Пер Лагерквист. Морис Флёри (ҳикоя)

Ёз фаслининг илк кунлари эрта тонгда Морис Флёри бу ерлардан анча олисда, шундоққина чегарада бораётган урушдан уйига қайтди. Ўрта ёшлардаги бу одамнинг бўй-басти ва жуссаси анча келишган, ҳам маънан, ҳам жисмонан кўркам киши эди. Унинг иродаси мустаҳкамлиги билан бағрикенглиги, нозик диди мутаносиб келганди. Камдан-кам ҳолатдагина унинг фикру хаёллари турмуш ташвишлари ҳақидаги ўйлар чегарасидан чиқар ва ўзи билан ўзи қолиб онгу шуурининг тубсиз қаърига теран чўмар эди. Шунга қарамай унинг тасаввури ниҳоятда кенг, хаёлот олами ўзгача эди.
Шу баҳордаги аёвсиз жангларнинг бирида у оғир яраланди. Граната парчалари унинг юзини тилка-пора қилиб ташлади. Тўппа-тўғри юзига сочилган граната парчаларидан жағи майдаланган, ияги йўқ бўлиб кетган, қумдек сон-саноқсиз яра-чақадан юз териси ғалвирдек илма-тешик бўлган, лаблари билан бурни мажақланиб, ўнг кўзи эса энди ёруғ дунёни кўролмайдиган бўлиб қолган эди. Ўқ дўлдек ёғаётган жанг майдонидан Морис Флёрини излаб топишганида унинг боши лаҳм гўштдек қонга ботганди. Дастлаб унинг тирик қолишига умид йўқ, деб ўйлашди. Ҳарбий шифохонада шариллаб оқаётган қонни бир амаллаб тўхтатишгандан кейингина шифокорлар унинг жонини сақлаб қолиш мумкинлигига ишонишди. Меҳр ва ғамхўрлик билан уни узоқ даволашди. Аста-секин жароҳатлари битди, жағ суяклари ҳам ўсиб, жойига тушгандай бўлди. Даволаш муддати тугагандан сўнг мўмиёлангандай ўраб ташланган боши-ю, юзларидан дока ечилди. Энди яраларининг ўрни оғримасди. Бироқ у аввалги қиёфасини бутунлай йўқотган, чиройли юзидан асар қолмаган, таниб бўлмас даражада хунук ва бадбашара махлуқдек қўрқинчли эди. Овози эса чийилдоқ ва хириллайдиган бўлиб қолганди. Фақат бежирим пешонаси, соғ қолган биттагина кўзи ҳамон зўрға милтиллаб ёнаётган шамдай шуъла сочиб, унинг ботинидан дарак бериб турарди. Офтобда тобланиш учун унга ташқарига чиқишга рухсат беришди. Қуёш иссиқ ва ёқимли нурлари билан унинг жароҳатларини тузатди. Яна бироз вақт ўтгандан кейин унга уйига жавоб беришди. Жанг майдонида орттирган жароҳатининг оғир асорати боис тез-тез ҳушидан кетиб, йиқиладиган бўлиб қолди. Шунинг учун уни энди ҳарбий хизматга яроқсиз деб топишди. Кейинчалик соғайиб, ўзини тутиб олиши ҳам мумкин. Аммо бу ҳолатда уни жангга сафарбар қилиб бўлмас эди.
Эрта тонгда ўзига таниш йўлдан уйига томон қадам ташлар экан, у ўз бахтсизлигини хаёлига ҳам келтирмас, фақатгина олдинда кутаётган қувончли воқеаларни тасаввур қиларди: ҳадемай оиласи билан дийдорлашади – хотини ва болаларини бағрига босади. Ким билан ён-ёнма туриб узоқ вақт жанг қилган бўлса, уларнинг ҳаммаси оғир фожиага дучор бўлган эди, шунинг учун ўз фожиаси ўзига унчалик қўрқинчли туюлмасди. Мабодо у бутунлай кўр бўлиб қолганида қаттиқ ўкинган бўлар эди, ҳозир эса ўкинишни ўйламас, ҳатто ҳис этмасди ҳам. Ахир, у сўқир эмас, бир кўзи бўлса ҳам кўради-ку. Демак, ҳаётнинг ҳали пинҳона тотли лаззатларидан баҳраманд бўлиши мумкин. Одамга бундан ортиқ яна нима керак? У туғилиб ўсган ўлкада тонг элас-элас бўзариб келмоқда эди. Ушбу ғира-шира шуъла ила табиат буюклиги ва қудратини намоён этганди. Чор-атрофда бепоён кенгликлар, чексиз далалар ястаниб ётибди, ер юзини буғдойзор қоплаган. Тез орада унинг ўз далалари бошланади. Ям-яшил экинзор уватлар ортида уй кўзга ташланади. Ногаҳон ўша уйда яшаётганларнинг рўпарасида лоп этиб пайдо бўлса, уларнинг нақадар ҳайратланишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ахир, яралангач унга нима бўлганини билишмайди, балки аллақачон ҳалок бўлиб кетган дея тақдирга тан бериб қўйишгандир ҳам.
Ширин хаёлга толди. Хотини қандай ҳаяжонланиб қучоғига отилишини, болалари тиззасига ўрмалаб чиқиб, митти қўлчалари билан юзларини силашини тасаввур қилди. Оиланинг бундай бахту саодатидан хизматкорлар нақадар мамнун бўлишини ҳис этди. Олисларда, боғ ҳовлининг четан деворлари ортида эса буғдойзорлар шовуллаб ётибди. Тунги осмонни ларзага солиб юракларни пора-пора қилаётган оҳу нолалар, жон ҳолатда хириллаётган ҳайқириқлар, визиллаётган ўқлар, портлаётган снарядларнинг даҳшатли гумбурлашини унутиб, оила даврасида тинчгина ўтирганини тасаввур қилди. Ҳа, шовуллаган олтин буғдойзорлар ила шодон қийқираётган болалар орасида ҳаётнинг гўзаллиги, нафосати ила завқу шавқини, тириклик роҳатини мана шундай туяди. Юрагида севинч, кўнглида шодлик жўшди.
Ниҳоят у каттагина оқ уйли қўрғонга элтадиган йўлга тушиб олди. Димоғида қадрдон далаларнинг ҳидини туйди. Қўрғон ичкарисидаги боққа кирар экан, ўзи эккан дарахтларнинг исини, ҳозиргина тунги ноз уйқудан кўз очган гулғунчаларнинг хушбўй ифорини таниш сезимлари билан ҳис этди. Сезгиларига сингиб кетган бу атир ифорларни мириқиб ҳидлади. Мен нақадар бойман, нақадар бахтиёрман, деб ўйлади. Унинг ёнига итлар шамолдай учиб келиб, атрофини ўраб олишди, ҳидлаб-ҳидлаб, таниш ҳидни сезиб, қувониб сакрай бошлашди, қўлларини ялашди, орқа оёқларида тик туриб, тонгги шудрингда ҳўл бўлган оёқларини кўкрагига қўйишди, одам одамни қучоқлагандай қучоқлашди, узун тилларини чиқариб, юзларидан ўпиб, ялаб-юлқашди. Одамлардан эса дом-дарак йўқ эди. Уйдагилар донг қотганча ухлашар, фақат қўрада мол-ҳолга қараб юрган хизматкорларнинг товуши қулоққа чалинарди. Морис Флёри тўхтади, уйнинг чиройига маҳлиё бўлиб томоша қилди. Тасаввуридаги гўзалликдан лол бўлиб қолди, уй деворлари ҳеч қачон бундай оппоқ бўлиб, кўзни қамаштирмаганди, деразалар ҳеч қачон тонг нурларида бундай ялтираб жилоланмовди. Фақат уй томининг қора қуббалари беғубор осмонга ваҳший булутдек санчилиб турар эди. Морис Флёри уй теварагида айланди. У жигарбандларини безовта қилиб уйғотишни истамасди, уларнинг шундоқ ёнгинасида экани кифоя. Суюнганидан кўзларига ишонмасди. Айни дамда олис масофалар эмас, бор-йўғи мана шу уйнинг юпқагина девори уларни бир-биридан ажратиб турар эди, холос. Бироқ ўз уйига қайтгани унга негадир ҳақиқатдан йироқ бўлиб туюларди. Ётоқхонанинг деразаси ёнидан ўтаркан, қадамларини секинлатди. Ичкарида бола-чақаси билан хотинининг нақадар ширин ухлаётганини тасаввур қилди. Мана, мана бу ерда – хотини ётибди, унинг каровоти ташқи девор ёнида, бироқ унчалик тақаб қўйилмаган. Ҳув ана у боши нариги деворга қараб ўрнатилган қўшни каровотларда эса унинг болалари – бир қизалоқ, бир ўғил пишиллаб ухлашмоқда. Эҳтимол Морис Флёри, яъни уларнинг отаси ногаҳон уйга кириб бориб, ёнларида тикка туриб, меҳр билан боққан кезда ҳам улар мана шундай ухлаб ётишса керак. Шу дамда бирданига болажонларининг озғингина баданларидан таралаётган иссиқ ҳароратни ич-ичидан ҳис этди.
У ўз уйи ёнида яна қайта ато этилган бахтдан энтикиб, хотини ва болаларининг нафас олишлари товушини жон қулоғи билан тинглаб турар экан, бирданига урушда орттирган жароҳатининг асорати туфайли тез-тез хуруж қиладиган тутқаноғи тутиб қолди. У қаттиқ чайқалди, уйнинг оппоқ деворларидан ушлаб қолмоқчи бўлиб қўлларини олдинга чўзди, аммо чор атроф оппоқ пардек тўзғиб кетди, бирон суянч топилмагач, бармоқлари билан муаллақ бўшлиқни пайпаслаганча ҳушини йўқотди, ерга гурсиллаб йиқилди. Яхшиям уй атрофига экилган гулларнинг жўясига боши билан қулади, шунинг учун қаттиқ лат емади.
Бешафқат темир парчалари биронта соғ жойини қолдирмаган башарани, одамийлик қиёфасидан мутлақо маҳрум юзни, мурданикидай оқариб кетган жонсиз бетни нафис ва тароватли гуллар, қирмизи дудоқларини субҳидам қуёшининг нурлари сари чўзган гулғунчалар орасида кўриш нақадар ғалати эди.
У ҳушига келганида ўзининг хобхонасидаги диванда ётар эди. Хотини, қизалоғи билан ўғли бошида тик оёқда туришарди. Ҳамма унга қўрқув ва хавотир билан тикилган, у секин кўзларини очди.
Ҳаяжонли дамлар келди.
Уйдагилари сира ўзгармабди, аввал қандай бўлса, айнан шундай эди. Болаларининг эгнида ўтган йили ёзда уй-жойини ташлаб урушга кетган пайтдаги кийимлар. Хотини ҳам ўша-ўша, мунгли ва мунис чеҳраси ниҳоятда гўзал.
Бироқ диванда ётган ҳолида тирсагига тиралиб, қаддини кўтарганида хотини ва болалари унинг бағрига отилишмади, қувончдан йиғлаб қучоқлашмади, юз-кўзларидан ўпиб, соғинч хуморини босишмади.
Уйдагилари уни асло танимади.
Болалари унга қўрқинч ва ётсираш ила ғалати қарашарди. Хотини ачинганидан унинг елкаларидан ушлаб, сизга нима бўлди, кимсиз, бу ерларга қандай келиб қолдингиз, дея сўрар эди.
У даҳшатга тушди, аёл билан болаларга қўрқинчли нигоҳини тикди. Узоқ кутган, лекин кутганидек бўлиб чиқмаган ушбу лаҳзаларда унинг хаёлидан нималар кечмади, қаттиқ изтироб ва пушаймонлик, ўз-ўзидан жирканиш ва қўрқув, тақдиридан норозилик туйғулари қамчи билан савагандек юрагига аччиқ-аччиқ ботди. Ушбу даҳшатли кечинмаларнинг барчаси бир бўлиб, бор кучи билан унинг бошига балодек ёғилди. У атрофига нақадар ожиз ва бенаво боқди. Хотини, болалари эса шундоққина рўпарасида юзма-юз туришибди. Гўёки етти ёт бегона, умрида кўрмагандек нотаниш. Темир тилкалаб ташлаган лаблари чидаб бўлмас даражадаги даҳшатли оғриқдан титрай бошлади. Гўёки унинг азобланаётган руҳияти атрофидаги жамики жонли мавжудотга қараб сўзсиз илтижо қилар, шафқатсиз темир парчалари қиличдай тилиб қолдирган хунук чандиқлар аро исёнкорона типирчиларди, кўзларига иссиқ ёш қуйилгани боис хиралашган нигоҳлари эса гоҳ қизига, гоҳ ўғлига термилиб, наҳотки сенлар ўз отангни танимасанг, деяётгандай ёниб ўртанар эди. Наҳотки у сенларнинг бефарқликларингдан хўрланиб, ҳақоратланиб ёнларингда ётганини кўрмаётган бўлсанглар? У дам хотинининг, дам болаларининг кўзларига илтижоли боқиб, термилаверди, термилаверди – бироқ ҳеч кимнинг нигоҳида ўзи зор-интизор кутган оддийгина яккаю ягона ҳисни илғамади ҳам, соғинч ва меҳр-муҳаббат нури ялт этиб ёнганини кўрмади ҳам. Болаларининг кўзларида фақат қўрқув ва жирканиш сезгиларини анг­лаганида юраги аламдан ёрилиб кетгудек бўлди. Хотинининг нигоҳида нотаниш бир мажруҳ инсонга нисбатан ачиниш ҳиссини туйганида унинг кўнгли совуқ сезимдан музлаб, кўкси бўм-бўш бўлиб қолди.
У яна диванга қулади. Бироқ фикри ва туйғулари қаҳрли тус олди. Тикондек тиғли бўлиб қолган нигоҳи эса энди ҳеч кимнинг кўзи билан тўқнашишни истамасди. Уни танимагани учун ўз яқинларидан нафратланиб, ёвуз кўзқараш билан уларни ёмон кўриб қолган эди. Хотин, бола-чақаси уни қачонлардир севганми ўзи? Агар ҳақиқатан ҳам севсанг, севган одамингни минглаб кишиларнинг орасидан адашмай таниб оласан. Ҳатто энг оғир жароҳатлар, энг мараз яралар ҳам севгилингнинг сенга қадрли бўлиб қолган таниш белгиларини йўқота олмайди. Майлига аъзо­йи баданинг шилиниб, хунук чандиқларга тўлиб кетсин, ахир, ана шу мажруҳ тананг ичида кучли ва чиройли руҳ яшамоқда-ку. Ахир, совуқ ва жонсиз темир инсоннинг тирик руҳи қаршисида кучсиз эмасми? Ахир, ҳамма нарса аввалгидек-ку, руҳи, феълу атвори, юраги мутлақо ўзгармаган-ку, ҳозир болаларининг олдида аввал қандай бўлса, ўшандай ҳолатда ётибди-ку. Айни дамда юраги аламли изтиробдан ёрилиб кетгудек бўлса ҳам, яқинларини ҳамон жонидан ортиқ севади-ку! Уйдагилари эса уни кўришмаяпти, сезишмаяпти, танишмаяпти. Демак, уни чин дилдан севишмаган, демак, ҳеч қачон уни чинакамига танишмаган, етарлича яхши билишмаган, уларнинг нигоҳлари ила сезгилари бунинг юрагидаги бой хазина сақланаётган конга қадар теран тушмаган.
Аммо уйига ҳарбий мундирда қайтгани, яқинларининг кўз ўнгида ҳали бирон марта ҳам бу нотаниш кийимни кийиб юрмагани ҳақида сира ўйламасди. Ҳатто урушда оғир жароҳатланганидан улар мутлақо бехабар эканини эсидан чиқарганди. У фақат бир нарсани биларди: мана, тақдир синовларида енгилган, ожиз ва мажруҳ аҳволда ўз оиласи даврасида ётибди, уйидагилари эса уни танишмаяпти. Итлар илк кўрганидаёқ уни таниганини, шодланиб нақадар сапчиганини, атрофида айланиб-ўргилиб ирғишлаганини, тик туриб шудрингда ҳўл бўлган оёқларини кўкрагига тираб, эркаланганларини эслади – унинг кўзларига яна ёш қуйилди. Ҳайҳот, наҳотки итдан топган қадрни оиламдан топмасам!..
Болаларни қарғашга тили айланмади, тўғриси, уларни ўзидан итариб ташламоқчи бўлди, лекин бундай қилишга қўли бормади. Норасидаларнинг кўзларидаги қўрқувни кўриб, аччиқ алам ва ноиложлик домида тўлғанишдан бошқа чора топмади. Шунинг учун бутун дарду изтироби, нафрати ила қаҳрини хотинига қаратди. Афсус! Аёлини нақадар севар эди-я! Ўз муҳаббатини унга қандай бахш этганди-я! Еру кўкка ишонмай, қандай бошига кўтарганди-я! Бу аёл эса уни танимади-я, танимади! Демак, хотини ҳеч қачон унинг қадрига етмаган. Изтиробдан юзлари яна-да хунук ва бадбашара бўлиб кетди. Демак, хотини уни танимади, тан олмади. Начора, демак, хотин шундай муносабатда бўлса, эр ҳам унга зор эмас. Бас, энди бу ҳам уни танимайди, танишни истамайдиям.
Аёл:
– Сизга нима бўлди? Ўзингизни таништиринг, ким бўласиз? – деб қайта сўраганида у бошини кўтармасдан шундай жавоб берди:
– Мен урушдан қайтган бир бечора кишиман. Уйингиз ёнидан ўтаётганимда эшигингизни тақиллатиб, бир бурда нон сўрамоқчи эдим, аммо чиройли уй бўсағасида ҳушимдан кетиб йиқилдим. Балки бу қадар оппоқ деворлар кўзимни қамаштириб, эс-ҳушимни йўқотгандирман. Мана, ҳозир ҳам бошим айланиб турибди.
Аёл ҳозир унга жой солиб беришларини, юмшоққина ўринга ётиб бемалол дам олиши мукинлигини айтди. У бундай оворагарчиликнинг ҳожати йўқлигини айтди, фақат мана шу диванда ётиб бироз дам олса, бас, ҳадемай ўзига келиб қолади. Шундан кейин уй эгалари меҳмонга халақит бермаслик учун секингина хонани тарк этиб, уни ёлғиз қолдиришди.
Уйдагилар чиқиб кетишганидан сўнг у ўкириб йиғлаб юборди. Аммо бу кўз ёшлар унинг юрагидаги музни эрита олмади. Ўз уйида бегона қилиб қўйган тақдир-пешонасининг шўрлигидан ёзғириб йиғлар эди. Лекин у мана шу тақдиридан воз кечиб, барига қўл силтаб кетишни – отасини танимагани учун болаларини, эрини танимагани учун хотинини кечиришни – кенглик қилишни бир лаҳза ҳам хаёлига келтирмас эди. Лаънати уруш туфайли бир зумда бир-биридан бегона бўлган ота-болалару эр-хотиннинг бундай дийдорлашуви воқеаси юз берганидан сўнг у шу кунгача бошидан кечирган бутун ҳаёти мобайнида ёлғиз бўлганини ўзича тасаввур қилди. Нима бўлибди, ҳечқиси йўқ, демак, бундан кейин ҳам худди аввалгидай яккамохов бўлиб яшайверади. Борди-ю, у исмини айтиб, ўзини танитса-чи, унда нима бўлади? Хотини ва болалари отилиб келиб, унинг бўйнига осилишади, қучоқлаб юз-кўзларидан ўпишади, митти қўллари билан силаб-сийпалашади. Аммо унинг юраги етимдек, ўгайдек бўм-бўш бўлиб қолаверади. Бу уйдагилар унинг руҳиятидаги мусиқани икки дунёда ҳам эшитишмайди.
Юраги қаҳру ғазабга тўлган бўлса ҳам, ўзини хотиржам кўрсатишга ҳаракат қилиб, ташқарига чиқди. Ҳовлидаги боғда дастурхон ёзилганди, меҳмонни нонуштага таклиф қилишди.
Саховатли қуёш нурларини беминнат сочар, дарахтлар япроғи билан гулғунчаларга қўнган шудринг томчилари олмосдек товланар эди. Бутун борлиқ қуёшдан таралган шуълаларга ғарқ бўлганча ҳаловат ичра жим қотганди. Юзи ўғирланган, ўз қиёфасидан мосуво одам қуёшга пешвоз чиқди, хотини у билан ёнма-ён қадам ташлар эди. Эру хотин рўзғорида неча бор гуллаб, неча бор барги хазон тўккан сербутоқ дарахтларнинг соя­си томон юришди. Уларнинг изидан болалар эргашди.
Дастурхон устида мусибатли уруш ҳақида, қонли жанглар тўғрисида гурунглашдилар. Зув-зув учаётган ўқлар, снаряд парчалари зулматли тун аро ҳар томонга дайдиб, одамлар қоронғида қанчалик панага яширинишса ҳам, ғужанак бўлиб хандақларга беркинишса ҳам, ўз қурбонларини бехато излаб топгани, уларга ниҳоятда оғир жароҳатлар етказганини сўз билан тасвирлаб берди. Ва яна уй бекасининг ўтинчига биноан ана шундай фожиали тунларнинг бирида ўзи қандай жароҳатланганини ҳикоя қилди. Тунда улар жангга киришди. Снарядлардан сачраган аланга осмону фалакни ёритиб юборар эди. Кутилмаган портлаш уни бир чеккага улоқтириб ташлади. Коптокдек учиб кетди, сўнг гурс этиб ерга қулади. Чидаб бўлмас иссиқ ҳовур юзларини жизиллатиб куйдирди. Бетларига сачраган нарса чўғдек ловуллаган темир парчаларимиди, симобдек эритилган пўлатмиди, билмайди. Оғриқнинг зўридан аъзойи бадани қаттиқ титраб, типирчилар эди. Оғзи тўла қон, хириллаб бўкирарди. Бу даҳшатли товуш бошқа ярадорларнинг фожиали ўкириклари – авжи осмонга етган жўровоз хорга сингиб кетарди. Унутилган ва ташлаб кетилган кўйи булоқдек тўхтовсиз оқаётган қонига ғарқ бўлиб ётарди. Кейин ҳушидан кетди, теварагига сукунат чўмди. Жон талвасасида титраётган узун гавдаси ҳам тинчиб қолди…
Аёл бу фожиали воқеа қайси жангда, қаерда содир бўлганини сўради. У жавоб берди. Шундан кейин аёл ўзининг эри, мана бу болаларнинг отаси ҳам урушга кетган эди, балки меҳмон ҳозиргина сўзлаб берган жангда у ҳам қатнашгандир, бироқ анча вақтдан буён эридан ҳеч қандай хабар йўқ эканини айтди. Ўша даҳшатли тунда тасаввур қилиб бўлмайдиган дўзахий издиҳомда у ҳам жароҳатланиб, шариллаб оқаётган қонига беланганча қаровсиз ётгандир, балки унинг ҳам аччиқ оҳу зорлари, алаҳсираб ўкиришлари – шўрлик қўрқув ва оғриқнинг зўридан ваҳимали бақиргандир – бошқа аскарларнинг бўғзига тиғ тортилган ҳайвонлардек ноинсоний хириллашларига қўшилиб кетгандир? Кутилмаган меҳмон бу саволни тинглаб, аёлга шундай жавоб берди:
– Ҳа, бўлиши мумкин, албатта, бўлиши мумкин… У менинг ёнимда ётар эди…
Унинг ёнида қуёшда тобланиб ўтирган болалар бу совуқ сўзлардан дағ-дағ титраб кетишди, онанинг кўзлари эса жиққа ёшга тўлди. Урушдан қайтаётиб, уларнинг уйига қўнган йўловчи аёлдан эрининг исми нима эканини сўради. Аёл шундай деди:
– Морис Флёри! – Бу ном айтилиши билан, урушдан қайтган аскар бир титраб тушди-да, дам болаларга, дам хотинга қаттиқроқ тикилиб-тикилиб боқди. Хотиннинг кўзлари қўрқувдан олайиб кетди ва эркак нигоҳларини рад этди. Кейин ажабланиб сўради: – Нега сиз бизга бундай тикилиб қараяпсиз?
– Чунки Морис Флёри ҳозир ҳаёт эмас, у ўзимнинг қўлимда жон берди, – деди у.
Болалар изиллаб йиғлаб онасига югурди. Улар қўрқинчли сўзларни гапирган ваҳший ва бегона кимсадан ҳимоя излаб, она бағрига ёпишди. Она болаларини қаттиқ қучоқлаб олди, унинг юзларига, кўзларига қўрқув ҳамла қилган эди.
– Сизнинг ҳозиргина менга айтган гапингиз, ҳақиқатан ҳам тўғрими? – деди аёл.
– Морис Флёри ҳозир ҳаёт эмас, у ўзимнинг қўлимда жон берди, – деган сўзларни яна такрорлади у.
Аёл ҳўнграб юборди, бечоранинг аъзойи бадани титраб-қақшаб, бошини қучоғидаги болаларининг елкасига қўйди.
У эса бу оиланинг чуқур қайғусига беғам, бепарво қараб турар эди. У ёнидаги аёл ва болалар қандайдир бегона одамнинг ўлимига бу қадар қаттиқ қайғураётганидан ажабланарди. Ахир, ҳозир йўқлашган бу одам уларнинг уйида узоқ йиллар фақат меҳмон бўлиб яшаганди-ку, мана энди қўққисдан кутилмаганда унинг номини эслаб қолишди. Она-болалар фар­ёд қилишарди. У гоҳ ғамгин, гоҳ шодмон кунларни марҳум дўсти билан қандай баҳам кўргани, жанг майдонида елкама-елка туриб қандай курашганлари, биргаликда тинка-мадори қуриб, тушкунликка тушишгани ва яна мустаҳкам ирода билан бор кучларини йиғиб оёққа қалқиб, олға юришгани воқеаларини сўзларди. У жангда яраланганидан кейин фронт ортидаги ҳарбий шифохонага тушди, тез орада Морис Флёрини ҳам ўша жойга олиб келишди. Дўстининг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаётганди, у найзадан яраланган, одатда бундай жароҳатлар тезгина битиб кетарди. Қуролдош дўст бўлганликлари учун уларни ёнма-ён ўринга ётқизишга рухсат беришди. Бироқ Морис Флёрининг аҳволи бирданига оғирлашиб қолди, жароҳати йиринглаб кетди, йиринг қонга ўтиб, беморнинг бутун танасига тарқала бошлади. У одам зоти чидай олмайдиган азобни бошидан кечирди. Тунги жимжитликда у ўз дўстига шивирлаб, дардини ёрди. Юрак илдизлари бебаҳо оби ҳаёт – қирмизи қон оқаётган томирлар жароҳатдан тарқалаётган заҳарни сўриб олиб, уни юракнинг ичкарисига ҳайдар эди. Унинг туйғулари, онгу шуури – энг нозик, энг муҳим томирлари ҳам гўё заҳарланиб улгурган эди. Ярадор азобдан тўлғанар, унинг нигоҳлари раҳму шафқат тилар эди. Унинг кўзларига қараш нақадар оғир эди. Боёқишнинг термилишлари пешонасига милтиқ тираб отилаётган қари ва касал итнинг “мени отма”, дея илтижо билан ялиниб ёлвораётган нигоҳларидек эди, ҳатто кўксини ўқ тешиб ўтгандан кейин ҳам очиқ кетган кўзлари билан: “Мен аввал қандай вафодор бўлганимни эсланг, менинг садоқат, ишонч билан беминнат хизмат қилганларимни эсланг, сизни қандай севганимни эсланг, менинг ҳаётимга қасд қилманг”, дея раҳму шафқат тилаётган итдек эди. Бу кўзларга бепарво қараб бўлмас эди, бу азобларни кўриб чидаб бўлмас эди. Заҳар эса аста-секин унинг кучли ва бақувват танасини бутунлай эгаллаб олди. Заҳар раҳму шафқатни билмади. Шундоқ бўлса ҳам ўлими олдидан унинг аввалги кучи ва тиниқ шуури қайтди. У ҳаёт ўзи учун ҳеч қандай қадру қимматга эга эмаслигини, бу дунёга уни ҳеч нима боғлаб турмаганини – уйсиз, кимсасиз, ғариб ва дарбадар бир девона эканини айтди.
– У бундай гапларни асло айтмайди! – дея эътироз билдирди аёл кўз ёшлар ювган юзини нотаниш кишига ўгириб.
Нотаниш одам:
– Балки унга ишонганингиз тўғридир. Лекин у менга шундай деди. Ўлими олдидан ундан бу дунёда бирон-бир яқин кишингиз йўқми, ҳаётингизнинг сўнгги лаҳзаларида айтган гапларингизни етказар эдим, десам, у менга шундай шивирлади: “Бу дунёда мени танийдиган ҳеч кимим йўқ”, – деди.
– Унинг исми аниқ Морис Флёри эдими? – дея ажабланиб сўради аёл.
Нотаниш одам:
– Ҳа, аниқ шундай эди, – деди.
Аёл сўради:
– Сиз унинг юзини эслай оласизми?
Нотаниш киши жавоб берди:
– Ҳа, жуда яхши эслайман. Унинг юзи довюрак инсонларга хос жиддий, туси буғдойранг, териси тиниқ ва беғубор, кўзлари кулранг-зангори, овози эса нозик ва жарангдор эди.
Нотаниш одам таърифлаган киши ўз эри эканига аёлнинг шубҳа-гумони қолмади. Бироқ у айтган сўнгги сўзларни қандай тушуниш мумкин?
Нотаниш одам деди:
– Балки иссиғи ҳаддан зиёд кўтарилгани унинг фикрлашига таъсир қилгандир, балки оғриқнинг зўридан эс-ҳушини йўқотиб, шунчаки алаҳсирагандир.
Суҳбатдошларнинг иккиси ҳам бу гапнинг жўяли эканига келишишди, эҳтимол шундай аҳволга тушгандир.
Аёл қайғунинг зўридан уззукун ғамга ботиб юрди. Кун эса ҳароратли ва ёқимли, бепоён осмон тоза ва мусаффо эди. Ажиб ва нафосатли шаклда яратилган гулбоғдаги кўзни қамаштирувчи алвон гуллар орасида аёл гоҳ олдинга, гоҳ орқага юриб, асабий кезди. Нотаниш киши эса, одоб юзасидан унга ҳамроҳ бўлиб, ёнма-ён юриши зарур эди. Аёл ундан эрининг жанг майдонида ярадор бўлгани, азобланиб ҳалок бўлгани тафсилотларини яна бир бошдан ипидан игнасигача қайта-қайта сўрайверарди. У эрининг чеккан азоб-уқубатларини, бунга қандай бардош берганини билгиси келарди. Нотаниш одам аёлга урушда дўсти билан иккисининг бошига қандай кунлар тушгани, жангдан кейин иккаласи ҳам қонга ботган ҳолда ерпарчин бўлиб ётиб қолган пайтда ўйлаган ва оғзига келган гапларни айтиб берди.
Қош қорайди. Аёл нотаниш одамдан уйда қолишни ўтиниб сўради. Агар кетиб қолсангиз, ғам-қайғу мени адойи тамом қилади, деди. Эрим ҳақидаги ҳикояларингизни тинглаш – мен учун ягона тасалли ва таскиндир. Ана шу ҳикояларгина мени овута олади, деди. Нотаниш киши унинг уйида тунаб қолишга рози бўлди.
Улар уйга қараб юришди. Эркак ва аёлнинг бир жуфт узун, ингичка, болаларнинг қисқа ва нозик сояси оёқ остида илгари юзиб борарди. Уй деворларига тушган сояларда бошлар катта-катта, аниқ акс этди. Эркак уларга боқиб: “Соя – бу юзи ўғирланган одам. Мен эса ўзимнинг ўзлигимни, асл қиёфамни йўқотган бир сояман, холос”, деб ўйлади. ­Бироздан сўнг уйга киришди.
Келгинди киши эртасига ҳам, ундан кейинги кун ҳам қўрғондан кетмади. Аёл ҳар куни ундан уйда қолишни қаттиқ ўтиниб сўрар, у ҳам уй бекасининг кўнглига қараб уйда қоларди. Ниҳоят бир кун кечқурун у аёлга ўзи ҳақида, ўзининг ғаройиб тақдири тўғрисида гапириб беришга қарор қилди. У урушда ярадор бўлиб, юз қиёфасини йўқотганидан сўнг уйига қайтди. Уни ҳеч ким танимади: урушга кетаётганида уни қучоқлаб, ўпиб кузатиб қолган отаси ҳам, онаси ҳам, укалари, сингиллари ҳам мутлақо танимади. Остонада қўлларини ялаб-юлқаб кутиб олган итлардан бошқа бирон тирик жон кимлигини билмади. Шундан сўнг у уйдагилари учун қандай нотаниш бўлиб келган бўлса, шундай бегона бўлиб туғилган уйидан кетди. Наҳотки, туққан она ўз боласини танимайдими, оналик туйғуси билан шу бола ўзиники эканини ҳис этмайдими? Ота-чи, ота пушти камаридан бўлган ўғлини танимай қоладими? Мени юзимдан, ташқи қиёфамдан маҳрум қилишди, лекин сенинг рўпарангда аввал қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундайлигимча турибман. Ҳеч ким буни сезмади, билмади, ҳис этмади. Ана шундан сўнг у етти ёт-бегона ва нотаниш одамлар орасида дарбадар бўлиб дайдийди, садақа сўраб кун кўради.
Раҳми келган аёл нотаниш эркакка қанча хоҳласа, шунча вақт уйида қолишини таклиф қилди, бу уй – ўз уйим деб ҳисоблаб, бемалол яшайверинг, деди. Ахир, эрининг сўнгги нафасигача жонажон дўсти бўлган инсон муҳтож бўлиб келганида унга уйининг эшигини очиш бахт эмасми!
Келгинди одам раҳмат айтиб, аёлнинг илтимосига рози бўлди.
Бир уйда яшар экан аёл ҳам, унинг болалари ҳам унга тобора ўргана бошлашди, вақт ўтган сайин қаттиқ боғланиб қолишди. Энди унинг ташқи кўринишидан кичкинтойлар қўрқмайдиган бўлди. Болалар унинг тиззасига ўтириб олишиб, бўғиқ ва хирилдоқ овозда нимани гапирса, ҳаммасини жон қулоғи билан эринмай тинглашни канда қилишмасди. Гўдакларнинг нимжон ва озғин гавдасининг енгил вазни ва ҳароратини тиззасида, ўз баданида ҳис этар экан, ҳар сафар кўнгли чуқур алам ва ўкинчга тўлиб кетар эди. Ҳеч ким йўқ пайтларда у болаларни қаттиқ қучоқлар, меҳр билан бағрига босар эди. Улар эса бу одамга алланечук ғалати бўлиб термилиб қолишар, сўнг узоқ вақт жим ўтиришарди. Она унинг болаларга бўлган меҳрини сезар ва юрагида илиқ бир ҳовурни туяр эди. Кўпинча иккиси ёнма-ён ўтирган кезларда болалар ҳақида гурунглашишарди. Бундай суҳбатлар ва кундалик турмушнинг бошқа ҳолатларида аёлга унинг зийрак ақли, фаросати ва руҳий теранлиги тобора яхшироқ очила бошлади. Аёлнинг унга бўлган ишончи ва интилиши кучайди.
Эркак бундай вазиятдан ўз манфаати учун фойдаланмай қолмади, албатта. У аёлнинг фикру хаёлини бутунлай забт этди. Вақти-вақти билан эркак бинойидек мунофиқлик қилар ва бу қилиқ ўзига жуда хуш ёқарди. У энди аёл қалбининг барча қирраларини бемалол синчиклаб кузатар, қаршисидаги муштипар ожизанинг туйғуларини ўзича баҳолар эди. Эркак унга бефарқ эди, лекин шунчаки қизиқувчанлик билан аёл табиатининг сир-синоати ичига янада теран киришга қайта-қайта интилар, аёлнинг ўзи унга юрагини очишини истар эди. У аёл ички дунёсида аввал шубҳа қилмаган бошқа кўп нарсаларни ҳам билиб олишга умид қилар ва тез орада аёлнинг ишончли сирдошига айланишга эришди.
Фақатгина бир мавзудан – Морис Флёри ҳақидаги суҳбатлардан қочди. Аёл марҳум эри ҳақида гап бошлаганда у чаққонлик ва усталик билан гурунгни бошқа ўзанга буриб юборар эди. У ўзининг аввалги асл тимсолини аёл онгу шууридан аста-секин ўчириб ташлади ва бу иш ўзига чинакам ҳузур бағишлади. Морис Флёри ҳақидаги гаплардан қочишнинг иложи бўлмай қолган пайтларда у марҳум дўсти жисмоний жиҳатдан соғлом ва бақувват бўлса ҳам, руҳан сал ғалатироқ кимса экани ҳақидаги айбларни тақашга, уни унчалик севмайдиган одам буни иллат деб ҳисоблашини айтишга қўрқмасдан журъат қилар эди. Морис Флёри ўзи дўст деб танлаганларнинг ичида фақатгина у қуролдошидан юракнинг энг пинҳон сирларига ҳамроз бўлишни талаб қилганини, ҳамда бу хазинани авайлаб асраганини, чунки буни ҳамма нарсадан юқори қўйиши кундай равшан экани ҳақида лоф урар эди. Унинг ўз дўстини зимдан ёмонлашга ҳаракат қилаётганидан аёл сира хафа бўлмас, шунинг учун ҳам эркак бўла туриб ўлганнинг ортидан ҳуда-беҳуда тош отаверарди. Аёл бунга эътироз билдирмасди. Аксинча, кундан-кунга уларнинг муносабати ихтиёрий равишда яқинлашиб борар, бу ҳолат эркакнинг ўйлаган режалари амалга ошишига кенг йўл очар эди.
Эркак дам-бадам ўзига хаёлан шундай дерди: қайтанга юзсиз бўлиш бу дунёда одамга қулайроқ ва яхшироқ экан. Юзсиз бўлсанг, бемалол озод ва эркин яшайсан. Ташқи дунё билан бевосита алоқанг узилади, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш шарт эмас. Замин узра дадил қадам ташлайсан, ҳеч кимни хафа қилиб қўйишдан қўрқмасдан фикр юритасан, ҳамма нарса ҳақида хоҳлаганча хулоса чиқараверасан. Чунки ҳақиқий юзингни ҳеч ким кўрмайди, юзинг йўқ бўлади. Бундай бўлиб ўзинг билан ўзинг қолишинг осон.
Юзсиз бўлиб олганидан кейин бу балодан ўз манфаати йўлида фойдаланди. Аёлга ҳукмини ўтказиб, уни ўз измига солди. Юзсиз эркак қандай кўришни истаса, у аста-секинлик билан шундай аёлга айланди. Ниҳоят иккисининг муносабатларини сездирмасдан ишқий ҳиссиётнинг юпқа сояси билан ўрашнинг пайти келди. Бу соя юзсиз одамга жуда қўл келди. У кундан-кунга бу сояни қуюқлаштира бошлади. Соя зулматга айланиб унинг жароҳатларини, чандиқларини кўздан яширди. Аёл унинг кўриниб турган майиб-мажруҳлигини энди кўрмайдиган бўлиб қолди. Бу зулмат одатда ойдин бўлган, очиқ равшан аён бўлиб турган бошқа нарсаларни ҳам яширди. Нотаниш келгинди ниҳоят ўз ҳаракатларининг самарасидан беҳад суюниб ўз-ўзига шундай деди: ҳақиқатан ҳам севгининг кўзлари кўр экан, яхшиям менинг биттагина бўлса ҳам кўрадиган кўзим қолган.
Қиёфаси, бетидаги аниқ белгилари доно ва моҳир табиат руҳий қувватидан, қалбидаги гўзалликдан илҳомланиб, йиллар давомида сайқаллаб яратган мўъжиза эмас, кўз очиб юмгунча ўз ишини бажариб, бу илоҳий белгиларни чуқур чандиқ ва ўйиқлар ичига супуриб ташлаган қўпол темир парчаларининг зурёди бўлиб қолгани аслида қандай яхши эканини юзсиз одам ич-ичидан тан олиб, севинарди. Сен аёлга юзингда ошланмаган жонсиз теридай тиришиб ётган бу ниқобдан ўз севгилиси туйғуларининг ёниб турган нурларини изламасликни ўргатдинг, энди бемалол яйраб яшашинг мумкин. Ҳар лаҳзада ўз бефарқлигингни яшириш учун ўйин қилишингга ҳам ҳожат йўқ, муздай совуқ бўлиб ҳамма нарсага бепарво қолишинг мумкин, аёл сен билан орани узишидан қутуласан, ҳамиша сувдан қуруқ чиқасан…
У нотаниш келгинди эркак билан уй бекаси ўртасидаги муҳаббат қиссасидан ҳузурланиб баҳраманд бўлар эди. Бундай иккиюзлама ҳолатнинг баҳосини аниқлашга эришди: эр кўринмас ва номаълум бўлиб, ўз хотини ва нотаниш эркакнинг ширин ишқий лаҳзаларининг бевосита гувоҳи бўлди. Устига-устак бу муҳаббатнинг бетакрор жозибасидан беҳад лаззатланди. Бу севгида нотаниш эркакнинг юзини кўришдан маҳрум бўлатуриб, уни севиб қолган аёлнинг тийнатидагидек нозиклик ва ўзгача латофат мавжуд эди. Аёл фақатгина юзсиз эркакнинг пинҳона кучи ва кўнгил гўзаллигига маҳлиё бўлиб, унга бутун борлиғи билан интиларди. Унинг ҳис-туйғулари шу даражада жўшиб кетдики, аёллик жозибасининг гулғунчалари шу қадар яшнаб очилдики, ўз севгилисига яқинлашишга бўлган истак ҳаддан ошди! Иккиси ҳали бир-бирига ­ростакамига яқинлашишмади, бироқ кўнгилни қитиқловчи саргузаштнинг гўзаллиги, завқу шавқи мана шунда эмасми?
Гўё иккисининг ўртасида юпқа парда осилиб тургандек туюлади, бу парданинг орасидан аёл севгилисининг қиёфасини элас-элас тасаввур қилар эди, чунки унинг юзини ҳали бирон марта ҳам кўрган йўқ эди-да.
Тушунарсиз соғинчу истак уларни бир-бирига талпинтирар эди. Ҳатто қўпол эркакнинг сезгилари ҳам ниҳоятда нозиклашиб қолган, беихтиёр аёлнинг латиф ҳис-туйғулари таъсирига берилганди. Бир сўз билан айтганда, уларнинг иккови ҳам ҳали бошидан кечирмаган бетакрор лаззатни ҳис этишарди.
Мана ниҳоят бир кун кечқурун кузнинг илк ёмғири ёққан пайт келгинди эркак узоқ вақт макру ҳийла билан режалаштирган воқеа содир бўлди. Уйнинг ғарбий қанотида фақат иккаласи ёлғиз қолишганди. Ёмғир томчилари ҳўл қилган дераза ойналаридан хона ичкарисига қоронғилик чўка бошлаганди. Ҳовлида сел аралаш шамол қутурарди. Одатда бундай пайт уйдан ташқарига чиқмаган маъқул. У аёлни бироз мажбурлаб, ўз измига бўйсундирди.
Бироқ бу кеча уни руҳан синдирди, юрагини вайрон қилди, онгу шуури ва ҳис-туйғуларини чалкаштириб юборди. Эндиликда унинг учун жуда яқин ва азиз бўлиб қолган аёлга эҳтирос шунча вақт маҳорат билан қуйиб ясаб, ўзига қалқон қилиб ўраб олган мустаҳкам зирҳни ёриб ўтди. Оқибатда ўзи қаттиқ чайқалиб қулади, ерпарчин бўлди. Ўзидан-ўзи ­нафратланиб, титраб-қақшаб, довдираб аёлдан қочди.
Қоронғи тунда узоқ дайдиб юрди. Анча вақт ўзига бир суянч излади, лекин тополмади. Даҳшатли ваҳимага тушиб, ўзида-ўзи сўрар эди: мен кимман? Довул жавоб берарди:
– Юзи йўқ одамсан – ҳеч кимсан, бир ким эмас, эҳтимол ким бўлсанг ҳам, ҳар кимсан.
Ёмғир боши, елкаларини аёвсиз қамчилар, бироқ у тинмай дайдир, қўрғондан олисларга элтувчи сўқмоқлар бўйлаб қочар эди.
Бироқ у қайтди, аёлнинг соғинчига илакишиб қайтди. Бу соғинчнинг қанчалар чуқур, қанчалар кучли эканини ҳис этиб, қайтди. Ниҳоят унинг чандиқли ёноқларидан иссиқ кўзёшлар шўрғалаб туша бошлади.
Шу дамдан бошлаб у ўзгариб қолди. Ўз қобиғига ўралиб олиб, боғдаги дархтлар шохидан айланиб ерга тушаётган барги хазон кўмган сўқмоқлар аро ёлғиз кезар эди. Болалар билан ҳам, аёл билан ҳам унчалик иши бўлмай қолди, кам гаплашар, иложи бўлса гаплашмасди. Гоҳида аёлга жимгина таъзим қилар ва уни шундай меҳр билан ўпардики, аввал ҳеч қачон бу даражада меҳр кўрсатмаган эди. Болалар ҳам онасига гоҳо бирга ўтиришганда ёки ўйнашаётганида у кутилмаганда ёнларига келиб, кўтариб тиззасига ўтқазиб олиши, кўзлари тўла ёш билан термилиб, бағрига босиб эркалашини айтиб беришарди. Аёл болаларнинг бу сўзларини ҳайратланиб, азобланиб тинглар ва ғалати бўлиб қолар эди.
Тунда ҳамма ухлаб ётган пайт у кўпинча уйдан ташқарига чиқар, кимсасиз йўлларда бемақсад дайдиб юрарди. Куз тунлари ёмғирли, изғирин бўронли кечар, овлоқ йўлларда ҳар доим яккаю ёлғиз дайдиб юрар экан, бўлиб ўтган воқеаларни ўйлаб кўриб, барчасида ўзини айблар, бемаъни ғурури ва худбинлиги учун ўзидан ёзғирар эди. Аммо бу руҳий ўзгариш унда ички қарама-қаршиликсиз кечмади, албатта. Баъзи пайтларда феъли терс айланиб, ўз гуноҳларини бошидан улоқтириб ташлар ва аввалги юзсиз, шафқатсиз ва ўжар ҳолатига қайтар эди. Барибир ҳар сафар бошини ерга эгар ва яна ўша оғир ва азобли юкни ўз елкасига ортарди. Алалоқибат ўз ихтиёри билан бу юкни зиммасига мардона олди ва энди ўзидан бошқа ҳеч кимни гуноҳкор деб билмайдиган бўлди. Шундай қилиб у шу пайтгача кўнглида сақлаб юрган шумликлар, кек-адоват ва беҳуда ўпка-гиналардан қутулди. Унинг кўнглидаги иллатлар ўрнини эзгу ва некбин туйғулар эгаллади. Зулмат ичра кўкрагини кўтариб, мардона қад ростлади. Юраги нурга тўлди.
У орқа уй томонга қараб бурилди. Урушдан уйга қайтган куни қайси йўлдан юрган бўлса, ўша йўл бўйлаб дадил қадам ташлади. Юраги чексиз қувончга тўлган, кайфияти хушвақт эди. Зулмат, ёмғир ва бўрон еру осмонни чулғаб олган, бироқ ҳар қадам ташлаганида унга жонажон қўрғон, оппоқ уй тобора яқинлашиб келаётганини ҳис этар эди.
Ниҳоят у боғдаги дарахтлар тагига етиб келди. Қалин ўсган сершох бутоқлар унинг боши узра шовулларди. У эса секин уйга томон одимларди. Уйнинг деворлари у яқинлашган сари бўзариб, ўзидан оппоқ нур таратар, бамисоли ердан енгилгина буғ кўтарилаётгандек эди. Жимжит, нафасини ичига ютиб, уй сари қадам ташларди, бу дамда у ушбу мўъжиза сароб бўлиб, яна осмонга учиб кетишидан ниҳоятда қўрқаётган эди.
Урушдан қайтган илк тонгда қандай қилиб хотини ва болалари ухлаётган ётоқхона деразаси тагига борган бўлса, бу сафар ҳам ана ўша деразаларнинг ойналарига секин яқинлашди, ором олиб ухлаётган жигарбандларининг ширин нафасини ҳис этиш учун тўхтади. Бўрон увиллар, ёмғир елкаларига устма-уст қамчи босар, аммо у мана шу қоронғилик аро туриб, уйда ухлаётган жигарларининг баданидаги ҳароратни ўз тану жонида ҳис этар эди. У юрагидаги сўзларни болаларига шивирлаб айтди:
– Эртага тонгда сизнинг отангиз урушдан уйга қайтади. Унинг яралари жуда ҳам қўрқинчли. Аммо юзидан воз кеча билган киши бахтиёрдир.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 6-сон