Пу Сунглинг. Беғубор қиз – Йинг Нинг (новелла)

Қадим-қадим замонларда исми шарифи Ванг деган бир талаба бўлган экан. Уни кўпинча Ванг Шэнг деб ҳам атар эканлар.
Унинг отаси ёшлигида вафот этиб кетган экан. Яккаю ягонаси фарзанди бўлгани учун онаси уни еру кўкка ишонмас, ҳатто ҳеч ким билан ўйнагани ҳам қўймас экан.
Бир йили “Юан Шао байрами”* куни Вангнинг булами* У Шэнг уни ўзи билан шаҳар чеккасидаги бир қишлоққа олиб бориб, байрамни нишонлашга таклиф қилибди. Улар қишлоққа етар-етмас, У Шэнгнинг уйидан бир одам келиб уни чақириб кетибди. У Шэнг ноилож уйига қайтишга мажбур бўлибди. У Шэнг кетгач, байрамни нишонлаб юрган тўда-тўда одамларнинг орасида Ванг Шенгнинг бир ўзи қолиб кетибди. Унинг кайфияти чоғ, бу дунёда гўё ундан бахтли одам йўқдай экан шу топда.
Тўсатдан унинг кўзи жуда ҳам гўзал бир қизга тушибди. Қиз қўлида олхўрининг гуллаган шохини ушлаганича, табассум билан Ванг Шенгнинг ёнидан ўтиб кетибди. Ванг Шэнг шу пайтгача бундай гўзал қизни ҳеч кўрмаган экан, шу ондаёқ лолу ҳайрон бўлиб қолибди. Қиз Вангнинг олдидан ўтиб кетаётиб, йигитнинг ўзига тикилиб қолганини сезибди ва ёнидаги чўри қизга дебди: “Қара, анови йигит мунча менга тикилмаса, худди ўғриларга ўхшайди-я!” Шундай дея у қўлидаги олхўри гулли шохини ташлабдию, кулганча, нари кетибди. Ванг Шэнг қизнинг узоқлашганини кўриб, тезда ердан олхўри шохини олибди ва хаёлида бир қимматбаҳо нарсани йўқотгандек бўлибди. Ванг Шэнгнинг бутун қалбини севги оташи қамраб олибди. У чуқур ўйга ботиб, уйига қайтиб келибди. Ётоғига кириб, гул шохини ёстиғи остига беркитибди ва уйқуга кетибди. Орадан бир неча кун ўтибди, у ҳеч ким билан гаплашишни истамас, туз тотмас, ранги рўйи ҳам кун сайин сарғайиб, озиб-тўзиб кетаверибди. Онаси унинг аҳволини кўриб жуда ҳам хавотирга тушибди ва табиб чақиртирибди. Табиб Ванг Шэнгнинг аҳволи ёмонлигини кўриб, нимага бундай бўлаётганини сўрабди ва барибир саволига жавоб ололмабди.
Кунлар шу тариқа ўтиб бораверибди. Кунлардан бир кун У Шэнг келиб қолибди: онаси уни Ванг Шэнгдан ҳол сўрагани чақиртирган экан. Ванг Шэнг буламини кўрибдию кўз ёшлари юзларидан маржон-маржон тирқираб оқа кетибди. У Шэнгга ўша куни гўзал қизни учратганидан кейинги аҳволни айтиб берибди. У Шэнг эшитиб, дарҳол овута бошлабди: “Сен ҳам аҳмоқ экансан-ку. Арзимаган нарсага кўз ёши қилиб ўтирибсан. Ўша қизни топиб берганим бўлсин. Бу ишнинг сенга оғирлиги ҳам тушмайди. Агар у ҳали никоҳланмаган бўлса, ишимиз ўнгидан келишига ишончим комил. Лекин бунинг учун сен соғлигингни ҳам ўйлашинг керак”. Ванг Шэнг бу гапларни эшитиб, беихтиёр табассум қила бошлабди ва ўзини анча енгил ҳис қилибди. У Шэнг уйга қайтгач, Ванг Шэнгнинг аҳволи кўз ўнгидан ҳеч нари кетмабди. Қандай қилиб унга ёрдам берсам экан, деб анчагача соҳибжамол ҳақида маълумот тўплаш билан машғул бўлибди. Лекин, барча ҳаракатлари зое кетибди.
Кунлар ўтаверибди, У Шэнг яна Ванг Шэнгни кўргани келибди. Ванг Шэнг буламидан ўша қиздан хабар бор-йўқлигини сўрабди. У Шэнг нима деб жавоб қилишини билмай, алдашга мажбур бўлибди. “Аллақачон топган эдим, – дебди У Шэнг. – Биласанми у ким экан? У холангнинг қизи экан, сизлар қариндош экансизлар. Бир неча кундан сўнг мен совчиликка бориб, албатта ишни пишитиб келаман”. Ванг Шэнг буни эшитиб, жуда хурсанд бўлибди ва қизнинг уйи қаерда эканлигини сўрабди. У Шэнг нима деб жавоб қилишини билмай қолибди ва бир амаллаб бунинг ҳам йўлини топибди: “Қизнинг уйи бу ердан тахминан ўттиз чақиримча узоқликда – жануби-ғарбий томонда – тоғ этагида экан”. Ванг Шэнг қизнинг висолига тезроқ етишни истабди. У сабрсизлик билан буламини иложи борича тезроқ совчиликка боришини сўрабди. Ванг Шэнгнинг саломатлиги тезлик билан яхшилана бошлабди, лекин булами нимагадир бошқа келмай қўйибди. Ванг Шэнгнинг юрагига ғулғула тушиб қолибди ва буламига хат ёзибди. У Шэнг унинг сўзлари ёлғонлигини билиб, турли ишларни баҳона қилиб, уни кўргани келолмаётганини айтибди. Ванг Шэнг буламининг лоқайдлигидан жуда ҳам аччиқланибди ва ўзича тахмин қилиб, ўттиз чақирим йўл унча узоқ эмас, деган қарорга келиб, “Бировга ишониб нима қилдим”, – дебдию қуриб қолган олхўри гул шохини олганча, онасига ҳам лом-мим демай, ўша қизни қидиргани кетибди.
Ванг Шэнг ўттиз чақиримдан кўпроқ юргач, нафасини ростлаб олиш учун тўхтабди, ён-верига қараса, яланг бир тоққа келиб қолганмиш. Йўл сўрай деса, ҳеч бир тирик жон кўринмасмиш. Тўсатдан, кўзи тоғ этагидаги кичкинагина бир қишлоқчага тушибди. Қишлоқда яккаю ягона хонадон бор экан. Ванг Шэнг шу қишлоққа қараб йўл олибди. Хонадон дарвозаси олдида бир туп тол дарахти ўсар экан, ҳовлисида эса сон-саноқсиз шафтоли ва ўрик дарахтлари гуллаб ётган экан. Ванг Шэнг бу кимнинг боғи бўлди экан, деб ўйлабди. “Бирпас кутай-чи, битта-яримта чиқса, холамни қидириб юрибман деган баҳонада ҳаммасини сўраб оламан,” – деб ўйлабди, бориб дарвоза олдидаги катта харсанг устига ўтирибди. Тўсатдан, кунботар томондан бир қиз келаётганини кўрибди, қўлида бир даста ўрикнинг гуллаган шохини бошига тақмоқчи бўлиб келаётган экан. Қиз бошини кўтариб қараган экан, Ванг Шэнгга кўзи тушибди. Бошига гулни тақмабди ҳам-у, кулганча қочиб ҳовлига кириб кетибди. Ванг Шэнгнинг кўз олди ёришиб кетибди, у кўзларига ишонмасдан: “Наҳотки бу ўша – кечалари билан ухламай, ўйлаб чиққан қизим бўлса?” дермиш. Хурсандлигидан: “Нимани баҳона қилиб, у билан кириб учрашсам экан? – деб ўйлаб қолибди, – агар, холамни кўргани келдим десам, илгари бир марта ҳам холамни кўрмаганман, танимай қолсам, нима деган одам бўламан?” У жуда қийин аҳволга тушиб қолибди. Ванг Шэнг овқат ейишни ҳам, сув ичишни ҳам эсидан чиқариб, дарвоза олдидан кетолмабди. Шу орада ҳалиги қиз дарвозани бир очиб қарабди ва яна ёпиб, кўздан ғойиб бўлибди.
Охири, қоронғи тушганда, дарвоза очилибди. Бир кампир чиқиб, Ванг Шэнгдан ҳол-аҳвол сўраб, дебди: “Эй яхши йигит, қаердан келдинг, билишимча, эрталабдан буён шу ерда экансан, бу ерда нима ишинг бор, қорнинг очмадими?”
Ванг Шэнг дарҳол салом бериб: “Мен қариндошимни қидириб келдим” деб жавоб қилибди. Кампирнинг қулоғи оғир экан, йигитнинг гапини яхши эшитмабди, Ванг Шэнг баландроқ овозда гапини қайтарибди. Кампир яна сўрабди: “Қариндошингнинг исми шарифи нима?” Ванг Шэнг нима деб жавоб қилишини билмай, довдираб қолибди. Кампир кулиб туриб: “Қизиқ, исми шарифини билмасанг, яна қанақа қариндош излайсан?! Кўринишдан эсли-ҳушли болага ўхшайсан. Яхшиси, ичкарига кир, қорнингни тўйғазиб ол, менинг уйимда бир кеча ётиб қол. Эрталаб уйингга қайтиб борарсан, қариндошингнинг насабини билиб келарсан,” – дебди. Ванг Шэнг ҳақиқатдан ҳам қорни очганини сезибди ва дарҳол кампирга эргашиб, хонадонга кирибди. Улар ҳамма ерига гул экилган ҳовлидан ўтгач, катта бир меҳмонхонага кирибдилар. Бу ер кундузгидек ёруғ, ҳамма ёқ ёғ тушса ялагудек экан. Ўтиришгач, кампир ташқарига қараб, қаттиқ овозда: “Меҳмон келди, тезроқ егулик келтир,” деб кимнидир чорлабди. Шунда ташқаридан чўри қизнинг: “Хўп бўлади,” деган овози эшитилибди. Кампир эса Ванг Шэнгдан насабини, оилавий шароитини суриштирибди. Ванг Шэнг навбатма-навбат жавоб бера бошлабди. Тўсатдан кампир Ванг Шэнгнинг гапини бўлиб, сўрабди: “Онангнинг фамилияси “У” эмасми?” Ванг Шэнг тасдиқ ишорасини қилибди. Кампир ҳайрон қолиб: “Ие, сен менинг жияним экансан-ку, сенинг онанг менинг туғишган синглим бўлади. Менинг уйимда эркак киши бўлмаганлигидан, қариндошлар билан анча йиллардан буён борди-келди қилмаётган эдим. Буни қара-я, сен жуда ҳам ўсиб кетибсан”, – дебди. Ванг Шэнг дарҳол: “Менинг келишимга сабаб – холамни кўриб, ҳолидан хабар олиш эди. Келаётганимда жуда шошилганимдан онамдан сизнинг кимлигингизни сўраш эсимдан чиқибди”, – деб жавоб қилибди. Кампир: “Поччангнинг фамилияси Чин эди. Ҳозир менинг уйимда битта қиз бор, лекин уни мен туққан эмасман, уни эримнинг чўриси туққан. Поччанг оламдан ўтгач, мен чўрини узатиб юбордим, ўзим эса қизни олиб қолиб катта қилдим. Бу қиз жуда ақлли, лекин жуда эрка қиз. Кун бўйи шўхлик қилиб, гапга қулоқ солмайди. Бироздан сўнг уни кўрасан”, – дебди. Бу пайтда хизматкор қиз овқат олиб кирибди. Кампир унга Йинг Нингни чақириб келишни буюрди. Кўп вақт ўтмай, ташқаридан кулги товуши эшитилибди. Товуш тобора яқинлашиб келарди. Кампир ташқарига қараб, баланд овозда дебди: “Йинг Нинг, буламинг келибди!”
Эшик орқасидан тўхтовсиз кулги овози эшитиларди. Хизматкор қиз Йинг Нингни хонага етаклаб кирибди, у ўзини кулгидан тўхтата олмас, оғзини беркитиб олиб, тинмай ҳирингларди. Кампир қизга ўқрайиб қараб, дебди: “Уйга меҳмон келганда кулганинг нимаси?!” Йинг Нинг ўзини кулгидан базўр тўхтатиб, онасининг ёнидаги кўрпачанинг бир четига омонатгина қўнибди. Кампир Ванг Шэнгни кўрсатиб, Йинг Нингга дебди: “Бу сенинг буламинг бўлади, холангнинг ўғли”. Ванг Шэнг кампирдан: “Синглим неча ёшда?” – деб сўрабди. Кампирнинг қулоғи оғир бўлганидан яхши эшитмабди. Ванг Шэнг баланд овозда гапини қайтарибди. Йинг Нинг Ванг Шэнгнинг бу сўроғини эшитиб, уялганидан бошини энгаштириб олибди ва яна кула бошлабди. Кампир Ванг Шэнга дебди: “Мен сенга айтган эдим-ку, бу қиз шўх деб, кўриб турганингдек, аллақачон ўн олтига кирган бўлса ҳам, ёш боладан ҳеч фарқи йўқ”. Ванг Шэнг дебди: “У мендан бир ёш кичик экан-да”. Кампир сўрабди: “17 ёшга кирган бўлсанг, хотин олгандирсан?”1
“Мен ҳали бўйдоқман”, – деб жавоб қилибди Ванг Шэнг. Кампир ундан сўрабди: “Сен ақлли, тарбияли кўринасан, кап-катта йигит экансан, нимага ҳалигача уйланмадинг?” Ванг Шэнг жавоб қилмабди, у Йинг Нингга тикилибди. Чўри қиз Йинг Нингнинг қулоғига пичирлаб дебди: “Сен унинг ўғриларча қарашига боқ, ҳеч ҳам ўзгармаган”. Йинг Нинг буни эшитиб, яна кулиб юборибди. Кулги аралаш чўри қизга: “Юр, боққа чиқиб, бирпас сайр қилиб келайлик”, – дебдию енги билан оғзини беркитганча, югуриб чиқиб кетибди. Эшикка етмасдан қаттиқ кулиб юборибди. Кампир ўрнидан тураётиб, Ванг Шэнгга: “Сен меникига шунча йўл босиб, овора бўлиб келибсан, бир неча кун меникида меҳмон бўлгин, кейин уйга қайтарсан. Бу ерда китоб ўқишинг, боғда дам олишинг мумкин”, – деб айтибди ва хизматкор қизга Ванг Шэнг учун хона тайёрлашни буюрибди.
Эртаси куни эрталаб Ванг Шэнг боққа сайр қилгани чиқибди. Боғда кўм-кўк ўтлар сабза урган, нафис турфа гуллар барқ уриб очилганди. Боғ шу қадар чиройли эканки, унга қараб кишининг баҳри-дили очилар экан. Ванг Шэнг боғнинг ўртасида сайр қилиб юрган экан, бирдан дарахт тепасидан кимнингдир шарпаси эшитилибди. У бошини кўтариб қараса, дарахтда Йинг Нинг ўтирган экан. У Ванг Шэнгни кўриб, кулиб юборибди ва сал бўлмаса, йиқилиб тушай дебди. Ванг Шэнг ҳовлиқиб бақирибди: “Кулма, эҳтиёт бўл, йиқилиб тушасан-ку, ахир!”
Йинг Нинг дарахтдан тушаётиб, нуқул куларкан. Ерга етар-етмас, эқтиётсизликдан йиқилиб тушибди. Энди унинг кулар ҳоли ҳам қолмабди. Ванг Шэнг унинг қўлтиғидан олиб, туришига ёрдамлашиб юборибди ва секин қўлини силаб қўйибди. Йинг Нинг яна кулиб чайқалиб кетибди ва дарахтга суяниб қолибди. Қиз кулгидан тўхтагач, Ванг Шэнг чўнтагидан олхўри гул-шохини олиб, унга узатибди, сўнг дебди: “Синглим, буни ўша “Юан Шао байрами” куни ташлаб кетган эдингиз, мен уни ҳозиргача ўзим билан олиб юрибман” – дебди, Йинг Нинг гул-шохини олиб: “Ие, бунингиз қуриб қолибди-ку?!” – дебди. Ванг Шэнг бунга жавобан: “Мен бу билан сизга бўлган муҳаббатимни изҳор этмоқчи эдим. Сизни кўрган кунимдан буён тинчимни йўқотдим, сизни ўйлайвериб, ҳатто касал бўлиб қолдим. Мен сизни яна бир бор учратаман деб умид ҳам қилмагандим”, – дебди. Шунда Йинг Нинг: “Биз қариндошмиз, муҳаббат ҳақида гапирсак, қандай бўларкин? Кетар пайтингизда сизга боғдаги гуллардан бир даста бериб юбораман”, – дебди. Бу сўзни эшитган Ванг Шэнг: “Синглим, сиз нега бунча соддасиз-а?!” дебди.
“Мен соддаманми?” – кулибди қиз.
“Ахир мен гулни эмас, менга шу гулни тақдим этаётган қизни севаман”.
“Биз қариндошмиз, бусиз ҳам бир-биримизни севишимиз керак” дебди Йинг Нинг. Ванг Шэнг: “Мен айтган севги қариндошлар орасидаги севги эмас, балки эр-хотинлар орасидаги севгидир” – деб жавоб берибди.
“Бу икки севги бир-бирига ўхшаш эмасми?” – деб сўрабди Йинг Нинг яна. Ванг Шэнг унга: “Эр-хотин орасидаги севги бир ёстиққа бош қўйиш”, – деб жавоб берибди.
Бу гапни эшитган Йинг Нинг хаёлга чўмиб, бир оздан сўнг дебди: “Мен бегона одам билан ёта олмайман”.
Гап охирига етмай, Ванг Шэнг тўсатдан пайдо бўлган чўри қизга кўзи тушибдию шошилганча кетиб қолибди. Бироздан сўнг, у Йинг Нинг билан яна кампирнинг хонасида учрашиб қолибди.
“Қаерда эдинг?” – сўрабди кампир Йинг Нингдан.
“Буламим билан боғда суҳбатлашиб қолдик.”
“Нонушта аллақачон тайёр бўлган эди-ку, шунча кўп вақт нимани гаплашдинглар?”
Йинг Нинг иккиланмасдан: “Буламим мени у билан бирга ухлашимни хоҳлаяпти”, – деб жавоб қилибди. Буни эшитган Ванг Шэнг қизга кўзи билан “бас қил” ишорасини қилса ҳам, Йинг Нинг кулимсираганча гапида давом этаверибди. Бахтига кампир яхши эшитмас экан, қизнинг гапларини илғаёлмабди, Ванг Шэнг секин Йинг Нингни туртиб қўйибди. Йинг Нинг сўрабди: “Ҳозирги айтганларингни айтиб бўлмайдими?”
“Бу фақат хилватда гапириладиган сўзлар-ку!” – деб шошиб жавоб қилибди Ванг Шэнг.
Йинг Нинг: “Ҳеч кимга айтиб бўлмаса, онамга ҳам айтиш мумкин эмасми? Дарвоқе, бирга ухлаш одатдаги иш-ку, шуни ҳам яшириш керакми?” – дебди. Ванг Шэнг унинг шу қадар содда эканлигидан жуда хафа бўлибди, бунга яна қандай қилиб бошқача тушунтиришни билмай қолибди.
Овқатланиб бўлгач, Ванг Шэнг қараса, хачир етаклаган бир киши пайдо бўлибди ва “Сизни уйга олиб кетгани келдим”, – дебди. Бу одамнинг гапига қараганда, Ванг Шэнг уйидан чиқиб кетган куни онаси уни кун бўйи кутибди. Ундан дарак бўлавермагач, бутун қишлоқни суриштириб чиқибди, лекин уни тополмабди. Шунда онаси У Шэнгнинг уйига бориб, суриштирибди. У Шэнг Ванг Шэнгга айтган ўша ёлғон гапини эслабди, ўша иш қандай бўлганини оқизмай-томизмай айтиб берибди ва тезроқ жануби-ғарб томондаги тоққа одам юборишни маслаҳат берибди. Шундай қилиб, Вангнинг уйидан келган одам Ванг Шэнгни топибди. Ванг Шэнг холасидан ўзи билан бирга Йинг Нингни бир неча кунга ўйнаб келгани юборишини сўрабди. Кампир Ванг Шэнгнинг таклифига жон деб рози бўлибди ва Йинг Нингни чақирибди. Йинг Нинг кулганча югуриб келибди. Кампир унга: “бўлар-бўлмасга ҳадеб кулаверасанми? Агар ҳадеб кулавермаганингда, аллақачон яхши қиз бўлар эдинг”, – дебди. Унга қараб яна “Буламинг сени ўзи билан бирга олиб кетмоқчи, тезроқ тайёр бўл”, – деб айтибди.
Ванг Шэнгнинг уйидан келган киши овқатланиб бўлгач, кампир уларни кузатиб чиқибди ва яна Йинг Нингга қараб тайинлабди: “Жоним қизим, холангникига боргач, анча кун у ерда яшайсан. У ерда ўқи, урф-одатни, муомала қилишни ўрган. Келажакда турмушга чиқсанг, қайнота ва қайнонанинг хизматини қилишда керак бўлади, қизим, юзимни ерга қаратма. Холангга малол келса ҳам, сенга куёв топсин”.
Йинг Нинг онаси билан хайр-хўшлашиб, Ванг Шэнг билан бирга кетибди. Нарироқ боргач, орқасига ўгирилган экан, кампирнинг хаёл сурганча уларга қараб қолганини кўрибди. Йинг Нингнинг қалби орзиқиб кетибди. У юрагининг бир парчасини ташлаб кетаётгандай бўлибди. Гўё у энди онаси билан бошқа кўришолмайдигандек ҳис этибди ўзини.
Улар уйга етиб келишгач, онаси ўғли билан бирга келган бир соҳибжамолни ҳам кўрибди. Кўрибдию, ваҳимага тушганини яшира олмай, шошилиб:
“Бу кимнинг қизи?” – деб сўрабди.
“Бу холамнинг қизлари”, – жавоб берибди Ванг Шэнг.
Онаси ҳайрон бўлиб яна сўрабди: “Буламингнинг сенга айтган ҳамма гапи ёлғон экан. Менинг ҳеч қандай синглим йўқ, қандай қилиб у холангнинг қизи бўлсин?”
Йинг Нинг дебди: “Мен бу онадан туғилмаганман, отамнинг фамилияси Чин эди. Мен эндигина туғилганимда, отам оламдан ўтган экан, шунинг учун кўп гаплардан хабарим йўқ”.
Онаси унинг гапларини эшитиб, Ванг Шэнгга дебди: “Ҳақиқатан ҳам, менинг бир опам бўлган эди, у Чинлар оиласига турмушга чиққан эди, лекин у ёш ҳаётдан кўз юмган эди, сен уни қандай учратдинг?”
Ванг Шэнг ўша кампирнинг кўринишини тасвирлаб берибди. Онаси энди ўша аёл ўзининг опаси эканлигига ишонч ҳосил қилибди. Улар суҳбатлашаётган вақтда У Шэнг келиб қолибди. Йинг Нинг эса уялганидан дарров хонага кириб беркинибди. У Шэнг уларнинг сирли тарзда суҳбатлашиб турганини кўриб, ҳайрон қолибди. Онаси ўйланиб туриб, бирдан сўрабди: “Бу қизнинг исми Йинг Нинг эмасми?” Ванг Шэнг тасдиқ жавобини қайтарибди. Онаси: “Тавба, бу иш ҳайрон қоларли даражада ҳақиқатдир. Опам оламдан ўтгач, поччанг қайтиб уйланмади, лекин бир тулки аёл қиёфасига кириб, ҳадеб унинг олдига бораверар эди. Кейинчалик поччанг ҳам оламдан ўтди, тулки аёл эса бир қиз туғди. Қизнинг исми Йинг Нинг эди. Поччанг оламдан ўтгач, ўша ҳар куни қизини кўргани келиб турарди. Ҳар келганида тулки аёлни қувиб юборадиган бўлишди. Охири тулки аёл қизни олиб қочишга мажбур бўлибди. Балки, бу қиз ўша тулки аёл олиб қочиб кетган Йинг Нингдир?”
Ҳамма ҳайрон экан. У Шэнг Йинг Нингни кўрмоқчи бўлибди. Онаси уйга кириб булами чақираётганини Йинг Нингга айтибди. Буни эшитган Йинг Нинг деворга ўгирилиб, кулиб-кулиб олибди-да, ўзини босиб олгач, хонага кирибди. У Шэнгга таъзим қилиб, у билан танишибди, шундан сўнг қайтиб ичкарига кирибди-да, овози борича қаҳқаҳа уриб юборибди. Уйдагиларнинг ҳаммаси унинг бу қилиғидан роса ажабланиб кулишибди.
Ҳар куни эрталаб бир вақтда туриб, холасига салом беришни Йинг Нинг ўзига одат қилиб олибди. Йинг Нинг бу хонадонга келганидан буён ўзини фақат яхши томонидан кўрсатибди. Унинг оёқ-қўли чаққон экан. Чеварликда қўли шу қадар гул эканки, ҳеч ким унинг олдида ип эшолмаскан. Ҳамманинг унга ҳаваси келаркан. Лекин бир одатини, яъни кулишини ҳеч ташламабди. Шунга қарамай, унинг кулиши ҳам самимий, ҳам ширали экан. Атрофдагиларга, айниқса, Ванг Шэнгнинг онасига ҳам унинг бу қилиғи жуда ёқаркан. Онаси уни ўз ўғлига олиб беришни хаёлидан ўтказибди-ю, лекин бу бирон жодугар-подугар бўлмасин деб юраги дов бермаскан. Айтишларича, қоқ пешинда жодугарнинг сояси йўқолар эмиш. Онаси Йинг Нингнинг ҳовли ўртасига чиқишини пойлай бошлабди. Бир куни қараса, унинг сояси ҳамманики каби оддий эмиш. Шундагина унинг кўнгли жойига тушиб, ҳеч ҳайиқмай қизни келин қилишга аҳд қилибди ва тўй тараддудини бошлаб юборибди. Тўй куни унга жуда чиройли, нафис тўй кўйлагини кийгазишибди. Бу кўйлак унинг бир чиройига ўн чирой қўшибди. Лекин эгилиб, салом бериш кераклигини айтишса, Йинг Нинг ҳеч ўзини тутолмай, тинимсиз кулармиш. Шу сабабли эгилиб салом ҳам беролмабди.
Тўйдан сўнг бу хонадон янада тотувлашибди. Бунинг сабабчиси ҳам Йинг Нинг экан. У оғирни енгил қилар, низо чиқса бартараф этар, хафачиликни бости-бости қилар экан. Масалан, онасининг кайфияти нохуш бўлиб турган пайтларда Йинг Нинг келиб, бир кулиб юборса, ҳалиги нохуш кайфиятдан асар ҳам қолмас экан. Ёки бўлмаса, хизматкорлар бирон айб иш қилиб қўйсалар, жазодан қўрқиб, Йинг Нингдан онасини хурсанд қилишни сўрашаркан. Фурсатдан фойдаланиб, чўри қизлар бекаларидан узр сўрашар ва бека ҳар доим уларни кечираркан.
Йинг Нинг жуда ҳам гулларга ўч экан. Бир неча ой ичида ҳовли ранг-баранг, нафис, ҳузурбахш, анвойи гулларга бурканибди. Йинг Нинг, айниқса, ички ҳовлида ўсган гул дарахтини жуда ҳам яхши кўраркан. У доим дарахт устига чиқиб, ундаги гулларни тераркан. Буни кўриб қайнонаси: “Дарахтга чиқиш одатингни ташла”, – деб койиб бераркан. Йинг Нинг ҳам “Хўп” деркан-у, дарахтни кўрганда яна онасининг гаплари эсидан чиқиб кетар экан.
Кунлардан бир кун Йинг Нинг ўша дарахтдан гул тераётганда уни қўшни йигит кўриб қолибди. Йинг Нингнинг ҳусн-жамолини кўриб, ақлдан озай дебди. Устига-устак, Йинг Нинг ҳам ҳандон отиб кулиб юборибди. Бу кулгини қўшни йигит “Йинг Нингнинг менда кўнгли бор экан”, деб ўйлаб, жуда хурсанд бўлибди. Қўшни бола Йинг Нингнинг дарахт остига қараб-қараб, кулиб тушиб кетганини кўриб, у менга шу жойда кўришишни шарт қилди, деб ўйлабди. Хурсанд бўлганидан унинг боши осмонга етибди. Ярим кечада қўшни бола Йинг Нинг билан кўришиш учун девордан ошиб тушибди ва қаттиқ инграб юборибди. Бу инграшдан ҳамма уйғониб кетибди. Югуриб келиб қарашса, қўшни бола дарахт остида ётган эмиш. Уни чаён чақиб олган экан. Уни ота-онаси уйига олиб кетишибди ва нима бўлганини сўрашибди. У бўлган воқеани айтиб берибди. Бироздан сўнг йигит оламдан ўтибди. Унинг отаси туман қозихонасига бориб, Ванг Шэнг устидан арз қилиб, унинг хотинини жодугар, у одам ўлдирди, деб айблабди. Туман қозиси эса Ванг Шэнгнинг яхши оиладанлигини, бундай ножўя иш унинг оила аъзоларига хос эмаслигини яхши биларкан. У қўшнининг гапига ишонмабди ва Ванг Шэнг устидан жиноий иш қўзғамабди.
Бу воқеалардан сўнг онаси Йинг Нингга насиҳат қилиб: “Қизим, энди бу шўхликларингни ташла. Шўхликларинг эртами-кечми бирор фалокат олиб келиши турган гап. Яхши ҳам бахтимизга туман қозиси инсофли киши, агар биронта аблаҳга дуч келганимизда, бошинг қозихонадан чиқмай қоларди. Унда одамларга қайси юз билан қарардинг?” дебди. Мана бу гаплардан сўнг Йинг Нинг онасига қасам ичиб: “Бундан буён ҳеч ҳам кулмайман”, дебди. Онаси яна насиҳатини давом эттириб: “Қизим, дунёда кулмайдиган одам йўқ, ҳамма кулади, фақат ўз ўрнида ва вақти-соатида кулиш керак”, дебди.
Шундан кейин Йинг Нингни жўрттага кулдиришса ҳам, ҳеч кулмайдиган бўлиб қолибди, аммо унинг чеҳрасида ҳеч қандай хафалик аломати кўринмаскан.
Бир куни кечқурун Йинг Нинг тўсатдан ҳўнграб йиғлаб юборибди. Ванг Шэнг бундан хавотирга тушиб, бунинг сабабини сўраган экан, Йинг Нинг шундай жавоб қилибди: “Илгари мен сизлар билан кўп яшамаганимдан ҳақиқатни гапиришдан қўрқардим. Энди билдимки, сиз ва онам мени жуда яхши кўраркансизлар ва ишонаркансизлар. Шунинг учун мен сизларга ҳақиқатни гапириб бермоқчиман. Мен аслида тулкининг қизиман. Отам ўлгач, ўз онам бошқа эрга тегиб кетди. Мени эса бир соҳирага* беришди. Шу соҳира – сенинг ўлиб кетган холанг. У мени боқиб, тарбиялаб, мана шу ёшга етказди. Ҳозир эса менинг соҳира-онам қаровсиз, бир ўзи тоғлар орасида қолиб кетди. Шу соҳира-онам ўлиб кетган бўлса, унинг жасадини отамнинг ёнига кўмсанг, мени ҳам, соҳира-онамнинг руҳини ҳам шод этган бўлардинг. Унда менинг ҳам соҳира-онам олдида юзим ёруғ бўларди”. Ванг Шэнг рози бўлибди.
Эртаси куни Йинг Нинг билан Ванг Шэнг жануби-ғарб томондаги тоққа боришса, ҳақиқатан ҳам Йинг Нингнинг сохира-онаси аллақачон оламдан ўтган экан. Унинг мозорини топиб, жасадини Йинг Нингнинг отаси мозорига кўмишибди. Шундан кейин ҳар йили, “Чинг минг байрами”* кунларида эр-хотин ота-оналарининг мозорини зиёрат қиладиган бўлишибди.
Бир йил ўтгач, Йинг Нинг ўғил туғибди. Бола кимни кўрса онасига ўхшаб нуқул кулар экан.

Хитой тилидан Жасур Зиямуҳамедов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 7-сон

__________
“Юан Шао байрами” – “Чироқлар байрами” қамарий тақвим бўйича янги йилнинг дастлабки 15 кунини ўз ичига олади.
Булам- Амакивачча дегани.
* Ўрта асрларда, айнан Сунг сулоласидан то Чинг сулоласи ҳукмронлик қилган даврларда, яъни Х асрдан ХХ асрнинг бошларигача Хитойда қонун бўйича эркакларнинг 16 ёшидан уйланишига, қизларнинг эса 14 ёшдан узатилишига рухсат берилган.
* Соҳира – яхшилик қилувчи пари.
* “Чинг минг байрами” – қамарий тақвим бўйича апрелнинг дастлабки 15 кунини ўз ичига олади.