Рабиндранат Тагор. Таътил (ҳикоя)

Қишлоқ болаларининг жўрабошиси Фатик Чокробортининг калласига янги фикр келди. У дарё қирғоғида ётган йўғон ходани кема лангарига айлантирмоқчи бўлди. Фатик, бу ишда ҳамма қатнашиши керак, деган қарорга келди. Бу ишнинг қанчадан-қанча таажжуб, гап-сўз ва норозиликларга сабаб бўлишини ўйлаб, ҳамма болалар шу таклифга хурсандчилик билан рози бўлдилар.
Ҳаммалари енг шимариб, ғайрат билан иш бошлаймиз деб турганларида бирдан Фатикнинг укаси Макхонлал ходанинг устига ўтириб олди. Болалар ўз меҳнатларига бунчалик бепарволикни кўриб, дастлаб гангиб қолдилар. Сўнг биттаси астагина келиб Макхонлални туртиб юборди. Бироқ бу чора ҳеч кор қилмади. Бола, ҳамма ўйинларинг бир чақа дегандек қилиб, бемалол хаёл суриб ўтираверди.
Жаҳли чиққан Фатик укасига қараб:
—- Менга қара, уриб абжағингни чиқараман! Тур ўрнингдан! — деб бақирди.
Аммо Макхонлал бир қимирлаб қўйди-ю, яна ҳам яхшироқ ўтириб олди.
Албатта, бундай ҳолда, бошқалар олдида обрўни сақлаш учун гапга кирмас уканинг қулоқ-чаккасига тушириши лозим эди, бироқ Фатик бунга журъат этолмади. Фатик, Макхонлалнинг адабини бериш унга ҳеч гап эмас-у, лекин ундан қизиқроқ ўйин ўйлаб топгани учун бу ишдан тийилиб тургандай кўринарди. У болаларга ходани укаси билан бирга юмалатиб юборишни таклиф қилди.
Макхонлал, майли, жуда қизиқ бўлади, деди-ю, бу қалтис ўйиннинг оқибати нақадар хавфли экани на унинг, на бошқаларнинг ақлига келмади.
Болалар: «Ҳа, қани! Ҳа, қани!» — деб ходани қимирлата бошладилар.
Хода сал айланиши билан Макхонлал ағдарилиб тушди. Бу болаларган кутганларидан ҳам ортиқроқ таъсир қилиб, кула-кула ичаклари узилаёзди. Лекин бошқалар кулса ҳам, Фатик бир оз эсанкиради. Макхон сакраб ўрнидан турди-да, акасига ташланиб, уни савалай бошлади. Сўнгра,
ҳаммаёғи тимдаланган ҳолда йиғлаб уйга жўнади. Шу билан ўйин тамом бўлди.
Фатик бўлса бир кўкатни юлиб, ярим чўккан қайиқнинг учига чиқиб ўтирди-да, индамай кўкат поясини шимий бошлади.
Шу пайтда қирғоққа бир қайиқ келиб тўхтади. Ундан ўрта ёшли, сочлари оқ, муртлари қора бир жаноб чиқиб келди.
—    Чокробортининг уйи қаерда? — деб сўради у Фатикдан.
Бола поя шимиб туриб:
—    Ана у ерда, — деб жавоб берди.
Бироқ, у қайси томонга ишора қилганини билиш қийин эди.
Нотаниш жаноб саволини такрорлади:
—    Қаерда?
Бу гал Фатик яна поя шимишни давом эттириб:
—    Билмайман, — деб жавоб берди.
Шундан сўнг у жаноб бошқа кишидан сўраб олиб, Чокробортининг уйига қараб кетди. Шу орада уйдан Багха Багди келиб:
—    Фатик, юр, сени онам чақиряпти, — деди.
—    Бормайман!
Багха уни зўрлик билан қўлида кўтариб олиб кетди. Фатик эса жон-жаҳди билан питирлар, типирчилар эди. Онаси уни кўрган ҳамон жаҳл билан ўшқирди.
—    Сен Макхонни яна урдингми?
—    Мен урганим йўқ! — деди бола.
—    Ёлғон гапиряпсан!
—    Ҳеч урганим йўқ, ишонмасангиз Макхондан сўранг.
Аммо Макхон ўз шикоятини такрорлади. Фатик чидолмади. Югуриб укасининг олдига борди-да:
—    Ёлғон гапирма! Ёлғон гапирма!— деб қарсиллатиб шапалоқ билан қулоқ-чаккасига тортиб юборди.
Онаси Макхоннинг тарафини олиб, Фатикнинг елкасига бир неча марта қаттиқ мушт туширди. Шундан сўнг бола онасини итариб юборди. Бу ҳолни кўриб она:
—    Ҳали сен менга қўл кўтармоқчи бўлдингми? — деб қичқирди.
Худди шу пайтда:
—    Нима гап? — деб хонага ҳалиги қора муртли нотаниш жаноб кириб келди.
Фатикнинг онаси ҳайрат ва қувончдан терисига сиғмай:
—    Вой, бу акам-ку! Ҳай, сиз қачон келдингиз? — деб меҳмонга таъзим қилди.
Акаси ғарбга ишга кетганига бир неча йил бўлган эди. Бу орада Фатикнинг онаси икки ўғил кўрди, эри ўлди, лекин акаси ҳануз келмаган эди. Энди, бир неча йил жудоликдан сўнг акаси ватанига қайтиб, синглиси билан кўришгани келибди. Бир неча кун ўйин-кулги билан ўтди. Кетиши яқинлашганда Бишонбхор синглисидан болалараинг ўқишлари ҳақида суриштириб қолди. Синглиси, Фатик ўжар, инжиқ, дарсларга эътиборсиз, Макхон бўлса, мўмин-қобил бола, деб мақтади.
—    Фатик мени жондан безор қилди, — деб қўшиб қўйди у.
Бишонбхор Фатикни олиб кетиб, Калкуттада тарбиялаш ниятида эканини айтди. Тул хотин дарров рози бўла қолди.
—    Тоғанг билан Калкуттага боришни хоҳлайсанми? — деб сўрадилар Фатикдан.
Бола хурсандлигидан ирғишлаб:
—    Хоҳлайман! — деб қичқириб юборди.
Онаси, Фатик Макхонни сувга итариб юборади, бошини ёради ёхуд шунга ўхшаш бирор кор-ҳол қилиб қўяди, деб мудом қўрқиб юргани сабабли, ундан қутулганига севиниб турган бўлса-да, ўғлининг кетишга тайёрлигини кўриб кўнгли бузилди.
Фатик эса:
—    Қачон кетамиз тоға, — деб сўрагани-сўраган эди. У тун бўйи Калкуттани ўйлаб, мижжа қоқмай чиқди.
Кетадиган куни Фатик мурувват кўрсатиб қармоғи билан варрагини укасига ҳадя қилди, ҳадя қилганда ҳам қайтиб олмаслик, ўзидан сўнг мерос тариқасида бола-чақасига қолдириш шарти билан ҳадя қилди.
Калкуттага келгач, энг аввал тоғасининг хотини билан сўзлашди. Тоғасининг хотини оилада ортиқча бир нонхўрнинг пайдо бўлишидан қувонди деб айтиш мумкин эмас эди. Унинг ўзида уч ўғил бўлиб, оилада ҳамма нарсани ўзича тартибга солган, ўн уч яшар тар-биясиз қишлоқи боланинг пайдо бўлиши эса, бу тартибни бузиши мумкин. Бишонбхор шунча ёшга кирса ҳам сира ақли кирмади!
Дарҳақиқат, дунёда ўн уч яшар боладан шум нарса бўладими. Уни на гўдак деб бўлади, на катталар қаторига қўшиб бўлади. У меҳр уйғотмагандек, бахтга ҳам лойиқ эмас. Агар у гўдаклардек бўлар-бўлмасни гапираверса — демак, аҳмоқ: бордию катталардек гапиришга уринса, уятсиз, маҳмадона. Бўйи чўзилиб кийими тор келиб қолса, у ҳаммага беор, хунук кўриниб қолади. Ўн уч ёшда болалик латофати ва майин овоз йўқолади, одамлар буни ҳам боланинг гуноҳи деб биладилар. Болаликда кўп хатолар кечирилади, аммо ўн уч яшар ўсмирнинг табиий хулқи — кечирилмас гуноҳ саналади. Бундай бола ҳаётда ўрни йўқлигини ўзи ҳам сезиб, ўз юриш-туришидан номус қилади, шунинг учун ўзини четга олиб юришга уринади. Худди мана шу ёшда бола ширин сўзнинг гадойи бўлади. Агар бу ёшда бирор киши болага яхши муоммалада бўлса, у бола бу одамдан ҳаётини ҳам аямайди. Лекин ўн уч яшар болани ҳеч ким севмайди, чунки бундай қилганда, бола талтайиб кетади, дейдилар. Шунинг учун ўн уч яшар бола эгасиз итдек яккаланиб қолади.
Табиий, бу ёшда бола онаси билан бўлгани маъқул, бегона уй унинг учун дўзах. Эътиборсизлик ва менси-маслик ҳар қадамда унинг юрагига жароҳат солади. Ўн уч яшар ўсмир бу ёшда хотин зотини тутқич бермас самовий бир мавжудот деб ўйлай бошлайди. Бинобарин, унинг нафрати болага айниқса алам қилади.
Тоғасининг хотинига ёқмаганини ўйлаганда Фатикнинг юрак-бағри эзиларди. Унинг учун тоғасининг хотинига ёқмаганини эслашдан кўра қаттиқ азоб йўқ. Тоғасининг хотини уни бирор ишга буюрганда, у ғайрат билан керагидан ортиқроқ қилиб ўтар, келинойиси эса унинг ғайратини синдириш учун:
—- Бас, бас… сенга бир иш буюриб бўлмайди! Бор, ё ўқи, ёхуд ўз ишингни қил, — дер эди.
Келинойисининг унинг маънавий камолоти тўғрисидаги ғамхўрлиги шундай кезларда ҳаддан ташқари адолатсизлик бўлиб туюлар эди.
Тоғасининг уйидаги ҳаёт қувончсиз, Фатик ўз ҳас-ратини кимга айтишини билмас эди. Чор девор орасида қамалган бола ўз қишлоғи ҳақидаги хотиралар билан яшарди.
У, узун ипли варракни учириб, чопиб юрган майсазорларни, ўзи тўқиган шеърларни ўқиб кезган дарё қирғоқларини, истаган вақтда чўмилиш, сузиш мумкин бўлган тезоқар, сой тўлқинларини, ўртоқларини, ўзининг шўхликларини, эркин ҳаётини, айниқса, адолатсиз ва баджаҳл онасини эслаб, аламдан юраги сиқиларди.
Қандайдир табиий меҳр, айтилмаган ҳасрат, олдида яқин кишиси бўлмагани учун, бу уятчан, бесўнақай, кўримсиз болани «она, она!» деб нола қилишга мажбур этарди. Қош қорайганда онасини йўқотган бузоқ худди шундай маърайди.
Мактабда Фатикдан кўра ношуд, эътиборсиз бола йўқ эди. Агар муаллим ундан савол сўраса, у оғзини очиб қараб турар, агар унга қаттиқ гапиришса, юк кўтариб тургандек хомуш қолар; танаффус чоғларида болалар ўйнагани чопишса, у дераза олдида жимгина туриб, узоқдаги уйларнинг томига тикилар; агар бу томларда болалар пайдо бўлиб, офтобда ўйнашса, юраги ҳовлиқиб кетар эди.
Бир куни Фатик журъат этиб:
—    Тоға, мен қачон ойимнинг олдиларига бораман?— деб сўради.
—    Мактабда таътил бошланганда, — деб жавоб берди тоғаси. Таътил эса картик ойида бошланади уни ҳали узоқ кутишга тўғри келади.
Кунлардан бир кун Фатик дарслик китобини йўқотиб қўйди. У илгари ҳам дарсини яхши тайёрламасди, китоб йўқолгандан сўнг эса дарсга бутунлай қарамай қўйди.
Муаллим уни ҳар куни тергар, уришарди. Ундан ҳатто тоғаваччалари ҳам ор қилар эдилар. Муаллим Фатикни урганда ё сўкканда тоғаваччалари ҳаммадан кўпроқ масхаралаб кулишар эди. Бунча хўрликка чи-долмай Фатик бир куни келинойисига:
—    Мен китобимни йўқотдим, — деб гуноҳкорона арз қилди.
Келинойиси ғазабдан лабларини қисиб:
—    Жуда соз! Лекин мен сенга ойига беш марта китоб олиб беролмайман! — деб жавоб берди.
Фатик «ғинг» демай кетди. Бошқалар ҳисобига яшаётганини ўйлаб, юрагида онасидан жуда хафа бўлди. Камбағаллиги унга энди таъсир қилган эди.
Ўша куни мактабдан келганда Фатикнинг боши оғриб, баданлари уюша бошлади. Бола ўзини безгак тутаётганини, агар касал бўлиб ётиб қолса, келинойисини анча бесаранжом қилиб қўйишини биларди. У ўз касалининг келинойисига қанчалик малол келишини равшан тасаввур этарди. Бу қизиқ табиатли, тентак бола, ётиб қолсам менга онам эмас, бегоналар қарайдими, деган андиша билан касалини ҳеч кимга айтмади.
Эртасига илк саҳарда Фатик ғойиб бўлди. Уни қидириб ҳамма қўшниларникига кириб чиқдилар, лекин бола топилмади. Кечқурун сел қуя бошлади. Болани излаганлар бекор ивиб уйга қайтишди. Охири Бишонбхор политсияга хабар қилди.
Эртасига кечки пайтда эшик олдига экипаж келиб тўхтади. Ёмғир тўхтовсиз қуяр, кўчалар тизза бўйи сув эди. Икки политсиячи Фатикни қўлтиғидан ушлаб келиб, Бишонбхорга топширди. Фатик бошдан-оёқ жиққа хўл, бутун вужуди лой, ифлос. Юз-кўзлари ёнар, уни без-гак тутган эди. Бишонбхор уни оҳиста кўтариб ичкарига кирди.
Хотини Фатикни кўриб:
—    Бировнинг боласига мунча куйишнинг нима ҳожати бор! Уйига юборсангиз бўлмайдими? — деб бақирди. Бу кунги ташвишни кўриб, унинг иштаҳаси ҳам бўғилган, ўз болаларини ҳам жеркиб ташлаган эди.
—    Мен онамнинг олдига кетаётган эдим, нега мени қайтардингиз? — деб йиғлади Фатик. Боланинг аҳволи оғирлашди. Кечаси у алаҳсираб чиқди. Эртасига Бишонбхор доктор чақирди.
Фатик иситмадан ёниб турган кўзларини очиб шифтга қаради-да:
—    Тоға, таътил бошландими? — деб сўради. Бишонбхор кўз ёшларини дастрўмоли билан артиб унинг қизиб кетган озғин қўлларини ушлаб ёнига ўтирди. Фатик яна:
—    Ойижон, мени урманг! Тўғри айтяпман ҳеч гуноҳим йўқ,— деб алаҳсирай бошлади.
Эртасига Фатик андак ҳушига келиб, бировни қидиргандай атрофга кўз югуртирди. Сўнг ноумид бўлиб, деворга қараб ётди. Бишонбхор боланинг руҳий ҳолатини пайқаб эгилиб унинг қулоғига:
—    Фатик, онангга одам юбордим, — деб шивирлади.
Эртасига, доктор ранг-қути учиб, ташвиш билан, боланинг аҳволи жуда оғирлашганини хабар қилди. Бишонбхор ярим қоронғи уйда, бемор боланинг ёнида ўтириб унинг онасини сабрсизлик билан кутарди.
—    Чап томонга ташла! Йўқ, бундай эмас! Яна чапга! — Фатик алаҳсираб, матросларга тақлид қилиб қичқирарди. Калкуттага келишда у тоғаси билан пароходда ҳам анча йўл юрган эди, матрослар шу зайлда қичқиришиб, денгиз чуқурлигини ўлчардилар. Фатик алаҳсираб уларга тақлид этар, лекин у ҳозир сузаётган бепоён денгизда унинг арқони ҳеч қачон сув тагига етмасди.
Шу пайтда Фатикнинг онаси фарёд қилиб, уйга чопганча кириб келди. Бишонбхор уни аранг юпатди.
—    Фатик, чироғим, қароғим, — деб чақирарди шўрлик она.
—    Нима? — деди Фатик.
—    О, Фатик, чироғим!
Бола оҳиста ўгрилиб, олдидаги одамларни пайқамай, секин гапирди:
—    Ойи, ҳозир менинг таътилим бошланади, мен уйга бораман, ойи!

Тўхтасин Жалолов таржимаси