Питер Ловси. «Шарлеман»даги қотиллик (ҳикоя)

Одатда, жаноб Френсис Баттерига тегишли китоб дўконининг ичкари хонасида қимматбаҳо китоб сотиб олган доимий мижозлар гилосдан тайёрланган бренди билан меҳмон қилинарди.
Жавонда турган ҳайкалчани томоша қилаётган Эбернон хоним ҳайкалча остидаги ёзувни ўқигач, сўради:
-Уилям Кордер ким?
-Ўтмишдаги машҳур қотил.
-Қандай даҳшат! Наҳотки жиноятчининг сопол ҳайкалчасини сотиб оладиган одам бўлса!
-Оқ лой,-деди жаноб Баттери.-Стаффордшир. Мен буни дўконнинг олдинги эгасидан олганман.
-Қўпол иш.-Эбернон хонимга жиноятчининг бўялган ҳайкалчаси ёқмади.-Буни Дрезденнинг чўпонлар ҳайкалчалари билан солиштириб бўлармиди? Ёноқларидаги қўполлик билан суртилган бўёқларни қаранг! Унинг ким эканлигини нима учун ёзишгани тушунарли: у шаҳзода ҳам, оддий деҳқон ҳам бўлиши мумкин эди.
-Стаффордшир ҳайкалчалари аслига ўхшашлиги учун қадрланмайди.-Жаноб Баттери овозини баландлатди.-Улар беўхшов бўлади, аммо ишонаманки, улар жозибали ҳайкалчалар.
-Азизим,-табассум қилди Эбернон хоним,-бу оддий ҳаваскорнинг иши.
Эҳ бу қирқ ёшли аёллар! Баттери ўттиз тўртга кирган, бўйдоқ, жиддий эркак эди. Тўғри, у аёллар билан муносабат ҳақида жуда кўп нарсани биларди-дўкон орқасидаги хонада бу мавзуга бағишланган сон-саноқсиз китоблар бор эди, аммо жаноб Баттери бу китобларда ёзилган нарсаларни амалда қўллаб кўрмаганди. Эҳтимол, ҳали ҳаммаси олдиндадир.
-Стаффордшир ҳайкалчалари,-гапида туриб олди у,-бизга аждодларимиз нималар билан шуғулланишганини эслатиб туради.
-Қотиллик билан.-Эбернон хонимнинг кулгиси жаранглади.-Хўш, жаноб Кордер сизнинг жавонингиздан жой олиш учун қандай каромат кўрсатган?
-О, у ярамас одам бўлган. Бу воқеа 1827 йилда Саффолк графлигидаги қишлоқда юз берган. У йигирма бир ёшида Мария исмли бир қизнинг бошини айлантиради. Кейин уни қишлоқ четидаги омборда ўлдиради. Кордер икки кундан кейин қишлоқдагиларга Мария Ипсвичда яшаётганлигини айтади. Кейин эса ўзи ҳам ўша ёққа кетади.
-Унинг гапларига ишонишадими?
-Қизнинг онасидан бошқа ҳамма. Онаси тушида қизининг ўлдирилгани ва омборхонага кўмиб қўйилганини кўрганини айтади. Ростдан ҳам қизнинг жасадини омборхонадан топишади. Кордер ҳибсга олинади ва осиб ўлдирилади.
-У неча пул туради?
-Кордернинг ҳайкалчасими? Билмадим. Бир неча фунт турса керак.
Эртасига Эбернон хоним яна жаноб Баттерининг дўконига келди.
-Сиз менга миннатдорчилик билдиришингиз мумкин,-деди у.-Сўраб-суриштирдим: стаффордшир ҳайкалчалари коллектсионерлар тўплайдиган ҳайкалчалар сирасига кираркан.
-Буни билардим.
-Лекин сиз айнан жиноятчиларнинг ҳайкалчалари зўр сотилишини билмасдингиз. Кордер ноёб ҳайкалча экан! Дунё бўйича бу ҳайкалча бор-йўғи бир неча нусхада экан.
-Бунга ишончингиз комилми, Эбернон хоним?
-Дугонам менга китобларни кўрсатди. Мамлакатимизда фақат Виктория ва Алберт музейи билан Степлфорд-паркдаги Миллий фонддагина стаффордшир ҳайкалчалари коллектсияси бор экан. Лекин уларнинг иккаласида ҳам Кордер йўқ экан.
Баттери юзлари қизиётганини ҳис қилди.
-Демак, менинг ҳайкалчам қимматбаҳо экан-да?
-Дугонамнинг айтишича, Лондондаги энг катта кимошди савдосида бу ҳайкалча камида минг фунтга сотилиши мумкин экан.
-Ё Худо!
Эбернон хонимнинг юзлари яшнаб кетди.
-Ҳозирги давр учун минг фунт унчалик катта пул эмас, лекин йўқдан кўра яхши, шундай эмасми?-У бу гапни худди Баттери аёлнинг пулдор қўшнисидек айтди.-Ҳайкалчани кимошди савдосига олиб боринг.
-Бу маълумотингиз учун сиздан қарздорман.
Эбернон хоним сирли жилмайди:
-Ўзингизни қарздордек ҳис қилмасангиз ҳам бўлади. Сиз мени доим илтифот билан кутиб оласиз, меҳрибонсиз, сиздан ҳатто буни бирор италян ресторанида ювишни талаб қилишга ҳам хижолат бўламан.
-Яхши фикр!-хитоб қилди Баттери.-Агар эрингиз қаршилик қилмаса…
Аёл энгашиб, унинг қулоқларига оҳиста шивирлади:
-Унга айтмайман, азизим Баттери.
Баттери аёлнинг бунчалар яқинлашганидан каловланиб, ўтирган стулига қапишиб қолди.
-Агар бизни кўриб қолишса нима бўлади? Мени Хайстритда кўпчилик танийди.
-Ҳақсиз,-деди Эбернон хоним.-Шерридан кўпроқ ичиб қўйибман шекилли. Унутинг…
-Аксинча,-деди Баттери.-Агар минг фунтга бойисам, сизга миннатдорчилик билдиришнинг йўлини топаман.
У чоршанба куни ёрдамчиси Жеймсга дўконга қараб туришни тайинлади, ўзи эса эрталаб туриб Кордер ҳайкалчасини поябзал қутисига жойлади ва Лондонга йўл олди…
Баттери қути ичидан ҳайкалчани олганида ҳаяжонланганидан мутахассиснинг нафаси чиқмай қолди. Бу у кўрган илк Уилям Кордер ҳайкалчаси эди. У Баттерига бир неча турдаги стаффордшир ҳайкалчалари борлигини, Кордер ҳайкалчалари эса дунё бўйича бор-йўғи уч-тўрт дона эканлигини айтди.
Буни эшитиб Баттерининг томоғи қуриб қолди.
-Неча пул таклиф қиласиз?
-Бугун буни саккиз юз фунтга сотишим мумкин, аммо кимошди савдосида қимматроққа сотса бўлади.
-Минггами?
-Савдо юришса, бундан ҳам қимматроққа.
-Кейинги кимошди савдоси қачон бўлади?
Мутахассис унга савдо жараёни ҳақида батафсил маълумот берди. Бир неча ой кутиши кераклигини англаган Баттерининг пешонаси тиришди ва савдони тезлаштиришни сўради. Мутахассис истамайгина кимгадир қўнғироқ қилди ва янаги ойга, яъни беш ҳафтадан кейин Кордер кимошди савдосига қўйилишини маълум қилди…
Икки кундан сўнг Эбернон хоним яна дўконда пайдо бўлди ва янгиликни эшитди.
-Хурсандман.
-Мен эса сиздан миннатдорман!-Ва Баттери Лондондан қайтаётиб тайёрлаб қўйган таклифини айтди:-Келаси чоршанба куни сизни мен билан бирга тушлик қилишга таклиф этаман.
Эбернон хоним қошларини чимирди.
-Лекин менимча бундай фикрни инкор қилгандик шекилли.
-Биз Эпсонда, ҳеч ким танимайдиган жойда учрашишимиз мумкин.
Аёл оппоқ тишларини кўрсатиб кулди:
-Ажойиб! Кимошди савдосини кутамиз. Савдо қачон бўлади дедингиз?
-Ўн бешинчи майда. Жума куни.
-Ўн бешинчида? Эҳ, афсус! Ўн олтинчи куни мен Франтсияга кетаётувдим.
-У ерда қанча бўласиз?-Баттери умидсизлигини яширолмади.
-Бир ойча.
-Эрингиз сиз билан борадими?
-Биз доим алоҳида-алоҳида дам оламиз… Сиз-чи, саёҳат қилишни ёқтирасизми, жаноб Баттери?-У шерридан ҳўплади ва ишва билан қаради.-Мен тарихий жойларга боришни ёқтираман ва бир неча кун Орлеанда бўлгач, кейин Луар бўйлаб ҳаракатланаман.
-Мен ҳам шундай қиламан. Франтсияда учрашиш ва ғалабамизни ўша ерда нишонлашни тасаввур қиляпсизми?
Аёл худди овозсиз кино юлдузидек ҳайратини ифодалади:
-Аммо дўконингиз-чи?..
-Жеймс қараб туради. Келинг, ҳозироқ учрашув белгилаймиз. Ўн саккизинчи май куни туш пайтида Орлеандаги черков олдида учрашамиз.
-Нимага ўн саккизинчи май куни?
-Уилям Кордер шарафига қадаҳ кўтариш учун. У қизни ўша куни ўлдирган.
Эбернон хоним жилмайди.
-Сиз ва сизнинг қотилингиз!-У бир оз ўйлангач, жавоб қилди.-Яхши. Ўн саккизинчи майда. Агарда ҳайкалчангиз сотилса.
-Савдо қандай бўлишидан қатъи назар, мен ўша ерда бўламан,-ваъда берди Баттери.
Аёл унинг лабларидан енгил бўса олди.
Эбернон хоним кетгач, Баттери физиология ва анатомия бўйича китоблар турадиган жавон олдига борди ва ўзига керакли китобларни олди. У ўн саккизинчи май куни ўзининг тажрибасизлигини намойиш этмоқчи эмасди…
Ҳафталар Баттери учун чидаб бўлмас даражада секин ўтарди. У аллақачон паромга чипта ва сайёҳлик чекларига буюртма бериб қўйганди. Бир неча йилдан буён биринчи марта бир нечта янги кўйлак, бўйинбоғ, кўк нимча ва бир жуфт оппоқ шим сотиб олди.
Ўн бешинчи май куни Баттери унга сирли висол оқшомини тақдим этувчи кимошди савдосига етиб келди. У бундай имконият ҳақида бир умр орзу қилган, аммо топиш-тутиши бунга йўл қўймасди. Аёл ўта бой ва аслзода хоним бўлиб, уни энг қиммат вино ва таомлар билан меҳмон қилиш лозим эди.
-Хўш, икки юз саксон еттинчи буюм… Машҳур жиноятчи Уилям Кордернинг стаффордшир ҳайкалчаси…
Ҳаяжондан Баттерининг миясига гупиллаб қон урилди. У кўзларини юмиб олди.
-Минг фунт!
Жаноб Баттери тасаввур қилди: меҳмонхона ётоғи, қўлида шампанли қадаҳ тутиб турган Эбернон хоним…
-Бир минг икки юз эллик. Ким ошади? «Хадсон ва Блек» компаниясига сотилди.
Уч кундан сўнг кўк нимча ва оппоқ шим кийиб олган Баттери келишилган жойда турарди. Пуштиранг кўйлак ва сомон шляпали Эбернон хоним йигирма дақиқадан кейин келди. Баттери унга саҳарлаб сотиб олган гулини узатди.
-Ажойиб!-деди аёл.-Азизим, сиз беқиёссиз!
-Мен «Отел де Вилл»да столга буюртма бериб қўйдим. Сиздан миннатдорман. Кордер сотилди.
Тушлик узоққа чўзилди. У шампан буюрди, таомлар ҳам тансиқ эди.
Уч соатлардан кейин улар ширакайф ҳолда кўчага чиқишди. Баттери соҳил бўйлаб сайр қилишни таклиф этди. Улар йўлда чой салонига киришиб, лимонли чой ичишди. Аста-секин қуёш бота бошлади.
-Ажойиб кун бўлди,-деди Эбернон хоним.
-Ҳали тугагани йўқ. Сизни кечки овқатга таклиф қиламан.
-Бунча овқатдан кейин яна овқат еёлмайман!
-Унда кечқурун овқатланамиз.
Аёл бош чайқади:
-Мен эрта ётишга одатланганман.
-Яхши фикр,-илжайди Баттери.
У таксига чиқишни таклиф қилди ва аёлнинг қайси меҳмонхонага жойлашганини сўради.
-Мен черков олдига бораман, у ёғига пиёда етиб оламан. Ўзингиз ҳам тезда бирорта меҳмонхонага жойлашинг.
Баттери асабий кулди: афтидан, аёл осонликча қўлга киритиладиган ўлжага ўхшамайди.
-Мен ўйловдимки…-У вазиятни қўлдан бой берганини ҳис қилди. Қатъиятлироқ бўлиш керак эди. Бу аёлга у нимани хоҳлаётганини биладиган ва ташаббусни ўз қўлига оладиган эркак керак.
Аёл машинага ўтираркан, ширин табассум қилди:
-Эртага туш пайти черков олдида кутаман. Хайрли тун.
Баттери такси эшигини ёпди ва ҳорғин қадам ташлади. Эртага қатъийроқ ҳаракат қилиш керак. Умуман олганда, бир тун минг тунмас.
Эртасига эса Баттери учрашувга белгиланганидан беш дақиқа кеч келди. Аёл уни кутиб турарди. У аёлни қучоқлаб, лабларидан ўпиб қўйди.
-Бугун янада ажойиб жойга борамиз.-У аёлнинг қўлидан маҳкам ушлаб олди.
Бу жазоирликлар ресторани эди.
Соат учларда Эбернон хоним безовталана бошлади:
-Ҳаммаси ажойиб, аммо кетишим керак. Меҳмонхонага қайтишим шарт, сочларимни ювишим керак. Соат бешга эса массаж ва педикюр белгиланган.
-Бунга қанча вақт кетади?
-Бунинг аҳамияти йўқ. Таътилнинг бор завқи шунда эмасми?
Баттери эътироз билдириши мумкин эди, аммо бутунлай гангиб қолганди.
-Эртага кечки пайт учрашишимиз мумкин,-деди Эбернон хоним.
-Буни ростдан ҳам истайсизми?-Баттери тушкунлигини яширолмади.
-Азизим, бундан бошқа нарсани ўйламайман.
Муаммонинг ечими йўқдек эди. Эбернон хонимга овқатланишгина ёқарди, холос. У Баттерини ҳар куни турли баҳоналар билан ташлаб кетарди: гоҳ сартарош, гоҳ тиш оғриғи, гоҳ ноқулай поябзал. Аёл унинг тунги учрашувга оид барча таклифларини рад этарди.
Баттерининг чеклари даҳшатли тезликда тугаб борарди. У темир йўл стантсияси ёнидаги камтарона меҳмонхонадан жой олган, аммо оқшомларни ёлғиз ўтказгани учун барда кўп ичиб қўярди. Ниҳоят, тугаётган пуллар ва сўнаётган умидлар уни режа тузишга мажбур қилди.
Жума куни улар Орлеаннинг энг яхши балиқ ресторанида ўтиришарди. Эбернон хоним навбатдаги баҳонасини айтишга улгурмасдан Баттери тезда гапириб олди:
-Сизни меҳмонхонангизга кузатиб қўяман.
Аёл таажжубланганча кўзларини пирпиратди.
-Мен эртага кетаман, нарсаларимни йиғиштиришим керак,-гапида давом этди у ва офитсиантга имо қилди.
-Қаэрга кетяпсиз?
-Ҳозирча аниқмас. Мени Орлеанда ҳеч нарса ушлаб тургани йўқ.
-Мен ҳам Турга кетмоқчи бўлиб турувдим. Айтишларича, у ерда зўр овқатлар қилишаркан. Борасизми?
-Ўйлаб кўраман.
Кўчада Баттери такси тўхтатди ва Эбернон хонимга эшикни очди.
-«Шарлеман» меҳмонхонасига,-деди у ҳайдовчига аёлнинг таажжуб билан қараганини сезаркан. У аёл турган меҳмонхонанинг номини топишга қийналмади. Массаж ва гўзаллик салони хизматларини таклиф этадиган меҳмонхоналар кўп эмас.
Баттери қизил атиргуллар гулдастасини сотиб олди ва меҳмонхонасига қайтди. Соат еттиларда «Шарлеман» меҳмонхонасига қўнғироқ қилди ва Эбернон хоним билан боғлашларини сўради. Аёл гўшакни олганида у франтсузча талаффуз билан хитоб қилди:
-Иэ, инглизмисиз? Бу нечанчи хона ўзи? Кечирасиз, хоним, адашибман.
Икки соатдан сўнг у «Шарлеман» меҳмонхонасига етиб келди ва лифтда олтинчи қаватга кўтарилди. Йўлак бўм-бўш эди. У 657-хонани топди ва юзини гулдаста билан тўсганча эшикни тақиллатди.
Бир оздан сўнг эшик қия очилди. Баттери эшикни итариб ичкарига кирди. Оқ халат кийган, бошига сочиқ ўраган ва юзига ниқоб чаплаган Эбернон хоним ҳайрат билан гулдастани қўлига олди.
-Жаноб Баттери! Мен ётмоқчи бўлиб турувдим.
-Жуда яхши.-У эшикни ёпди.
-Зудлик билан хонамдан чиқиб кетинг!
Баттери кулди.
-Юзингиздаги кремга қарши эмасман. Бу менга халақит қилмайди.-У аёлнинг бошидаги сочиқни юлқиб олди.
Эбернон хоним унинг юзига гулдаста билан урди.
-Йўқолинг!
-Бу гапни шунчаки айтяпсиз-а, азизам? Аслида эса қолишимни истаяпсиз. Вақтимизни жуда яхши ўтказдик. Қиммат таомлар… Сизга пулларимни сарфладим.
-Мен сотилмайман.
-Гап бундамас. Сиз менга ёқасиз ва мен ҳам сизга ёқаман деб ўйловдим.
-Мен оилали аёлман.-Аёл ортига тисарилди.-Мен бу нарсани истамайман. Мен шунчаки кимдир мен билан кунни ажойиб ўтказишини хоҳлагандим, холос.-Ва шу ерда у машъум хатога йўл қўйди.-Сиз хавфсиз бўлганингиз учун мен айнан сизни танлагандим. Ҳар қандай аёл сиз билан бўлиш хавфсиз эканлигини айтиши мумкин.
-Хавфсиз?..-Баттерининг юзи бужмайиб кетди.-Хавфсиз?!-Унинг мияси лўқиллай бошлади: бу аёл унинг орзусини ўлдирганди. Энди у ҳеч қачон бирорта аёлга яқинлаша олмайди! У бу аёлни мана шунинг учун ёмон кўриб кетди. Худди Кордернинг ҳайкалчаси учун олган пулларига еб-ичгани учун ёмон кўргани каби.
У индамай аёлнинг томоғига чанг солди.
«Шарлеман»даги қотиллик ҳақида барча франтсуз газеталари бонг урди. Полиция марҳума билан бирга Орлеаннинг бир нечта ресторанларида бўлган эркакни қидира бошлади. Эркакнинг ташқи кўриниши ҳам тасвирланганди: инглиз миллатига мансуб, ёши ўтган, сочлари оқарган, бўйи беш фут саккиз дюйм, кўк нимча ва оқ шим кийган.
Баттери бу тасвирлаш унчалик тўғри эмаслигини биларди. Унинг бўйи беш фут тўққиз дюйм, оқ сочлари деярли йўқ, ёши ҳам энди ўттиз тўртда эди. Нимча ва шимини у Луарга улоқтирди.
У инглиз тупроғига қадам қўйганида ўзини енгил ҳис қилди. Бироқ бу узоқ чўзилмади: божхона офицери уни сўроққа тутди.
-Франтсиянинг қаэрида бўлдингиз?
-Луар водийси бўйлаб саёҳат қилдим. Анже, Тур, Пуате.
-Орлеанда-чи?
-Йўқ, менга у ерда томоша қиладиган жойлар унчалик кўп эмаслигини айтишганди.
-Яқинда юз берган қотиллик ҳақида эшитдингизми?
-Сал-пал. Франтсузчани унчалик яхши билмайман.
-Бир инглиз аёли меҳмонхонада бўғиб ўлдирилган. У айнан сизнинг шаҳрингиздан бўлган.
Баттери ўзини ҳайрон бўлганга солди:
-Йўғ-э? Исми нима экан?
-Милдред Эбернон. Саёҳатингиз давомида уни учратмадингизми?
-Эбернон. Ҳеч қачон эшитмаган эканман.
-У ҳолда сизни бошқа тутиб турмаймиз. Соғ бўлинг.
Поэздда уйига қайтаркан, Баттери воқеага полиция нуқтаи назаридан қарашга уринди. Франтсияда уни қотиллик билан боғлайдиган ҳеч қандай из йўқ эди. Улар фақат тушлик пайти учрашишган ва ҳар сафар турли ресторанларда. Меҳмонхонада қолдирган барча бармоқ изларини артиб ташлаган. Эбернон хоним билан битта шаҳардан эканлиги эса уни айблайдиган далил бўлолмайди. Фақат хотиржамликни сақласа бўлди.
Уни перронда полициячи тўхтатганда эти бир жимирлади.
-Текширув, сер. Таксига пул сарфлаб юрмаслигингиз учун сизни уйингизга ўзимиз олиб бориб қўямиз. Дуврда сиз Эбернон хонимни танимаслигингизни айтгансиз. Бу аёлни ҳеч қачон кўрмаганмисиз?
Баттери нохушлик юз беришини ҳис қилди.
-Эҳтимол кўргандирман, лекин исмини билмаслигим мумкин-дўконга ҳар куни қанча одам келиб-кетади.
-Биз унинг уйидан жуда кўп китоб топдик ва эри бу китобларни у сизнинг дўконингиздан олганини айтди. Дўконингиздаги савдоларни қайд қилиб борасизми?
-Агар чек билан пул тўлашса.
-Қайд дафтарингизни кўрсак бўладими?
Дўкон ёпиладиган вақт бўлса-да, Жеймс ҳали ҳам шу ерда эди. Баттери у билан бош ирғаб саломлашди ва полициячи билан орқадаги хонага қадам ташлади.
-Таътил яхши ўтдими, жаноб Баттери?-қичқирди Жеймс.-Столингизда почта турибди.
Баттери жавондан қайд дафтарини олди ва полициячига узатди. Аммо у дафтарни олмади. Унинг нигоҳи жаноб Баттерининг столи устидаги поябзал қутисидек жўнатмада эди.
-Сизга кимдир совға жўнатганга ўхшайди, жаноб Баттери.
Баттери қути ичига қаради ва Кордер ҳайкалчасини кўриб ажабланди. Қути ичида Кордерни кимошди савдосида сотиб олган «Хадсон ва Блек» компаниясидан келган хат бор эди. Хатда уларнинг мижози Кордер ҳайкалчаси кимошди савдосидан сўнг ташриф варақаси билан бирга ҳайкалча эгасига совға тариқасида жўнатилишини сўрагани ёзилганди.
Полициячи қутидан ташриф варақасини олди ва ундаги ёзувни ўқигач, Баттерига узатди.
«Сиз жудаям олижанобсиз. «Меҳрибончиликларимнинг қадрига етмаяпти» деб ўйламанг. Хавотирга ўрин йўқ, яхшиликларингизни қайтаришга қурбим етади. Милдред Эбернон».
Мактуб охирида эса қуйидаги сўнгсўз бор эди: «Қотилингизни ўзингизга қайтардим».

Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.