Фарзандларим Ойзода билан Султонбекка бағишлайман
Кунларнинг бир кунида элат халқининг тепа сочи тик туриб, юрак-бағирни ўртагувчи тўс-тўполон бўлди. Улуғлар ёқасини ушлаб, урф-одатдан юз ўгирган бундай воқеага ич-ичидан тавба-тазарру қилиб, яқинда бандаликни бажо келтирган, ҳали тупроғи совуб улгурмаган марҳумларнинг қариндош-уруғлари лолу-ҳайрон эди…
Бу даҳшатли ҳодисанинг сабаби қабристонда тиловат қилиб ўтирган жойида тўсатдан вафот қилган Отин ойининг ўлимидан кейингина аён бўлди.
Худо раҳмат қилгур, ўта имонли эди. Беш вақт намозини канда қилмай, қариди-ҳориди. Отин ойининг қанча ёшга чиққанлигини ҳеч ким билмасди. Анча-мунчага ўзини олдирмаган, бардам, чайир эди. Юрса-турса фақат Яратганнинг номини тилидан туширмайдиган қари момони бировлар “Отин ойи” деса, бошқалари “Биби хола” дейишиб, иззатини жойига қўйишарди. Бутун бир воҳага покизалиги, оқилалиги билан ибрат бўлган жуссаси ошиқдай кампиршо таниқли бойнинг кенжа қизи бўлган. Инқилобга қадар мартабали илм аҳлларининг қўлида хат-саводини чиқарган. Момонинг айтган сўзини ҳеч кимса қайтармаган. Қўшиқ айтишда, гўяндаликда бу атрофда унга тенг келадиган йўқ. Фотиҳа лозим бўлган ердан сира қолмайди. Табибчилигига тараф йўқ. Тиши оғриганларнинг жонига ора бўлади. Енгил-елпи учинганларни, суқли назарга дучор бўлганларни дуои бад қилади. Туғилажак боласи тескари келиб қолган келин-кертиклардан ёрдамини дариғ тутмайди. Беморлар кўнгилларидан чиқариб берган совға-саломларни олмайди. Фақат чит дуррачага ўралган нон билан новвотни қайтармайди. Бир йилдан буён дудуқ хотиннинг боласига етти кунда бир марта бориб, куф-суф қилиб, дам солиб савобгарчилик йўлида қуръон тиловат қилиб қайтади. Бечоранинг нав-ниҳол ўғли ўлганидан сўнг, қабристонга кўпроқ қатнайдиган, ўксиб-ўксиб йиғлайдиган бўлиб қолганди. Яккаю ёлғиз фарзандидан айрилгач, янада қартайиб-қариб, ўзини олдириб қўйди.
Овулда момо фотиҳа бермагунича бирорта мол ёки қўй сўйилмасди. Қайси хонадонга кирмасин, дуо ўқимасдан чиқмасди. Башарти, бирорта ёш-яланг ёдидан чиқиб, Отин ойини чақирмай қолса, кампиршо ўксиниб кетарди. Фотиҳа ўқишга бормаслик, жиддий гуноҳ эканлигини шу бибидан ортиқроқ биладиган одамнинг ўзи йўқ. Айниқса, куз кириши билан баъзилар айттириб ўтирмай момонинг ўтин, кўмиридан хабар олиши одат тусига кирганди. Деярли кунора Отин ойи овулдаги қутлуғ бир хонадоннинг қадрли меҳмони бўларди. Элу халқнинг назарида қадри баланд ана шу табаррук кампиршонинг юраги тўла армон эканлигини кўпчилик билмасди. Қалбини ғам кемирган бу волиданинг Яратганга шукронаси бор экан. Сабаби, икки қизи қутлуғ-поёнлик бўлиб, ўзидан тингани учун набиралари ундан хабар олиб туришади. Нима бўлса ҳам урф-одатга амал қилишга бир умр кўникиб кетган момо учун тутинган ўғлининг кетиб қолганлиги армонларнинг армони эди. Қолмишига бир этагини ёзиб босган, бир этагини узиб босган кичик овсинларининг қилиғи ошиб тушди. Шу боисдан охирги маҳалда камгап, камсуқум бўлиб қолганди. Уйқуси қочган тунларда эса “ўз фарзандим бўлганида шундай қилармиди” деб ғижиниб қўярди.
Уйдаги кам-кўст, тирикчилик билан умуман иши йўқ заифона ўғлига баъзан юраги ачишади. Ичингдан чиққан эгри илон деганларидай, ўзи туғмаган бўлса ҳам мурғаклигидан асраб-авайлаб, кундузи тиним билмай, тунлари ухламай улғайтирган боласи тошбағир бўлишини қаёқдан билсин. Бирор киши у ҳақда паст-баланд гап айтгудай бўлса, сир бой бермай, ўғлининг тарафини олиб: “ҳукуматнинг одами, қўли бўшамаётгандир, хизматчилик, олтин боши омон бўлса, менга шунинг ўзи етади” деб қўяди. Ўғли дастлаб уйланган пайтларда: “Юринг, шаҳарга олиб кетай” дея саза қилган чоқда момо шаҳардаги ўн икки қаватли уйларда яшашга кўниколмаслигига кўзи етиб рўйихуш бермаганди. Бири-бирига ўхшаган уйлар, йўлаклар, эшиклар. Янглишиб бошқа хонадонга кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қайтага онаси “Кўзимнинг тириклигида қишлоқда ишлаб тургин” деган илтимосини рад этиб, “Яқинда поликлиникага бўлим бошлиғи бўлдим, ҳозирча келолмайман. Мана бу уч набирангиз улғайиб қолди, уларга шаҳардан жой-пой дегандай. Эллик ёшга чиқсам, бир йўла овулга қайтиб, ёнингизда ишлаб, бирга тураман”, деганида: “Йўқ-йўқ, сен элликка чиққунингча мен қора ернинг остида бўламан”, дея тақдирга тан берганди. Ўғли охирги марта келганида момонинг олдида бир соатча бўлиб, асл мақсадини тасдиқлаган оҳангда: “Ойи, машина сотиб олмоқчийдим, пича ақча етмай қолди” деб қизил сигирни соттириб, пулини олиб кетаётганида кампир унга: “Қаридим-ҳордим, тезроқ қишлоққа кел, қариндош-уруғлар билан борди-келди қил, ўғилларинг ҳам бегоналашиб кетаяпти. Қўққис бир куни ўлиб қолсам, майитимнинг устида ким айтиб йиғлайди”, — деди онаси юраги ўртаниб. Овулдошлари даврасида “жинни сувдан” кекирдагини ҳўллаб олган ўғлига кампирнинг юқоридаги сўзи етмай турган эканми: “Хўш, нима қилайин? Шаҳарга олиб кетайин десам бормасангиз. Мен ҳам қийналиб кетдим. Овулдошларга масхара бўлмасдан мен билан кетинг”.
— Мен у ерга кўнолмайман. Қариган чоғимда туғилган жойимда тинчроқ ўлайин.
— Сиз тинч ўлмайсиз, кўринганга мени ёмонлаб юрар экансиз. Қоқбош бўлиб ёлғиз ўтиргунча, набираларингизга қарасангиз яхши бўларди. Мени боқмаяпти деб элга шарманда қилгунча, қариялар уйига бориб, ўша ерда зикир солиб ўтирганингиз маъқул…
— Қўй, болам, бўлмағур гапларни айтиб, онангни ёмонотлиқ қилма. Ўсарим эмас, ўларим қолган кезда сенинг ёмон гапларингни эшитмай. Ҳар кимни тангрим ўз ризқи-рўзи билан яратади. Қоқбош деб ҳеч кими йўқ кишиларни айтишади, бўтам. Минг қатла шукурким, икки қизим уйли-жойли, ўзидан тинган. — Момо изтиробдан овози қалтираб, энтикиб бошқа гап айтолмади. Ўшанда ўғлидан бир йўла кўнгли қолганди. Хусусан, “қариялар уйига бор” дегани суяк-суягидан ўтиб кетганди. Эгиз туққан ўғиллари бевақт ўлмаганида у шундай маломатларга гирифтор бўлармиди? Куёв ўғиллари неча марта олиб кетмоқчи бўлиб, қийин-қистов қилишди. “Ўз уйим, ўлан тўшагим, куёвнинг тўрида ўтиргунча, ўғлимнинг пойгаги яхшироқ” деган мулоҳазалар билан шу кунларга етиб келди. Қизларининг йиғи-сиғилари ҳам наф бермади.
“Отангларни арвоҳи рози бўлсин, кўзим тирик экан, мўридан тутун чиқариб турай”, деб Отин ойи кўнмаган.
Ҳеч бўлмаганда, катта куёви беш-ўн йил яшаса бўларди. Худо раҳмат қилгур, қайнонасига жуда меҳрибон эди: “Хонадонимизнинг қут-баракаси онам келаяпти, ҳой болалар, момонгларни кутиб олинглар” деб ўтқазгани жой тополмасди… Энди эса кампиршонинг ёлғиз илинжи, ўтган-кетганларни хотирлаб, Қуръон тиловат қилишдан иборат. Биби онанинг битта суянган тоғи жиян набираси. Исми Норгул, озиқ-овқатга, уйдаги юмушларга пухта. Ўта қувноқ. Чой ичиб, овқатланиб ўтиришган пайтда момо одатдагидек ўлимнинг барҳақлигидан гап очиб, жиян набирасига қуйидаги сўзларни тез-тез такрорлаши одат тусига айланиб қолган:
— Садағанг бўлай, мен ўлсам, қандай йўсинда айтиб йиғлайсан?
— Ўлмасангиз ҳам ҳадеб айтавераманми? — деб Норгул эътироз билдиради.
— Ҳар доим айтиб, ёдлаб олганинг яхши, қароғим. Қадимда сенга тенгдош қизлар гўяндаликни жойига қўйишган. Қани, яна бир марта такрорлагин.
— Муаллимларим койишади.
— Аза чоғида айтиб йиғлаганларни ҳеч ким койимайди, чироғим. Азада ёш келинлар юкунмайди, холос. Қиз боланинг қийиқ бўлгани ёмон, сен балоғатга етдинг, қани айт! Норгул момоси айттирмагунча қўймаслигига кўзи етиб, бир оз ҳафагазак оҳангда ифодали ўқий бошлайди:
Ҳеч тенги йўқ онажон,
Сирти гўзал бўлсин деб,
Сахтиёндан ўйдирдинг.
Кувим гўзал бўлсин деб,
Оқ арчадан чоптирдинг.
Қувнасин деб меҳмонлар,
Ипакка нил торттирдинг.
Намозин канда қилмаган,
Феъли яхши онажон,
Бетаҳорат юрмаган,
Покдомоним онажон.
Кетди Оллоҳ йўлига,
Хафтияк олиб қўлига.
— Бўлди, энди, ҳадеб айтганим билан ёғи чиқармиди? — набирасининг кайфиятини илғаб, уни ортиқча қистаб ўтирмади.
— Қани, дастурхонга дуо қилайлик. Омин! Етказганингга шукур! Чойнак ва пиёлаларни йиғиштир. Офтоб тобида, сандиқдаги бисотимни дорга ёзиб, шамоллатай. Эртага пайшанба, ҳозирлик кўришим керак. Хамир ачиб кетмасин. Қўшни келинни чақириб чиққин, бўғирсоққа уннасин.
Отин ойининг одати шу. Ҳар пайшанба қуёш чарақлаб турган кезда сандиқдаги қизил духобага ўраб қўйилган кафанлигини оҳиста ёзиб, обдон шамоллатиб, бола-чақага, мол-ҳолга тегдирмай яна тахлаб уч марта тиловат қилиб, кейин жойига қўймагунча кўнгли ўрнига тушмайди. Балки, кампирнинг кўнгли шундан таскин топар. Қарилик ҳам сир-синоатларга тўла. Гоҳида қўни-қўшнилар ўзаро шивирлашиб, “Диндор одамларнинг ажабтовур феъл-атворлари бўлади-да. Намунча капанларини силаб-сийпашаркин?” Буларни кекса биби яхши англар, яратганга илтижо қилиб, осонидан беришини астойдил тилаб, жамики жонзот бу омонат дунёга меҳмон эканлигини тез-тез уқтириб турарди. Момо барчага тоза имон, покиза дил, бола-чақаларга ҳалол ризқи-рўз тилашга кўникиб кетганди. Кампиршонинг кўнглидан ҳар доим ана шу сўровлар ўтиши одат тусига айланган эди.
Қўшни келин бўғирсоқни пишириб бўлди.
— Момо, бирор киши келадими? — деб қолди келинчак.
— Норгул балоғатга етди, шунга…
Қўшни келин бу гапга унча эътибор бермай, “шундайми” деб қўя қолди. Бибига бўғирсоқдан оғиз тегдириб, сутли чой беришди.
— Сен Бегжонга айт, ишдан келгач, қора қўзини бўғизлаб берсин.
Оқшом чўкди. Отин ойи кечки намозни ўқигач, ҳордиқ олиш ниятида ўринга чўзилди. Аммо кундузи кўпроқ уриниб қўйган эканми, сира ухлолмади. Қартайганда кўрпа ҳам кўзингга ёвдай кўриниб қоларкан… Ёстиққа бош қўяр-қўймай ухлаб қолган тотли тунлар… Қизиқ, ҳозирги ёшлар шундай бағритош бўлиб ўсаётганлигининг боиси нимада? Қариндошлари билан борди-келди қилмаса, ўлганларнинг ортидан келиб тупроқ солмаса. Таътил вақтида ҳам икки-уч кун туради, холос. Қишлоқдан кетиб, шаҳарда яшаётганларнинг энг ёши элликдан ошди. Ҳатто Музропнинг кенжа ўғли Сапашнинг сочи ҳам мошкичири бўлиб қолганига қарамай, овулга қайтмоқчи эмас. Ҳатто хотини ҳам ўзимизнинг қишлоқнинг қизи. Айтишларига қараганда, у тошларнинг дўхтури эмиш. Тавба, тошларни дўхтури дегани нимаси? Башарти, уларнинг куни, суви битса шаҳардаги қабристонга кофирлар билан ёнма-ён қўйишармикин? Тангрим, ўзинг кечир, нималар деб валдираяпман? Беҳуда гуноҳга ботмайин. Ўтган сафар ўғлим ўрисларни сандиққа солиб кўмишади… деган эди шекилли… Кампиршо нари ағдарилиб, бери ағдарилиб хаёли чувалиб, айни замонда етти отасини таниб-танимай бораётган ёшларнинг келгуси тақдири борасида ўйлаб кетди. Парвардигорим, қандай аломат замонларга рўбарў қилдинг? Оқсоқоллардан файз кетди. Нега овуллик ўсмирлар шаҳарга қочаётир. Майли, ўқисин, илмли бўлсин. Бироқ, қишлоқдагилар ҳақида ким қайғуради? Шаҳарнинг меҳригиёси — бўлка билан шишадаги сувми? Қўй сўйиб, қази-қарта чайнамаса? Шаҳарга бош олиб кетганларнинг ҳаммаси ҳам етакчи, олим бўлса-ку, майлига?! Пахта ёғини доғлаб-доғламай, сувга дўкондаги узунчоқ хамирдан солиб тирикчилик қилади. Қолмишига кўкат билан қалампир солади. Шу ҳам тирикчилик бўлдими? Росмана одамлардай қовурдоқ билан саримойга тўйиб насб-насабингни қадрига етмайсанми? Момо шундай турфа хаёллар оғушида тонгга яқин кўзи илинди. Эрталаб бомдодни ўқигач, сигирни соғиб, бузоқни эркин қўйиб уйга кирди. Набирасининг мактабга ошиқаётганини кўриб:
— Мактабингга бугун бормай қўя қол. Муаллимингга айттириб қўйдим.
— Математикадан назорат иши ёзишимиз керак. Ўқитувчи опамиз дарсдан қолманглар, деган.
— Бугунча ўқишингни йиғиштир! Кечадан буён сенинг ташвишинг билан овораман.
— Худо бўлмаса ҳам ирим-сирим қилаверасизми?
— Ҳой, шаккоклик қилма, кофир бўласан-а?!. Бу қадимдан қолган урф. Қароғим, Аллоҳга асло шак келтирма, ёмон бўлади. Таҳорат нималигини билмаган ҳозирги ёшлар рўза тутишнинг ўрнига арақ билан оғиз очади. Дарсдан қолган набира ғудраниб юриб мактаб формасини уй кийимларига алмаштирди ва даҳлизга ўтаётиб, супургини тепиб юборди. Момо бу ҳолатни кўриб, “бола эмасми, мактабдан қолганига жаҳли чиқаётир” деб юраги ачишди ва ўз навбатида унга насиҳат қилди:
— Қиз бола деганлари супургини тепса айб бўлади. Бўсағада турма, буйрагингга таянма, бурнингни кавлама. Норгул “бибим ҳадеб битта гапни тўтидай такрорлайверади”, дея койиниб ичкари хонага йўналди.
Вақт чошгоҳ бўлди. Ўчоқдаги қозонда кеча сўйилган қўзи милдираб қайнаяпти. Бир боғлам кийик ўт еган бу гўшадаги чорва молларнинг гўштлари ҳам минг дардга даво бўлиб, унинг ифори бутун овулни қоплайди. Уйнинг ичи жим-жит. Момо дарвозани танбалаб, эшикни ичидан илиб, чолидан қолган яшил ўтирғични олиб печканинг ёнига қўйди. Кейин қозондаги илиқ сувни катта тоғорага қуйгач, енгларини шимариб, набирасига юзланди.
— Қани, болам, ечин. Ўн иккига чиқиб, балоғатга етиб қолдинг. Қиз катта бувиси уни чўмилтирмоқчи бўлаётганлигини кўриб ечинди. Хушбўй гиёҳлар солинган тоғорага оҳиста оёқларини қўйди.
— Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм. Мана буни ушлаб тур, — дея момоси қизнинг кафтига бир жуфт олтин исирғани тутқазди. Олдиндан ирим қилиб сочини ювиш учун олиб қўйган косадаги қатиқни унинг иккинчи қўлига берди. Норгулнинг нозик, момиқдек баданига атир совун суриб, набирасининг узун сочларини қатиқлаб ҳафсала билан ювди. Яна бир сидра боши узра хушбўй сувдан қуйгач, камзулининг чўнтагидан мўъжазгина кумуш қайчисини олиб, қизни ғоз турғизиб, авратидаги нозик қилларга уч марта қайчи тегизиб керта бошлаганида у негадир чўчиб кетди.
— Энди балоғатга етдинг, қизим. Қизнинг қилиғи унинг жон сири билан омухта, бўтам. – Отин ойи қолган тукларни ҳам аста қайчилар экан, хирилдоқ оҳангда қуйидаги термани ҳиргойи қила бошлади:
Бунинг номи Бубушдир,
Тўнтарилган кумушдир.
Ўймоқдайин оғзи-чи,
Эр йигитга юмушдир.
Суппасида уч қили,
Уч ғуноннинг баҳоси.
Лабидаги тўртта қил,
Тўрт ғуноннинг баҳоси.
Бу тундаги ризқи-рўз,
Эр йигитга юмушдир.
Шоҳу гадо парвона,
Унинг номи кумушдир…
— Илгари бундай русумларни, яъни балоғатга етган қизларни келинликка тайёрлашни оиладаги бош келинлар — янгалар амалга ошириб келарди. Ҳозир тамоман тескари. Келинлар эркаклар билан эртаю-кеч далада, бозорда. Айрим хотинлар эркакшода бўлиб бораётир. Бўтам, ризқи баланд келин бўл. Менинг ёшимга етиб, бойвуччалик насиб этсин. Одатда бўйига етган қизлар сочини иккита қилиб ўриб, ортига ташлаб юради. Яхши ниятли ҳар қандай одам етти кунда бир марта покланиб туради. Шунинг учун пайшанба қутлуғ кун саналади. Турмушга чиққанингда ҳам ёстиқдошинг билан бирга покланиш, дилни тозартиш одатга айланмоғи шарт. Кундалик ҳаётни шодон ўтказиш керак. Сени бугун атайлаб чўмилтиришимнинг сабаби шу. – Отин ойи иккинчи жомдаги сувга муаттар ҳидли ялпизлардан қўшиб чапиштириб, Норгулни яна бир сидра ювинтириб бўлгач, даст кўтариб, онадан янги туғма бўлган парирухсор қизни оппоқ чойшабга ўраб, ихлос билан фотиҳа берди:
— Имонинг тоза бўлсин! Бошингга ғам-ташвиш тушган чоғда ҳам яхшиликдан умидингни узма. Бахтли-саодатли бўл! — Норгулни пешонасидан ўпиб, қизнинг қўлидаги қўш тилло исирғани қулоғига тақиб қўйди. Унга бир сидра янги тикилган уст-бошни кийгизиб, қўшни хотин-халажларни чақиртириб дастурхон ёзди. Меҳмонларнинг кўз ўнгида қизнинг ўнг қўлига қўйнинг тўшини ушлатиб, чап қўлига бобосидан қолган шокосани тутқазиб, бешикни ёнида гули йўқ оқ чиннига сув тўлдириб, унинг бошидан етти марта айлантиргач, ташқарига олиб чиқиб тўкди. Сўнгра меҳмонларга набирасининг балоғат ёшига етганлигини маълум қилди. Қўшни хотинлар Отин ойининг бу ирим-сиримларига унча эътибор бермай, еган овқатларига хурсанд бўлиб уйларига тарқалишди…
Шанба куни жиян ўғли келиб: — Момо, мол сўймоқчимиз, кутамиз, — деб айтиб кетди. Кампир “айтган жойдан қолма, айтмаган жойга борма” деган нақлга амал қилиб, пешин намозига таҳорат оларкан, шу жиян ўғли ҳақида, эл ичида паст-баланд “висир-висир” сўзлар юриши хаёлидан кечди ва фотиҳа бергани борсам гуноҳ бўлармиди, деган холис ният билан саждага бош қўйиб, ота-она авлодидан ўтганларнинг ҳақига дуо ўқиди. Дарҳақиқат, оқ фотиҳа бизнинг қавм учун ҳам фарз, ҳам қарз. Бу русм фақат ғайридинлар учун бегона, холос.
Кечки овқат ичилиб, хеш-ақраболар тарқалгандан кейин, жияни пича ширатоброқ бўлиб қолди. Барча уйқуга кетган палла. Отин ойи ҳар кунги одатига кўра ташқарига чиқди. Ой янгиланибди. Кампир рўмолини ўнглаб, ойга қараб уч марта салом бериб, “Яхшилигингни дариғ тутма, тангрим” деб кафтини юзига суртди. Ўтган йили куёв ўғли қазо қилганида тикилган ўтовни айланиб ўтиб, кейин таҳорат ушатгани ёдига тушди. Шу маҳал томнинг ортидан бегона одамларнинг гаплари қулоққа чалинди. Ҳатто шоҳлар ҳам пиёда борадиган нозик жойга етганида жиянининг таниш овозини эшитди. “Бу худо урган яна ухламай маст-аласт юрибди. Бола-чақасини яна бирор кор-холга дучор қилмасайди”. Унинг овози энди аниқ эшитила бошлади.
— Ҳой, онангни урай, ортимни артишга ҳам арзимайдиган пул учун сенларга шерик бўлдимми? Ахир мен ҳам бола-чақамни боқишим керак. Ол, икки тўғалоққа ўзинг бурнингни арт.
— Ҳали айтдим-ку, бу гал овимиз бароридан келмади, — деб. — Жуда қийинчилик билан ўтказдик. Ҳозирча шунга шукур қил. Келгуси гал қўшни овулларда тентираб юрмай, сизларнинг қишлоғингизда ишни битирамиз.
— Аҳмоқ, бу сўзингни йиғиштир, эл билиб қолса, теримизни сидириб ташлайди. Ҳарҳолда икковлашиб мени алдадинглар.
— Ҳар доим сен тоза, биз ёмон. Қачон бўлса биздан гумон қиласан. Бўлгани шу десам, ишонмайсан. Ҳалиги ҳаромидан бўлганнинг укаси уч-тўрт кундан бери уйланаман деб ота-онасининг бошини қотираётган эмиш. Чамаси бир қора кўзнинг ишини тўғрилаб қўйган бўлса керак, у “олмасанг ўзимни осиб ўлдираман” деб дағдаға қилаётганмиш. Шунинг учун иложимиз қуриб сизларникидан иккитасини туманга ўтказиб юбордик. Биттаси бизнинг қўрада турибди. Лекин, унинг қони ерга тўкилмайди. Шаҳардаги эски танишларга етолмадик. Чунки, Қизил кўприкда назорат жиддий. Вақт тиғиз, машинага бензин топилмади. Итдай қийналдик. Бормай қолганинг учун хафа бўлма, бир боладан сени йўқлатсак, хотининг мол излаб кетди, — дебди.
Момо иложи йўқлигидан анча туриб қолди. Ҳамкасабалар олислаб кетгач, кампир ковушининг товонини эзғилаган ҳолатда оҳиста уйга кириб ўриндиққа чўзилди, алла-паллагача мижжа қоқмади. “Бу худо урган кофир, ҳаром-хариш ишга аралашиб қолган, шекилли”. Эл оғзига элак тутиб бўлмаса-да, хотинларнинг айрим гапларини шунчаки ғийбатга йўярди…
Жиянининг гапларини ўз қулоғи билан эшитгач, худди янтоқнинг устида ётгандай тўлғаниб чиқди. Бомдод намозини бир нави ўқиб, озгина қуш уйқу қилди.Эрталаб нонуштага кирганида жияни ишга кетиб қолибди. У билан юзма-юз учрашмаганига юраги ҳижил бўлиб уйига отланди. Ҳовлига кирибоқ ўтган-кетганларни хотирлаб қуръон ўқиб, ўзига таскин бермоқчи бўлди. Гўё хом ёғ егандай кўнгли ғаш. Тунда эшитган гаплар унга тинчлик бермасди. Пешин маҳали овулдаги дудуқ хотин кириб келди. Бу бечора ҳам оромини йўқотган. Ўлган ўғлини хотирлаб кун ора қабристонга қатнайди. Кўзидан ёши узилмаган дудуқ аёл деразадан қабристон томонга ишора қилганини кўрган момо “ўғлимга қуръон ўқиб қўй” деган маънони англаб, меҳмонни ёнига ўтқазиб тиловат қилиб, фотиҳа ўқиди. Дудуқ хотин яна эшик тарафни кўрсатиб, ниманидир айтмоқчи бўлди. Отин ойи унинг мақсадини тушуниб етмади. Олдинлари индамай чиқиб кетадиган меҳмон яна нимларнидир тушунтирмоқчи бўларди. “Бечора, чамаси, қабристонга бориб қуръон ўқи”, — деб илтимос қилаяпти шекилли. “Шу сўзни айтолмай қийналаётганга ўхшайди шўрлик. Тил — кўмакайнинг қути деганлари рост экан. Кеч кириб қолди, қабристонга хийла бор. У ерга ивирсиб етгунча оқшом чўкади. Эртага жума, эрталаб ўтганимиз яхшироқмикан”. Аммо, дудуқ аёлнинг кетгиси йўқ. У дам-бадам момонинг енгидан тортиб эшик томонга имлайди. Кампирнинг у кўрсатган томонга бормасликка иложи қолмади. “Эй, тангрим, оламдаги ўн саккиз минг жонзотга тил ато қилган ўзингсан-у, нега уларни тўкис яратмадинг?! Бировга хор, бировга зор дунё экансан…” Ўзига мадад бериб келаётган Қуръони каримни тумордай бағрига босиб ташқарига чиқди.
Бутун воҳадаги битта уруққа мансуб элнинг етти отаси дафн этилган табаррук қабристон қишлоқдан анча олис. Ана, машҳур Қизарт довони қоронғулик оғушига чўкиб боряпти. Олмос қиррали тоғларнинг чўққилари қуёш аксида лоларанг. Балиқчининг белдор қирларини ҳам қоронғулик ўз домига тортди. Момо билан дудуқ аёл қариликдан койиб бўлса ҳам қабристонни кўзлаб боришмоқда. Отин ойи сўқмоқ йўлни ўзидан яхшироқ ўзлаштириб олган ҳамроҳига ишониб, гулгун ёшлигини эслаб одимлайди. Бу хилват мозоротга улар оқшом чўккан маҳалда кириб келишди. Дудуқ хотин ўғлининг қабрига ишорат қилди, момо қуръон ўқиди. Кейин, кампир чолининг пахса девор билан ҳимояланган мозорига ўтиб, уч бора қуръон тиловат қилиб, ўй-санога берилди. Шу маҳал уни кимдир туртгандай бўлди, қараса дудуқ хотин. Уни этагидан тортиб “ўтир, ҳозир кетамиз” дея ишорат қилди. Бирдан шундоққина наридан “тўқ-тўқ” деган овоз эшитилди. Улар ҳушёр тортди. Ўша овоз яна авжига чиқа бошлади. “Тўқ-тўқ, дуп-қарс”… Момо билан дудуқ хотин калима келтириб, оҳиста қўрғоннинг ортига ўтишди. Одамларнинг овози эшитилди. “Бемаҳалда бу табаррук ерда бегона кишилар нима қилиб юрибдийкин? Ё, ўғри-пўғрилар бисотини шу ерга яширгани олиб келганмикин? Тўқ-тўқ этгани нимаси?!.”
— Уч донани эплаштирдик, илгари ҳам учта олувдик. Кўп кўчирсак эл пайқаб қолади.
— Яна бир-иккитани олайлик, овора бўлганимизга яраша. Кейин қайтиб келмаймиз. Айтгандай, бу ерга кўмилганларнинг қариндош-уруғлари ойда-йилда бир келади, сезмайди.
— Бўлди, ҳаддимиздан ошмайлик. Қани, кетдик.
— Бизни-ку ҳеч ким танимайди. Сен эса унча-мунчага ҳид сездирмайдиган хилидансан-ку… Анқовсираб юравер, овулдошларинг ҳеч қачон гумон қилмайди. Ҳой, моховга шерик бўлганлар, хазинанинг барчаси қабристонда ётибди… Изимизни сездирмасак бўлди-да…
— Кўп валақламай, ҳалиги исқотдан қуй. Бу овозни момо дарҳол таниди. Стаканнинг овози, “жинни сув”нинг шилдираган товуши дангал эшитилди. “Арвоҳ ургурлар, мозор бошида ҳам ароқ ичадими?”
— Бўпти, худо гуноҳимизни кечирсин. Илойим тўшлари яланг хотинларимиз билан айшу-ишрат қилгани етказсин! — Ёқимсиз кулги эшитилди.
— Омад тилайман! Олайлик, олдирмайлик. Ирғитилган шишаларнинг чарсиллаб сингани қабристоннинг ноласига ўхшаб кетди. Кампир жиянининг овозини аниқ-тиниқ англади. Қўлтиғидаги Қуръони карим тиззасига сирғалиб тушди, юраги тез-тез ура бошлади. Кўнгли қоронғилашиб, бўйнига муздай илон ўралгандай, нафаси қисилиб, ёқасидаги тугмани ечмоқчи бўлиб пайпаслай бошлади.
— Бир оз кутиб туринглар. Баҳонада папамнинг қабрини зиёрат қилиб қўяйин.
— Бўронли кунда таҳоратхонани излагандай бу қанақанги қилиқ. Тўйиб ичгандан кейинги фотиҳа тўппа-тўғри Яратганнинг ўзига тегса керак. — У шерикларининг илмоқли қочиримларига парвойи-палак, қалқиб-қалқиб илгари юрди ва қуриб қолган тол ходага йўланиб, пешоб қилди. Ачимсиқ ҳид момонинг димоғига урилди. Ўз хеши чолининг қўрғонини булғаётганини кўрган кампирнинг елкаси оша биров чоптириб юборгандай нафаси қисилди.
Кампирнинг оппоқ кафанлигига кимдир қора чағир илонни ирғитиб юборгандай ҳушидан кетди. Кўзи тинди, қора тунда гўё юлдуз учгандай оппоқ нур кўк тоқида сўнди. Отин ойи нима гаплар бўлаётганлигини ўзи англаб улгурмай, ҳалиги бедаво нариги тарафдан бақириб-чақириб қолди:
— Эй, шайтоннинг малайлари, фонарни ёқинглар. Ўтган куни қаердаги ёдгорликни олувдинглар?
Бир ҳовуч нур унинг юзини ёритди.
— Худди ўша сен турган жойдаги қизил мармарни олганмиз.
Нафаси тобора қисилиб бораётган момо фонар ёруғида фуфайкачан жиянининг юзини кўрди. Дудуқ хотин уни бу ерга беҳуда бошлаб келмаганлигини энди англади. Боши лўқиллаб, қўли қайишиб, ранги кўкариб, томоғи хирқираб қолди…
…Фуфайкали бедавони шериклари бошига бир муштлаб, “оғзингни юм, овозингни чиқарма” деб биқинига ниқтаб олиб кетишди. Дудуқ аёл бор овози билан ҳайқириб, қабристонни оралаб чопиб борарди.
— Онангни урайлар, келиб-келиб папамнинг ёдгорлигини ўмарасизларми? Аҳмоқлар! Энди мен қайси юзим билан овулдошларимга қарайман?! Қонхўр экансизлар! Ҳозир милицияга бораман, харомхўр ифлослар. Барчангни қаматтираман. Менга кўп бўлса беш йил берар. Барингни айтаман. — Фуфайкали йигит шерикларидан бирининг кекирдагидан бўғиб, хириллаган овозда сўкиниб, бурнига бир мушт туширди. Қон ёқасига қуйилди.
— Оға, кечириб қўй, билмасдан олибмиз. Узр, оға! Мушт егани унинг бўйнидан қучоқлаб вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди.
— Онангни урайлар! Мени юртга шармисор қилдинглар. Судга бераман. Ўзини илкис ростлаб олгач, шерикларини бир-икки силтаб, дадил юрабошлади.
— Тўхта! Ҳой, ит! Тўхта, деяпман. Сенинг отангга қўйилган ёдгорлик эканини биз қаёқдан билайлик. Бўлар иш бўлди, тўхта! Харом билан ҳалолни бирга едик. Биз қамалиб, сен омон қолармидинг. Ўзинг ўйлаб кўр!
— Гуноҳ бизда!
— Урдим сенларни! Барибир умринг турмада чирийди. Пешонам шўр экан, сенларнинг гапингга кириб… — У тўхтамай кетиб борарди. Шериклари унинг мақсадини тушунди:
— Охирги марта айтаяпман, тўхта!
Куйикиб ортидан чопиб келган шерикларининг бири юлқиниб бориб, қўш тиғли ханжарни зарб билан долига санчди. Ўткир тиғли ханжар мўлжалга санчилгани учун у ҳа, дейишга улгурмай ерга юзтубан қапишди.
— Бекор қилдинг, шошилмаганингда ўзи инсофга келарди.
— Уни бир ёқлик қилмаганимизда ҳолимизга маймунлар йиғларди.
Шу пайт машина гуриллади.
— Ағдариб ташла, қон ҳиди келаётган мармарларни. Ҳали кимдир сезиб қолгандай бўлди.
Машинадаги ёдгорликларни шошиб-пишиб ағдарган бағри қаттол қузғунлар овулдан жуфтакни рослаб, шитоб тун қаърига сингиб кетди…
…Қабрлар орасида бири ҳалол, бири эса харом майитлар ётганини кўрган қишлоқ аҳли ҳанг-манг бўлиб қолди. Сабаби, бундай фожиа бу музофотда илгари юз бермаган эди. Имонини покиза тутган Отин ойининг қадр-қимматини ўрнига қўйиб дафн этишди. Норгул тойлоқдай бўзлаб, момоси ўргатган мотам айтимини куйлаб, гўяндаликни жойига қўйди. Халойиқ харом ўлган кимсага тескари фотиҳа ўқиб: “Насл-насабинг юзга етмасин, етса ҳам кузга етмасин” деб тавқи лаънат айтиб, етти кишидан ортиқ одам унинг қабрига тупроқ солмади…
Момоси ва ўғлидан айрилган юзи қора она ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормай, хуш каллаю муш калла бўлиб ўтирарди. Қабрдан қўпориб олинган мармар ёдгорликни кўрганлар ўксиниб йиғлайди. Қадр-қиммати оёғости қилинганларнинг қариндош-уруғлари учун ҳеч кутилмаган ҳодиса бўлди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, бундан ҳам ўтган ваҳшийликнинг ўзи бормикин?!
Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 7-сон