— Галактикадаги энг яхши ерлар хароб бўлди-я, — бўйи етти футга борадиган дароз ва тиниқ зангори юзли мижоз оғир хўрсиниб қўйди. Йирик-йирик кўз ёшлари бежирим ва, чамаси, қимматбаҳо кўйлагига томарди. Аммо чорак соатдан буён ҳасратидан чанг чиқади-ю, гап нимадалигини англаб олиш мушкул.
— Ўзингизни тутинг, сэр, — деди Ричард Грегор. Сўнг ёнғоқ дарахтидан ясалган қадимий ва баҳайбат ёзув столи ортида ўтирган кўйи ўзини салобатли кўрсатишга уринди. — Табиий муҳитни соғломлаштириш бўйича астрологик-антиэнтропик агентлик — қисқача “ТМСБ-ААА” жамики муаммоларингизни ҳал қилиб беришга тайёр.
— Сэр, мабодо бизга бошингизга қандай иш тушганини тушунтириб бера олмайсизми? — деб сўради Арнолд ўз навбатида хушмуомалалик билан.
Мижоз ҳануз ўпкаси тўлиб, ўзини тутолмасди. Ва ниҳоят, супрадек дастрўмол билан кўз ёшларини артиб бўлгач, “ТМСБ-ААА” фирмасидаги шерикларга умидли нигоҳини қадади.
— Уйим куйди! — дея яна зорланишга тушди у. — Хонавайрон бўлдим! Энг яхши экинзорларим-а…
— Аҳволингизни тушуниб турибмиз, сэр, — дея унга далда берди Грегор, — аммо айтинг-чи, хонавайрон бўлишингизнинг сабаби нимада?
Мижоз, ниҳоят, ўзини қўлга олиб, ҳикоясини бошлади:
— Сир сайёрасининг Биттер-Лаг шаҳри яқинида фермам бор. Саккиз юз акрга яқин майдонга ғалла ва бошқа хил экинлар экканман. Шу ойда улар униб чиқиши керак. Аммо улар униб чиққан заҳоти лаънати каламушлар битта қолдирмай еб ташлайди.
— Каламушлар дейсизми? — ажабланиб сўради Арнолд.
— Ҳа, кемирувчиларнинг алфикс дрекс оиласига кирувчи тури бизда шундай деб аталади. — Кўз ёшлари яна қуйилиб, мижоз дастрўмолини олди. — Айниқса шу йил каламушларнинг ҳақиқий босқини бўлди. Менинг далаларимда ғужғон ўйнаб ётишибди. Уларни йўқотиш учун барча чора-тадбирларни кўриб чиқдим, бироқ бу махлуқнинг ўлишидан туғилиши кўпроқ экан. Ҳосилни йиғиштириб ололсам, катта даромад кўраман ва сизларга, жентлменлар, агар шу балодан халос қилолсангиз, жуда яхши ҳақ тўлайман.
— Сизга ёрдам беролсак керак, — деди Арнолд ишонтириб. — Турган гапки, аввалига шарт-шароит билан танишиб чиқишга тўғри келади. Нимага дуч келишимизни олдиндан билганимиз маъқул-да.
— Бошқа фирмадагилар ҳам шундай дейишганди. Бироқ фурсат ғанимат, — деди сирлик ўкинч билан. — Экинларимга бутун бойлигимни тикканман. Яна икки ҳафтадан кейин улар униб чиқади ва шу заҳотиёқ каламуш балосига дучор бўлади. Жентлменлар, сизлар бу офатни экинлар униб чиққунча даф қилмоғингиз керак.
Грегорнинг озғин от юзида қувонч аломати сезилмайди. У бирон қарорга келишда ва хатти-ҳаракатларида ўта эҳтиёткор бўлиб, ҳозиргига ўхшаш шошма-шошарликни ёқтирмасди. Арнолд ўзига ортиқча ишониши ва мақтанчоқлиги оқибатида амалда бажариб бўлмайдиган шартномалар тузар ва шунинг касрига фирма қарийб доим зарар кўрарди. Грегор бунга имкон қадар қаршилик кўрсатиб келади. Бироқ, бир томондан, антиэнтропик агентлик фаолияти каби ишни бошлаб қўйган бўлсанг-у, иккинчи томондан, чўнтагингда шамол ўйнаб юрса, таваккал қилишга ҳам тўғри келаркан, чоғи. Тўғри, кейинги пайтларда уларнинг омади юришиб, унча-бунча даромад ҳам йиғилиб қолди, лекин барибир Грегор ўйлаб қадам босиш тарафдори эди. Шу боис ҳам шеригининг нигоҳи ғалати чақнаётгани уни шубҳага соларди.
Мижознинг ўзига-ку ишонса бўладиган кўринади, бироқ Грегорни бу дудмал иш нима билан якунланиши хавотирга соларди. Ким билади дейсиз, балки каламушлар аслида қўлларида бластер тутган норғул қароқчилардир. “ТМСБ-ААА” фирмасида шунга ўхшаш ногаҳоний ҳоллар ҳам учраб турган.
— Дала зараркунандалари билан курашишга авваллари ҳам уннаб кўрганмисиз? — деб сўради у сирликдан.
— Бўлмаса-чи. Аммо учувчи висюклар, ўрмаловчи скеглар ёки оддий гнилга қарши кураш унчалик муаммо эмас. Булар фермер ўрганиб қолган ташвишлар.
— У ҳолда нега энди каламушлар муаммога айланиб қолди?
— Мен қаердан билай! — дея тўнғиллади сирлик жаҳл аралаш. — Очиғини айтинглар, пул ишлаб олишни хоҳлайсизларми, йўқми?
— Албатта-да! — деди Арнолд шоша-пиша. — Ҳозироқ иш бошлашга тайёрмиз…
— Аввал шеригим билан маслаҳатлашиб олишимиз керак! — Грегор суҳбатни шартта бўлиб, Арнолдни йўлакка судраб чиқиб кетди.
Калтабақай ва дўмбоқ Арнолд ҳар доимгидек ғайрат-шижоатга тўлуғ. Уни, дипломли кимёгарни ҳамма-ҳамма нарса қизиқтиради. Мияси ўнлаб илмий ва техник журналлардан олинган энг ғаройиб маълумотларга ғиж-ғиж тўла, бу журналларга обуна бўлиш эса фирма маблағига зарар етказмай қолмайди, албатта.
Аммо буни қарангки, шу тарзда тўпланган маълумот амалда фойда келтирмайди. Чунончи, Арнолд Денеб-Икс сайёрасининг тубжой аҳолиси ўз жонига ялпи қасд қилишнинг энг самарали усулини зўр бериб излаши ёхуд Дрей юлдуз туркумидаги ҳайвонот олами учувчи турларнинг ўзидангина иборат эканининг сабаби кимни ҳам қизиқтирарди дейсиз.
Бироқ, шундай бир одам топилиб қолгудек бўлса, Арнолд жон-жон деб ўз билимидан баҳраманд қилиши турган гап.
— Хўш, бу гал қандай чигал муаммога рўпара келаркинмиз? — деди Грегор дўстига қараб. — Алфикс дрекс оиласининг ўзи нима?
— Кемирувчиларнинг бир тури, — деди жавобга шай Арнолд. — Бизнинг Ердаги каламушлардан сал кичикроқ ва у қадар тажовузкор эмас. Ўтхўр, далада, майсазор ва бутазорларда яшайди. Диққатни тортадиган ҳеч нимаси йўқ.
— Шундай дегин. Хўш, у ерда бу кемирувчи ўнлаб миллион бўлса-чи?
— Янаям яхши-да. Мен жиддий гапираяпман, агарда мижоз биз йўқотадиган каламушларнинг ҳар бир эллигинчисини унга келтириб беришимизни сўраганида бу ишга бош қўшмаган бўлардим. Чунки у ҳолда қолган умримизнинг барини охирги беш-олтита махлуқни излаб топишга сарфлашимиз хавфи туғиларди. Бироқ, мен тушунишимча, биздан каламушлар сонини аввалги, бу қадар кўпайиб кетмаган пайтдаги даражасига тушириб бериш талаб қилинаяпти, холос. Бу ишни эса, мабодо шартномада барча жиҳатларни келишиб олсак, бемалол уддалаймиз.
Грегор бош ирғади. Шериги ишнинг кўзини билиши аҳён-аҳёнда бўлса ҳам ҳар қалай кўриниб туради.
— Биз уларни ўз вақтида йўқотишга улгура олармиканмиз? — деб сўради у барибир.
— Шак-шубҳасиз. Кемирувчиларга қарши курашнинг бир неча тури мавжуд. Шулардан бири морганлаштириш — ёмон эмас. Шунингдек, Турне тизими ҳам самарали. Мана, кўрарсан, каламушларни қириб ташлаш учун бир неча кундан ортиқ вақт бизга керак ҳам бўлмайди.
— Бўпти, — деди Грегор, — фақат, биз алфикс дрекс оиласига мансуб каламушларнинг ўзи билангина шуғулланишимиз шартномада аниқ кўрсатилиши керак. Шунда бошқа ишкал чиқмайди.
— Маъқул.
Улар хонага қайтишди. Шу заҳотиёқ шартнома тузилиб, унда “ТМСБ-ААА” фирмаси буюртмачининг фермасидаги каламушларни бир ой муддат ичида мумкин қадар кўпроқ қириб ташлаш вазифасини ўз зиммасига олди, тежаб қолинган ҳар бир кун учун шериклар қўшимча мукофот оладиган, аммо муддатдан ўтиб кетган ҳар бир кун учун жарима тўлайдиган бўлишди.
— Сизлар бу иш билан овора бўлгунингизча, мен дам олишга кетаман, — деди сирлик. — Бироқ, ҳосилни сақлаб қолишингизга чиндан ҳам ишонасизларми ўзи?
— Хавотир бўлманг, — дея уни хотиржам қилди Арнолд. — Бизда морганлаштириш ва зарарланган ерларга Турне тизими бўйича ишлов бериш қурилмалари бор. Ҳар иккала усул ҳам ниҳоятда самарали.
— Билмадим-ов, — деди мижоз, — уларни ўзим ҳам қўллаб кўрганман. Балки бирон нимасини тушунолмагандирман. Майли, бўлмаса, жентлменлар, сизларга омад тилайман.
Грегор билан Арнолд унинг ортидан ёпилган эшикка узоқ вақт тикилиб қолишди.
Эртаси куни дўстлар кемага асбоб-ускуналар, даста-даста қўлланмалар, заҳарли кимёвий моддалар, қопқонлар ва кемирувчиларни қириб ташлаш учун мўлжалланган бошқа қурилмаларни ортиб, Сир сайёрасига йўл олишди.
Бирон-бир саргузаштсиз ўтган тўрт кунлик саёҳат сўнгида эса улар, ниҳоят, Сир сайёрасининг ям-яшил далаларини ва Биттер-Лагнинг соҳил чизиғини кўришди. Харитага қараб, қўниш жойини белгилаб олишди.
Мижозларининг фермаси Берни-спирит чиндан ҳам гўзал гўша экан: бир текис ҳайдалган далалар, бўлиқ ўтли майсазор, шох-шаббаси қалин асрий дарахтлар оқшомги осмон фонида қоп-қора бўлиб, савлат тўкиб туришибди. Мўъжазгина, аммо, чамаси, анчагина чуқур анҳор эса сувининг ложувард тиниқлиги билан ҳайратга солади.
Бироқ ташландиқ ҳолат ва каламушлар босқини излари ҳам яққол кўриниб турибди. Майсазорнинг ҳар ер-ҳар ерида яланғоч жойлар кўзга ташланади, уй атрофидаги дарахтлар япроғи қуриб, қовжираб кетган. Уй ичидаги аҳвол ҳам шу: жиҳозлару деворларда ва ҳатто шифтдаги улкан тўсинларда ҳам каламуш тишларининг изи кўринади.
— Ҳа, бояқишнинг омади келмабди, — деди Арнолд мижозга ачиниб.
— Аксинча, биз бояқишларнинг омадимиз келмади, — деб унинг сўзини тўғрилади Грегор.
Улар уй ичи билан танишиб чиқишар экан, тирқишларга яшириниб олган каламушларнинг узлуксиз чийиллаши эшитиларди. Арнолд билан Грегор хоналар эшигига яқинлашганда эса ичкаридан жонҳолатда қочаётган махлуқларнинг шовқини эшитилди. Бироқ, улар ҳанузгача биронта ҳам каламушни кўришолмади, чақирилмаган меҳмонлар пайдо бўлмасиданоқ текинхўрлар қочиб қолишга улгуришарди.
Қош қорайиб, иш бошлашга кеч бўлди, бироқ Арнолд билан Грегор бу кемирувчиларга қарши қайси бири самаралироқ эканлигини аниқлаш учун тузоқларнинг барча хилини қўйиб чиқишди. Шундан кейин дўстлар уйқуқопларни тайёрлаб, дам олишга чоғланишди.
Арнолд ҳар қандай шароитда ухлаб кетишга қодир эди, аммо Грегор учун бу тун ёқимсиз кечди: бир дунё каламуш шу қадар ўйин кўрсатиб чиқдики, асти қўяверасиз. Улар полда югуриб юргани, стол-курсиларнинг оёқларига урилишлари, эшикни ғажиб, деворларга тирмашганлари яққол эшитилиб турарди. Грегорнинг эндигина кўзи илинганди ҳамки учта энг сурбет махлуқ кўкрагига чиқиб олса бўладими? Уларни сидириб ташлаб, уйқуқопга яхшироқ бурканиб олгачгина, у ҳар қалай бир неча соатга мижжа қоқа олди.
Эрталаб шериклар қопқонларни текшириб чиқиб, ҳаммаси бўшлигини кўришди.
Кемадан юкларни тушириш, Морганнинг баҳайбат қурилмасини йиғиш ва ўрнатишга бир неча соат кетди. Арнолд сўнгги қисмларни ўрнатаётганда Грегор Турне қурилмасини созлаб, уй атрофини электр симлари билан ўраб чиқди. Ниҳоят, дўстлар тайёргарликни якунлаб, кемирувчилар ялпи қирилишини кутиб ўтиришди.
Пешин ҳам бўлди. Сир сайёрасининг мўъжазгина, лекин жазирама қуёши тиккага келганди. Морган қурилмаси ўзи билан ўзи гаплашаётгандек бетиним гувиллайди. Турне қурилмаси симларидан кетма-кет кўк учқунлар сачраб турибди.
Бошқа ҳеч нима бўлгани йўқ.
Кутиш соатлари чўзилганидан чўзилиб кетди, Арнолд кемирувчиларга қарши кураш бўйича жамики қўлланмаларни ўқиб чиқишга ҳам улгурди. Грегор титилиб кетган бир даста қарта олиб, хўмрайган кўйи пасянс тера бошлади. Қурилма унга илова қилинган йўриқномада ваъда берилганидек бир маромда ишлаб турарди. Аммо шу вақтгача у ютиб юборган электр қуввати кичикроқ бир шаҳарчани ёритишга етарди.
Ваҳоланки, бу тажриба натижасида ақалли битта каламушнинг ҳам ўлиги кўринмади.
Кечга бориб эса бу каламушларга на морганлаштиришу на турнелаштириш заррача қўрқинчли эмаслиги узил-кесил маълум бўлди. Шомлик таом ва бу ёғига энди нима қилиш кераклигини маслаҳатлашиб олиш пайти ҳам келди.
— Улар хавф-хатардан қочиб қутулишга қандай қилиб муваффақ бўлаяпти экан-а? — деб сўради Грегор ташвишли қиёфада. У бир қўлида ўз-ўзидан исувчи гўштли консерванинг очиқ идишини тутиб ўтирарди.
— Мутация, — дарҳол жавоб берди Арнолд.
— Ҳа, шундай бўлиши ҳам мумкин. Ноёб ақл, мослашувчанлик…
Грегор хаёл оғушида гўшт чайнарди. Улар ўтирган ошхонада кемирувчиларнинг тирноқлари пол тирнаши, таналарининг деворга ишқаланган товуши узлуксиз эшитилиб турар, бироқ ҳанузгача биронта ҳам каламуш кўринмасди.
Арнолд олмали қандолат қоғозини очди.
— Мутация бўлганда ҳам ғоят ғаройиби рўй берган, жин урсин! Биз қандай бўлмасин ақалли битта каламушни тутишимиз лозим, акс ҳолда нима балога дуч келганимизни билолмай ўтираверамиз.
Бироқ ҳатто биттагина каламушни тутиш ҳам мингтасини қириб ташлашдан осон эмас экан. Махлуқлар кўринмас, қопқонга тушмас, хўрак, тузоқ ва маст қилувчи нарсаларни айланиб ўтарди.
Ярим кечага бориб Арнолднинг ҳам тоқати тоқ бўлди:
— Бу ақлга сиғмайди-ку, ахир!
Грегор паришон ҳолда бош ирғади. У қопқоннинг янгича хилини ўрнатиш билан овора эди — бу металл қутининг икки томонидаги эшиклари ланг очиқ, бирон каламуш кириб қолса, фотоэлемент сигнали бўйича эшиклар бир лаҳзада ёпилади.
— Мана энди кўрамиз томошани, — деди тайёргарлигини тугатган Грегор мамнунлик билан. Қутини ошхонада қолдириб, ўзлари меҳмонхонага ўтишди.
Қопқон эшиклари қарсиллаб ёпилганида тунги соат икки ярим эди. Арнолд билан Грегор ошхонага отилишди. Қути ичидан шовқин, деворни тирнаш товуши ва чийиллаш эшитилиб турарди. Грегор чироқни ёқиб, қутини тикка қилиб қўйди. Кейин, сайқалланган ва силлиқ деворчадан ҳеч қандай каламуш тирмашиб чиқа олмаслигини жуда яхши билиб турса ҳам, юқори эшикни ўта эҳтиёткорлик билан, аста-секин оча бошлади.
Чийиллаш кучайди.
Ҳар иккала шерик ниҳоят енгилиб, қўлга тушган каламушни кўриш мақсадида қопқон ичига қизиқиб қарашди. Аммо ҳеч нимани кўришмади. Қути ичи бўм-бўш эди.
— У қочиб кетиши мумкин эмас! — дея хитоб қилди ҳафсаласи пир бўлган Арнолд.
— Металл деворчани ғажиши ҳам… Шошма, шошма? Эшитаяпсанми?
Қути ичидан ҳануз типирчилаган, чийиллаган товуш эшитилиб турар, гўё каламуш қутулиб чиқишга жон-жаҳди билан уриниб, деворчаларни бетўхтов тимдалаётгандай эди. Грегор қути ичига қўлини тиқиб, деворчаларни оҳиста пайпаслаб кўра бошлади.
— Ў-ҳў! — деб юборди у бирдан ва қўлини дарров тортиб олди.
Кўрсаткич бармоғида тишларнинг иккита кичик изи кўриниб турарди. Қути ичидаги шовқин кучайди.
— Биз кўринмас каламушни тутиб олганга ўхшаймиз, — деди Грегор саросимали бир қиёфада.
Сир сайёрасилик мижоз Катакинни-кластер сайёрасида, “Мажестик” меҳмонхонасида дам олаётган экан. У билан сайёралараро телефон орқали боғланиш учун икки соат вақт кетди.
Грегор суҳбатни қичқиришдан бошлади:
— Каламушларингиз кўринмас эканлиги ҳақида сиз умуман оғиз очмадингиз-ку?!
— Бе, наҳотки? — сирлик ажабланди. — Начора энди, паришонхотирлик-да. Хўш, бу билан нима бўпти?
— Гап шундаки, шартномани сиз буздингиз! — Грегор ҳануз бақирарди.
— Бекорларни айтибсиз. Мен билан тасодифан бир меҳмонхонада дам олаётган адвокатимнинг айтишича, ҳайвонларнинг кўринмаслиги табиий ҳимоя хусусияти сифатида баҳоланади. Мисол учун рангини ўзгартириши сингари. Бинобарин, бу ҳақда шартномада қандайдир ғайриоддий ҳодиса сифатида эслатиб ўтиш талаб қилинмайди. Дарвоқе, ҳуқуқшунослик амалиётида ҳам кўринмаслик ҳолати эътиборга олинмайди, ҳатто шу ҳодиса мавжудлигини исботлаб бериш имконияти бўлган тақдирда ҳам. Ҳакамлар бу ҳодисани “нисбий кўриниш” деб аташади. Қисқаси, каламушлар кўриниши-кўринмаслиги шартнома бузилишига ҳеч қандай баҳона бўлолмайди.
Бу хил сурбетликдан Грегорнинг дами ичига тушиб кетди.
— Ўзингиз яхши биласиз-ку, биз бечора фермерлар ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилишимизга тўғри келади, — деб сўзида давом этарди сирлик. — Бироқ, мен сизларнинг қобилиятингизга, топширилган ишни уддалай олишингизга ишонаман. Хайр, омад ёр бўлсин!
— Ўзини ҳимоя қилишни жуда яхши биларкан, жин ургур, — деди Арнолд гўшакни қўяркан. — Мабодо биз каламушларнинг бу кўринмас қўшинини йўқота олсак, у жуда катта ютуқда қолади. Акс ҳолда, шунчаки харажатларни тўлайди-ю, шартномани бажара олмаганимиз учун бизга жарима солади, холос.
— Улар кўринадими, йўқми, морганлаштириш ўз таъсирини ўтказиши керак-ку, ахир! — Грегор ўжарлигини қўймасди ҳануз.
— Бироқ амалда ҳеч нарса бўлмаяпти, — эътироз билдирди Арнолд.
— Буни-ку кўриб турибман. Аммо нима учун? Қопқонлар нега ишламади? Турне тизими-чи?
— Чунки булар кўринмас каламушлар.
— Нима бўпти? Кўринмаса ҳам ҳид сезиш қобилияти сақланиб қолган-ку! Улар оддий каламушлар, ахир ва буни ўзлари ҳам тушунишади. Ё сенинг фикринг бошқачами?
— Биласанми, — деди Арнолд ўйланиб, — агар уларнинг кўринмаслиги мутация оқибати бўлса, демак, ҳид билиш ва бошқа сезгилари ҳам ўзгаришга учрагани эҳтимол.
Грегор паришон ҳолда хўмрайиб ўтирарди.
— Каламушларнинг сезги аъзоларидаги бу хил ўзгаришлар биздан уларга қарши кураш усулларини ҳам тегишлича ўзгартиришни талаб қилади. Бунинг учун эса авваламбор каламушларнинг бу тури бошқа, оддий кемирувчилардан нимаси билан фарқ қилишини аниқлаб олмоғимиз лозим.
— Кўринмаслик хусусиятларидан ташқари, албатта, — дея қўшимча қилди Арнолд.
Хўш, кўринмас каламушларнинг сезги аъзоларини қандай қилиб текшириб кўриш мумкин? Грегор бу саволга жавоб топишни фермернинг уйидаги жиҳозларнинг энг пишиқларидан ўзига хос лабиринт қуришдан бошлади. Унинг фикрича, лабиринт деворлари улар ёнидан каламуш югуриб ўтаётган пайтда кучли ёритилмоғи лозим. Ана шу туфайли кемирувчиларнинг ҳаракат йўналишини ўрганиш мумкин бўлар.
Арнолд эса каламушларни кўринадиган қилувчи бўёқни излаш билан овора. Бўёвчи моддалардан бири шу қадар кучли эканки, бир неча дақиқага каламушни табиий ҳолатига қайтарди. Арнолднинг кўз ўнгида ғойибдан сезгир тумшуғи серҳаракат, кўзлари ғалати пирпираб турган кемирувчи пайдо бўлиши худди сеҳргарликдек эди. Махлуқ унга бир зум лоқайд тикилиб турди-да, сўнг бамайлихотир, ҳеч бир ҳадиксиз орқасини ўгириб олди. Кейин эса модда алмашинувининг ўта тезкор жараёни бўёқни сингдириб юборди ва каламуш яна кўздан ғойиб бўлди.
Грегор ўз навбатида лабиринт бўйлаб қувиб юриб, кўринмас каламушлардан ҳар қалай ўнтачасини тута олди, аммо улар ҳаддан зиёд бўйсунмас бўлиб чиқди. Аксарияти таклиф этилган йўналишга юрмас, егуликдан бош тортар, у билан ўйнашиб кўргани ҳолда тотинишга асло унамасди. Уларга ҳатто электрошок ҳам таъсир қилмади.
Бироқ, умуман олганда, тажриба қандайдир натижа берди. Мисол учун, шериклар ўзлари билан келтирган қурилмалар ушбу ҳол учун мутлақо яроқсизлигини тасдиқлади.
Ҳар қандай баҳайбат асбоб-ускуна сингари Морган ва Турне тизимлари ҳам оддий кемирувчиларга мўлжалланган. Уларни эса очлик ва қўрқув сингари асосий сезгиларига асосланган ҳолда қопқонга тушириш, қириб ташлаш мумкин. Ушбу қурилма фақат шу хил ҳайвонларга мос келарди.
Кемирувчиларнинг аксарияти оддий тур вакиллари эканлигида ҳамма иш рисоладагидек бораверган. Ҳайвонлар ўзгариши билан уларга қарши курашнинг ҳам янги усули даркор бўлиб қолди. Бу фермадаги каламушлар эса кўринмас эканликларига кўникиб кетган.
Энди уларда қўрқув, ваҳима туйғуси йўқолди, чунки ҳеч бир жониворни ҳеч ким кўрмас, бинобарин, таъқиб ҳам этмасди. Қочиб қолиш ва овқатга ташланиш зарурати ҳам йўқолди, улар энди егуликни истаган пайтда, истаган жойдан топа олишарди. Яъни, ҳамиша тўқ юришади. Шундай экан иштаҳани очувчи ҳид ҳам, ғалати шаклдаги нарса ҳам ёки янги хил товуш ҳам кемирувчилар диққатини тортмайди.
Морган ва Турне тизимлари ёрдамида кўринмасликдек янги ҳолатга мослашиб улгурмаган ёхуд қандайдир сабабга кўра мослаша олмаган айрим каламушларнигина йўқотиш мумкин, бу ҳол эса қолган барча кемирувчиларни янги шароитга тезроқ мослашишга ундайди, холос.
Хўш, у ҳолда каламушларнинг азалий душманлари ва табиатда мувозанатни сақлаб туришга масъул ҳайвонларга нима бўлган? Буни билиш учун Арнолд билан Грегор маҳаллий ҳайвонот оламини зудлик билан ўрганиб чиқишларига тўғри келарди.
Хуллас, улар аста-секин, бир далил-исбот ортидан иккинчисини қўлга киритиш орқали бу ерда рўй берган ҳодисани тахминан бўлса ҳам аниқлай олишди. Сир сайёрасида каламушларнинг ўз душманлари: учувчи висюклар, дриглар, дарахтда яшовчи скурллар ва оменюгалар бор.
Бироқ бу беҳисоб махлуқларнинг бари тезликда ўзгара олмаган, албатта. Авваламбор, бу жониворлар кўринарли мавжудотлар оламига мансуб бўлиб, ҳид билиш улар учун қўшимча восита ҳисобланади. Каламушлар ҳиди қанчалик кучли бўлмасин, овга чиққан душманлари асосан ўз кўзларига ишонишга ўрганган. Шу сабабли ҳам улар кемирувчилар ўрнига ўзларига ўхшаш ҳайвонларни овлашга ўтиб, кўринмас жониворларни ўз ҳолига ташлаб қўйишган.
Бу ҳол эса каламушлар кўпайгандан кўпайиб кетишига олиб келган.
Шу тариқа “ТМСБ-ААА” фирмаси кемирувчилар босқинини тўхтатишга ожизлиги маълум бўлиб қолди.
Кейинги ҳафта ҳам бирон натижасиз ўтди.
— Биз ишни нотўғри бошладик, — деди Грегор ўйчан ҳолда. — Аввало бу ерда каламушлар нега кўринмас бўлиб қолганини аниқлашимиз керак. Ана ўшандагина уларни йўқотиш йўлини топа оламиз.
— Айтдим-ку — мутация, — Арнолд ўз сўзида туриб олди.
— Мен бунга ишонмайман. Ҳали бирон мавжудот мутация оқибатида кўринмас бўлиб қолгани йўқ. Шундай экан, келиб-келиб каламушлар шу ҳодисага учрайдими?
Арнолд елкасини қисди.
— Буқаламунни эсла. Баъзи ҳашоратлар борки, шохчаларнинг айнан ўзи, бошқалари эса япроқ шакли ва рангини олади. Айрим турдаги балиқларнинг табиий ранги денгиз туби рангига шунчалик ўхшаб кетадики…
— Булар маълум ҳаммага, — Грегор тоқатсизлик билан унинг гапини бўлди. — Ҳимоя мақсадидаги мимикрия ҳодисаси деб аталади. Бироқ кўринмас ҳолатга ўтиш…
— Медузаларнинг айрим турлари шу қадар шаффофки, танаси орқали денгиз туби кўриниб туради, яъни, уларни кўринмас деса ҳам бўлади, — Арнолд ўз фикрида қатъий эди. — Митти қушча колибрининг шиддатли парвози ҳам уни гўё кўринмасга айлантириб қўяди. Ерқазар эса шу қадар усталик билан яширинадики, деярли кўзга ташланмайди. Ана шу турларнинг бари кўринмас ҳолга ўтиш йўлидадир.
— Бекор гап. Табиат жамики жонли мавжудотни муҳофаза воситаси билан таъминлаган, лекин ҳеч қачон алоҳида бир турни ажратиб олиб, бошқаларга нисбатан устунлик бермаган.
— Бу ёғи энди телеологияга қараб кетаяпти, — деди Арнолд эътироз билдириб. — Сен табиат яхши боғбон сингари ҳамма нарсада муайян бир мақсадни кўзлайди, деб тахмин қилаяпсан. Менимча эса бу — ҳамма нарсани мўътадиллаштиришга интилувчи кўр жараён. Тўғри, охир-оқибатда қайсидир бир ўртамиёналик устун келади, аммо мутлақо ўзгачалик учун ҳам имконият қолади. Пировардида эса табиат кўринмаслик муаммосига келади.
— Йўқ, аксинча, сен ўзинг телеология нуқтаи назаридан фикр юритиб, табиатдаги мимикрия ҳодисасидан мақсад кўринмаслик ҳолатига ўтиш истагидир, деб мени ишонтиришга беҳуда уринаяпсан.
— Менга шундай туюлаяпти-да. Мана, ўзинг бир ўйлаб кўргин…
— Э, ўйлайвериб бошимиз қотиб кетди-ку… — деди Грегор ҳорғин қиёфада. — Телеология нималигини унчалик аниқ билмайман, аммо шуни аниқ биламанки, шу ерда ўн кундан буён ўралашамиз-у, шунча вақт мобайнида неча миллион каламушдан атиги элликтачасини тутолдик, холос. Хўш, энди бу ёғига нима қиламиз?
Улар индамай ўтиришар, дала узра чарх ураётган висюкнинг қичқириғи эшитиларди, холос.
— Кемирувчиларга қирон келтирадиган мана шу овчиларнинг ўткир кўзидан ташқари жиндак ақли ҳам бўлгандайди!.. — деди Арнолд куйиниб.
— Ҳа, булар фақат кўринадиган ўлжани овлайди. Майли эди жуда бўлмаганда…
Грегор ногаҳон жим қолиб, Арнолдга тикилди. У ҳам қандайдир лаҳза шеригига бақрайганча турди-ю, кейин бирдан чеҳраси ёришиб кетди.
— Албатта-да! — деб қичқириб юборди Арнолд.
Грегор шу заҳотиёқ телефонга ёпишиб, юк ташиш бўйича Галактика тезкор хизматини чақира бошлади.
— Алло! Шошилинч буюртмани қабул қилинг…
Тезкор хизмат дейилганича бор экан. Орадан икки кун ўтгач, Берни-спирит фермаси олдидаги яккам-дуккам тақирли майсазорда Ердан келтирилган ўнта мўъжаз қути ётарди. Арнолд билан Грегор уларни уйга олиб кириб, биттасини очишди. Қути ичидан йирик, мағрур ва гўзал мушук виқор билан чиқиб келди, унинг бақувват танасидаги туклар ялтирар, кўзлари эса сариқ тусда иблисона ёнарди. Бу Ерда етиштирилган махсус зот бўлиб, ўзга сайёралардаги турлар билан чатиштириш орқали овчилик хусусиятлари янада кучайтирилган эди.
Мушук эркакларга лоқайд қараб қўйди-да, уй ҳидини олди.
— Бунгаям унчалик катта умид боғлаш керакмас, — деди Грегор жонивор хонани кесиб ўтаётганини кузатар экан, эҳтиёткорона оҳангда.
— Тсс… — дея шивирлади Арнолд. — Унга халақит бермай тур.
Мушук тўхтаб, бошини сал ёнга бурди ва тумшуғининг остида у ёқдан-бу ёққа югуриб юрган юзлаб каламушларнинг тапир-тупурию чийиллашини эшитар экан, қулоқларини динг қилди. Яна ҳид олди-да, кўзларини қисди.
— Бу ер унга ёқмади-ёв, — пичирлади Грегор.
— Э, кимгаям ёқарди дейсан? — Арнолд ҳам шивирлаб жавоб қайтарди.
Мушук оҳиста қадам қўйди. Кейинги қадам учун олд панжасини кўтарган ҳолда бирдан туширди.
— Ов қилишни ўйламаяпти ҳам, — Грегорнинг ҳафсаласи пир бўлиб кетди. — Балки, терер зотли итларни келтирганимиз маъқулмикан…
Мушук туйқусдан сакради. Жонҳолатдаги чийиллашга қараганда панжаларида каламушни чангаллаб турарди. Мушук жаҳл билан миёвлаб, кўринмас танага тишларини ботирди, чийиллаш тинди.
Бироқ хонанинг тўрт томонида чийиллаш кучайиб кетди. Каламушлар росмана ваҳимага тушганди. Шунда Грегор ўйлаб ўтирмасдан яна тўртта мушукни озодликка чиқариб, қолган бештасини эҳтиётга олиб қўйди. Бир неча дақиқа ичидаёқ хонада қирғин бошланди. Дўстлар эса бу ерни тарк этиб, ошхонага ўтишларига тўғри келди: бу томошага асаблар дош беролмасди.
— Ана энди бу ютуғимизни ювса бўлади, — деди Арнолд асраб қўйилган бренди шишаларидан бирини очар экан.
— Ўрнимикан ишқилиб… — Грегор тараддудланди.
— Бўлмаса-чи? Мушуклар ўз ишини яхши билади, ҳаммаси жойида кетаяпти. Дарвоқе, менга бир эслатгин-а, бу ажойиб жониворлардан яна бир неча юзтасига буюртма берай.
— Бўпти, эслатаман. Лекин, мабодо каламушлар яна эҳтиёткорлик қила бошласа-чи?
— Ҳамма гап ана шунда-да! — деди Арнолд қадаҳларга бренди қуяр экан. — Каламушлар қанчалик айёр бўлмасин, мушуклар учун доимо фақат емиш, холос. Энди мабодо улар аввалги, кўринарли ҳолатига қайтгудек бўлса, Морган қурилмасини ишга соламиз қўямиз.
Грегор эътироз билдирмади. Агар бир томондан тишу тирноқлар ва иккинчи томондан морганлаштириш билан исканжага олинса, каламушлар ҳеч қаерга қочиб қутулолмайди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас бу ерда ҳамма нарса тартибга тушади, фирма эса яхшигина даромад қилади.
— Ерлик мушуклар учун ичишни таклиф қиламан, — Арнолд қадаҳ кўтарди.
— Қўшиламан, — дея маъқуллади Грегор. — Жасур, оддий ва ақлли Ер мушуклари учун ичамиз.
— Кўринмас каламушлар мушугимизни гангита олмайди.
— Мушугимиз кўринадими-йўқми, ҳар қандай каламушни тутиб еб қўя олади, — деди Грегор девор ортидаги чинқириғу чийиллашни мамнунлик билан эшитар экан. Жон аччиғидаги бу дод-фарёдлар иккала шерикни ёқимли мусиқадек аллаларди.
Қадаҳлар кўп бўлди ва бари ерлик мушукларнинг беҳисоб ва бебаҳо фазилатлари шаънига бағишланди. Кейин Ер сайёрасининг ўзи учун қадаҳ сўзлари айтилди ва, ниҳоят, унга қардош бўлган бошқа оламларга ўтилиб, алифбо тартибида Абакдан бошланди.
Қаердадир, Глострея сайёрасида бренди тугаб қолди. Хайриятки, ферма соҳиби маҳаллий винолардан дурустгина ғамлаб қўйган экан, ўшалар асқотди у ёғига…
Уонликс сайёраси шарафига кўтарилган қадаҳдан сўнг Арнолд учиб қолди. Грегор эса алифбо ниҳоясига етай-етай деди-ю, барибир етолмади, стол устидаги қўлларига бош қўйганча ухлаб кетди.
Шериклар анча кеч ва одатдаги бош оғриғи билан уйғонишди, боз устига, ошқозонлари ёқимсиз безовта қилар, увишган бўғинлари зирқираб оғрирди. Буниси ҳам етмагандай, кўп ўтмай уларнинг Ер сайёрасидан келтирилган жасур ва ақлли мушуклари қай гўргадир йўқолгани маълум бўлиб қолди.
Дўстлар бутун уйни, барча омборларни, майсазору далагача излаб чиқишди. Каламуш уяларини титкилаб, ҳатто ташландиқ қудуққа ҳам кўз ташлашди.
Мушуклар ҳатто бир тутам юнгини қолдирмай дом-дараксиз ғойиб бўлганди.
Бу орада эса каламушлар худди аввалгидек қувноқлик ва беғамлик билан уйнинг у бурчагидан бу бурчагига югуриб юришар, олдингидек кўринмас ҳолатда бўлганлари боис, ўзларини яна хавфсизликда деб ҳис этишарди.
— Шунча ажойиб тадбирлар қўллаганимиздан кейин аҳвол шуми энди? — Арнолд тутақиб кетди. — Нима деб ўйлайсан, каламушлар мушукларнинг тоза пўстагини қоққанмикан-а?
— Қўйсанг-чи, — дея жавоб қилди Грегор. — Бу уларнинг табиатига зид келади. Менимча, бароқларнинг ўзи қочиб кетганга ўхшайди-ёв.
— Шунча ажойиб емишни ташлаб-а! — Арнолд ишонқирамади. — Мушук зоти ҳеч қачон бундай қилмайди.
— Мош, мош, мош, — дея сўнгги марта чақирди Грегор. Бироқ таниш миёвлаш ўрнига ўша-ўша беғамлик билан юрган беҳисоб каламушларнинг мамнун чийиллаши эшитиларди, холос.
— Нима гап бўлганини билишимиз керак барибир, — деди Арнолд қолган бешта мушук сақланаётган қутиларга шахдам яқинлашиб келаркан. — Тажрибани такрорлаймиз, лекин бу гал ҳамма нарсани назорат қилиб турамиз.
У шундай деб қутидан навбатдаги мушукни олди-да, бўйнига қўнғироқчали боғич кийдирди. Грегор уйдаги барча эшикларни беркитди ва яна ов бошланди.
Мушук ўлжасига жаҳд билан ташланди ва “ТМСБ-ААА” фирмасидаги шериклар ўткир тишларга тутилган жониворни илк марта ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлишди. Каламушни ҳаёт билан бирга кўринмасликдек сирли хусусияти ҳам тарк этар экан.
— Лекин, ҳар қалай, олдимизда турган муаммоларнинг ечими эмас-да бу, — деди Арнолд хўрсиниб.
— Сабр қилгин-у, кузатишни давом эттиравер, — деб буюрди Грегор.
Мушук бироз мудраб олгач, сув ичди ва яна ишга киришди. Энди Арнолдни уйқу элитди, Грегор эса кузатишни давом эттирди, аммо у оғир ўйлар гирдобига ғарқ эди.
Улар ярим ойни беҳуда ўтказишди, каламушлар қўшини эса асло камаймади, буни у жуда яхши тушуниб турарди. Мушуклар-ку, умуман, ўз вазифасини бажара олади-я, лекин бир неча соат ўтмаёқ овга иштиёқи сўнадиган бўлса, каламушларни буткул йўқотиш фирмага қанчага тушади, ахир? Эҳтимол, терерлар бу ишни яхшироқ уддалашар ёки уларнинг аҳволи ҳам шундай бўлармикан?..
Шу пайт тўсатдан… У Арнолдни шоша-пиша уйғота бошлади.
— Ҳа, нима гап яна? — деди у тўнғиллаб кўзларини ишқаларкан, кейин атрофга қаради.
Ҳозиргина шахду жаҳд билан каламуш овлаётган мушукнинг ўрнида бўйинбоғнинг ўзи ҳавода муаллақ турар, қўнғироқчаси қувноқ жиринглаб қўярди.
— Ие, мушук ҳам кўринмас бўлиб қолдими? — Арнолднинг оғзи очилди. — Шу етмай турувди ўзи! Лекин… Қанақасига? Нега энди?
— Бирон нима еб қўйганга ўхшайди, — деди Грегор бўйинбоғнинг хона бўйлаб ҳаракатларини қўрқув аралаш ҳайрат билан кузатар экан.
— Каламушдан бўлак ҳеч нима егани йўқ-ку?!
Шериклар икковларининг хаёлларидан бир фикр ярқ этиб ўтгандек бир-бирларига тикилганча қолишди.
— Демак, каламушлардаги кўринмаслик хусусиятининг мутацияга ҳеч қандай алоқаси йўқ! — деди хурсанд бўлиб Грегор. — Буни сенга неча марта айтгандим, ахир! Бундай хусусият мутация орқали ўтиши мумкинмас. Бундан чиқадики, каламушлар ҳам нимадир еган.
Арнолд маъқуллагандек бош ирғади.
— Менам шубҳаланаётгандим. Назаримда, мушук каламушларга тўйиб олгандан кейингина кўринмай қолди-ёв.
Хонадаги тўс-тўполонга қараганда, кўринмас мушук кўринмас каламушларни овлашни ҳануз давом эттирарди.
— У ҳолда йўқолган мушукларнинг бари шу ерда, уйда бўлиши керак, — деди Грегор. — Лекин нега энди чақириғимизга жавоб беришмади?
— Бу — ўта мустақил, ўз қадрини баланд тутадиган жонивор, — деб ўзича тахмин қилди Арнолд.
Қўнғироқча жиринглади. Бўйинбоғ полгача тушди-да, кейин у ёқдан бу ёққа шахд билан ташлана бошлади. Модомики мушук ўз вазифасини бажараётган экан, у кўринмай қолганидан бунчалик хавотирланишга ҳам ҳожат йўқдир балки, деб ўйлай бошлади Грегор.
Бироқ у фикрини охирига етказмаганди ҳамки қўнғироқчанинг овози ўчди.
Бўйинбоғ хона ўртасида, полда қилт этмай ётарди, кейин у гўё ҳавода аста-секин эриб кета бошлади-ю, пировардида кўздан буткул ғойиб бўлди.
Полда ҳеч нарса йўқ эди.
Грегор ҳозиргина бўйинбоғ ётган жойга эсанкираб тикиларди.
— Йўқ. Бундай бўлиши мумкин эмас, — деди у шивирлаб.
Ҳолбуки, нима воқеа юз берганини у ўз кўзи билан кўрган эди.
Энди эса мушук нима қилаётгани — сакраётгани ё пусиб келаётгани, ҳамла қилаётгани ёки чекинаётгани тўғрисида ҳеч вақо билинмайди. Кўринмас мушук дом-дараксиз ғойиб бўлганди.
Шартномада келишилган муддат тугаётган бўлса-да, ҳамма ишни қайтадан бошлаш кераклигини шериклар жуда яхши тушуниб туришарди. Каламушлар билан мушуклар қай тариқа ғойиб бўлаётганини билишлари керак-ку, ахир! Арнолд ўзи қурган тажрибахонага қамалиб олиб, уй атрофидаги қарийб ҳамма нарсанинг намунасини текшира бошлади. Кун бўйи микроскопга тикилганидан кўзлари қизариб, ўзи чўпдай озиб, тиқ этган товушдан сесканиб тушадиган бўлиб қолди.
Грегор эса мушуклар устидаги тажрибасини давом эттирарди. Еттинчи мушукни чиқариб юборишдан олдин бўйинбоғига сигнал бериб турувчи митти радарни ўрнатди. Бироқ бу жониворнинг бошига ҳам аввалгиларининг куни тушди. Каламушларни бир неча соат мобайнида жадал овлаганидан кейин бу мушук ҳам кўринмай қолди ва кейин буткул йўқолди. Радарнинг товуши ҳам ўчди.
Энди Грегор бутун диққат-эътиборини охирги учта мушукка қаратди. Саккизинчи ва тўққизинчи мушукларни алоҳида қафасларга жойлаштириб, каламуш гўштини қатъий ўлчанган тартибда бериб борди. Бир кун ўтиб, улар кўринмай қолганда саккизинчи қафасга емиш беришни тўхтатиб, тўққизинчи мушукни аввалгидек боқаверди. Пировардида эса тўққизинчи мушук ҳам худди аввалгилардек ном-нишонсиз ғойиб бўлди, аммо саккизинчиси гарчи кўринмаса ҳам ҳали қафасда эди.
Ана шу муносабат билан Грегор мижозлари, сирлик фермер билан телефон орқали анча вақт асабийлашиб суҳбатлашувига тўғри келди. У эса “ТМСБ-ААА” фирмасига озроқ жарима тўлаб, келгуси ишларни тўхтатишни ва бу юмушни бошқа бирон нуфузлироқ, тажрибалироқ компанияга топширишни таклиф қилди. Грегор бу таклифни кескин рад этди.
Тўғри, кейин бу қароридан иккиланиб ҳам қолди. Берни-спирит фирмасининг жумбоғини ечиш унчалик осон ишга ўхшамайди, кўплаб йилларга чўзилиб кетса ҳам ажабмас. Ҳайвонлар кўринмай қолишининг ўзи қанчалик жозибали сир! Аммо буткул ғойиб бўлиб кетишлари — ниҳоятда расво. Жумбоқни ҳал қилишга амалда имконият қолдирмайди.
Грегор ана шу ҳақда бош қотириб ўтирганида хонага Арнолд кириб келди. Башарасидан аллақандай саросимада, жиннилардек ишшайиб турибди.
— Манавини кўриб қўй, — деди тантанавор оҳангда қўлини чўзиб.
Арнолд унинг бўм-бўш кафтига қаради.
— Хўш, нима экан бу? — деб сўради кейин.
— Нима бўларди, бор-йўғи кўринмаслик сири-да, — мамнунлик билан ҳиринглади Арнолд.
— Лекин мен ҳеч нарса кўрмаяпман, — деди Грегор эҳтиёткорлик билан ва бундай ҳолларда ақлдан озган одам билан қандай муомала қилиш кераклигини эслай бошлади.
— Албатта кўролмайсан, — деди Арнолд тантана билан. — Чунки у кўринмайди-да!
Грегор тислана-тислана стол ортига ўтиб олди.
— Қойил, оғайни, қойил, — деди у юпатувчи оҳангда. — Кафтинг тарихга кирадиган бўлди. Лекин бу нималигини тушунтириб берарсан ҳар қалай?
— Мени ақлдан озган деб ўйлаяпсанми, тентак, — деди Грегор башараси тиришиб, ҳануз қўлини чўзиб тураркан. — Сен ҳеч нарсани кўрмаяпсан, аммо кафтимда нимадир бор. Ушлаб кўргин-а.
Грегор журъатсизлик билан қўл чўзди. Арнолднинг кафтида қаттиқ япроқларга ўхшаш бир тутам нимадир бор эди.
— Кўринмас ўсимлик! — деб юборди Грегор.
— Айнан ўзи. Бошимизга тушган жамики ғавғонинг сабаби мана шу бўлади.
Арнолд уй атрофини синчиклаб кўздан кечириб, бир дунё нарсадан намуна олди, аммо текширишлар ҳеч қандай натижа бермади. Бир куни эса у айланиб юриб, майсазорда кафтдеккина тақир ерга эътибор берди, кейин эса ҳеч нарса ўсмаган бундай жойлар атрофда жуда кўплигини пайқади. Яна шунга ҳам диққат қилдики, бу тақирлар муайян бир тартибда жойлашган эди.
Арнолд тақир устига энгашиб, синчиклаб текшира бошлади. Унда ҳеч нима ўсмас, қарийб яйдоқ тупроқнинг ўзи эди. Қарийб.
Арнолд бу жойни пайпаслаб, қуруқ ерда нимадир ўсиб ётганини сезди. Фақат у кўринмасди.
— Билишимча, бу бизга мутлақо номаълум ўсимлик.
— Лекин қаердан келиб қолган у?
— Ҳозирча инсон қадами етмаган жойлардан, — деди Арнолд ишонч билан. — Тушунишимча, бу ўсимликнинг аждодлари қачонлардир Коинотда микроскопик уруғ тарзида учиб юрган ва пировард оқибатда Сир сайёраси яқинига келиб қолган. Уруғ Берни-спирит фермаси даласига тушиб, илдиз отган, гуллаб, охири униб чиққан. Бор гап шу. Бу каламушлар эса ўтхўр ва яхшигина ҳид сезишини биз биламиз. Чамаси, ўсимлик уларга маъқул тушиб қолганга ўхшайди.
— Лекин у кўринмайди-ку?!
— Бу ҳол каламушларни ўйлантириб ўтирмайди. Кўринмаслик кемирувчиларнинг онги учун ҳаддан зиёд мураккаб тушунча.
— Нима, ҳаммаси шундан еган деб ўйлайсанми?
— Ҳаммасимас, албатта. Лекин еганларининг омон қолиш эҳтимоли кўпроқ бўлган, чунки учувчи висюклар ва дриглар каби йиртқич ҳайвонлар уларни кўролмасди-да! Кейинчалик эса каламушлар бу ўсимликка бўлган иштиёқларини авлодга ўтказишган.
— Сўнгра бизнинг мушукларимиз пайдо бўлиб, кўринмас каламушларни шу қадар кўп ейишдики, охири ўзлари ҳам кўринмас бўлиб қолишди. Жуда соз. Бироқ нега энди бирданига ном-нишонсиз ғойиб бўлишди?
— Бунинг сабаби жуда оддий. Каламушлар кўринмас ўсимликдан ташқари бошқа емиш билан ҳам озиқланишган, мушуклар эса фақат каламуш ейишди. Яъни, бу сирли моддани керагидан зиёд даражада қабул қилишди.
— Демак, катта миқдордаги бу модда ғойиб бўлишга олиб келади. Лекин қаерга кетади ғойиб бўлган жониворлар?
— Вақти-соати келиб буни ҳам билармиз. Аммо ҳозир қўл қовуштириб ўтирадиган пайт эмас, фурсат ғанимат. Бу тақирларни ёқиб ташлаш керак. Танаси заҳардан тозалангандан кейин каламушлар яна кўринадиган бўлиб қолади. У ёғига эса режамизни мушуклар якунлашади.
— Бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ-да, — дея хўрсинди Грегор.
Улар кўчма ўточар қурилмани қўллашга қарор қилишди. Берни-спирит далаларидаги қуюқ ва ям-яшил экин орасида тақирлар кафтдагидек яққол кўриниб турарди. Ўсимликнинг кўринмаслиги бу гал ўз бошига бало бўлди.
Грегор билан Арнолд кун бўйи лаънати ўт ўсган барча жойларни таг-туги билан ёндириб-куйдириб чиқишди.
Эртасига эрталаб эса култепалар ўрнида янги ниҳоллар униб чиққанини билиб ҳайратда қолишди.
— Ўзингни тут, ошна, хавотирланма, — дея юпатган бўлди Арнолд.
— Майса биз уни ёқишимиздан аввалроқ уруғ тўкканга ўхшайди. Бироқ бу унинг сўнгги ҳосили бўлади.
Кўринмас ўтни қайтадан йўқотишга яна бир кун вақт кетди. Тақирлар битта қолдирмай куйдириб-ёндирилди. Кечга бориб Галактика тезкор хизмати навбатдаги мушуклар гуруҳини етказиб берди. Уларни қафасга жойлаштирган шериклар бу жанговар қўшинни каламушлар кўринадиган кунга асраб қўйишга қарор қилишди.
Эртасига эрталаб эса куйдирилган тақирда яна янги ниҳоллар униб чиққани маълум бўлди. “ТМСБ-ААА” сайёралараро хизмати ходимлари шошилинч мажлис ўтказишди.
— Бу уринишимизнинг охири вой, — деди Грегор.
— Лекин бўлак иложимиз ҳам йўқ-да, — Арнолд елка қисди.
Грегор саркашлик билан бош чайқади.
— Бўлмаса нима қиламиз? — деб сўради Арнолд.
— Сенда бирон таклиф борми?
— Йўқ.
— Шартнома муддати тугагунча бор-йўғи икки ҳафта вақтимиз қолди, холос. Меҳнат ҳақимизнинг ҳам бир қисмини сарфлаб бўлдик. Мабодо бу ишни уддалай олмасак, бизни бу бизнесдан умуман чиқариб ташлашади.
Арнолд стол устига кўринмас ўсимлик солинган ликопчани қўйди.
— Бу лаънати майсани каламушлар паққос туширган эди. Бу кемирувчиларни еган мушуклар эса ғойиб бўлди. Биз улар қаерга кетганини билишимиз керак.
Грегор ирғиб туриб, хонада асабий қадам ташлай бошлади.
— У ёғини суриштираверсак, мушуклар бирон-бир юлдузнинг нариги томонида пайдо бўлгани ҳам эҳтимол.
— У ҳолда таваккал қилишимизга тўғри келади, — деди Арнолд қатъийлик билан.
— Таваккал десанг таваккал-да, — деди Грегор уф тортиб. — Қани, бошла бўлмаса.
— Нима-а?
— Бошлайвер, деяпман.
— Менми?
— Бўлмаса ким ахир? Мен бу лаънатини оғзимга ҳам олмайман. Қолаверса, бу сендан чиққан фикр.
— Аммо мен еёлмайман! — Арнолд қўрқувдан муздек терга тушди. — Мен фирмамиздаги ягона мутахассисман. Бу ерда қолиб, маълумотларни тўплашим, ўзаро қиёслашим керак. Униси ҳам етмагандай, кўкатга аллергиям бор.
— Бу сафар маълумотларни мен тўплайман, мен қиёслайман.
— Лекин сен уддалай олмайсан! Мен янги хил бўёвчи моддалар устида ишлашим керак. Ёзувларимни ўзимгина тушуна оламан, сенинг тишинг ўтмайди. Қолаверса, реторталарда янги хил аралашма тайёрлаяпман. Бундан ташқари, гул чанги устида тажрибалар ўтказмоқчиман…
— Бўпти, бўпти, баҳона излайверма, — деди Грегор ҳорғинлик билан. — Мен ўзимни қурбон қила қолай. Аммо лекин шуни билиб қўйки, бу сенга энг охирги марта ён босишим, энг охиргиси.
— Унутмайман, ошна, унутмайман. — Арнолд дарҳол ликопчадан бир сиқим кўринмас майса олди. — Ма, оғайни, чайнайвер. Қани, яна ол, олавер, тортинма. Ош бўлсин. Хўш, мазаси қандай экан?
— Карамга ўхшаб кетади, — деди оғзи тўла Грегор.
— Бир нарсага имоним комил, — деди Арнолд. — Сеникига ўхшаш танада ўсимлик таъсири узоқ давом этмайди. Тана заҳардан жуда тез қутулади. Тез орада яна ўзингга келасан.
Бу орада Грегор қарийб “эриб” кетаёзган, фақат кийимигина кўриниб турарди.
— Хўш, ўзингни қандай сезаяпсан? — деб суриштиришда давом этди Арнолд.
— Доимгидек. Бирон ўзгариш йўқ.
— Яна ол бўлмаса.
Грегор охирги икки чимдим майсани ҳам оғзига ташлади. Ва шу заҳотиёқ кийим-пийими билан кўздан ғойиб бўлди.
— Грегор! — Арнолд қўрқиб кетди. — Қанисан? Шу ердамисан?
Ҳеч қандай жавоб бўлмади.
— Ғойиб бўлди, — деди Арнолд ўйланиб. — Мен эса ҳатто оқ йўл тилашга ҳам ярамадим.
Арнолд реторталари ёнига қайтиб, улар остидаги алангани пасайтирди. Ўн беш дақиқалар ишлагач, у бирдан ҳамма нарсани ташлади ва бўм-бўш хонага кўз югуртирди.
— Оқ йўл тилай олмаганим безарардир, — деди овоз чиқариб. — Унга ҳеч қандай хавф-хатар таҳдид солаётгани йўқ.
Кейин ўзига шомлик таом тайёрлади. Санчқини оғзига олиб борган пайтида беихтиёр тўхтади.
— Хайрлашмай қолганим ҳар қалай чакки бўлди-ёв, — деди ўзини айбдор сезиб.
Бироқ шу заҳотиёқ хавотирли барча фикрларни хаёлидан қувди-да, яна тажрибаларига қайтди.
Арнолд бутун тунни тажрибахонада ўтказди, тонг отганда эса ўлгудай толиқиб чорпояга чўзилди-ю, бир лаҳзада ухлаб кетди. Кун пешиндан оғганда уйғонди ва наридан-бери тамадди қилган бўлиб, яна тажрибаларига ёпишди.
Грегор ғойиб бўлганидан бери бир кеча-кундуз вақт ўтди. Кечқурун фермер телефон қилди. Арнолд каламушлар назорат остида эканлигини, ишни якунлаш учун эса фақатгина озроқ вақт кераклигини айтиб, унинг кўнглини тўқ қилди.
Шундан сўнг у кемирувчиларни қириш бўйича барча қўлланмаларни қайтадан ўқиб чиқди, асбоб-ускуналарни кўздан кечирди, морганейзернинг у ер-бу еридаги симларни алмаштирди, қопқоннинг янги хилига тегишли бир фикрни мулоҳаза қилиб кўрди, лаънати майсани яна бир бор оловдан ўтказиб, охири ухлагани ётди.
Яна уйғонганида эса дастлаб Грегорни ўйлади: у ғойиб бўлганидан буён етмиш икки соат ўтганди. Балки энди у ҳеч қачон қайтмас.
“Грегор илм-фан учун ўзини қурбон қилди, — деб кўнглига таскин берарди Арнолд. — Мен унга ҳайкал ўрнатаман.”
Аммо дўстининг хотираси учун бу ниҳоятда арзимасдек туюларди. Ўша “карам”ни ўзи ейиши керак эди аслида. Фавқулодда шароитларда Грегор доимо ўзини йўқотиб қўяди. Ҳа, у мард ва жасур, бунга гап йўқ, лекин шароитга мослашишни билмайди.
Сирасини айтганда, номаълум юлдузнинг нариги томонида шароитга мослашиш ҳам ёрдам беролмаса кераг-ов. Айтайлик, фазовий вакуумда омон қолишга уриниб кўринг-а, ёки…
Шу пайт Арнолд орқада шарпа эшитди-ю, ялт этиб ўгирилди.
— Грегор! — дея қувончдан қичқириб юборди у.
Аммо бу Грегор эмасди.
Унинг рўпарасида турган мавжудотнинг бўйи тўрт футдан ошмаса ҳам, оёқ-қўллари жуда кўп эди. Ғалати меҳмоннинг қалин лойга беланган танаси пушти-бўз тусли бўлиб, елкасига анчагина залворли кўринувчи тўрва ташлаб олганди. Қовундек чўзинчоқ ва тепага ингичкалашиб борувчи бошига учли қалпоқ қўндирилган. Бор-йўқ кийими ҳам шунинг ўзи.
— Сиз Грегор бўлмасангиз кераг-а? — деб ҳадиксираб сўради Арнолд. У нима қиларини билолмай, довдираб қолганди.
— Йўқ, албатта, — деб жавоб қилди мавжудот. — Мен Хэм бўламан.
— Шундай денг… Лекин мабодо менинг шеригимни учратганингиз йўқми? Унинг номи Ричард Грегор. Мендан бир фут баландроқ, қотмадан келган ва…
— Уни учратдим, албатта, — дея тасдиқлади Хэм. — Нима, ҳалиям келгани йўқми?
— Кўриб турганингиздек.
— Ҳмм, жуда ғалати-ку бу. Ҳай, майли, соғ-омон бўлса бас. — Меҳмон курсига чўкди-ю, шу заҳотиёқ бир йўла учта қўлтиғини қаший бошлади.
Аллақандай ваҳимадан юраги орқасига тортиб кетаётган Арнолд сўради:
— Сиз қаердан келдингиз?
— Оол сайёрасидан-да, албатта, — жавоб қилди Хэм. — Биз ўша ерда скомп экамиз. Ва у бу ерда униб чиқади.
— Кечирасиз, бир дақиқага, — Арнолд курсига оғир чўкди. — Сиздан илтимос, бир бошидан гапириб берсангиз.
— Нимани ҳам гапирардим. Оол сайёраси аҳолиси азал-азалдан скомп экиб келади. Бу ўсимлик ўз ривожининг дастлабки босқичларида бир неча ҳафтага йўқолади. Кейин эса пишиб етилган ҳолда сайёрамиз далаларида яна пайдо бўлади. Биз уни йиғиштириб, озиқ-овқат сифатида истеъмол қиламиз.
— Сиз жуда тез гапиряпсиз, ҳамма нарсани англаб етолмаяпман. Сайёрангиз қаерда ўзи?
— Грегорнинг айтишича, Оол ёндош оламда жойлашган. Лекин мен ўзим бу тўғрида ҳеч нима билмайман. Сизнинг Грегорингиз менинг даламда икки ойларча бурун пайдо бўлди. Менга инглиз тилини ўргатган ҳам ўша. Кейин эса…
— Икки ой бурун? — Арнолд эсанкираган кўйи ўйланиб қолди. — Менимча, ҳар иккала жой вақтидаги тафовут бўлса керак бу. Хўп, у ёғини давом эттираверинг…
— Менга қаранг, егулик бирон нимангиз йўқми? — Кутилмаганда сўраб қолди Хэм. — Уч кундан буён туз тотганим йўқ. Иложим бўлмади, тушунасизми? — Арнолд индамай бир бурда нон узатди ва қиёмли идишни унинг олдига суриб қўйди. — Янги ҳудуд кашф этилганида, мен биринчи бўлиб таваккал қилдим, — дея ҳикоясида давом этди Хэм. — Бутун чорвамни йиғдим-у, “Б” тоифасидаги учта хотин сотиб олиб, йўлга тушдим. Манзилга етиб келганимдан кейин эса…
— Шошманг, биродар! — дея ёлворди Арнолд. — Менинг саволларимга бунинг нима алоқаси бор?
— Ҳамма гап айнан шунда-да. Гапимни бўлмай туринг, ахир…
Бир қўли билан елкасини қашиганча, яна иккита қўли билан қиём суртилган нонни оғзига тиқар экан, Хэм сўзида давом этди:
— Янги Ҳудудга етиб келиб скомп экдим. Экин униб чиқди, гуллади ва одатдагидек ғойиб бўлди. Аммо даламда қайтадан пайдо бўлганида уни аллақандай кемирувчилар ғажиб ташлаган эди. Начора, фермерларда омадсизлик тез-тез учраб туради. Скомпни такроран экдим. Аммо ҳосил яна кўнгилдагидек бўлмади. Бу эса жаҳлимни чиқариб юборди. Аммо биз скомп экишда ўжар халқ бўламиз, буни биласиз. Бироқ пировардида тоқатим тоқ бўлиб, уринишларим наф беришига кўзим етмай, қайтиб кетишга отланиб турганимда туйқусдан Грегорингиз пайдо бўлиб қолди-ю…
— Шошманг, шошманг, мен тушуниб олай, — деб унинг сўзини бўлди Арнолд. — Хуллас, сиз ёндош оламдансиз. Демак, скомпингиз ҳосилини олиш учун уни то пишиб етилгунига қадар бир йўла икки ёндош оламда етиштиришга тўғри келади, шундайми?
— Тўппа-тўғри. Ҳар қалай, Грегорингиз бизга шундай тушунтирди.
— Қишлоқ хўжалик экинини етиштиришнинг ғалати усули экан-ку бу?!
— Аммо бизга бўлаверади, — деди оғриниб Оол сайёрасилик келгинди. Энди у бир йўла тўртта тиззаси остини қашиб ўтирарди. — Грегорнинг тушунтириши бўйича, уруғлар Коинотингизнинг ҳар қандай, ҳатто ҳеч ким яшамайдиган сайёрасига тушиб қолиши ҳам мумкин. Бу гал мен скомпни Янги Ҳудудда экканимда у яна бу ерда униб чиқибди.
— Э-ҳа! —деб юборди Арнолд ҳамма гапга тушуниб.
— Нима деганингиз бу — “э-ҳа”? Бунақа сўз борлигини Грегор айтмаганди. Ҳай, майли, у барибир менга ёрдам берди. Янги Ҳудуддаги далаларимни ташлаб кетишим шарт эмаслигини, фақат энди скомпни бошқа майдонларга экишим кераклигини тушунтирди. Яна шуни ҳам айтдики, ёндош оламлар бир-бирига айнан ўхшамайди. Лекин бу нима эканлигини, ўлай агар, тушунмайман. Мен олиб келган нарса эса бошқа бир хизмат учун ҳақ.
У елкасидан тўрвани олиб, гурс этиб полга қўйди. Арнолд тўрва оғзини очиб, ичига назар ташлади. Халта олтинга ўхшаш сап-сариқ қуймаларга тўла эди.
Шу маҳал телефон жиринглаб қолди. Арнолд гўшакка ёпишди.
— Алло? — Грегорнинг овози эшитилди. — Хэм ҳалиям ёнингдами?
— Ҳа…
— У ҳаммасини тушунтириб бергандир? Ёндош оламлар ҳақида, скомп қандай етиштирилиши тўғрисида?
— Назаримда, тушуна бошлагандайман, аммо…
— Энди менга қулоқ сол, — дея унинг сўзини бўлди Грегор. — Биз экинзорда униб чиққан скомпни йўқотишимиздан аввал Хэм ўз даласида уни қайтадан экишга улгурган экан. Унинг оламида вақт Сирдагига нисбатан сустроқ кечиши туфайли, экин бир кечада униб чиққан. Бироқ энди бу ҳол бошқа такрорланмайди. Хэм скомпни бўлак майдонларга экади. Энди эса агар униб чиққан экинни ёқиб юборсанг, у бошқа ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Кейин бирон ҳафта кутгин-да, у ёғига мушуклар билан морганайзерни ишга сол.
Арнолд кўзларини маҳкам юмди. Буларнинг барини ўйлаб, текшириб кўриш учун Грегорга икки ой вақт керак бўлибди. У эса бундай қилолмади. Шунчаки фурсати етмади.
— Хэм нима бўлади? — деб сўради у Грегордан.
— Уни қўявер, скомпини чайнаб ўз уйига қайтади. Агар билсанг, бу лаънати модда танамиздан буткул чиқиб кетиб, икковимиз ўз Коинотимизга ўтгунга қадар очликдан тоза силламиз қуриди.
— Маъқул, — деди Арнолд. — Лекин назаримда… Э, дарвоқе, сен қаердасан ҳозир?
Грегор мамнунлик билан хохолади.
— Биласанми, ёндош оламлар бир-бирига айнан ўхшамас экан. Скомпнинг танамга таъсири тугаган лаҳзада дала чеккасида тургандим, бир маҳал қарасам, Тул сайёрасида пайдо бўлиб қолибман.
— Бу ахир Галактиканинг нариги чеккасида-ку!
— Биламан. Ерда учрашамиз, олтин ёмбиларни олишни унутма.
Арнолд гўшакни ўрнига қўйди. Хэмнинг қораси ҳам кўринмасди. Фақат ана шундагина Арнолд ўзга сайёралик соф олтин тўлаган “бошқа хизмат” нималигини Грегордан сўрамаганини эслаб қолди.
Бу тўғрида Арнолд кейинроқ, Грегор икковлари Ерга қайтиб, “ТМСБ-ААА” фирмасида учрашишганда хабар топди. Сир сайёрасидаги каламушлар кутилганидек одатдаги қиёфасига қайтди ва мушуклар билан морганайзер ёрдамида қириб ташланди. Фирма шартнома бўйича ўз вазифасини бажарган эди. Тўғри, даромаднинг бир қисмини икки ҳафта кечикканлик учун жарима сифатида тўлашга тўғри келди. Аммо бу йўқотиш ўрнини Оол сайёрасилик келгиндининг олтин ёмбилари ошириб-тошириб тўлдириб юборганди.
— Унинг даласи мушукларимиздан жабр кўрарди, — деб ҳикоя қилди Грегор. — Улар чорва молларини ҳуркитар ва ҳатто қўрқитар эди. Мен бу жониворларнинг барини тутиб олиб, Оол сайёрасининг Марказий ҳайвонот боғига сотдим. Даромадни эса мижозим иккаламиз бўлишиб олдик.
— Хайриятки, ҳаммаси хайрли тугади, — деди Арнолд бош қашиб.
— Мен ҳам шу фикрдаман.
Грегор шундай деб елкасини зўр бериб қаший бошлади. Арнолд аввалига унга тикилиб қолди, кейин эса ўзининг ҳам кўкраги қичиша бошлаганини сезди. Нафақат кўкраги, бир лаҳзадаёқ унинг боши, оёқлари ва умуман бутун танаси қичиша бошлаганди:
— Назаримда, ҳаммаси тугамаганга ўхшайди-ёв, — деди Грегор.
— Бу нима деганинг бўлди? — Арнолд чап елкасини жон-жаҳди билан қаший бошлади. — Яна нима гап?
— Хэмни озода деб бўлмайди, албатта. Қолаверса, Оол сайёрасининг ўзи ҳам покизаликдан анча бегона экан.
— Хўш, нима бўпти?
— Гап шундаки, у ерда бит юқтириб олганга ўхшайман, — деди Грегор қорнини қўшқўллаб қашир экан. — Ўзинг сезиб тургандек, бу бит ҳам кўринмас.
Русчадан Рустам Обид таржимаси.
«Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 2-сон.