «за» и «против». Сб. М.: Прогресс, 1975.

[4] Детерминистик – “детерминизм” лотинча сўз бўлиб, “белгилайман” маъносини англатади. Реал дунёдаги ҳодисалар, жараёнлар, нарсаларнинг қонуний объектив ўзаро алоқадорликда мавжудлиги ҳақидаги фалсафий таълимот.

[5] Белгиланааётган – белгиланган:  Бундай муносабат ҳақида Р. Барт “Белгиларни идрок этиш” (1962) мақоласида алоҳида тўхталган. Унингча, “ҳар қандай белги уч хил муносабат типини  ўз ичига олади. Биринчи навбатда, ички муносабат, белгиланаётган – белгиланган, кейин икки ташқи муносабат. Биринчи муносабат – виртуал, иккинчи – актуал, учинчиси… Биринчи тип муносабат одатда “символ” деб номланиб, масалан, салиб (крест) насронийликни, коммунарлар девори Коммунани, қизил ранг ҳаракат таъқиқланганлигини… билдиради. Бу муносабатни символик (рамзий) деб аташ мумкин”. Иқтибос ушбу манбадан таржима қилинди: Р. Барт. Белгиларни идрок этиш /  Танланган асарлар: Семиотика. Поэтика. М.: Прогресс”, 1989. С. 246.

[6] Синхрония – диахрония – “синхрон” юнон тилида “бир вақтда”, “диахрон” эса “вақт орқали” маъноларини англатиб, вақеа-ҳодисаларнинг  тараққиётини тарихий изчилликда тавсифлайдиган тушунчалардир. Синхрония ва диахрония тушунчаларини тилшуносликка нисбатан Ф. де Соссюр қўллаган, диахрония ҳодисотларни вақт жиҳатидан кетма-кетликда тушуниш бўлса, синхронияда мавжуд унсурлар ўзаро муносабатда, тизим ҳосил қилганда мавжудликка эга.

[7] Соссюр – Фердинанд де Соссюр (1857-1913), швейцариялик тилшунос. “Умумий тилшунослик курси”нинг муаллифи. Замондошларининг эътирофига кўра, умумий тилшунослик мустақил лингвистик таълимот сифатида унинг асарларида изчил тизимга солинган. Мақолада тилга олинган “лингвистик модел” яратилиши ҳақида муаллиф қуйироқда тўхталган.

[8] Иммобилизация – қайта сафарбарлик.

[9] Метаязык – шундай тилки, унинг ёрдамида  бошқа бир тилдаги хусусиятлар, яъни предметли тил ёки тил – объект сифтида тадқиқ қилинади.

[10] Априори – лотинча сўз бўлиб,  “аввалгилардан (бири)” маъносини билдиради. Бунда аввалгилар (устозлар ёки китоблар орқали)дан мерос қилиб олинган билимлар тушунилади, унга қарши маънода апостериор тушунчаси мавжуд бўлиб, бу ўз тажрибаси орқали орттирилган билимларни англатади.

[11] Дефиния – белгилаш, аниқлаш; мантиқий усуллардан бўлиб, бир объектнинг бошқа бир объектдан фарқли жиҳатларини аниқлашга ёрдам беради.

[12] Амалиёт  –  матнда “оперирование структурой” тарзида.

[13] Сюрреалистик – сюрреализмга оид.

[14] Трубецкой – Н.С.Трубецкой (1890-1938), рус тилшуноси, структур фонологиянинг асосчиси.

[15] Жорж Дюмезиль – тўлиқ номи: Жорж Эдмон-Рауль Дюмезиль (1898-1988), фаранцуз культурологи, дин тарихчиси.

[16] Пропп – В.Я.Пропп (1895-1970), рус фольклоршуноси, оғзаки адабиёт намуналарини структур ўрганишнинг бошловчиларидан бири.

[17] Инвариант – юнонча сўз, “ўзгармас” маъносини билдиради; айрим мавжудликларнинг моҳияти бўлиб, муносабатлар тизими учун тузилмалар ҳосил қилинишида сақланиши мумкин.

[18] Клод Леви-Строс (1908-2009) – француз этнолог-структуралисти, структурал антропология асосчиси, структур тилшунослик ва ахборотлар назариясини ибтидоий одамларнинг социал ҳаёти ва маданиятини ўрганишга татбиқ этган. Машҳур “Ибтидоий онг” (1962) асарида мифик тафаккурни белгилар назарияси тизими сифатида ўрганган, бунинг натижасида ибтидоий онгнинг бирламчи струкрурасини яратган. Мифни мусиқа билан боғлиқликда ўрганиб, сюжет баёни эмас, семантик таҳлилига эътибор қаратган.

[19] Ж.-Г.Гранже – тўлиқ номи: Жиль-Гастон Гранже (1920 й.т.), француз социологи. Иқтисодчи ва фан тарихчиси.

[20] Ж.-К.Гарден – тўлиқ номи: Жан-Клод Гарден (1925 й.т.), француз археологи, ахборот назариясини тарихий материални ўрганиш объектига татбиқ қилган.

[21] Ж.-П. Ришар – тўлиқ номи: Жан–Пьер Ришар (1922 й.т.), француз адабиётшуноси, “тематик танқид” назариётчиси.

[22] Малларме – Стефан Малларме (1842-1898),  француз шоири. “Иродиада”, “Игитур” достонлари ва ўнлаб шеърий тўпламлар муаллифи. Асарлари таркиби ўта мураккаб бўлиб, унингча, “шоирни бир шаҳарда бир киши тушунса, шунинг ўзи кифоя қилади”.  “Антик маъбудлар”, “Шеър кризиси” каби адабиётшуносликка оид китоблар муаллифи.

[23] Мондриан – Питер Монлириан (1872-1944), голланд рассоми, абстракционизм вакили.

[24] Булез – Пьер Булез (1925 й.т.), француз композитори, дирижёр ва бастакор; А.Шенберг ижоди давомчиси. 1971-1975 йй. Нью-Йорк филармонияси оркестрининг бош дирижёри. 1975 йилдан  Мусиқий акустик муаммолар координацияси ва тадқиқоти институти (Париж)ни бошқарган.

[25] Бютор – Мишель Бютор (1926 й.т.), француз адиби, “янги роман” оқимининг вакили. “Вақтнинг тақсимланиши” (1956), “Милан поезди” (1954), “Ўзгариш” (1957, 1970),  “Инсон наслининг даражаси” (1960) в. б. психологик романлар муаллифи. Ф.Рабле, Г.Флобер, Ш.Бодлер, М.Монтен, М.Пруст ҳақидаги эссе китоблари муаллифи. “Репертуар” эсселар китоби (1-5 жилд, 1960—82) билан машҳур.

[26] Бу ўринда муаллифнинг структурал таҳлилнинг етук намунасига айланган  “S / Z” мақоласига ишора қилинган. Мақолада Бальзакнинг “Сарразин” ҳикояси таҳлилга тортилган.

[27] Интеллигибел – ақлга мувофиқ.

[28] Континиум – бир неча алоҳида қисмлар таҳлилини умумлаштиришдаги дастлабки босқич.

[29] Дискурснинг турли типлари синтаксиси – бадиий асарни қабул қилишнинг турли воситалари.

[30] Рекуррентлик ўлчовлари –турли томондан ўлчовлар.

[31] Демиургик рол – намунавий рол.

[32] Комбинаторика – лотинча: бирлаштириш, туташтириш; математика фанининг қисми, сонларни турли комбинациялар билан ўрнини алмаштириш орқали ҳисоблаш усули. Мас., а, b, c нинг ўрнини алмаштириш натижасида олти хил комбинация ясаш мумкин: abc, bca, cab, cba,bac, acb.

[33] Нефигуриатив асарлар – фигурал асарлар зидди: бадиий маъно ташимайдиган асарлар.

[34] Хрушчев мавҳум полотно олдида туриб – собиқ иттифоқ раҳбарининг санъатни яхши тушунмаганлигига ишора.

[35] Homo significans – англашга интилаётган одам.

[36] Матнда шу манбага ишора бор: Гегель. Сочинения. Т.VIII. М.-Л.: Соцэкгиз, 1935. С. 221.

[37] Маъбудларидан бири Пан – юнон мифологиясида ибтидодаги маъбуд, чўпонлар ва бутун табиат ҳомийси. Инсон қиёфасида, лекин эчки шохли, соқолли ва туёқли қилиб тасвирланган.

[38] Трепет – инсон суякларини ўювчи асбоб (трепа) номидан олинган, суякларигача ҳис қилмоқ; ич-ичига кирмоқ.

[39] Экстенсив – хўжалик юритиш тизими, ишланадиган объектларни кенгайтириш ҳисобига маҳсулдорликни оширишга қаратилган технология. Ролан Барт лексиконида бу бадиий асарнинг анализ ва синтези натижасида қайта яратиладиган модели.

[40] Додекафоник композиция – юнонча: додека – ўн икки + фоник = ўн икки ўлчамли, ҳам овозли композиция. Юнон арифметикасига кўра, инсонни ўн икки бурчакли ўлчам билан тасвирлаш мумкин. Бундай композиция яратилишида инсоннинг ҳар жиҳати, айниқса, жонлилиги ва овозга эгалигига ишора қилинади.

[41] Manteia – французча: кенг ва узун плашчсимон устки кийим; зоологияда ҳайвонларнинг баданини қолипловчи устки тери. Бу ерда ташқи восита, шакл маъносидаги истилоҳ.

[42] Ирреализм – борлиқда мавжуд бўлмаган, мавҳум қарашларни ўзида бирлаштирган турли хил модернистик оқимлар йиғиндиси.

[43] Брехтнинг ўзига инқилобий (руҳ) бергани учун марксизмдан қарздорлиги – Бертольд Брехт (1898-1956), олмон драматурги, режиссёри ва театр назариячиси. 1933-1947 йй.да эмиграцияда бўлиб, фашизмни қоралаган ва ўз қарашлари билан марксизмга яқинлашган. 1949 й. “Берлинер ансамбл”и тузиб, ўз пьесаларини намойиш қилган. Айниқса, “Мамаша Кураж ва унинг болалари” (1939-1941) драмаси шуҳрат қозонган. “Эпик театр” назарияси ва амалиётининг асосчиси. Бу қараш орқали воқеани саҳнада кўрсатишдан кўра “ҳушёр ақл”га ишора қилган ҳолда унинг танқидий таҳлилини берган. Театрда антик хор вазифасини модернизация қилиб, муаллиф ремаркаси орқали юқоридаги танқидий талқинни беришга интилган.

[44] “Lettres Nouvelles” – “Янги нашр” журнали.