Катта овсин бу гал ҳам шундай гапларни “кийиб” кетдики, бечора Росмани ер ёрилмади, ерга кирмади. Унинг ҳар бир сўзи юрагига наштардай ботиб, заҳардай куйдирди.
Овсинининг ҳамма иддаолари, аслида, қайниси Радҳамукундга — Росманининг эрига аталган эди. Бироқ кечки овқатини еб бўлгач, нон чайнаб, сигарета буруқситиб ўтирган Радҳамукунд пинагини ҳам бузмасди. Келинойисининг гапларини ўнг қулоҚи билан эшитиб, чап қулоҚидан чиқариб юборарди. У сигаретасини эринмай, охиригача чекди-да, одатдаги вақт келиши билан ётоққа кириб кетди.
“Тавба, одамзод ҳам шунақа тепса-тебранмас бўладими!”
Энди Росманиники тутиб кетди: ҳар куни эрининг оёқ-белларини меҳр билан уқалаб қўядиган хотин бугун зарда билан мунчоқ-билагузукларини ечди-да, каравотнинг бир четида омонат чўзилганча, терс қараб, пиқ-пиқ йиҚлай бошлади.
Радҳамукунд эътибор бермади, парқувни бошига буркаб, ухлашга ҳаракат қилди. Лекин хотинининг йиғиси кучайса кучаярдики, тўхтай демасди. Ахири Радҳамукунд мулойимлик билан:
— Эртанги ишлар жуда зарур, барвақт туриш керак, ухламасак бўлмайди, — деди.
Тўлиб турган Росмани эрининг гапидан сўнг ўкириб юборди.
— Тинчликми? Нима бўлди ўзи? — сўради Радҳамукунд, гўё ҳеч нарсадан бехабардек.
Росмани йиҚи аралаш деди:
— Эшитдингиз-ку!
— Ҳа, эшитдим, — босиқлик билан жавоб берди эр. — Нафсиламбирини айтганда, келинойимнинг гапларида жон бор. Ё акамнинг қарамоғида яшаётганимиз нотўғрими? Устингдаги кийим-бошларни, зар-зеварларни отамдан қолган меросга олиб берганим йўқ-ку! Едириб-ичириб, кийинтириб турган одам бир-икки оҚиз қаттиқ-қуруқ гап қилса, уни ҳам шу еб-ичган, кийган қаторида кўриш керак.
— Бунақа еб-ичиш, кийинишдан нима чиқди?
— Кунимиз ўтиб турибди-ку…
— Ўлганим яхши!..
— Ўлиш қочмайди, унгача уйқуни ўйласанг-чи, ҳар қалай, дам оласан, — деди-да, Радҳамукунд ўз насиҳатига ўзи амал қилишга киришди.
Радҳамукунд билан Шашибҳушан иккови бир қориндан талашиб тушган эмас. Улар на ота, на она томонидан чатишган — етти ёт бегона эдилар. Аслида “тутинган ака-ука” дейиш тўҚрироқ. Аммо меҳр-оқибатга келганда ҳақиқий ака-укадан нимаси кам? Катта овсин Бражсундарийга худди шу нарса ёқмасди. Ахир эр жонивор ўз хотинидан кўра келинига кўпроқ ён босиб тургандан кейин нима қилиш керак?! Қаранг, Шашибҳушан уйга бирон буюм олиб келса, хотинига эмас, албатта келинига илинади. Бу ҳам етмагандай, кўпинча ўз хотинининг гаплари бир тийин бўлиб қолаверади-да, Радҳамукунднинг маслаҳатлари масалани ҳал қилади. Шашибҳушан кенг феълли, ўта очиққўл эканлиги учун рўзғорга оид ҳамма вазифалар Радҳамукунднинг зиммасига тушганди. Буни катта овсин бошқача тушунарди: Радҳамукунд акасига зимдан чоҳ қазияпти, деган гумонга борарди. Аммо буни тасдиқлайдиган бирон далил топилмагани сари қайнисига ғарази баттар ошарди. Шубҳалар зарбига дош беролмай, оғзидан заҳарли сўзлар ўқтин-ўқтин отилиб чиқишининг боиси ҳам шунда эди…
Шу куни Радҳамукунд амаллаб тонг оттирди-да, ғамгин қиёфада Шашибҳушаннинг қошига борди. Акаси ҳайрон бўлиб сўради:
— Радҳе, нега кайфиятинг паст, тобинг қочмадими, мабодо?
Радҳамукунд ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди:
— Ака, энди бизнинг бу ерда туришимиз қийин бўлиб қолди…
У гап орасида янгасининг кеча кечқурунги қилиқларини қистириб ўтди.
Шашибҳушан кулиб юборди:
— Бор-йўқ гап шуми? Э, суф-э, сенга! Хотинларнинг кимлигини билмайсанми ҳали? Сен билан биз қаёқда-ю улар қаёқда? Оғзига келганини гапираверади-да. Шунгаям кўч-кўронингни кўтариб қочмоқчимисан? Бунақа гаплардан мени бехабар деб ўйлайсанми? Нима, шунга ҳовли-жойимни ташлаб чиқиб кетайми?
Радҳамукунд хомуш қиёфада жавоб қайтарди:
— Хотинларнинг гапини кўтаролмасам, эркак бўлиб дунёга келганимнинг маъноси нима, ака? Фақат сизнинг ширин турмушингизга аччиқ ораламасин, дейман-да…
— Сен кетсанг, турмушимиз чучук бўлиб қолади деб ўйлайсанми? — укасига тикилди Шашибҳушан.
Шу билан суҳбат узилди. Бироқ Радҳамукунднинг юрак дарди заррача енгиллашмади.
Катта овсиннинг хархашаси тобора авж олаверди. Арзимаган нарсаларни баҳона қилиб қайнисига кўз очирмасди. Унинг ўринсиз таъналари Росманининг қалбига ўқдай санчилар, шунда ҳам бечора йигит ҳеч нарса эшитмаётгандай, сигарета чекиб ётаверарди. Хотинининг йиғламсираган башарасига кўзи тушган заҳоти эса кўзларини юмиб оларди-да, ёлғондакам хуррак отишга тушарди. Бироқ унинг юзига диққат билан разм солган одам Радҳамукунднинг тобора бардоши тугаб бораётганини пайқаши қийин эмасди…
Шашибҳушан билан Радҳамукунд ёшликдан бирга ўсиб-улҚайишди. Иккаласи эрталаб апил-тапил нонушта қилиб мактабга жўнашарди. Баъзан пандит жийнинг кўзини шамғалат қилиб, дарсдан қочиб қолишар ва деҳқон болалари билан турли-туман ўйинлар ўйнаб юришарди. Ҳатто кечалари битта тўшакда ухлардилар…
“Ўша пайтларда Бражсундарий қаэрдаю Росмани қаэрда юрганикин? Чамбарчас умрларни наҳот айириб ташлаш мумкин бўлса?! Ака-укачилик, бирининг ҳисобига бири кун кўриши учун ўйлаб чиқарилган қандайдир найранг, деган гумонга боришнинг ўзиёқ ўтакетган пасткашлик-ку! Бу аҳволга яна қанча чидаш мумкин?” Радҳамукунднинг боши қотганди…
Шу орада ака-ука бошларига оҚир мусибат тушди.
Ўша даврларда инглиз ҳукумати томонидан солинган ер солиғи муддатида тўланмаса, айбдорнинг мулки кимошди савдосига қўйиб юборилар эди.
Тўсатдан Шашибҳушаннинг яккаю ягона отамерос мулки худди шундай важ билан мусодара этилгани ҳақида хунук хабар келди.
— Ўаммасига мен айбдорман, — деди кутилмаганда Радҳамукунд.
— Нега энди, сен пулни ўз қўлинг билан юборгансан, йўлда ўғрилар ҳужум қилган бўлиши мумкин, — уни юпатди акаси. Аслида ҳам айбдорни қидириб ўтиришдан фойда йўқ, бундан буёҚига тирикчилик Қамини ўйлаш лозим эди. Шашибҳушанда на маълумот, на тайинли ҳунар борки, қайсидир ишнинг бошини тутса. У тубсиз жарликка қулаб кетаётгандек ҳис этарди ўзини.
Миясига келган бирдан-бир тадбир — хотинининг зар-зеварларини гаровга қўйиш бўлди. Шу аснода Радҳамукунд унинг олдига бир халта пул қўйиб, акасини бу йўлдан қайтариб қолди…
Дунёнинг ишларига тан бермай илож йўқ. Дориламон кунларда рўзҚорни айириб юборишга бекалар қанчалик ҳаракат қилган бўлсалар, бошга мусибат тушганда ажралиб кетмаслик учун шу қадар уринар эдилар. Айни пайтда иккала ака-укадан қайси бирига кўпроқ суяниш мумкинлигини улар дарров пайқадилар. Радҳамукундга қойил қолмай илож йўқ эди.
Радҳамукунд рўзғорни тебратиш учун олдиндан эҳтиёт чоралар кўриб қўярди. У ўша пайтларда анча сердаромад ҳисобланган мухторлик ишининг бошидан тутди. Уканинг чапдастлиги қўл келиб, назарга тушди. Бора-бора у музофотдаги манман деган заминдор бойларнинг жиловини қўлга олди…
Бу воқеалардан кейин Росмани ўзгара бошлади. Чунки Бражсундарий билан Шашибҳушан энди Радҳамукунднинг боқимандасига айланиб қолганди. Росмани авваллари уларнинг бу ҳолини юзига солмай юрди. Кейинроқ эса… жувон оғзи ботирлик қилиб қўйди-ю, қилмиши учун минг пушаймон еди. Гап шундаки, Росманининг овсинига қилган миннати Радҳамукунднинг қулоғига етган эди. Радҳамукунд хотинини тун бўйи шундай “тузладики”, эртасигаёқ кичик овсин оҚзига тамба уриб, катта овсинга тайёр чўри бўлди-қолди. Чамаси, Радҳамукунд хотинини дарҳол отасиникига жўнатиб юбормоқчи бўлган. Буни англаб қолган Бражсундарий қайнисини алдаб-сулдаб, катта қийинчиликлар билан эр-хотинни яраштириб қўйди. Шундан кейин ҳам кўнгли тинчимай:
— Келин бу даргоҳга яқинда келган, сиз билан бизларнинг эт-тирноқдайлигимизни у бечора қаёқдан билсин? Энди, бир ёшлигига борди-борди-да, қизгина. Шу гал кечира қолинг! — деди қайнисига ялиниб.
Радҳамукунд рўзғор харажатлари учун пулни ҳамиша келинойисига берарди. Росмани ўзи учун керакли харажатларга пулни ҳамон овсинидан оларди. Хуллас, хонадонда катта овсиннинг мавқеи олдингидай, балки ундан ҳам яхши эди. Бунга яна бир сабаб — у ҳам кейинги пайтларда кичик овсинига кўпроқ ён босаётгани бўлса керак… Ўамма ишлар аввалгидан ҳам яхши йўлга тушиб олганди.
Шу бахтиёр дамларда уларнинг осмонига яна булут ўрлади. Шашибҳушаннинг чеҳрасида доим илиқ табассум жилва қилиб турса-да, қандайдир сирли дард уни ич-ичидан кемириб бормоқда эди. Кундан-кун силласи қуриётган акасидаги ўзгаришни сезган Радҳамукунднинг ороми қочди. Баъзан тунлари уйҚониб қолган Росмани эрининг чуқур-чуқур хўрсиниб, безовталаниб, тинмай у ёнидан-бу ёнига аҚдарилаётганини кўрарди. Гоҳо Радҳамукунд акасининг олдига бориб, кўнглини кўтармоқчи бўлар:
— Ака, сира ташвиш тортманг! Отамерос мулкингизни мен сизга қайтариб олиб бераман. Нима қилиб бўлса ҳам албатта олиб бераман, бунга яқин қолди, — деб қўярди.
Дарҳақиқат, кўп ўтмай, Шашибҳушаннинг мулкини кимошди савдосида сотиб олган кишининг заминдорликда уқувсиз эканлиги маълум бўлди. У мулкдан фойда кўриш уёқда турсин, топган-тутганини ҳам йўқота бошлабди. Охири шўрлик савдогар, ҳаммасидан қўлини ювиб, қўлтиҚига урди-да, ўша мулкни Радҳамукундга сувтекинга сотиб юборди.
Айтишга-ку, икки оғиз гап, бироқ мулк эгасига қайтгунча оз эмас, нақ ўн йил вақт ўтиб кетди. Шундоқ ҳам ўн йил бурун Шашибҳушан йигитлик билан кексаликнинг қоқ ўртасида турарди. Бу йиллар ўтиб кетгач эса ажабтовур мўйсафидга айланиб бўлганди. Отамерос мулкннг яна қайта қўлга кирганидан у негадир суюнмасди. Фуқаро севинчининг эса чегараси йўқ. Кўпчилик: “Шашибҳушан бу хурсандчиликка бир эримаса бўлмайди”, деб туриб олди. Ака укасига маслаҳат солди:
— Хўш, сен нима дейсан?
— Албатта эрийсиз? Шундай қувончли дамда хушчақчақлик қилмай бўладими? — деди.
Қишлоқ аҳли қачонлардан бери тузукроқ зиёфатга ҳам, тўйга ҳам ёлчимай келарди. Зиёфатда каттаю кичик жамулжам бўлди. Камбағалнинг бир тўйгани — чала бойигани қабилида йўл тутганлар уй-уйларига тарқалишди. Бунинг устига, шу воқеадан кейин тўрт кун босим қўш ҳайдалиб, емак-ичмакнинг ҳам тайини бўлмади. Оқибатда оҚир меҳнат Шашибҳушанни зўриқтириб қўйди. У кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Бемор алаҳсирар, дам-бадам иситмаси кўтарилиб, безгак тутарди. Табиб чақирдилар.
— Қаттиқ дардга йўлиқибди, — деди у бош чайқаб.
Ярим тундан оққанда хонада ака ва ука ёлғиз қолдилар.
Радҳамукунд негадир сукут сақлаб, жим ўтирарди. У мук тушган кўйи каравотнинг бурчагидаги чойшаб чеккасини иккала қўли билан текислай бошлади. Шашибҳушаннинг эса нафас олиши тобора оҚирлашмоқда эди.
Радҳамукунд каравотнинг қуйи томонига ўтиб ўтирди-да, беморнинг оёқларини меҳр билан уқалай туриб, деди:
— Акажон, мендан жуда катта гуноҳ ўтган, бугун шуни сизга айтаман. Айтмасам, юрагимда бир умр армон бўлиб қолади…
Шашибҳушан индамади. Радҳамукунд ора-чора чуқур хўрсиниб давом этди:
— Ака, бу гапларни айтишга тилим ҳам бормаяпти. Мен ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Агар дунёда мени тушунадиган бирон зот топилгудек бўлса, у — сиз. Болалигимиздан икковимизнинг ўй-фикримиз ҳам, орзу-умидларимиз ҳам бир хил эди, фақат афтимиз фарқ қиларди, холос. Яна бир фарқ шуки, сиз бой, мен бўлсам камбаҚал эдим. Қарасам, шу важдан сиз билан менинг орам бузиладиган. Охири бахайр бўлсин деб, шу фарқни йўқотишга жазм қилдим. Ака, ер солиғига берган пулларингизни менинг ўзим ўғирлаб, мулкингизни атайдан мусодара қилдиргандим…
Шашибҳушаннинг юзида ўзгариш бўлмади: ҳайрат ё таажжубдан ном-нишон ҳам йўқ эди. У синиқ жилмайиб қўйди ва мулойим оҳангда хириллаганча деди:
— Ука, нима қилган бўлсанг, тўҚри қилгансан. Ўша ўйлаган ниятинг рўёбга чиқди-ку! Кейин бари бир мени қанотинг остига олдинг-ку!..
У сал тин олгач, яна синиқ жилмайди, икки томчи ёш юзлари оша думалаб кетди.
— Кечиринг мени, ака, кечиринг! — деди Радҳамукунд акасининг оёқларига бош уриб.
Шашибҳушан “бери кел” дегандай ишора қилди-да, укасининг қўлидан тутиб деди:
— Мен сенга айтсам, ҳамма гапдан хабарим бор эди. Сен билан тил бириктирган одам келиб, менга бу сирни ошкор қилганди. Ўшандаёқ сени кечирганман.
Радҳамукунд хижолатдан чўғдай ётган юзини икала қўли билан тўсиб йиҚлай бошлади. Сал ўтгач ўзини қўлга олиб деди:
— Акажон, агар кечирган бўлсангиз, мулкингизга ҳам ўзингиз эгалик қилинг. Бир оғиз гапингиз, йўқ деманг, ака…
Аммо Шашибҳушан тилдан қолган эди. У Радҳамукунднинг юзига тикилиб қараганча, ўнг қўлини ҳорғин кўтариб туширди. Бу билан нима демоқчи — билиш қийин эди. Шуниси ҳам борки, ака ишорасини ука тушунган бўлса эҳтимол.
Ҳинд тилидан Амир ФАЙЗУЛЛОҲ таржимаси