Премчанд. Сут ҳақи (ҳикоя)

1

Ҳозир катта шаҳарлардаги туғруқхоналарда доялар, ҳамширалар ва аёллар докторлари ишлаши одат тусига кирган, лекин қишлоқ туғруқхоналари ҳали ҳам бҳангий* хотинлар тасарруфида ва яқин орада бу масалада бирон-бир ўзгариш қилинишига ҳеч қанақа умид йўқ. Бабу Маҳешнатҳ ўз қишлоғида катта ер эгаси, ўқимишли одам, туғруқхоналардаги аҳволни тубдан яхшилаш зарурлигини аллақачон англаган. Бироқ бу йўлдаги тўсиқларни у қандай қилиб енгсин? Яқинда шу масалада шаҳарга бориб келувди. Қишлоқда ҳамшира бўлиб ишлайман, деган бир зот топилмади. Қанча ялиниб-ёлворгандан кейин биттаси рози бўлувди, лекин эвазига шундай катта пул талаб қилдики, Бабу соҳиб лом-мим деёлмади, бошини эгиб чиқиб кетишдан ўзга чораси қолмади. Шу гапдан кейин аёллар доктори билан гаплашишга юраги доб бермади. Эҳтимол, унга маош бериш учун Бобу соҳиб ярим давлатини сотишга мажбур бўларди. Шунинг учун уч қиздан кейин, ниҳоят, тўртинчисига ўғил кўрганида, кунига яна ўша Гудар билан унинг хотини яради.
Болалар, одатда, кўпроқ кечаси туғилади. Бир куни кечаси туғруқхона малайи келиб Гударнинг эшигини шунақанги тарақлатдики, бутун қўни-қўшни уйғониб кетди. Тарақлатади-да! Қиз туғилибдимики, ўлимтик овозда чақирса!
Гударнинг оиласи бу қутлуғ аёмга бир неча ойдан бери тайёргарлик кўрмоқда эди. Улар фақат бир нарсадан чўчирди — у ҳам бўлса, ишқилиб қиз туғилиб қолмасин, унда суюнчига атаб қўйилган бир рупия пул ва битта сарий ўшандоқлигича қолиб кетади, дейишарди.
Шуни деб эр-хотин неча марта жиқиллашиб ҳам олишганди. Ҳатто бир гал гаров ҳам ўйнашган эди.
— Агар ўғил бўлмаса, — дерди хотини, — менинг бетимга қарамай қўя қолинг. Ҳа, ҳа, ростимни айтаяпман — бетимга қарамай қўя қолинг. Бутун белгилари шундоққина ўғил боланики.
Эри эса дерди:
— Мени айтди дерсан, қиз бўлади. Ҳа, қиз бўлади. Ўғил бўлса-чи, ҳўв хотин, нақ мўйловимни олиб ташлайман. Билдингми?
Эҳтимол шундай деб Гудар хотинининг ўғил туғишига бўлган ҳавасини кучайтирган ва гўё шу тариқа ўғил туғилишига замин ҳозирлагандир…
— Мана энди мўйловингизни олиб ташлайверинг, — деди Бҳунгий эрига қараб. — Ўғил бўлади десам ишонмасдингиз, гапимни эшитгингиз ҳам келмасди. Нуқул ўзингизникини маъқуллаб ётардингиз. Мана энди мўйловингизни мен ўзимоқ олиб ташлайман, битта ҳам қўймай олиб ташлайман.
— Олсанг олақол, хотин, — деди Гудар мулойимлик билан. — Мўйлов жуда қайтиб чиқмайдиган нарсамиди? Бугун олсанг, уч кунда қарабсанки, яна бояги-бояги ўсиб турибди-да! Лекин менга қара, нариги хонадондан сут ҳақига тегадиган пул-мулнинг ярмини ишлатмай йиғиб қўямиз. Хўпми?
Бҳунгий, йўқ, деб қўлидаги чақалоғини эрига тутқазди-да, Маҳешнатҳникидан келган одамнинг олдига тушиб кета бошлади.
— Ҳой, менга қара, — деди Гудар. — Намунча чопмасанг? Мен ҳам чақалоқ муборак бўлсин деб бирров бориб келмасам бўлмайди. Болага ким қарайди ахир?!
Бҳунгий узоқдан туриб деди:
— Ўша ерга ётқизиб қўя қолинг. Келиб, кейин эмизаман.

2

Маҳешнатҳнинг уйида Бҳунгийнинг иззат-ҳурматини жуда жойига қўйишарди — егани олдида, емагани кетида эди. Кунига бир эмас, тўрт маҳал овқат билан сийлашарди — ҳаммаси бир-биридан тансиқ, эмизикли хотинга сут бўладиган овқатлар. Фақат Бҳунгийнинг эмас, Гударнинг ҳам қорни шу ердан тўярди. Бҳунгий боласини бир кунда эмизса бир-икки маҳал эмизарди, бўлмаса шу ҳам йўқ. Болага асосан кўчанинг сутини ичиришарди. Бҳунгийнинг кўкрак сутини Маҳешнатҳ соҳибнинг пешонаси ярқираган арзандаси эмарди.
Соҳибнинг хотини тўладан келган, соғлом жувон эди, бироқ негадир бу гал кўкрагига сут келмади. Олдинги учала қизини туққанида ҳам сути жуда сероб бўлувди. Лекин бу гал кўкрагида бир томчи ҳам сут йўқ. Соҳибнинг боласига Бҳунгий ҳам доя эди, ҳам энага.
— Бҳунгий, — дерди соҳибнинг хотини, — шу боламизни катта қилиб берсанг бўлди, ундан кейин умрингнинг охиригача роҳатда яшайверасан. Хўжайинга айтиб, беш бигҳа ер ҳам олдириб бераман. Невара-чеваранг ҳам ғам-ташвиш нималигини билмай яшайди.
Бу ёқда эса Бҳунгийнинг эркатойига кўчанинг сути тўғри келмасди, ичган сути баданига сингмасди. Натижада бола кун сайин озиб-тўзиб кетмоқда эди.
— Кеннойижон, айтиб қўяй, болангизнинг сочини олдириш маросимида менга бир жуфт билагузук ҳадя қиласиз. Хўпми? — деди бир куни Бҳунгий.
— Вой, вой, сингилжон, билагузук сендан айлансин. Бор-йўғи шуми? Ахир шунга шунча дўқми? Қанақасидан бўлсин: кумушиданми ё тилласиданми? — деди кулиб бека.
— Вой, кеннойижоним-ей! Қайси юз билан кумуш билагузук тақаман. Эл-юртга кулги бўлмайманми?
— Ҳа, бўпти, бўпти. Тилласидан берганим бўлсин. Буёғига хотиржам бўлавер.
— Ўғлингизни уйлантирганда-чи, менга бир шода маржон совға қиласиз, куёвингиз (яъни Гудар)нинг қўлларига эса биттагина тилла билагузук тақиб қўясиз-да.
— Жоним билан. Худо ўша кунларга етказсин.
Маҳешнатҳнинг уйида бекадан кейин Бҳунгийнинг ҳукми ўтарди. Бутун оқсоч, ошпаз хотину хизматкор-малайларнинг ҳаммаси унинг буйруғини сўзсиз бажо келтирарди. Ҳатто беканинг ўзи ҳам ундан ҳайиқиб турарди. Бир марта Бҳунгий ҳатто Маҳешнатҳ соҳибнинг ўзига ҳам тикка гапирган эди. Лекин ўшанда у киши кулиб енгиб кетган эди. Бҳунгийлар тоифаси ҳақида гапира туриб соҳиб: «Дунё юз ўзгарсин, минг ўзгарсин, бу бҳангийлар ўзгармайди, ўша-ўшалигича қолади. Буларни одам қилиш қийин» деган эди.
Унинг бу гапига Бҳунгий бундай деб жавоб берувди:
— Тақсир, бҳангийларни одам қилишнинг ҳожати йўқ. Уларнинг ўзи манамен деганларни ҳам одам қилиб қўяди.
Бҳунгий шу гапини бошқа пайтда айтганида, тақсир уни соғ қўярмиди? Лекин Маҳешнатҳ соҳиб хохолаб кулди-да: «Оббо сен-ей! Шунақа дегин? Гапингдан жон бор», деб қўя қолди.

3

Бироқ Бҳунгийнинг бу уйдаги ҳукмронлиги бир йилдан нари ўтмади. Қишлоқдаги аркони дин, казо-казолар боланинг бҳангий аёлнинг сутини эмаётганига қаттиқ норозилик билдирди. Ҳатто Мўтерам Шастрий жий кутилмаганда «булар бу қилмиши учун гуноҳини ювсин» деб таклиф қилиб қолди. Шу гаплардан кейин болани-ку сутдан ажратиб олинди, лекин гуноҳни ювиш тўғрисидаги гапни ҳеч ким қаттиқ туриб талаб қилмади. Бир куни Маҳешнатҳ соҳиб Шастрий жийга бундай деди:
— Тақсир, гуноҳни ювиш керак, деб зап гапни айтдингиз-да! Куни кечагина-ку ўзингиз бҳангийнинг қонини ичардингиз. Энди у ҳаром бўлиб қолдими? Э, қойил қолдим сизнинг ўша мазҳабингизга!
Шастрий жий кокилини селкиллатиб деди:
— Ҳа, гапингиз тўғри, куни кечагача бҳангийнинг қонини ичдик. Гўшт еганимиз ҳам рост. Лекин бу гапларнинг бари кечаги гаплар, ҳаммаси ўтиб кетган гаплар. Муқаддас шаҳар Жаганнатҳпурийда паст табақа одамлари билан олий табақа одамлари ёнма-ён ўтириб бир идишдан овқат ейди. Овқат ейишдан олдин тоза кийим кийиш керак, яъни пок бўлиш керак, деган ақидамиз бор. Лекин бетобликда, мана, ўзимиз ҳам шу нарсага амал қилмаймиз. Саломатлик учун зарур бўлса бўтқа ҳам еяверамиз, тақсир. Бироқ тузалиб кетгандан сўнг яна эски ҳолга тушамиз, яъни, ақидаларга амал қила бошлаймиз.
— Яъни, дин ҳали унақа, ҳали бунақа бўлиб турланиб тураркан-да?
— Бўлмасам-чи?! Подшо-рожаларнинг дини бошқа, фуқаронинг дини бошқа. Худди шунингдек, бой-боёнларнинг дини ўзга-ю ғариб-ғурабоники ўзга экан. Рожа-маҳарожалар нима овқат ейди, ким билан ўтириб ейди, кимга уйланадию кимга эрга тегади, буни ҳеч ким суриштириб ўтирмайди. Тўсиқ-ғовларнинг ҳаммаси фақат ўрта табақадагилар учун яратилган.
Иш гуноҳни ювиш даражасига-ку етиб бормади, лекин Бҳунгий тахтдан тушишга мажбур бўлди. Хизмати эвазига унга шу қадар кўп совға-салом тортиқ қилиндики, бир ўзи кўтариб кетолмади. Ваъда қилинган тилла билагузук ҳам берилди. Бир эмас, бир жуфт сарий совға қилинди. Сарий бўлганда ҳам унақа-бунақаси эмас, қизларнинг сепига қўйиладиган қулинг ўргилсин сарийлар.

4

Ўша йили вабо тарқалдию биринчилардан бўлиб Гударни ўз домига олди. Бҳунгий бир ўзи қолди. Рўзғорни амал-тақал қилиб тебратиб турди. Озиб-тўзиб ўлар ҳолатга тушиб қолди. Одамлар Бҳунгий ана кетади-мана кетади, деб кўз тикиб турди. Лекин орадан беш йил ўтди ҳамки, у ўлмади. Бу орада Бҳунгийнинг чўпдай озғин, касалманд ўғли Мангал ҳам чопқиллаб кетди. Маҳешнатҳнинг ўғли Сурешнинг олдида у худди чумчуққа ўхшарди.
Маҳешнатҳнинг уйидаги ариқ неча вақтлардан бери қаровсиз ётарди. Бир куни Бҳунгий шу ариққа ётқизилган қувурни тозалашга тутинди. Қувурга узун йўғон бамбукни тиқиб, бор кучи билан силкита бошлади. Ўнг қўлини бор бўйи қувурга тиқдию чинқирганча қўлини суғуриб олди. Қувурдан бир қора илон чиқиб, бир томонга қараб ўрмалаб кетди. Бҳунгийнинг чинқирганини эшитиб, одамлар югуриб келди. Улар дарҳол илонни янчиб ташлади, лекин Бҳунгийнинг жонини сақлаб қолишолмади. Чунки ҳамма илонни сув илон, деб ўйлаганди. Шу сабабли бирон бир чора кўришга кечикишди. Заҳар Бҳунгийнинг бутун баданига тарқаб кетди. Бирпасда оёқ-қўли чангак бўлиб тортишдию, бечора жон берди-қўйди.
Мангал энди бутунлай етим бўлиб қолди. Уззукун Маҳешбабунинг уйи атрофида сандироқлаб юрарди. Соҳибнинг уйидан ҳар куни шунчалик кўп сарқит чиқардики, Мангалга ўхшаган бир эмас, беш-ўнта боланинг қорни бемалол тўярди. Хуллас, бу уйдагилар овқатдан сиқилиш нималигини билмасди. Хизматкор Мангалга овқат бераётганида идишда бермасди, тақсимда опкеларди-да, сопол идишига ағдариб кетарди. Шунда Мангал жуда бир хил бўлиб кетарди. Нега энди ҳамма яхши-яхши идишларда овқат ейдию, мен сопол идишда овқат ейман, деб ўйларди у.
Аслида-ку, у паст тоифа, олий тоифа, деган нарсаларни унча тушунмасди. Лекин қишлоқнинг болалари қачон қараса унинг жиғига тегар, ҳақорат қилгани қилган эди. Паст тоифа билан олий тоифа ўртасидаги тафовут шу даражада эдики, ҳатто Мангал ётадиган шолча ҳам ҳаром ҳисобланарди, унга қўл тегизиб бўлмасди. Маҳешнатҳнинг уйи рўпарасида Мангалнинг бир чайласи бор эди. Чайланинг бор-йўқ жиҳози биттагина йиртиқ шолча, икки дона сопол товоғу Маҳешнатҳ бабунинг битта эски дҳўтийсидан иборат эди. Аёзда ҳам, саратону ёмғир мавсумида ҳам бу чайла унга бир хилда қулай ошён вазифасини ўтарди. Шундай азоб-уқубатларга қарамай тақдир қурбони бўлмиш Мангал ҳамон тирик эди, саломатлиги ҳам чакки эмас эди. Унда ўзига қарашли биргина нарсаси бор эди — у ҳам бўлса ҳамжинсларининг жабр-зулмига чидолмай Мангалнинг паноҳига келиб қолган шу қишлоқнинг бир ити эди. Икковининг ейдиган овқати бир хил эди, иккови битта шолчада ётиб ухларди. Улар жуда бир-бирига мос тушган эди, икковининг орасида низо-жанжал деган нарса бўлмасди.
Қишлоқнинг дин аҳли Маҳешнатҳ бабунинг бу саховатига лол қоларди. «Ё тавба! — дерди улар. — Шундоққина тумшуғининг тагида, йигирма қадам ҳам чиқмайдиган жойда Мангалнинг ётиши қайси дину мазҳабга тўғри келади? Тавба? Агар шу аҳвол давом этаверса, яқинда дин ҳам адои тамом бўлади, деявер. Тўғри, бҳангийни ҳам худо яратган. Буни биз ҳам яхши биламиз. Уларга нисбатан адолатли бўлиш кераклигини ким билмайди, дейсиз?! Худонинг номини ўзи «осийларнинг дардига малҳам бўлувчи» , лекин жамиятнинг қонун-қоидалари, деган нарса ҳам бор-ку. Ўша Маҳешнатҳнинг уйига боришга ҳеч оёқ тортмайди, бироқ нима бўлганда ҳам қишлоқнинг каттаси, ноилож борасан. Одам боришга боради-ю, лекин ирганади.
Мангал билан Тамий (кучукнинг оти шундай эди) жуда бир-бирининг кўнглини тушунарди. Мангал итга қараб:
— Ҳой, ўртоқ, сал нарироқ сурилсанг-чи, мен қаерда ётаман? Бутун шолчани ўзинг эгаллаб олибсанку, — дерди.
Тамий инг-инг қилиб думини ликиллатарди-да, нари сурилиш ўрнига юқорироқ сурилиб, Мангалнинг юз-кўзларини ялаб-юлқашга тушарди.
Мангал ҳар куни кечқурун ўзининг собиқ уйига боришни канда қилмас, ўша ерга бориб йиғлаб-йиғлаб хумордан чиқарди-да, яна чайласига қайтиб келарди.
Онаси ўлган йили уйнинг похол томи босиб тушган эди. Келаси йили деворнинг ярми қулаганди. Деворнинг бутун қолган қисми кунгурадор бўлиб қолган эди. Мангал меҳр ва қадрни шу ерда топган эди. Ўша кунлар хотираси, жозибаси ва ўша пайтлар меҳр-муҳаббати уни шу ерга етаклаб келар, ҳар гал Тамий унга ҳамроҳ бўлар эди. Мангал кунгурадор деворга чиқиб ўтириб оларди-да, ўтган кунлар ва келажак ҳақида хаёл суриб кетарди. У шу алпозда ўй сурар, кучук эса ҳадеб Мангалга қараб талпинар эди.

5

Бир куни шундай воқеа юз берди: кўчада уч-тўртта бола ўйнамоқда эди. Мангал ҳам келди-да, нарироқда туриб ўйинни томоша қила бошлади. Сурешнинг унга раҳми келдими ё ўйин ўйнашга одам етмай қолдими, ҳар қалай, ўртоқларига таклиф қилди:
— Келинглар, бугун Мангал ҳам биз билан ўйнай қолсин. Бу ерда бизни ким кўриб ўтирипти. Мангал, ўйнайсан-а?
— Йўқ, биродар, ўйнамайман, — жавоб берди Мангал, — Тақсир кўриб қолсалар борми, нақ теримни шилиб оладилар. Сенга нима? Сенга ҳеч бало бўлмайди.
Суреш деди:
— Э-э, калла, бу ерда сени ким кўриб ўтирипти? Ке, от-от ўйнаймиз. Сен от бўласан, биз сени минамиз. Сен чопасан.
— Ҳадеб мен от бўлавераманми ё мен ҳам минаманми? Қани, шуни айтчи, — шубҳа билдирди Мангал.
Бу жуда қалтис савол эди. Буни ҳеч ким ўйлаб кўрмаган эди. Чунончи Суреш бирпас туриб, деди:
— Сен ўзинг бир ўйлаб кўр: сен ўзи бҳангиймисан ё нимасан? Гапингни ўйлаб гапиряпсанми?
Мангал ҳам бўш келмади:
— Мен сенга «мен бҳангий эмасман» деяпманми? Лекин бир гапни билиб қўй: сени менинг онам сут бериб боққан. Агар мен ҳам минадиган бўлсам, ўйнайман. Бўлмасам, ўйнамайман, ўйинларинг ўзларингга сийлов! Жуда устасанлар-а, булар мазза қилиб миниб юрармиш-да, мен нуқул от бўлармишман. Ҳа, ёқмай қолсин!
Суреш «от бўлмаганингга қўймайман», деб ўшқирди-да, унга қараб отилди. Мангал қочди, у қувлай бошлади. Мангал қадамини тезлаштирди. Суреш бўкиб овқат еявериб, пўк бўлиб қолмаганми, чунончи бир зумда нафаси бўғзига тиқилдию, чополмай қолди. Тўхтаб қолди-да, бақирди.
— Ҳў Мангал, от бўл деяпман сенга. Бўлмаса, қўлга тушсанг, нақ ўласи қилиб ураман.
— Мен от бўлсам, унда сен ҳам бўласан.
— Бўпти, ке, мен ҳам от бўламан.
— Шунақа дейсан-да, бўлмайсан. Аввал сен от бўласан, мен минаман. Ана ундан кейин мен от бўламан.
Суреш ростдан ҳам уни лақиллатмоқчи эди. Мангалнинг талабини эшитдию ўртоқларига қараб деди:
— Ана, эшитдингларми бу ярамаснинг гапини? Бҳангий-да, бҳангий!
Учала ўртоқ Мангални тутиб олди-да, от бўлишга мажбур қилди. Суреш Мангалнинг устига ўрнашиб ўтириб олди-да, «Чу, чу, отгинам, қани юрақол» деди.
Мангал озгина жойгача юриб борди, лекин Суреш шу қадар зил-замбил эдики, бечора Мангалнинг бели чиқиб кетай деди. Шунда у секингина энгашди-да, Сурешнинг оёқлари орасидан сирғалиб чиқиб кетди. Суреш «гурс» этиб ерга тушиб, ариллай бошлади.
Унинг йиғисини онаси эшитди. Суреш қаерда йиғламасин, онасининг ўткир қулоғи арзандасининг овозини дарров илғаб оларди, чунки у жуда бошқача йиғларди — товуши худди паровознинг чинқириғини эслатарди.
Бека хизматкор аёлга қараб буюрди:
— Сурешнинг йиғиси эшитиляпти. Чиқиб қара-чи, ким уриштийкин?
Шу пайт кўзини ишқалаб Сурешнинг ўзи кириб келди. У қачон йиғласа, албатта, йиғисини ойисининг олдига опкеларди. Ойиси дарров айланиб-ўргилар, қўлига бирон ширинликми, мева-чевами тутқазиб овутарди. У кишининг ёшлари саккизда эдию, лекин ақл деган нарсадан тариқча ҳам йўқ эди. Ҳаддан зиёд ош-овқат танасини қай аҳволга солган бўлса, беҳад эркалаш ҳам унинг ақлини шу кўйга солиб қўйган эди.
— Ҳа, Сурешгинам, нега йиғлаяпсан? Ким урди?
— Мангал тегиб кетди, — деди йиғлаб туриб.
Мангал шунчалик ювош эдики, ундан бирон-бир шумлик чиқади, деб ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Шунинг учун онаси аввалига ўғлининг гапига ишонмади. Лекин Суреш ҳадеб қайтараверганидан кейин ишонмасликка иложи қолмади. Ўша заҳоти Мангални топтириб келди-да, койий бошлади:
— Ҳа, Мангал, жуда қилиғинг чиқиб қолиптими? Сенга минг марта айтганман, Сурешнинг у ер-бу ерига тегиб кетма, деб, ё эсингдан чиқдими?
— Йўқ, эсимдан чиққани йўқ, — жавоб берди Мангал эшитилар-эшитилмас қилиб.
— Ундай бўлса, нега қўлинг тегиб кетди?
— Менинг қўлим тегмади.
— Қўлинг тегмаган бўлса, бу нега йиғлаяпти?
— Йиқилиб тушди, шунинг учун йиғлаяпти.
Ана сурлигу мана сурбетлик! Беканинг аъзойи баданига ўт туташиб кетди, лекин тишини тишига қўйди. Қўли билан урса, ҳаром бўладию, ўша замони бошдан-оёқ ювинишга тўғри келади. Калтак олиб урса ҳам ҳаром, шу калтакдан ўтиб, унинг бутун баданига тарқайди. У бисотидаги бор қарғишларини ишлатиш билан чекланиб қўя қолди.
— Қани, ҳозироқ чиқиб кет бу ердан, — деб ўшқирди у Мангалга. — Иккинчи шу ерда қорангни кўрсам, худди қонингни ичаман! Текин томоқни еб-еб, жуда пишқириб кетибсан-да, а?
Мангал-ку уят-пуят деган нарсани билмасди. Лекин қўрқув деган нарса бор эди. У индамайгина сопол товоқларини олди, ётадиган бир бўлак шолчасини қўлтиғига қистирди-да, елкасига дҳўтийсини ташлаб, юм-юм йиғлаганча йўлга тушди. У энди ҳеч ҳам бу ерга қайтиб келмайди. Нима бўларди, очдан ўлиб кетади-да. Ўлса ўлар! Бунақа ҳаётдан ўлгани яхши эмасми? Энди қишлоқда паноҳ излаб қайга боради? Ким ҳам бҳангийга бошпана бераман, деб турипти? Мангал шу гапларни хаёлидан ўтказди-да, ўзининг ташландиқ уйига боришга қарор қилди. Шу ерда ўтган яхши кунлар хотирасигина унинг дардига малҳам бўлиши мумкин. Аҳволини ўйлаб, Мангал ўкириб-ўкириб йиғлай бошлади.
Шу топда кучук ҳам унинг олдига етиб келди. Иккови яна бирга, икки ғариб бир-бирига ҳамдам, гўё ғам-аламлар унутилгандай эди…

6

Кун ботиб, қош қорайган сари Мангалнинг ғам-ғуссаси ҳам тарқай борди. Кўнглини беҳузур қилиб юборадиган очлик баданидаги қонни сўра-сўра тобора кучга кирмоқда эди. Мангал ўқтин-ўқтин сопол товоғига қараб-қараб қўярди. «У ёқда бўлганимда, ҳозир Сурешнинг сарқитларини еб ўтирардим, — деб кўнглидан ўтказди у. — Бу ерда-чи? Очимдан ўламан шекилли».
Мангал кучугидан маслаҳат сўрагандай деди:
— Тамий, мен оч ётавераман. Сен нима ейсан?
Бунга жавобан ит инг-инг қилиб қўйди. Ҳойнаҳой, у ўзининг тилида бундай демоқчи бўлса керак:
— Бунақа хўрликни иккимизнинг пешонамизга ёзиб қўйибди. Энди ўлгунча шундоқ бўлади. Ҳалитдан руҳинг тушса, бу ёғи нима бўлади? Мана, мени қара: ҳали биров калтак билан урган, ҳали биров сўкиб ҳайдаган, лекин орадан бирпас ўтмай мен яна думимни ликиллатиб ўша одамнинг олдига боравераман. Иккаламиз ҳам шунинг учун яратилганмиз. Тушундингми, биродар?..
— Бўпти, энди сен бор-да, у-бу нарса еб кел. Мени қўявер, — деди Мангал.
— Битта ўзим бормайман. Борсам сен билан бирга бораман, — деди гўё ит ўзининг соқов тилида.
— Унда мен ҳам бормайман.
— Очингдан ўласан-ку.
— Сен-чи? Сен ўзинг тирик қоласанми?
— Менинг бировим бормидики, менга куйиб йиғлайдиган. Менинг аҳволим сеникидан яхши эмас,— дегандек бўлди ит Мангалга қараб. — Қишлоқнинг четида бир қанжиқ билан танишган эдим. Ўша энди бевафолик қилди — мени ташлаб бошқаси билан кетиб қолди. Яхшиямки, болаларини ўзи билан олиб кетди. Бўлмаса, бошим азобдан чиқмай қоларди. Бир эмас, беш болани ким боқарди, дейсан?
Бирпасдан кейин очлик навбатдаги ҳийлани ўйлаб чиқарди:
— Бека ҳозир бизни қидираётган бўлса керак. Сен нима дейсан, Тамий, — деди Мангал.
— Бўлмасам-чи! Бабужий билан Суреш ҳозир овқатланиб бўлишган. Хизматкор улардан қолган овқатни йиғиштириб олиб, бизни чақиришаётгандир.
— Бабужий билан Сурешнинг тақсимидаги овқат жуда ёғли бўлади-да. Анови мазали нарса бору, оти нимайди, ҳа топдим — қаймоқ! Бирам мазали, бирам ширинки ўша!
— Улар ҳамма овқатни шундоқ ахлатга ташлаб юборган бўлса керак.
— Қани кўрамиз, бизни битта-яримта одам йўқлаб келармикин.
— Ким йўқлаб келарди сени? Сен олий табақали бараҳманмидинг, сени биров сўраб келса. Бир мартагина «Мангал» деб чиқирган бўлса, чақиргандир. Ундан кейин овқатни ахлатга ағдариб, қайтиб кириб кетаверади.
— Бўпти, юр, бориб кўрамиз, лекин мен бир чеккада бекиниб тураман. Айтиб қўяй, агарда биров менинг отимни атаб чақирса чақиргани, чақирмаса, мен шартта қайтиб келавераман.
Иккови ётган жойидан турди-да, Маҳешнатҳнинг уйига яқинлашди, эшикнинг тагида биқиниб туриб олишди. Лекин Тамий чидаб тура олармиди? Секингина ичкарига кириб кетди. Қараса, Маҳешнатҳ билан ўғли овқатни паққос тушириб ётишибди. Тамий даҳлизга кириб ўтириб олди, лекин битта-яримтаси таёқ билан солиб қолмасин деган хавотирда эди.
Иккита хизматкор ўзаро суҳбатлашмоқда эди:
— Бугун Мангал кўринмаяпти. Ҳали бека роса урушувди, кетиб қолган бўлса керак.
— Жуда кўнгилдагидек бўлди-да ўшанинг даф бўлгани. Каллаи саҳарлаб бҳангийга кўзинг тушарди, кейин кун бўйи одамнинг кўнгли хижил бўлиб юрарди.
Бу гапни эшитиб, Мангал турган ерида яна ҳам биқиниб олди. Бутун орзу-умидлари пучга чиқди.
Маҳешнатҳ овқатини еб, ўрнидан турди. Хизматкор унинг қўлига сув қўя бошлади. Энди чилимини чекадию уйқуга кетади. Ҳозир Сурешга ойиси эртак айтиб беради. Кейин у ҳам ухлайди. Шўрлик Мангал билан кимнинг неча пуллик иши бор? Мана шунча пайтдан бери турипти, бир инсон унинг номини тилга олгани йўқ.
Мангал яна бирпас умидсизланиб турди. Чуқур бир хўрсинди-да, энди кетмоқчи бўлиб турувди, хизматкорнинг тақсимда овқат опкелаётганини кўриб қолди.
Мангал энди чидаб туролмади. Шартта бекинган жойидан ёруққа чиқди.
— Ие, Мангал, қаёқда юрувдинг? Биз сени кетиб қолди, деб ўйловдик. Ахлатга ташлагани опкетаётувдим. Ма, еб олақол.
— Мен қачондан бери шу ерда турипман, — деди Мангал ниҳоятда итоаткорлик билан.
— Нега бир оғиз индамадинг?
— Индагани қўрқдим.
— Ҳа, бўпти, ол, евол.
Шундай деб хизматкор қўлидаги тақсимни кўтариб, сарқитни Мангалнинг ҳовучига ағдарди. Мангал унга ўта миннатдор нигоҳ билан қаради.
Бу орада Тамий ҳам ичкаридан чиқиб келиб қолди. Иккови яна ўша найм дарахтининг тагига ўтириб, бирга овқат ея бошлашди.
— Кўрдингми энди қорин балоси қанақа бўлишини? — деди Мангал бир қўли билан овқат еб, иккинчи қўли билан итнинг бошини силаб туриб. — Агар шу сарқит овқат ҳам бўлмаганда, унда нима қилардинг, а, Тамий?
Тамий думини ликиллатиб қўйди.
— Сурешни менинг ойим сут бериб боққан.
Тамий тағин думини ликиллатди.
— Одамлар айтадики, сут ҳақини ҳеч қачон адо этиб бўлмас экан. Мана, менга тегаётган сут ҳақи!
Тамий яна думини ликиллатиб қўйди.

Ҳинд тилидан Ансориддин Иброҳимов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 1-сон